ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Паспорт ва виза тизими /

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 05.01.2011 й. ПФ-4262-сонли Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 5 январдаги

ПФ-4262-сонли Фармонига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг

биометрик паспорти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (кейинги ўринларда - паспорт) - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқловчи, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат;


персоналлаштириш - паспорт эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини паспорт бланкасига киритиш;


верификация - паспортга киритилган биометрик параметрларнинг паспорт эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машина ёрдамида текшириш;


хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;


хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;


консуллик муассасаси - Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатда таъсис этиладиган бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консулхонаси ва консуллик агентлиги;


консуллик рўйхати - тегишли консуллик округи ҳудудига келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;


доимий консуллик рўйхати - доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш;


вақтинча консуллик рўйхати - Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижда вақтинча бўладиган, хорижга вақтинча чиқиш рухсатномасини белгиланган тартибда расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;


консуллик округи - консуллик муассасасига консуллик вазифаларини бажариш учун бириктирилган бир ёки бир неча давлат ҳудуди;


маълумотларни йиғиш пункти - паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини жамлаш, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (кейинги ўринларда - ДПМ) топшириш ҳамда фуқароларга биометрик параметрларга эга паспортлар бериш бўйича вазифаларни бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари.


3. Паспорт у берилган кундан бошлаб 10 йил давомида амалда бўлади ва 2030 йил 31 декабргача Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси (кейинги ўринларда - ID-карта) билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.


4. Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир.


5. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган фуқароларнинг паспортлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан олиб қўйилади ва хизмат тугагунича сақланади. Муддатли ҳарбий хизмат тугагач мудофаа ишлари бўлимлари бир ой муддат ичида фуқароларга олиб қўйилган паспортларини қайтаришлари шарт.

Контракт асосида ҳарбий хизматга кирган, олий ҳарбий-таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқароларнинг паспортлари ҳарбий қисмларнинг ва олий ҳарбий-таълим муассасаларининг кадрлар бўлимлари томонидан олиб қўйилиб, штабларда сақланади.

Ҳарбий хизматчиларнинг вазирликлар ва идораларнинг тегишли бўлинмаларида сақланаётган паспортлари амал қилиш муддати тугагандан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатилади.


6. Паспорт бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилган бўлиши лозим:

паспортни берган давлатнинг номи;

ҳужжатнинг номи;

ҳужжатнинг тури;

паспортни берган давлатнинг коди;

паспортнинг рақами;

фамилияси, исми, отасининг исми;

миллати;

фуқаролиги;

туғилган санаси;

туғилган жойи;

жинси;

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

персоналлаштирувчи идора;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.


7. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилган бўлиши лозим:

паспорт эгаси тўғрисидаги биографик маълумотлар;

эгасининг рақамли сурати;

қўл бармоқ излари.


8. Фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллати ҳақидаги ёзув фақат бир марта отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.


9. Паспортга:

ҳарбий мажбурият тўғрисидаги;

никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисидаги;

хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш тўғрисидаги;

консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани тўғрисидаги;

илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

Паспортда эгасининг имзоси бўлиши лозим.

Фуқароларнинг розилигига кўра уларнинг паспортларига паспорт эгасининг қон гуруҳи ва резус мансублиги (фактори) тўғрисидаги маълумотлар киритилади.


10. Паспортга:

ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан - хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги, илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги;

мудофаа ишлари бўлимлари томонидан - ҳарбий мажбурият тўғрисидаги;

чегара назорати бўлинмалари томонидан - Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтганлик ҳолати ҳақидаги ва илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги;

фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идоралари томонидан  никоҳни қайд этиш ва бекор қилиш ҳақидаги;

соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан  қон гуруҳи ва резус мансублиги (фактори) ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан  консуллик рўйхатига олиш ёки консуллик рўйхатидан чиқариш ҳақидаги, никоҳни қайд этиш ва бекор қилиш ҳақидаги, илгари қўйилган қайдларни бекор қилиш ҳақидаги қайдлар киритилади.

Паспортга ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувлар ва қайдларни киритиш тақиқланади.



2-БОБ. ПАСПОРТНИ АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ


11. Паспорт қуйидаги ҳолларда ID-картага алмаштирилади:

паспортнинг амал қилиш муддати тугаганида;

фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганида;

паспортдаги ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

суд ажрими билан паспортнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда;

паспорт бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

паспорт йўқотиб қўйилганида.

Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари паспортнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги тўғрисидаги суд ажримини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларига маълумот учун юборади.

Фуқаро паспортининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг паспорти бир ой муддатда ID-картага алмаштириши лозим.


12. Топиб олинган паспорт ички ишлар органларига ёки Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига топширилиши лозим.


13. Вафот этган шахснинг паспорти мавжуд бўлган тақдирда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи ҳужжатни йўқ қилиш мақсадида маълумотларни йиғиш пунктига юборади.

Хорижда вафот этган фуқаронинг паспорти Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади. Ушбу вазирлик эса ҳужжатни йўқ қилиш учун Ички ишлар вазирлигига юборади.


14. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг паспорти терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилса, унинг паспорти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига юборилади.

Шахс ҳибсдан озод қилинганда ёки жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганида, унга паспорти терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органлари, суд ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан қайтарилади.

Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг тергов, суд идораларида ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятида сақланаётган муддати ўтган паспортлари ушбу Низомда белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатилади.


15. Текшириш, верификация (солиштириб ўқиш) жараёнида ноаниқликлар ёки чегара (миграция) белгилари, хорижий визалар, рухсатнома ёзувлари қалбакилаштирилгани аломатлари аниқланган, шунингдек белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган паспортлар тегишли вазирликлар ва идораларга жўнатиш учун чегара назорати бўлинмалари томонидан олиб қўйилиши мумкин.


16. Ушбу Низомнинг 5 ва 12-15-бандларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, фуқаролардан паспортларини олиб қўйиш тақиқланади.


17. Фуқаро паспортини эҳтиёт қилиб сақлаши шарт.

Паспортини йўқотиб қўйган фуқаро зудлик билан ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктига хабар бериши лозим, унга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда янги ID-карта расмийлаштириб берилади.

Вақтинча хорижда бўлган фуқаролар паспортини йўқотган, паспорти яроқсиз ҳолга келган ёки унинг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат этадилар.

Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари паспортнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги тўғрисидаги суд ажримини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларига маълумот учун юборади.


18. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг паспортини ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатини йўқотганликлари ҳақидаги аризалари бўйича ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан тегишинча мазкур Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ белгиланган шаклдаги маълумотнома берилади.


19. Паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризалар ҳисобга олиш журналида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади.


20. Фуқаролар топилган паспортларни зудлик билан ички ишлар органларига топширишлари лозим.


21. Топилган паспортларда олдинги яшаш жойидан рўйхатдан чиққанлиги ҳақида штамплар мавжуд бўлса, бундай паспортлар уларни берган ички ишлар органларига йўқ қилиниш учун юборилади.


22. Паспорт ўғирланган ҳолларда бу ҳақидаги аризалар жиноят содир этилган жойдаги ёки фуқаронинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари ходимлари томонидан қабул қилинади. Бундай аризалар қабул қилинганлиги ҳақида фуқароларга маълумотномалар берилади ва улар жавобгарликка тортилмайди.

Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида паспорти йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган шахслар ҳам жавобгарликка тортилмайди.

Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни аризага илова қилади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғини, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчиликда белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.

Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларидан озод этилган ва паспортини йўқотган шахсларга мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича маълумотнома берилади.

Бундай шахсларга ID-карта бериш масалалари илгари ҳужжатлаштирилган ёки сўнгги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган ёҳуд вақтинча турган жойи бўйича ҳисобга олинган жойидаги ички ишлар органлари томонидан, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлсалар, кўриб чиқилади.


23. Агар фуқаро келган давлатида Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаса, у Ўзбекистон Республикасининг мазкур давлат консуллик округига кирадиган хориждаги консуллик муассасасига мурожаат қилади.


24. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган шахс паспортини сўнгги яшаш жойидаги ички ишлар органига ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт.



3-БОБ. СУД АЖРИМИ БИЛАН АМАЛ ҚИЛИШИ

ТЎХТАТИБ ТУРИЛГАН ПАСПОРТ


25. Қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади ва унга паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.


26. Вақтинча хорижда бўлган паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат этганда унинг паспорти олиб қўйилади ва унга бу ҳақида далолатнома берилади. Олиб қўйилган паспортни йўқ қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.


27. Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириб берилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Қонун ҳужжатларида қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаши, паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйганлиги;

фуқаролар томонидан йўқолганлиги тўғрисида ариза берилган ўз паспортларидан, шунингдек, бошқа шахсларга тегишли бўлган паспортлардан ғаразли мақсадларда фойдаланганлиги;

паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилганлиги, худди шунингдек фуқаролар томонидан ўз турар жойларида шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилганлиги;

бошқа шахсга тегишли бўлган паспортни қонунга хилоф равишда олиб қўйилганда ёки паспортни гаров сифатида қабул қилинганда;

чегара зонасига кириш ёки бу зонада яшаш, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлиши вақтинча чекланган жойларга кириш ва бу жойларда бўлиш қоидаларини бузиш;

ғаразли мақсадларда паспортни эгаллаб олиш, худди шунингдек, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолга келтириш, яшириш.






Низомга

1-ИЛОВА



Ҳудудий ички ишлар органининг штампи

20__й. "___" __________

_________________ - сон



МАЪЛУМОТНОМА

Расм учун

жой


Фуқаро


фамилияси, исми, отасининг исми

туғилган йили ва жойи

паспорти (ID-карта)нинг йўқотилганлиги ҳақида мурожаат қилди.

Амал қилиш муддати "_____" ________________ 20____ й.


ТШИИБ МваФРБ бошлиғи__________________________________


М.Ў.






Низомга

2-ИЛОВА



Ҳудудий ички ишлар органининг штампи

20__й. "___" __________

_________________ - сон



МАЪЛУМОТНОМА

Расм учун

жой

Чет эл фуқароси (фуқаролиги бўлмаган шахс)

(кераксизи ўчирилсин)

фамилияси, исми, отасининг исми

туғилган йили ва жойи

миллий паспортнинг, хизмат паспортининг, шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг йўқотилганлиги ҳақида мурожаат қилди.

______________________________(кераксизи ўчирилсин)

Юқоридаги шахс ҳақиқатдан

да

(миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг номи)


20___ й. "____" _____________дан 20___ й. "____" ___________гача

____________________________________________-сон миллий паспорт (фуқаролиги йўқ шахснинг гувоҳномаси) бўйича доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган.


Амал қилиш муддати "_____" _______________ 20___ й.

ТШИИБ МваФРБ бошлиғи

М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 1-2-сон, 2-модда.




























Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск