язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 25.04.1997 й. 412-I-сон "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.04.1997 й.

N 412-I



ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА

ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади миллий энергетика ресурслари сақланишини, энергиядан ва ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган умумий ҳуқуқий асосларни шакллантиришдан иборатдир.



2-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



3-модда. Ушбу Қонун амал қиладиган соҳа

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ёқилғи қазиб олиш, ёқилғи, иссиқлик ва электр энергияси (матнда бундан буён энергия деб юритилади) ҳосил қилиш, уларни қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, тақсимлаш ва сарфлаш (матнда бундан буён энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш деб юритилади) билан боғлиқ фаолияти ушбу Қонун амал қиладиган соҳа ҳисобланади.

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш:

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида энергиядан самарали ва экологик жиҳатдан хавфсиз фойдаланилишини таъминлашга;

энергия жиҳатидан самарали технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни, арзонроқ нефть маҳсулотлари, табиий газ, кўмир ва бошқа турдаги табиий ёқилғиларни (матнда бундан буён ёқилғи деб юритилади) қазиб олиш ва ҳосил қилишни рағбатлантиришга;

энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш миқдори ҳамда сифатини ўлчаш ва ҳисобга олишнинг аниқ, тўғри, бир хил бўлишини таъминлашга;

энергиянинг самарали ҳосил қилиниши ва сарфланиши ҳамда унинг сифати устидан, энергетика асбоб-ускуналарининг, энергия билан таъминлаш ва энергияни сарфлаш тизимларининг техникавий ҳолати устидан давлат текшируви ҳамда назоратини амалга оширишга қаратилгандир.



4-модда. Стандартлаш

Энергия ҳосил қиладиган ва энергия сарфлайдиган асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичлари белгилаб қўйилади.

Норматив ҳужжатларда энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида энергиядан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнларида энергия сарфланиши, ҳудудлар, бинолар ва иншоотларни иситиш, ҳарорати ва намлигини бир хилда сақлаб туриш, ҳавосини алмаштириш, иссиқлик, сув, газ ва электр билан таъминлаш, электр билан ёритиш учун энергия сарфлаш кўрсаткичлари белгилаб қўйилади.

Энергиядан оқилона фойдаланишга доир норматив ҳужжатлар, техникавий қоидалар ва нормалар энергия ҳосил қилувчилар ва уни сарфловчиларнинг барчаси учун мажбурийдир.

Энергиянинг сифати тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.


5-модда. Стандартлаш объектлари

Энергия, энергия ҳосил қиладиган ва уни сарфлайдиган ёки энергияни бир турдан бошқа турга айлантириб берадиган асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар, транспорт воситалари, қурилиш, йўлсозлик ва қишлоқ хўжалик машиналари, ёритиш техникаси қурилмалари, иситиш, ҳарорат ва намликни бир хилда сақлаб туриш ҳамда ҳавони алмаштириш тизимлари, халқ истеъмоли моллари, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ва қурилиш конструкциялари, технология жараёнлари, шунингдек энергия ҳосил қилиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш учун энергия сарфи кўрсаткичларининг мажмуи ҳамда қиймати энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги стандартлаш объектларидир.


6-модда. Энергия жиҳатидан самарадорлик ҳамда

энергия сифати кўрсаткичларига риоя этилиши

устидан давлат текшируви ва назорати

Энергия жиҳатидан самарадорлик ҳамда энергия сифатининг норматив ҳужжатларда белгиланган кўрсаткичларига риоя этилиши устидан давлат текшируви ва назорати Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда "Ўзстандарт" агентлиги деб юритилади) ҳамда бошқа органлар зиммасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юкланади.


7-модда. Энергия сарфлаш нормативлари

Ушбу Қонун 5-моддасида санаб ўтилган объектлар учун энергия сарфлаш нормативларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган органлар белгилайди.

Энергия сарфлаш нормативлари энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотларнинг техника паспортларига, тузатиш-таъмирлаш ва режим варақаларига, улардан фойдаланиш йўриқномаларига киритилади. Бинолар ва иншоотларни иситиш, уларнинг ҳавосини алмаштириш, ҳарорати ва намлигини бир хилда сақлаб туриш учун энергия сарфлаш нормативлари қурилиш нормалари ва қоидаларида белгилаб қўйилади. Энергия сарфлаш нормативлари ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади ва илғор технология ютуқларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши лозим.



8-модда. Сертификатлаш

Қуйидагилар норматив ҳужжатларда кўрсатилган энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлик бўйича мажбурий сертификатлаштирилади:

энергетика ресурслари;

оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотлар;

энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар).

Мажбурий сертификатлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ишлаб чиқарувчи асбоб-ускуналарни, шу жумладан, рўзғорда фойдаланиш учун мўлжалланган асбоб-анжомларни энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига доир қисмида тамғалашни норматив ҳужжатларда кўрсатилган талабларга мувофиқ амалга оширади.


9-модда. Метрология

Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида мажбурий давлат метрология текшируви ва назорати амалга оширилади.

Энергиядан оқилона фойдаланишни давлат томонидан метрологик таъминлаш энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш чоғида ўлчашнинг бир хиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар норматив ҳужжатлар мажмуини назарда тутади.

Қуйидагилар энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш устидан давлат метрология текшируви ва назорати объектларидир:

ўлчов воситалари;

ахборот-ўлчов тизимлари;

моддалар ва материаллар таркиби ҳамда хоссаларининг стандарт намуналари;

энергияни ва энергия манбаларини ҳисобга олиш мажмуи ҳамда тармоқлари;

ўлчаш услублари;

метрология нормалари ва қоидаларида назарда тутилган бошқа объектлар.

Энергиядан оқилона фойдаланиш тизимини таъминлаш устидан давлат метрология текшируви ва назорати "Ўзстандарт" агентлиги зиммасига юклатилади.


II. ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ АСОСЛАРИ

10-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш;

иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилинишини ва сарфланишини барқарорлаштириш;

энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланиши режимларини мақбуллаштириш, унинг ҳисобга олинишини ташкил этиш;

энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган асбоб-ускуналар ҳамда энергия сарфи миқдори энг кам бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш;

энергия ҳосил қилувчи ва энергияни ишлатувчи асбоб-ускуналар ҳамда маҳсулотга доир норматив ҳужжатларга энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия жиҳатидан тежамкорлик кўрсаткичларини киритиш;

энергиянинг сифати, ишлаб чиқаришнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги ҳамда маҳсулотга энергия сарфи миқдори устидан давлат текшируви ва назоратини ташкил этиш;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги текширувларини ташкил этиш;

маҳсулотнинг, ишлаб турган ва реконструкция қилинаётган объектларнинг, технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергетика экспертизасини ўтказиш;

энергетика жиҳатидан самарадор бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия жиҳатидан тежамкорлик намойиш этиладиган зоналарни барпо этиш;

энергия жиҳатидан самарадор, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик хавфсиз технологияларни ҳамда ишлаб чиқаришларни ривожлантиришни paғбатлантириш;

энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланиши юзасидан статистика кузатувларини ташкил этиш.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

энергиядан оқилона фойдаланишга қаратилган давлат дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

энергияни тежаш ва энергия жиҳатидан самарадорликни ошириш соҳасида давлат томонидан қўллаб-қувватлашни амалга ошириш шакллари ва усулларини белгилайди;

энергия жиҳатидан самарадор ва энергия тежаладиган дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор техника ҳамда маҳсулотни, илғор технологияни, ушбу соҳадаги бошқарув усулларини ва илмий тадқиқотларни жорий этиш, иккиламчи энергия ресурсларини ҳамда чиқиндиларни утилизация қилиш, шунингдек атроф-муҳитда табиий ҳолда тикланувчи қуёш, шамол энергиясидан, ер ҳароратидан (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракатидан, биомасса энергиясидан (бундан буён матнда қайта тикланувчи энергия манбалари деб юритилади) фойдаланиладиган технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилишига кўмаклашади;

энергияни ҳисобга олиш, уни назорат қилиш ва бошқариш асбобларини, энергия жиҳатидан самарадор, энергия жиҳатидан тежамкор ҳамда экологик хавфсиз энергетика қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича саноат базасини ривожлантиришга ёрдам беради;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича энергия жиҳатидан самарадорликни, энергия тежамкорлигини ошириш ҳамда энергетика ресурсларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш услубиётини, шунингдек мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлайди;

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг энергетик текширувларини ўтказиш, шунингдек энергияни ишлаб чиқарадиган ҳамда сарфлайдиган ускуналарни ҳамда ишлаб чиқарилаётганда энергетика ресурсларидан фойдаланиладиган маҳсулотни экспертизадан ўтказиш қоидаларини тасдиқлайди;

энергия сарфлашнинг махсус режимини ўрнатишга розилик беради;

энергиядан оқилона фойдаланиш ва энергетика асбоб-ускуналарини ишлатиш масалалари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратишга кўмаклашади;

жамоатчиликни энергиядан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида хабардор қилади;

энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат текшируви ва назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.



11-1-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш

соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида, шу жумладан энергиянинг ишлатилишини камайтириш, энергияни тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ва ижтимоий соҳадаги қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат органларида ва ташкилотларида, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнларига ҳамда ижтимоий соҳа объектларига энергия жиҳатидан самарадор ва энергияни тежайдиган технологиялар жорий этилишини рағбатлантирувчи ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларни ишлаб чиқади, шунингдек энергия ресурсларидан фойдаланишдаги энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги юзасидан мониторингни амалга оширади;

иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳа объектларида энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлигини оширишга доир илмий тадқиқот ишларини ташкил этади, инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солишни амалга оширади;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги бўйича тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилайди;

бинолар ва иншоотларнинг, шу жумладан кўп квартирали уйларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги бўйича тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилайди;

товарларга (ишларга, хизматларга), бинолар ва иншоотларга, қурилмаларга, шу жумладан кўп квартирали уй-жойларга нисбатан энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлиги талабларини белгилайди;

энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ёки мамлакатимизга импорт қилинишини чеклаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

фойдаланилаётган энергия ресурсларининг ҳисобини юритади;

энергия аудиторлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди, энергия ресурслари истеъмолчилари мажбурий энергетика текширувларидан ўтказилиши ва тегишли тавсияларнинг бажарилиши юзасидан мониторингни, шунингдек энергия сервис компаниялари фаолияти мониторингини амалга оширади;

кўп квартирали уй-жой мулкдорларининг умумий фойдаланишдаги мол-мулкка нисбатан энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия жиҳатидан тежамкорликни ошириш юзасидан тадбирлар ўтказади;

энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлиги бўйича ҳудудий дастурларга доир талабларни ишлаб чиқади;

энергия жиҳатидан самарадорлик ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича ишларни юритишга доир маълумотлар базасини шакллантиради;

энергия жиҳатидан самарадорликни ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича ўқув дастурларига доир талабларни ишлаб чиқади;

энергетика аудити соҳасидаги мутахассисларнинг ва энергетика хизматларини етказиб берувчиларнинг малакасини ошириш учун тренинглар ташкил этади.



11-2-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги

давлат текшируви ва назорати органларининг ваколатлари

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат текшируви ва назорати органлари ўз ваколатлари доирасида:

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор технологиялардан фойдаланишнинг шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқлигини текширади;

бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуришда иссиқлик сақловчи қурилиш материалларини, шунингдек конструкцияларни қўллаш ҳамда муқобил энергия манбалари воситаларини, энергияни тежайдиган лампаларни мажбурий ўрнатиш талабларига риоя этилишини назорат қилади, бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиши мустасно;

товарлар (ишлар, хизматлар), иншоотлар, бинолар ва қурилмаларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги нормаларига, шунингдек энергиянинг сифат кўрсаткичларига риоя этилиши устидан текширув ва назоратни амалга оширади;

энергетика ресурсларидан самарасиз фойдаланганлиги учун юридик шахсларга нисбатан иқтисодий жазо чораларини қўллайди.



11-3-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудуди доирасида:

энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

энергиядан оқилона фойдаланишни ривожлантириш давлат дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

энергиядан оқилона фойдаланишни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ва лойиҳаларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

энергиядан оқилона фойдаланишга доир дастурлари ва лойиҳаларининг ижроси юзасидан тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади.



12-модда. Давлат, тармоқ ва ҳудудий

дастурлар ҳамда лойиҳалар

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳалар энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда мажбурийдир.

Қуйидагилар тегишинча давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ташаббускори бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари.

Давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳалар қисқа (бир йилдан икки йилга қадар даврга), ўрта (икки йилдан беш йилга қадар даврга) ва узоқ (беш йил ва ундан ортиқ даврга) муддатга ишлаб чиқилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ҳамда устувор ҳисобланади. Уларни амалга ошириш учун жавобгарлик тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.



13-модда. Энергетика текширувлари

Энергетика текширувлари энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Ҳар йили умумий ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар мажбурий энергетика текширувларидан ўтказилади.

Энергетика текширувларини ўтказиш тартиби ва муддатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


14-модда. Энергетика экспертизаси

Энергия ҳосил қилувчи ва уни ишлатувчи асбоб-ускуналар, шунингдек ишлаб чиқарилишида энергиядан фойдаланиладиган маҳсулотлар энергия жиҳатидан самарадорлиги, энергия тежамкорлиги ва энергия сарфланиши миқдорини баҳолаш учун энергетика экспертизасидан ўтказилади.

Янги ва реконструкция қилинаётган объектларнинг, технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг лойиҳа ҳужжатларини энергетика экспертизасидан ўтказиш мажбурийдир.

Энергетика экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда ўтказилади.


15-модда. Энергияни ҳисобга олиш

Ҳосил қилинадиган ва сарфланадиган энергия жами ҳажми албатта ҳисобга олинади.

Энергияни ҳисобга олиш тартиби ва уни асбоблар билан таъминлаш қоидалари, электр ва иссиқлик энергиясидан, табиий газдан, нефтни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Энергияни ҳисобга олиш норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Энергия ҳисоби тўғри юритилиши учун жавобгарлик корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ёки шунга ваколат берилган бошқа шахсларнинг зиммасига юклатилади.



16-модда. Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш

устидан статистика кузатуви

Энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланиши ҳажми ҳамда унинг тузилмаси, энергиядан оқилона фойдаланилиши устидан статистика кузатувини Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этади ва амалга оширади.



III. ЭНЕРГИЯДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ

ИҚТИСОДИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ

17-модда. Аниқ мақсадга қаратилган дастурлар ва

лойиҳаларни молиялаш

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган миллий, тармоқ ва минтақавий дастурлар ва лойиҳаларни молиялаш энергия жиҳатидан самарали дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришдан фойда оладиган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятидан келадиган даромадлари, бюджетдан ташқари аниқ мақсадга қаратилган фондлар, ички ва чет эл инвестициялари, бюджет манбалари ва бошқа манбалар ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



18-модда. Тармоқлараро энергияни тежаш фонди

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бюджетдан ташқари тармоқлараро энергияни тежаш фонди (матнда бундан буён энергияни тежаш фонди деб юритилади) ташкил этилади.

Қуйидагилар энергияни тежаш фондини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин:

кредитлар берганлик учун ва фонднинг бошқа молия-хўжалик фаолиятидан олинадиган фойда;

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдан олинадиган фойданинг улуши;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг аниқ мақсадга қаратилган ихтиёрий бадаллари;

амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.



19-модда. Энергия ҳосил қилувчилар ва унинг

истеъмолчиларига бериладиган имтиёзлар

Энергиядан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти юридик ва жисмоний шахсларга:

энергиядан фойдаланиш самарадорлигини анча оширадиган махсус асбоб-ускуналар, асбоблар ва материалларни импорт қилишда божхона божлари ва солиқлар бўйича;

ўз ваколатига мувофиқ бошқа масалалар бўйича имтиёзлар беради.

Энергиядан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик ва жисмоний шахсларга:

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ҳамда лойиҳаларни давлат имтиёзли кредити ҳисобидан молиялаштириш бўйича;

тармоқлараро илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш, энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор асбоб-ускуналарнинг тажриба туркумларини ишлаб чиқариш бўйича;

ўз ваколатига мувофиқ бошқа масалалар бўйича имтиёзлар беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

белгиланган нормативларга нисбатан энергия сарфи камайишини таъминлаган;

энергия сарфи миқдори белгиланган нормативлардагидан кам бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган;

ёқилғидан оммабоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланаётган юридик ва жисмоний шахсларга энергия учун имтиёзли тарифлар белгилаши мумкин.

Энергияни тежайдиган технологияларга сарфланган харажатлар ва капитал маблағлар қопланишини жадаллаштириш мақсадида асбоб-ускуналар, асбоблар, қурилиш материаллари ва конструкциялар, кўплаб ишлаб чиқариладиган энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган маҳсулотларни чиқараётган, тегишли ишларни бажараётган ва хизматлар кўрсатаётган ишлаб чиқарувчиларга, шунингдек мазкур асбоб-ускуна, асбоб, материал конструкция, маҳсулотларнинг жорий этилишини ва улардан фойдаланилишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ бўйича имтиёзлар белгиланади.

Энергия ва иссиқлик таъминотини такомиллаштириш, уй-жойлар, квартиралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни энергия сарфини ҳисобга оладиган, назорат қиладиган ва бошқариб турадиган асбоблар билан таъминлаш ишларини амалга ошираётган, иссиқлик йўқолишига йўл қўймаслик ва энергия сарфлашни камайтиришга, иситиш учун иккиламчи энергия ресурсларидан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан, маҳаллий ёқилғи турлари ва ишлаб чиқариш чиқиндиларидан фойдаланишга қаратилган бошқа чора-тадбирларни қўшимча равишда амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга энергияни тежаш фонди маблағларидан дотация берилиши мумкин.


20-модда. Қайта тикланадиган энергия

манбаларидан фойдаланиш

Энергия таъминоти ташкилотлари жумласига кирмайдиган электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчилар ана шу ташкилотларнинг тармоқларига энергия таъминоти ташкилотлари билан келишилган, марказлаштирилган энергия таъминоти тармоқлари ва манбаларининг энг оқилона иш режимини таъминлайдиган миқдорларда ва режимларда энергия бериш ҳуқуқига эга. Энергия таъминоти ташкилотлари мазкур ишлаб чиқарувчилардан энергияни белгиланган тартибда чиқариладиган нархлар бўйича ўз тармоқларига қабул қилиб олишни таъминлашлари шарт.

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларга мувофиқ бунёд этилаётган, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланадиган, иккиламчи ресурслар ва чиқиндиларни ишлатадиган энергетика қурилмалари учун белгиланадиган электр ва иссиқлик энергиясининг нархлари ана шу қурилмалар қурилишига кетган капитал маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган муддатларда жадал қопланишини таъминлаши лозим.

Энергетика ресурсларидан самарали фойдаланилишини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нефть маҳсулотлари, қозон-печ ёқилғиси учун мавсумий нархлар ҳамда электр ва иссиқлик энергияси учун мавсумий тарифлар, шунингдек электр энергияси учун сутканинг турли вақтлари бўйича табақалаштирилган тарифлар жорий этилади.


21-модда. Энергиядан нооқилона

фойдаланганлик учун жавобгарлик

Энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш соҳасида шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахслар бевосита энергия нобудгарчилигини ва энергетика жиҳатидан самарасиз маҳсулот ишлаб чиқарилишини истисно этадиган маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишнинг белгиланган энергия жиҳатидан самарадорлигини таъминлаши шарт. Бу талаблар бузилганда мансабдор шахслар:

энергиянинг сифат кўрсаткичлари бузилган;

энергиянинг бевосита нобудгарчилиги асбоблар ёрдамида ёки норматив усул билан аниқланган;

энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар талабларига мос келмайдиган маҳсулот ишлаб чиқарилган;

энергия сарфланишини асбоб ёрдамида ҳисобга олиш бузилган;

сертификатлаштирилмаган энергетика асбоб-ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланилган;

мавжуд иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишнинг белгиланган улуши таъминланмаган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги энергия ҳосил қилиш ва уни сарфлаш соҳасида шуғулланаётган юридик шахсларни ўзлари етказган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.

Энергиядан нооқилона фойдаланганлик учун жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Энергия етказиб берувчиларнинг келишмасдан энергия таъминотини тўхтатиб қўйиши натижасида энергиядан фойдаланувчиларга етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

22-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Қуйидагилар халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидир:

энергия жиҳатидан самарали технологияларни чет эл ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли айирбошлаш;

энергиядан оқилона фойдаланишни таъминловчи қўшма давлатлараро лойиҳаларни республикада рўёбга чиқариш;

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги халқаро лойиҳаларда иштирок этиш;

энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларини халқаро стандартларнинг талабларига мослаш, шунингдек сертификатлаш натижаларини ўзаро эътироф этиш.



23-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикаси қатнашган халқаро шартномада ушбу қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



24-модда. Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 118-модда