ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқаролик / Паспорт ва виза тизими /

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бўлмаган шахсларининг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 05.01.2011 й. ПФ-4262-сонли Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 5 январдаги

ПФ-4262-сонли Фармонига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги

бўлмаган шахсларининг биометрик

ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда - Низом) фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хорижга чиқиши учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш, бериш, алмаштириш тартибини белгилаб беради.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати (кейинги ўринларда - ҳаракатланиш ҳужжати) - Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижда шахсини тасдиқловчи, ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат;


персоналлаштириш - ҳаракатланиш ҳужжати бланкасига унинг эгаси тўғрисидаги биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни киритиш;


верификация - ҳаракатланиш ҳужжатига киритилган биометрик параметрларнинг ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машина ёрдамида текшириш;


консуллик муассасаси - Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатда таъсис этиладиган бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консулхонаси ва консуллик агентлиги;


консуллик рўйхати - тегишли консуллик округи ҳудудига келган фуқаролиги бўлмаган шахсни хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;


доимий консуллик рўйхати - доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсни қайддан ўтказиш;


вақтинча консуллик рўйхати - хорижга вақтинча чиқиш рухсатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;


консуллик округи - консуллик муассасасига консуллик вазифаларини бажариш учун бириктирилган бир ёки бир неча давлат ҳудуди;


маълумотларни йиғиш пункти - паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини жамлаш, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (кейинги ўринларда - ДПМ) топшириш ҳамда фуқароларга биометрик параметрларга эга паспортлар бериш бўйича вазифаларни бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқ департаменти, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари;

ҳаракатланиш ҳужжати олиш учун талабнома - ҳаракатланиш ҳужжати олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат (кейинги ўринларда - талабнома).


3. Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжати олиш учун доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжати беш йил муддатга берилади.

Бир ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжати икки йил муддатга берилади.

Ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тугагач, шахс уни маълумотларни йиғиш пунктига топшириши шарт.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш ва бериш тегишли мурожаат асосида белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг доимий яшаш ёки бўлиш жойига борган ҳолда амалга оширилади.

4. Ҳаракатланиш ҳужжати бланки қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.

Ҳаракатланиш ҳужжатлари бланкаларини ишлаб чиқариш "Давлат белгиси" Давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида; тайёрлаш жараёнида яроқсизлиги юзага келган ёки йиғиш пунктларидан алмаштириш учун қайтарилган ҳаракатланиш ҳужжатларини персоналлаштириш, ҳисобга олиш ва йўқ қилиш  ДПМда; ҳаракатланиш ҳужжатларини эгаларига топшириш, муддати ўтган ва белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб тан олинган ҳаракатланиш ҳужжатларини ҳисобга олиш ва йўқ қилиш - йиғиш пунктларида амалга оширилади.

Ҳаракатланиш ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги маълумотларни йиғиш пунктларига етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати (кейинги ўринларда - ДФХ) томонидан амалга оширилади.

Ҳаракатланиш ҳужжатларини хориждаги маълумотларни йиғиш пунктларига ва консуллик муассасаларидан Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш белгиланган тартибда дипломатик почта воситаси орқали амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш ҳужжати талабнома ДПМга жўнатилганидан кейин маълумотларни йиғиш пунктида ўн иш куни мобайнида, хорижда - ўн беш иш куни мобайнида берилади.


6. Ҳаракатланиш ҳужжати белгиланган намуна бўйича тайёрланади ва ўзбек ҳамда инглиз тилларида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса қорақалпоқ, ўзбек ва инглиз тилларида персоналлаштирилади.


7. Ҳаракатланиш ҳужжати бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

ҳаракатланиш ҳужжатини берган давлатнинг номи;

ҳужжатнинг номи;

ҳужжатнинг тури;

ҳаракатланиш ҳужжатини берган давлатнинг коди;

ҳаракатланиш ҳужжатининг рақами;

фамилияси, исми, отасининг исми;

миллати;

фуқаролиги;

туғилган санаси;

туғилган жойи;

жинси;

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

персоналлаштирувчи идора;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.


8. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:

ҳаракатланиш ҳужжатининг эгаси тўғрисидаги биографик маълумотлар;

эгасининг рақамли сурати;

паспорт эгасининг қўл бармоқлари излари - 16 ёшга етганидан кейин.

9. Ҳаракатланиш ҳужжатига:

ҳамроҳлик қилаётган шахслар тўғрисидаги (16 ёшгача бўлган болалар учун);

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш тўғрисидаги;

консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани тўғрисидаги;

хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисидаги;

вақтинча қайд тўғрисидаги;

илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг розилигига кўра уларнинг ҳаракатланиш ҳужжатларига ҳужжат эгасининг қон гуруҳи ва қайси резусга мансублиги тўғрисидаги қайдлар киритилади.


10. Ҳаракатланиш ҳужжатига:

ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан - ҳамроҳлик қилувчи шахслар (16 ёшгача бўлган болалар учун) ҳақидаги, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги ҳақидаги, илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги;

чегара назорати бўлинмалари томонидан - Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтганлик ҳолати ҳақидаги ва илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги;

соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан - қон гуруҳи ва қайси резусга мансублиги ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан - консуллик рўйхатига олиш ёки консуллик рўйхатидан чиқариш ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (16 ёшга тўлмаган болалар учун), илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан - хорижий давлатларга кириш рухсатномалари (визалар) ҳақидаги қайдлар киритилади.

Ҳаракатланиш ҳужжатига ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзув ва қайдларни киритиш тақиқланади.



II. ҲАРАКАТЛАНИШ ҲУЖЖАТИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

БЕРИШ, УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА ЙЎҚ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

11. Ҳаракатланиш ҳужжати қуйидаги ҳолларда расмийлаштирилади ва берилади:

фуқаролиги бўлмаган шахс хорижга чиқаётганда;

фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикаси ҳаракатланиш ҳужжатлари билан ҳужжатлаштирилган шахсларнинг фарзанди Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилганида;

амал қилиш муддати тугаганида;

шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганида;

ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганда;

алоҳида маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлари ишлатилиб бўлинганида;

суд ажрими билан ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиши тўхтатилганида;

ҳаракатланиш ҳужжати бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганида.

Ҳаракатланиш ҳужжати эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда, фуқаролиги бўлмаган шахс маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

Агар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётганида ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати бир йилдан камроқ вақтни ташкил этса, ушбу ҳужжат алмаштирилиши мумкин.


12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ва алмаштириш учун ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

белгиланган шаклдаги ариза;

илгари берилган ҳаракатланиш ҳужжати;

фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиши учун берилган гувоҳномаси ёки ID-картаси;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун);

ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаролиги бўлмаган шахсга (вояга етмаганлар учун) хорижга чиқиши учун нотариал тасдиқланган розилиги;

фуқаролиги бўлмаган шахсга (вояга етмаганлар учун) ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти;

35 x 45 мм ўлчамдаги 2 та фотосурат;

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.

13. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларида доимий ва вақтинча консуллик рўйхатига олинган фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳолларда ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

белгиланган шаклдаги ариза;

илгари берилган ҳаракатланиш ҳужжати;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта ҳаракатланиш ҳужжатини олишда);

35 x 45 мм ўлчамдаги 2 та фотосурат;

ҳаракатланиш ҳужжати йўқотиб қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома (у йўқотиб қўйилганда);

фуқаролиги бўлмаган шахсга (вояга етмаганлар учун) ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти;

консуллик йиғими ва ҳақиқатда қилинган харажатларни қоплаш ҳисобига йиғимлар тўланганлиги тўғрисида квитанция.

13-1. Вояга етмаган фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштиришда қуйидаги ҳолларда ота-оналардан бирининг розилиги талаб қилинмайди:

ота-онанинг бири вафот этганида (вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан берилган ёлғиз она тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлганда;

агар боланинг ота-онасидан бири чет эл фуқароси бўлса;

ота-оналардан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

ота-оналардан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

ота-оналардан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

агар ота-оналардан бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўчирилганда ва хорижда доимий яшаётганда.

Ушбу масала юзасидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида чиққан ҳар қандай низолар суд тартибида ҳал қилинади.

Ота-оналардан бири ўз боласининг хорижга чиқишига рози бўлмаган тақдирда, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

16 ёшга тўлмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), ушбу шахсларни хорижга юбораётган ташкилотларнинг вакиллари тегишли аризалар билан мурожаат қиладилар.

14. Маълумотларни йиғиш пункти тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги (16 ёшдан катта шахслар учун) қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томонидан рақамли форматда суратга олади ва ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш учун талабнома тузиб, сўнг ДПМга жўнатади.

15. Агар фуқаролиги бўлмаган шахс қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, маълумотларни йиғиш пункти унга ҳаракатланиш ҳужжати расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.


16. Маълумотларни йиғиш пункти фуқаролиги бўлмаган шахсга янги ҳаракатланиш ҳужжати бериш чоғида илгари берилган ҳужжатни олиб қўяди ва кейинчалик йўқ қилиш учун жўнатади.

17. ДПМ фуқаролиги бўлмаган шахснинг тайёр ҳаракатланиш ҳужжатини ДФХ орқали ҳужжат расмийлаштириш учун талабнома жўнатган маълумотларни йиғиш пунктига ёки дипломатик каналлар орқали маълумотларни йиғиш пунктларига етказиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига топширади. Маълумотларни йиғиш пунктлари эса ҳаракатланиш ҳужжатларини эгаларига беришни таъминлашлари керак.


17-1. 16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжати уларнинг ота-оналарига, васийлари (ҳомийлари)га, ҳаракатланиш ҳужжати бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилган ташкилотларнинг вакилларига берилади.

18. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларида доимий консуллик рўйхатига олинган ва вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўладиган фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳолларда ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ва алмаштириш учун ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этадилар.


19. Хорижга доимий яшаш учун белгиланган тартибда чиққан, аммо Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасида консуллик рўйхатига олинмаган ва Ўзбекистон Республикасида бўлган пайтларида ҳаракатланиш ҳужжатларини йўқотиб қўйган фуқаролиги бўлмаган шахслар сўнгги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктларига мурожаат этадилар.

20. Агар фуқаролиги бўлмаган шахс келган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаса, у Ўзбекистон Республикасининг мазкур мамлакат консуллик округига кирадиган хориждаги консуллик муассасасига мурожаат этади.


21. Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатини эҳтиёт қилиб сақлаши шарт.

Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўқотиб қўйган тақдирда бу ҳақда ўз вақтида уни берган маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим. Мазкур маълумотларни йиғиш пункти қонунда назарда тутилган чораларни кўрганидан кейин унга ушбу Низомда кўзда тутилган тартибда янги ҳаракатланиш ҳужжатини беради.


22. Фуқаролиги бўлмаган шахслар бошқа давлат фуқаролигини олган тақдирда ҳаракатланиш ҳужжатини кейин йўқ қилиш мақсадида тегишли йиғиш пунктига жўнатиш учун ўзлари келган жойдаги маълумотларни йиғиш пунктига топширишлари шарт.

23. Топиб олинган ҳаракатланиш ҳужжати ички ишлар органларига ёки Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига топширилиши лозим.

24. Вафот этган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идорасига топширилади. Ушбу идора эса кейин йўқ қилиш учун тегишли йиғиш пунктига жўнатади.

Хорижда вафот этган фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади. Ушбу вазирлик эса ҳужжатни йўқ қилиш учун тегишли йиғиш пунктига юборади.

25. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати суриштирув, тергов идоралари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан қамоқда қолдирилса, унинг ҳаракатланиш ҳужжати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига жўнатилади.

Шахс қамоқдан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ҳаракатланиш ҳужжати тергов, суд идоралари ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қайтарилади.

Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг тергов, суд идораларида ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятида сақланаётган муддати ўтган ҳаракатланиш ҳужжатлари белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатилади.

26. Текшириш, верификация (солиштириб ўқиш) жараёнида ноаниқликлар ёки чегара (миграция) белгилари, хорижий визалар, рухсатнома ёзувлари қалбакилаштирилгани аломатлари аниқланган, белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган ҳаракатланиш ҳужжатлари тегишли вазирликлар ва идораларга жўнатиш учун чегара назорати бўлинмалари томонидан олиб қўйилиши мумкин.


27. Ушбу Низомнинг 16, 25 ва 26-бандларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари фуқаролиги бўлмаган шахслардан ҳаракатланиш ҳужжатларини олиб қўйиш тақиқланади.

Мажбуриятни бажариш мақсадида ҳаракатланиш ҳужжатини гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш тақиқланади.


28. Ҳаракатланиш ҳужжати:

амал қилиш муддати тугаганида;

ҳаракатланиш ҳужжати бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилганида;

эгаси бирор-бир давлат фуқаролигини қабул қилганида;

уни расмийлаштириш чоғида атайлаб ёлғон маълумотлар тақдим қилинганида ўз кучини йўқотади.


29. Ушбу Низом талабларини амалга ошириш учун зарур бўлган штамплар ва бланкалар намуналари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тасдиқланади.

30. Ҳаракатланиш ҳужжатини бериш учун Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ёки консуллик йиғимлари ундирилади.

Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни аризага илова қилади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.


II-1. СУД АЖРИМИ БИЛАН АМАЛ ҚИЛИШИ ТЎХТАТИБ

ТУРИЛГАН ҲАРАКАТЛАНИШ ҲУЖЖАТИ ЎРНИГА ЯНГИ

ҲАРАКАТЛАНИШ ҲУЖЖАТИ БЕРИШ ТАРТИБИ

30-1. Қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган ҳаракатланиш ҳужжати ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади ва унга ҳаракатланиш ҳужжати олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.


30-2. Вақтинча хорижда бўлган суд ажрими билан ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат этганда унинг ҳаракатланиш ҳужжати олиб қўйилади ва унга бу ҳақида далолатнома берилади. Олиб қўйилган ҳаракатланиш ҳужжати йўқ қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.


30-3. Суд ажрими билан ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига янги ҳаракатланиш ҳужжати маълумотларни йиғиш пункти томонидан ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун ичида берилади.

Янги ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

белгиланган шаклдаги ариза;

процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақида тасдиқланган қарор нусхаси;

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Суд ажрими билан ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.


30-4. Тергов ҳибсхоналари ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.



III. КОНСУЛЛИК РЎЙХАТИ


31. Белгиланган тартибда хорижга доимий яшаш учун чиққан, шунингдек вақтинча хорижда бўладиган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатида туришлари шарт.


32. Хорижга доимий яшаш учун чиққан ва хорижга доимий яшаш учун чиқишларини белгиланган тартибда расмийлаштирган фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий консуллик рўйхатига олинадилар.


33. Хорижга хизмат сафари, ўқиш, даволаниш, ишлаш ва ўз оиласи билан бирлашиш мақсадида чиқиб кетган ва хорижга вақтинча чиқишларини ўрнатилган тартибда расмийлаштирган фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча консуллик рўйхатига олинадилар.

Фуқаролиги бўлмаган шахс ўзи бораётган мамлакатга қонуний тарзда ва олти ойдан ортиқ вақтга келган тақдирда, у вақтинча консуллик рўйхатига олинади.


34. Агар фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаш, шунингдек иш, ўқиш ёки хизмат сафари жойи ўзгариши муносабати билан олти ойдан ортиқ муддатга Ўзбекистон Республикасининг бошқа консуллик муассасасининг консуллик округи ҳудудига кўчиб ўтишса, илгари турган жойларидаги консуллик рўйхатидан (доимий, вақтинча) чиқишлари ва янги келган жойларида консуллик рўйхатига туришлари лозим.


35. Доимий консуллик рўйхатига олиш учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда консуллик йиғимлари ундирилади.

36. Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатига олиш ва консуллик рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги аризаларининг, уларни консуллик рўйхатига олиш ва консуллик рўйхатидан чиқаришга тааллуқли қайд қилиш китоблари ва бошқа ҳужжатларнинг шакллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



IV. ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСНИНГ

ҲАРАКАТЛАНИШ ҲУЖЖАТИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


37. Қонун ҳужжатларида қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган ҳаракатланиш ҳужжатидан фойдаланганлиги, ҳаракатланиш ҳужжатини атайлаб яроқсиз ҳолга келтирганлиги, шунингдек уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйганлиги;

фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларининг ҳаракатланиш ҳужжатларидан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланганлиги, сўнг уларни йўқотиб қўйганлиги тўғрисида ариза берганлиги, шунингдек бошқа шахсларга тегишли ҳаракатланиш ҳужжатларидан фойдаланганлиги;

ғаразли ёки бошқа мақсадларда ҳаракатланиш ҳужжатига эгалик қилганлиги, уни йўқ қилганлиги, яроқсиз ҳолга келтирганлиги, яширганлиги.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 1-2-сон, 2-модда.







































Время: 0.0178
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск