Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қўмиталари ва комиссиялари тўғрисида Низом (ЎзР ОМ 05.05.1995 й. 50-I-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлисининг

1995 йил 5 майдаги

50-I-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

қўмиталари ва комиссиялари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Олий Мажлис қонун лойиҳалари тайёрлаш ишларини олиб бориш, Олий Мажлис муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, қонунларнинг ва Олий Мажлис қарорларининг ижросини назорат қилиб туриш учун депутатлар орасидан қўмиталар ва комиссияларни сайлайди.

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари Ўзбекистон Республикаси олий давлат ҳокимият вакиллик органи бўлмиш Олий Мажлиснинг самарали фаолият кўрсатишига кўмаклашиши лозим.



2-модда.


Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларининг асосий вазифалари:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Олий Мажлис қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

Олий Мажлис тасарруфидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қабул қилган қарорлар ижроси устидан назорат қилиш, шунингдек уларни амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.


3-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис томонидан Олий Мажлиснинг ваколат муддати даврига тузилади.



4-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг рўйхати ва миқдор таркиби Олий Мажлис томонидан белгиланади. Олий Мажлис ваколат муддати давомида, зарурат бўлган ҳолларда, янги қўмиталар ва комиссиялар тузиши ҳамда сайлаши, илгари тузилган қўмиталар ва комиссияларни тугатиши ва қайта ташкил этиши, қўмиталар ва комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.



5-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис томонидан раис ва аъзолардан иборат таркибда очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Қўмитанинг, комиссиянинг раис ўринбосари ва котиби қўмита, комиссия раисининг тақдимига мувофиқ тегишли қўмита, комиссия аъзолари орасидан Олий Мажлис Раиси томонидан Олий Мажлис Кенгаши билан келишилган ҳолда тайинланади.

Қўмиталар, комиссияларнинг (муваққатларидан ташқари) раислари, раис ўринбосарлари ва котиблари ўз фаолиятларини, қоида тариқасида, доимий асосда амалга оширадилар ва ўз ваколатлари даврида ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир лавозимни эгаллашлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас.



6-модда.


Қўмиталар ва комиссияларни тузиш чоғида депутатларнинг касбий ва бошқа хил қизиқишлари, уларнинг ишлаб чиқаришга оид ва ҳаётий тажрибалари, эркин билдирган хоҳиш-истаклари инобатга олинади. Қўмиталар ва комиссиялар таркибида, қоида тариқасида, фракциялар ва блоклардан вакил депутатлар бўлиши таъминланади.

Олий Мажлис депутати, қоида тариқасида, Олий Мажлиснинг фақат битта қўмитаси ёки комиссиясининг аъзоси этиб сайланиши мумкин.



7-модда.


Олий Мажлиснинг Раиси ва унинг ўринбосарлари қўмиталар ва комиссиялар таркибига сайланишлари мумкин эмас.



8-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Қўмита ёки комиссия таркибига сайланмаган Олий Мажлис депутати улар ишида маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.



9-модда.


Депутатларнинг қўмиталар ва комиссиялардаги ваколатлари уларнинг илтимосига кўра, шунингдек уларнинг ўз вазифаларини бажаришига имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан аввал тўхтатилиши мумкин.

Қўмиталар ва комиссиялар раисларининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис Раиси қўмиталар ва комиссияларнинг таркибини ўзгартириб, сўнгра бу ўзгартишларни Олий Мажлис тасдиғига киритади.



10-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис олдида масъул ва унга ҳисобдордирлар.



II. ҚЎМИТАЛАР ВА КОМИССИЯЛАРНИНГ

ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ишни ўз режаларига, Олий Мажлис, унинг Раиси ва Олий Мажлис Кенгаши топшириқларига ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этадилар.

Қўмиталар ва комиссияларнинг фаолиятини Олий Мажлис Раиси мувофиқлаштириб туради.



12-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, зркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда қўмиталар ва комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.

Қўмиталар ва комиссиялар ишининг асосий ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир.



13-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг мажлислари заруратга қараб чақирилади ва Олий Мажлиснинг мажлислари оралиғида ҳам, сессиялар оралиғидаги даврда ҳам ўтказилади.



14-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда қўмита ёки комиссия таркибининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Мажлисга келиш имкони бўлмаган тақдирда қўмита ёки комиссия аъзоси бу ҳақда қўмита ёки комиссия раисини олдиндан хабардор қилиб қўяди.



15-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ўтказилади. Мажлисларга давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар таклиф этилиши мумкин, улар мажлисларда маслаҳат овози ҳуқуқи билан қатнашадилар.

Зарурат бўлган ҳолларда қўмита ёки комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.



16-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар масалаларни тайёрлаш ҳамда уларни пухта ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳлари тузишга ҳақлидирлар. Ишчи гуруҳлари таркибига Олий Мажлис депутатлари билан бирга вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, олимлар, мутахассислар кириши мумкин. Қўмиталар ва комиссиялар қўшма ишчи гуруҳлари тузишлари ҳам мумкин. Ишчи гуруҳлари таркибида ишлаш даврида мутахассислар ва олимларнинг асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ сақланиб қолади.



17-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ўз ваколатларига кирувчи масалаларни кўриб чиқиш чоғида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ҳамда бир хил даражада бурчлидирлар.



18-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг аъзолари қўмиталар ва комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини амалга оширишга кўмаклашишлари, қўмиталар ва комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт.



19-модда.


Қўмита ёки комиссиянинг аъзоси масалаларни кўриб чиқиш пайтида ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади, уларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек Олий Мажлиснинг, қўмита ёки комиссиянинг қарорларини бажаришни ташкил этишда иштирок этади.



20-модда.


Қўмита ёки комиссия аъзосига қўмита ёки комиссия кўриб чиқаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол қатнашиш учун шароит яратиб берилади, бунинг учун зарур ҳужжатлар ва бошқа материаллар унга олдиндан юборилади.



21-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг аъзолари қўмиталар ва комиссияларнинг топшириғига биноан ҳамда ўз ташаббуси билан ваколатлари доирасидаги масалаларни жойларда ўрганадилар, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини умумлаштирадилар ҳамда қўмиталар ёки комиссияларга ўз хулосалари ва таклифларини маълум қиладилар.



22-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг ёки бир неча қўмита ва комиссиянинг тасарруфидаги масалалар қўмиталар ва комиссиялар томонидан ҳамкорликда тайёрланиши ҳамда кўриб чиқилиши мумкин.

Қўмиталар ва комиссияларнинг қўшма мажлисларини уларнинг раислари ўзаро келишган ҳолда бошқарадилар.

Қўмита ёки комиссия ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан бошқа қўмиталар ва комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин.



23-модда.


Башарти қўмита ёки комиссиялар кўриб чиқиш учун ўзларига топширилган масала бошқа қўмита ёки комиссияга ҳам дахлдор деб ҳисоблашса ёхуд бошқа қўмита ёки комиссия кўриб чиқаётган масала юзасидан ўз фикрини билдиришни зарур деб топишса Олий Мажлис Раисига ёки Олий Мажлис Кенгашига тегишли таклиф киритишга ҳақли.

Бошқа қўмиталар ва комиссияларнинг илтимосига биноан қўмита ёки комиссия ўз вазифалари доирасидаги масалалар бўйича мазкур қўмиталар ёки комиссиялар кўриб чиқаётган масалаларни тайёрлашда қатнашиши мумкин.



24-модда.


Айни бир масала бўйича қўмиталарнинг, комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Шу мақсадда мазкур қўмиталар ва комиссиялар таркибига кирувчи депутатлар орасидан муросага келтирувчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Агар муросага келинмаса улар ўз таклифларини Олий Мажлиснинг Раиси эътиборига ҳавола этадилар.



25-модда.


Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмиталар ва комиссия тасия тарзида қарорлар қабул қиладилар ёки хулосалар берадилар.

Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссияларида барча масалалар қўмита ёки комиссия аъзолари умумий таркибининг оддий кўпчилик овози билан ҳал этилади.



26-модда.


Қўмиталар ёки комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баёнларини қўмита ёки комиссия раиси имзолайди.

Қўмиталар ёқи комиссиялар қабул қилган қўшма қарорларни, улар томонидан ҳамкорликда тайёрланган хулосаларни, шунингдек қўшма мажлисларнинг баёнларини уларнинг раислари имзолайдилар.



27-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар қабул қилган қарорлар тегишли давлат органларига, жамоат бирлашмаларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборилади.



28-модда.


Қўмиталар ва комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан қабул қилинган бўлса, ўша давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши шарт. Кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида қўмиталар ёки комиссияларга, башарти улар бошқа муддат белгиламаган бўлса, узоғи билан бир ой муддат ичида хабар қилиниши лозим.



III. ҚЎМИТАЛАР ВА КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


29-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис, унинг Раиси, Олий Мажлис Кенгашининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуслари билан вазифалари доирасидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси янги қонунларининг ва Олий Мажлис қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқадилар, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни тайёрлайдилар.



30-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис сессиялари кун тартибига доир таклифларни тайёрлашда иштирок этадилар.

Қўмиталар ва комиссиялар ўзлари Олий Мажлисга киритган масалалар бўйича ёхуд дастлабки тарзда ёки қўшимча равишда кўриб чиқиш учун қўмиталар ёки комиссияларга берилган масалалар бўйича ўзларининг асосий ёки қўшимча маърузачиларини белгилайдилар.

Биргаликда тайёрланган қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида бош қўмита ёки комиссия Олий Мажлиснинг сессиясида маъруза қилади. Бошқа қўмиталар ёки комиссиялар эса қўшимча маъруза қилишлари мумкин.



31-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ўз вазифалари доирасидаги масалалар бўйича давлат органлари ва жамоат бирлашмаларидан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, ёзма хулосаларни, ҳисобот маълумотларини ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақлидирлар.

Зарурат бўлган ҳолларда қонун лойиҳалари илмий экспертизага юборилади, улар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг хулосалари, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг, жамоат бирлашмаларининг, шунингдек олимлар ва мутахассисларнинг фикри сўраб олиниши мумкин.

Давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, бошқа мансабдор шахслар Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларига нотўғри ахборот берганликлари ёхуд ахборотни атайин яширганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



32-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идораларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиш ва уларнинг қонунлар, Олий Мажлиснинг бошқа ҳужжатлари, қўмиталар ва комиссияларнинг тавсиялари қандай бажарилаётгани ҳақидаги ахборотларини эшитиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қўмиталар ва комиссиялар тегишли органлар ҳамда ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.



33-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган қонун лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари юзасидан Олий Мажлис Кенгашига ўз хулосаларини тақдим этадилар. Хулосаларда қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш ёки қонун лойиҳаси устида ишлашни давом эттириш тўғрисидаги таклиф бўлади.



34-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар ўзларига Олий Мажлиснинг Раиси ёки Олий Мажлиснинг Кенгаши йўллаган республика бюджетининг лойиҳаларини, унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, стратегик давлат дастурлари лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқадилар, шунингдек ана шу лойиҳалар ва тегишли қонунлар ҳамда қарорларининг лойиҳалари юзасидан ўз хулосаларини тайёрлайдилар.



35-модда.


Олий Мажлиснинг, унинг Раиси, Олий Мажлис Кенгашининг топшириғига биноан, қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис депутатлари билдирган таклиф, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.


37-модда.


Қўмита ёки комиссия раиси:

зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, қўмитанинг ёки комиссиянинг мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;

қўмита ёки комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга қўмита ёки комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

қўмита ёки комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларининг ишида қатнашиш учун, шунингдек қўмита ёки комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф этади;

давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг вакилларини, мутахассислар ва олимларни қўмита ёки комиссия ишида қатнашишга таклиф этади;

Олий Мажлис сессияларида, Олий Мажлис Кенгашининг мажлисларида, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан бўладиган муносабатларда қўмита ёки комиссия номидан вакиллик қилади;

қўмита ёки комиссия томонидан амалга оширилган иш тўғрисида ҳар йили Олий Мажлис Кенгашига ҳисобот тақдим этади;

қўмита ёки комиссия қарорларини бажариш ишларини ташкил этади;

Олий Мажлисга, унинг Раисига, Кенгашига уларнинг топшириқларини бажариш юзасидан ахборот беради;

қўмита ёки комиссиянинг қарорлари бажарилганлиги ва унинг тавсиялари қараб чиқилганлиги ҳақида қўмита ёки комиссия аъзоларига ахборот беради;

ўз ваколатига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.



38-модда.


Қўмита ёки комиссия раисининг ўринбосари раиснинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолларда раис вазифасини бажариб туради.



39-модда.


Қўмита ёки комиссия котиби:

қўмита ёки комиссия иш режасининг лойиҳасинн тайёрлайди;

унинг бажарилишини назорат қилади;

қўмита ёки комиссиянинг иш қоғозларини юритиш учун жавобгар;

қўмита ёки комиссиянинг раиси, раис ўринбосари берган бошқа топшириқларни бажаради.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40-модда.


Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссиялари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар, фаолиятлари ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қиладилар. Қўмиталар, комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг мажлисларига оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.



41-модда.


Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хил хизматлар кўрсатишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Котибияти таъминлайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1995 йил, 6-сон, 98-модда



















































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск