язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банк операциялари/ Банкларнинг қимматбаҳо қоғозлар билан операциялари/ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатлари тўғрисида Низом (АВ томонидан 23.09.2008 й. 1858-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 14.08.2008 й. 17/3-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 23 сентябрда 1858-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банк Бошқарувининг

2008 йил 14 августдаги

17/3-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

депозит сертификатлари тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатларини чиқариш, жойлаштириш, уларнинг муомалада бўлиш ва ҳақини тўлаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан кейинги ўринларда Марказий банк деб юритилади) депозит сертификатлари пул массасини тартибга солиш мақсадида чиқарилади.


2. Марказий банкнинг депозит сертификати (бундан кейинги ўринларда Депозит сертификати деб юритилади) - Марказий банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (Депозит сертификати сақловчининг) омонат суммасини ҳамда Депозит сертификатида шартлашилган фоизларни белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз.


3. Марказий банк ўз номидан ва ўз ҳисобидан Депозит сертификатларини чиқаради, жойлаштиради ва ҳақини тўлашни амалга оширади.


4. Бир дона Депозит сертификатининг номинал баҳоси 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади.

Депозит сертификатини олиш учун омонатлар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида қўйилади.


5. Депозит сертификатлари бир йилгача муомалада бўлган муддатга чиқарилади.


6. Депозит сертификатлари эгалари Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тижорат банклари ва бошқа юридик шахслар бўлиши мумкин.


7. Депозит сертификатлари ҳужжатсиз шаклда чиқарилади. Депозит сертификати товарлар олди-сотдиси ёки кўрсатилган хизматлар (ишлар) учун амалга оширилганда ҳисоб-китоб ёки тўлов воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.


8. Депозит сертификатларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳисоби қонун ҳужжатларига мувофиқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ёки инвестиция воситачиларида юритилади.

9. Депозит сертификати бошқа шахсга ўтказилиши мумкин. Депозит сертификатлари бўйича ҳуқуқлардан воз кечиш шартнома билан расмийлаштирилади.



II. ДЕПОЗИТ СЕРТИФИКАТЛАРИНИ

ЧИҚАРИШ, ЖОЙЛАШТИРИШ ВА УЛАРНИНГ

МУОМАЛАДА БЎЛИШ ШАРТЛАРИ


10. Депозит сертификатларини чиқариш шартлари ва параметрлари Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланади.


11. Депозит сертификатларига бўлган ҳуқуқ эгалик қилувчининг депо ҳисобварағи бўйича тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган ва пул маблағлари Марказий банк ҳисобварағига келиб тушган пайтдан эътиборан вужудга келади.


12. Депозит сертификати эгаси уни муддатидан олдин ҳақини тўлашга тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолда Депозит сертификатини чиқариш шартлари ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, Депозит сертификати бўйича фоизлар талаб қилиб олингунча депозитлар учун белгиланган шартларда тўланади.


13. Агар, Депозит сертификати бўйича омонатни олиш муддати унинг сақловчиси томонидан ўтказиб юборилса, бундай Депозит сертификати талаб қилиб олинадиган ҳужжат ҳисобланади ва Марказий банк Депозит сертификати эгасининг биринчи талаби бўйича омонат суммаси ва фоизларни тўлаш мажбуриятини олади. Бунда ўтказиб юборилган муддат учун, агар Депозит сертификатини чиқариш шартлари ёки олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фоизлар талаб қилиб олингунча депозитлар учун белгиланган шартларда ҳисобланади.



III. ДЕПОЗИТ СЕРТИФИКАТЛАРИНИНГ

ҲАҚИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


14. Депозит сертификатининг ҳақини тўлаш муддати келганда мазкур Депозит сертификатига эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжат (депо ҳисобварағидан кўчирма) ҳамда Депозит сертификати суммаси ва у бўйича фоизларнинг ўтказилиши лозим бўлган ҳисобварақ кўрсатилган талабнома тақдим этилганда Марказий банк тўловни амалга оширади.

15. Муддатидан олдин Депозит сертификатининг ҳақи тўланаётганда пул маблағлари муддатидан олдин Депозит сертификатининг ҳақини тўлаш тўғрисидаги ариза тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида Депозит сертификати эгасининг ҳисобварағига ўтказилади.



IV. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ


16. Депозит сертификатлари билан операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби Марказий банкда 22100 - "Олинган кредит, заём ва векселлар" баланс ҳисобварағида амалга оширилади. Депозит сертификатларининг аналитик ҳисоби уларнинг турлари ва чиқарилишлари бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 39-сон, 397-модда.