ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.03.2008 й. 48-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 18 мартдаги

48-сон қарорига

1-ИЛОВА



Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида" 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сон Фармонига мувофиқ фаолият кўрсатиб турган вилоят касалхоналари ва айрим ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари базасида ташкил этилади ҳамда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган стационар, амбулатория консультатив-диагностика тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади.


2. Марказ давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, мустақил юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек ўзининг фаолияти учун зарур бўлган бошқа атрибутларга эга бўлади.

Марказ тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун клиник, ўқув базаси ҳисобланади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Марказ фаолиятнинг барча соҳаларидаги ўз муносабатларини Марказнинг мақсади ва фаолиятига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шарномалар асосида амалга оширади.


5. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт марказига ҳам татбиқ этилади.



II. МАРКАЗНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар марказни ташкил этиш ва унинг фаолияти мақсади ҳисобланади:

аҳолининг касалликларнинг асосий йўналишлари (режали хирургия, терапия, кардиология, оториноларингология ва бошқалар) бўйича ихтисослаштирилган, юқори технологияли диагностика, даволаш ва профилактика тиббий ёрдами кўрсатишга бўлган эҳтиёжини қондириш;

вилоят тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатишнинг замонавий методлари ва технологиялари жорий этилишини методик таъминлаш.


7. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

беморларни текшириш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ёрдам кўрсатиш;

беморларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган клиник стандартларга мувофиқ юқори малакали ихтисослаштирилган стационар ёрдам кўрсатиш;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари мутахассисларига консультатив ва ташкилий-методик ёрдам кўрсатиш;

маъмурий ҳудуд даволаш-профилактика муассасалари амалиётига замонавий тиббий технологияларни ва бошқаришнинг иқтисодий методларини жорий этиш;

тиббиёт ходимларини ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда қатнашиш;

тиббиёт муассасаларида даволаш-профилактика жараёни сифатини экспертизадан ўтказиш;

аҳолининг умумий касалланиши ва ўлимини меҳнатга қобилиятини йўқотган ҳолда касалланишини, ногиронлигини ўрганиш;

тиббий ёрдамни ривожлантириш мақсадли дастурларини шартнома асосида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Белгиланган мақсадларга эришиш ва юкланган вазифаларни бажариш учун Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг балансига берилган давлат мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, кредитларни, қарз маблағларни, грантларни ва бошқа молиявий ёрдамни жалб қилиш;

бюджет маблағлари ва пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар доирасида Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини мустақил равишда белгилаш;

илмий тадқиқотлар ўтказишга Давлат бюджетидан грантлар олиш учун танловларда қатнашиш;

хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида яратилган интеллектуал мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ хорижий юридик шахслар билан илмий ва илмий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига, Марказ фаолияти мақсадларига ва фаолияти предметига зид бўлмаган фаолиятнинг бошқа турларини амалга ошириш.


9. Марказ кўрсатиладиган пулли тиббий хизматларнинг, амалга ошириладиган ишларнинг барча турларига тарифлар ва нархларни мустақил равишда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли молия органлари билан келишган ҳолда белгилашга ҳақли.


10. Марказ:

аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиши:

текин асосда - давлат томонидан қўллаб-қувватлашга муҳтож, имтиёзга эга бўлган шахсларга (ушбу Низомга илова), шунингдек амбулатория ёрдами кўрсатиши;

пулли асосда (қонунда белгиланган ҳолларда - текин асосда) - Ўзбекистон Республикаси фуқароларига (мазкур банднинг учинчи хат бошида кўрсатилган шахслардан ташқари), шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиши;

диагностика ва даволашнинг тасдиқланган стандартларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаши;

мунтазам равишда Марказ ходимларини ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаши ва уларнинг малакасини ошириши;

илғор тиббиёт муассасаларининг иш тажрибасини ўрганиши, умумлаштириши ва оммалаштириши;

Марказ ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш, техника хавфсизлиги, ижтимоий таъминот ва муайян ижтимоий муҳофаза шартларини кафолатлаши;

Марказнинг моддий-техника базасини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари билан мустаҳкамлаши ва ривожлантириши;

мол-мулкдан белгиланган мақсадларда фойдаланиши, уларнинг сақланишини таъминлаши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ва статистика ҳисобини, ҳисоботни юритиши шарт.



IV. МАРКАЗ ТУЗИЛМАСИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


11. Марказнинг тузилмаси илова қилинади*.


12. Марказга раҳбарликни тегишли маъмурий ҳудуд ҳокимининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош врач амалга оширади.


13. Бош врач ўринбосарларга эга бўлади. Марказ бош врачининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири билан келишган ҳолда Марказ бош врачи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


14. Марказ бош врачи белгиланган тартибда Марказ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, ишларни ташкиллаштиради, Марказ номидан ишончномасиз иш кўради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди, Марказ мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисоб рақамлари очади, молиявий маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқидан фойдаланади, штатларни тасдиқлайди, буйруқлар чиқаради ва Марказ фаолиятининг натижалари учун шахсан жавоб беради.


15. Марказ бош врачи бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органи билан келишган ҳолда унинг ўринбосарларидан бири бажаради.



V. МАРКАЗНИНГ МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


16. Марказнинг молиявий-хўжалик фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Марказ фаолиятининг мақсадларига мувофиқ ўз мол-мулкига эгалик қилади, улардан фойдаланади ва уларни тасарруф этади, бунда бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.


18. Марказнинг мол-мулки асосий воситалар, шунингдек бошқа моддий бойликлар ва молиявий ресурслардан иборат бўлади.


19. Марказ вақтинча фойдаланилмаётган биноларни шартнома асосида, тушган маблағлардан Марказни ривожлантириш учун фойдаланган ҳолда ижарага бериш, шунингдек асбоб-ускуналарни ва мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.


20. Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Марказни молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


21. Марказни молиялаштириш аралаш тарзда - Давлат бюджети маблағлари (тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда) Марказнинг ўз даромадлари ва жалб қилинадиган манбалар (грантлар, ҳомийлик маблағлари ва бошқалар) ҳисобига амалга оширилади.

Бунда бюджет маблағлари Марказга белгиланган тартибда ажратилади, аҳолининг имтиёзга эга бўлган тоифаларига тиббий ёрдам кўрсатиш, марказларни асбоб-ускуналар ва техника билан жиҳозлаш, шунингдек бюджет маблағлари ҳисобига мукаммал таъмирлаш харажатларига ҳақ тўлаш эса Ғазначиликнинг ҳудудий бўлинмалари орқали амалга оширилади.



VI. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


22. Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритади, уларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Давлат статистика қўмитасига тақдим этади, ҳужжатларнинг сақланиши ва келишилган рўйхат бўйича уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


23. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш ва текшириш соғлиқни сақлаш, солиқ ва молия органлари, улар ваколатлари доирасида бошқа давлат органлари, шунингдек аудиторлик ташкилотлари томонидан, улар билан тузилган шартномалар асосида қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Марказ давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди.


25. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



*) Зарурият бўлганда Марказ раҳбари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тасдиқлаш учун Марказнинг тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.






Низомга

ИЛОВА



Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий

ёрдам кўрсатиладиган имтиёзга эга бўлган шахслар

РЎЙХАТИ


1. Ғирт етимлар.


2. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

3. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар.

4. 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар.

5. 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари.


6. Ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар.


7. Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар.

8. Байналмилал жангчилар.


9. "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.

10. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар.


11. Чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича 15 - 17 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ ёшидаги (18 - 27 ёшар) шахслар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 12-13-сон, 72-модда.









































Время: 0.0064
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск