язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Педагог кадрлар. Ишга қабул қилиш. Аттестация/ Олий таълим муассасалари ректорларини давлат аттестациясидан ўтказиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.08.2000 й. 325-cон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Макамасининг

2000 йил 16 августдаги

325-cон қарорига

2-ИЛОВА



Олий таълим муассасалари ректорларини

давлат аттестациясидан ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олий таълим муассасалари ректорларининг давлат аттестацияси "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Меҳнат кодекси, амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Низом асосида ўтказилади.


2. Давлат  аттестацияси:

ректорларнинг касбий сифатларини ва ўзлари раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасасида таълимни ташкил этишда уларнинг ўрнини;

давлат таълим стандартлари, таълим даражаси ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатига бўлган талаблар бажарилишининг таъминланишини;

маънавий-маърифий ишлар ҳолатини;

таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларининг жорий этилиши, замонавий ўқув ва ўқув-услубий адабиётларнинг йўланишини;

фан ва ишлаб чиқаришнинг  таълим жараёни билан интеграциясини;

халқаро ҳамкорлик амалга оширилишини;

моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши ва бошқа ишларнинг йўлга қўйилишини холисона баҳолаш мақсадида ўтказилади.


3. Олий таълим муассасалари ректорларининг давлат аттестацияси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган Республика комиссияси томонидан амалга оширилади.


4. Давлат аттестацияси, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча турдаги олий таълим муассасалари ректорлари учун мажбурийдир.


5. Олий таълим муассасалари ректорларининг аттестацияси камида 5 йилда бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда ваколатли давлат органлари ташаббуси билан навбатдан ташқари давлат аттестацияси ўтказилиши мумкин.



II. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


6. Республика комиссиясининг иш муддати ва жадвали унинг раиси томонидан белгиланади.


7. Олий таълим муассасалари ректорлари давлат аттестацияси ўтказилишидан камида ўн кун олдин хабардор қилинади.


8. Аттестациядан ўтказиладиган ректор аттестацияга узрли сабаб билан келмаган тақдирда комиссия аттестацияни бошқа муддатга кўчириши мумкин. Аттестацияга узрсиз сабаб билан қатнашмаган ректор аттестациядан ўтмаган ҳисобланади.


9. Республика комиссиясининг мажлиси комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Аттестация тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш йўли ва мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


10. Давлат аттестацияси якуни тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш  баённома кўринишида амалга оширилади.

Баённомага аттестация стенограммаси ҳамда мажлисга алоқадор барча ҳужжатлар илова қилинади.


11. Ҳар бир ректорга шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади. Мазкур жилдга ректор тўғрисида батафсил маълумот, олий таълим муассасаси бўйича маълумотлар, аттестация ўтказилиши ва унинг якунлари бўйича барча зарур ҳужжатлар тикилади.


12. Олий таълим муассасалари ректорларининг Давлат аттестацияси якуни тўғрисидаги хулосани расмийлаштириш комиссия томонидан белгиланган шаклларга биноан амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


13. Республика комиссияси ўз фаолиятига вазирлик ва идоралар ходимларини ва мутахассисларини жалб этади, олий таълим муассасасидаги таълим-тарбия ва илмий-услубий ишларнинг ҳолатини атрофлича кўриб чиқади, социологик тадқиқотлар ва сўровлар ўтказади.


14. Давлат аттестацияси тўғрисидаги хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


15. Давлат аттестация комиссиясининг хулосасига кўра олий таълим муассасаси ректори:

- эгаллаб турган лавозимига лойиқ;

- эгаллаб турган лавозимига нолойиқ;

- аттестациядан шартли ўтган деб эътироф этилади.


16. Аттестациядан шартли ўтган ректор 6 ойдан сўнг қайта аттестациядан ўтказилади.

Аттестациядан ўтувчи эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб эътироф этилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимидан озод қилинади.


17. Лавозимга янги  тайинланган олий таълим муассасаси ректорининг аттестацияси унинг меҳнат фаолияти бошланганидан  камида бир йилдан сўнг ўтказилади.


18. Олий таълим муассасаларининг ректорлари давлат аттестацияси якунлари бўйича низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.