язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижорат ташкилотлари/ Акциядорлик жамияти. Холдинглар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.09.2006 й. ПҚ-475-сон "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.09.2006 й.

N ПҚ-475



ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР

БОЗОРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, унинг ошкоралиги ва барқарор фаолиятини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан инвестициялар жалб этилишини фаоллаштириш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги акциядорлик компаниялари ҳамда фонд тузилмалари билан биргаликда ишлаб чиққан 2006-2007 йилларда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш дастури иловага* мувофиқ маъқуллансин, унда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилади:

корхоналарни тўлиқ давлат тасарруфидан чиқариш ва янги акциядорлик жамиятлари тузиш ҳисобига қимматли қоғозлар бирламчи бозорини янада ривожлантириш;

қимматли қоғозлар иккиламчи бозори миқёсларини жадал ривожлантириш ва кенгайтириш;

фонд бозорининг замонавий инфратузилмасини шакллантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш;

қимматли қоғозлар бозори учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишни яхшилаш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ижро этувчи вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Дастурдаги чора-тадбирлар белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилишини таъминласин.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, бунда корпоратив облигациялар чиқариш фақат тижорат банклари, шунингдек қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари томонидан амалга оширилади:

облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган кунга аудитор ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланган ўз шахсий капитали миқдори доирасида;

кейинги уч йил ичида рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидлик жиҳатидан ижобий кўрсаткичларга эга бўлган, аудитор ташкилотининг хулосалари билан тасдиқланган, шунингдек мустақил рейтинг баҳосини олган ОАЖлар;

эмитентлар томонидан инвесторларга тегишли маблағларни тўлаш бўйича тўлов агентлари вазифасини бажарувчи тижорат банкларининг иштирокида амалга оширилади.


3. Қуйидагилар белгилансин:

акциядорлик жамиятининг ҳар йилги бизнес-режаси келгуси молия йилининг 1 декабридан кечиктирмай кузатувчи кенгаш мажлисида маъқулланиши лозим;

акциядорлик жамиятларининг кузатувчи кенгашлари қонунда белгиланган корпоратив бошқарув нормаларига риоя этиш бўйича акциядорларнинг умумий йиғилишларида ҳар йили ҳисобот берадилар;

активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан кўп бўлган корхоналарда, активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг каррасидан кўпроқ бўлган акциядорлик жамиятларида эса ички аудит хизматлари ташкил этилади, мазкур хизматлар кузатув кенгашлари томонидан тайинланади ва уларга ҳисобот беради.

4. Солиқ кодексида белгиланган тартибнинг амал қилиши депозитарий хизматлари ва қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш хизматларига татбиқ этилсин, унга мувофиқ қимматли қоғозлар айланиши бўйича операциялар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.


5. Белгилансинки, 2006 йилнинг 1 октябридан бошлаб:

ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасини устав капиталини оширишга йўналтиришда акциядорлар қўшимча акцияларнинг қиймати ёки акцияларнинг номинал қийматини кўпайтириш тарзида олган даромадлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;

қимматли қоғозлар бозорида брокерлик (воситачилик) фаолиятини амалга оширувчи микрофирма ва кичик корхоналар ялпи даромаднинг 13 фоизи миқдоридаги ставка бўйича ягона солиқ тўлови тўлайдилар.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда 2007 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қимматли қоғозлар бозори бўйича амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини халқаро стандартларга мувофиқ унификациялаш ва такомиллаштириш назарда тутилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳужжатлари мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 39-сон, 387-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 9-сон, 533-модда.