Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.06.2004 й. 293-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 24 июндаги

293-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Марказ ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Марказ ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


4. Марказ фаолиятини молиялаштириш, шунингдек ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Марказга ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


5. Марказ юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. МАРКАЗНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олиш, кадрлар тайёрлаш сифати ва ўқув жараёни самарадорлиги холисона баҳоланишини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

абитуриентлар, ўқувчилар, талабалар билимларининг Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига ва давлат талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;

қобилиятли ёшларни излаш ва танлаш тизимини такомиллаштириш;

мураккаблик даражаси таълим дастурларига мувофиқ бўлган тест материалларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида таълим муассасаларига кираётган абитуриентларни тест синовларидан ўтказиш;

тест синови натижаларининг холисоналиги, ишончлилиги ва адолатлилигини таъминлаш;

таълим ва ўқитиш сифатини, тест баҳолари ва рейтинг балларининг холисоналигини текширишни ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлаш;

узлуксиз таълим тизимида банд бўлган педагоглар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимларни аттестациядан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, таълим муассасалари рейтингини аниқлаш;

педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таълим тизими раҳбар органлари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Вазирлар Маҳкамасининг Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи функцияларини бажариш;

Вазирлар Маҳкамасининг Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи сифатида нодавлат таълим муассасаларига лицензияларни расмийлаштириш;

педагоглар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар кадрларни, шунингдек таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш учун талаблар ва мезонларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни эътироф этиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) тартиби амалга оширилишини ташкил этиш ва таъминлаш;

давлат таълим стандартлари ва давлат талабларини, шунингдек улар асосида таълимнинг барча турлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини уларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун экспертизадан ўтказиш;

кадрлар тайёрлаш сифати мониторинги тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

республика ҳудудида хорижий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини юритиш ҳуқуқига лицензиялар (рухсатномалар) беришда экспертиза ўтказиш;

Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.


7. Марказ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги низомларга таклифларни ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тест синовлари натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади;

мураккаблик даражаси таълим дастурларига мувофиқ бўлган тест материалларини ишлаб чиқади ва улар асосида таълим муассасаларига кираётган абитуриентларни тест синовларидан ўтказади;

ўқувчилар ва талабалар билимларининг жорий ва якуний баҳоларини таҳлил қилиш асосида тест ва рейтинг балларининг холисоналигини, республиканинг барча таълим муассасаларида таълим, ўқитиш, ўқув режалари ва дастурлари сифатини баҳолайди ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

тест синовларидан ўтувчи шахслар учун ўқув-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқади ва нашр қилади;

тест материалларини тайёрлаш ва тест синовларини ташкил этишда қатнашадиган шахсларни ўқитишни ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;

жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида тест синовлари технологиясини такомиллаштиради;

тест материалларини ишлаб чиқишда ҳамда улардан фойдаланишда таълим муассасаларига ва бошқа муассасаларга маслаҳат ёрдами кўрсатади;

тест синовлари тартиботларини ўтказиш учун мўлжалланган тест материаллари мазмунининг махфийлигини сақлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини бажаради;

ташкилотлар ва муассасаларнинг буюртманомаларига биноан тест синовларини ўтказиш учун тўлов нормативларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

таълим муассасаларидаги тест синовлари якунларини умумлаштиради ва ўқитиш сифатини такомиллаштириш ишларида фойдаланиш учун уларни манфаатдор вазирликлар ва идораларга юборади;

тест синовлари ўтказиш масалалари билан шуғулланувчи хорижий таълимни бошқариш органлари ва ташкилотлари билан бевосита алоқалар ўрнатади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимлари асосида улар билан ҳамкорликни амалга оширади;

"Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва таълим тўғрисидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кадрлар тайёрлаш сифатига тааллуқли талабларининг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилади;

аттестациядан ўтказиш ва кадрлар тайёрлаш сифатининг аҳволига доир масалалар бўйича мунтазам равишда эксперт хулосалари, ҳисоботлар, таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди ҳамда уларни ишда фойдаланиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига, манфаатдор вазирликлар ва идораларга юборади;

педагоглар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар кадрларни, шунингдек таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жадвалларини тузади ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади;

таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўяди;

таълим муассасаларининг мақоми ва йўналишларини ўзгартириш, шунингдек ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича белгиланган тартибда зарур таклифлар киритади;

идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, таълим муассасаларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш, тугатиш) ҳамда уларнинг мақомини қайта кўриб чиқиш бўйича материаллар экспертизасини ва тегишли хулосалар тайёрлашни амалга оширади.



III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Марказга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун вазирликлар, идоралар, таълим муассасаларидан зарур маълумотлар ва материалларни олиш;

таълим муассасалари раҳбарлари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа қарорларнинг амал қилишини ўз ваколатлари доирасида тўхтатиб қўйиш;

таълим муассасаларида таълим ҳамда ўқувчилар ва талабаларни ўқитиш сифатини, таълимнинг барча турлари бўйича ўқув режалари ва дастурларининг мувофиқлигини белгиланган тартибда текшириш;

шартнома асосида илмий-методик ва ахборот консалтинг хизматлари кўрсатиш;

Марказга юкланган вазифаларни ҳал этиш учун олимлар, етакчи педагог-мутахассислар ва хорижий экспертларни жалб этиш, шунингдек ихтисослаштирилган, мақсадли ва вақтинчалик илмий-тадқиқот гуруҳлари ва ижодий гуруҳлар ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида вазирликлар ва идоралар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифати муаммолари бўйича халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар ва йиғилишлар ишида иштирок этиш, шунингдек давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳамкорлик масалалари бўйича музокараларда қатнашиш.


9. Марказ абитуриентларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган ўқув юртларига сифатли қабул қилиниши таъминланиши, мутахассисларни, таълимнинг барча турлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш сифати, республика таълим муассасаларида якуний тестлар ва рейтинг баҳоларининг холисоналиги назорат қилиниши учун жавоб беради.


10. Марказ ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажариш мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.

Марказ, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.

Марказ Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Марказ ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IV. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.

Директорнинг икки нафар ўринбосари, шу жумладан директор ўринбосари  Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси бошлиғи бўлади.

Директор мақомига кўра Вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Марказ директорининг ўринбосарлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган.

13. Марказ директори:

Марказ ходимлари ва унинг ҳудудий вакиллари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Марказ фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади;

Марказнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Марказ ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


14. Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси штатлари асосан илмий даражага, илмий-педагогик стажга ва камида 5 йил методик иш тажрибасига эга бўлган шахслар билан тўлдирилади.


15. Марказда 15 киши  Марказнинг директори, директор ўринбосарлари, бўлим раҳбарлари ва юқори малакали ходимларидан иборат таркибда Илмий-методик кенгаш (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ташкил этилади. Кенгашнинг шахсий таркиби директор буйруғи билан тасдиқланади.

Кенгаш мазкур Низомга мувофиқ Марказга юкланган вазифаларни илмий ва норматив-ҳуқуқий таъминлашнинг асосий масалаларини кўриб чиқади.

Кенгаш қарорлари директор буйруғи билан амалга оширилади.


16. Марказ аппарати тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


17. Мазкур Низомга ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


18. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 25-сон, 289-модда.









































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск