язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижорат ташкилотлари/ Акциядорлик жамияти. Холдинглар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.07.2014 й. 176-сон "Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.07.2014 й.

N 176



АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИДА

КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва у 2015 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                     Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 2 июлдаги

176-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қийматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-банднинг иккинчи хатбошидаги "очиқ" сўзи чиқариб ташлансин;


б) 2-1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"2-1. Хусусийлаштирилаётган давлат ташкилотининг меҳнат жамоасига акцияларни сотиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгиланади";


в) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"5. Биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорда қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма (қоғозда) расмийлаштириш заруриятисиз электрон шаклда амалга оширилади. Қимматли қоғозлар билан бошқа битимлар ёзма шаклда тузилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Акциядорлик жамиятлари акцияларининг олди-сотдиси бўйича иккиламчи бозордаги битимлар фақат қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорда тузилади, акциядорларнинг талабига кўра акциядорлик жамияти томонидан ўз акцияларини сотиб олиш бўйича битимлар бундан мустасно.

Инвестор умумий қиймати мазкур акциядорлик жамияти устав капиталининг йигирма ва ундан кўп фоизини ташкил қиладиган акциядорлик жамияти акциялари пакетининг бир ёки бир нечта битимлар тузиш натижасида мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда сотиб олганлиги ҳақидаги ахборотни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда ошкор қилиши шарт";


г) қуйидаги мазмундаги 5-1-банд қўшилсин:

"5-1. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси инвесторлардан сотишга қўйиладиган қимматли қоғозларни олдиндан баҳолашнинг ўтказилишини талаб қилишга, агар бундай талаб қонунчиликда белгиланмаган бўлса, шунингдек қимматли қоғозларни уларнинг номинал қийматидан паст нархда сотишни тақиқлашга ҳақли эмас";


д) 14-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


е) 20-1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"20-1. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари, Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар билан битимлар тузишда рўйхатдан ўтказувчилар бўлган қимматли қоғозлар бозорининг бошқа профессионал иштирокчилари, агар битимларни тузишда қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилганлигини аниқлашган бўлса, қимматли қоғозлар билан битимларни рўйхатдан ўтказишни рад этишлари шарт";


ж) 22-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


з) 25-банднинг биринчи жумласидан кейин "электрон шаклда тузилган битимлар бундан мустасно" сўзлари қўшилсин;


и) 25-1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"25-1. Депозитарий:

қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чекловни фақат тегишли давлат органининг ёзма талабномаси мавжуд бўлган тақдирдагина қўяди, ёзма талабномада қимматли қоғозлар эгасининг номи (исми), унинг идентификациялаш маълумотлари, қўйилган чеклашнинг амал қилиш муддати, шунингдек чекловни қўйиш учун асос мавжуд бўлиши керак;

икки иш куни мобайнида тегишли давлат органини қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйиш бўйича талабларни бажариш мумкин эмаслиги тўғрисида тегишли давлат органини ёзма равишда хабардор қилиши шарт, агар давлат органи талабномасида ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган ахборот мавжуд бўлмаса;

қимматли қоғозлар эгасини унга тегишли бўлган қимматли қоғозларни бегоналаштиришга чеклов қўйилганлиги тўғрисида чеклаш белгиланган (қўйилган) вақтдан бошлаб икки иш куни мобайнида хабардор қилиши шарт".


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш марказининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида" 1996 йил 30 мартдаги 126-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1996 й., 3-сон, 11-модда):


а) қарорнинг номидаги, 3-бандининг биринчи хатбошидаги ва 4-бандидаги "Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш" сўзлари "Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 3-илованинг номидаги ва 1-бандидаги "Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш" сўзлари "Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO)га кириши тўғрисида" 1998 йил 12 январдаги 16-сон қарорида:


а) 2-банддаги "Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш" сўзлари "Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"4. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси хусусийлаштиришдан тушадиган миллий валютадаги маблағларнинг Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти томонидан белгиланадиган аъзолик бадалларини ҳамда Комиссия томонидан ўтказиладиган тадбирларда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг бўлиши ва қатнашиши билан боғлиқ бошқа харажатларни тўлаш учун ажратилишини таъминласин".


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 10-сон, 77-модда) билан тасдиқланган Давлатга тегишли акциялар пакетларини (улушларни) ишончли бошқарувга бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди тўртинчи хатбошидаги "акциялар пакетларини" сўзларидан кейин "шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг депо ҳисоб рақамларидаги давлат акция пакетларини" сўзлари қўшилсин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 7 июль, 27-сон, 329-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 7-сон, 67-модда