Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Муваққат регламенти (ЎзР ОМ Қонунчилик палатасининг 15.03.2005 й. 30-I-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

2005 йил 15 мартдаги

30-I-сонли Қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасининг

МУВАҚҚАТ РЕГЛАМЕНТИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Муваққат регламенти (бундан буён матнда Муваққат регламент деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) мажлисларини ўтказиш, қонунчилик тартиб-таомилларини амалга ошириш тартибини белгилайди ва Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни тартибга солади.


2-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қуйи палатасидир ва у бир юз йигирма депутатдан иборат.

Қонунчилик палатасининг иши Қонунчилик палатаси барча депутатларининг (бундан буён матнда депутатлар, депутат деб юритилади) профессионал, доимий фаолият кўрсатишига асосланади.


3-модда. Қонунчилик палатасининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.


4-модда. Депутатлар ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида депутат ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси (бундан буён матнда сенатор деб юритилади) бўлиши мумкин эмас.


5-модда. Депутатнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини монеликсиз ва самарали амалга ошириш кафолатлари "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонунлар ва ушбу Муваққат регламент билан белгиланади.


6-модда. Қонунчилик палатаси ўз матбуот органларига эга бўлади.



II БЎЛИМ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ

ИШИНИНГ УМУМИЙ ТАРТИБИ


1-боб. Қонунчилик палатаси ва унинг

органлари мажлисларини ўтказиш тартиби


7-модда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг Қонунчилик палатаси сессиялари даврида, қоида тариқасида, ҳафтасига уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Навбатдаги сессиялар, қоида тариқасида, сентябрнинг биринчи иш кунидан бошлаб, келгуси йилнинг июнь ойи охирги иш кунига қадар ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлислари унинг сессиялари оралиғида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери таклифига ёки Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, қоида тариқасида, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг Кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мунтазам йиғилиб туради. Кенгаш ва Қонунчилик палатаси депутатлар бирлашмаларининг (бундан буён матнда депутатлар бирлашмалари деб юритилади) навбатдаги мажлислари, қоида тариқасида, душанба кунлари ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари (бундан буён матнда қўмиталар деб юритилади), қоида тариқасида, жума кунлари мажлис ўтказади.

Ноябрь, февраль ва май ойининг ҳар охирги тўлиқ ҳафтаси депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан ишлаши учун мўлжалланади.

Қонунчилик палатасининг мажлислари вақтида қўмиталар, Қонунчилик палатаси комиссиялари (бундан буён матнда комиссиялар деб юритилади), депутатлар бирлашмаларининг мажлислари ўтказилмайди, шунингдек депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан олиб борадиган ишлари тўхтатилади.


8-модда. Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар мажлис кун тартиби лойиҳасига уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул қўмиталар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда киритилади.

Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Кенгаш томонидан тузилади.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига қонун лойиҳалари қуйидаги кетма-кетликда киритилади:

учинчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари;

иккинчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари;

биринчи ўқишда кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари.

Депутатлар Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар ҳақида олдиндан хабардор қилинадилар.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби палата қарори билан тасдиқланади.


9-модда. Қонунчилик палатаси мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.

Зарурат бўлганда, Қонунчилик палатаси ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қонунчилик палатаси Спикери, Кенгаш, кўмита ёки депутатлар бирлашмаси томонидан таклиф киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурор Қонунчилик палатасининг очиқ мажлисида ҳам, ёпиқ мажлисида ҳам иштирок этишга ҳақлидир. Бошқа шахслар Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисларида Қонунчилик палатасининг қарорига биноан қатнашишлари мумкин.


11-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислари унда қатнашаётган депутатларни рўйхатдан ўтказишдан бошланади, бу ишни раислик қилувчи амалга оширади.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, агар уларнинг ишида палата депутатлари умумий сонининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.


12-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва заруратга қараб, Қонунчилик палатаси ёки унинг Кенгаши қарорига асосан бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.


13-модда. Маърузалар, қўшимча маърузалар ва якунловчи сўз давомийлиги Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи томонидан маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун - 30 дақиқагача, кўшимча маъруза учун - 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун - 15 дақиқагача бўлган вақт доирасида белгиланади.

Музокараларда сўзга чиқувчиларга 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такрорий сўзга чиқиш учун, шунингдек мажлисни олиб бориш тартиби, овоз бериш масалалари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш, баёнотлар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотномалар учун 3 дақиқагача вақт берилади.

Мажлисда ҳозир бўлган депутатлар кўпчилигининг розилиги билан раислик қилувчи Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий давомийлигини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлисларида депутат айни битта масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

Музокараларни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўз олиш ҳуқуқига эга.

Агар сўзга чиқувчи сўзлаш учун ажратилган вақтдан ўтиб кетса ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи уни аввал огоҳлантириб, кейин сўзлашдан маҳрум қилади.


14-модда. Қонунчилик палатасининг мажлислари иш кунларида: эрталабки мажлислар - соат 11 дан 13 гача; кечки мажлислар - соат 15 дан 17 гача ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг қарорига биноан палата мажлисларининг бошланиши, тугаши ва танаффус учун бошқа вақт белгиланиши мумкин.



2-боб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси ва Сенатининг

қўшма мажлисларини ўтказиш тартиби


15-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига биноан қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, Сенати Раисининг таклифига ёки тегишинча депутатлар ёхуд сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисини чақириш масаласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенати Раиси ўртасида маслаҳатлашув ўтказилиб, бунда қўшма мажлисни ўтказиш санаси белгиланади ва кун тартиби бўйича таклифлар муҳокама қилинади.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси очиқ ва ошкора ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси, агар унда тегишинча депутатлар ва сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисларида, агар қўшма мажлисда бошқача қоида белгиланмаса, Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси навбатма-навбат раислик қилади.


17-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида эшитилган масалалар муҳокамаси натижалари юзасидан палаталарнинг қўшма қарори қабул қилиниши мумкин. Бунда овоз бериш, қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида ўтказилади.



3-боб. Овоз бериш ва қарорлар қабул қилиш тартиби


18-модда. Қонунчилик палатасининг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Очиқ овоз бериш номма-ном бўлиши мумкин.


19-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси мажлисларида овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланилиши устидан назоратни депутатлар жумласидан бўлган гуруҳ амалга оширади.


20-модда. Овоз бериш шакли ва усули тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, у ёки бу масала юзасидан овоз бериш шакли ва усули Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда конституциявий қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


21-модда. Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.


22-модда. Қонунчилик палатаси қарорлари, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.



III БЎЛИМ. ҚОНУНЧИЛИК ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


4-боб. Қонун лойиҳаларини Қонунчилик

палатасига киритиш ва уларни дастлабки

тарзда кўриб чиқиш тартиби


23-модда. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилади.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори эгадирлар.


24-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

1) қонун лойиҳасига унинг концепцияси баён қилинган ҳолдаги тушунтириш хати;

2) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонун ости ҳужжатларининг рўйхати;

4) моддий харажатларни талаб қиладиган қонун лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;

5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга.


25-модда. Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси Спикери қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқадиган қўмитага (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) топширади. Масъул қўмита қонун лойиҳасини кўриб чиқишга қабул қилиш мумкинлиги ёки уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш зарурлиги тўғрисида Кенгашга белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Кенгаш масъул қўмитанинг хулосаси асосида қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки у белгиланган талабларга номувофиқ бўлса, уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади. Аниқланган камчиликлар бартараф этилгандан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин.

Агар тегишли масала бўйича қонун лойиҳаси палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган бўлса, айни шу масала бўйича бошқа қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинмайди.

Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун қабул қилинганда Кенгаш қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилайди.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси тегишли материаллар билан қўмиталарга юборилади.


26-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади.

Қонун лойиҳасини қўмиталарда муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили таклиф этилган ҳолда ўтказилади.

Агар Кенгаш томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, масъул қўмита қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида уни:

Кенгашнинг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорининг лойиҳасини;

масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган ҳолдаги хулосасини илова қилиб, Кенгаш кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Кенгаш масъул қўмита тақдим этган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.



5-боб. Қонун лойиҳаларини Қонунчилик

палатасида кўриб чиқиш тартиби


27-модда. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ва молиялаш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади.

Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ёки қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонунчилик папатаси муҳокамасига қонун лойиҳасининг муқобил вариантлари киритилган тақдирда улар бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Депутатларнинг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади. Қонун лойиҳасининг қолган вариантлари Қонунчилик палатаси томонидан рад этилган ҳисобланади.


28-модда. Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида тушган таклифларни умумлаштиради. Масъул қўмита томонидан асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита маъқуллаган таклифлар ҳам, маъқулламаган таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади.

Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни иккинчи ўқишда қабул қилиш ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


29-модда. Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси муҳокама қилинмасдан тўлалигича овозга қўйилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ёки иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни кейинги ўқиш тартиб-таомилларини истисно этган ҳолда қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга кўйилиши мумкин.


30-модда. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, ушбу Муваққат регламент 37-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун Сенатга кўриб чиқиш учун ўн кун ичида юборилади. Сенатга қонун билан биргаликда Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган материаллар ҳам юборилади.



6-боб. Сенат томонидан рад этилган ёки Ўзбекистон

Республикаси Президенти томонидан қайтарилган

қонунларни қайта кўриб чиқиш


31-модда. Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун депутатлар ва сенаторлар орасидан тенглик асосида келишув комиссияси тузиши мумкин.

Қонунчилик палатасида келишув комиссияси тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, шунингдек депутатлар бирлашмаларидан чиқиши мумкин.

Келишув комиссияси таркибига номзодлар юзасидан Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида тасдиқланади.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссиянинг ҳамраисларини сайлайдилар.


32-модда. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган депутатлар ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Хулоса Қонунчилик палатаси ва Сенатдан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенатга топширилади.


33-модда. Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссиясининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси қонунни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилса, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Агар келишув комиссиясининг қонун бўйича ишлари якунларига кўра келишувга эришилмаса, қонун Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак.


34-модда. Сенат томонидан рад этилган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эътирозлар билан қайтарилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши керак.

Масъул қўмита Сенат томонидан рад этилган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.


35-модда. Агар Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган қонунни депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


36-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш;

қонунни бундан буён кўриб чиқмаслик;

қонунни аввалги қабул қилинган таҳририда маъқуллаш.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, Сенатга маъқуллаш учун юборилади.



7-боб. Айрим қонун лойиҳаларини

кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари


37-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тегишли таклиф киритилганидан кейин олти ой ичида унинг кенг муҳокамасини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиши мумкин.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаса, уни кўриб чиқиш камида бир йилдан кейин қайта бошланиши мумкин.


38-модда. Навбатдаги молия йили учун Давлат бюджети лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Қонунчилик палатасига киритилади.

Давлат бюджети лойиҳаси масъул қўмита томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Давлат бюджети лойиҳасига доир материаллар депутатларга олдиндан, мазкур лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилгунга қадар юборилади.

Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади.

Давлат бюджети лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатасининг мулоҳазалари ва таклифлари уч кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн тўрт кун ичида Қонунчилик палатасининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда Давлат бюджети лойиҳасини маромига етказади ва Давлат бюджетининг маромига етказилган лойиҳасини Қонунчилик палатасига юборади.

Давлат бюджетининг лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети мазкур бюджет қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида кўриб чиқиш учун Сенатга юборилади.


39-модда. Давлат бюджетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала, агар бу ҳол бюджетни тартибга солишда қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар уни қабул қилиш учун белгиланган тартибда киритилади.


40-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда киритилган таклифига биноан туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.

Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала рад этилган тақдирда, у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун камида бир йилдан кейин қайта киритилиши мумкин.


41-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор лойиҳаси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу шартнома расмий матнининг тасдиқланган нусхаси ва уни ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқлигининг асосларини ўз ичига олган ҳужжатлар билан биргаликда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарор Сенатга юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор лойиҳаси депутатларнинг зарур овозлари сонини тўпламаган бўлса ва шу мажлис жараёнида мазкур қарор лойиҳасини Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқиши учун киритиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиб-таомилидан ўтмаган ҳисобланади.



IV БЎЛИМ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ

ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


8-боб. Қонунчилик палатаси қарорларини

кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг умумий тартиби


42-модда. Қонунчилик палатаси қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қарор лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.


43-модда. Қонунчилик палатаси Спикери Қонунчилик палатаси қарорининг лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита ва муддат белгилайди.

Кенгаш масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, қарор лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.

Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади ва муҳокама натижалари юзасидан депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатаси қарори қабул қилинади.


44-модда. Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Муваққат регламентнинг 9-бобида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Сенатга юборилади.



9-боб. Қонунчилик палатасининг унинг Сенат билан

биргаликдаги ваколатларига киритилган масалалар

бўйича айрим қарорлар лойиҳаларини кўриб

чиқишининг ўзига хос хусусиятлари


45-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш кераклиги тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказмасдан туриб, референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни қабул қилиш ҳақида.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмун ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала камида бир йилдан кейин Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун такроран киритилиши мумкин.


46-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси Қонунчилик палатаси томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан етти кун ичида кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Қонунчилик палатаси тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини тайинлайди, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборади ва янги сайлов тайинлайди.


47-модда. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги ўзининг тасдиғига киритилган фармонлари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


48-модда. Қонунчилик палатаси ўзининг кўриб чиқиши учун киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини эса улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала қўмиталарда дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


49-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифлар Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга юборилади.


50-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номзоди Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш масаласи юзасидан қарори Сенатга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин ушбу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



10-боб. Қонунчилик палатасининг унинг мутлақ ваколатларига

киритилган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини

кўриб чиқишининг ўзига хос хусусиятлари


51-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Қонунчилик палатаси депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Қонунчилик палатаси томонидан, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Кенгашнинг ушбу масала юзасидан қарори Қонунчилик палатасининг сессиясида тасдиқланади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


52-модда. Регламент, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш Қонунчилик палатасининг қарори билан қабул қилинади.

Регламентни ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар қўмиталар, депутатлар бирлашмалари ёки депутатлар умумий сонининг камида бешдан бир қисми миқдоридаги депутатлар гуруҳи томонидан киритилиши мумкин, тушган таклиф Кенгаш томонидан Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибининг лойиҳасига қўшилади ва палата уни биринчи навбатда кўриб чиқади.

Қонунчилик палатаси мажлисларини ўтказиш, Қонунчилик палатасининг Регламентида назарда тутилмаган фаолиятига доир бошқа масалаларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.



V БЎЛИМ. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ

ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


53-модда. Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги йилнинг ҳар чорагида Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни юборади.

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг йилнинг ҳар чорагидаги ижросининг боришини кўриб чиқади. Уни кўриб чиқиш вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, масъул қўмитанинг хулосаси эшитилади, муҳокама ўтказилади ва тегишли қарор қабул қилинади.


54-модда. Қонунчилик палатаси, шунингдек депутат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровига жавобни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Қонунчилик палатасининг мажлисида берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Парламент сўровлари бўйича ахборот Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси муҳокама якунлари бўйича қарор қабул қилади.


55-модда. Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисоботдан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисоботдан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай, ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади.

Қонунчилик палатаси ёки у ваколат берган орган ҳар йили, ҳисоботдан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, ўз мажлисида сиёсий партияларнинг ўз фаолиятларини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади.

Сиёсий партиянинг ҳисоботига унинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини ва уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ҳисобот йилида партиянинг ҳисоб-китоб варағига келиб тушган ҳамда сарфланган давлат маблағлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигининг хулосаси илова қилинади.

Сиёсий партияларнинг ўз фаолиятларини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини муҳокама қилиш натижаларига кўра Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади.

Сиёсий партиянинг молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи оммавий ахборот воситалари ва манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган ҳолда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботлари юзасидан қабул қилган қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатасининг мажлисида ҳукумат аъзоларининг фаолияти масалалари юзасидан уларнинг ахборотини эшитиш депутатлар бирлашмаларининг ташаббусига кўра амалга оширилади ҳамда Қонунчилик палатаси мажлисларининг кун тартибига мувофиқ ўтказилади.

Қўмиталар, шунингдек депутатлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, эксперт хулосалари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олишлари мумкин.

Қўмиталар ёки депутатлар талаб қилиб оладиган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Қўмиталарнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга қандай риоя этилаётгани, қўмиталарнинг қарорлари қандай бажарилаётгани тўғрисидаги ахборотларини эшитиши қўмиталарнинг иш режаларига мувофиқ ўтказилади.



VI БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


56-модда. Қонунчилик палатаси бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, расмий парламент делегациялари билан алмашиниши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирларни ўтказиши мумкин.


57-модда. Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегацияларининг раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Қонунчилик палатаси мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


58-модда. Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг фаолияти билан боғлиқ харажатлар сметаси Қонунчилик палатаси Спикери томонидан тасдиқланади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2005 йил, 3-4-сон.
































Время: 0.0363
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск