язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, давлат бошқа органлари, ташкилотлари ва корхоналарнинг чет эллардаги ваколатхоналари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 24.03.2000 й. 102-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 24 мартдаги

102-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси вазирликлари,

идоралари, давлат бошқа органлари,

ташкилотлари ва корхоналарнинг чет

эллардаги ваколатхоналари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, давлат бошқа органлари ташкилотлари, корхоналари (кейинги ўринларда муассис аталади) хорижий давлатларда ваколатхоналар, бош ваколатхоналар ёки минтақавий ваколатхоналар (кейинги ўринларда  ваколатхона деб аталади) очишлари мумкин.

Ваколатхона Ўзбекистон Республикасининг ваколатхона ўзининг таклифига биноан таъсис этилган вазирлиги, идораси, давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонаси тизимига киради.

Чет эллардаги ваколатхона мустақил ваколатхона сифатида таъсис этилади ёхуд бош ёки минтақавий ваколатхона таркибига киради.

Бош ваколатхона Ўзбекистон Республикаси вазирлиги, идорасининг ёки давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонасининг икки ёки ундан кўпроқ ваколатхонаси бўлган давлатда, шунингдек, уларнинг юқори даражадаги манфаатлари уни талаб қиладиган давлатларда таъсис этилиши мумкин.

Чет эллардаги минтақавий ваколатхона иқтисодий ва жуғрофий белгилари бўйича ўзаро боғлиқ давлатлар гуруҳи учун таъсис этилади.

Ваколатхона очиш учун розилик, кейинчалик уни ҳисобига қўйиш шарти билан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан берилади. (ЎзР ВМ 08.09.2005 й. 206-сон Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)


2. Ваколатхона ўзи жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.


3. Ваколатхона ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, ушбу Низомга, ваколатхонанинг таъсис ҳужжатларига, шунингдек, ўзи жойлашган давлат қонунчилигига амал қилади.


4. Ваколатхона ходимлари сони Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлиги, идораси, давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонаси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ваколатхона жойлашган давлатдаги мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган белгиланади.


5. Ваколатхоналарда сиёсий партиялар тузилмалари, диний ва жамоат бирлашмалари ташкил этилиши эмас, касаба уюшмалари бундан мустасно.


6. Ваколатхона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳудудида ваколатхона фаолият кўрсатаётган давлатнинг қонунлари ва меъёрий ҳужжатларига риоя этишга, анъана ва урф-одатларини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.


7. Ваколатхона ходимларининг ва улар оиласи аъзоларининг шахсий манфаати кўзлаб тадбиркорлик ёки тижорат фаолияти билан шуғулланишлари тақиқланади.



II. ВАКОЛАТХОНА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Чет эллардаги ваколатхоналар:

ҳамкорлик шаклларини ривожлантириш, чуқурлаштириш ва такомиллаштириш имкониятларини қидириб топиш;

савдо, иқтисодиёт, молия, фан ва техника, транспорт, туризм, маданият соҳасидаги ва бошқа соҳалардаги, ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни амалга оширишга самарали кўмаклаштириш;

савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда иқтисодий, тижорат ва илмий-техника ахборотлари алмашишни кенгайтириш;

мамлакатимиз товарларининг хорижий бозорларга кириб бориши, шу жумладан, конференциялар, кўргазмалар, кўчма ярмаркалар ва реклама ўтказиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш;

тижорат битишувлари ва бошқа шартномалар бажарилишини таъминлаш;

машиналар, асбоб-ускуналар, товарлар ва хизматлар экспорти ва импортини ривожлантиришга самарали кўмаклашиш, уларга техника хизматлари кўрсатиш, жаҳон техникасининг энг янги ютуқлари билан таништириш мақсадида очилади.

Ваколатхонанинг асосий вазифалари, функциялари, тузилмаси ва фаолиятини ташкил этиш уларнинг таъсис ҳужжатларига ҳамда муассиснинг хусусиятларига мувофиқ белгиланади.


9. Ўзбекистон Респубилкасининг дипломатик ваколатхоналари ва консулик муассасалари ўзлари жойлашган давлатдаги ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштириб борадилар. Ваколатхона дипломатик ваколатхоналарни ва консуллик муассасаларини ўз фаолияти тўғрисида хабардор қилиб туради ва уларга ўз функцияларини амалга оширишда кўмаклашади.

Ваколатхона бошлиғи дипломатик  ваколатхонани ёки консуллик муассасани муассислар томонидан назарда тутилган чет элларда юриш-туриш қоидалари ваколатхона ходимлари томонидан бузилишининг барча ҳоллари тўғрисида мажбурий таркибда хабардор қилиб туриши керак.

Ваколатхона жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бўлмаган тақдирда ваколатхона олдиндан келишиб олган ҳолда вазирликлар, идоралар, давлат бошқа органларининг ваколатхона жойлашган давлатга хизмат сафарига келишган мансабдор шахсларига, делегацияларига, мутахассислар гуруҳларига ёрдам кўрсатадилар.



III. ВАКОЛАТХОНАГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


10. Минтақавий ваколатхонани минтақавий вакил, бош ваколатхонани  бош вакил, ваколатхонани  муассис вакили бошқаради.

Минтақавий вакил, бош вакил ва вакил бевосита Ўзбекистон Республикаси вазирлиги, идораси, давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонаси раҳбарига бўйсунади ва улар томонидан берилган ишончнома асосида фаолият кўрсатади.


11. Ваколатхона бошлиғи ва ваколатхона ходимлари лавозим вазифаларининг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


12. Ваколатхона ишлари ваколахона раҳбари томонидан тузиладиган ва муассис тасдиқлайдиган режалар асосида олиб борилади.



IV. ВАКОЛАТХОНА БОШЛИҒИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ


13. Ваколатхона бошлиғи ўз фаолиятини ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади ва у қуйидаги ҳуқуқларига эга:

ваколатхона жойлашган давлат идоралари ва бошқа ташкилотлари олдида муассиснинг расмий вакили сифатида иш кўриш, ушбу ташкилотларнинг раҳбар шахслари билан бевосита алоқалар ўрнатиш;

ваколатхона жойлашган давлатдаги ваколатхонага унга юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда раҳбарлик қилиш;

муассис номидан ваколатхона жойлашган давлатдаги ташкилотлар билан ўз ваколатлари доирасида шартномалар ва контрактлар тузиш;

ваколатхонанинг пул маблағларини, ўз номига берилган ишончномага биноан, тасдиқланаган смета доирасида, тасарруф этиш;

йил чораги режаларини ваколатхона учун тасдиқланган йиллик режалар доирасида, бу тўғрида юқори турувчи вакилни ва муассисни хабардор қилган ҳолда, ўзгартириш;

ваколатхонага тегишли ёки ўзи ижарага олган мол-мулкни муассис билан келишган ҳолда суғурта қилиш;

белгиланган смета доирасида, муассис билан келишган ҳолда, ваколатхона ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;

муассис билан келишган ҳолда Ўзбекистон Респубилкаси фуқаролари билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган шахслар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

ваколатхона учун ишлаб чиқариш биноларини ва ваколатхона ходимлари учун уй-жойларни ижарага олиш юзасидан шартномалар тузиш;

ваколатхона ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг ва ваколатхона жойлашган давлатнинг меҳнат қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш.

Ваколатхонанинг таъсис ҳужжатларида, муассис фаолияти хусусиятларига мувофиқ, ваколатхона бошлиғи учун қўшимча ҳуқуқлар назарда тутилиши мумкин.



V. ВАКОЛАТХОНА БОШЛИҒИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Ваколатхона бошлиғи қуйидагиларга мажбур:

ваколатхона фаолиятининг юқори рентабеллигини ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

муассисга ваколатхона ишларини режалаштириш ва ташкил этиш, шунингдек, ишлаб чиқариш  молия фаолияти истиқбол режалари бўйича таклифлар киритиш;

ваколатхона барча ходимларининг тайёргарлиги юқори даражада бўлишини, уларнинг малакасини доимий равишда оширишни таъминлаш;

ваколатхона биноларини иғвогарона ва террористик ҳодисаларидан муҳофаза қилиш юзасидан ташкилий тадбирларни амалга ошириш, ваколатхона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур чора-тадбирларни кўриш;

ваколатхона жамоасида соғлом маънавий муҳитни таъминлаш, ваколатхона ходимларининг ва улар оила аъзоларининг саломатлиги, турмуши, маданий ҳордиғи ва таълим олиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш;

ваколатхона биноларидан ваколатхона функцияларига зид бўлган мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик;

муассисга белгиланган тартибда ваколатхонанинг ишлаб чиқариш-молия ва тижорат фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.

Ваколатхонанинг таъсис ҳужжатларида ваколатхона бошлиғи учун муассис фаолияти хусусиятига мувофиқ равишда қўшимча мажбуриятлар назарда тутилиши мумкин.



VI. ВАКОЛАТХОНА БОШЛИҒИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


15. Ваколатхона бошлиғи:

муассиснинг халқаро фаолияти ва ташқи алоқаларини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида унга юкланган вазифаларнинг зарур даражада бажарилишини;

умуман ваколатхона тўғрисидаги Низомга риоя этилиши;

муассис томонидан белгиланган ишлаб чиқариш-молия режалари ва топшириқларининг бажарилиши;

режа ва молия интизомининг, ҳисоб ва ҳисоботнинг аҳволи, муассаснинг тегишли бўлимлари ва хизматларига ҳисобот ҳужжатларининг ўз вақтида топширилиши;

давлат, хизмат ва тижорат сирлари сақланишини таъминлаш;

ваколатхона ходимлари ва улар оила аъзоларининг хавфсизлигини, шунингдек, ваколатхона бинолари муҳофазасини таъминлаш бўйича тадбирларнинг ташкил этилиши ва амалга оширилиши;

ваколатхона ходимлари, уларнинг оила аъзолари, ваколатхона йўли билан келувчи делегациялар аъзолари ўртасидаги интизомнинг аҳволи, улар томонидан фуқароларнинг чет элларда юриш-туриши меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши;

ваколатхона йўли билан ваколатхона жойлашган давлатга келган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан содир бўлган барча воқеалар тўғрисида элчихона (консуллик) ва муассис номига йўлланган ахборотларнинг ишончлиги ва ўз вақтида топширилиши;

иш юритишнинг, ваколатхонага тегишли моддий бойликларни ҳисобга олиш ва сақлашнинг аҳволи учун жавоб беради.

Ваколатхонанинг таъсис ҳужжатларида ваколатхона бошлиғи учун муассис фаолияти хусусиятига мувофиқ равишда бошқа жавобгарликлар ҳам назарда тутилиши мумкин.



VII.ВАКОЛАТХОНАЛАР ХОДИМЛАРИНИ

ТАНЛАШ ТАРТИБИ, УЛАРНИНГ ЧЕТ

ЭЛЛАРДА БЎЛИШИ МУДДАТЛАРИ


16. Ваколатхона бошлиғи Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлиги идораси, давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонасининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ходимлари орасидан тайинланади.


17. Ваколатхонада ишлашга, муассис билан келишган ҳолда, контракт асосида, Ўзбекистон Респуьликасининг ваколатхона жойлашган давлат ҳудудида доимий яшовчи фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар қабул қилиниши мумкин.


18. Бошлиқлар ва ходимлар ваколатхона жойлашган давлатдаги тегишли ваколатхонада ишлаш учун, меҳнат шартномасини расмийлаштирган ҳолда, қоидага кўра:

минтақавий ваколатхоналар, бош ваколатхоналар, ваколатхоналар бошлиқлари  уч йилгача муддатга;

ваколатхонанинг штатдаги бошқа ходимлари  икки йилгача муддатга юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлиги, идораси, давлат бошқа органи, ташкилоти, корхонаси фаолияти хусусиятига кўра, меҳнат шартномаси билан белгиланган ишлаш муддати вакил ва штатдаги бошқа ходимлар учун кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин.

Ходимни ваколатхонадаги лавозимга кейинги тайинлаш орадан икки йил ўтгандан кейин амалга оширилиши мумкин. Ушбу муддат истисно ҳоллардагина бир йилгача қисқартирилиши мумкин.

Ваколатхона ходими эгаллаб турган лавозимидан:

Ваколатхона жойлашган давлатда унинг саломатлиги ўз функционал вазифаларини бажаришга тўсқинлик қиладиган даражада жиддий ёмонлашганда ва унинг оила аъзолари оғир касалланганда;

Унинг томонидан эгаллаб турган лавозимида бундан кейин қолишига зид бўлган қоида бузиш содир этилганда;

Ваколатхонанинг ички меҳнат тартибини муттасил бузганда;

Ўзбекистон Республикасининг ва ваколатхона жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда муддатидан олдин чақиртириб олиниши мумкин.

Ўзбекистон Ресбуликаси вазирликлари, идоралари, давлат бошқа органлари, ташкилотлари, корхоналари ўзларининг ички ҳужжатларида мутахассисларни чет элга юборишни навбатлаш тартибини ва уларни жўнатишни олдиндан келишиб олиш масалаларини янада аниқлаштирадилар.



VIII. ВАКОЛАТХОНА ФАОЛИЯТИ

УСТИДАН НАЗОРАТНИ ТАЪМИНЛАШ


19. Ваколатхона фаолиятини таъминлаш билан боғлик бўлган молиявий ва бошқа масалалар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлиги, идораси, давлат органи, ташкилоти, корхонаси меъёрий ҳужжатларига, шунингдек, ваколатхона жойлашган давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этади.


20. Ваколатхона фаолиятини назорат қилиш тегишли вазирлик, идора, давлат органи, ташкилот, корхона меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



IX. ЮРИДИК МАҚОМИ


21. Ваколатхоналар Ўзбекистон Республикаси вазирлиги, идораси, давлат органи, ташкилоти, корхонасининг таркибий бўлинмалари ҳисобланадилар, ўз номлари ёзилган штамп ва муҳрга, ўз фаолиятларини амалга ошириш учун ўзлари жойлашган давлат банкларида ҳисоб рақамларига эга бўладилар.