ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.03.2008 й. 48-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 18 мартдаги

48-сон қарорига

4-ИЛОВА



Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси (кейинги ўринларда Бирлашма деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида" 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сон Фармонига мувофиқ марказий туман (шаҳар) касалхонаси, кўп тармоқли марказий туман поликлиникаси (Тошкент шаҳрида) негизида ташкил этилади.


2. Бирлашма ўз фаолиятида икки томонлама - тегишли ҳудуд ҳокимлигига ва соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органига бўйсунади.


3. Бирлашма давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, мустақил юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган гербли муҳрга, шунингдек ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа атрибутларга эга бўлади.

Бирлашма тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича клиник ўқув базаси ҳисобланади.


4. Бирлашма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига ва бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.



II. БИРЛАШМАНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Бирлашмани ташкил этиш ва фаолиятининг мақсади ҳисобланади:

ягона ташкилий-методик раҳбарликни ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилишни таъминлайдиган соғлиқни сақлаш бирламчи бўғинининг замонавий ташкилий тузилмасини яратиш;

даволаш-профилактика, санитария-маърифий тадбирларни, реабилитация қилувчи тиббий хизматларни амалга оширишда қишлоқ врачлик пунктларига, оилавий поликлиникаларга ва бошқа тиббиёт муассасаларига методологик ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги даражасини ташкил этиш.

6. Бирлашманинг асосий вазифалари:

аҳолига сифатли дастлабки амбулатория-поликлиника ёрдами кўрсатиш;

дастлабки шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни, беморларни стационар даволашни, шунингдек қишлоқ врачлик пунктларига, оилавий поликлиникаларга, туман (шаҳар)нинг бошқа тиббиёт муассасаларига ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

касалликларнинг, энг аввало, юқумли ва вирусли касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини ҳамда таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

самарали санитария-эпидемиология назоратини таъминлаш;

беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда диагностика ва даволаш стандартларини жорий этиш, шунингдек туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари томонидан уларга риоя этилишини назорат қилиш;

аҳоли ўртасида оилада тиббий маданиятни ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларини ташкил этиш;

тиббиёт кадрларини жой-жойига қўйиш, улардан оқилона фойдаланиш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни тарбиялаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

марказлаштирилган тартибда қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилишини, иш ҳақининг ҳисобланиши ва тўланишини, товар, иш ва хизматларнинг харид қилинишини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фаолияти профили бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш.


III. БИРЛАШМАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Бирлашма белгиланган мақсадларга эришиш ва зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг балансига берилган давлат мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

асосий воситаларни ижарага олиш ёки ижарага бериш, грантларни ва бошқа молиявий ёрдамни жалб этиш;

бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Бирлашма ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини мустақил равишда белгилаш;

қонун ҳужжатларига, Бирлашма фаолиятининг мақсадлари ва предметига зид бўлмаган бошқа иш турларини амалга ошириш.


8. Бирлашма:

аҳолига бепул асосда юқори малакали консультация ҳамда даволаш-профилактик тиббий ёрдам кўрсатиши;

беморларни замонавий талаблардаги сифат ва стандартлар даражасида диагностика қилиши ҳамда даволашни таъминлаши ва ривожлантириши;

Бирлашма ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириши;

Бирлашма ходимлари учун меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлашнинг қонун ҳужжатларида белгиланган шартларини кафолатлаши, техника хавфсизлигини, ижтимоий таъминотни ва муайян ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаши;

Бирлашманинг моддий-техника базасини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари билан мустаҳкамлаши ва ривожлантириши;

мол-мулкдан мақсадли фойдаланиши, унинг сақланишини таъминлаши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини ва статистик ҳисобни ҳамда ҳисоботларни юритиши шарт.



IV. БИРЛАШМАНИНГ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


9. Бирлашма тузилмаси илова қилинади*.


10. Қуйидагилар Бирлашманинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади:

туманлар (шаҳарлар)да - шошилинч тиббий ёрдам бўлимига эга бўлган марказий туман (шаҳар) касалхонаси, кўп тармоқли марказий туман (шаҳар) поликлиникаси, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар (шаҳарларда), диспансерлар, акушерлик комплекслари, ихтисослаштирилган касалхоналар, хусусий тиббиёт муассасалари;

Тошкент шаҳрида - кўп тармоқли марказий туман поликлиникаси, оилавий поликлиникалар, диспансерлар (бемор ўринлари фондисиз), чақалоқлар уйлари, хусусий тиббиёт муассасалари.

11. Бирлашмага раҳбарликни тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Бирлашма бошлиғи - марказий туман (шаҳар) касалхонаси бош врачи, Тошкент шаҳрида эса - Бирлашма бошлиғи амалга оширади. 

12. Туманлар (шаҳарлар)даги Бирлашма бошлиғи кўп тармоқли марказий туман (шаҳар) поликлиникаси мудири - амбулатория-поликлиника ёрдами бўйича ўринбосарга эга бўлади. Бирлашма бошлиғининг ўринбосари Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари билан келишган ҳолда Бирлашма бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

13. Бирлашма бошлиғи белгиланган тартибда Бирлашма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, ишларни ташкил қилади, Бирлашма номидан ишончномасиз иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди, Бирлашма мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисоб рақамлари очади, молиявий маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқидан фойдаланади, штатларни тасдиқлайди, буйруқлар чиқаради ҳамда Бирлашма фаолияти натижалари учун шахсан жавоб беради.


14. Бирлашма бошлиғи бўлмаганда унинг вазифасини ўринбосар бажаради.


V. БИРЛАШМАНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


15. Бирлашманинг молия-хўжалик фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


16. Бирлашма ўз мол-мулкига эгалик қилади, ундан фаолияти мақсадларига мувофиқ фойдаланади ва уни тасарруф этади, шу билан бирга бюджет маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлайди.


17. Бирлашма мол-мулки асосий фондлардан, шунингдек бошқа моддий бойликлардан ва молиявий ресурслардан иборат бўлади.


18. Бирлашма вақтинча фойдаланилмаётган хоналарни, улардан аҳолига тиббий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш учун фойдаланиш мақсадида, шартнома асосида ижарага бериш, шунингдек асбоб-ускуналар ва мол-мулкни амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда балансдан чиқариш ҳуқуқига эга.

19. Давлат бюджети маблағлари, хайрия эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Бирлашмани молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


20. Бирлашма харажатларини молиялаштириш (тўлаш) белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.


21. Бирлашманинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


22. Бирлашмани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



*) Зарурият бўлганда Бирлашма раҳбари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида тасдиқлаш учун Бирлашманинг тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига белгиланган тартибда таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 12-13-сон, 72-модда.














































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск