Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1997 й. 481-I-сон "Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1997 й.

N 481-I



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚОНУНЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қиладиган қонунларни тайёрлаш тартибини белгилайди.



2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган органлар ва шахсларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, унинг Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириғига ёки тавсиясига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан қонун лойиҳалари устида ишлаётган вазирликлар, идоралар, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг фаолиятига татбиқ этилади.



3-модда. Қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг

демократик асослари

Қонунлар Ўзбекистон Республикаси халқининг хоҳиш-иродасини ифода этиши, турли сиёсий кучлар, ижтимоий табақалар ва жамият гуруҳлари манфаатларининг ўзаро муросасини таъминлаши лозим.

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатларининг, партия фракцияларининг (блокларининг), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади. Лойиҳаларни тайёрлашга илмий муассасалар, ўқув юртлари, олимлар, халқ хўжалиги тегишли тармоқларининг мутахассислари ва юридик хизматлари жалб этилади.

Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасига қўйилиши мумкин.



4-модда. Олий Мажлис қонун яратувчилик

фаолиятининг асосий йўналишлари

Олий Мажлис ўз фаолиятида қонун яратувчилик ишининг қуйидаги асосий йўналишлари бўйича истиқболга мўлжалланган ва жорий режалар ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади:

1) инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда демократик принципларни ҳаётга янада кенгроқ жорий этиш;

2) давлат қурилиши;

3) бозор иқтисодиётини шакллантириш;

4) халқаро муносабатларни ривожлантириш.



5-модда. Қонун лойиҳаларининг қонунчилик принципларига

ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига

мувофиқ бўлишини таъминлаш

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида қонунчилик тизими ва принциплари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинади.



6-модда. Қонун лойиҳаларининг

сифатли бўлишини таъминлаш

Қонун лойиҳаси устида ишлаётган давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва шахслар лойиҳанинг ушбу Қонун талабларига мувофиқ сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини таъминлашлари шарт.

Қонун лойиҳаси ҳар томонлама асосланган бўлиши, инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципларидан келиб чиқиши, жамият ва давлатнинг манфаатларини акс эттириши керак.



7-модда. Қонун ҳужжатларининг

самарадорлигини ўрганиш

Олий Мажлиснинг қўмиталари ва комиссиялари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идоралари ўзларига топширилган тармоқлар ёки бошқарув соҳасида, республика жамоат бирлашмаларининг раҳбар органлари ўзларининг уставларида белгиланган вазифаларга мувофиқ қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ва унинг самарадорлигини ўрганишни ташкил этадилар ҳамда зарурат бўлса, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқадилар.



II. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

8-модда. Олий Мажлис Кенгашининг лойиҳаларни

тайёрлаш борасидаги фаолияти

Олий Мажлис Кенгаши:

1) лойиҳаларни тайёрлаш ишининг режалаштирилишини ташкил этади, режалар бажарилиши устидан умумий назоратни амалга оширади;

2) Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларига, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига лойиҳаларни ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ ҳамда тавсиялар беради;

3) қонун лойиҳаларига доир концепцияларни кўриб чиқади;

4) қўмиталар ва комиссиялар, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг лойиҳаларни тайёрлашнинг бориши тўғрисидаги ахборотларини эшитади;

5) Олий Мажлис депутатларига лойиҳаларни тайёрлаш ишида ёрдам беради ва кўмаклашади;

6) зарур ҳолларда лойиҳаларни умумхалқ муҳокамасига қўяди;

7) лойиҳаларни дастлабки ёки қўшимча тарзда кўриб чиқиш учун Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари ва комиссияларига топширади;

8) давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг амалдаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ва унинг самарадорлиги тўғрисидаги ахборотларини эшитади;

9) Олий Мажлис муҳокамасига киритиладиган қонун лойиҳалари, уларга доир бошқа зарур материаллар билан Олий Мажлис депутатлари ўз вақтида таъминланиши устидан назоратни амалга оширади;

10) ушбу Қонуннинг талаблари бузилган тақдирда, қонун лойиҳасини уни киритган органга қайтаради;

11) зарур ҳолларда қонун лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан танлов эълон қилади.

Олий Мажлис Кенгаши лойиҳаларни тайёрлаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



9-модда. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларининг

лойиҳаларни тайёрлаш борасидаги фаолияти

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари:

1) ўз ташаббуси билан ёки Олий Мажлис, унинг Кенгаши топшириғига кўра қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни Олий Мажлис муҳокамасига киритади;

2) лойиҳаларни тайёрлаш ёки дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун махсус комиссиялар ёки ишчи гуруҳлари тузади;

3) лойиҳалар юзасидан тегишли давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва илмий муассасаларнинг фикрини сўрайди;

4) лойиҳалар юзасидан тушган таклифларни умумлаштиради ва кўриб чиқади.

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари лойиҳаларни тайёрлаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



10-модда. Олий Мажлис депутатининг лойиҳаларни

тайёрлаш борасидаги фаолияти

Олий Мажлис депутати:

1) Олий Мажлисга, унинг Кенгаши ёки Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларига лойиҳалар ишлаб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиши мумкин;

2) тегишли давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига мурожаат қилишга ҳақлидир, бу органлар ва бирлашмалар лойиҳани ишлаб чиқишда унга ёрдам кўрсатишлари, ахборот материаллари ва маълумотномалар билан таъминлашлари шарт;

3) Олий Мажлис ёки унинг органлари лойиҳалар тайёрлаш учун тузадиган комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг ишида қатнашади;

4) қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида сайловчиларнинг фикрини ҳисобга олади.

Олий Мажлис депутати лойиҳаларни тайёрлаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



11-модда. Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳаларни

тайёрлаш борасидаги фаолияти

Вазирлар Маҳкамаси:

1) ўз ташаббуси билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис ёки унинг Кенгаши топшириғига биноан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни Олий Мажлис муҳокамасига киритади;

2) вазирликлар ва идораларга лойиҳалар тайёрлаш тўғрисида топшириқлар беради, лойиҳаларни тайёрлашга доир ишларни бирлаштириб ва йўналтириб туради;

3) қонун лойиҳалари юзасидан давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва илмий муассасаларнинг фикрини сўрайди;

4) Олий Мажлисга лойиҳани умумхалқ муҳокамасига қўйиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритади;

5) вазирликлар ва идораларнинг амалдаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ва унинг самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотларини эшитади.

Вазирлар Маҳкамаси лойиҳаларни тайёрлаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

лойиҳаларни тайёрлаш борасидаги фаолияти

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

1) қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

2) юқори органларнинг топшириғига биноан ва ўз ташаббуси билан қонун лойиҳаларини тайёрлайди, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этади;

3) қонун лойиҳаларини тайёрлаш заруратига оид масалаларни давлат бошқаруви органлари билан дастлабки тарзда келишиб олади;

4) Олий Мажлис ва унинг органларининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига мувофиқ қонун лойиҳалари юзасидан юридик хулосалар беради;

5) қонун лойиҳаларини тайёрлашни амалга ошираётган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

6) қонун ижодкорлиги масалаларида давлат бошқаруви органларининг фаолиятига методик раҳбарликни амалга оширади;

7) Олий Мажлисни, унинг органларини ва Вазирлар Маҳкамасини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари юзасидан хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги лойиҳаларни тайёрлаш ишини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



III. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

13-модда. Лойиҳаларни тайёрлаш бўйича комиссиялар

ёки ишчи гуруҳларини тузиш

Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун комиссиялар, ишчи ва таҳрир гуруҳлари тузилиши мумкин.

Олий Мажлис, унинг Кенгаши ёки Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари тузадиган тайёрлов комиссиялари таркибига депутатлар, давлат органлари, жамоат бирлашмалари, илмий муассасалар, ўқув юртларининг вакиллари, мутахассислар ва олимлар киритилиши мумкин.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилган давлат органи ёки жамоат бирлашмаси лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этаётган органларнинг, бошқа манфаатдор давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг, илмий муассасаларнинг вакилларидан, мутахассислар ва олимлардан иборат комиссия тузиши мумкин.

Лойиҳа устида иш бошлангунга қадар лойиҳани тайёрлаётган комиссия ёки орган (органлар) қонуннинг концепциясини ишлаб чиқади, унинг мақсадини, амал қилиш соҳасини, таркибий тузилишини, қонун ҳужжатлари тизимидаги ўрнини аниқлайди.

Лойиҳани тайёрлаётган органнинг илтимосига кўра вазирликлар ва идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар лойиҳа юзасидан хулосалар берадилар, маслаҳатлар бериш учун мутахассислар ажратадилар, зарур материалларни тақдим этадилар.



14-модда. Лойиҳани тайёрлаш чоғида қонун ҳужжатларини

қўллаш амалиётини ва жамоатчилик фикрини ўрганиш

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида:

1) лойиҳа мавзуси бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ўрганадилар ва ҳисобга оладилар, жамиятнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган эҳтиёжини, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ва шартларни аниқлайдилар;

2) қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг, меҳнат жамоалари ва фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг таклифларини, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганувчи бошқа воситаларнинг маълумотларини умумлаштирадилар ҳамда улардан фойдаланадилар;

3) қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибасини ҳисобга оладилар.



15-модда. Қонун актининг тури

Тартибга солинаётган муносабатларнинг хусусиятига ва ўзига хос жиҳатларига қараб қонун актининг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси қонунининг ёки Олий Мажлис қарорининг лойиҳаси тариқасида тайёрланади.



16-модда. Лойиҳани тақриз учун юбориш

Лойиҳа уни тайёрлаш учун масъул бўлган орган томонидан манфаатдор давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига, шунингдек илмий муассасаларга ва ўқув юртларига тақриз учун юборилиши мумкин, улар лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини маълум қиладилар.

Лойиҳани дастлабки тарзда муҳокама этиш чоғида билдирилган ёки унга доир тақризларда баён этилган таклиф ва мулоҳазалар кейинчалик лойиҳа устида иш олиб борилганда кўриб чиқилади ва умумлаштирилади.



17-модда. Қонун қабул қилиниши билан боғлиқ бўлган

норматив ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш

Қонунни қўллаш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларнинг (амалга киритиш тартиби тўғрисидаги ҳужжатларнинг, ҳукумат ва идораларнинг норматив ҳужжатлари ва шу кабиларнинг) лойиҳалари, илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар, қўшимчалар киритиш ёки бу қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги таклифлар, қоида тариқасида, қонун лойиҳаси билан бир вақтда ишлаб чиқилади. Бу норматив ҳужжатлар янги қонун қабул қилиниши билан бир вақтда ёки уни амалга киритгунча ёхуд у қабул қилинганидан кейин мумкин қадар қисқа муддат ичида қабул қилинади.



18-модда. Қонун лойиҳасини

мустақил экспертизадан ўтказиш

Қонун лойиҳалари эксперт баҳолашидан ўтказилиши мумкин. Экспертиза Олий Мажлис қўмитасида, комиссиясида лойиҳа устидаги ишлар тугалланганидан кейин ўтказилади.

Қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказишга олимлар, амалиётчи ходимлар ва бошқа шахслар жумласидан бўлмиш юқори малакали мутахассислар жалб этилади.

Лойиҳани экспертизадан ўтказиш натижалари юзасидан экспертлар тегишли хулоса тақдим этадилар.

Башарти тайёрланган қонун лойиҳаси уни ишлаб чиқувчилар олдига қўйилган вазифаларга жавоб бермайди деб топилса, Олий Мажлис ва унинг органлари ушбу лойиҳани тайёрлаш юзасидан тузилган комиссия ёки ишчи гуруҳини тарқатиб юбориш тўғрисида ва бундай гуруҳни янги таркибда тузиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



19-модда. Қонун ҳужжатини

тажриба тариқасида қўллаш

Янги қонуннинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида Олий Мажлис ўз ташаббуси билан ёки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган органлар ва шахсларнинг таклифига биноан мазкур қонунни айрим ҳудудда ёки халқ хўжалигининг бирор тармоғида тажриба тариқасида вақтинча жорий этиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши мумкин.



IV. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ МАЗМУНИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

20-модда. Лойиҳанинг мазмуни ва тузилиши

Қонун лойиҳасида норматив кўрсатмалар моддалар шаклида баён этилади. Кодекслар ва бошқа қонунларнинг моддаларига, қоида тариқасида, сарлавҳа қўйилади.

Қонун лойиҳалари муқаддимага эга бўлиши, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларга, моддалари эса қисмлар, бандлар ва кичик бандларга бўлиниши мумкин. Бўлимлар, боблар, моддалар, моддаларнинг қисмлари, бандлари ва кичик бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилади.

Қонун лойиҳасидаги қоидалар аниқ ва равшан бўлиши лозим. Лойиҳада ишлатиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Зарур ҳолларда махсус атамалар ва тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар бериб ўтилади.



21-модда. Лойиҳанинг реквизитлари

Қонун лойиҳасида қуйидаги реквизитлар бўлиши зарур: қонун актининг тури; унинг асосий мазмунини акс эттирувчи сарлавҳаси; қонун актига имзо қўювчи мансабдор шахснинг номи.

Қонун лойиҳасида зарур ҳолларда уни амалга киритиш муддати ва тартиби кўрсатилади.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

22-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган органлар ва шахслар қонун лойиҳаларини Олий Мажлис муҳокамасига киритадилар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Олий Мажлисда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикасининг Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори эгадирлар.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган вазирликлар, идоралар ва бошқа органлар ёки жамоат бирлашмалари томонидан тайёрланган қонун лойиҳалари, агар лойиҳани тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек ушбу Қонуннинг талаблари бузилган тақдирда маромига етказиш учун қайтарилиши мумкин.



23-модда. Лойиҳани асослаш

Қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш чоғида уни қабул қилиш зарурлиги асоси, шунингдек лойиҳа келишиб олинган давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг рўйхати ҳам тақдим этилади. Амалга ошириш учун қўшимча моддий ва бошқа харажатлар талаб қилинадиган лойиҳа тақдим этилаётганда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади.

Лойиҳани тайёрлашда қатнашган ва бу лойиҳага эътирози бўлган давлат органининг ёки жамоат бирлашмасининг раҳбари ўзи рози бўлмаган қоидаларнинг моҳияти юзасидан асослантирилган фикрини тақдим этади.



24-модда. Қонун лойиҳаларини

Олий Мажлисда муҳокама этиш

Олий Мажлисга киритилган қонун лойиҳалари Олий Мажлиснинг Регламенти қоидаларига мувофиқ муҳокама қилинади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 йил, 9-сон , 236-модда



































Время: 0.1878
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск