Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Шартномаларнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лотерея ўйинларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.09.1997 й. 444-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 19 сентябрдаги

444-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лотерея

ўйинларини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Корхоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 ноябрдаги 553-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лотерея ўйинларини ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


лотерея - лотерея билетлари (квитанция, жетонлар ёки бошқа гувоҳномалар)ни сотиш йўли билан юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ихтиёрийлик асосида жалб қилишни назарда тутувчи таваккалчиликка асосланган ўйин. Лотерея билетларини сотишдан тушган маблағларнинг бир қисми лотерея билетлари эгалари ўртасида буюм, пул ютуқлари ёки бошқа ютуқлар кўринишида ўйналади;


лотерея билети - лотерея билети эгаси ўйин қийматини тўлаганлиги ва лотерея ўйини ташкилотчиси билан шартнома муносабатларига киришганлиги тўғрисида гувоҳнома;


ўйин - ютуқларнинг лотерея билетлари эгалари ўртасида тасодифий тақсимланиши. Лотерея билетининг ҳар биттасига (ёки тикилган пулга) ютуққа эга бўлишнинг тенг имконияти (тенг эҳтимоллиги) лотерея ўйинининг асосий принципи ҳисобланади. Ушбу принципларни бузган ҳолда ўйинлар ўтказилиши тақиқланади;


лотерея ўйини ташкилотчиси (ёки муассис) - юридик шахс - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лотерея ўйинларини ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган, лотерея ўйинларини ўтказишга оид тадбирларнинг бутун мажмуини ташкил этувчи ва маблағ билан таъминловчи Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти;


лицензияловчи орган - лотерея ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатнома (лицензия) беришга вакил қилинган давлат органи. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакил қилинган лицензияловчи орган ҳисобланади;


лотерея ўйинларини ўтказиш шартлари - лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини белгиловчи ҳамда ташкилотчи, ўйинчи ва лицензияловчи орган ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган ҳужжат.



II. ЛОТЕРЕЯ ЎЙИНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


3. Лотерея ўйинлари лотерея ўйинларини ўтказиш тадбирларининг бутун мажмуини ташкил этувчи ва маблағ билан таъминловчи бир ёки бир неча муассис томонидан ўтказилиши мумкин.


4. Фаолиятининг асосий тури лотерея ўйинларини ўтказиш бўлмаган юридик шахслар лотерея ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўрувчи ва уни ўтказувчи ташкилий қўмита ташкил этишлари керак.


5. Лотерея ўйинларини ўтказиш бир неча шаклларда амалга оширилиши мумкин:

а) тиражли лотереялар, бунда лотерея билетлари сотувга чиқарилади ва сўнгра ютуқлар ўйналади (кейинги ўринларда - тиражлар деб аталади); уларнинг миқдори ва сони олдиндан белгиланади;

б) бир лаҳзалик лотереялар, уларда иштирок этиш натижалари лотерея билети сотиб олингандан кейин дарҳол аниқланади, ютуқлар ёпиқ кўринишда сотиладиган билетларда олдиндан белгиланади;

в) сонли лотереялар (бинго, лотто ва бошқалар), уларда қатнашиш истагини билдирган ҳар бир киши сонлар ёки белгиларнинг муайян сони белгиланган махсус.бланка сотиб олади ва уларнинг бир қисмига белги қўяди. Тиражда ютуқли сонлар, рамзлар, белгилар ёки уларнинг комбинациялари аниқланади ва агар лотерея билетида белги қўйилган сонлар, рамзлар ёки белгиларнинг ҳаммаси ёки бир қисми ўйин воситасида тиражда аниқланганларга мос келса, тегишли ютуқ тўланади. Ютуқларнинг умумий миқдори ва суммаси сотилган билетлар учун тушган тушумнинг умумий суммасидан ажратиладиган маблағлар улушига қараб олдиндан белгиланади;

г) спорт лотереялари (тотализатор), уларда қатнашчилар сонларнинг ўрнига олдиндан белгиланган спорт мусобақалари ёки пойгаларнинг ғолибларини тўғри айтиб беришлари керак, бунда мусобақа ва пойга қатнашчилари рўйхати олдиндан, мусобақа ёки пойга бошлангунга қадар эълон қилинади;

д) классли лотереялар, бунда лотерея билетлари бир неча кисмларга бўлинади, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тираж ўтказилади, уларнинг бирортасида қатнашиш учун олдинги класслардаги лотерея билети қийматининг бир қисмини тўлаш зарур бўлади, кўпчилик ҳолларда ҳар бир кейинги классда ютуқлар сони ва суммаси ошиб боради. Тўлиқ лотерея билети эгаси барча тиражларда қатнашади.


6. Лотереяга ютуқлар:

пул маблағлари;

буюмлар ёки ҳар хил товарлар;

пул-буюм ютуқлари, бунда буюмли ютуқ чиққан лотерея билети эгаси унинг қийматини нақд пул билан олиш ҳуқуқига эга бўлади (агар лотерея ўйинларини ўтказиш шартларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса). Бир ютуқни бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилмайди;

ютуқларнинг бошқа турлари (квартиралар ёки кўчмас мулкнинг бошқа турлари), айрим товарларни сотиб олиш бўйича имтиёзлар (шу жумладан товарларни текин етказиб бериш, ўрнатиш ва ҳоказо), туристик саёҳатлар (ҳам республика ичида, ҳам чет эл саёҳатлари, шу жумладан спорт мусобақаларига йўлланмалар ва ҳоказо), санаторийлар ва дам олиш уйларига йўлланмалар (ҳам республика ичидаги, ҳам чет элдаги) ва бошқалар бўлиши мумкин.


7. Лотереяларнинг барча турлари учун ютуқларнинг жами қиймати, сотилган лотерея билетлари суммасидан қатъи назар, чиқариладиган лотереялар жами қийматининг 40 ёки ундан ортиқ фоизини ташкил этиши керак.


8. Буюм ёки пул-буюм лотерея ўйинларини ўтказишда муассислар лотерея билетлари сотилгунга қадар, Лотерея ўйинларини ўтказиш шартлари билан ютуқлар сифатида назарда тутилган товарлар ва бошқа бойликларни сотиб олишлари ёки сотиб олишга шартномалар тузишлари керак.


9. Лотерея ўйинларини ўтказиш тартиботи қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

а) қонун ҳужжатларига мувофиқ лотерея ўйинларини ўтказишга махсус рухсатнома (лицензия) олиш;

б) муассис ёки муассислар томонидан молиявий мажбуриятлар ҳажмларини муассислар ўртасида тақсимлаган ҳолда лотерея ўйинларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

в) муассис ёки муассислар томонидан Лотерея ўйинлари ўтказиш шартлари (кейинги ўринларда - Шартлар деб. аталади) ва илова қилинадиган ҳужжатлар тайёрланиши ва тасдиқланиши;

г) рўйхатдан ўтган жойдаги ҳокимлик рухсатномасини олиш;

д) лотерея билетларини тайёрлаш ҳамда лотерея билетларининг сифатини ва уларнинг Шартларга мувофиқлигига риоя қилган ҳолда ҳимоянинг камида олти даражаси билан қалбакилашдан ҳимоя қилиниши даражасини кафолатловчи ютуқ чиққан лотерея билетларини экспертизадан ўтказиш учун тайёрловчи корхо-налар билан (шу жумладан, агар лотерея билетининг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирса, лотерея ташкилотчисининг топшириғи бўйича);

лотерея билетларини сотиш ва улар бўйича ютуқларни бериш учун корхоналар билан;

ютуқлар жадвалига мувофиқ ютуқ чиққан лотереялар бўйича бериш назарда тутилган товарларни етказиб бериш тўғрисида (пул-буюм ва буюм лотереялари учун) тайёрловчи корхоналар, савдо ташкилотлари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш;

е) ваколатли давлат органида (кейинги ўринларда - лицензияловчи орган деб аталади) Лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини тасдиқлаш;

ж) Лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини нашр этиш ва лотерея ўйинларини ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ахборот эълон қилиш;

з) лотерея билетларини чиқариш ва сотиш;

и) лотереялар тиражини ўтказиш (агар Шартларда назарда тутилган бўлса) ва тираж натижаларини эълон қилиш;

к) ютуқларни бериш;

л) лицензияловчи органга ҳар чораклик ҳисоботлар, шунингдек лотерея ўйинларини ўтказиш якунлари тўғрисида тўлиқ ҳисобот тақдим этиш.


10. Лотерея билетларида қуйидаги реквизитлар бўлиши керак:

лотереяни ўтказувчи муассиснинг (муассисларнинг) номи, унинг (уларнинг) тўлиқ манзили;

лотерея тури;

билет қиймати;

тираж ўтказиш санаси ва жойи (бир лаҳзалик лотереялардан ташқари);

ютуқ фонди, ютуқларнинг умумий сони ва миқдори;

ютуқларни бериш муддати ва жойи;

Шартларда назарда тутилган разряд, серия, тартиб рақами ва бошқа реквизитлар.



III. ЛОТЕРЕЯ ЎЙИНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ

ШАРТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


11. Лотерея ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган корхоналар (ташкилотлар) томонидан аниқ бир лотерея ўйини ўтказилишига мазкур лотерея ўйинини ўтказиш шартлари лицензияловчи органда тасдиқлангандан кейингина йўл қўйилади.


12. Лотереяларнинг бундан кейинги турлари учун тақдим этилган ҳужжатлар олдинги лотерея ўйини ўтказилиши якунлари тўғрисида муассис томонидан ҳисобот тақдим этилгандан кейин лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилади.


13. Лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини тасдиқлаш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

Лотереянинг барча муассислари билан келишилган ва улар томонидан имзоланган Лотерея ўйинларини ўтказиш шартлари, икки нусхада (1 илова);

муассислар ўртасида молиявий жавобгарлик ҳажмлари тақсимланган ҳолдаги лотерея ўйинини таъсис этиш тўғрисида шартнома;

қуйидаги шартномалар нусхаси:

лотерея билетларини тайёрлаш ҳамда лотерея билетларининг сифатини ва ҳимоянинг камида олти даражаси билан қалбакилашдан ҳимоя қилиниши даражасини кафолатловчи ютуқ чиққан лотерея билетларини экспертизадан ўтказиш учун тайёрловчи корхоналар билан тузилган шартномалар;

ютуқлар жадвалига мувофиқ ютуқ чиққан лотереялар бўйича бериш назарда тутилган товарларни етказиб бериш тўғрисида (буюм ва пул-буюм лотереялари учун) тайёрловчи корхоналар, савдо ташкилотлари ёки бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномалар;

лотерея билетларини сотиш ва улар бўйича ютуқларни бериш учун корхоналар билан (агар зарур бўлса) тузилган шартномалар;

зарур тўловлар ва пошлиналар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатлари нусхалари;

лотерея чиқаришга хизмат кўрсатиш учун ўз сармояси етарли бўлмаган тақдирда молия муассасаларининг кафолати (агар зарур бўлса);

лотерея ўйини ташкилотчисининг молиявий аҳволи тўғрисида хизмат кўрсатувчи банк маълумотномаси;

лотерея билети намунаси (макети) (икки нусхада).


14. Лицензияловчи орган томонидан лотереянинг турига ва муассисларнинг лотереяларни сотиб олувчилар олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи) муассиснинг молиявий аҳволига қараб лотерея чиқариш кўрсаткичларига нормативлар белгиланиши мумкин.


15. Лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини ва лотерея билетлари намуналарини тасдиқлаш ҳужжатлар берилган санадан бошлаб 20 кундан кечикмай амалга оширилиши керак.

Тасдиқланган Шартларга ўзгартириш ва .қўшимчалар фақат лицензияловчи органнинг рухсати билан киритилиши мумкин.

Лотерея ўйинларини ўтказиш Шартларига қўшимчалар ва ўзгартиришларни тасдиқлаш учун тираж ўтказилишидан икки ой олдин лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши зарур:

Шартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ариза;

лотерея ўйинлари муассиси юқори турувчи органининг Шарт-ларга ва ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

ўзгартиришлар киритиш зарурлигини асослаш;

шартларга киритиладиган, лотерея ўйинининг барча муассислари томонидан келишилган ва имзоланган ўзгартиришлар ва қўшимчалар, икки нусхада;

чиқарилаётган лотерея билетларининг намуналари, икки нусхада (агар унга ўзгартиришлар киритилаётган бўлса);

зарур тўловлар ва пошлиналар тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси.


16. Қуйидагилар Лотерея ўйинлари ўтказиш шартларини тасдиқлашни рад этиш учун асос бўлиши мумкин:

зарур ҳолда расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этиш;

маълумотларнинг тўлиқ эмаслиги ва тақдим этилган ҳужжатлар мазмунининг амалдаги қонунчиликка ҳамда ушбу Низомга мувофиқ эмаслиги.


17. Шартларни тасдиқлаш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун лотерея ўйини муассиси лицензияловчи орган счётига чиқарилаётган лотереянинг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ёки янги Шартлар тасдиқланган санадаги умумий қийматининг 0,1 фоизи миқдорида йиғим тўлайди.


18. Лотерея ўйинини ўтказиш Шартлари ва тартибини имзолаган лотерея ўйинлари муассисларининг мансабдор шахслари ундаги маълумотларнинг тўғрилиги, шунингдек, лотереяни ўтказиш шартларига риоя этилиши учун жавоб берадилар.


19. Лицензияловчи орган лотерея ўйинларини ўтказишнинг қонунчилик ва ушбу Низом билан белгиланган шартлари ва тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.


20. Лицензияловчи орган лотерея ўйини ўтказишни муддатидан олдин тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш ҳуқуқига. эгадир. Лотерея ўйинини ўтказишни тўхтатиб туриш ёки тўхтатишга қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигининг қайд қилиниши;

лицензияда белгиланган фаолият турига риоя этмаслик;

лотерея ўйинларини ўтказишнинг тасдиқланган Шартлари ва тартибининг бузилиши;

Муассис молиявий аҳволининг лотерея эгалари олдидаги мажбуриятларнинг бажарилмаслигига олиб келадиган даражада ёмонлашуви;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва ушбу Низомда назарда тутилган бошқа асослар.

Ташкилотчи лотерея ўйинларини ўтказишни тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш тўғрисидаги қарор юзасидан хўжалик судига шикоят қилиши мумкин.


21. Лицензияловчи орган лотерея ўйинларини ўтказишнинг ўзи тасдиқлаган Шартлари ва тартибида қайд этилган маълумотларнинг тўлиқлиги учун жавоб беради.



IV. ЛОТЕРЕЯ БИЛЕТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ,

САҚЛАШ ТАРТИБИ


22. Лотерея, билетлари қимматли қоғозлар тайёрлашга лицензияси бўлган корхоналарда тайёрланиши ва қалбакилаштиришдан камида олтита ҳимоя даражаси билан ҳимояланган бўлиши керак. Тайёрловчи корхоналар томонидан лотерея билетларини тайёрлаш юзасидан шартномаларни кучга киритиш фақат лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган шартлар мавжуд бўлганда ва ҳажмда амалга оширилади.


23. Лотерея билетлари тайёрловчи корхоналардан муассисларга махсус алоқа орқали ёки муассислар буюртманомаларига биноан ўзи ташиб кетиш йўли билан етказиб берилади.


24. Билетларни қабул қилиб олиш ва сақлаш Ички ишлар бошқармасининг идорадан ташқари қўриқлаш пультига чиқарилган ёнғиндан қўриқлаш сигнализациясига эга бўлган, махсус жиҳозланган хонада амалга оширилади. Унча кўп бўлмаган ҳажмда сотиладиган бўлимларда (агентликларда) билетлар сейфларда сақланиши мумкин, бунда бино ички ишлар бошқармасининг идорадан ташқари қўриқлаш пультига албатта топширилиши шартдир.


25. Билетлар қайта санаб кўрилмасдан қабул қилинган ва тайёрловчи корхонага ёки махсус алоқа хизматига ўз вақтида шикоят қилинмаган ҳолларда, билетларнинг етишмаслиги юзасидан моддий жавобгарлик билетларни қабул қилиб олишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминламаган лотерея муассислари ходимларига юкланади.


26. Билетларни сотишга бериш, ҳисобга олиш ва ҳисобот масалалари муассис ваколатига киради ва унинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.


27. Лотереяни чиқариш суммасини ва миқдорини кўпайтириб юборишга, шунингдек билетнинг лицензияловчи орган тасдиқлаган Шартларда назарда тутилган нархини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.



V. ЛОТЕРЕЯ БИЛЕТЛАРИНИ СОТИШ ТАРТИБИ


28. Лотерея билетларини сотиш фақат лицензия олингандан ва лицензияловчи орган Шартларни тасдиқлагандан кейин амалга оширилиши мумкин.


29. Лотерея билетларини сотиш алоқа бўлимлари, ўзининг ва савдо тармоғи орқали ёки бошқа тарқатувчиларни жалб этиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.


30. Лотерея билетларини аҳолига сотиш нақд пулга, ихтиёрийлик принципини албатта қўллаган ҳолда амалга оширилади.


31. Лотерея билетларини республиканинг у ёки бу ҳудудида сотиш учун лотерея ўйинлари муассиси лотерея билетларини сотиш мўлжалланаётган жойдаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият (ҳокимлик) органининг рухсатини олиши керак.


32. Лотерея билетларини сотишдан тушадиган маблағлар фақат лицензияловчи орган тасдиқлаган Шартларда белгиланган мақсадларга йўналтирилади.



VI. ЛОТЕРЕЯ ЎЙИНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


33. Лотерея ўйинларини ўтказишнинг Шартларда белгиланган муддатларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


34. Лотерея тиражлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Жамғармалар банкининг "Давлат заёмлари ва пул-буюм лотереялари бўйича ютуқлар тиражини ўтказиш ва тўлаш тартиби тўғрисида" 1992 йил 21 июлдаги 08-18-01-сон йўриқномасига мувофиқ ўтказилади.


35. Тираж ўтказиладиган вақтга келиб лотерея билетларининг бир қисми сотилмай қолган ҳолларда, улар тираж ўтказилишидан камида бир кун олдин йўқ қилинади.



VII. СОТИЛМАГАН ВА ЯРОҚСИЗ ҲОЛГА КЕЛИБ

ҚОЛГАН ЛОТЕРЕЯ БИЛЕТЛАРИНИ ЙЎҚ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


36. Тираж ўтказиладиган вақтга келиб яроқсиз ҳолга келиб қолган ёки сотилмаган лотерея билетларини йўқ қилиш учун тираж ўтказилишидан 3 кун олдин лицензияловчи орган, ҳокимият ҳокимлик) органлари ва лотерея муассисининг масъул ходимларидан иборат таркибда махсус комиссия тузилади.


37. Сотилмай қолган лотерея билетлари тираж ўтказилишидан камида бир кун олдин комиссия томонидан йўқ қилинади ва уч нусхада йўқ қилиш далолатномаси тузилади (унинг бир нусхаси тасдиқлангандан кейин 3 кундан кечикмай ва тираж ўтказиладиган санадан кечикмай, лицензияловчи органга жўнатилади, бир нусхаси комиссия раҳбарида, учинчи нусхаси лотерея ташкилотчисида қолади).


38. Агар тираж ўтказиладиган вақтга келиб яроқсиз бўлиб колган ёки сотилмаган лотерея билетлари масъул шахсларга боғлиқ бўлмаган бирон-бир сабабга кўра тираж ўтказилгунгача йўқ қилинмай қолган бўлса, бундай ҳолларда ушбу лотерея билетлари комиссия томонидан, лотерея билетларининг номерлари ва серияси кўрсатилган ҳолда рўйхат қилиш йўли билан печатлаб қўйилади ва тираж ўтказилгунгача тираж комиссиясига топширилиши керак.


39. Бир лаҳзалик лотерея билетлари фақат сериялаб (туркумлаб) ва фақат лотерея билетларининг ушбу сериясини (туркумини) сотишдан олдин ҳамда фақат лотерея билетларида қуйидаги нуқсонлар топилганда йўқотилади:

яроқсиз ҳолда чиқарилганда;

лотерея билетлари қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш шартларига номувофиқ бўлганда;

лотерея билетларидаги ёзувлар Шартларга номувофиқ бўлганда;

махсус қоплама билан қопланиши керак бўлган муайян зоналар қоплами қисман ёки тўлиқ бузилганда (ютуқ миқдори ва лотерея билетларининг ҳақиқийлигини белгиловчи махсус код номерлари қайд этиладиган жойлар).


40. Бир лаҳзалик лотерея билетларини йўқ қилиш учун лицензияловчи орган, ҳокимият (ҳокимлик) органлари ва лотерея муассисининг масъул ходимларидан иборат таркибда махсус комиссия тузилади. У лотерея билетларини йўқ қилишга оид тегишли далолатнома тузади ва ҳали сотилмаган лотерея билетларининг бутун туркумини ёки сериясини йўқ қилади.


41. Лотереяларнинг бошқа (сана, спорт ва классга оид) турлари бўйича сақлаш, эътирозларни ҳал этиш ва яроқсиз ҳолга келиб қолган лотерея билетларини йўқ қилиш муддатлари лотерея ўйинларини ўтказиш Шартлари билан белгиланади.



VIII. ЮТУҚЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


42. Ютуқларни тўлаш тартиби, муддатлари ва шартлари лицензияловчи орган тасдиқлаган Шартлар билан белгиланади.


43. Лотерея билетларини тўловга топшириш тираж ўтказилган кундан бошлаб 4 ойдан кам бўлмаслиги керак.

Ютуқларни тўлаш муддати лотерея билетлари тўловга топширилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Лотерея билетларини тўловга топшириш ва ютуқларни тўлашнинг Шартларда белгиланган муддатларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


44. Ютуғининг миқдори энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошадиган ютуқ чиққан билетлар лотерея билетларини тайёрловчи томонидан албатта экспортизадан ўтказилади.


45. Лотерея ташкилотчисининг хоҳишига кўра ҳақиқийлигига шубҳа туғдирадиган ҳар қандай лотерея билетлари экспертизадан ўтказилади.


46. Ютуқ чиққан лотерея билетларини экспертизадан ўтказиш, тузилган шартномага мувофиқ, лотерея билетини тайёрловчи томонидан амалга оширилади.

Экспертизани ўтказиш муддатлари ва шартлари шартнома асосида белгиланади, бироқ экспертизани ўтказиш муддати ютуқ чиққан лотерея билети тўловга топширилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.



IX. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


47. Лотерея ўйинини ўтказишнинг бухгалтерия ҳисоби Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тўғрисидаги қонунчилиги билан белгиланган тартибда юритилади.


48. Лотерея ташкилотчиси ҳар чоракда ёки лотереянинг (ёки лотерея муайян разрядининг) ҳар бир тиражи тугагандан кейин лотерея ўйинини ўтказиш якунлари тўғрисида ҳисобот тузади (2-илова) ва уни, агар Шартларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, лицензияловчи органга бир ҳафта муддатда топширади.

Лотерея ўйинини ўтказиш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни имзолаган мансабдор шахслар ундаги маълумотларнинг тўғрилиги учун қонунда белгиланган тартибда жавоб берадилар.


49. Лицензияловчи орган исталган маълумотларни, шу жумладан махфий маълумотларни ҳам (бир лаҳзалик лотереялар учун гаровномани, ютилмаган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган лотерея билетларини йўқ қилиш, сотилган билетлар миқдори, сотувга тушган лотерея билетлари миқдори, ютуқларни тўлаш, муассисларнинг молиявий аҳволи ва шу кабилар), лотерея ўйинини ўтказиш билан боғлиқ материалларни талаб қилиб олиши, шунингдек жойларда текширишлар ўтказиши мумкин.


50. Лицензияловчи орган амалдаги қонунчиликнинг ва ушбу Низомнинг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида лотерея ўйинларини ўтказишнинг бориши устидан назоратни таъминлашга мажбурдир.


51. Лицензияловчи орган лотерея харидорларининг, лотерея ўйинлари ўтказиш жараёни қатнашчиларининг лотереялар ташкилотчилари томонидан амалдаги қонунчиликнинг ёки ушбу Низом билан белгиланган лотерея ўйинлари ўтказиш тартибининг бузилишларига оид шикоят ва норозиликларни қабул қилади.


52. Лицензияловчи орган, лотерея ўйинини ўтказиш жараёни қонунчилик ва ушбу Низом бузилган ҳолда ўтказилган тақдирда, лотерея ўйинини ўтказиш жараёнини тўхтатишга, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиб ёки олиб қўйишга ҳақлидир.

Лотерея ўйинини ўтказиш жараёни тўхтатиб қўйилган тақдирда муассис ана шундай тўхтатиб қўйишга сабаб бўлган бузилишларни 30 кун муддатда бартараф этишга мажбурдир, шундан кейин лотерея ўйинини ўтказиш жараёни лицензияловчи органнинг махсус рухсатномасига биноан давом эттирилиши мумкин.

Акс ҳолда лицензияловчи орган лицензияни бекор қилади ва тегишли фаолият тўхтатилиши керак бўлган муддатни белгилайди.


53. Лицензия бекор қилинган ҳолларда, лицензияловчи орган муассисдан сотилмаган лотерея билетларини олиб қўяди, лотерея билетларини сотишдан олинган маблағларни, муқаррар равишда ундириб олади, уларни бунга ваколатли бўлган банкларда очиладиган махсус счётларга ўтказади. Маблағларни харидорларга қайтариш ариза ва лотерея билетларини топширган ҳолда, ариза берилган санадан бошлаб 45 кундан ошмайдиган муддатда амалга оширилади. Лотерея харидорларининг маблағларни қайтариш тўғрисидаги аризалари лицензияловчи орган томонидан, фуқаро қонунчилиги нормалари билан белгиланган даъво билдириш муддати доирасида қабул қилинади. Даъво билдириш муддатлари ўтиб кетган тақдирда маблағлар қайтарилмайди. Талаб қилиб олинмаган маблағлар қолдиғи республика бюджети фойдасига ундириб олинади.

Муассисдан олиб қўйилган ва харидорлардан олинган лотерея билетлари лицензияловчи орган раҳбари имзолайдиган тегишли далолатнома тузилган ҳолда йўқ қилинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Лотерея ўйинларини ўтказиш шартларига

киритиладиган маьлумотлар ва ҳужжатлар



I. ЛОТЕРЕЯ ЎЙИНЛАРИ МУАССИСЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ АСОСИЙ МАЪЛУМОТЛАР

(ҲАР БИР МУАССИСГА ТУЗИЛАДИ)


1. Юридик шахс сифатида муассиснинг мақоми, унинг рўйхатдан ўтказилган тўлиқ ва қисқартирилган номи. Рўйхатдан ўтказилган сана ва унинг рақами, рўйхатдан ўтказган органнинг номи.


2. Муассиснинг юридик ва почта манзили, банк реквизитлари, телефони.


3. Лотерея ўйинларини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги муассис бошқарув органи барча аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими, телефон рақамлари кўрсатилган ҳолдаги рўйхати.


4. Лотерея ўйинларини ташкил этиш ва уларни ўтказишдаги олдинги тажрибалар тўғрисида қисқача маълумот.



II. МУАССИСЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИ

ТЎҒРИСИДАГИ МАЬЛУМОТЛАР

(ҲАР БИР МУАССИСГА ТУЗИЛАДИ)


1. Муассис мол-мулкининг қисқача тавсифи ва фаолиятининг асосий турлари.


2. Корхонанинг бухгалтерия баланси, охирги ҳисобот санасидаги фойдалар ва кўрилган зарарлар тўғрисидаги ҳисобот.


3. Валюталарнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида даромадлар ва харажатлар моддалари валюта қисмининг умумий миқдори (лотерея тиражларини ўтказишда лотерея билетларини тайёрлаш ёки ютуқларни тўлашда муассислар сарфлайдиган валюта маблағлари). Валюта қисмининг умумий миқдори тегишли ҳужжатлар тузилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бозор курси бўйича амалга оширилади.


4. Солиқлар ва бошқа имтиёзлар тўғрисидаги маълумот.


5. Лотерея ўйинларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтидаги бюджетдан ташқари жамғармаларга тўланадиган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати ўтиб кетган қарзлар миқдори.


6. Банк кредитлари бўйича қарзлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан:

банкнинг қисқа муддатли кредитлари (жумладан, муддати ўтиб кетганлари);

узиш муддатлари бўйича тақсимланган ҳолдаги банкнинг узоқ муддатли кредитлари (шу жумладан, муддати ўтиб кетганлари);

кредиторлик қарзларининг умумий суммаси (шу жумладан, хизмат кўрсатувчи банк маълумотлари бўйича муддати ўтиб кетган қарзлар).


7. Лотерея ўйинларини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтига қадар уч йил мобайнида давлат бошқарув органлари, суд, давлат арбитражи ёки холислик суди томонидан муассисга солинган маъмурий ва иқтисодий санкциялар тўғрисидаги маълумотлар. Бундай маълумотларда қуйидагилар бўлиши керак:

санкция солинган сана;

санкция солган орган;

санкция солиш сабаблари;

санкцияларнинг тури;

санкциялар миқдори;

лотерея ўйинларини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдаги санкцияларнинг бажарилиши даражаси.



III. ЛОТЕРЕЯ ЎЙИНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ШАРТЛАРИ


1. Чиқариладиган лотереялар тўғрисида умумий маълумотлар:

лотереялар тури;

лотерея ўйинларини ўтказиш мақсади;

чиқариладиган лотереяларнинг умумий ҳажми;

чиқариладиган лотерея билетларининг сони, уларнинг тартиб рақамлари (разрядларга, серияларга, рақамларга тақсимланган ҳолда ва бошқалар);

битта лотерея билетининг қиймати;

ютуқ фондининг суммаси;

буюм, пул ютуқлари ёки бошка хил ютуқларнинг, уларнинг қиймати, сони, миқдорлари ва суммалари билан бирга, тўлиқ рўйхати.


2. Лотерея ўйинларини ўтказиш қоидалари:

а) Лотерея билетларини тарқатиш. Ушбу бўлим қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак (масъул ижрочилар кўрсатилган ҳолда):

лотерея билетларини тарқатиш муддатлари;

лотерея билетларини сотиш мўлжалланаётган ҳудуд ва сотиш нуқталарини ташкил этиш, жойлаштириш, уларнинг ишини режалаштириш тартиби;

лотереяларни тарқатиш тартиби (бу тартиб нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича лотерея билетларини сотиб олишни хоҳловчи ташкилотларга сотиш тартибини, лотерея билетларини аҳолига сотиш тартибини ўз ичига олади);

лотерея билетлари тарқатувчиларини танлаш, билетларни сақлаш, топшириш ва сотилган билетлардан тушган тушумларни инкассация қилиш тартиби;

харажатлар сметаларини илова қилган ҳолда лотерея билетларини сотганлик учун ҳақ тўлаш миқдори ва уни тўлаш тартиби (ҳақ суммаси сотилган билетлар суммасининг кўпи билан 10 фоизи миқдорида бўлиши керак. Тўланадиган ҳақ 10 фоиздан юқори бўлган ҳолларда, улар орасидаги фарқ лотерея ўйини муассиси маблағлари ҳисобига қопланади ва у лотерея ўйинларини ўтказиш харажатлари сметасига кирмайди);

б) Ўйинларни ўтказиш. Ушбу бўлим қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак (масъул ижрочилар кўрсатилган ҳолда):

ўйинларни ўтказиш муддатлари;

ўйинларни ўтказиш қоидалари (келтирилаётган қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лотерея ўйинларини ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 2-бандига мувофиқлигини тушунтирган ҳолда);

тираж ўтказиш санаси ва жойи. Тиражсиз лотерея ўйинлари ўтказилган ҳолларда лотерея билетларини сотиш муддатлари кўрсатилади;

сотилмай ёки яроқсиз бўлиб қолган лотерея билетларини йўқ қилиш тартиби;

ютуқлар тиражини ўтказиш тартиби (лотереялар тиражи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Жамғармалар банкининг "Давлат заёмлари ва пул-буюм лотереялари бўйича ютуқлар тиражини ўтказиш ва тўлаш тартиби тўғрисида" 1992 йил 21 июлдаги 08-18-01-сон йўриқномага мувофиқ ўтказилади);

ютуқларни олиш муддатлари, жойи, шартлари ва тартиби.


3. Лотерея ўйинлари ўтказилишини таъминлаш.

Ушбу бўлим қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак (масъул ижрочилар кўрсатилган ҳолда):

лотерея билетларини тайёрлаш ва уларни экспертизадан ўтказишда шартноманинг асосий шартлари;

товарлар ва бошқа хил бойликларни сотиб олиш тартиби (ютуқ натижалари билетларда олдиндан белгилаб қўйиладиган буюм ёки пул-буюм лотереяларини ўктазиш ҳолларида);

лотереяларни тарқатувчилар билан тузилган намунавий шартнома (нархлар билан);

лотерея ўйинларини ўтказиш ҳужжатларини расмийлаштириш, лотерея билетларини тайёрлаш ва уларни тарқатиш, реклама қилиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш, бошқа ташкилий-техник масалалар билан боғлиқ чора-тадбирлар мажмуини амалга оширувчи муассисларнинг вазифаларини тақсимлаш.


4. Маблағлардан фойдаланиш ва ҳисоб бериш.

Ушбу бўлим қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши керак:

билетларни сотиш билан боғлиқ операциялар ҳисобини олиш ва ҳисоб бериш тартиби, лицензияловчи органга ҳамда солиқ органларига лотерея ўйинлари бўйича ҳисоботларни тақдим этиш санаси;

лотерея ўйинларини ўтказиш натижасида олинган даромадни тақсимлаш тартиби (уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатларни кўрсатган холда);

тегишли асослаш билан бирга бирор мақсадга қаратилган, хайрия лотереялари учун лотереялар чиқариш йўли билан жалб қилинадиган маблағларни фойдаланишга йўналтириш. Агар лойиҳа бирорта ихтисослаштирилган тузилмаларда экспертизадан ўтган бўлса, у ҳолда ушбу экспертизани ҳужжат билан тасдиқлаш зарур; лотерея ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишда фаол қатнашган ходимларни рағбатлантириш учун мукофот жамғармасини ташкил этиш тартиби. Мукофот жамғармасининг миқдори лотереяларни сотиш суммасининг фоизидан кўп бўлмаслиги керак (тўланадиган ҳақ 3 фоиздан юқори бўлган ҳолларда улар орасидаги фарқ лотерея муассиси маблағлари ҳисобига қопланади ва у лотерея ўйинларини ўтказиш харажатлари сметасига кирмайди). Мукофот жамғармасини тўлаш фақат лотерея тиражи ўтказилгандан сўнг (бир лаҳзали лотереялар разряди ёки серияси сотиб бўлингандан сўнг) ва лицензияловчи органга лотереялар тиражи натижалари бўйича ҳисобот топширилгунга қадар 10 кун олдин амалга оширилади.






Низомга

2-ИЛОВА

Лотерея ўйинларини ўтказиш натижаларига оид

ҲИСОБОТ

(лотереянинг номи)

199 йилнинг (чораги/йили) __________________ учун



I. УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР


Ушбу бўлимда қуйидаги маълумотлар келтирилади:

рухсатнома (лицензия) эгасининг номи;

лотарея ўйини ўтказишга асос бўладиган рухсатноманинг рақами ва у берилган сана;

лотерея ўйинларини ўтказиш шартларини тасдиқлаш санаси;

лотерея билетларини тайёрлаган ташкилот (корхона)нинг номи;

тайёрланган лотерея билетларининг сони ва суммаси;

сотилган лотерея билетлари (ҳисобот даврида ва чиқарила бошлагандан бери режа бўйича ҳамда амалда);

лотереяларни сотишдан тушган тушум (ҳисобот даврида ва чиқарила бошлагандан бери режа бўйича ҳамда амалда).



II. ЎЙИНЛАР НАТИЖАЛАРИ


Мазкур бўлимда қуйидаги маълумотлар келтирилади:

ўтказилган лотерея ўйинлари (ўтказилган саналар, ўйинга қўйилган лотереяларнинг сони ва турлари, бекор қилинган, йўқ қилинган ёки олиб қўйилган лотереяларнинг сони ва турлари);

тиражларни ўтказиш комиссияси таркиби ва жавобгар шахслар;

тиражларни ўтказиш натижалари бўйича комиссиянинг ҳисоботи;

чиққан ютуклар сони ва тури (мукофотларнинг нархлари кўрсатилган ҳолда);

ютуқлар берилди (мукофотлар ва сўмлар кўрсатилган ҳолда);

ютуқлар талаб қилиб олинмади (мукофотлар ва сўмлар кўрсатилган ҳолда);

лотерея билетларини йўқ қилувчи ёки бекор қилувчи комиссия таркиби;

лотерея билетларини йўқ қилувчи ёки бекор қилувчи комиссиянинг ҳисоботи.



III. ЯКУНИЙ МОЛИЯВИЙ КЎРСАТКИЧЛАР


Мазкур бўлимда қуйидаги маълумотлар келтирилади:

сотилган билетлар сони ва сотишдан тушган умумий тушум;

лотерея ўйинларини ўтказишга оид харажатлар, шу жумладан:

лотерея билетларини тайёрлаш, уларни транспортда ташиш, етказиб бериш ва сақлаш учун (ҳисоб-китоб баҳоларига солиштирганда);

мукофотларни харид қилиш ва ютуқларни тўлаш учун (ҳар бир тури бўйича мукофотларни харид қилишнинг ҳисоб-китоб ва амалдаги нархларига солиштирганда);

лотерея билетларини тарқатувчи шахсларга ҳақ тўлаш учун (режалаштирилган тўловларга солиштирганда);

реклама учун (смета бўйича харажатлар билан солиштирганда);

ютуқлар тиражини ўтказиш учун харажатлар;

мукофот тўловлари (режалаштирилган тўловлар билан солиштирганда);

"Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ солиқ солинадиган негизни ҳисоблаб чиққанда истисно қилинадиган бошқа харажатлар ва мажбурий тўловлар;

тўланган ва тўланиши керак бўлган солиқлар ҳамда бошқа йиғимлар, уларнинг суммалари, тўлаш муддатлари (солиқ ставкаси кўрсатилган ҳолда);

соф фойда;

фойдадан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобот (мақсадли лотереялар учун).

































Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск