язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Педагог ходимлар меҳнати учун ҳақ тўлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2008 й. ПҚ-926-сон "Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2008 й.

N ПҚ-926


РЕСПУБЛИКА ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ВА УНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШНИ

КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Олий таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш ва таълим-тарбия ишлари даражаси ҳамда сифатини оширишда уларни моддий рағбатлантиришнинг самарали механизмини жорий этиш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ҳамда соҳаларида эҳтиёж сезилаётган юқори малакали, рақобатдош кадрлар тайёрлашда профессор-ўқитувчилар таркиби қўшаётган ҳиссаси муносиб баҳоланишини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2008 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошларига амалдаги доимий устама ва қўшимча тўловларни қўшган ҳолда такомиллаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари ходимларининг базавий лавозим маошлари миқдорини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 июлдаги ПФ-4014-сонли Фармонига мувофиқ бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ўрта ҳисобда 1,2 баробар оширилиши билан бир қаторда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимларига жорий этилаётган базавий лавозим маошларини ўртача 25 фоиз миқдорида, жами эса 1,5 баробарга оширишни назарда тутсин.


3. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимларининг лавозим маошларига алоҳида иш шароитлари, хорижий тилларни билиши, муайян хизмат муддатини адо этганлиги учун қўшимча ҳақ тўлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа қўшимча ҳақ тўлашнинг амалдаги турлари ва миқдорлари сақлаб қолинсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар мазкур қарорда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошларини;

Олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 29-30-сон, 281-модда.