язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.08.2011 й. 232-сон "Халқаро савдо-кўргазма комплекси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.08.2011 й.

N 232


ХАЛҚАРО САВДО-КЎРГАЗМА КОМПЛЕКСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Халқаро савдо-кўргазма комплекси айрим объектларининг самарали фаолиятини таъминлаш ва уларни бошқариш, шунингдек "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти фаолияти соҳасини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат мулки қўмитасининг "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятининг қўшимча жойлаштириладиган акцияларини давлат томонидан сотиб олиш ҳисобига "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти устав фондига қуйидаги объектларни бозор қиймати бўйича белгиланган тартибда бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

Тошкент шаҳар, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-уйда жойлашган "Халқаро савдо-кўргазма комплекси ҳузуридаги Савдо маркази"нинг мулкий комплекси;

Тошкент шаҳар, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-А-уйда жойлашган "Uzincomcenter" ахборот маркази"нинг мулкий комплекси;

Халқаро савдо-кўргазма комплексининг Марказий майдони мулки;

"Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти биносига туташ ҳудудда жойлашган ободонлаштириш мулки ва объектлари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг "Чимган" ҳудудидаги дам олиш зонаси (кейинги ўринларда дам олиш зонаси деб аталади).

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятининг устав фондидаги давлат улуши бўйича давлат томонидан акциядор ҳисобланади.


2. "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти:

бир ой муддатда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектларнинг бозор қийматини баҳолашни белгиланган тартибда амалга оширсин;

"Uzincomcenter" Ахборот маркази"нинг мулкий комплекси ва дам олиш зонаси эҳтиёжлари учун "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятига йўналтирилган капитал қўйилмаларни ҳисобга олмасдан, ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектларнинг бозор қиймати суммаси миқдорида қўшимча акциялар чиқарсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Давлат мулки қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектларнинг "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти устав фондига белгиланган тартибда берилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятига ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектларга мулкчилик ҳуқуқи тўғрисидаги давлат ордери расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишини белгиланган тартибда амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки "Ozmarkazimpeks" ДАТСК, "Ozinterimpeks" ДАТСК, "Uzprommashimpeks" давлат-акциядорлик компанияси, "Interservis" РХҲТСБ давлат корхонаси, "Markazsanoatexport" ДАТСК билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектлар (дам олиш зонасидан ташқари) қурилишига йўналтирилган "Туркэксимбанк" кредитини тўлаш учун амалда бажарилган тўловларни таққослаб чиқсинлар.


7. Белгилаб қўйилсинки:

амалга оширилган таққослаш натижалари бўйича "Ozmarkazimpeks" ДАТСК, "Ozinterimpeks" ДАТСК, "Uzprommashimpeks" давлат-акциядорлик компанияси, "Interservis" РХҲТСБ давлат корхонаси, "Markazsanoatexport" ДАТСКга "Туркэксимбанк" кредитини, шу жумладан ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган объектлар (дам олиш зонасидан ташқари) қурилиши бўйича фоизлар ва пеняларни тўлашга йўналтирилган сумма "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти устав фондидаги давлатга тегишли акцияларнинг бир қисмини бериш ҳисобига қопланади;

"Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилган "Uzincomcenter" Ахборот маркази" ва дам олиш зонаси мулкий комплексини сақлашга ва ундан фойдаланишга, улар устав фондига ўтказиладиган вақтгача қилинган харажатлар "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятининг молиявий натижаларига уч йил мобайнида тенг миқдорда киритилади;

"Uzincomcenter" Ахборот маркази" ва дам олиш зонаси мулкий комплексига ишончли бошқарувчи сифатида "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти томонидан, улар "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятининг устав фондига ўтказиладиган вақтгача амалга оширилган капитал қўйилмалар ушбу объектларнинг баланс қийматига қўшилади;

Халқаро савдо-кўргазма комплекси ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва объектлар хавфсизлигини таъминлаш ("Ўзэкспомарказ" МКК очиқ акциядорлик жамияти объектларидан ташқари), шунингдек Халқаро савдо-кўргазма комплексининг Марказий майдонидан фойдаланиш ва уни сақлаш харажатлари тенг улушларда "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти ва "Interservis" РХҲТСБ давлат корхонаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


8. "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятига берилган объектлардан самарали фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини таъминлаш учун "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамиятининг маъмурий-бошқарув ходимлари сони 16 та штат бирлигига кўпайтирилсин.


9. "Xalqaro Нamkorlik Markazi" очиқ акциядорлик жамияти чиқарилган акцияларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғимни тўлашдан ва чиқарилаётган акцияларни Марказий депозитарийга ҳисобга қўйиш бўйича хизматлар учун тўловдан озод қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 11 августдаги

232-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган қарорлари


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Халқаро савдо-кўргазма комплексидаги Савдо марказидан фойдаланиш масалалари тўғрисида" 1999 йил 29 январдаги 42-сон қарори.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент шаҳридаги Халқаро савдо-кўргазма комплекси ҳудудида жамоат тартибини ва объектлар хавфсизлигини қўриқлашни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1999 йил 10 майдаги 231-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбоши.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Халқаро савдо-кўргазма комплексининг Бизнес-маркази биносидан фойдаланиш масалалари тўғрисида" 2000 йил 20 апрелдаги 156-сон қарорининг 2 ва 4-бандлари ва қарорга 1-илова.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 20 июндаги 329-ф-сон фармойишининг 2-банди.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2003 йил 14 январдаги 17-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон, 7-модда) 1-илованинг 15-банди.