Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Регламенти (ЎзР ОМ 05.05.1995 й. 49-I-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

РЕГЛАМЕНТИ




I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.

Олий Мажлис ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида сайланадиган 250 нафар депутатдан иборат.

Олий Мажлиснинг ваколат муддати - беш йил.

Ваколат муддати тугагач, Олий Мажлис янги чақириқ Олий Мажлис иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.



2-модда.


Олий Мажлиснинг фаолияти масалаларни жамоа бўлиб, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этишга, ошкораликка, Олий Мажлис тузадиган органлар, у сайлайдиган ва тайинлайдиган мансабдор шахслар Олий Мажлис олдида масъул бўлиши ва унга ҳисоб бериб туришига, жамоатчилик фикрини доимо ҳисобга олишга асосланади.

Олий Мажлис фаолиятининг доимий ва самарали бўлиши унинг сессиялари, Олий Мажлис Кенгаши, Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ҳамда депутатларнинг иши билан таъминланади.



3-модда.


Олий Мажлис депутатларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонунда, "Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида"ги Қонунда, ушбу Регламентда ҳамда бошқа қонунларда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини монеликсиз ҳамда самарали амалга оширишлари учун шарт-шароит яратиб берилади.



II БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИС ИШИНИНГ

ТАШКИЛИЙ ШАКЛИ


4-модда.


"Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Олий Мажлис ишининг ташкилий шакли сессия ҳисобланади.

Олий Мажлис сессияси унинг мажлисларида очилади ва ёпилади.

Олий Мажлис сессияси унинг мажлисларидан, шунингдек Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларининг, бошқа органларининг сессия мажлислари оралиғидаги даврда ўтказиладиган мажлисларидан иборат бўлади.



5-модда.


Олий Мажлис сессиялари Олий Мажлис Раиси томонидан заруратга қараб, бир йилда камида икки марта чақирилади.

Олий Мажлис Раиси "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ сессияни чақириш тўғрисидаги масалани Олий Мажлис Кенгаши муҳокамасига киритишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда сессия Олий Мажлис Кенгаши томонидан чақирилиб, шу хусусда қарор қабул қилинади.

Сессияни чақириш тўғрисидаги қарор ҳамда унинг муҳокамасига киритиладиган масалалар ҳақидаги ахборот Олий Мажлис депутатларига ва аҳолига олдиндан маълум қилинади.

Олий Мажлис муҳокамасига киритилаётган қонунлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари депутатларга олдиндан, қоида тариқасида, сессия очилишидан камида ўн кун олдин тақдим этилади.

Олий Мажлис сессиясига тайёргарлик кўриш учун ишчи гуруҳи тузилиши мумкин.

Олий Мажлиснинг сессияси қаерда ва қачон ўтказилиши тўғрисидаги, шунингдек сессияга келаётган депутатлар қаерда ва қачон рўйхатга олиниши ҳақидаги хабар сессия очилишидан камида уч кун олдин республика ва вилоят газеталарида эълон қилинади, телевидение ва радио орқали ўқиб эшиттирилади.

Сессияга келиш имкони бўлмаган тақдирда депутат бу ҳақда Олий Мажлиснинг раҳбарларидан бирига хабар қилади.



6-модда.


Олий Мажлиснинг навбатдан ташқари сессиялари Олий Мажлиснинг Раиси томонидан унинг ташаббуси билан ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ёхуд Олий Мажлис депутатлари камида учдан бир қисмининг таклифи билан чақирилади.

Олий Мажлиснинг навбатдан ташқари сессиясини чақириш зарурлиги асослаб берилган таклифлар Олий Мажлиснинг Раиси номига ёзма равишда юборилиб, унда қандай масалаларни муҳокама қилиш учун Олий Мажлисни чақириш таклиф этилаётганлиги кўрсатилади.

Олий Мажлиснинг навбатдан ташқари сессияси иши бошланишидан олдин депутатларга унда кўриб чиқиш учун киритилаётган ҳужжатларнинг лойиҳалари тақдим этилади.



7-модда.


Олий Мажлис депутатлари ҳар бир мажлис олдидан рўйхатга олинади.

Олий Мажлиснинг мажлиси унинг ишида жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.



8-модда.


Олий Мажлиснинг сайловдан кейинги биринчи сессиясининг биринчи мажлисини Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Олий Мажлиснинг Раиси сайлангунга қадар уни олиб боради.



9-модда.


Олий Мажлис сессиясида раислик қилувчи унинг мажлисларини очади ва ёпади, маърузалар қилиш ва нутқлар учун сўз беради, қонунлар, қарорлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини, депутатларнинг кўрилаётган масалаларга доир таклифларини овозга қўяди ҳамда овоз бериш натижаларини маълум қилади, Олий Мажлис сессиясининг Котибиятига депутатлардан тушган сўровлар, саволлар, маълумотлар, хабарлар, аризалар ва таклифларни ўқиб эшиттиради, мажлислар залида тартибни таъминлайди.

Зарур ҳолларда раислик қилувчи келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда Олий Мажлиснинг иши давомида юзага келадиган бошқа масалаларни ҳал қилиш мақсадида фракцияларнинг, блокларнинг ва бошқа депутатлар гуруҳларининг раҳбарлари билан маслаҳатлашиб олишни ташкил этади.

Олий Мажлис Раисининг ўринбосарлари Раисга унинг ваколатларини бажаришида кўмаклашадилар, унинг топшириғига биноан Олий Мажлиснинг мажлисларида раислик қиладилар, Раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаганда эса унинг вазифаларини бажарадилар.



10-модда.


Олий Мажлис ҳар бир сессиясининг мажлислари даврига биринчи мажлисда сессия Котибияти тузилади.

Котибият очиқ овоз бериш йўли билан Олий Мажлис депутатлари орасидан раҳбар ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Котибиятнинг шахсий таркибига доир таклиф сессияда раислик қилувчи томонидан киритилади.

Сессия Котибиятини тузиш тўғрисида Олий Мажлис қарори қабул қилинади.

Сессия Котибияти ишида қатнашиш учун мутахассислар ва маслаҳатчилар жалб этилиши мумкин.



11-модда.


Сессия Котибияти Олий Мажлис мажлисларининг стенограммаси юритилишини ташкил этади, сўзга чиқиш истагини билдирганларни ёзиб боради, депутат сўровлари, саволлар, маълумотлар, хабарлар, аризалар, таклифларни ҳамда депутатларнинг бошқа материалларини рўйхатга олади, фуқаролардан Олий Мажлис номига келаётган мурожаатлар ва бошқа ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этади.



12-модда.


Биринчи сессияда Олий Мажлис депутатлари орасидан овоз бериш электрон тармоғининг ишини назорат қилувчи гуруҳ тузилиб, у раҳбар ва гуруҳнинг тўрт аъзосидан иборат бўлади.

Назорат гуруҳини сайлаш тўғрисида Олий Мажлис қарори қабул қилинади.



13-модда.


Олий Мажлис депутатлари сессиянинг кун тартибини муҳокама этадилар ва қабул қиладилар. Кун тартибига доир таклифлар Олий Мажлис Кенгаши томонидан дастлабки тарзда қараб чиқилади.

Кун тартибига доир таклиф ҳамда мулоҳазаларни депутатлар ёзма равишда сессия Котибиятига ёки мажлисда раислик қилувчига топширадилар ёхуд Олий Мажлис мажлисидаги нутқларида баён қиладилар.

Тушган таклифларни сессия кун тартибига киритиш масаласи ҳар бир таклиф бўйича очиқ овоз бериш орқали жами депутатларнинг оддий кўпчилик овози билан ҳал қилинади.

15-модда.


Олий Мажлиснинг мажлислари очиқ ўтказилади. Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ ёпиқ мажлис ўтказилиши мумкин.



16-модда.


Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирувчи шахслар, Конституциявий суд раиси, Олий суд раиси, Олий хўжалик суди раиси, Бош прокурор, Марказий банк бошқарувининг раиси Олий Мажлиснинг исталган (очиқ ва ёпиқ) мажлисида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.



17-модда.


Олий Мажлис мажлисларида Олий Мажлиснинг Кенгаши томонидан таклиф этилган давлат органлари, жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари, илмий муассасалар, матбуот, телевидение, радио вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳозир бўлишлари мумкин.

Таклиф қилинган шахслар Олий Мажлиснинг ишига аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар, маъқуллаётганликлари ёки маъқулламаётганликларини билдиришдан ўзларини тийиб туришлари, тартибга риоя қилишлари ҳамда раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт. Улар тартибни қўпол равишда бузган тақдирда раислик қилувчининг фармойишига мувофиқ мажлислар залидан чиқариб юборилиши мумкин.



18-модда.


Мажлислар Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ аҳоли учун қулай вақтда телевидение орқали кўрсатилиши ва радио орқали эшиттирилиши мумкин. Мажлислар тўғрисидаги ахборот республика ва вилоят газеталарида босиб чиқарилади, шунингдек бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.



19-модда.


Сессиялар ўтаётган вақтда Олий Мажлис депутатлари мажлислар залида ҳудудлар бўйича жойлашадилар. Олий Мажлис сессиясига таклиф қилинган шахслар учун махсус жойлар ажратилади.



20-модда.


Олий Мажлис мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва зарурият бўлганда бошқа тилларда ҳамоҳанг таржимаси таъминланади.


21-модда.


Олий Мажлиснинг эрталабки мажлислари, қоида тариқасида, соат 10 дан 13 гача, кечқурунги мажлислари эса соат 15 дан 18 гача ўтказилади, ҳар икки соат ишланганидан кейин 20 минутлик танаффус эълон қилинади. Олий Мажлиснинг қарори билан мажлисларни бошлаш, танаффус қилиш ва тугаллашнинг бошқа вақти белгиланиши мумкин.



22-модда.


Олий Мажлиснинг мажлисларида маърузалар учун, қоида тариқасида, бир соатгача, қўшимча маърузалар учун  20 минутгача вақт берилади. Музокараларда сўзга чиқувчиларга 10 минутгача, қонунларнинг лойиҳаларини моддама-модда муҳокама қилиш чоғида сўзга чиқиш учун 3 минутгача, номзодлар тўғрисида, мажлисларни олиб бориш тартиби ҳақида, овоз бериш сабаблари бўйича сўзга чиқиш учун, баёнотлар учун, сўровлар, таклифлар киритиш, саволлар бериш, хабарлар ва маълумотлар учун 2 минутгача вақт ажратилади. Кўпчилик депутатларнинг розилиги билан мажлисда раислик қилувчи сўзга чиқиш вақтини узайтириши мумкин. Нутқлар минбардан ёки ўтирган жойидаги микрофондан фойдаланган ҳолда сўзланади.

Раислик қилувчининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис кун тартибидаги ҳар бир масалани муҳокама қилишга ажратиладиган вақтни олдиндан белгилаб қўйиши мумкин.



23-модда.


Музокараларда сўз бериш ҳақидаги аризалар мажлис бошлангунга қадар Олий Мажлис Кенгашига юборилади, Олий Мажлиснинг мажлиси давомида эса ёзма равишда сессия Котибиятига ёки ўтирган жойидан электрон тармоқ орқали берилади.



24-модда.


Олий Мажлис мажлисида раислик қилувчи аризаларнинг тушиш навбати бўйича музокараларда қатнашиш учун сўз беради. Раислик қилувчи зарур ҳолларда навбатни ўзгартириши ва ўзи қабул қилган қарорнинг сабабларини эълон қилиши мумкин. Депутат сўзга раислик қилувчи унга сўз берганидан кейингина чиқади.



25-модда.


Олий Мажлис депутати сессияда айнан бир масала бўйича икки мартадан ортиқ сўзлаши мумкин эмас. Сўзга чиқиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди. Сўзга чиққан депутатнинг зарур ҳолларда маълумот, тушунтириш бериш, саволга жавоб қайтариш ҳуқуқи сақланиб қолинади.

Олий Мажлиснинг мажлисини олиб бориш тартиби бўйича, маълумот бериш учун, саволга жавоб қайтариш ҳамда тушунтириш бериш учун раислик қилувчи томонидан навбатдан ташқари сўз берилиши мумкин.

Маърузачиларга саволлар ёзма равишда юборилади ёки ўтирган жойидан хос микрофон орқали берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиснинг Раиси ва Раиснинг ўринбосарлари истаган вақтда сўз олиш ҳуқуқига эгадирлар.



26-модда.


Олий Мажлис сессиясида сўзлаётган нотиқ муҳокама қилинаётган масаладан четга чиқмаслиги, қўпол ва одобсиз ибораларни ишлатмаслиги, қонунсиз ва зўрлик ишлатиладиган ҳаракатларга даъват этмаслиги керак. Шундай бўлган ҳолларда раислик қилувчи огоҳлантиришга ҳақлидир.

Иккинчи огоҳлантиришдан кейин нотиқ сўздан маҳрум қилинади. Бунда раислик қилувчи микрофонни ўчириб қўйишга ҳақли.



27-модда.


Музокараларни тўхтатиш сессияда ҳозир бўлган жами депутатларнинг кўпчилиги томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинадиган Олий Мажлиснинг қарорига биноан амалга оширилади.

Музокаралар тўхтатилганидан кейин маърузачи ва қўшимча маъруза қилган шахс якунловчи нутқ билан сўзга чиқишга ҳақлидирлар.

Башарти музокаралар тўхтатилганлиги муносабати билан депутат сўзга чиқиш имконига эга бўлмаса, унинг илтимосига мувофиқ нутқнинг матни мажлис стенограммасига киритилиши мумкин. Нутқ матни депутат томонидан имзоланган бўлиши лозим.



28-модда.


Олий Мажлиснинг мажлисларида қараб чиқилаётган масалаларга доир қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, бошқа қонунларда, ушбу Регламентда назарда тутилган ҳолларда ёки Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ яширин овоз бериш ўтказилади.

Башарти Олий Мажлис бошқача қарор қабул қилмаса, очиқ ва яширин овоз бериш овозларни сановчи электрон тармоқ ёрдамида ўтказилади.

Бир масала юзасидан овоз бериш ўтказилаётганида ҳар қайси депутат битта овозга эга бўлади ҳамда таклифни ёқлаб ёки унга қарши овоз беради ёхуд овоз беришда бетараф қолади.



29-модда.


Овозларни сановчи электрон тармоқдан фойдаланмай очиқ овоз беришни ўтказиш депутатлар гуруҳига топширилади. Унинг таркибини Олий Мажлис белгилайди. Овоз бериш, башарти бирорта ҳам депутат ўзгача тартибни талаб қилмаса, овозларни санаб чиқмасдан  аниқ кўпчилик эканлигини инобатга олиб ёки овозларни санаб чиқиш йўли билан ўтказилиши мумкин.

Овозларни санаб чиқиш тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи овоз бериш натижаларини эълон қилади.



30-модда.


Яширин овоз беришни бюллетенлар ёрдамида ўтказиш тўғрисида қарор қилинган тақдирда Олий Мажлис депутатлар орасидан 5-7 кишидан иборат саноқ комиссияси сайлайди.

Сайланаётган органлар таркибига ёки мансабдор шахслар лавозимига номзодлари кўрсатилган депутатлар саноқ комиссиясига кириши мумкин эмас.

Саноқ комиссияси ўз орасидан комиссия раиси ва комиссия котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бюллетенлар саноқ комиссиясининг назоратида, у белгилаган шаклда ва миқдорда тайёрланади.

Овоз бериш вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.



31-модда.


Бюллетенлар ёрдамида яширин овоз бериш ўтказилаётганда саноқ комиссияси гувоҳнома кўрсатган ҳар бир депутатга битта бюллетень беради.

Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш хонасида ёки бунинг учун махсус ажратилган хонада бюллетендаги ўзи қарши овоз бераётган номзоднинг фамилиясини, қарор (қарор варианти) лойиҳасига доир бюллетенда эса  таклиф қилинаётган қарорлар вариантлари ёнидаги "ёқлайман" ёки "қаршиман" деган сўзни ўчириб ташлаш йўли билан амалга оширилади.

Белгиланмаган нусхадаги бюллетенлар, мансабдор шахсларни сайлаш вақтида эса  бир лавозимга икки ва ундан ортиқ номзод қолдирилган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бюллетенларга қўшимча ёзиб қўйилган фамилиялар овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида эътиборга олинмайди.

Ишлаш тартибига доир масалалар юзасидан яширин овоз бериш ўтказилмайди.



32-модда.


Яширин овоз бериш якунлари тўғрисида саноқ комиссияси баён тузади, бу баён саноқ комиссиясининг ҳамма аъзолари томонидан имзоланади. Саноқ комиссиясининг маърузаси юзасидан Олий Мажлис яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



33-модда.


Депутатларнинг камида бешдан бир қисми талабига мувофиқ сессияда электрон тармоқдан фойдаланган ҳолда ёхуд депутатларнинг номлари ёзилган бюллетенларни топшириш йўли билан номма-ном овоз бериш ўтказилади. Бюллетенда "ёқлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деган сўзлар бўлади. Депутат бюллетендаги шу сўзлардан бирини қолдириб, қолганларини ўчириб ташлаши шарт. Овозларни ҳисоблаб чиқиш пайтида, юқорида кўрсатилган сўзларнинг биттадан ортиғи қолдирилган ёки ҳар учала сўз ўчириб ташланган ёки кўзда тутилмаган қарор варианти ёзиб қўйилган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

Ишлаш тартибига доир масалалар юзасидан номма-ном овоз бериш ўтказилмайди.



34-модда.


Олий Мажлис депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга ошириши шарт.



35-модда.


Овоз беришни ўтказиш тартиби ва техникасида хатога йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ такрор овоз бериш ўтказилади.



III БОБ. ФРАКЦИЯЛАР, БЛОКЛАР ВА

БОШҚА ДЕПУТАТЛАР ГУРУҲЛАРИ

36-модда.


Олий Мажлис депутатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ фракциялар, блоклар ва бошқа депутатлар гуруҳларига бирлашишлари мумкин.

Ҳар бир депутатлар гуруҳи Олий Мажлис кўриб чиқиши учун киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда муҳокама қилишга ва улар юзасидан таклифлар киритишга ҳақлидир.


37-модда.


Олий Мажлис депутати фақат битта фракцияда ёки блокда бўлишга ҳақли.

Фракциялар, блоклар ўз фаолиятларини Олий Мажлис томонидан рўйхатга олинганларидан кейин амалга оширадилар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари доирасида иш олиб борадилар.

Фракциялар, блоклар Олий Мажлис Кенгаши, қўмиталари ва комиссиялари билан узвий алоқада ишлайдилар.

Фракциянинг, блокнинг фаолияти қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиб юбориш) ёки тугатиш йўли билан тўхтатилиши мумкин. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис тегишли қарор қабул қилади.


38-модда.


Фракция ёки блок тузиш учун қуйидагилар зарур:

1) ташаббускор гуруҳ тузиш;

2) фракция, блок тузиш ниятини эълон қилиш;

3) фракция ёки блокнинг таъсис йиғилишини ўтказиш;

4) фракция ёки блок раҳбарини сайлаш;

5) фракция ёки блок тузиш тўғрисидаги таъсис баённомасини қабул қилиш ҳамда уни Олий Мажлисга топшириш.

Фракция, блок раҳбари (вакили) фракцияни, блокни рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимос баён этилган ариза билан Олий Мажлисга мурожаат этади.

Аризага таъсис йиғилишининг баённомаси илова қилинади, баённомада фракциянинг, блокнинг миқдор ва шахсий таркиби, шунингдек фракция, блок раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва сайлов округининг тартиб рақами кўрсатилган бўлиши керак.

Аризаларни Олий Мажлис сессиясида қараб чиқиш чоғида фракцияларнинг, блокларнинг раҳбарлари тузилган фракциянинг, блокнинг мақсад ва вазифалари тўғрисидаги ахборот билан сўзга чиқиши, бошқа маълумотларни айтиши мумкин.

Олий Мажлис фракцияларни, блокларни рўйхатга олиш масаласи юзасидан қарор қабул қилади.


IV БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ РАИСИ

ВА РАИС ЎРИНБОСАРЛАРИ


39-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Раиси ва унинг ўринбосарлари Олий Мажлис депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.



40-модда.


Олий Мажлиснинг Раиси ва унинг ўринбосарлари Олий Мажлис ваколати муддатига сайланади.



41-модда.


Номзод яширин овоз бериш натижасида Олий Мажлис депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпининг овозини олган бўлса, Олий Мажлиснинг Раиси лавозимига сайланган ҳисобланади.



42-модда.


Олий Мажлиснинг Раиси яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис томонидан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Башарти Олий Мажлис депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи Олий Мажлис Раисини чақириб олиш тўғрисидаги бу таклифни ёқлаб овоз берган бўлса, бу масала Олий Мажлис сессияси кун тартибига киритилади.

Чақириб олиш масаласи қараб чиқилаётган вақтда Олий Мажлиснинг Раисига сўз берилиши керак.

Олий Мажлис Раисини чақириб олишни ёқлаб Олий Мажлис депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғи овоз берган бўлса, у чақириб олинган ҳисобланади.



43-модда.


Олий Мажлис Раисининг ваколатлари Олий Мажлиснинг Раиси бетоб бўлиб қолган тақдирда ёки ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришига имкон бермайдиган бошқа вазиятлар муносабати билан Раиснинг ўз илтимосига кўра Олий Мажлис томонидан муддатидан олдин тўхталиши мумкин.



44-модда.


Олий Мажлис Раисининг ўринбосарларини сайлаш, уларни чақириб олиш ва ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



45-модда.


Олий Мажлиснинг Раисини ва унинг ўринбосарларини сайлаш, уларни чақириб олиш ва ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш тўғрисида Олий Мажлиснинг қарори қабул қилинади.



46-модда.


Олий Мажлиснинг Раиси лавозимига ёки унинг ўринбосари вазифасига номзод Олий Мажлис депутатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаган тақдирда тавсия қилинган бошқа номзод бўйича овоз бериш ўтказилади.



47-модда.


Олий Мажлиснинг Раиси лавозимига ёки унинг ўринбосари вазифасига икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва уларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун талаб қилинадиган овозлар сонини ололмаган тақдирда, кўпроқ овоз олган икки номзод бўйича такрор овоз бериш ўтказилади.

Башарти икки номзод кўрсатилган ва улардан ҳеч бири депутатлар умумий сони ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, янгидан номзодлар кўрсатилиб, қайта сайлов ўтказилади.



V БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ КЕНГАШИ


48-модда.


Олий Мажлис ишини ташкил этиш ҳамда "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш учун биринчи сессияда Олий Мажлиснинг Кенгаши тузилади.



49-модда.


Олий Мажлис Кенгашининг таркибига Олий Мажлис Раиси, Олий Мажлис Раисининг ўринбосарлари, қўмиталари, комиссияларининг (муваққатларидан ташқари) раислари, Олий Мажлис депутатлари фракциялари, блокларининг раҳбарлари киради.

Олий Мажлис Кенгашига Олий Мажлис Раиси бошчилик қилади.


50-модда.


Олий Мажлис Кенгашининг мажлислари заруратга қараб чақирилади ва Кенгаш умумий таркибининг ярмидан ортиғи ҳозир бўлган тақдирдагина ваколатли бўлади. Олий Мажлис Кенгашининг мажлисларини Олий Мажлиснинг Раиси, у бўлмаган пайтда эса  Олий Мажлис Раисининг ўринбосарларидан бири чақиради ва олиб боради.

Олий Мажлис Кенгашининг қарорлари унинг мажлисларида ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорлар шунингдек Олий Мажлис Кенгаши таркибининг аъзоларидан биттама-битта сўраб чиқиш йўли билан ҳам қабул қилиниши мумкин.

Олий Мажлис Кенгашининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти қатнашиш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлис Раисининг таклифига мувофиқ Кенгаш мажлисларида Олий Мажлис депутатлари, шунингдек давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг вакиллари, олимлар ва мутахассислар ҳам қатнашишлари мумкин.

Олий Мажлиснинг Кенгаши таркибига кирувчи шахсларга, шунингдек унинг мажлисларида қатнашувчи бошқа шахсларга мажлисда кўриб чиқиш мўлжалланаётган масалалар тўғрисида олдиндан хабар қилинади ва зарур материаллар берилади.

Олий Мажлис Кенгаши мажлисларининг баёнлари ва стенограммаси юритилади. Олий Мажлиснинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилган қарорлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълум қилинади.



51-модда.


Олий Мажлис Кенгашининг ваколатлари "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонун билан белгиланади.



52-модда.


Олий Мажлиснинг Кенгаши ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлаш учун зарур ҳолларда ўз сафидан, Олий Мажлис депутатлари, мутахассислар, шунингдек давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва илмий муассасалар вакиллари орасидан ишчи комиссиялари ёки гуруҳларини тузади.



VI БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ ҚЎМИТАЛАРИ

ВА КОМИССИЯЛАРИ


53-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Олий Мажлис қонун лойиҳалари тайёрлаш ишларини олиб бориш, Олий Мажлис муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, қонунларнинг ва Олий Мажлис бошқа қарорларининг ижросини назорат қилиб туриш учун депутатлар орасидан қўмиталар ва комиссиялар сайлайди.

Қўмиталар ва комиссияларнинг ваколатлари, уларни тузиш ва фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида"ги Конституциявий Қонун, ушбу Регламент ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланади.



54-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис томонидан унинг ваколат муддати даврига тузилади.

Қўмиталар ва комиссияларнинг рўйхати ва миқдор таркиби Олий Мажлис томонидан белгиланади. Ушбу масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади.

Зарур ҳолларда Олий Мажлис янги қўмиталар ва комиссиялар тузиши, илгари тузилганларини тугатиши ҳамда қайтадан ташкил этиши, қўмиталар ва комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.



55-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар очиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Овоз бериш қўмита, комиссия раисининг номзоди бўйича алоҳида, сўнгра эса Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ қўмитанинг, комиссиянинг бутун таркиби бўйича ёки ҳар бир номзод бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади.

Олий Мажлис депутати, қоида тариқасида, фақат битта қўмита ёки комиссиянинг аъзоси этиб сайланиши мумкин.

Қўмиталар ва комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Қўмита, комиссия таркибига сайланмаган Олий Мажлис депутати улар ишида маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.



56-модда.


Қўмиталар ёки комиссиялар таркибига Олий Мажлиснинг Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланишлари мумкин эмас.



57-модда.


Қўмиталар ва комиссиялар Олий Мажлис олдида масъул ва унга ҳисобдордирлар.



58-модда.


Олий Мажлис ва унинг Кенгаши муайян топшириқларни бажариш учун депутатлар орасидан муваққат комиссиялар тузиши, уларнинг вазифалари ва фаолият юритиш тартибини белгилаб бериши мумкин.

Муваққат комиссияларнинг мажлислари, агар комиссиялар бошқача тартибни белгилаб қўймаса, очиқ ўтказилади.



59-модда.


Давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муссасалар ва ташкилотлар муваққат комиссияларга иш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни тақдим этадилар.

Муваққат комиссияларнинг фаолиятига тўсқинлик қилувчи мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



60-модда.


Муваққат комиссия фаолият натижалари бўйича ўзининг тузилишига сабаб бўлган масаланинг моҳияти юзасидан маъруза тақдим этади. Олий Мажлис ёки унинг Кенгаши комиссиянинг маърузаси юзасидан қарор қабул қилиши мумкин.

Муваққат комиссиялар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариб бўлганларидан кейин фаолиятни тўхтатади. Олий Мажлис ёки унинг Кенгашининг қарорига биноан муваққат комиссияларнинг фаолияти муддатидан олдин тўхталиши мумкин.



VII БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ

СУДИНИ, ОЛИЙ СУДИНИ, ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИ

САЙЛАШ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ

БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ РАИСИНИ, ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ РАИСИНИ ТАЙИНЛАШ


61-модда.


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларини, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини, Бош прокурор ва унинг ўринбосарларини тайинлаш ва лавозимларидан озод этиш, вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг органларини тузиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Фармонларини тасдиқлайди.

Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларини тасдиқлаш юзасидан қарорлар қабул қилади.



62-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 10-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти Олий Мажлисга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади. Мазкур номзодлар лавозимга тайинланиши ёки сайланишидан аввал Олий Мажлиснинг ёки Олий Мажлис Кенгашининг топшириғига биноан тегишли қўмиталарда, комиссияларда муҳокама қилинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва сайлаш тўғрисида Олий Мажлис қарор қабул қилади.


63-модда.


Тақдим этилган номзодларни тегишли лавозимларга тайинлаш ёки сайлаш очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Қарорлар депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Башарти лавозимга кўрсатилган номзод Олий Мажлис томонидан қўллаб-қувватланмаса, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг бошқа таклифи муҳокама қилинади.



64-модда.


Олий Мажлиснинг Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди таркибига кўрсатилаётган номзодлар ҳақидаги қарори ҳар бир номзод бўйича алоҳида-алоҳида ёки барча номзодлар бўйича бир йўла (Конституциявий суд таркиби бундан мустасно) ёхуд Олий Мажлис белгилайдиган бошқача тартибда қабул қилинади.



VIII БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИ.

ОЛИЙ МАЖЛИСДА ВА УНИНГ ОРГАНЛАРИДА

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ТАРТИБИ


65-модда.


“Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, конституциявий қонунларни, қонунларни, қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади.



66-модда.


Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи янги қонунлар лойиҳаларини, амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳаларини, янги қонунларни қабул қилиш ёки амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги таклифларни (қонун чиқариш тўғрисидаги таклифларни) киритиш шаклида амалга оширилади.



67-модда.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига мувофиқ Олий Мажлисда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикасининг Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Олий Мажлиснинг депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокурор эгадирлар.



68-модда.


Қонунларнинг лойиҳалари ва қонун чиқариш ҳақидаги таклифлар уларни ишлаб чиқиш зарурлиги асосланган ҳолда, бўлажак қонунларнинг мақсадлари, вазифалари ва асосий қоидалари ҳамда улар амалдаги қонунлар тизимида тутадиган ўрнининг, шунингдек уларни қўллашдан кутилаётган ижтимоий-иқтисодий оқибатларнинг батафсил таърифи билан бирга кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Шу билан бирга қонун лойиҳасини тайёрлашда иштирок этган жамоалар ва шахслар кўрсатилади. Амалга ошириш учун қўшимча моддий ва бошқа харажатлар талаб қилинадиган лойиҳа тақдим этилаётганда унга молиявий-иқтисодий далиллар илова қилинади.

Қонун лойиҳаларини ва қонун чиқариш тўғрисидаги таклифларни расмийлаштириш чоғида қонунларнинг лойиҳаларини тайёрлаш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа талаблар ҳам ҳисобга олиниши керак.



69-модда.


Олий Мажлис қараб чиқиши керак бўлган қонунларнинг лойиҳалари ва қонун чиқариш тўғрисидаги таклифлар Олий Мажлис Раисига ёки Олий Мажлис Кенгашига тақдим этилади ва Олий Мажлиснинг Котибиятида рўйхатга олинади.



70-модда.


Агар тақдим этилган қонун лойиҳаси ёки қонун чиқариш тўғрисидаги таклиф ушбу Регламентнинг ва қонун лойиҳаларини тайёрлаш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига жавоб бермаса, бундай лойиҳа ёки таклифлар Олий Мажлис Раиси ёки Олий Мажлис Кенгаши томонидан қайтарилиши мумкин.



71-модда.


Рўйхатга олинган қонун лойиҳаси ёки қонун чиқариш тўғрисидаги таклифлар дастлабки тарзда қараб чиқиш ва бундан буён унинг устида иш олиб бориш тартиби хусусида таклиф тайёрлаш учун, қоида тариқасида, Олий Мажлис Раиси ёки Олий Мажлис Кенгаши томонидан Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари, комиссияларига ҳамда айни бир вақтда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига юборилади. Бунда ҳулоса тайёрлаш учун бош қўмита (комиссия) белгилаб қўйилади.

Олий Мажлис ёки унинг Кенгаши қонуннинг лойиҳасини тайёрлаш ёки дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузиши мумкин.

Қонун лойиҳалари Олий Мажлис депутатларига барвақт тарқатилади. Депутатларнинг мулоҳазалари ва таклифлари қонун лойиҳаси устида олиб бориладиган кейинги ишда ҳисобга олинади.



72-модда.


Қўмиталар ва комиссияларда қонун лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда қонунларнинг лойиҳалари бўйича хулосалар тайёрлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



73-модда.


Олий Мажлис Кенгаши қўмиталар, комиссияларнинг хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини ушбу сессия кун тартибига киритишни таклиф қилади ёки қонун лойиҳаси (қонун чиқариш тўғрисидаги таклиф) устида ишлашни давом эттириш ёхуд уни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Башарти қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қонун лойиҳаси сессия кун тартибига киритилишини қатъий талаб қилсалар, Олий Мажлис Кенгаши бу таклифни рад этишга ҳақли эмас. Олий Мажлис Кенгаши мазкур масала юзасидан ўз хулосасини сессия муҳокамасига киритиши мумкин.



74-модда.


Олий Мажлисга киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бир неча ўқишда амалга оширилиши мумкин, улардан алоҳида аҳамиятга моликлари эса, бир неча ўқишда амалга оширилиши шарт, шунингдек улар фракция, блок ва бошқа депутатлар гуруҳларида дастлабки тарзда муҳокама қилинади.


75-модда.


Қонун лойиҳасининг биринчи ўқилишида Олий Мажлис, қоида тариқасида, қонун лойиҳаси ташаббускорининг маърузасини ва бош қўмита ёки комиссиянинг қўшимча маърузасини тинглайди, қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини муҳокама қилади ҳамда тузатишлар шаклида таклиф ва мулоҳазалар билдиради, қонун лойиҳасини кенг муҳокама этиш учун эълон қилиш зарурлиги ҳақидаги масалани қараб чиқади.

Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис қонунни қабул қилади ёки қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини биринчи ўқишда маъқуллайди ёхуд уни рад этади. Қонун лойиҳаси маъқулланган тақдирда Олий Мажлис уни иккинчи ўқишда тақдим этиш муддатини белгилайди.

Биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасига доир тўхтам, агар Олий Мажлис депутатлари умумий сонининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Бундай тўхтам Олий Мажлиснинг қарори билан расмийлаштирилади.



76-модда.


Қонун лойиҳасига ва унинг айрим моддаларига тузатишлар, қоида тариқасида, депутатлар томонидан ёзма равишда Олий Мажлис Кенгашига ёки бош қўмитага, комиссияга ёхуд қонун лойиҳасини маромига етказиш топширилган органга қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси бошланишидан камида уч кун олдин топширилади.



77-модда.


Қонун лойиҳасини маромига етказиш топширилган бош қўмита, комиссия ёки бошқа органлар қонун лойиҳасига киритилган тузатишларни қараб чиқади ва уни иккинчи ўқишдаги муҳокамага тайёрлайди.



78-модда.


Маромига етказилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Кенгашининг қарорига мувофиқ иккинчи ўқишдаги муҳокамага киритилади.



79-модда.


Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётганида моддама-модда, бўлимлар бўйича ёки тўлалигича муҳокама қилинади. Муҳокама чоғида қонун лойиҳаси камчиликларини тўлдириш учун тегишли қўмиталар, комиссиялар ёки уни киритган органларга (мансабдор шахсларга) қайтарилиши мумкин.


80-модда.


Кўриб чиқиш натижасига қараб, Олий Мажлис қонунни қабул қилади ёки рад этади ёхуд маромига етказиш учун қайтаради.

Қонуннинг ҳар бир моддаси, бўлими ёки боби алоҳида-алоҳида, сўнгра эса лойиҳа тўлалигича овозга қўйилади. Олий Мажлис бутун қонун лойиҳасини биратўла овозга қўйиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



81-модда.


Таклиф этилган ҳар бир тузатиш алоҳида муҳокама қилинади. Бунда раислик қилувчи тузатишлар бўйича тегишли қўмита, комиссия хулосалар тайёрлаши учун танаффус эълон қилиши мумкин. Агар депутат қўмитанинг, комиссиянинг хулосасига рози бўлмаса, унга ўз таклифини асослаш учун сўз берилади. Бу ҳолда тузатишлар бўйича музокара очилмайди.



82-модда.


Олий Мажлиснинг қарорига биноан энг муҳим қонунларнинг лойиҳалари халқ овозига (референдумга) қўйилиши мумкин. Референдум қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.



83-модда.


Олий Мажлис қонунлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатларни жами депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Конституцияни ўзгартирувчи ва тўлдирувчи қонунлар, шунингдек бошқа конститутциявий қонунлар Олий Мажлис жами депутатларининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинади.

Олий Мажлис Конституцияга ўзгартишлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни тегишли таклиф киритилганидан кейин олти ой давомида, кенг муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қабул қилиши мумкин. Агар Олий Мажлис Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф камида бир йил ўтгандан кейин қайта киритилиши мумкин.



84-модда.


Ўзбекистон Республикаси қонунларини Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолайди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 14-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунга ўз эътирозини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Олий Мажлисга қайтаришга ҳақли. Агар Олий Мажлис илгари ўзи қабул қилган қарорни овозларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги билан тасдиқласа, Президент қонунни имзолайди.



85-модда.


Қабул қилинган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган матни Олий Мажлисга сақлаш ва эълон қилиш учун юборилади. Қонун лойиҳаларини эълон қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



86-модда.


Олий Мажлиснинг ҳамда Олий Мажлис Кенгашининг қарорларини Олий Мажлиснинг Раиси имзолайди, у бўлмаган ҳолларда эса бундай ҳужжатларни Олий Мажлис Раисининг ўринбосарларидан бири имзолайди.



IX БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИС ВА УНИНГ ОРГАНЛАРИ

ТОМОНИДАН БОШҚА ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ


87-модда.


Олий Мажлис, унинг Кенгаши мурожаатномалар, декларациялар, баёнотлар қабул қилиши мумкин.

Олий Мажлис томонидан декларациялар, мурожаатномалар ва баёнотлар қабул қилиш ташаббуси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлардан чиқиши мумкин.

Зарур ҳолларда декларациялар, мурожаатномалар ва баёнотларнинг лойиҳалари Олий Мажлис ёки унинг Кенгашининг қарорига кўра Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссияларига дастлабки тарзда қараб чиқиш учун топширилиши мумкин.



88-модда.


Олий Мажлиснинг ишлаш тартибига доир масалалар юзасидан қарорлар мажлисда ҳозир бўлган депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бундай қарор расмийлаштирилади ва мажлисларнинг стенограммасига киритилади.



89-модда.


Олий Мажлиснинг Кенгаши ўз ваколатларини амалга ошириш мақсадида қарорлар қабул қилади.



90-модда.


Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссиялари ўзлари муҳокама қилаётган масалалар юзасидан қарорлар қабул қиладилар ҳамда Олий Мажлис, унинг Раиси ёки Олий Мажлис Кенгаши уларга юборган қонунларнинг лойиҳалари юзасидан хулосалар берадилар. Қўмита, комиссиянинг қарорлари ва хулосалари қўмита, комиссиянинг раиси томонидан имзоланади.



X БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

БЮДЖЕТИНИ ВА ДАВЛАТ СТРАТЕГИК

ДАСТУРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


91-модда.


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат стратегик дастурларининг лойиҳалари, шунингдек уларни тасдиқлаш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳалари Олий Мажлисга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилади.



92-модда.


Давлат стратегик дастурларининг лойиҳалари тўғрисидаги материаллар Олий Мажлис депутатларига олдиндан тақдим этилади.



93-модда.


Башарти бошқача қарор қабул қилинмаса, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун Олий Мажлис Давлат бюджети даромадларининг умумий суммасини ва харажатларининг умумий суммасини тасдиқлаганидан сўнг овозга қўйилади.

Давлат стратегик дастурларини, Давлат бюджетининг ижроси ҳақидаги ва дастурларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш хусусида Олий Мажлис қарорлар қабул қилади.



XI БОБ. ТАШҚИ СИЁСАТ МАСАЛАЛАРИНИ

ҚАРАБ ЧИҚИШ


94-модда.


Олий Мажлиснинг халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш билан боғлиқ фаолияти тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



95-модда.


Олий Мажлис, Олий Мажлис Раиси ёки Олий Мажлис Кенгаши хорижий мамлакатларга юбориладиган расмий парламент делегацияларининг таркибини белгилайди.



XII БОБ. ОЛИЙ МАЖЛИСНИНГ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШИ


96-модда.


Олий Мажлис давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.



97-модда.


Олий Мажлис ўзи сайлайдиган, тайинлайдиган ва тасдиқлайдиган мансабдор шахсларнинг умуман иши тўғрисидаги ёки фаолиятининг айрим масалалари юзасидан ҳисоботини ёки ахборотини тинглаши мумкин. Ҳисобот, ахборот бўйича Олий Мажлиснинг сессиясида музокаралар ўтказилиши мумкин. Муҳокама якуни бўйича Олий Мажлис қарор қабул қилади.



98-модда.


Олий Мажлиснинг битта ёки бир гуруҳ депутати, қўмитаси, комиссияси, фракцияси ёки блоки мансабдор шахсларга, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларига республиканинг давлат, хўжалик ва ижтимоий-маданий қурилиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан расмий тушунтиришлар бериш ёки ўз муносабатини баён этишни талаб қилиб сўров билан мурожаат этишга ҳақлидирлар.

Сўров Олий Мажлиснинг сессиясида оғзаки ёки ёзма равишда киритилиши мумкин.

Мажлисда раислик қилувчи сўровни, у қайси орган ёки мансабдор шахсга қаратилган бўлса, ана шу орган ёки мансабдор шахс эътиборига етказади. Сўров қаратилган орган ёки мансабдор шахс сўровга Олий Мажлис белгилаган муддат ва тартибда жавоб бериши шарт.

Сўров киритган битта ёки бир гуруҳ депутат, қўмита, комиссия, фракция, блок сўровга жавоб берган орган ёки мансабдор шахсга қўшимча тушунтиришлар беришни сўраб мурожаат қилишлари, сўз қўшишлари, баёнот билан сўзга чиқишлари мумкин.

Сўровнинг жавоби тинглаб бўлингач, муҳокамага қўйилиши мумкин. Сўровга берилган жавоб юзасидан қарор қабул қилинади.

Олий суднинг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Бош прокурор, суриштирув ва тергов органларининг рахбарлари номига киритилган депутат сўрови улар юритаётган аниқ ишлар ва материалларга оид бўлиши мумкин эмас.



99-модда.


Олий Мажлиснинг сессиясида билдирилган ёки мажлисда раислик қилувчига ёзма равишда тақдим этилган таклиф ва мулоҳазалар Олий Мажлис томонидан қараб чиқилади ёки қараб чиқиш учун тегишли давлат органлари ёхуд жамаот бирлашмалари ва мансабдор шахсларга юборилади.



100-модда.


Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, бошқа мансабдор шахслар Олий Мажлисга ва унинг органларига берилган маълумотларнинг тўғри-нотўғрилиги учун ёки уларни атайин яширганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.


XIII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


101-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биринчи сессияда ўз ваколати муддатига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлайди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Олий Мажлис депутатлари орасидан сайланади.


102-модда.


Олий Мажлис, унинг органлари ва депутатлари фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатлар сметаси Олий Мажлиснинг Раиси томонидан тасдиқланади.



103-модда.


Олий Мажлис, унинг органлари ва депутатларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқача хизмат кўрсатиш Олий Мажлиснинг Котибияти томонидан таъминланади.



104-модда.


Олий Мажлиснинг Котибияти тўғрисидаги Низом, Котибиятнинг тузилиши ва штатлари Олий Мажлиснинг Раиси томонидан тасдиқланади.



105-модда.


Депутатларни рўйхатга олиш, сўзга чиқишга ёзилиш, сўровлар, таклифлар ва тузатишлар киритиш, овозларни санаш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш, шунингдек мажлисларнинг бориши ҳақида маълумотнома ва статистика ахборотларини жамлаш ҳамда тезкорлик билан бериш, рўйхатлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, босиб чиқариш, Олий Мажлис ишидан воқиф қилиб туриш учун электрон тармоқдан фойдаланиш мумкин.

Электрон тармоқ ишини назорат қилувчи гуруҳ таркибига кирган депутатлар бу тармоқни назорат қилиш учун зарур бўлган барча ахборотларни монеликсиз олиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу гуруҳнинг ўз тасарруфидаги масалаларга оид қарорлари электрон тармоқнинг ишлашини таъминлаб турган барча мутахассислар ва хизматлар учун мажбурийдир.

Назорат қилувчи гуруҳ яширин овоз бериш бошланишидан аввал электрон тармоқнинг ишлашини текшириб кўришга ҳақлидир, бу хусусда махсус баённома тузилади.

Назорат қилувчи гуруҳ депутатларнинг номма-ном овоз бериш натижалари кўрсатилган рўйхатлардаги хатоликларга доир арзларини қараб чиқади ва уларнинг қанчалик асослилигини текширади, ўз ишига мутахассис-экспертларни жалб этади.

Рўйхатга олиш натижалари, сўзга чиқишга ёзилиш, депутатларнинг сўровлари, овоз бериш натижалари ҳамда мажлиснинг боришига оид бошқа маълумотлар электрон тармоқ компьютерининг хотирасида, шунингдек Олий Мажлиснинг архивида магнит тасмаси ёзувларида сақланади.






























Время: 0.1581
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск