ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Магистратура тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.03.2015 й. 36-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 2 мартдаги

36-сон қарорига

ИЛОВА


Магистратура тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом магистратура фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш сифати ва уларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган ҳамда олий таълим муассасаларида магистрлар тайёрлашнинг асосий қоидалари ва тартибини, умумқабул қилинган халқаро стандартларга биноан магистрлик диссертацияси мазмуни ва сифатига қўйиладиган мезонлар ва талабларни белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган, ўрнатилган тартибда фаолияти хусусиятлари инобатга олиниб, магистрлар тайёрлашни амалга ошираётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.

Тошкент давлат юридик университетининг магистратурасига қабул қилиш ва ўқитиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент давлат юридик университети томонидан белгиланади.

2. Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида ўқитиш камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

Магистратура дастури якунланиши "магистр" даражасини берувчи якуний давлат аттестацияси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида магистрлар тайёрлашни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.


3. Тегишли мутахассисликлар бўйича магистрларни тайёрлаш давлат аккредитациясидан ўтган олий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланадиган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.


4. Олий таълим муассасаларида магистрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришни магистратура бўлимлари амалга оширади, улар кафедралар ва деканатлар билан биргаликда қуйидагиларни:

магистрлар тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш ва амалга оширишга, уларга тақдим этилаётган таълим ва ўқитиш сифатини назорат қилишга кўмаклашишни;

ўқув-изланиш ва илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилишини;

олий таълим муассасалари барча бўлинмаларининг магистрлар тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни;

магистрларни ўқитиш ва уларнинг келгусида ишга жойлашиши устидан мунтазам мониторингни амалга оширишни, магистрлар тайёрлаш масалаларини таҳлил қилиш ва улар юзасидан мунтазам равишда ҳисоботлар тайёрлашни таъминлайди.


5. Магистратура мутахассисликлари бўйича иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.



II. МАГИСТРЛАР ТАЙЁРЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


6. Аниқ мутахассислик бўйича магистрлар тайёрлашга қўйиладиган талаблар олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган магистратура мутахассисликлари малака талаблари билан белгиланади.

7. Магистр:

танланган мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва касбий фаолиятни мустақил юритишга;

касбий фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга;

олий таълим муассасасидан кейинги таълимни магистрлик тайёргарлигига мувофиқ мутахассислик бўйича катта илмий ходим-изланувчилар институтида давом эттиришга;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида қўшимча касб таълими олишга тайёрланади.


8. Магистр ўз мутахассислиги, илмий ва илмий-педагогик тайёргарлигига мувофиқ касбий фаолиятининг қуйидаги турлари:

илмий-педагогик;

илмий-ижодий;

илмий-тадқиқот ва тажриба;

лойиҳа-конструкторлик;

лойиҳа-технологик;

ишлаб чиқаришда бошқарув, шунингдек бакалавриат таълим йўналишига мувофиқ бошқа фаолият турлари бўйича ҳам шуғулланиши мумкин.



III. МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Магистратура талабалари:

таълим, фан, маданият, техника, иқтисодиётни, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларига мувофиқ билимларни олиш;

олий таълим муассасаси фаолияти билан боғлиқ муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда бевосита иштирок этиш;

олий таълим муассасаси ахборот-ресурс марказлари хизматларидан, шу жумладан, ўқув-методик ва илмий адабиётлардан, шунингдек олий таълим муассасасининг уставида белгиланган тартибда бошқа турдаги хизматлардан бепул фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ишларида, конференциялар ва симпозиумларда иштирок этиш;

ўз илмий-тадқиқот ишларини илмий нашрларда чоп этишга тақдим этиш;

олий таълим муассасаси Илмий кенгаши тавсиясига мувофиқ етакчи хорижий ва республика таълим (илмий) муассасаларида амалиёт ўташ, стажировкада бўлиш ёки магистрлик диссертациясининг тажриба-синов қисмларини бажариш учун ушбу муассасалар билан тегишли келишувлар мавжуд бўлганда уларга йўлланма олиш;

олий таълим муассасаси раҳбариятининг қарорларидан норози бўлган тақдирда, тегишли идораларга белгиланган тартибда шикоят қилиш;

талабалар учун қонунчиликда белгиланган тартиб ва миқдорлардаги стипендия, Давлат стипендияси ҳамда ўқишга йўллаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайинланадиган стипендияларни олиш ҳуқуқига эга.

Магистратура талабаси қонун ҳужжатларида ёки олий таълим муассасаси уставида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


10. Магистратура талабаларининг мажбуриятлари:

магистратуранинг тегишли мутахассислиги бўйича ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган билимларни эгаллаш ва ўзлаштириш;

ўқув режасида назарда тутилган барча турдаги топшириқларни белгиланган муддатларда бажариш, шунингдек магистрлик диссертациясини тайёрлаш;

олий таълим муассасасининг устави талабларига ва ички тартиб қоидаларига риоя этиш.

Магистратура талабасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



IV. МАГИСТРАТУРАДА ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Магистратурада таълим жараёни олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган аниқ магистратура мутахассислиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади.

12. Ўқув жараёнининг хусусиятлари ва ўқитиш муддатлари (3 йил) ҳисобга олинган ҳолда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан айрим магистратура мутахассисликлари ўқув режалари ва дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


13. Магистратурада таълим жараёнини ташкил этишга қуйидаги талаблар қўйилади:

олий таълим муассасасининг магистратура мутахассисликлари бўйича илмий-педагогик кадрлар билан, шу жумладан, кадрлар тайёрлаш ихтисослиги ва йўналишига мос келувчи профессорлар, доцентлар билан таъминланганлиги;

назарий, лаборатория машғулотларини ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шу жумладан, магистрлик диссертацияларига қўйиладиган талабларга мос ҳолда уларни тайёрлаш учун зарур ўқув-методик ва моддий-техника базанинг мавжудлиги;

ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкилотларда магистратура талабаларининг амалиётлари, стажировкаси ва магистрлик диссертацияларининг тажриба-синов қисмларини бажариши учун бу ташкилотлар билан олий таълим муассасаси (факультет, кафедралар) ўртасида тузилган шартномалар ва келишувларнинг мавжудлиги;

магистратура талабаларини тайёрлаш жараёнига Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий муассасалари, тармоқ илмий-изланувчилик ва лойиҳа муассасаларининг етакчи олимлари, шунингдек хорижий олимлар, юқори малакали, тажрибали мутахассисларнинг соатбай асосида жалб этилганлиги.


14. Магистратура талабасининг ўқув-методик, илмий-тадқиқот, педагогик ишлари, амалиёт, стажировкани ўташи ва магистрлик диссертациясини тайёрлаш бўйича фаолияти ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ магистратура талабасининг календарь иш режасига биноан амалга оширилади.

15. Магистратура талабасининг календарь иш режаси мазмуни илмий раҳбар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва олий таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича проректори (директор ўринбосари) томонидан тасдиқланади. Магистратура талабаси ўзининг календарь иш режаси бажарилиши бўйича ҳар ойда кафедра йиғилишида ҳисобот беради.

Ҳар ўқув семестри якунида тегишли факультет ўқув-методик кенгаши йиғилишида (магистратура бўлимида) кафедра мудири магистратура талабасининг календарь иш режаси бажарилиши юзасидан ҳисобот беради.



V. МАГИСТРАТУРАДА ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТГА ЖАЛБ

ЭТИЛАДИГАН ЎҚИТУВЧИЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


16. Магистратурада педагогик фаолиятга жалб этиладиган ўқитувчи таълим жараёни доирасида:

ҳамма турдаги ўқув машғулотларини юқори даражада ўтади;

ўқув, илмий ва ўқув-методик ишларни режалаштиради, ташкил этади ва назорат қилади;

илмий-тадқиқот ишларига ва магистратура талабаларининг магистрлик диссертацияларини тайёрлаш жараёнига раҳбарлик қилади;

кафедра ихтисослиги бўйича илмий, илмий-тадқиқот семинарларини ташкил этади ва уларда иштирок этади;

талабалар илмий семинарларини бошқаради;

кафедра педагоглари томонидан барча турдаги ўқув машғулотлари сифатли ўтказилиши устидан назорат қилади;

магистратуранинг тегишли мутахассислиги бўйича намунавий ва ишчи ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

кафедра илмий тадқиқотлари йўналишлари доирасида ташкил этиладиган йиғилишлар ва конференцияларда, шу жумладан, халқаро конференцияларда иштирок этади;

магистратура талабаларининг мустақил ишларини ташкил этади ва режалаштиради;

магистратура талабалари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва нашрга тайёрлашда иштирок этади;

магистратура талабасининг календарь иш режаси бажарилишини назорат қилади.


17. Магистратурада педагогик фаолиятга жалб этиладиган ўқитувчиларга қуйидаги малака талаблари қўйилади:

фанни юқори даражада билиш ҳамда унинг назарий асосларини ва муҳим ютуқларга эришиш мумкин бўлган йўлларни кўра билиш уқувига эга бўлиш;

илмий муаммоларни ишлаб чиқа олиш, тадқиқотлар ўтказа олиш ва уларнинг натижалари бўйича чоп этилган илмий ишларга эга бўлиш;

магистратура талабаларининг индивидуал хусусиятлари, шахсий сифатлари ва диссертациялари мақсадларини ҳисобга олган ҳолда педагогик фаолият йўналишларини белгилаш қобилиятига эга бўлиш;

магистратура талабаларининг билим ва малакаларни эгаллаб олишига имконият берадиган инновацион педагогик технологияларни қўллашга тайёр бўлиш;

педагогик ҳолатлар таҳлили асосида педагогик вазифаларни шакллантириш ва уларни ҳал этишнинг мақбул ечимларини топиш уқуви;

магистратура талабаларининг касбий қобилиятларини ривожлантиришга йўналтирилган инновацион курслар ишлаб чиқиш бўйича амалий тажрибага эга бўлиш;

маълумотларни тизимлаштириш ва излаш орқали ўз билимини такомиллаштириш учун доимий ўрганиш, маълумотларни электрон қайта ишлашда ахборот-коммуникация ва мультимедия технологияларидан фойдаланиш маҳоратига эга бўлиш.


18. Магистратурада педагогик фаолият юритишга илмий унвон (илмий даража)га ва камида 3 йиллик узлуксиз илмий-педагогик (илмий) иш стажига эга бўлган, шунингдек хорижий мамлакатларнинг фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражали шахслар жалб қилинади.



VI. МАВЗУНИ ТАНЛАШ ВА ИЛМИЙ РАҲБАРНИ ТАЙИНЛАШ


19. Магистрлик диссертацияси ўқиш ва ўқув дастурларини ўзлаштириш жараёнида магистратура талабаси эгаллаган назарий ва амалий билимлари асосида бажарилган илмий-тадқиқот ишларининг натижаси ҳисобланади.


20. Магистрлик диссертацияларининг мавзулари олий таълим муассасалари кафедраларида кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари таркиби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари, тармоқ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш муассасалари ходимлари томонидан шакллантирилади.

Магистрлик диссертацияларининг мавзулари, қоидага кўра, долзарб илмий-тадқиқот масалаларига ёки аниқ амалий вазифаларни ҳал этишга бағишланади.


21. Магистрлик диссертациясига илмий раҳбарлик олий таълим муассасаларида ишлайдиган профессорлар, фан докторлари, доцентлар, фан номзодлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари олимлари, ташкилотларнинг юқори малакали ва тажрибали мутахассислари, шунингдек белгиланган тартибда магистрлик, илмий даражалар ёки илмий унвонларга эга бўлган хорижий мутахассислар томонидан амалга оширилади.

Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим муассасасида ишламайдиган ходимлардан унга илмий раҳбар тайинланган тақдирда, талабага қўшимча равишда тегишли кафедра профессор-ўқитувчилари таркибидан илмий маслаҳатчи тайинланади.

Белгиланган талабларга мувофиқ магистрлик диссертациясини бажариш доирасида илмий раҳбар билан бир хил масъулият илмий маслаҳатчига ҳам юклатилади.


22. Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим муассасаси ходимлари таркибидан бўлган илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчининг магистрлик диссертациясини тайёрлаш бўйича талабалар билан ишлаши уларнинг олий таълим муассасасида ўқув йили шахсий иш режаси билан белгиланадиган ўқув юкламасига киритилади.

Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим муассасасида ишламайдиган ходимлардан бўлган илмий раҳбар меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари бўйича бир ўқув йилига бир магистратура талабаси учун 50 соатдан ошмаган ҳажмда, тегишли олий таълим муассасаси харажатлар сметасида бу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.


23. Профессор ёки фан доктори бештагача, шунингдек доцент, фан номзоди ва мутахассис учтагача магистрлик диссертациясига раҳбарликни амалга ошириши мумкин.


24. Кафедралар томонидан тақдим этилган ва олий таълим муассасаси ёки факультет ўқув-методик кенгашида муҳокама қилинган магистратура талабаларининг магистрлик диссертациялари мавзулари ва уларнинг илмий раҳбарлари (илмий маслаҳатчилари) илмий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) тақдимномасига асосан магистратура талабалари ўқиётган биринчи ўқув йилининг биринчи икки ойи ичида тегишли олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи билан тасдиқланади.


25. Илмий раҳбарнинг мажбуриятларига қуйидагилар киради:

тадқиқот мавзуси доирасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар бўйича тизимли равишда ёрдам бериш мақсадида маслаҳатлар жадвалини тузиш;

тадқиқот усулларини танлашда иштирок этиш ва уларни тадқиқот ишида қўллашда магистратура талабасига кўмаклашиш;

магистратура талабасининг белгиланган календарь иш режаси бўйича ишларнинг бажарилишини ва магистрлик диссертацияси ўз вақтида тайёрланишини назорат қилиш;

дастлабки ҳимоягача магистрлик диссертациясига хулоса бериш.



VII. МАГИСТРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИНИНГ ТУЗИЛИШИ

ВА УНИНГ МАЗМУНИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


26. Магистрлик диссертацияси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши керак:

титул варақ;

икки тилда (ўқитиш тили ва инглиз тилида) магистрлик диссертациясининг қисқача аннотацияси;

мундарижа;

кириш;

асосий қисм;

хулоса;

адабиётлар рўйхати;

иловалар (мавжуд бўлса).


27. Кириш қуйидагиларни қисқача ўз ичига олиши лозим:

магистрлик диссертацияси мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги;

тадқиқот объекти ва предмети;

тадқиқот мақсади ва вазифалари;

илмий янгилиги;

тадқиқотнинг асосий масалалари ва фаразлари;

тадқиқот мавзуси бўйича адабиётлар шарҳи (таҳлили);

тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи;

тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти;

иш тузилмасининг тавсифи.


28. Магистрлик диссертациясининг асосий қисми камида уч бобдан иборат бўлиб, боблар ҳажм жиҳатидан ўзаро мутаносиб бўлиши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

тадқиқот мавзусига тааллуқли бошқа манбаларда келтирилган назарий, амалий ва эмпирик тадқиқотлар натижаларининг танқидий таҳлили;

тадқиқот методикаси ва ишнинг амалий қисми баёни;

тадқиқот олиб борилган масалани ҳал этишда магистратура талабасининг шахсий ҳиссаси кўрсатилган ҳолда тадқиқотнинг асосий натижалари баёни.


29. Магистрлик диссертациясининг хулоса қисмида барча бобларда қайд этилган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти, шунингдек илмий тадқиқот муаммосини ҳал этиш бўйича хулосалар ёритилади. Хулоса қисми 4 саҳифадан ошмаслиги керак.


30. Магистрлик диссертациясига унинг мазмунини баён этиш учун бевосита зарур бўлган қўшимча маълумотларни ўз ичига олган материаллар илова қилиниши мумкин. Илова қисмининг ҳажми магистрлик диссертацияси умумий ҳажмининг учдан бир қисмидан ошмаслиги лозим.


31. Магистрлик диссертацияси устида ишлаётган магистратура талабаси касб одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этиши (плагиат, маълумотларни сохталаштириш, шунингдек ёлғон цитаталар келтиришга йўл қўймаслик) лозим.


32. Диссертация матни стандарт варақда ёзилган бўлиб, унда қуйидаги қоидаларга риоя этилган бўлиши лозим:

қаторлар оралиғи - 1,5 см;

юқори ва пастки ҳошия 2 см, сатр боши: чап томондан 3 см, ўнг томондан 2 см;

хатбошилар орасидаги оралиқ - 5 ёки 6 белгили.

Магистрлик диссертацияси матнини Мiсrоsоft Wоrd матнли редакторида Тimеs Nеw Rоmаn шрифтида ёзиш тавсия этилади.


33. Магистрлик диссертациясининг ҳажми титул варақ, мундарижа, адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташқари 70 - 80 саҳифа бўлиши тавсия этилади.


34. Магистрлик диссертацияси магистратура талабаси ўқиган тилда (кафедра ёки магистратура бўлими тавсиясига мувофиқ чет тилида) тайёрланади. Чет тилида тайёрланган магистрлик диссертациясига давлат тилида ёзилган аннотация илова этилади. Бундай магистрлик диссертацияларининг дастлабки ва расмий ҳимоялари таржима билан ўтказилади.


35. Магистратура мутахассислиги хусусияти ҳисобга олинган ҳолда магистрлик диссертацияси таркибий қисмларининг мазмуни ва ҳажми факультет Ўқув-методик кенгашининг қарори билан ўзгартирилиши ва кўпайтирилиши мумкин.



VIII. ДАСТЛАБКИ ВА РАСМИЙ ҲИМОЯНИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


36. Магистрлик диссертациясининг дастлабки ҳимояси илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи) иштирокида кафедра томонидан тузилган комиссияда ташкил этилади.

Дастлабки ҳимояга бошқа кафедралардан, шунингдек бошқа ташкилотлардан мутахассислар таклиф этилиши мумкин.

Илмий маслаҳатчи тайинланган ҳолда дастлабки ҳимояга қадар ундан магистрлик диссертациясига хулоса олиш ҳам талаб этилади.


37. Дастлабки ҳимояга қадар магистратура талабаси ички ва ташқи ҳамда илмий раҳбар тақризларига, шунингдек диссертация мавзусига доир камида 2 та илмий мақола ёки тезисга эга бўлиши керак.

Дастлабки ҳимоя якунлари кафедралар йиғилиши баённомаси билан расмийлаштирилади.


38. Ички ва ташқи тақризчиларни олий таълим муассасасининг тегишли кафедраси тавсия этади ва уларнинг рўйхати илмий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) томонидан тасдиқланади.


39. Тақризчи вазифаларига қуйидагилар киради:

магистрлик диссертациясининг долзарблиги, илмий янгилиги ва тугалланганлиги тўғрисида хулоса тақдим этиш;

дастлабки ҳимоядан камида 3 кун олдин тақриз тақдим этиш;

касб одоб-ахлоқи қоидаларининг бузилиши ҳолатлари (плагиат, маълумотларни сохталаштириш, ёлғон цитата келтириш ва бошқалар) аниқланган тақдирда, уларни тақризда кўрсатиш.


40. Магистрлик диссертацияси белгиланган талабларга мос келмаган ҳолатларда, магистратура талабаси томонидан касб одоб-ахлоқи қоидалари (плагиат, маълумотларни сохталаштириш, ёлғон цитата келтириш ва бошқалар) бузилганлиги аниқланган тақдирда, шунингдек ушбу ҳолатларни қисқа муддатда тузатиш имконияти мавжуд бўлмаганда тақризчи магистрлик диссертациясини ҳимояга қўйиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса беради.


41. Магистрлик диссертациясини расмий ҳимоя қилиш куни олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи билан тасдиқланган жадвал асосида белгиланади.


42. Магистрлик диссертациясининг расмий ҳимояси олий таълим муассасасининг Давлат якуний аттестация комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан ўтказилади.


43. Магистратура талабаси магистрлик диссертациясининг расмий ҳимояси тақдимот материаллари билан баён этилиши ва 20 дақиқадан ошмаслиги лозим.


44. Расмий ҳимояда Комиссия аъзолари магистратура талабасини қуйидаги мезонлар асосида баҳолайди:

магистрлик диссертацияси тадқиқот мавзусининг долзарблигини ва унинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатиб бера олиши;

магистратура талабасининг тадқиқотга ва вазифаларни ҳал этишга мустақил ёндашуви;

фойдаланилган илмий адабиётлар, илмий нашрлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, шунингдек хорижий тиллардаги адабиётлар танқидий таҳлилининг тўлиқлиги ва чуқурлиги;

тадқиқот усуллари амалиётда қўлланилганлигининг асосланганлиги;

олинган натижалар асосида ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалий аҳамияти;

магистратура талабасининг магистрлик диссертацияси доирасида ўтказилган тадқиқотлар ва олинган натижаларни ривожлантириш истиқболларини кўра билиш қобилияти;

магистрлик диссертациясининг назарий ва амалий қисмларидаги ўзаро мантиқий боғлиқликни кузата билиш малакаси.


45. "Қониқарсиз" баҳо қўйилганда ёки магистрлик диссертацияси расмий ҳимояга қўйилмаган тақдирда магистратура талабаси кейинги 3 йил давомида уни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.


46. Магистрлик диссертациялари расмий ҳимояси натижалари олий таълим муассасаси Илмий кенгашида муҳокама этилади.


47. Ҳимоя қилинган магистрлик диссертациялари олий таълим муассасасида 3 йил давомида сақланади.



IX. МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАЛАРИ

ФАОЛИЯТИ МОНИТОРИНГИ


48. Магистратура талабаси фаолияти устидан доимий мониторинг олиб бориш ва магистратурада таълим жараёнини ташкил этиш сифатини ошириш мақсадида олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи билан етакчи ўқитувчилар таркибидан иборат, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари олимлари, ташкилотлар-кадрлар истеъмолчилари мутахассисларини жалб этган ҳолда, Ишчи гуруҳ тузилади.


49. Магистратура талабаси фаолияти устидан мониторинг қуйидаги кўрсаткичлар асосида олиб борилади:

а) биринчи курсда:

магистратура талабасининг календарь иш режаси белгиланган муддатларда ўз вақтида бажарилиши;

битта илмий мақола ёки республика ёки халқаро миқёсдаги илмий конференцияда битта тезис чоп этганлиги;

илмий семинарларда иштирок этганлиги;

мутахассислик бўйича ўқув фанларини ўзлаштириш даражаси;

б) иккинчи курсда:

магистратура талабасининг календарь иш режаси белгиланган муддатларда ўз вақтида бажарилиши;

иккита илмий мақола ёки республика ёки халқаро миқёсдаги илмий конференцияда иккита тезис чоп этганлиги;

магистрлик диссертацияси дастлабки ҳимоядан ўтганлиги, агар у мониторинг даврида режалаштирилган бўлса;

илмий семинарларда иштирок этганлиги;

мутахассислик бўйича барча ўқув фанларини ўзлаштириш даражаси.


50. Таълим жараёнининг хусусиятлари ва ўқиш муддатлари (3 йил) ҳисобга олинган ҳолда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги айрим магистратура мутахассисликлари мониторинг кўрсаткичларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.


51. Мониторинг жараёнида магистратура талабалари билан суҳбатлар ўтказилади, тегишли таклиф ва тавсиялар берилади.


52. Ўқув йили охирида Ишчи гуруҳ мониторинг якунлари бўйича олий таълим муассасаси Илмий кенгашида ҳисобот тақдим этади.



X. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


53. Низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида

магистрлар тайёрлашни ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар


Бажариш муддати


I босқич

        

Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори

билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари магистратурасига

қабул қилиш тартиблари тўғрисидаги низом)

        


Июль






II босқич

       

Магистратурага кириш имтиҳонларини ўтказиш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори

билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари магистратурасига

қабул қилиш тартиблари тўғрисидаги низом)

        


Август






III босқич

        

Педагоглар таркибини шакллантириш

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори

билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни

танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ва Вазирлар

Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори билан тасдиқланган

Магистратура тўғрисидаги низом)

          


Август-сентябрь






IV босқич

        

Магистратура таълим жараёнини ташкил қилиш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарори)

         


Камида икки йил






V босқич

       

Магистрлик диссертацияси мавзусини танлаш ва илмий раҳбарни тайинлаш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори

билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги низом)

        


Биринчи ўқув

йилининг биринчи

икки ойи давомида






VI босқич

        

Магистрлик диссертациясини тайёрлаш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори

билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги низом)

         


Магистратура

талабасининг

календарь иш

режаси бўйича






VII босқич

             

Магистратура талабаси фаолияти устидан мониторинг олиб бориш

(Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори

билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги низом)

       


Апрель-май


VIII босқич

       

Магистрлик диссертациясининг дастлабки ва расмий ҳимояси

(Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори

билан тасдиқланган Магистратура тўғрисидаги низом)

         


Жадвал асосида


           





Низомга

2-ИЛОВА

Намуна


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ


        



(олий таълим муассасаси номи)


"ТАСДИҚЛАЙМАН"

"____" магистратура бўлими бошлиғи

20__ й. "___" ____________

____________________________________________

(магистратура талабаси Ф.И.О.)


______________________________ мутахассислиги бўйича

20___ - 20___ ўқув йиллари учун


МАГИСТРАТУРА ТАЛАБАСИНИНГ

КАЛЕНДАРЬ ИШ РЕЖАСИ

Магистратура талабасининг ушбу календарь иш режаси _______________ кафедрасининг 20___ йил "___" __________даги йиғилишида муҳокама қилинган.

Кафедра мудири:





(Ф.И.О.)


(имзо)

Режа билан танишдим:

Магистратура талабаси





(Ф.И.О.)


(имзо)

Илмий раҳбар:





(Ф.И.О.)


(имзо)

I. Магистратура талабасининг ўқув-методик, илмий-тадқиқот,

педагогик амалиёт бўйича календарь иш режаси


1. Ўқув-методик ишлар

         

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш

муддати

Натижалар:

бажарилиши

бўйича белгилар


1.





2.







   

2. Илмий-тадқиқот ишлари

      

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш

муддати

Натижалар:

бажарилиши

бўйича белгилар


1.





2.







3. Илмий-педагогик ишлари

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш

муддати

Натижалар:

бажарилиши

бўйича белгилар


1.





2.







4. Педагогик амалиёт

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш

муддати

Натижалар:

бажарилиши

бўйича белгилар


1.





2.







II. Магистрлик диссертациясини

тайёрлаш бўйича календарь режа

Т/р

Ишни бажариш босқичлари

ва асосий тадбирларнинг

мазмуни


Бажариш

муддати

Натижалар:

бажарилиши

бўйича белгилар


1. Тадқиқотни ўтказишга тайёргарлик

1.





2.







2. Илмий-тадқиқот ишларини режалаштириш

1.





2.







3. Тадқиқотни амалга ошириш: материалларни йиғиш

ва таҳлил қилиш (ёки тажриба синовларини ўтказиш)

1.





2.







4. Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини расмийлаштириш

1.





2.







5. Магистрлик диссертациясини ҳимояга тақдим этиш

1.





2.







"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 9 март, 9-сон, 98-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 3-сон, 12-модда




























Время: 0.2130
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск