Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Таянч касб-ҳунар коллежи ва унинг филиаллари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.08.2010 й. 180-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 19 августдаги

180-сон қарорига

ИЛОВА


Таянч касб-ҳунар коллежи ва унинг

филиаллари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом таянч касб-ҳунар коллежи (кейинги ўринларда таянч коллеж деб аталади) ва унинг филиаллари мақомини, фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш хусусиятларини белгилайди.


2. Таянч коллеж, қоидага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида, вилоятлар маъмурий марказларида ва республиканинг йирик шаҳарларида замонавий ўқув-методик ва моддий-техника базага, юқори малакали ўқитувчилар ва ишлаб чиқаришга ўқитиш усталарига, шунингдек иқтисодиётнинг реал секторида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашнинг ижобий тажрибасига эга бўлган намунали ва етакчи касб-ҳунар коллежлари негизида ташкил этилади.


3. Таянч коллежнинг филиаллари, қоидага кўра, таянч коллеж билан мутахассислар тайёрлашнинг бир хил ихтисослик йўналишига эга бўлган, маъмурий марказлар ва йирик шаҳарлардан узоқда жойлашган касб-ҳунар коллежлари орасидан танлаб олинади.


4. Таянч коллеж ўз фаолиятини ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига мувофиқ амалга оширади.



II. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Таянч коллежнинг филиалларида ихтисосли мутахассисликлар бўйича ўқув-амалий машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишнинг талаб қилинадиган даражасини таъминлаш, ўқитишнинг илғор усуллари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, иш тажрибасини алмашиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш ва улар меҳнатидан самарали фойдаланишда юқори натижаларга эришиш таянч коллежни ташкил этишнинг мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар таянч касб-ҳунар коллежининг асосий вазифалари ҳисобланади (асосий фаолиятга қўшимча тарзда):

ўқув жараёни сифатини оширишга йўналтирилган ўқув-методик раҳбарлик қилиш ва филиаллар фаолиятини мувофиқлаштириш, замонавий таълим ва ахборот технологияларини, масофадан туриб ўқитиш тизимларини ва реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида талаб қилинган малакали мутахассисларни тайёрлашнинг бошқа илғор усулларини жорий этиш;

давлат таълим стандартлари талабларига қатъий мувофиқ равишда ўқув дастурлари ва методик қўлланмаларни, ўқитишнинг интерактив усулларини ишлаб чиқиш ва қўллашда филиалларга методик ва амалий ёрдам бериш;

филиалларда ўқув-педагогика ва тарбиявий ишларни олиб боришни ташкил этиш ва амалга оширишга таянч коллежларнинг етакчи ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарини кенг жалб этиш, мутахассислар тайёрлашда юқори натижаларга эришиш учун иш тажрибасини алмашишни ташкил этиш;

таянч коллежларнинг моддий-техника ва ўқув-методик базасида филиалларнинг ўқувчилари учун ихтисосли мутахассисликлар бўйича маҳорат дарслари ва амалий машғулотлар ўтказилишини таъминлаш.



III. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖ ВА УНИНГ

ФИЛИАЛЛАРИНИ ТАНЛАШ ТАРТИБИ


7. Касб-ҳунар коллежларига таянч коллежлар мақомини бериш учун таянч коллежлар ўртасида танлов ўтказишда қуйидагилар асосий мезонлар ҳисобланади:

зарур моддий-техника базаси мавжудлиги (асбоб-ускуналар, ўқув лабораториялари, устахоналар билан жиҳозланганлик, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланганлик);

юқори малакали педагог ходимлар мавжудлиги;

маъмурий марказдан (ёки йирик шаҳардан) туман марказига, тумандан - аҳоли пунктига энг мақбул жойлашганлик;

ётоқхоналар мавжудлиги.


8. Касб-ҳунар коллежлари филиаллари мақомини бериш учун таянч коллежлар ўртасида танлов ўтказишда қуйидагилар асосий мезонлар ҳисобланади:

мутахассислар тайёрлашнинг таянч коллеждагига ўхшаш ихтисосли йўналиши;

маъмурий марказлардан йироқда жойлашганлик;

педагог кадрларнинг касб даражаси ва иш тажрибасини оширишга эҳтиёж мавжудлиги;

ихтисосли йўналиш мутахассислари тайёрлаш бўйича ўқув ва ўқув-методик ишларни кучайтириш ва сифатини ошириш зарурлиги.

Касб-ҳунар коллежларига таянч коллежларнинг филиали мақоми берилганда уларда юридик шахс мақоми сақланиб қолади.


9. Таянч коллежлар ва уларнинг филиаллари мақомини бериш ва уни тўхтатиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, шунингдек тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишли мутахассисликлар йўналишлари бўйича таянч коллежлар ва уларнинг филиалларига ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари малакасини ошириш масалаларида методологик ёрдам берадиган минтақавий олий таълим муассасаларини белгилайди.


11. Таянч коллежлар ва уларнинг филиаллари директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.



IV. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Таянч коллеж (асосий ҳуқуқларга қўшимча равишда) қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

а) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бўлинмаси билан келишган ҳолда филиаллар ўқув-норматив ҳужжатлар, зарур моддий-техника база, малакали ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари, шунингдек ихтисосли мутахассисликлар бўйича ўқув-методик адабиётлар билан таъминланганлигини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

б) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бўлинмасига:

филиалларда янги мутахассисликлар очиш ва талаб бўлмаган йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашни тўхтатиш;

биргаликдаги фаолиятнинг аниқ натижаларидан келиб чиқиб филиаллар ходимларини рағбатлантириш ёки жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.


13. Таянч коллеж (асосий мажбуриятларга қўшимча равишда) қуйидагиларга мажбурдир:

биргаликдаги фаолият юзасидан филиалларда таянч коллеж қарорлари бажарилишини назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш;

кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш ва улар мониторингини олиб боришда ҳамда ихтисосли мутахассисликлар бўйича филиаллар битирувчиларини ишга жойлаштиришда ёрдам бериш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган молиялаштиришнинг турли манбалари ҳисобига филиалларда бюджетдан ташқари маблағлар шакллантирилишига кўмаклашиш;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланган муддатларда филиаллар бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бўлинмасига ҳисобот тақдим этиш.


14. Таянч коллеж директори бириктирилган касб-ҳунар коллежлари - филиалларда ўқув-методик ишларнинг самарадорлиги учун жавоб беради.



V. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖ ФИЛИАЛЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Таянч коллеж филиали (асосий ҳуқуқларга қўшимча равишда) қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

филиаллар ўқув-норматив ҳужжатлар, зарур моддий-техника база, малакали ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари, шунингдек ихтисосли мутахассисликлар бўйича ўқув-методик адабиётлар билан таъминланганлигини ўрганиш учун ишчи гуруҳлар таркибида қатнашиш;

ўқув-амалий машғулотлар ўтказишни такомиллаштириш ва таълим жараёнини методик таъминлаш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи билан таянч коллежнинг илмий-педагогика кенгаши ишида қатнашиш;

таянч коллеж билан биргаликда таянч коллежнинг моддий-техник ресурсларидан фойдаланган ҳолда ўқув-амалий машғулотларни олиб бориш жадвалини ишлаб чиқиш;

таянч коллеж билан биргаликда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган молиялаштиришнинг турли манбалари ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш.


16. Таянч коллеж филиали (асосий мажбуриятларга қўшимча равишда) қуйидагиларга мажбурдир:

биргаликдаги фаолиятни ташкил этиш юзасидан таянч коллежга ҳар томонлама ёрдам бериш ва шарт-шароитлар яратиш;

филиаллар ўқувчилари учун ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва ўтказишда таянч коллежга ёрдам бериш, ўқувчиларнинг қатнашишини таъминлаш;

биргаликдаги фаолият юзасидан таянч коллеж қарорларини бажариш;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланган муддатларда филиаллар бўйича бажарилган ишлар тўғрисида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бўлинмасига ҳисобот тақдим этиш.


17. Таянч коллеж филиали директори таълим жараёни сифатли таъминланиши учун жавоб беради.



VI. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖЛАР ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ВА ФИЛИАЛЛАРДА ИШЛАГАНЛИК

УЧУН УЛАРГА УСТАМАЛАР БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


18. Таянч коллежларнинг раҳбарлари таркиби, ўқитувчилари ва бошқа ходимларига касб-ҳунар коллежларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари жорий этилади.


19. Таянч коллежлар ўқитувчилари томонидан филиалларда машғулотлар ўтказилиши ўриндошлик ёки меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида белгиланган тартибда бир йилда 360 соатдан ортиқ бўлмаган ҳажмда амалга оширилади.


20. Таянч коллежлар ўқитувчиларига иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларига иш ҳақи тарифлаштириш ва уни ҳисоблаб чиқишнинг амалдаги тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Ўриндошлик тартибида ўқув-педагогика юкламаси олиб бориш учун таянч коллежлардан жалб этиладиган ўқитувчиларнинг иш ҳақи улар ўриндошлик бўйича ишни бажарадиган филиалнинг педагог ходимлари учун назарда тутилган шартлар бўйича, базавий тариф ставкага филиалнинг харажатлар сметасида назарда тутилган ўқитувчиларнинг иш ҳақи фонди доирасида 20 фоиз миқдорида устама қўшилган ҳолда тўланади.

Таянч коллежлар ўқитувчилари филиалларда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув машғулотлари олиб борганда меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг амалдаги миқдори 20 фоизга кўпаяди ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш филиалнинг харажатлар сметасида назарда тутилган ўқитувчиларнинг иш ҳақи фонди доирасида амалга оширилади.


21. Филиалларда ўриндошлик бўйича ёки соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув-педагогик юкламани бажарадиган таянч коллежлар ўқитувчиларига устама тўлашга маблағлар белгиланган тартибда филиалнинг харажатлари сметаларида назарда тутилади.


22. Таянч коллежларнинг директорларига, директорларнинг ўқув, маънавий-маърифий ишлар ва ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосарларига ва ишлаб чиқариш таълими усталарига базавий тариф ставкаларга 20 фоиз миқдоридаги ҳар ойлик устамалар филиаллар билан ишлаш бўйича қўшимча функциялар бажарилганлиги учун белгиланади.

23. Таянч коллежларнинг директорларига, директорнинг ўқув, маънавий-маърифий ишлар ва ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосарларига ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ҳар ойлик устамаларни ҳисоблаш белгиланган тартибда ушбу таянч коллежнинг штат жадвалида рўйхатдан ўтказилган тегишли лавозимлар учун назарда тутилган базавий тариф ставкаларига 20 фоиз миқдорида амалга оширилади.

Таянч коллежларнинг директорларига, директорларнинг ўқув, маънавий-маърифий ишлар ва ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосарларига ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ҳар ойлик устамалар тўлашга маблағлар ушбу таянч коллежларнинг харажатлари сметаларида назарда тутилади.

24. Таянч коллежларнинг филиалларида ўқув-педагогика юкламасини бажарадиган таянч коллежларнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш усталари сони ходимлар умумий сонининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.


25. Таянч коллежлар филиалларида ишлаганлик учун ҳар ойлик устамаларни тўлашга харажатларни молиялаштириш иш ҳақи тўлаш учун маблағларни молиялаштириш билан бир вақтда белгиланган тартибда молия органлари томонидан амалга оширилади.


26. Таянч коллежларнинг ходимларига иш ҳақи ва ҳар ойлик устамаларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг тўғрилиги устидан назорат ушбу таянч касб-ҳунар коллежлари раҳбарларига ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тегишли ҳудудий бўлинмаларига юкланади.


27. Тайинланган ҳар ойлик устамалар суммаси тегишли касб-ҳунар коллежининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ва уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ягона ижтимоий тўлов ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг таянч коллежларнинг филиалларида ишлаганлик учун ҳар ойлик устамалар шаклида олинган даромадларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинади.



VII. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖЛАР ВА УЛАРНИНГ

ФИЛИАЛЛАРИДА ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ЎҚУВ

МАШҒУЛОТЛАРИДА ҚАТНАШИШИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


28. Гуруҳларда ўқувчиларнинг тўлиқлиги ва ўқувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашиши мониторингини амалга ошириш мақсадида ҳар бир таянч коллежи ва унинг филиалларида Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашишини назорат қилиш дафтари (кейинги ўринларда "Назорат дафтари" деб аталади) юритилади.


29. Назорат дафтари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади.

Назорат дафтарининг варақлари ип ўтказиб тикилган, тартиб рақами қўйилган ва сурғич ёки мастика муҳр билан муҳрланган бўлиши керак, ҳар бир вараққа таянч коллеж ёки унинг филиали жойлашган жойдаги молия органи штампи қўйилади.


30. Назорат дафтари ҳар куни директор ёки директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари томонидан бевосита ўқув машғулотларига ташриф буюриш, ўқув куни мобайнида ҳар бир ўқув гуруҳи камида бир марта қамраб олинган ҳолда юритилади (тўлдирилади).


31. Назорат дафтарида ўқув гуруҳи рақами, текшириш ўтказилган сана ва вақт, фаннинг номи, ўқитувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, ўқув журнали бўйича тегишли гуруҳ ўқувчилари сони ва уларнинг амалдаги сони, дарсда қатнашмаган ўқувчилар сони кўрсатилади. Текшириш натижалари ўқитувчи ва директор (директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари)нинг имзолари билан тасдиқланади.


32. Назорат дафтарига қасддан ёлғон маълумотлар киритилганлиги учун таянч коллежлар ва уларнинг филиаллари раҳбарлари ва ўқитувчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



VIII. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖЛАР ВА УЛАРНИНГ

ФИЛИАЛЛАРИДА ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ЎҚУВ

МАШҒУЛОТЛАРИДА ҚАТНАШИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


33. Таянч коллежлар ва уларнинг филиалларида ўқув гуруҳларининг ўқувчилар билан тўлиқлигини ва ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига ҳақиқатдан қатнашишини текшириш тўсатдан текширишлар ўтказиш йўли билан таянч коллеж ёки унинг филиали жойлашган жойдаги молиявий органлар томонидан амалга оширилади.


34. Гуруҳларда ўқувчиларнинг тўлиқлиги ва ўқувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашишини тўсатдан текширишлар (кейинги ўринларда "тўсатдан текширишлар" деб аталади) туман, вилоят ва республика даражаларида ўтказилади.


35. Тўсатдан текширишлар ҳар бир даражада тегишли молия органи, Ғазначилик, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ходимларидан иборат махсус ташкил этиладиган гуруҳлар томонидан ўтказилади.


36. Махсус гуруҳлар таркиби тегишлича Ўзбекистон Республикаси Молия вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазири, вилоят ва Тошкент шаҳар молия бошқармаси бошлиғининг буйруқлари билан тасдиқланади.

Туман махсус гуруҳига тегишли туманнинг молия бўлими мудири, вилоят махсус гуруҳига - Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси тегишли минтақа ҳудудий бошқармасининг масъул ходими, республика махсус гуруҳига - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бошчилик қилади.

Республика махсус гуруҳи таркибига ҳудудий молиявий бошқарма ва Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси раҳбарлари ва ходимлари ҳам киритилади.


37. Туман махсус гуруҳи аъзолари сони тегишли туманда ҳар бир таянч коллеж ва унинг филиалини бир ойда камида икки марта тўсатдан текшириш ҳисобидан белгиланади.

Вилоят махсус гуруҳлари ҳар бир таянч коллеж ва унинг филиали йил чорагида камида икки марта тўсатдан текширилишини таъминлаши керак.

Республика махсус гуруҳи минтақалардан тушадиган ахборотни таҳлил қилишдан келиб чиқиб тўсатдан танлаб текширишлар ўтказади.


38. Тўсатдан текшириш бир ўқув куни мобайнида ҳар бир таянч коллежи ёки унинг филиалида камида 10 та гуруҳни қамраб олган ҳолда ўқув гуруҳидаги ўқувчиларни бевосита санаш ва Назорат дафтарида акс эттирилган маълумотлар билан таққослаш йўли билан ўтказилади.

Бунда биринчи навбатда Назорат дафтарига мувофиқ ушбу кунда таянч коллеж ёки унинг филиали раҳбарияти томонидан ўқувчиларнинг машғулотларда қатнашиши текширилган ўқув гуруҳлари текширилади.


39. Бир таянч коллеж ёки унинг филиали махсус гуруҳнинг айни бир аъзоси томонидан фақат ушбу муассаса махсус гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан икки марта текширилгандан кейин тўсатдан текширилиши мумкин.


40. Тўсатдан текширишлар якунлари бўйича далолатнома тузилади, уни махсус гуруҳ вакили ва таянч коллеж ёки унинг филиали директори имзолайди.

Далолатномада тўсатдан текшириш ўтказилган сана ва вақт, ўқув гуруҳи рақами, фаннинг номи, ўқитувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, рўйхат бўйича ўқувчилар сони ва ўқувчиларнинг амалдаги сони, машғулотда қатнашмаётган ўқувчилар сони акс эттирилади ҳамда Назорат дафтари маълумотлари билан ўқувчиларни ҳақиқатдан санаб чиқиш маълумотлари ўртасида фарқ аниқланишининг барча ҳолатлари қайд қилинади.


41. Агар учта тўсатдан текшириш ўтказиш якунлари бўйича таянч коллеж ёки унинг филиали ўқувчиларининг 25 фоизидан ортиғи қатнашмаётганлиги ҳолатлари аниқланса, у ҳолда, махсус гуруҳнинг тўлиқ таркиби жалб этилган ҳолда уч кун мобайнида таянч коллеж ёки унинг филиали ўқувчилари ҳар бир ўқув машғулотида ҳар куни фамилиялар бўйича санаб чиқилади.


42. Уч кунлик мониторинг натижалари бўйича материаллар ўқувчиларни ўқув машғулотларига жалб этиш, таянч коллеж ёки унинг филиалларида бир турдаги мутахассисликларнинг кам сонли гуруҳларини бирлаштириш йўли билан ўқув гуруҳларида ўқувчиларнинг тўлиқлигини таъминлаш чора-тадбирларини ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чора-тадбирларни кўриш учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тегишли ҳудудий бошқармаларига берилади.


43. Туман махсус гуруҳлари ҳар ойда кейинги ойнинг 7-кунигача текширилган ҳар бир таянч коллеж ёки унинг филиали бўйича ўтказилган тўсатдан текширишлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, Назорат дафтари маълумотлари билан ўқувчиларнинг амалда санаб чиқилиши маълумотлари ўртасидаги тавофутнинг аниқланган ҳолатларини, шунингдек ўқувчиларнинг паст давомати бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида вилоят молия органларига маълумот беради.


44. Вилоят махсус гуруҳлари ҳар ойда навбатдаги ойнинг 20-кунигача ўтказилган тўсатдан текширишлар тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни тегишли таҳлилий материаллар ва жадваллар билан биргаликда Молия вазирлигига тақдим этади.


45. Ўқув гуруҳлари ўқувчилар билан тўлишининг пастлиги аниқланган тақдирда таянч коллеж ёки унинг филиали директори томонидан таълим муассасасида бу турдаги мутахассисликларнинг кам сонли ўқув гуруҳларини бирлаштириш чора-тадбирлари кўрилади, ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси эса камайтириш томонига қайта кўриб чиқилади.

Бунда, таянч коллеж ёки унинг филиали харажатлари сметаси бўйича режали маблағ ажратиш кам сонли ўқув гуруҳлари бирлаштирилиши ва ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси қисқартирилиши муносабати билан белгиланган тартибда кутилаётган маблағни тежаш суммасига камайтирилади.


46. Қўпол интизомий ва молиявий бузишлар аниқланганда материалларнинг нусхаси қонун ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирлар кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам берилади.



IX. ТАЯНЧ КОЛЛЕЖЛАР ВА УЛАРНИНГ

ФИЛИАЛЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ ИШГА

КЕЛИШИ ВА ИШДАН КЕТИШИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ


47. Ходимларнинг ишга келиши ва ишдан кетишини ҳисобга олиш мақсадида ҳар бир таянч коллеж ва унинг филиалида раҳбарият томонидан:

1) Ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ишга келиши ва ишдан кетишини ҳисобга олиш дафтари (кейинги ўринларда "Ўқитувчиларни ҳисобга олиш дафтари" деб аталади);

2) Штатдаги бошқа ходимларнинг ишга келиш ва ишдан кетишини ҳисобга олиш дафтари (кейинги ўринларда "Бошқа ходимларни ҳисобга олиш дафтари" деб аталади) тутилади.

Ҳисобга олиш дафтарлари ҳар куни юритилади (тўлдирилади).


48. Ҳисобга олиш дафтарлари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланди.

Ҳисобга олиш дафтарлари варақлари ип ўтказиб тикилган, тартиб рақами қўйилган ва сурғич ёки мастика муҳр билан муҳрланган бўлиши керак, ҳар бир вараққа таянч коллеж ёки унинг филиали жойлашган жой бўйича молия органи штампи қўйилади.


49. Ўқитувчиларни ҳисобга олиш дафтари таянч коллеж ёки унинг филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан, бошқа ходимларни ҳисобга олиш дафтари эса - директорнинг маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосари томонидан юритилади.

Ҳисобга олиш дафтарларининг юритилиши ва сақланиши ҳамда унга киритиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун таянч коллеж ёки унинг филиали директорининг ўқув ва маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари жавоб берадилар.


50. Ҳисобга олиш дафтарларида ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими (педагоглар учун - таълим фани), ишга келиш ва ишдан кетиш санаси ва вақти кўрсатилади. Ҳисобга олиш дафтарларида кўрсатилган маълумотлар ҳар бир ходим ҳамда таянч коллеж ёки унинг филиали директорининг ўқув ва маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари имзолари билан тасдиқланади.


51. Ҳисобга олиш дафтарлари бир иш куни мобайнида икки марта тўлдирилади (қайд этилади).

Таянч коллежлар ва уларнинг филиаллари ходимлари (кейинги ўринларда "ходимлар" деб аталади) ҳар куни, ишга келган заҳоти Ҳисобга олиш дафтарига ишга келиш вақти тўғрисидаги ёзувни киритган ҳолда директорнинг тегишли ўринбосарлари томонидан қайд этилади ва бу имзо билан тасдиқланади.

Шунга ўхшаш тартибда ходимлар томонидан ҳар куни ишдан кетиш олдидан Ҳисобга олиш дафтарига ишдан кетиш вақти тўғрисидаги ёзув киритилади.

Иш куни якунлари бўйича Ҳисобга олиш дафтарларини таянч коллеж ёки унинг филиали директори тасдиқлайди.


52. Ходим узрли сабаб билан ишда ҳозир бўлмаган тақдирда имзолар устунига тегишли белги қўйилади (малака ошириш - м/о, хизмат сафари - х/с, касаллик варақаси - к/в, ўз ҳисобидан таътил - ўз/т ва ҳоказо).


53. Ҳудудий молиявий бўлимлар раҳбарлари Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ҳудудий бошқармаларининг туманларга бириктирилган тафтишчи бухгалтерлари билан биргаликда бир ойда камида икки марта ҳисобга олиш дафтарларининг тўғри ва ўз вақтида юритилишини текширадилар.

Текшириш якунлари бўйича материаллар белгиланган тартибда зарур чора-тадбирлар кўриш учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тегишли ҳудудий бошқармаларига юборилади.


54. Назорат-тафтиш бошқармалари томонидан таянч коллежлар ва уларнинг филиаллари режа тартибида тафтиш қилинганда молия-хўжалик фаолияти текширилиши билан биргаликда Ҳисобга олиш дафтарлари тўғри юритилиши ва ҳудудий молия бошқармаларига тақдим этиладиган ҳисоботлар тузилиши текширилади, бу ҳам тафтишлар далолатномаларида акс эттирилади.



X. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


55. Таянч коллежлар ва уларнинг филиалларининг биргаликдаги фаолияти жараёнида юзага келадиган низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 33-сон, 278-модда.



























































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск