язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс/ Экспорт қилувчи корхоналарнинг тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобига айланма маблағларни тўлдириш учун имтиёзли кредитлар олиш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 08.06.2009 й. 156-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 8 июндаги

156-сон қарорига

2-ИЛОВА



Экспорт қилувчи корхоналарнинг тижорат

банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган

маблағлари ҳисобига айланма маблағларни

тўлдириш учун имтиёзли кредитлар олиш юзасидан

мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Вақтинчалик низом тижорат банклари томонидан ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобига (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларига мувофиқ банкларнинг капиталлашувини ошириш учун ажратилган мақсадли маблағлар бундан мустасно) экспорт қилувчи корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларини кўриб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Вақтинчалик низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ишчи гуруҳ - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги ПФ-4058-сон Фармони билан ташкил этилган Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастурини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш бўйича Ишчи гуруҳ;

Кичик гуруҳ - Экспорт қилувчи корхоналарнинг тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобига айланма маблағларни тўлдириш учун имтиёзли кредитлар олиш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича кичик гуруҳ;

кредит маблағлари - Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 70 фоизидан ортиқ бўлмаган ставка бўйича имтиёзли асосда бериладиган тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобига (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларига мувофиқ банкларнинг капиталлашувини ошириш учун ажратилган мақсадли маблағлар бундан мустасно) шаклланадиган маблағлари;

Ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги;

экспорт қилувчи корхона - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган, ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилаётган ёки экспорт қилишни назарда тутаётган корхона;

банк - экспорт қилувчи корхонага кредит берадиган тижорат банки.


3. Кредит маблағлари ажратиш, қоидага кўра, кредитни 12 ойгача бериш муддати билан амалга оширилади.

Ушбу Вақтинчалик низом талабларига мувофиқ бўлмаган экспорт қилувчи корхоналарга кредитлар ажратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банкларнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.



II. КИЧИК ГУРУҲНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Юкланган вазифаларни бажариш доирасида Кичик гуруҳ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан экспорт қилувчи корхоналарнинг кредит ҳужжатлари белгиланган муддатларда ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилиш;

экспорт қилувчи корхоналарнинг кредит маблағлари олиш бўйича ҳужжатларини кўриб чиқиш;

банкларнинг кредит фаоллигини кенгайтиришга ва экспорт қилувчи корхоналарнинг кредит маблағлари олишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Тақдим этилган ҳужжатларни тезкорлик билан ва сифатли кўриб чиқиш, шунингдек Кичик гуруҳнинг мажлислари ўтказилишини ўз вақтида ташкил этиш учун Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг буйруғи асосида вазирликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва малакали мутахассисларидан Ишчи орган шакллантирилади. Ишчи органга Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг сўрови асосида бошқа вазирликлар ва идоралардан мутахассислар жалб қилиниши мумкин.



III. ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИ

КОРХОНАЛАРГА КРЕДИТ

МАБЛАҒЛАРИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


5. Кредит маблағлари банклар томонидан кейинчалик қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилиш учун хом ашё ва материаллар харид қилиш, шунингдек аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида экспорт қилувчи корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади.


6. Экспорт қилувчи корхона кредит маблағлари олиш учун Ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

кредит маблағлари олиш учун ариза;

ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш учун мўлжалланаётган харидорлар билан тузилган шартномаларнинг нусхалари;

кредит олишнинг мақсадлари ва фойдаланиш йўналишлари, шунингдек мўлжалланаётган сумма, кредитнинг муддати ва фоиз ставкаси, пул маблағларининг прогноз оқими, товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишга буюртмалар портфелининг тузилиши ва уларни сотиш бозорлари, шунингдек кредитнинг ўзлаштирилиши ва қайтарилишига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилган бизнес-режа;

экспорт қилувчи корхона фаолият кўрсатиши даврида, бироқ охирги 3 йилдан ортиқ бўлмаган даврда экспорт қилувчи корхонанинг молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган бухгалтерия баланси (1-шакл), молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл), дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисида маълумотнома (2а-шакл);

кредит бўйича мўлжалланаётган таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар (мол-мулк гарови, кафолатлар, кафиллик, суғурта полиси ва бошқалар);

экспорт қилувчи корхонанинг бошқарув органлари томонидан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан маъқулланган маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархини, ишлаб чиқаришнинг материаллар сиғими ва энергия сиғимини камайтириш, ишлаб чиқаришнинг рентабеллилиги ва фойда келтирувчанлигини ошириш, молиявий оқимларни бошқаришни такомиллаштириш ва ортиқча штат бирликларини қисқартириш бўйича молиявий режа, шунингдек ушбу молиявий режани амалга ошириш тўғрисидаги маълумотлар, янгидан ташкил этилаётган корхоналар ва/ёки ишлаб чиқаришлар бундан мустасно.


7. Кичик гуруҳ тақдим этилган ҳужжатларни 2 кун мобайнида уларнинг ушбу Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади ва улар мувофиқ бўлмаган тақдирда, Кичик гуруҳ аъзолари ва банкка юборади.


8. Кичик гуруҳ аъзолари тақдим этилган ҳужжатларни бир ҳафта муддатда кўриб чиқади ва Ишчи органга қуйидаги мезонларга эътиборни қаратган ҳолда ўз хулосаларини тақдим этади:

ишлаб чиқариладиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишнинг ташқи бозорлари конъюнктураси ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда экспорт қилувчи корхонани ва тармоқни янада ривожлантириш истиқболлари;

тармоқда экспорт қилувчи корхонанинг аҳамияти, сотиш ҳажмларини кўпайтириш ва экспорт қилувчи корхоналар томонидан товарлар (ишлар, хизматлар)нинг янги турларини ўзлаштириш кўламлари;

жаҳон бозори конъюнктураси нуқтаи назаридан ишлаб чиқариш таклиф қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга сотиш истиқболларини, уни экспорт қилиш ҳажмини маркетинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар) улушининг мўлжалланаётган ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг камида 80 фоизи даражасида бўлишини таъминлаш;

маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар) таннархини пасайтириш, ишлаб чиқаришнинг рентабеллилиги ва фойда келтирувчанлигини ошириш бўйича молиявий режанинг бажарилиши, экспорт қилувчи корхонанинг молиявий аҳволи, бюджет олдида, банкларнинг кредитлари, коммунал хизматлар, иш ҳақи бўйича қарзлар мавжудлиги, шунингдек дебиторлик-кредиторлик қарздорлик таҳлили.


9. Ишчи орган Кичик гуруҳ аъзоларининг тегишли хулосалари олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида экспорт қилувчи корхонанинг ушбу Вақтинчалик низомнинг 5-банди талабларига мувофиқлиги (номувофиқлиги) тўғрисида қарор қабул қилиш учун Кичик гуруҳ мажлиси ўтказилишини ташкил этади.

Бунда Кичик гуруҳ мажлисига Кичик гуруҳ аъзоларига экспорт қилувчи корхонанинг кредит тарихи тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш ва тақдим этилган бизнес-режани кредит бериш мумкинлиги юзасидан таҳлил қилиш учун банкнинг вакиллари таклиф этилади.


10. Кичик гуруҳнинг қарори тегишли баённома билан расмийлаштирилади ва Ишчи орган томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда қонун ҳужжатларига ва банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ кредит маблағлари бериш тўғрисида қарор қабул қилиш учун бир кун муддатда банкка тақдим этилади.


11. Экспорт қилувчи корхоналарнинг буюртманомаларини кўриб чиқишда банк экспорт қилувчи корхонадан қонун ҳужжатларига ва банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ кредит қўмитаси (ёки Кенгаши)нинг қарорини қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни сўрашга ҳақлидир.


12. Банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) кредит бўйича ҳужжатлар банкка топширилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида тегишли қарор қабул қилади.


13. Банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши)нинг кредит маблағлари бериш тўғрисидаги ижобий қарори тегишли баённома билан расмийлаштирилади ҳамда экспорт қилувчи корхонага ва Ишчи органга юборилади.

Кредит маблағлари бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда банк бир кун муддатда экспорт қилувчи корхона билан кредит шартномаси тузади.


14. Банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши) томонидан кредит маблағлари бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк банкнинг кредит қўмитаси (ёки Кенгаши)нинг тегишли қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кеч бўлмаган муддатда рад этишнинг асосланган сабабларини кўрсатган ҳолда экспорт қилувчи корхонани ва Ишчи органни ёзма равишда хабардор қилади.



IV. КРЕДИТ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ МОНИТОРИНГИНИ

ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ


15. Банк қонун ҳужжатларига, кредит шартномасига ва банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ берилган кредит маблағларидан фойдаланилишининг мониторингини олиб боради.


16. Берилган кредитлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда банк кредитни тузилган кредит шартномасига мувофиқ корхонанинг банкдаги талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин ундириб олишга ҳақлидир.


17. Банк ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва Ишчи органга дастлаб берилган кредит суммасини, кредит бўйича қарз қолдиғини, ҳисобланган ва тўланган фоиз тўловлари суммасини, кредит маблағларидан мақсадли фойдаланганлик ва кредит мониторинги амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда экспорт қилувчи корхоналар бўйича ахборотни тақдим этади.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳар ойда Ишчи органга экспорт қилувчи корхоналар томонидан тузилган экспорт контрактлари натура ва қиймат ифодасида амалда бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни юборади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 24-сон, 271-модда.