язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Эркин индустриал-иқтисодий зоналар. Махсус индустриал зоналар/ Махсус индустриал зоналар (МИЗ)/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.05.2013 й. 118-сон "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.2013 й.

N 118


"ЖИЗЗАХ" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ

ЗОНАСИ ҲУДУДИДА ЮКСАК ТЕХНОЛОГИЯЛИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жиззах" эркин иқтисодий зонасини барпо этиш тўғрисида" 2013 йил 18 мартдаги ПФ-4516-сон Фармонига мувофиқ юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни, Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлайдиган замонавий юксак технологияли саноат ишлаб чиқаришларини ташкил этиш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан 2013 йил 6 апрелда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан:

мобил телефонлар ва уларнинг акссесуарлари билан ички истеъмол бозорини тўлиқ тўлдириш ва уларни экспорт қилишни таъминлаш учун уларни ишлаб чиқариш бўйича "ZTE (Н.К.) Limited" (Хитой Халқ Республикаси);

акрил санитария-техник асбоблари ва уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш, терини қайта ишлашда ва чарм-пойабзал буюмлари ишлаб чиқаришда чиқитсиз технологияларни таъминлайдиган чорвачилик хом ашёси ва уларнинг иккиламчи чиқиндиларини қайта ишлашнинг тўлиқ цикли замонавий линияларини ташкил этиш бўйича "Wenzhou Jinsheng Trade Со., Ltd" (Хитой Халқ Республикаси) компаниялари билан тузилган Инвестиция шартномалари (кейинги ўринларда инвестиция шартномалари деб аталади) тасдиқлансин.


2. Инвестиция шартномаларига мувофиқ Хитойнинг "ZTE (Н.К.) Limited" ва "Wenzhou Jinsheng Trade Со., Ltd" компаниялари ўз зиммаларига иловага* мувофиқ мажбуриятлар олганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тузилган инвестиция шартномалари доирасида хорижий инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятлар сўзсиз бажарилиши назорат қилинишини таъминласин.


3. "Peng Sheng" масъулияти чекланган жамияти ҳамда "ZTE (Н.К.) Limited" ва "Wenzhou Jinsheng Trade Со., Ltd" компаниялари иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар (кейинги ўринларда қўшма корхоналар деб аталади) фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинсин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган:

қўшма корхоналар ва "Peng Sheng" масъулияти чекланган жамияти томонидан импорт қилинадиган техник ҳужжатлар, машиналар, махсус техника ва механизмлар, махсус транспорт воситалари (енгил автомобиллар бундан мустасно), қурилиш материаллари ва конструкциялар янги ишлаб чиқариш комплексларини қуриш даврида;

мобил телефонлар ва бошқа электрон қурилмалар, санитария-техник буюмлар учун аралаштиргичлар, беркитиш арматураси ва бутловчи буюмлар, ҳайвонлар ва паррандалар учун озуқа ишлаб чиқаришда, шунингдек чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашда фойдаланиладиган ҳамда қўшма корхоналар томонидан импорт қилинадиган технологик асбоб-ускуна ва унга эҳтиёт қисмлар, хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар 3 йил муддатга божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона йиғимлари бундан мустасно).


5. "Жиззах" махсус индустриал зонасининг маъмурий кенгаши (Р.С. Азимов) бир ой муддатда қўшма корхоналар рўйхатдан ўтказилишини ва зона ҳудудида жойлаштирилишини, уларга белгиланган тартибда "Жиззах" махсус индустриал зонаси қатнашчиси мақоми берилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига "Peng Sheng" масъулияти чекланган жамияти томонидан 2013 йил 1 апрелгача олиб келинган товарларни, истисно тариқасида, экспорт юк божхона декларациясини мажбурий тақдим этмасдан божхонада расмийлаштиришга рухсат берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қўшма корхоналарнинг буюртманомалари бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган инвестиция шартномаларини амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қўшма корхоналарнинг буюртманомалари бўйича хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларига кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек улар вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатга олинишини ва вақтинча рўйхатга олиш муддати узайтирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қўшма корхоналарнинг буюртманомалари бўйича Ўзбекистон Республикасига малакали хорижий иш кучи жалб этилишига рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 6 май, 18-сон, 236-модда