Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.06.1994 й. 317-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 23 июндаги

317-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати (ТМЭ) Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигининг мустақил таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва ягона марказлаштирилган тизимга эга бўлади.


2. Тиббий-меҳнат экспертиза тизимига қуйидагилар киради:

Ижтимоий таъминот вазирлигининг ТМЭ бўйича инспекцияси - юқори бўғин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар марказий тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) - ўрта бўғин;

туман, туманлараро, шаҳар (умумий соҳадаги) ва марказлаштирилган ТМЭКлар - бошланғич бўғин;

Ижтимоий таъминот вазирлигининг Ўзбекистон ногиронларни экспертиза қилиш ва уларнинг меҳнат қобилиятини тиклаш илмий-тадқиқот институти-маслаҳат берувчи бўғин, унинг фаолияти ўз низоми билан тартибга солинади.


3. Тиббий-меҳнат экспертиза хизматининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

республикада ногиронликнинг аҳволини ўрганиш;

фуқароларнинг меҳнат қобилиятини экспертиза қилиш ва тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг фаолиятини такомиллаштириш, ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг, маҳаллий ҳокимият органларининг (ўз ҳуқуқлари доираларида) ногиронларга нисбатан хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини таъминлаш;

ногиронларга уларнинг ҳаёт кечиришида, ўқишида ва меҳнат фаолиятида тенг имкониятларга эга бўлишларига ёрдам бериш;

ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилишга оид илмий асосланган тавсияномаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ногиронларга ўз вақтида ва мукаммал тиббий, ижтимоий ва маиший ёрдам кўрсатувчи ногироклик муаммоларига алоқадор барча муассасалар ва ташкилотларнинг куч-ғайратларини мувофиқлаштириш;

Ижтимоий таъминот вазирлигини, у орқали эса республиканинг юқори раҳбарларини ногиронликнинг аҳволи ва унинг сабаблари ҳамда унинг олдини олиш ва камайтириш учун кўрилаётган зарур чора-тадбирлар тўғрисида мунтазам хабардор қилиб туриш.


4. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг ишига умумий раҳбарликни Ижтимоий таъминот вазирлигининг тиббий-меҳнат экспертизаси инспекциясининг бошлиғи амалга оширади.


5. Жойларда ТМЭ хизматини ташкил этиш ва уни бошқариш учун ТМЭ бўйича бош эксперт тайинланади. Бош эксперт 10 дан ортиқ бошланғич ТМЭК ёки юқори ТМЭКнинг 2 ва ундан ортиқ таркиблари бўлганда тайинланади. Бошқа ҳолларда ташкилий вазифалар юқори ТМЭК раисига юкланади.


6. Ижтимоий таъминот вазирлигининг тиббий-меҳнат экспертизаси инспекцияси бошлиғи ижтимоий таъминот Вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бош экспертлар ва марказий ТМЭК раислари инспекция бошлиғининг минтақавий ҳокимликлар билан келишилган тақдимномасига кўра ижтимоий таъминот Вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар. Марказий ТМЭК иккинчи таркибларининг раислари минтақанинг бош эксперти томонидан танланадилар.

Туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослаштирилган ТМЭКнинг раислари тиббий-меҳнат экспертиза бўйича инспекция бошлиғи ва маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда бош эксперт томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.


7. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ўз ишларини ҳудудий принциплар бўйича олиб борадилар ва ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорларига ва бошқа қарорларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигининг норматив ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қиладилар.


8. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг фаолияти кенгашиб ишлаш асосида амалга оширилади. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг ногиронларнинг меҳнат шароитлари ва хусусиятлари ҳақидаги хулосалари мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маъмуриятлари учун мажбурий ҳисобланади.


9. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларини жойлаштириш ёки даволаш муассасаларининг базаларида ёки шу мақсадлар учун махсус ажратилган биноларда маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда, шу жумладан, шартнома асосида амалга оширилади. Ҳокимликлар билан ТМЭК ўртасидаги шартномалар ТМЭКни хўжалик асбоб-ускуналари, электр энергияси, иссиқлик, транспорт, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа нарсалар билан таъминлаш учун асос бўла олади.


10. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларини асбоб-ускуналар ва зарур ашёлар билан жиҳозлаш маҳаллий ҳокимликлар ёрдамида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасалари, мазкур минтақанинг корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади.

ТМЭК билан соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасидаги шартномалар ТМЭК тиббий асбоб-ускуналар ва зарур ашёлар билан таъминлаш учун асос бўлиб ҳисобланади.


11. ТМЭКни жиҳозлаш табели тиббий-меҳнат экспертиза инспекцияси томонидан тузилади ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланади.


12. ТМЭК фаолияти учун зарур бўлган бланклар Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланади. ТМЭК маълумотномалари бланклари фақат Вазирлик томонидан тақсимланади.


13. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларини сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетида назарда тутилган, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тақсимланадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


14. Барча даражалардаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари штамп ва муҳрларга эга бўладилар.


15. Минтақанинг бош экспертлари бошчилик қиладиган Марказий тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари юридик шахс ҳисобланадилар ва мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб (шу жумладан, валюта) счётларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ўзбек ва рус тилларида қайд этилган муҳрга эга бўладилар, суд ёки хўжалик судида даъвогар ва жавобгар бўлишлари мумкин, пул маблағларини тасарруф қиладилар, улардан тўғри фойдаланилиши учун бош эксперт жавобгардир.



II. ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТИЗА ХИЗМАТИ

ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ТАРКИБИ


16. Тиббий-меҳнат экспертиза инспекцияси 6 мутахассисдан иборат бўлади:

инспекция бошлиғи;

ТМЭ бўйича бош мутахассислар - 3 киши;

ТМЭ бўйича етакчи мутахассислар - 2 киши.


17. Минтақа бош эксперти бошқарув аппаратига:

бухгалтер;

кассир;

кадрлар масаласи бўйича мутахассис киради.


18. Марказий ТМЭКнинг ҳар бир таркиби 4 нафар шифокордан иборат бўлади.

Марказий ТМЭК таркибига терапевт, жарроҳ ва невропатолог киради. Тўртинчи врачнинг ихтисоси минтақа хусусиятлари, касалланиш ва ногиронлик тузилмасидан келиб чиқиб аниқланади. Зарур ҳолларда кўрсатиб ўтилган врач ўрнига ТМЭК таркибига психолог, социолог ва бошқа мутахассислар киритилиши мумкин. Марказий ТМЭКда ишлаш учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шарти билан тиббиёт, техника ва бошқа масалалар бўйича маслаҳатчилар жалб қилиниши мумкин. Врачлардан бири ТМЭК раис этиб тайинланади.

Комиссия штатига, шунингдек, тиббий ҳамшира, тиббий рўйхатга олувчи, санитарка, автомобиль бўлса, ҳайдовчи киради.


19. Туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослашган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари уч врачдан ташкил этилади.

Умумий соҳадаги комиссия таркибига терапевт, жарроҳ, невропатолог киради.

Ихтисослашган соҳадаги комиссия таркибига ихтисоси комиссия соҳасига мувофиқ келувчи икки врач ва терапевт ёки невропатолог киради.

Умумий соҳа ТМЭКга уч врачдан бири, ихтисослашган соҳа ТМЭКга ихтисоси комиссия соҳасига мувофиқ келувчи икки врачдан бири раис қилиб тайинланади.

Комиссия штатига, шунингдек, катта тиббиёт ҳамшираси, тиббий рўйхатга олувчи, санитарка, автомобиль бўлса, ҳайдовчи киради.


20. Барча даражадаги ТМЭКларда ишлаш учун ихтисоси бўйича камида 3 йил меҳнат стажига эга бўлган врачлар жалб этиладилар.


21. Врач-экспертлар камида 5 йилда бир марта малака ошириш ва ихтисослаштиришдан ўтишга мажбурдирлар.



III. ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТ

КОМИССИЯЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ижтимоий таъминот вазирлиги ихтиёрида бўлиб, ТМЭ инспекцияси томонидан амалга оширилади.


23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Марказий ТМЭКлари бошланғич бўғин бешта комиссиясига битта таркиб ҳисобида ташкил этилади.


24. Умумий соҳа бошланғич тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (туман, туманлараро, шаҳар) юз-юз йигирма минг катта ёшли аҳолига битта комиссия ҳисобидан ташкил этилади.

Географик, демографик ва бошқа хусусиятлар (аҳолининг зичлиги, касалланиш, ногиронлик даражаси, катта ёшли аҳолининг салмоғи)ни ҳисобга олиб истисно тарзида 80-100 минг катта ёшли аҳолига битта комиссия ҳисобидан комиссиялар ташкил этилиши мумкин.

Аҳолининг сони ва зичлиги юқори бўлмаган чўл ва тоғли жойларда ярим ставкали (иш куни тўлиқ бўлмаган) ТМЭКлар ташкил этилиши мумкин.


25. Ихтисослашган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари минтақадаги касалланиш ва ногиронлик даражаси ва таркибига кўра ташкил этилади.


26. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари йиғилишларида даволаш-профилактика муассасаларининг тиббий-маслаҳат комиссиялари (ТМК) раислари, даволовчи врачлар, ижтимоий таъминот бўлимлари, маъмурият ва корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар касаба уюшмалари қўмиталари, мудофаа ишлари, ногиронлар жамиятлари бўлимларининг вакиллари иштирок этишлари мумкин.


27. Барча даражадаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари юқори турувчи бўғин раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган режа ва жадвал бўйича ишлайдилар.


28. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари учун 7 соатлик иш куни белгиланган. Комиссия йиғилиши 5,5 соат давом этади. Бир йиғилишда ҳар бир кишига 20-30 минут сарфлаб 10-12 кишини текширувдан ўтказиш назарда тутилади. Бир касални уйда ёки стационарда текширувдан ўтказиш учун шаҳарда 2 соат, қишлоқ жойларда 3 соат ажратилади.



IV. ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТИЗА ХИЗМАТИ

ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


29. Тиббий-меҳнат экспертиза инспекцияси зиммасига қуйидагилар юкланади.

ТМЭ хизмати ишини ташкил этиш ва ТМЭКнинг барча даражадаги ҳокимликлар бошқарув органлари ва ўзларига қарашли муассасалар билан биргаликдаги ишни келишиб олиш;

республикада тиббий-меҳнат экспертизасининг сифатини ва илмий асосланганлигини таъминлаш, ТМЭК фаолиятининг янги шаклларини жорий қилиш;

ТМЭ хизматини малакали кадрлар билан бутлаш;

ТМЭК врачларининг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги ва уларга малака тоифасини бериш аттестациясини ўтказишни ташкил қилиш;

республикада ногиронликнинг аҳволи ва сабабларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш, ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

ТМЭ муаммолари бўйича республика ҳамда тегравий илмий-амалий конференцияларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;

ТМЭ хизмати фаолияти, республикада ногиронликнинг аҳволи ва сабаблари тўғрисида Ижтимоий таъминот вазирлигига мунтазам ахборот бериб туриш;

ТМЭ масалаларига оид хатлар, шикоятлар ва аризаларни кўриб чиқиш, уларнинг сабабларини ўрганиш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига жойлар, зарур ускуна ва асбоблар билан таъминлашда ёрдам бериш;

Ўзбекистон ногиронларни экспертиза қилиш ва уларнинг меҳнат қобилиятини тиклаш илмий-тадқиқот институтига амалий ёрдам кўрсатиш;

ТМЭКларни уларнинг фаолияти учун зарур ҳужжатлар бланклари билан ўз вақтида таъминлаш;

оммавий ахборот воситаларида ТМЭ масалаларини ёритиш.


30. Минтақа бош эксперти зиммасига қуйидагилар юкланади:

минтақа ТМЭК ишини ташкил қилиш;

ТМЭК фаолиятининг янги шаклларини, илғор тажриба ва фан ютуқларини жорий қилиш;

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг ўз вақтида малака тоифаси олишлари учун аттестацияларини, ўз вақтида малака оширишларини ташкил этиш;

минтақада ногиронликнинг аҳволи ва сабабларини таҳлил қилиш, ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш чораларини ишлаб чиқиш, бу ҳақда минтақадаги ҳокимликларга ахборот бериш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК)нинг соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот муассасалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маъмурияти, касаба уюшмалари қўмиталари, меҳнат биржалари билан бирга ногиронликнинг олдини олиш, ногиронларни реабилитация қилиш ҳамда уларга тиббий ва маиший ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича биргаликдаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

ТМЭК ва тиббий маслаҳат комиссияси (ТМК) шифокорлари вилоят жамияти ишини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш;

соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда семинарлар ўтказиш;

тиббий-меҳнат экспертизаси (ТМЭ) масалалари бўйича хатлар, шикоятлар ва аризаларни кўриб чиқиш ҳамда уларнинг сабабларини таҳлил қилиш;

ТМЭКни жойлаштиришни ташкил этиш, зарур асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозлаш, ҳужжатлар иш қоғозлари билан ўз вақтида таъминлаш.

ТМЭК фаолияти, минтақада ногиронликнинг аҳволи ва сабаблари тўғрисида ТМЗ бўйича инспекцияга ўз вақтида ҳисоботлар тақдим этиш;

оммавий ахборот воситаларида ТМЭ масалаларини ёритишни ташкил этиш;

барча даражалардаги ҳокимликлар, шунингдек, минтақадаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ТМЭКни жойлаштириш ҳамда жиҳозлаш масалалари бўйича шартномалар тузиш.


31. Марказий ТМЭКлар зиммасига қуйидагилар юкланади:

ўзларига қарашли ТМЭКлар ишларини ташкил қилиш, улар фаолиятига илғор тажриба ва фан ютуқларини жорий этиш;

хизмат кўрсатиш тўғрисида ногиронликнинг аҳволини ва унинг сабабларини таҳлил қилиш, ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш чораларини ишлаб чиқиш;

тасарруфидаги ТМЭКларнинг манфаатдор ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликдаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

соғлиқни сақлаш муассасалари билан биргаликда семинарлар ўтказиш;

тасарруфидаги ТМЭКларга уларни жойлаштириш ва жиҳозлашда ёрдам бериш;

тасарруфидаги ТМЭКларга ҳамда даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасаларига ТМЭ масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, шу жумладан, уларнинг йўлланмаларига биноан ногиронлар ва беморларни текширувдан ўтказиш;

шифокорларни, масъул ходимларни, Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимларини, шунингдек, ихтисослаштирилган транспорт билан таъминлашга даъвогар шахсларни бевосита текширувдан ўтказиш;

ТМЭК фаолияти, хизмат кўрсатиш теграсидаги ногиронликнинг аҳволи ва уларнинг сабаблари тўғрисида минтақанинг бош экспертига ўз вақтида ҳисоботлар тақдим этиш;

хизмат кўрсатиш теграсидаги аҳоли ўртасида ТМЭ масалаларини ёритишни ташкил этиш;

минтақада марказий ТМЭКнинг фақат битта таркиби мавжуд бўлган ҳолларда минтақанинг бош эксперти ҳуқуқ доирасига кирадиган тадбирларни бажариш.


32. Бошланғич (туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослашган) ТМЭКлар зиммасига қуйидагилар юкланади:

меҳнатга лаёқатлилик аҳволини, уни узоқ вақт ёки доимий йўқотганликни, ногиронликнинг гуруҳини, сабабларини, бошланиш вақти ва муддатларини аниқлаш;

ўз меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда майиб бўлиб қолган ёки бошқача тарзда касалланган ишловчиларнинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотганлик даражасини ҳамда уларнинг қўшимча ёрдам турларига муҳтожлигини аниқлаш;

ногиронлар саломатлигини тиббий ва ижтимоий-меҳнат бўйича тиклаш чораларини белгилаш ҳамда даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасаларида ва корхоналарида тавсияларнинг бажарилишини назорат қилиш;

кўчма мажлислар ўтказиш, оғир касалларни уйида ёки стационарларда текширувдан ўтказиш;

даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасалари ва бошқа манфаатдор муассасалар билан биргаликда ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилишга доир тадбирларни ўтказиш;

хизмат кўрсатиш теграсида ногиронликнинг аҳволини ва унинг сабабларини ўрганиш ҳамда бу ҳақда марказий ТМЭКга ҳисоботлар тақдим этиш;

хизмат кўрсатиш теграсидаги даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасалари шифокорлари учун ТМЭК масалалари бўйича семинарлар ўтказиш;

ТМЭК фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш,



V. ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТИЗА ХИЗМАТИ

ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


33. Ижтимоий таъминот вазирлигининг ТМЭ бўйича инспекцияси қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

жойларда бевосита текшириш йўли билан минтақа бош экспертлари ва барча даражадаги ТМЭКлар, шу жумладан, Ўзбекистон тиббий меҳнат экспертиза инспекцияси илмий-тадқиқот институти (ЎзТМЭИИТИ) фаолиятини назорат қилиш, текширишлар натижалари бўйича чора-тадбирлар кўриш;

Вазирликнинг розилиги билан ТМЭКни ташкил этишни, қайта ташкил этишни ва тугатишни амалга ошириш;

бош экспертнинг ва барча даражалардаги ТМЭК раисларининг лавозимларига мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, ушбу масала юзасидан Ижтимоий таъминот вазирлигига таклифлар киритиш;

ТМЭ хизмати таркибий бўлинмалари раҳбарларига ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш масалалари бўйича тавсиялар бериш, барча даражалардаги ҳокимликларга уларни бажариш юзасидан таклифлар киритиш;

ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигининг норматив ҳужжатларида ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган чора-тадбирларни бажармаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан, Вазирликнинг розилиги билан, давлат бошқарув ва назорат органларига мурожаат қилиш;

ТМЭ тизими ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш бўйича ижтимоий таъминот Вазирига илтимосномалар киритиш;

ЎзТМЭИИТИ илмий кенгаши ишида қатнашиш;

аттестация комиссиялари ишида қатнашиш;

ногирон марказий ТМЭК ва ЎзТМЭИИТИ қарорларидан норози бўлган ёки ушбу қарорларни асосланмаган деб ҳисоблаган ҳолларда ногиронларни холис ёки ушбу мақсад учун махсус тузилган мустақил комиссияларда такрорий текширувдан ўтказиш.


34. Минтақанинг бош эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

минтақа ТМЭКнинг ишларини, шу жумладан, эксперт хулосаларининг сифати ва асосланганлигини назорат қилиш;

ТМЭ бўйича инспекцияга минтақа ТМЭКни ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

марказий ТМЭКларнинг иккинчи таркиблари раислари лавозимларига талабгорларни танлаш;

минтақанинг ТМЭКларига ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш масалалари бўйича тавсиялар бериш, минтақа ҳокимликларига уларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;

барча даражалардаги минтақа ТМЭКлари мажлисларида қатнашиш;

ТМЭКни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тузиш;

ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларни реабилитация қилиш бўйича ТМЭК тавсияларини бажармаётган минтақа корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан минтақа бошқарув ва назорат органларига мурожаат қилиш;

минтақа ТМЭК ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш, шунингдек, уларни рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш тўғрисида Ижтимоий таъминот вазирлигига илтимоснома киритиш;

минтақа шифокорлари аттестациядан ўтказиладиган ҳолларда аттестация комиссиялари ишида қатнашиш;

ногирон марказий ТМЭКларнинг эксперт қарорларидан норози бўлган ёки ушбу қарорларни асосланмаган деб ҳисоблаган ҳолларда ногиронларни холис ёки махсус тузилган комиссияларда такрорий текширишдан ўтказиш;

суд-тиббиёт масалаларини ҳал этишда қатнашиш;

республика ва тегра конференцияларида ҳамда бошқа минтақаларда ўтказиладиган семинарларда қатнашиш.


35. Марказий ТМЭКлар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

хизмат кўрсатиш теграсидаги бошланғич ТМЭКларнинг фаолиятини ва тиббий меҳнат экспертизаси сифатини, шу жумладан, биринчи марта текширишдан ўтказилганлардан 25 фоизининг ҳамда такрорий текширишдан ўтказилганлардан 15 фоизининг тиббий-эксперт ҳужжатларини текшириб кўриш йўли билан, зарурат бўлганда ногирон деб топилганларни юзма-юз текшириб кўрган ҳолда, назорат қилиб бориш;

тасарруфидаги бошланғич ТМЭКларнинг ногиронларни корхоналарда ишга жойлаштириш, ногиронларни даволаш-касалликларнинг олдини олиш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказиш ва саломатлигини тиклаш бўйича фаолиятини назорат қилиш;

ногиронларни шикоятлар ва аризалар бўйича текширишдан ўтказиш;

бошланғич ТМЭКларнинг қарорларига ўзгартиришлар киритиш, асосланмаган тақдирда уларни бекор қилиш;

хизмат кўрсатиш теграсида ТМЭКларни ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш тўғрисида минтақа бош экспертига таклифлар киритиш;

марказий ТМЭК аъзолари, тасарруфидаги бошланғич ТМЭКлар раислари ва аъзолари лавозимларига талабгорларни танлаш ҳамда уларни минтақа бош экспертига тавсия этиш;

ногиронлар касаллигининг олдини олиш ва уларнинг саломатлигини тиклаш масалалари бўйича маҳаллий ҳокимликларга таклифлар киритиш;

тасарруфидаги ТМЭКлар ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш бўйича минтақа бош экспертига илтимоснома тақдим этиш;

аттестация комиссиялари ишида, суд-тиббиёт масалаларини ҳал этишда, республика тегравий конференцияларда ва семинарларда қатнашиш.


36. Бошланғич (туман, туманлараро, шаҳар ва ихтисослашган) ТМЭКлар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасаларидан, корхоналар маъмуриятидан, давлат бошқарув органларидан, бошқа ташкилот ва муассасалардан комиссиялар иши учун зарур бўлган, шу жумладан, текширишдан ўтадиган шахсларнинг меҳнат тури ва шароитлари ҳақидаги маълумотларни олиш;

соғлиқни сақлаш муассасаларидан ТМЭКга жўнатиладиган тиббий ҳужжатларнинг сифатли расмийлаштирилишини талаб этиш, уларнинг холисоналигини назорат қилиш;

текширишдан ўтаётган шахсларнинг касаллигини аниқлаш ва саломатлигини тиклаш учун уларни даволаш муассасаларига юбориш. Шубҳа туғилганда текширилаётганларни ЎзТМЗИИТИга текширувга юбориш;

хизмат кўрсатиш теграсидаги муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарга ногиронликнинг олдини олиш, ногиронларни тиббий ва ижтимоий меҳнат бўйича реабилитация қилиш масалаларига оид тавсиялар бериш;

хўжалик юритиш фаолияти шаклларидан ва қайси идорага қарашлилигидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бориш, иш ўринларини, ишлаб чиқариш ва хизмат биноларини кўздан кечириш, комиссиялар фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича, чунончи, ногиронларни ишга жойлаштиришнинг ТМЭК тавсияномаларига мувофиқлиги, шунингдек, "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган ногиронларни ишга жойлаштириш учун 3 фоизли квоталарнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши бўйича ҳисоботлар, статистик ва бошқа материаллар билан танишиш, камчиликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этишни талаб қилиш, ушбу талаблар ёки тавсиялар бажарилмаган тақдирда эса, санитария эпидемия станцияси кўмагида, раҳбарларга жарима солиш;

ТМЭКларнинг ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг саломатлигини тиклаш масалалари бўйича фаолиятини назорат қилиш;

маҳаллий ҳокимликларга, марказий ТМЭК раисига ва минтақа бош экспертига ТМЭКлар ишини яхшилаш, ногиронликнинг олдини олиш, ногиронларни реабилитация қилиш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш;

марказий ТМЭК раисига, у орқали эса юқори ташкилотларга ўз ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш тўғрисида илтимоснома тақдим этиш.


37. Тиббий-меҳнат экспертизаси хизматининг юқори таркибий бўлинмалари қуйи бўлинмаларнинг, ўз ҳуқуқлари рўйхатида қайд этиб ўтилмаган, ҳуқуқларига эга бўладилар.



VI. ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТ КОМИССИЯЛАРИДА

ФУҚАРОЛАРНИ ТИББИЙ ТЕКШИРИШДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


38. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида фуқароларни тиббий текширишдан ўтказиш яшаш жойидаги ёки бириктирилган даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасасида, мазкур ТМЭКга бириктирилган тегишли даволаш муассасасининг йўлланмасига биноан ўтказилади.

Тиббий текширишдан ўтказиш сифати, беморларни ТМЭКга ўз вақтида юборилганлиги ва унинг асосланганлиги учун жавобгарлик даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.


39. ТМЭКлар тиббий текширишга 16 ва ундан катта ёшдаги фуқароларни, уларда паспорт ёки уларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, даволаш муассасасининг йўлланмаси (88у-шакл), касаллик тарихидан кўчирма, меҳнат туси ва шароитлари ҳақидаги маълумотнома бўлган тақдирда, қабул қиладилар.

Меҳнатга лаёқатини қанча фоиз йўқотганлик даражасини аниқлаш учун комиссияга биринчи марта юборилган шахслар бахтсиз ҳодиса ёки меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ ҳолда саломатликка бошқа хилда путур етиши тўғрисидаги далолатномани (Н-1-шакл) ҳам тақдим этадилар.

Баъзи ҳолларда ТМЭКлар, ижтимоий таъминот органларининг мақсади кўрсатилган ҳолдаги йўлланмаси бўйича, 16 ёшдан кичик шахсларни текширишдан ўтказишлари мумкин.


40. Фуқароларни тиббий текшириш асосий базада, шунингдек, даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасаларида кўчма мажлисларда, корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда жадвал бўйича; даволаш-касалликнинг олдини олиш муассасаси тавсияномаси бўйича - уйда ёки стационарда; истисно ҳолларда, фуқароларнинг розилиги билан - сиртдан ўтказилади.


41. Меҳнатга лаёқатни йўқотганлик даражасига кўра ногиронлик 3 гуруҳга бўлинади.

Қуйидагилар ногиронлик сабаблари ҳисобланади;

умумий касалланиш:

меҳнатда шикастланиш;

касб касаллиги;

ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган жароҳатланиш, контузия, шикастланиш, касалланиш;

ҳарбий хизматни ўташ даврида дучор бўлинган касаллик;

ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган бахтсиз ҳодиса натижасида олинган майиблик, шикастланиш, контузия;

фуқаролик бурчини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳолда олинган контузия, шикастланиш.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан ногиронликнинг бошқа сабаблари ҳам белгиланиши мумкин.


42. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари мажлисларни фақат тўлиқ таркибда ўтказадилар.

Эксперт тиббий текшириш маълумотлари ва қарори ТМЭК текшириш далолатномасига ва мажлис баёнига киритилади. Улар шу куннинг ўзида тўлдирилади, комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

Комиссиянинг хулосаси раис томонидан шу заҳоти текширилувчига маълум қилинади.

Агар текширилувчига ногиронлик гуруҳи тайинланса, бу ҳақда касаллик варақасига ёзилади ҳамда текширилганда шу куниёқ раис томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган меҳнатга лаёқатни йўқотганлик даражаси тўғрисидаги маълумотнома берилади.

Ҳужжатлар ТМЭКга топширилган ва рўйхатдан ўтказилган кун ногиронлик белгиланган сана ҳисобланади.

Агар ногиронлик меҳнатда шикастланганлик ёки касб касаллиги билан боғлиқ бўлса, текширилувчига меҳнатга лаёқатни йўқотганлик фоизлари ва қўшимча ёрдам турлари тўғрисида тиббий текшириш далолатномасидан кўчирма берилади.

ТМЭКга юборилган беморларни даволашни давом эттириш зарур бўлганда комиссия касаллик варақаси муддатини узайтиришни тавсия қилиш ҳуқуқига эгадир.

Комиссия хулосаси беморни юборган соғлиқни сақлаш муассасасига жўнатилади.

Бемор комиссияга етарли асосланмаган клиник диагноз билан юборилган ҳолларда комиссия уни ЎзТМЭНИИТИга ёки бошқа даволаш муассасаларига юборади. ТМЭК томонидан юборилган беморлар даволаш муассасаларига навбатдан ташқари қабул қилинадилар.


43. Агар комиссия раиси ёки унинг айрим аъзолари қабул қилинган қарордан норози бўлишса, у ҳолда тиббий текшириш далолатномасига уларнинг алоҳида фикри ёзиб қўйилади ҳамда далолатнома такрорий тиббий текшириш учун 3 кун муддатда марказий ТМЭКга тақдим этилади.

Марказий ТМЭКларда қарорлар комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Комиссиянинг қабул қилинган қароридан норози аъзоси ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилади ва у йиғма жилдга қўшиб қўйилади.



VII. ҚАЙТА ТИББИЙ ТЕКШИРИШДАН ЎТКАЗИШ

МУДДАТЛАРИ ВА ТИББИЙ-МЕҲНАТ ЭКСПЕРТ

КОМИССИЯЛАРИ ҚАРОРЛАРИ ЮЗАСИДАН

НОРОЗИЛИК БИЛДИРИШ ТАРТИБИ


44. Ногиронларни, шу жумладан, касб бўйича меҳнатга лаёқатни йўқотганликнинг фоизлар бўйича даражасини аниқлаш учун қайта тиббий текшириш 6 ойда бир ёки икки йилда бир марта ўтказилади.

Ногиронлик навбатдаги қайта тиббий текшириш тайинланган ойнинг биринчи кунигача белгиланади. Қайта тиббий текширишни белгиланган муддатлардан олдин ўтказиш саломатлик ва меҳнатга лаёқат даражаси ўзгарган ёки ТМЭК қарорининг асосланмаганлиги ҳоллари аниқланган тақдирда амалга оширилади. Муддатсиз ногирон деб ҳисобланган шахслар ҳам кўрсатиб ўтилган муддатларда қайта тиббий текширишдан ўтказилиши мумкин.

Текширилувчида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 17 июлдаги 328-сон қарорига иловада кўрсатилган касалликларнинг мавжудлиги ёки эркакларнинг 60, аёлларнинг 55 ёшга тўлганлиги муддатсиз ногиронлик гуруҳини белгилаш учун асос бўлиб ҳисобланади.

60 ёшдан катта эркак ва 55 ёшдан катта аёл ногиронларни қайта тиббий текширишдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан ёки ТМЭК қарори қалбаки ҳужжатлар асосида чиқарилган тақдирда амалга оширилади. Касб бўйича меҳнатга лаёқатни йўқотганликнинг фоизлар бўйича муддатсиз даражаси меҳнатда жароҳатланиш ёки саломатликка бошқача турда путур етиши оқибатида муддатсиз ногирон деб эътироф этилган шахсларга, шунингдек, 60 ёшга тўлган эркакларга ва 55 ёшга тўлган аёлларга белгиланади.


45. Текширилувчи бошланғич (туман, туманлараро, шаҳар, ихтисослашган) ТМЭК қароридан норози бўлган тақдирда у бир ой мобайнида марказий ТМЭКга мурожаат қилиши мумкин. Бошланғич ТМЭК ариза тушгандан кейин 3 кун мобайнида текшириш далолатномасини марказий ТМЭКга беради, марказий ТМЭК шундан кейин 15 кун мобайнида аризачини қайта тиббий текширишдан ўтказади ва ўз хулосасини чиқаради.

Фуқаро юқори ТМЭК хулосасидан норози бўлган тақдирда у минтақанинг бош экспертига ёки Ижтимоий таъминот вазирлигининг ТМЭ бўйича инспекциясига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Тиббий-меҳнат экспертизасини ўтказган муассасанинг хулосаси устидан фуқаронинг ўзи томонидан ёки унинг қонуний вакили томонидан ҳам судга шикоят қилиниши мумкин.


VIII. ТМЭ ХИЗМАТИНИ МАБЛАҒ БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


46. ТМЭ хизмати таркибий бўлинмаларини маблағ билан таъминлаш харажатлар сметасига кўра қуйидаги моддалар бўйича амалга оширилади:

иш ҳақи;

иш ҳақига қўшимча харажатлар;

хизмат сафари харажатлари;

иш юритиш бўлинмаси ва хўжалик товарлари харажатлари;

тиббиёт асбоб-ускуналари, қаттиқ ва юмшоқ анжомлар сотиб олиш харажатлари;

асосли ва жорий тузатиш харажатлари;

бошқа харажатлар.


47. Маблағ билан таъминлаш молия вазирлигининг розилиги билан Ижтимоий таъминот вазирлигининг режа-молия бўлими орқали ТМЭКнинг банкдаги ҳисоб-китоб счётига пул ўтказган ҳолда амалга оширилади.


48. ТМЭКни таъминлашга қилинадиган қўшимча харажатлар ТМЭ муассасалари билан маҳаллий ҳокимликлар ёки уларнинг тасарруфидаги муассасалар ўртасида тузилган контрактлар асосида амалга оширилади.




















Время: 0.0397
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск