язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тижорат ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикасининг 15.02.1991 й. 229-XII-сон "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.02.1991 й.

N 229-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ

КОРХОНАЛАР ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун мулкчиликнинг барча шаклига мансуб корхоналарни барпо этишнинг, улар фаолиятининг, уларни қайта ташкил этиш ва тугатишнинг умумий ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асосларини белгилаб беради.

Қонун фойда (даромад) олишни кўзлаб иш олиб борадиган корхоналарнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари ва маъсулиятини белгилайди, бошқа корхоналар ва ташкилотлар, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари билан муносабатларини тартибга солиб туради.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Корхона ва унинг асосий вазифалари


1. Ҳуқуқий шахс ҳуқуқига эга бўлган, мулкчилик ҳуқуқи ёки хўжаликни тўла юритиш ҳуқуқи бўйича ўзига қарашли мол-мулкдан фойдаланиш асосида маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва сотадиган ёки маҳсулотни айирбошлайдиган, ишларни бажарадиган, хизмат кўрсатадиган, беллашув ҳамда мулкчиликнинг барча шакллари тенг ҳуқуқлилиги шароитида амалдаги қонунларга мувофиқ ўз фаолиятини рўёбга чиқарадиган мустақил хўжалик юритувчи субъект корхона ҳисобланади.

2. Корхонанинг фаолияти мақсадларини рўёбга чиқаришга ўз маҳсулоти, ишлари ва хизматларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш ҳамда ана шу асосда меҳнат жамоаси аъзоларининг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини ҳамда корхона мол-мулки эгасининг манфаатларини таъминлаш йўли билан эришилади.

3. Корхона хўжалик фаолиятининг ҳар қандай турларини, агар улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқлаб қўйилган бўлмаса ва корхона Уставида кўзда тутилган мақсадлар ва вазифаларига мувофиқ келса, амалга ошириш ҳуқуқига эга.



2-модда. Корхонанинг турлари


1. "Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қўйилган мулк шаклларига мувофиқ қуйидаги турдаги корхоналар иш олиб бориши мумкин:

жисмоний шахсларнинг хусусий мулкига асосланган корхоналар;

ширкат (жамоа) мулкига асосланган жамоа, оила, маҳалла корхоналари, ишлаб чиқариш кооперативлари; хўжалик жамиятлари ва ширкатларига жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотларга қарашли корхоналар ҳамда жамоа мулкининг бошқа шаклларига асосланган корхоналар;

давлат мулкига асосланган-республика давлат корхоналари, Қорақалпогистон Республикаси давлат корхоналари, вилоятлараро, вилоят, туманлараро, туман, шаҳар давлат корхоналари ва бошқа турдаги корхоналар.

аралаш мулкка асосланган давлатлараро ва қўшма корхоналар ҳамда мулкчиликнинг турли шаклига мансуб, тўлиқ ёки ҳиссабай йўсинда иштирок этишга асосланган бошқа корхоналар.

2. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхона ишловчилар сонига қараб кичик ёки ўрта корхоналар жумласига киритилиши мумкин. Бундай корхоналарни барпо этиш ва улар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, мақоми, уларни рўйхатга олиш шартлари, шунингдек корхоналарни бу турга киритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасида корхоналарнинг республика қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолда тузилган бошқа турлари ҳам иш олиб бориши мумкин.



3-модда. Корхоналарнинг хўжалик уюшмалари


1. Мулкчиликнинг барча шаклига мансуб корхоналар ихтиёрийлик асосида фаолиятни мувофиқлаштириш, ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, тегишли давлат идоралари ва бошқа идораларда, шунингдек халқаро ташкилотларда умумий манфаатларни ифода этиш мақсадида хўжалик уюшмаларига: иттифоқларга, концернларга, консорциумларга ҳамда тармоқ принциплари, ҳудудий ёки бошқа принциплар асосида ўзга бирлашмаларга уюшишлари мумкин. Кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмаларни барпо этиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган монополияга қарши талаблар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Кўнгилли хўжалик уюшмалари давлат рўйхатидан ўтиши керак ва уларнинг фаолияти ушбу Қонун билан тартибга солинади.

2. Уюшма, бирлашма уни таъсис этувчилар тасдиқлайдиган устав асосида иш олиб боради. Уюшмалар таркибига кирган корхоналар ўз мустақилликларини, ҳуқуқий шахс ҳуқуқларини сақлаб қоладилар ва ушбу Қонун уларга нисбатан ҳам амал қилади.

3. Уюшма, бирлашма ўз таркибига кирувчи корхоналар мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, корхоналар эса, таъсис шартномаси (уставда) ўзга ҳолат кўзда тутилган бўлмаса, уюшма мажбурияти юзасидан жавоб бермайди.

4. Уюшмага кирган корхоналар уюшма таркибидаги корхоналар олдидаги мажбуриятларини тузилган шартномаларга мувофиқ сақлаб қолган ҳолда унинг таркибидан чиқишга ҳақлидир.

5. Ассоциация, бирлашма унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг, суд ёки хўжалик судининг қарорига биноан тугатилади. Уюшма корхонани тугатиш учун белгилаб қўйилган тартибда тугатилади. Уюшма тугатилганидан кейин қолган мол-мулк уюшманинг уставига мувофиқ унинг қатнашчилари ўртасида тақсимланади.



4-модда. Корхона тўгрисидаги қонунлар


1. Мулкчиликнинг барча шаклига мансуб корхоналарни барпо этиш ва уларнинг фаолияти билан боглиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.

Қорақалпогистон Республикасида корхоналарни ташкил этиш, уларнинг фаолияти, уларни қайта ташкил этиш ва тугатишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий асослари Қорақалпогистон Республикаси қонунлари билан тартибга солинади.

2. Фаолияти ишни ташкил этишга ва унинг хавфсизлигига оширилган талаблар қўйиш билан боглиқ бўлган, технология жараёнлари узлуксиз давом этадиган, шунингдек бошқарув вазифаларини марказлаштириш зарурати билан боглиқ бўлган корхоналарнинг айрим турлари учун ушбу Қонунни қўллаш хусусиятларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

3. Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатлар юридик шахслари ва фуқароларининг тўлиқ ёки ҳиссабай мулки бўлган корхоналарни (давлатлараро корхоналар ва қўшма корхоналарни) барпо этиш ҳамда улар фаолиятининг хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва давлатлараро шартномалар (битимлар) билан белгилаб қўйилади.



II БЎЛИМ. КОРХОНАНИ БАРПО ЭТИШ ВА УНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5-модда. Корхонани барпо этишнинг умумий шартлари


1. Корхона мол-мулк эгаси (эгалари) ёки у (улар) вакил қилган идора, корхона, ташкилот қарорига ёки меҳнат жамоасининг қарорига мувофиқ, ё бўлмаса таъсис этувчилар гуруҳи ва айрим таъсис этувчи шахслар қарори билан ушбу Қонунда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда барпо этилиши мумкин.

2. Корхона ишлаб турган корхоналар, ташкилотлар таркибидан битта ёки бир нечта таркибий бўлинманинг шу бўлинма (бўлинмалар) меҳнат жамоаси ташаббуси билан ажралиб чиқиши натижасида, агар бундай ажралиб чиқиш учун корхона мол-мулки эгасининг (у вакил қилган идора, корхона ва ташкилотнинг) розилиги бўлса ва корхона илгари ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши таъминланса, тузилиши мумкин.

3. Корхонани барпо этиш ва унинг фаолияти учун ер участкаси, бошқа табиат ресурслари талаб қилинадиган ҳолларда улардан фойдаланишга рухсатномани давлат ҳокимиятининг тегишли идораси, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда эса экология экспертизасининг ижобий хулосаси бўлган тақдирда табиатдан фойдаланувчи тегишли бошлангич ташкилот томонидан ҳам берилади. Ер участкаси ва бошқа табиат ресурсларини бериш рад этилганида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

4. Корхона давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб барпо этилган деб ҳисобланади ва ҳуқуқий шахс ҳуқуқини олади.



6-модда. Корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш


1. Корхона давлат рўйхатидан корхона жойлашган ердаги давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларида, башарти Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўтказилади. Корхона давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўгрисидаги маълумотлар корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистрига киритиш учун ўн кунлик муддат ичида статистика органларига хабар қилинади.

2. Корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўяди.

3. Корхонани барпо этишни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартиби бузилганлиги, шунингдек таъсис ҳужжатлари қонун талабларига мос келмаслиги сабабларига кўра корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин. Корхонани барпо этиш мақсадга мувофиқ эмаслигини важ қилиб, уни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Агар корхона белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлмаса ёки таъсис этувчи корхонани рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги сабабларини асоссиз деб ҳисобласа, у судга мурожаат қилиши мумкин.

Суд корхонани рўйхатдан ўтказиш рад этилганлигини асоссиз деб топса, бу ҳол давлат ҳокимиятининг корхонани рўйхатдан ўтказишни рад этган идорасини моддий жавобгарликка тортишга (суд чиқимларидан ташқари) сабаб бўлади. Моддий жавобгарликнинг миқдори хўжалик суди томонидан белгиланади ва қонунда белгилаб қўйилган тартибда ундириб олинади.

4. Корхонани давлат рўйхатидан ўтказганлик учун ундан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган миқдорда ҳақ олинади. Олинган маблағ давлат ҳокимиятининг корхона рўйхатдан ўтказилган жойдаги идораси бюджети ҳисобига ўтказилади.

Давлат корхоналарини қайта тузиш натижасида ташкил этилган очиқ типдаги акциядорлик жамиятларини рўйхатдан ўтказишда рўйхатга олиш йигимлари ва бошқа тўловлар ундирилмайди.



7-модда. Шўъба корхоналар ва корхоналарнинг

алоҳида бўлинмаларини барпо этиш


1. Корхона юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган шўъба корхоналар барпо этиш ва бу корхоналарнинг уставларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга.

Корхона, шунингдек жорий ва ҳисоб-китоб счётлари очиш ҳуқуқига эга бўлган шўъбалар, ваколатхоналар, бўлимлар ва бошқа алоҳида бўлинмалар барпо этиш ҳамда улар тўгрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга.

2. Бундай корхоналар ва бўлинмаларни жойлаштириш масаласи давлат ҳокимиятининг тегишли маҳаллий идоралари билан амалдаги қонунларда белгиланган тартибда келишиб олинади.



8-модда. Фаолият турларига лицензия олиш


1. Лицензия олиниши керак бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун корхона зарур лицензияни олиши шарт.

2. Корхонанинг лицензия олиниши керак бўлган фаолиятига рухсат бериш ва бундай рухсатни ҳақиқий эмас деб топиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



9-модда. Корхона устави


1. Корхона устав асосида иш олиб боради. Уставни корхонани таъсис этувчи (таъсис этувчилар) тасдиқлайди.

2. Корхона уставида қуйидагилар белгилаб қўйилади: корхонанинг номи, унинг қаерда жойлашганлиги (почта манзили), фаолият тури ва мақсадлари, унинг бошқарув ва назорат органлари, уларнинг ваколати, корхона мол-мулкини ташкил этиш ва фойдани (даромадни) тақсимлаш тартиби, корхонани қайтадан ташкил этиш ва унинг фаолиятини тўхтатиш шартлари.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналарнинг устав билан бошқарилмайдиган барча муносабатлари ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.

Уставга корхона фаолиятининг хусусиятлари билан боглиқ бўлган, Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган ўзга қоидалар ҳам киритилиши мумкин.



III БЎЛИМ. КОРХОНА МОЛ-МУЛКИНИНГ ЭГАСИ


10-модда. Корхона мол-мулкининг эгаси


1. Корхона мол-мулкининг эгаси (эгалари) ўзига қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Корхона мол-мулкининг эгаси (эгалари) ўз мол-мулкига нисбатан Қонунга зид бўлмаган ҳар қандай харакатларни қилишга ҳақли. Улар мол-мулкидан қонунда тақиқлаб қўйилмаган ҳар қандай хўжалик фаолиятини ёки ўзга фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин. Давлат корхона эгасининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига кафолат беради.

2. Корхона мол-мулкининг эгаси (эгалари) ўзининг (ўзларининг) мулкчилик ҳуқуқини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган шартлар асосида ва шу шартлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар билан уларнинг меҳнатидан фойдаланиш тўгрисида шартномалар тузишга ҳақлидир.



11-модда. Мол-мулкни ташкил этиш ва ундан

фойдаланиш шартлари


1. Асосий фондлар ва оборот маблағлари, шунингдек қиймати корхонанинг мустақил балансида акс этадиган бошқа бойликлар корхона мулкини ташкил этади.

2. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва корхона уставига мувофиқ корхонанинг мол-мулки мулкчилик ҳуқуқи ёки тўла хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида унга тегишли бўлиши мумкин.

3. Қуйидагилар корхона мол-мулкини ташкил этувчи манбалардир:

таъсис этувчиларнинг пул ва моддий бадаллари;

маҳсулот, ишлар, хизматларни реализация қилишдан, шунингдек хўжалик фаолиятининг бошқа турларидан олинган даромадлар;

қимматли қогозлардан олинадиган даромадлар;

банк ва бошқа қарз берувчиларнинг кредитлари;

капитал маблағ ва бюджетдан дотациялар;

ташкилотлар, корхоналар ва жисмоний шахсларнинг текинга ва ҳайрия мақсадларида берган бадаллари, ионалари, шунингдек мерос тариқасида, айирбошлаш ва совга қилиш йўли билан оладиган даромадлари;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ўзга манбалар.

4. Корхона мол-мулкининг эгаси (эгалари) ёки у (улар) ваколат берган идоралар ўзига қарашли мол-мулкни бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сотиш ҳамда топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, вақтинча фойдаланиш учун бепул бериш ёки қарзга беришга, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва корхона уставида ўзга ҳоллар кўзда тутилган бўлмаса, уларни баланс ҳисобидан чиқаришга ҳақлидир.

5. Корхона мол-мулкининг эгаси (эгалари) ёки у (улар) ваколат берган идоралар, башарти қонун ҳужжатларида ва уставда ўзга қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа моддий бойликларни сотиш, бепул топшириш, ижарага беришга ҳақлидир, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг мулки бўла олмайдиган ёки улар фойдалана олмайдиган ишлаб чиқариш воситалари ва ўзга моддий бойликлар бундан мустасно.



12-модда. Табиат ресурсларига эгалик қилиш

ва улардан фойдаланиш


1. Корхона белгиланган тартибда ҳақ эвазига ер ва бошқа табиат ресурсларига эгалик қилади ва улардан фойдаланади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

2. Корхона ўз ишлаб чиқаришининг табиий муҳитга салбий таъсирини камайтиришга ва бу таъсирнинг ўрнини қоплашга қаратилган табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириши шарт. Бундай тадбирлар ўз маблағлари ёки ўзга манбалар ҳисобидан пул билан таъминланиши мумкин.



13-модда. Корхонанинг юридик ва жисмоний

шахслар маблағларини жалб этиши


1. Корхона ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва такомиллаштириш, меҳнат жамоасини ижтимоий ривожлантириш мақсадларида қимматли қогозлар чиқариш ҳамда сотиш йўли билан юридик ва жисмоний шахсларнинг қўшимча пул маблағларини жалб этиш ҳуқуқига эгадир.

2. Корхонанинг қимматли қогозлар чиқариш ва сотиш тартибини, уларнинг турлари ҳамда бундай қимматли қогоз эгаларининг ҳуқуқларини, Ўзбекистон Республикаси қонунлари белгилайди.



14-модда. Корхона мулкий ҳуқуқларининг кафолатлари


Давлат корхонанинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига кафолат беради. Давлатнинг корхонага қарашли асосий фондларни, оборот маблағларни ва бошқа мол-мулкни тортиб олишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Юридик ва жисмоний шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари томонидан корхонанинг мулкий ҳуқуқларини бузиш натижасида унга етказилган зарар суд ёки хўжалик суди қарорига кўра корхонага тўланади.



IV БЎЛИМ. КОРХОНАНИ БОШҚАРИШ


15-модда. Корхонани бошқаришни ташкил

этишнинг умумий қоидалари


1. Корхона ўз уставига мувофиқ бошқарилади. Корхона бошқарув структураси, шакли ва услубларини мустақил аниқлайди, штатларни белгилайди.

Мулкдор ёки хўжаликни тўла юритиш ҳуқуқи субъекти корхонани бевосита ёки ўзи ваколат берган идоралар орқали бошқаради. Мулкдор ёки хўжаликни тўла юритиш ҳуқуқи субъекти ёҳуд у ваколат берган идоралар ана шу ҳуқуқларни корхона кенгашига (идорасига) ё бўлмаса корхона уставида кўзда тутилган ҳамда мулкдор ва меҳнат жамоаси манфаатларини ифода этадиган бошқа идорага топшириши мумкин.

2. Корхона раҳбарини ёллаш (тайинлаш, сайлаш) ва бўшатиш корхона мол-мулки эгасининг ҳуқуқи бўлиб, бу ҳуқуқни улар бевосита, шунингдек ўзи ваколат берган идоралар орқали ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёҳуд бошқа идоралар орқали амалга оширади.



16-модда. Корхонанинг раҳбари


1. Корхона раҳбари лавозимига ёллаш (тайинлаш, сайлаш) чогида номзод шахс билан битим (шартнома, келишув) тузилади, унда корхона раҳбарининг ҳуқуқлари, вазифалари ва масъулияти, унинг моддий таъминоти ҳамда эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш шартлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида кўзда тутилган кафолатларни ҳисобга олган ҳолда белгилаб қўйилади.

2. Корхона раҳбари корхона фаолияти билан боглиқ масалаларни мустақил ҳал қилади, ушбу Қонунда меҳнат жамоаси ва корхона кенгаши умумий йиғилиши (конференцияси)нинг мутлақ ваколатига топширилган масалалар бундан мустасно, корхона номидан ишонч қогозисиз иш олиб боради, республикадаги ва бошқа давлатлардаги барча корхоналарда, фирмалар ва ташкилотларда шу корхона манфаатларини ҳимоя қилади, корхона мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномаларини тузади, ишонч қогозлари беради, банкларда ҳисоб рақамлари ва бошқа рақамлар очади, маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқидан фойдаланади, маъмуриятнинг ижроия аппарати штатларини тасдиқлайди, корхонанинг барча ходимлари учун мажбурий буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

3. Корхона раҳбари ўз ўринбосарларини, бошқарув аппарати раҳбарларини ва таркибий бўлинмалар раҳбарларини мустақил тайинлайди ва ишдан озод қилади.

4. Корхона раҳбари шартномада ёки Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида кўзда тутилган асосларга мувофиқ шартнома муддати тугамай туриб, эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиши мумкин.



17-модда. Корхона кенгаши (бошқаруви)


1. Корхона кенгаши (бошқаруви) мулкдор корхонани бошқариш соҳасидаги ўз ваколатларини кенгашга топширган тақдирда тузилади.

Корхона кенгаши (бошқаруви)да, корхона уставида ўзга ҳоллар кўзда тутилган бўлмаса, корхона мол-мулкининг эгаси ёки хўжаликни тўла юритиш ҳуқуқи субъекти томонидан тайинланадиган ва шу корхона меҳнат жамоаси томонидан сайлаб қўйиладиган вакиллар сони баравар бўлади.

2. Корхона кенгаши (бошқаруви)нинг ҳуқуқ ва бурчлари корхона мол-мулкининг эгаси ёки у ваколат берган идоралар тасдиқлайдиган Кенгаш (бошқарув) тўгрисидаги низом билан белгилаб қўйилади.



V БЎЛИМ. КОРХОНА ХЎЖАЛИК

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСЛАРИ


18-модда. Корхона оладиган фойда (даромад)


1. Ҳамма турдаги корхоналарда хўжалик фаолиятининг молиявий натижаларини умумлаштирувчи асосий кўрсаткич фойдадир (даромаддир).

2. Солиқларни ва бюджетга бошқа тўловларни тўлашдан кейин корхонада қолган фойда (даромад), (соф фойда) тўла-тўкис унинг тасарруфига ўтади ва қонунларда назарда тутилганидан бўлак ҳолларда тортиб олинмайди. Корхона, агар уставда ўзга ҳол кўзда тутилган бўлмаса, соф фойдани (даромадни) қайси соҳаларга ишлатишни мустақил белгилайди.

3. Қонун ҳужжатларида ёки корхона уставида кўзда тутилган ҳолларда соф фойданинг (даромаднинг) бир қисми корхона меҳнат жамоаси аъзоларига мулк қилиб топширилади.



19-модда. Корхона ходимининг меҳнат даромадлари


1. Корхона туридан қатъи назар, ҳар бир ходимнинг меҳнат даромадлари корхона ишининг пировард натижалари ҳисобга олиниб, ходимнинг меҳнатга қўшган шахсий улуши билан белгиланади, солиқлар билан тартибга солинади ва энг кўп миқдори чеклаб қўйилмайди.

2. Барча турдаги корхоналар ходимлари меҳнат ҳақининг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.

3. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг шакллари, системалари ва миқдорини, шунингдек ходимлар даромадларининг бошқа турларини корхона мустақил белгилайди.



20-модда. Корхона фаолиятини режалаштириш


1. Корхона ўз фаолиятини мустақил режалаштиради ва хом ашё ресурслари ва материалларнинг мавжудлигини ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга, бажарилаётган ишга, кўрсатилаётган хизматга бўлган талабларни ҳисобга олиб, тараққиёт истиқболларини белгилайди.

2. Корхона давлат эҳтиёжлари учун шартнома асосида ишлар бажаради, маҳсулот сотади ва хизмат кўрсатади.



21-модда. Корхонанинг бошқа корхоналар, ташкилотлар, юридик

ва жисмоний шахслар билан хўжалик муносабатлари


1. Хўжалик фаолиятининг барча соҳаларида корхонанинг бошқа корхоналар, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатлари шартнома негизига қурилади.

2. Корхоналар нима ҳақда шартнома тузишни танлашда, мажбуриятларни, ўзаро хўжалик муносабатларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган бошқа ҳар қандай шартларни аниқлашда эркиндир.

3. Корхона ўз маҳсулоти ва мол-мулкини, башарти Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаса, ўз ҳоҳишига кўра сотади, шунингдек ўз ҳоҳиши билан хизматлар кўрсатади.

4. Корхона истеъмолчининг манфаатларини ҳамда унинг маҳсулот, ишлар ва хизматлар сифатига қўядиган талабларини ҳисобга олади. Истеъмолчининг манфаатлари ва ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан ҳимоя қилинади.

Эркин реализация қилиш тақиқлаб ёки чеклаб қўйилган маҳсулотлар, ишлар, хизматлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.



22-модда. Улгуржи савдо, ишлаб чиқаришни

таъминлаш ва маҳсулотни сотиш


1. Корхона бозор талабларини, эҳтимол тутилган шерикларнинг имкониятларини ўрганиш, нарх-навонинг ўзгариши тўгрисидаги ахборот асосида ўз ишлаб чиқаришининг таъминотини, бозорларда (товарлар, хизматлар, молия бозорларида) монополияга қарши қонунларнинг талабларини назарда тутган ҳолда бевосита ёки воситачи орқали олди-сотдини, маҳсулот сотишни ва ўз ишлаб чиқаришининг таъминотини мустақил амалга оширади.

2. Бозорга ўтиш даврида давлат эҳтиёжлари учун ишларни бажараётган ва маҳсулот етказиб бераётган корхоналарни давлат шу ишларни бажариш ва маҳсулотни етказиб бориш учун моддий-техника ресурслари билан таъминлайди.



23-модда. Нарх-наво ва нарх белгилаш


Корхона ўз маҳсулотини, ишларини, хизматларини, ишлаб чиқариш чиқитларини мустақил ёки шартнома асосида белгиланадиган нархлар ва тарифларда сотади. Корхона бозорда яккаҳокимлик мавқеини эгаллаган ҳолларда давлат фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадларида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни тартибга солади.



24-модда. Молия ва кредит муносабатлари


1. Фойда (даромад), амортизация ажратмалари, қимматли қогозларни сотишдан тушган пул, меҳнат жамоаси аъзоларининг, корхоналар, ташкилотлар, фуқароларнинг пай ва ўзга бадаллари, шунингдек, бошқа тушумлар корхона молиявий ресурсларини ташкил этувчи манбалардир.

2. Корхона тижорат шартномаси асосида банк кредитидан, бошқа корхоналарнинг кредитларидан фойдаланади.

3. Корхоналар ўз ҳисоб-китоб ва касса хизмати учун банкларни мустақил равишда танлайди ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда битта ёки бир нечта банкда миллий ва чет эл валюталарида талаб қилиб олгунча сақланадиган депозит ҳисобварақлар очишга ҳақли.

4. Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўловлар, иш ҳақи бериш, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча талабларни ҳамда уларга тенглаштирилган тўловларни қондириш, шунингдек бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан боглиқ кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга пул маблағларини ҳисобдан чиқариш фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бошқа тўлов ҳужжатлари бўйича ҳисоб-китобларнинг қолган турлари корхона томонидан календарь тартибда амалга оширилади.

5. Корхона харидор (истеъмолчи)га қарзга олинган маблағ учун фойда тўлаш тартибида қарзга маҳсулот етказиб бериши, ишни бажариши ва хизмат кўрсатиши мумкин. Бундай савдо битимларини расмийлаштириш учун корхона хўжалик оборотида векселни қўллаши мумкин. Корхона фоиз тўлаш шарти билан бошқа корхоналарга ёки банкларга кредит бериши мумкин.

6. Корхона кредит шартномалари ва ҳисоб-китоб интизомига риоя этилиши учун тўла жавобгардир. Ҳисоб-китоб қилиш юзасидан ўз мажбуриятларини мунтазам бажармайдиган корхона банк томонидан тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиниши мумкин. Бундай корхоналарга таъсир ўтказиш чоралари ва уларни қўллаш тартиби банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



25-модда. Капитал қурилиш


1. Корхона Ўзбекистон Республикаси қонунларига, республика Ҳукумати айрим ҳудуд зоналари бўйича белгилайдиган ҳар хил ишлаб чиқариш турларини жойлаштириш ҳақидаги норматив талабларга, қурилиш нормалари ва қоидаларига, квоталар ва лицензияларга риоя этган ҳолда республика ҳудудида қурилиш жойини танлаб олишда эркиндир.

2. Корхона қурилиш олиб бориш учун ҳар қандай шерикларни танлаб олишда, пудратчи ташкилотлар конкурсини ташкил этишда эркиндир, зарур ҳолларда тегишли қонунларга, тасдиқлаб қўйилган қурилиш нормалари ва қоидаларига амал қилиб, қидирув ишларини олиб боради, қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш ва бажаришни ўзи амалга оширади.

3. Ҳамма ҳолларда қурилиш лойиҳаси вилоят ёки республика эксперт идоралари даражасида давлат экспертизасидан ўтказилиб, пухталиги, чидамлилиги, расман тасдиқланган хавфсизлик қоидаларига, меҳнатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилганлиги баҳоланади.



26-модда. Корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти


1. Корхона Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

2. Олинган валюта корхонанинг валюта баланси ҳисобига ўтказилади ва ундан корхона мустақил фойдаланади. Корхонанинг валюта тушумидан мазкур корхона ўз валюта маблағи ҳисобидан қилган бевосита валюта ҳаражатлари чегириб ташланганидан сўнг республика бюджетига ва маҳаллий бюджетга валюта ажратмалари ўтказилади.

Республика бюджетига ва маҳаллий бюджетларга ажратмалар миқдори Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солинади. Корхонанинг валюта маблағини қонунларда назарда тутилган бўлак ҳолларда ўзга йўл билан тортиб олиш тақиқланади.



VI БЎЛИМ. КОРХОНАНИНГ ИЖТИМОИЙ КАФОЛАТЛАРИ


27-модда. Корхонанинг ижтимоий фаолияти


1. Ижтимоий тараққиёт масалалари, шу жумладан меҳнат шароитларини яхшилаш ва иш вақтининг узунлиги масалалари, меҳнат жамоаси аъзолари ва улар оилаларининг дам олиш, турмуш шароитларини ва сихат-саломатлигини яхшилаш масалалари, корхонанинг истеъмол фонди ҳисобидан амалга ошириладиган мажбурий тиббий сугурта кафолатлари масалалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат жамоаси томонидан корхоналар маъмурияти иштирокида ҳал қилинади.

Корхона амалдаги қонунларда белгилаб қўйилган тартибда ва миқдорда Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузуридаги пенсия фондига ҳамда аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш фондига пул ўтказиши шарт.

2. Корхона бу ерда ишловчи барча ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитини таъминлашга мажбур бўлиб, уларнинг саломатлигига ва меҳнат қобилиятига етказилган зарар учун қонунларда белгилаб қўйилган тартибда жавобгар бўлади.

3. Пенсияга чиққунга қадар корхонада меҳнат қилган пенсионерлар тиббий хизмат, уй-жой билан таъминланиш, согломлаштириш ва профилактика муассасаларига йўлланмалар олиш борасида корхонадаги мавжуд имкониятлардан, шунингдек жамоанинг умумий йиғилиши (конференцияси) қарорига мувофиқ бошқа ижтимоий хизматлар ва имтиёзлардан унинг ходимлари билан баравар фойдаланадилар.

4. Корхона хотин-қизларининг меҳнат ва турмуш шароитини мунтазам яхшилашга, ёш болали аёлларни иш куни қисқартирилган асосан кундузги иш билан таъминлашга, хомиладор аёлларни меҳнат шароити зарарсиз енгилроқ ишга ўтказишга, шунингдек, аёлларга қонунларда кўзда тутилган бошқа имтиёзларни беришга мажбурдир. Меҳнат шароити зарарли бўлган корхона меҳнат жамоасининг розилиги билан хотин-қизларга енгилроқ иш бериш учун цехлар, участкалар барпо этиши мумкин.

5. Корхона меҳнат жамоасига хизмат қиладиган ва унинг таркибига кирмайдиган тиббий муассасалар ходимларини, болалар, маданий-маърифий, согломлаштириш, ўқув ва спорт муассасалари, умумий овқатланиш ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимларини моддий рагбатлантириши мумкин.

6. Фуқароларнинг, корхонага илтимослари ва мурожаатларига доир масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш фақат корхона маъмуриятининг вазифаси бўлиб, бу иш фуқароларнинг ўз зиммасига юклаб қўйилиши мумкин эмас.



28-модда. Корхонанинг меҳнат жамоаси, унинг ваколатлари


1. Ўз меҳнати билан корхона фаолиятида меҳнат шартномаси (битими, келишуви), шунингдек ходимнинг корхона билан меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа шакллар асосида қатнашувчи барча фуқаролар шу корхонанинг меҳнат жамоасини ташкил этадилар.

2. Меҳнат жамоасининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари, корхонани барпо этиш тўгрисидаги таъсис ҳужжатлари, корхона устави, корхона маъмурияти (мол-мулк эгаси) билан меҳнат жамоаси ўртасида тузилган шартномалар билан белгилаб берилади.

Корхона меҳнат жамоаси ваколатларини амалга оширишнинг асосий шакли умумий йиғилиш (конференция)дир.



29-модда. Корхона меҳнат жамоасининг

умумий йиғилиши (конференцияси)


Меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси):

корхона мол-мулкини сотиб олиш билан боглиқ масалаларни ҳал қилади;

корхона маъмурияти билан жамоа шартномаси (битими) тузиш зарурлиги тўгрисидаги масалани ҳал қилади, бундай шартнома (битим) лойиҳасини кўриб чиқади ва уни меҳнат жамоаси номидан имзолаш учун касаба уюшмаси қўмитасига ёки бошқа органларга ваколат беради;

корхона кенгашига (бошқарувига) вакиллар сайлайди (уларни чақириб олади), уларнинг фаолияти тўгрисидаги ҳисоботларни тинглайди;

ўз ходимлари учун қўшимча таътиллар, қисқартирилган иш куни ва ишлаб топилган ҳамда истеъмолга сарфланадиган маблағлар доирасида бошқа ижтимоий имтиёзлар белгилайди.



30-модда. Жамоа шартномаси (битими)


Жамоа шартномаси (битими) ҳамма турдаги корхоналарда тузилиши мумкин ва у Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига зид бўлмаслиги лозим.

Корхонадаги ишлаб чиқариш ва меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, жамоанинг ижтимоий тараққиёти ва жамоа аъзоларининг саломатлиги масалалари жамоа шартномаси (битими) билан тартибга солинади.

Жамоа шартномаси (битими) тузиш ёки уни бажариш чогида келишмовчилик чиққан тақдирда бу келишмовчилик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



VII БЎЛИМ. КОРХОНА ВА ДАВЛАТ


31-модда. Корхоналар ҳуқуқлари ва манфаатларининг кафолатлари


1. Давлат корхона ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига кафолат беради.

Корхона хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни амалга ошириш чогида ўз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига зид келмайдиган ҳар қандай қарорларни қабул қилишга ҳақлидир.

Корхонанинг хўжалик фаолияти ва ўзга фаолиятига Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари давлат, жамоат ва кооператив идораларининг аралашишига йўл қўйилмайди.

Давлат идоралари ва ўзга идоралар ва мансабдор шахслар ўзларининг қонунларда белгилаб қўйилган ваколатларига мувофиқ тарздагина корхонага кўрсатма беришлари мумкин. Давлат идоралари ёки ўзга идоралар ўз ваколатларига ёки қонун талабларига мос келмайдиган ҳужжатни қабул қилган тақдирда корхона бундай ҳужжатни ҳақиқий эмас, деб эътироф этиш тўгрисида ариза билан суд ёки хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Корхона ҳуқуқни бузган давлат идораси ёки ўзга идора ёҳуд уларнинг мансабдор шахслари кўрсатмаларини бажариш натижасида, шунингдек бундай идоралар ёки уларнинг мансабдор шахслари корхонага нисбатан қонунда кўзда тутилган бурчларини тегишлича амалга оширмаганликлари оқибатида корхонага етказилган зарар ана шу идоралар томонидан тўланиши керак. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўгрисидаги низоларни хўжалик суди ўз ваколатларига мувофиқ ҳолда ҳал қилади.



32-модда. Корхона хўжалик фаолиятининг

ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлари


1. Давлат корхоналарга, мулкчилик шаклидан қатъий назар, хўжалик юритишнинг тенг ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларини таъминлайди.

2. Давлат бозорни ривожлантиришга кўмаклашади, монополияга қарши тадбирларни амалга оширади, барча меҳнаткашларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлайди.

Рақобатчининг обрўсини туширишга қаратилган хатти-ҳаракатларга, ишлаб чиқариш квоталари, сотиш ва таъминот бозорларини бўлиб олиш, эркин рақобатни чеклаш мақсадида корхоналар ўртасида монопол нарх-навони ушлаб туриш ҳақидаги ҳар қандай тил бириктиришларга йўл қўйилмайди. Акс ҳолда корхона монополияга қарши қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Давлат қонун асосида, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва молия органлари орқали рақобат қилиш эркинлигини таъминлайди, истеъмолчиларни уларнинг ҳуқуқлари камситилишидан, хўжалик фаолиятининг ҳар қандай соҳасида монополизм кўринишларидан муҳофаза қилади.

3. Корхона хўжалик оборотига киритаётган буюмлар фирма белгисини ёки буюмнинг рамзини, буюмни таърифлайдиган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда маркировка қилиниши шарт. Ўзга фирма ва товар белгиларини, шунингдек, бир ишлаб чиқарувчининг буюмларини бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг буюмлари билан чалкаштириб юборишга (ўхшатишга) имкон берадиган ҳар қандай маълумотларни ўзлаштириб олишга йўл қўйилмайди. Бу масалаларда чиққан низолар суд тартибида ҳал қилинади.



33-модда. Ҳисоб ва ҳисобот


1. Корхона ўз иши натижаларининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботи олиб боради.

Давлат статистика ҳисоботининг шаклларини давлат статистика идоралари, бундай ҳисоботларни тақдим этиш тартибини эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

2. Корхонанинг мансабдор шахслари давлат ҳисоботини бузиб кўрсатганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган интизомий, маъмурий ва моддий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.



34-модда. Корхонанинг тижорат сири


1. Корхонанинг тижорат сири деганда корхонанинг ишлаб чиқариши, технология ахбороти, бошқаруви, режалаштириши, молияси ва бошқа фаолияти билан боглиқ бўлган ҳамда эълон қилиш (топшириш, очилиб қолиши) унинг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган давлат сири бўлмаган маълумотлар тушунилади.

2. Тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар таркиби ва ҳажми, уларни ҳимоя қилиш тартиби корхона раҳбари томонидан белгиланади.

Корхона фаолиятининг турларини (агар улар ҳақидаги маълумот тижорат сири бўла олмаса) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси корхоналар атроф-муҳитни ифлослантираётганлиги ёки жамиятга зарар келтириши мумкин бўлган бошқа салбий фаолиятлар тўгрисидаги маълумотларни яширишнинг олдини олиш мақсадида белгилаб қўяди.

3. Корхонанинг тижорат сири бўлган маълумотларни эълон қилганлик, бундай маълумотларни сақлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



35-модда. Корхонанинг масъулияти


1. Шартнома мажбуриятларини, кредит ҳисоб-китоб ва солиқ интизомини, маҳсулот сифатига қўйиладиган талабларни, хўжалик фаолиятини амалга оширишнинг бошқа қоидаларини бузганлик учун корхона Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилганидек тўла мулкий жавобгар бўлади.

2. Корхона ер ва бошқа табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш талабларига амал қилмаслик, уни ифлослантириш ва бошқа зарарли таъсирлар оқибатида ишлаб чиқариш хавфсизлиги қоидалари, санитария-гигиена нормаларини ҳамда корхона ходимларини, аҳолининг ва маҳсулот истеъмол қилувчиларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш талабларини бузганлик оқибатида етказилган зарарни қоплаши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган миқдорда жарима тўлаши шарт.

Табиатдан фойдаланиш режимини бузаётган корхона фаолияти йўл қўйилган камчиликлар тугатилгунига қадар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда тўхтатиб қўйилиши мумкин.



36-модда. Корхона фаолиятини назорат қилиш


1. Корхонанинг молия-хўжалик фаолияти корхона мол-мулки эгасининг ташаббусига биноан тафтиш қилиниши мумкин.

2. Корхоналар фаолиятини режали тарзда текширишлар Ўзбекистон Республикаси Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига биноан солиқ ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан йилига кўпи билан бир марта амалга оширилиши мумкин.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда тўловчи, бошқа норма ва қоидаларга риоя қилувчи, аудиторларнинг ҳар йилги тегишли хулосаларига эга бўлган корхоналар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан, қоида тариқасида, икки йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади.

Корхоналар фаолиятини текширишдан ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига биноан бу муддат узайтирилиши мумкин.

3. Кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси аъзоларининг фаолиятини текширишлар Палата юридик хизматлари ва ҳудудий тузилмаларининг мажбурий иштирокида амалга оширилади.

4. Корхоналарни уларнинг хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан боглиқ бўлмаган холла текширишлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгаши тасдиқлаган режалар асосида тегишли назорат қилувчи (ёнгинга қарши, санитария, ветеринария, энергетика назорати ва бошқа) органлар томонидан, қоида тариқасида; бир йўла ўтказиладиган комплекс текширув давомида амалга оширилади.

5. Аудиторлик текширишларини ўтказиш харажатлари шу текширишларни тайинлаган ташкилотлар ҳисобидан қопланади.


37-модда. Корхонанинг давлат ҳокимияти маҳаллий

идоралари билан муносабатлари


1. Корхонанинг давлат бошқаруви идоралари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ўзаро муносабатлари ушбу Қонунга ҳамда ана шу идораларининг ваколатларини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикаси бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.

2. Корхона давлат ҳокимиятининг маҳаллий идораси ҳудудни комплекс иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган ишларда ихтиёрий равишда шартнома асосида қатнашади.

Корхона давлат ҳокимияти маҳаллий идорасининг ёки бошқа ваколатли давлат идораларининг қарори билан шу идоралар маблағлари ҳисобидан меҳнат қобилияти чекланган шахслар учун махсус иш жойларини барпо этиши шарт.

3. Давлат ҳокимиятининг маҳаллий идоралари корхонага қарашли уй-жой ва ишлаб чиқариш майдонини айрим объектларини тортиб олишга йўл қўйилмайди.



VIII БЎЛИМ. КОРХОНАНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


38-модда. Корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш шартлари


1. Корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш (бирлаштириш, қўшиш, бўлиб юбориш, ажратиш, қайтадан тузиш), корхона мол-мулки эгасининг ёки шундай корхоналарни тузишга ваколатли бўлган идоралар қарорига биноан ёҳуд суд ёки хўжалик судининг қарорига биноан амалга оширилади. Синган корхоналарни тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тартибга солинади. Корхона олти ой мобайнида (савдо ва савдо-воситачилик корхонаси эса - уч ой мобайнида) банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боглиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган, деҳқон ва фермер хўжаликлари бундан мустасно, ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида ўз устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, белгиланган тартибда тугатилиши лозим. Шу билан бирга ўз устав фондини белгиланган муддатда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантира олмаган корхона уни амалда шакллантириб улгурган, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаган даражада камайтириши ёки ўзи бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилиши мумкин.

2. Корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш чогида ишдан бўшатилаётган ходимларга Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя этилишига кафолат берилади.

3. Корхона давлат рўйхати реестридан чиқариб юборилган пайтдан бошлаб қайта ташкил этилган ёки тугатилган ҳисобланади.

4. Корхона бошқа корхона билан қўшилган тақдирда мазкур корхоналарнинг ҳар бирига тааллуқли барча мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар қўшилиш натижасида вужудга келган корхонага ўтади.

Бир корхонанинг бошқа бир корхонага қўшилиши чогида унинг барча мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қўшиб олган корхонага ўтади.

5. Корхона бўлиб юборилган тақдирда қайтадан ташкил этилган корхонанинг мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ана шу бўлиб юбориш натижасида вужудга келган янги корхоналарга бўлиб юбориш ҳужжатлари (баланси)га мувофиқ тегишли қисмларда ўтади.

Корхонадан битта ёки бир нечта янги корхонани ажратиб чиқариш чогида қайтадан ташкил этилган корхонанинг мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлиб юбориш ҳужжати (баланси)га мувофиқ тегишли қисмларда уларнинг ҳар бирига ўтади.

6. Бир корхонани бошқа корхона қилиб ўзгартириш чогида аввалги корхонанинг барча мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қайтадан ташкил этилган корхонага ўтади.



39-модда. Тугатиш комиссияси


1. Корхонани тугатиш мол-мулк эгаси ёки шу мол-мулкни бошқаришга вакил қилинган орган тузган тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади, банкротлик ҳоллари бундан мустасно. Хўжалик суди хўжалик юритиш субъектининг банкрот бўлганлиги тўгрисида ҳал қилув қарори қабул қилган тақдирда, тугатиш комиссиясини тузиш ҳамда унинг ишлаш тартиби "Банкротлик тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади. Корхонани тугатиш тўгрисида қарор қабул қилган корхона мол-мулк эгаси (хўжалик суди) ёки корхонани барпо этишга ваколатли бўлган идора тугатиш тартиби ва муддатини, шунингдек қарз берганларнинг даъво қилиш муддатларини белгилайди. Бу муддат тугатиш эълон қилинган кундан бошлаб икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

2. Тугатиш комиссияси ёки корхонани тугатишни амалга ошираётган бошқа идора корхона жойлашган ердаги расмий матбуотда уни тугатиш ва қарз берганларнинг даъволарини қабул қилиш тартиби ва муддати тўгрисида эълон беради. Тугатиш комиссияси (тугатишни амалга ошираётган идора) ана шу эълон билан бир қаторда корхонага дебиторлик қарзини ундириб олиш ва қарз берганларни корхона тугатилганидан хабардор қилиб, уларнинг даъволарини аниқлаш ишларини бажариши шарт.

Тугатиш комиссияси (тугатишни амалга ошираётган идора) тугатилаётган корхонанинг мол-мулкини баҳолайди ва қарз берганлар билан ҳисоб-китоб қилади, тугатиш балансини тузади ва уни эгалик қилувчига ёки тугатиш комиссиясини тайинлаган идорага тақдим этади. Тугатиш комиссияси ўз айби билан етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Зарарни ундириб олиш миқдорлари ва тартибини хўжалик суди белгилайди.



40-модда. Қарз берганларнинг даъволарини қондириш


1. Тугатилаётган корхонага қарз берганларнинг даъволари ана шу корхонанинг мол-мулкидан қондирилади. Бунда биринчи навбатда бюджет олдидаги қарзлар қондирилади ва тугатилаётган корхона тасарруфида бўлган ерларни қайтадан тиклаш харажатлари қопланади.

Банкрот бўлган хўжалик юритиш субъектининг кредиторлар даъволарини қаноатлантириш ҳамда мол-мулкини тақсимлаш тартиби ва навбати "Банкротлик тўгрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.

Юридик шахс - гаровга қўювчи қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда гаровга олувчи гаров билан таъминланган мажбуриятнинг ижро муддатидан қатъи назар ундиришни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш ҳуқуқини қўлга киритади.

2. Даъво қилиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин аниқланган ва қилинган даъволар биринчи навбатдаги даъволар, аниқланган даъволар, шунингдек, белгиланган муддатда маълум қилинган даъволар қондирилгандан кейин корхонанинг қолган мол-мулкидан қондирилади.

3. Мол-мулк етишмаганлиги учун қондирилмаган даъволар бекор қилинган деб ҳисобланади. Тугатиш комиссияси (тугатишни амалга оширган идора) тан олинмаган даъволар ҳам, агар қарз берувчилар даъвони тўла ёки қисман тан олмаслик тўгрисидаги хабарни олган кунидан эътиборан бир ой муддат ичида ўз талаблари қондирилиши тўгрисида хўжалик судига даъво қилмаган бўлсалар, бекор қилинган деб ҳисобланади.

4. Корхонани тугатиш чогида фуқаронинг шикастланганлиги ёки саломатлигига бошқа хил зарар етганлиги ёҳуд ўлими муносабати билан шу корхонадан ундириладиган вақтинчалик тўловларга пул ажратилади.

5. Корхонани тугатиш чогида меҳнат жамоаси аъзосининг қўшган ҳиссаси қарз берганларнинг даъволари уставда кўзда тутилган шартлар асосида ва тартибда қондирилгандан сўнг унга пул шаклида ёки қимматли қогозлар билан берилади.

6. Қарз берганларнинг ва меҳнат жамоаси аъзоларининг даъволари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкдан мулкдорнинг кўрсатмасига биноан фойдаланилади.

7. Корхона қайтадан ташкил этилганида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонуний ворисларига ўтади.