язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Халқаро молиявий-иқтисодий ҳамкорлик/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2003 й. 353-сон "Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасидаги ҳукуматлараро битимлар доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2003 й.

N 353


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВА ПОЛЬША РЕСПУБЛИКАСИ ЎРТАСИДАГИ

ҲУКУМАТЛАРАРО БИТИМЛАР ДОИРАСИДАГИ

ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасида молия ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида эришилган аҳдлашувларнинг амалга оширилишини таъминлаш, жалб этилаётган кредитларни самарали ўзлаштириш ва ўз вақтида қайтаришни ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида қуйидаги шартларда жами 30 млн АҚШ доллари миқдорида кредитлар бериш тўғрисида Битимлар имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

касб-ҳунар таълимини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан контрактлар қийматининг 90 фоизини молиялаштириш учун 0,16 фоиз йиллик фоиз ставкаси бўйича, икки йиллик имтиёзли давр билан бирга 17 йил муддатга 15 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит;

туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан контрактлар қийматининг 85 фоизини молиялаштириш учун LIBOR+1 фоизли ставка бўйича, икки йиллик имтиёзли давр билан бирга 12 йил муддатга 15 млн АҚШ доллари миқдоридаги тижорат кредити.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги - берилаётган кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан қарз олувчи этиб;

"Банк Господарства ва Краевого" (Польша Республикаси) билан имзоланган Битимлар шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки - мазкур кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича молиявий агент этиб;

аванс тўловини тўлаш, асосий қарзни узиш ва имтиёзли кредитга хизмат кўрсатиш бўйича тўловларни амалга ошириш бўйича - давлат бюджети маблағлари, тижорат кредити бўйича эса - субқарз олувчиларнинг ўз маблағлари тўлов манбалари этиб белгилансин.


3. Имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига ўқув ва технология анжомлари етказиб берувчи корхоналарни Польша Республикаси ваколатли органлари билан биргаликда танлаб олиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги экспертиза натижалари бўйича ва лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослашлари тасдиқлангач тегишли субқарз олувчилар билан кредит битимларини белгиланган тартибда имзоласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Польша Республикаси кредит линиялари бўйича молиялаштириладиган лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.


6. Қуйидагилар:

Польша Республикаси кредит линиялари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳалар доирасида импорт бўйича олиб келинаётган товарлар, ишлар (хизматлар) лойиҳаларни амалга ошириш даврида божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) озод қилинсин;

"Банк Господарства Краевого"нинг (Польша Республикаси) Польша Республикаси кредитларини бериш тўғрисидаги Битим доирасида олинган даромадлари Ўзбекистон Республикасидаги тўлов манбаида даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва "Ўзбектуризм" миллий компанияси буюртманомасига кўра Польша Республикаси кредит линиялари бўйича молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга келиш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва "Ўзбектуризм" миллий компанияси буюртманомасига кўра Польша Республикаси кредит линиялари бўйича молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилишини ва визаларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини давлат божи тўлашдан озод қилган ҳолда таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М. Ғаниев ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                              И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 14 августдаги

353-сон қарорига

ИЛОВА



Имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига ўқув

ва технология анжомларини етказиб берувчи корхоналарни

Польша Республикаси ваколатли органлари билан

биргаликда танлов асосида танлаб олиш

бўйича идоралараро ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

1.

Нурмуродов М.Б.

-

Молия вазири, ишчи гуруҳ раҳбари


2.

Саидова Г.К.

-

Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари


3.

Мирхўжаев З.С.

-

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқарувининг раиси


4.

Ҳусанбоев Б.М.

-

"Ўзбектуризм" миллий компаниясининг раиси


5.

Ҳусанов Ж.Ҳ.

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг раҳбари


6.


-

Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментининг гуруҳ раҳбари


7.

Ҳасанов С.С.

-

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари, ишчи гуруҳ котиби

Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда гуруҳ таркибига тегишли лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.