ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Квоталаш ва лицензиялаш. Товарларни сертификатлаштириш. Экспорт назорати /

Ўзбекистон Республикасининг 26.08.2004 й. 658-II-сон "Экспорт назорати тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.08.2004 й.

N 658-II



ЭКСПОРТ НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

ва асосий вазифалари


Ушбу Қонуннинг мақсади экспорт назорати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари экспорт назоратини амалга ошириш орқали Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ялпи қирғин қуроли ва бошқа турдаги қурол-яроғларни тарқатмаслик соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлашдан иборат.



2-модда. Экспорт назорати тўғрисидаги қонунчилик

Экспорт назорати тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг экспорт назорати тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Экспорт назорати


Экспорт назорати Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан экспорт назорати объектларини олиб чиқишнинг (бундан буён матнда экспорт назорати объектларини олиб чиқиш деб юритилади) экспорт назорати тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартиби юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланишига қаратилган барча чора-тадбирлардан иборат бўлади.


4-модда. Экспорт назорати объектлари


Ўз хосса ҳамда хусусиятларига кўра ялпи қирғин қуролини (ядровий, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қурол) ҳамда уни етказиб бериш воситаларини (ракеталар ва ялпи қирғин қуролини етказиб беришга қодир бошқа техника воситаларини), бошқа турдаги қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникани яратишда муҳим ҳисса қўшиши мумкин бўлган, экспорт назорати объектлари рўйхатларида кўрсатилган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари экспорт назорати объектларидир.

Экспорт назорати объектларининг рўйхатлари белгиланган тартибда эълон қилиниши керак.


5-модда. Экспорт назоратини амалга

оширишнинг асосий принциплари


Экспорт назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси хавфсизлиги манфаатларининг устуворлиги;

Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг виждонан бажарилиши;

экспорт назорати масалаларига доир ахборотнинг ошкоралиги ва барча учун очиқлиги.



6-модда. Экспорт назоратини

амалга ошириш усуллари


Экспорт назоратини амалга оширишнинг усуллари қуйидагилардан иборат:

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш тартибини белгилаш;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартиби устидан назорат ўтказиш;

ички назорат ўтказиш;

экспорт назорати соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

экспорт назорати соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

экспорт назорати соҳасида давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;

экспорт назорати объектлари рўйхатларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида экспорт назорати объектларининг олиб чиқилишига, шу жумладан айрим чет давлатларга олиб чиқилишига нисбатан чеклашлар ва тақиқлар жорий этади;

ички назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8-модда. Экспорт назорати соҳасидаги

ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги экспорт назорати соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади).

Ваколатли орган:

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома беради;

экспорт назорати соҳасида давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларни хабардор қилиш ишларини ташкил этади;

экспорт назоратини амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотни талаб қилиб олади;

чет давлатнинг экспорт назорати объектларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида баён этилган мақсадларда фойдаланилишига тааллуқли ёзма мажбурият беради;

экспорт назорати тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


9-модда. Экспорт назорати объектларини

олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартиби


Экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолларда, экспорт назорати объектларини олиб чиқиш экспорт назорати объектларини олувчи чет давлатнинг ва (ёки) чет давлат юридик ҳамда жисмоний шахсларининг мазкур объектлардан ялпи қирғин қуролини ҳамда уни етказиб бериш воситаларини, бошқа турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани яратиш мақсадида фойдаланилмаслиги тўғрисида ёзма мажбурияти бўлган тақдирда амалга оширилади.

Ваколатли орган, қонунчиликда белгиланган ҳолларда, экспорт назорати объектларини олиб чиқишга рухсатнома бераётганда қўшимча талаблар қўйиши мумкин.

Ялпи қирғин қуролини ишлаб чиқаришда компонентлар сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ядровий, кимёвий ва бактериологик (биологик) материалларни, шу жумладан ўта хавфли инфекцияларнинг патогенлари ва штаммларини олиб чиқиш қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан келишувга биноан амалга оширилади.


10-модда. Экспорт назорати объектларини

олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш

тартиби устидан назорат


Экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартиби устидан назорат:

экспорт назорати объектларини олиб чиқишни амалга оширишда божхона назоратини;

олиб чиқилаётган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар, хизматлар, интеллектуал фаолият натижаларининг экспорт назорати объектлари рўйхатларига киритилган экспорт назорати объектларига мувофиқлигини аниқлашни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолларда, олиб чиқилаётган экспорт назорати объектларидан ялпи қирғин қуролини ҳамда уни етказиб бериш воситаларини, бошқа турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани яратиш мақсадида фойдаланилмаслиги тўғрисида ёзма мажбурият олишни;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш мониторингини;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳоллари тўғрисида ахборот тўплаш ҳамда бундай ахборотларни текширишни;

экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллашни ўз ичига олади.


11-модда. Ички назорат


Ички назорат экспорт назорати объектларини олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш тартибига риоя этишнинг юридик шахслар томонидан белгиланган барча чора-тадбирларидан иборат бўлади.

Экспорт назорати объектларини олиб чиқувчи юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти ҳамда хавфсизлигини сақлаш соҳасида давлат эҳтиёжларини таъминлаш бўйича илмий ва (ёки) ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар учун ички назорат ўтказиш мажбурийдир.



12-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг

экспорт назорати объектларини олиб

чиқишдаги мажбуриятлари


Экспорт назорати объектларини олиб чиқувчи юридик ва жисмоний шахслар:

экспорт назорати объектларини олиб чиқишга рухсатнома олиши;

экспорт назоратини амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ваколатли орган ҳамда бошқа давлат органларининг талабига биноан тақдим этиши;

агар экспорт назорати объектлари рўйхатларига киритилмаган товарлар, асбоб-ускуналар, илмий-техника ахбороти, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари олиб чиқилаётган бўлса, улардан ялпи қирғин қуролини ҳамда уни етказиб бериш воситаларини, бошқа турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани яратиш учун фойдаланиш эҳтимоли тўғрисида маълумотлар мавжудлигидан ваколатли органни хабардор қилиши шарт.

Экспорт назорати объектларини олиб чиқишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар экспорт назорати объектларини олиб чиқишга рухсатнома олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг тўғрилигига жавобгардирлар.



13-модда. Экспорт назорати

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик


Экспорт назорати соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


14-модда. Экспорт назоратини амалга ошириш

учун тақдим этилган ахборотдан фойдаланиш


Экспорт назоратини амалга ошириш учун давлат органларига тақдим этилган ахборотдан фақат экспорт назорати мақсадида фойдаланилади.



15-модда. Низоларни ҳал қилиш


Экспорт назорати соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


16-модда. Экспорт назорати тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Экспорт назорати тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 37-сон, 406-модда.































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск