язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Педагог ходимлар меҳнати учун ҳақ тўлаш/ Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2008 й. 164-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 1 августдаги

164-сон қарорига

4-ИЛОВА


Олий таълим муассасалари ходимлари

меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 24 июлдаги ПҚ-926-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Давлат бюджетидан ёки аралаш тарзда маблағ билан таъминланадиган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартларини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши бюджет ташкилотлари учун қўлланадиган Ягона тариф сеткаси асосида амалга ошириладиган олий таълим муассасаларининг ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга татбиқ этилмайди.


3. Олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи базавий лавозим маошини, шунингдек қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда назарда тутилган устамалар ва қўшимча тўловларни ўз ичига олади.



II. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ЛАВОЗИМ МАОШЛАРИ


4. Олий таълим муассасалари ходимларининг лавозим маошлари:

олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимларининг ҳар бир лавозими учун белгиланадиган базавий лавозим маошлари;

ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.


5. Профессор-ўқитувчилар таркибининг базавий лавозим маошлари:

штатдаги лавозимга;

илмий даража, илмий унвон мавжудлигига қараб табақалаштирилади.


6. Олий таълим муассасалари раҳбарларининг базавий лавозим маошлари олий таълим муассасаси мансуб бўлган гуруҳдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Биринчи гуруҳга талабалар контингенти 2000 нафардан ортиқ бўлган олий таълим муассасаси киради.

Иккинчи гуруҳга талабалар контингенти 2000 нафардан кам бўлган олий таълим муассасаси киради.


7. Раҳбарлар таркибига олий таълим муассасасининг ректори, проректори, декани, декан ўринбосари, олий таълим муассасаси филиалининг директори, директор ўринбосари лавозимларидаги шахслар киради.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларида Ўқув-методик бўлим (бошқарма) бошлиғи ва бошлиқнинг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган шахслар ҳам раҳбарлар таркибига киради.

8. Профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи, тажриба орттирувчи ўқитувчи лавозимидагилар киритилади.

Олий таълим муассасасининг кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи, тажриба орттирувчи ўқитувчи лавозимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ эгалланади.


9. Базавий лавозим маошлари схемаларида иккита маош назарда тутилган лавозимлар бўйича профессор-ўқитувчилар таркиби штат жадвалларини тасдиқлашда ушбу лавозимлар бўйича лавозим маошлари олий таълим муассасаси ректори томонидан ходимлар сони ва тегишли вазирлик (идора) томонидан ушбу олий таълим муассасаси учун мазкур ходимлар тоифаси бўйича ҳисобланган иш ҳақи фонди доирасида белгиланади. Бунда ўталган илмий мактаб, иш стажи, ўқув-тарбия жараёнига қўшилган фаол ҳисса ва олий таълим муассасаси раҳбари томонидан белгиланадиган бошқа кўрсаткичлар ҳисобга олинади.


10. Олий таълим муассасалари ходимларининг базавий лавозим маошларини ўзгартириш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига мувофиқ бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ошганда;

ходим олий таълим муассасасида бошқа лавозимга ўтганда амалга оширилади.

Базавий лавозим маошини ўзгартириш олий таълим муассасаси бўйича буйруқ билан расмийлаштирилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги фармонлари муносабати билан базавий лавозим маошлари ўзгарган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг педагог ва раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорларини ўзгартириш тўғрисидаги қўшма буйруғи чиқарилади.


12. Ходим олий таълимнинг битта муассасасида бошқа лавозимга ўтган тақдирда ва шу муносабат билан базавий лавозим маоши ўзгарганда меҳнат шартномаси ўзгариши тартибини белгилайдиган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси қоидалари қўлланилади (VI боб, 3-§).



III. УСТАМАЛАР ВА ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР


13. Юқори касб маҳоратига эга бўлган ва ўқув-тарбия жараёни сифатини оширишга ҳамда илмий тадқиқотларга аниқ ҳисса қўшаётган профессор-ўқитувчилар таркиби вакиллари меҳнатини моддий тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида улар учун бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан белгиланган тартибда тўланадиган ҳар ойлик устамалар белгиланади.


14. Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари билан белгиланган ва тариф бўйича лавозим маошига нисбатан фоизларда ҳисобланадиган қўшимча тўлов ва устамаларнинг бошқа турлари миқдори ушбу Низом кучга кирган вақтдан бошлаб базавий лавозим маошига нисбатан фоизларда ҳисобланади.



IV. МЕҲНАТГА СОАТБАЙ ҲАҚ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


15. Педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш:

штатдаги ўқитувчилар томонидан ушбу тоифадаги ходимларга соатбай ҳақ тўлаш шартлари тўғрисида амалдаги низомларга мувофиқ бажарилган ўқув ишлари учун;

белгиланган нормативларга мувофиқ меҳнатга соатбай ҳақ тўлаган ҳолда ўқув ишларини бажаришга жалб этиладиган ректорлар, проректорлар ва бошқа раҳбар ходимларга;

бошқа ташкилотлардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларнинг ўқув ишлари учун ҳақ тўлашда қўлланилади.


16. Олий таълим муассасаларининг педагог ходимлари меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ставкалари миқдори белгиланган тартибда аниқланади.



V. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

МЕҲНАТНИ НОРМАЛАШТИРИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатини нормалаштириш ҳар йили ўқув йили учун тузиладиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган шахсий иш режаларига асосланган.

Профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режаси ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий тусдаги асосий тадбирлар рўйхатини ўз ичига олади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларида йиллик шахсий иш режаси фақат ўқув тусдаги тадбирларни, уларнинг соатлар миқдорини кўрсатган ҳолда, ўз ичига олади. Ушбу соатларнинг энг кам миқдори олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан белгиланади.

Профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий ишлари бўйича меҳнат фаолияти соатлар миқдорисиз иш турлари ва мазмуни асосида лавозимларга қўйилган малака талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий ишлар ҳажми мазкур иш турларини бажариш зарурлигини инобатга олган ҳолда эгаллаб турган лавозим билан боғлиқ ҳолда факультет декани (кафедра мудири)нинг таклифлари асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади.

Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий ишларини белгилаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Мазкур банднинг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошлари талаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 31-32-сон, 302-модда.