ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.09.2012 й. ПҚ-1822-сон "Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.09.2012 й.

N ПҚ-1822



СПОРТ КУРАШЛАРИ БЎЙИЧА

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ОЛИМПИЯ

ЗАХИРАЛАРИ МАКТАБИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Республикамизда кучли мактабга эга бўлган ҳамда Олимпия ўйинлари ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спорт курашини олимпия спорт турларидан бири сифатида янада кенг ривожлантириш, иқтидорли ёшларни эркин ва юнон-рум кураши билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ҳамда тренер кадрларнинг салоҳиятини ривожлантириш, шу асосда мамлакатимиз терма жамоалари учун ишончли захирани шакллантириш борасида зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциациясининг Тошкент шаҳрида Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги идоравий спорт комплексига тегишли бинолар ва иншоотларнинг бир қисми негизида эркин ва юнон-рум кураши бўйича ёш истеъдодли курашчиларни танлаб олиш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган ўз интернатига эга бўлган спорт-соғломлаштириш муассасаси сифатида ташкил қилинади;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг умумий контингенти 60 нафар ўқувчини ташкил қилади, улар тураржой, тўрт маҳал овқат, спорт экипировкаси ҳамда махсус кийим-бош, спорт ускуналари ва анжомлари билан таъминланадилар.


3. Қуйидагилар Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

зарур бўлган тақдирда, спорт кураши бўйича хорижий тренерлар ва мутахассисларни таклиф қилган ҳолда, курашчиларни спорт кураши соҳасидаги энг янги илмий-методик тавсияномалар асосида тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини юқори даражада ташкил қилиш;

назарий тайёргарлик ва техник-тактик кўникмаларни такомиллаштириш, ўқувчиларнинг профессионал қобилиятини ривожлантириш, шунингдек замонавий спорт курашини ривожлантиришнинг халқаро талабларига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон терма жамоаларини тайёрлаш даражасини ошириш;

Бирлашган кураш усуллари халқаро федерацияси (ФИЛА) тренерларини ўқитиш дастурларидан фойдаланган ҳолда, Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби тренерларининг малакасини тизимли асосда ошириб бориш;

ўқувчи-курашчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун тажриба алмашиш борасида спорт кураши бўйича хорижий мактаблар билан ҳамкорликни ривожлантириш.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Давлат бюджети маблағлари;

Спорт курашлари ассоциацияси маблағлари;

ҳомийлар маблағлари ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги бир ой муддатда Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчасида жойлашган спорт комплексининг тегишли бинолари ва иншоотлари, бошқа мулклари, "Динамо" стадиони Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг балансига белгиланган тартибда бепул ўтказилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг тузилмасини ва мактабга ўқувчиларни танлов асосида қабул қилиш тартибини;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ўқувчиларининг яшаб туриши учун жиҳозлар, озиқ-овқат, шунингдек спорт экипировкаси ва кийим-бош билан таъминлаш нормативларини;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби учун ўқув-машғулот, спорт ва хўжалик ускуналари, жиҳозлар, замонавий компьютер техникаси, техник ҳамда транспорт воситалари, шунингдек бошқа мулкларнинг зарур рўйхатини;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби учун ўқув-машғулот корпусининг қурилишини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси билан биргаликда:

бир ой муддатда белгиланган тартибда Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг Низоми тасдиқланишини, шунингдек унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг юқори малакали мутахассислар билан таъминланишини, ўқув хоналарининг зарур ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозланишини;

икки ой муддатда илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ёш курашчиларни тайёрлаш дастури тасдиқланишини;

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ўқувчилари тайёргарлигининг сифати мунтазам равишда мониторинг қилиб борилиши ва зарур ҳолларда тайёргарлик жараёнига тегишли тузатишлар киритилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциациясига:

Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига тизимли асосда ташкилий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

икки ой муддатда Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини керакли ўқув-машқ ва спорт ускуналари, мебель ва анжомлар, замонавий компьютер техникаси, техник ва транспорт воситалари ҳамда бошқа мол-мулк билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини ҳомийлар билан биргаликда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, Бирлашган кураш усуллари халқаро федерацияси тренерларини ўқитиш дастурларидан фойдаланган ҳолда, Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби тренерларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, шунингдек Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг ўқув-машғулот жараёнига Федерациянинг кадрлар ва ўқув-методик салоҳияти жалб этилишини таъминлаш тавсия қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

ушбу қарорга мувофиқ, 2013 йилдан бошлаб ҳар йили, Давлат бюджети параметрларида Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳамда унинг жорий таъминоти билан боғлиқ харажатлар учун зарур бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин;

3 та хизмат автотранспорти, шу жумладан, битта автобус таъминоти учун лимит белгиласин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2012 йил 25 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 39-сон, 448-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 9/2-сон, 266-модда






























Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск