ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 22.07.2008 й. ЎРҚ-163-сон “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни (Янги таҳрири ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.07.2008 й.

N ЎРҚ-163



ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун қуйидаги қимматли қоғозларга нисбатан амал қилади: акциялар, облигациялар, давлат ғазначилик облигациялари, депозит сертификатлари, қимматли қоғозларнинг ҳосилалари ва векселлар.


2-модда. Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик

Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


акция - ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган, эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз;

ахборотни ошкор қилиш - қимматли қоғозлар бозорида манфаатдор шахсларнинг ахборотни қайси мақсадда олишидан қатъи назар, мазкур ахборотдан унинг топилиши ва олинишини кафолатлайдиган шаклларда фойдаланишини таъминлаш;

биржа облигацияси - чиқарилиши фонд биржаси томонидан рўйхатга олинадиган ва фонд биржасининг котировкалаш варағига киритилган, акциядорлик жамиятлари томонидан чиқариладиган қарз эмиссиявий қимматли қоғоз;

вексель - вексель берувчининг ёхуд векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг векселда назарда тутилган муддат келганда вексель эгасига муайян суммани тўлашга доир қатъий мажбуриятини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;


давлат қимматли қоғозлари - Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган давлат ғазначилик облигациялари, халқаро облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари;

депо ҳисобварағи - депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган, инвестиция воситачисининг ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар йиғиндиси;


депо ҳисобварағидан кўчирма - депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган, инвестиция воситачиси ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан бериладиган ҳужжат;


депозитар операциялар - ҳисобга олиш регистрларида депозитар операциялар стандартларига мувофиқ бажариладиган операциялар;

депозитар тилхатлар - номинал қийматга эга бўлмаган қимматли қоғоз бўлиб, у тақдим этиладиган қимматли қоғозларнинг муайян сонига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқлайди ва унинг эгасининг ушбу қимматли қоғоз эмитентидан депозитар тилхат ўрнига тақдим этиладиган қимматли қоғозларнинг тегишли сонини олишини ҳамда тақдим этиладиган қимматли қоғозлар билан мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг депозитар тилхат эгаси томонидан амалга оширилиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди;


депозит сертификати - банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;


депонент - депо ҳисобварағига эга бўлган шахс;


инвестиция активлари - қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ инвестиция активлари деб эътироф этиладиган бошқа мол-мулк;

инвестор - қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан олувчи юридик ёки жисмоний шахс;


инфратузилма облигациялари - ишлаб чиқариш инфратузилмасини ва бошқа инфратузилмани барпо этиш ва (ёки) реконструкция қилишни молиялаштириш учун пул маблағларини жалб этиш мақсадида хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари томонидан чиқариладиган облигациялар;


клиринг - қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олиш;


корпоратив облигациялар - акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар томонидан чиқариладиган облигациялар;

маркет-мейкер - қимматли қоғозларга доир нархлар, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимларини тузиш мажбуриятини ўз зиммасига олган инвестиция воситачиси;


неттинг - мижознинг барча пул талабларини унинг барча пул мажбуриятларига нисбатан ҳисобга олиш орқали амалга ошириладиган клиринг усули;


ноэмиссиявий қимматли қоғозлар - ушбу Қонунга мувофиқ эмиссиявий қимматли қоғозлар тушунчасига оид бўлмаган қимматли қоғозлар;


облигация - эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у облигацияни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қатъий белгиланган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқлайди;


халқаро облигация - сотиладиган эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у эмитент томонидан чиқарилади ва молиявий ташкилотларнинг гуруҳи томонидан жойлаштирилади, эмитентнинг мамлакатидан ташқари бир ёки ундан кўпроқ давлатда таклиф этилади, бирламчи равишда (шу жумладан обуна бўйича) фақат ушбу гуруҳ орқали сотиб олинади;

чет эллик номинал сақловчи - қимматли қоғозларга доир ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва (ёки) қимматли қоғозлар ҳисоб-китобларининг халқаро марказлашган тизими бўлган ёхуд чет эл биржаларидаги ёки бошқа тартибга солинадиган бозорлардаги савдолар натижаларига кўра қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширувчи марказий депозитарий бўлган, қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг топшириғига кўра, қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда, қимматли қоғозларни ҳисобга олишни ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни амалга оширадиган чет эл ташкилоти;

опцион - эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у ўз эмитентининг муайян миқдордаги қимматли қоғозларини унда назарда тутилган муддатда, қатъий белгиланган нарх бўйича сотиб олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайди;


фонд биржаси - оммавий ва ошкора биржа савдоларини олдиндан белгиланган жойда ва белгиланган вақтда ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали фақат қимматли қоғозлар савдоси учун шароитлар яратиб берувчи юридик шахс;


эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозлар - мулкий ҳуқуқларнинг реализация қилиниши ўз эгасининг рўйхатдан ўтказилган бўлишини талаб этадиган қимматли қоғозлар;


эмиссиявий қимматли қоғозлар - битта чиқарилиш доирасида бир хил белгилар ва реквизитларга эга бўлган, мазкур чиқарилиш учун ягона шартлар асосида жойлаштириладиган ҳамда муомалада бўладиган қимматли қоғозлар;


Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестри - рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг рўйхати;


эмитент - эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;


давлат ғазначилик облигациялари - эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, тўланиш муддатидан қатъи назар, улар эгалик қилувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига пул маблағлари киритилганлигини тасдиқлайди ва ушбу эмиссиявий қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини беради;

қимматли қоғозлар - ҳужжатлар бўлиб, улар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади;


қимматли қоғозлар бозори - юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлари тизими;


қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари - қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек биржалар ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;


қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси - қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мижози (мижоз) - депонент ёки қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахс;


қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият - қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш бўйича лицензияланадиган ёки ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият тури;

қимматли қоғозларга доир битимлар - қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси, ҳадяси, мероси, устав фондига киритилиши ва қимматли қоғозлар эгасининг алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар, шунингдек қимматли қоғозлар гарови;


қимматли қоғозларга доир фьючерс - қимматли қоғоз бўлиб, у ўзида назарда тутилган муддатда қимматли қоғозларнинг муайян сонини қатъий белгиланган нархда сотиб олиш ёки сотиш мажбуриятини тасдиқлайди;


қимматли қоғозларни жойлаштириш - қимматли қоғозларни уларнинг дастлабки эгаларига бериш;


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси - депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларни сақлашнинг, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи давлат депозитарийси;


қимматли қоғозларнинг муомаласи - қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган, қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар;

қимматли қоғозларни номинал сақловчи - қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг топшириғига кўра қимматли қоғозларни ҳисобга олишни ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда амалга оширувчи инвестиция воситачиси, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси;


қимматли қоғозларни чиқариш - юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларининг объекти сифатида қимматли қоғозлар пайдо бўлишига қаратилган ҳаракатлари;


қимматли қоғозлар эгаси - қимматли қоғозлар ўзига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


қимматли қоғозлар эгаларининг реестри - рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга қарашли эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозлар эмитентининг номи, ушбу қимматли қоғозларнинг сони, номинал қиймати, тури ва хили, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборот юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхати;


қимматли қоғозлар эмиссияси - эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш;


қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласи - эмитент ва у чиқарадиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек инвесторнинг қимматли қоғозлар олиш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ахборотни акс эттирувчи ҳужжат;


қимматли қоғозларнинг ҳосилалари - ўз эгаларининг бошқа қимматли қоғозларга нисбатан ҳуқуқларини ёки мажбуриятларини тасдиқловчи ва юридик шахслар томонидан опционлар, қимматли қоғозларга доир фьючерслар, депозитар тилхатлар ва бошқа молиявий воситалар тарзида чиқариладиган қимматли қоғозлар;


ҳисобга олиш регистрлари - инвестиция воситачисида ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида қимматли қоғозларни сақлаш ҳамда қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича депозитар операциялар стандартлари билан белгиланган ёзувлар тизими.



2-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ЧИҚАРИШ


4-модда. Қимматли қоғозларнинг чиқарилиш шакли


Қимматли қоғозлар чиқарилиш шаклига кўра бланкалар тарзида ҳужжатли ва электрон шаклдаги ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар тарзида ҳужжатсиз бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозларнинг чиқарилиш шакли қонунчиликка мувофиқ қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланади.

Акциялар, корпоратив ва инфратузилма облигациялари, шунингдек депозитар тилхатлар ҳужжатсиз шаклда чиқарилади.



5-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларни

чиқариш тўғрисидаги қарор


Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта манзили;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор тасдиқланган сана;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган эмитент бошқарув органининг номи;

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг тури ва хили ҳамда уларнинг чиқарилиш шакли;

эмиссиявий қимматли қоғозлар эгасининг ҳуқуқлари;

эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари;

чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозларнинг сони;

илгари жойлаштирилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг сони;

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қонунчиликка мувофиқ бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қонунчиликка ва эмитентнинг уставига мувофиқ эмитент бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

Агар облигациялар чиқариш тўғрисидаги қарорда гаров, банк кафолати ёки қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан таъминлаш назарда тутилса, бундай қарорда таъминот берган шахс тўғрисидаги ва таъминот шартлари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак. Бунда облигациялар чиқариш тўғрисидаги бундай қарор таъминот берувчи шахс томонидан ҳам имзоланиши керак.

Давлат ташкилоти акциядорлик жамияти этиб ўзгартирилаётганда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланган акцияларнинг эмиссия рисоласи акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарордир.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорнинг бир нусхаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида қолади, бир нусхаси эмитентга берилади ва бир нусхаси эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига топширилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги рўйхатдан ўтказилган қарорга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


6-модда. Корпоратив ва инфратузилма

облигацияларини чиқариш шартлари

Корпоратив облигациялар қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда:

эмитентнинг бундай облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги ўз капитали миқдори доирасида. Агар корпоратив облигациялар суммаси эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошса, эмитент ошган сумма учун таъминот бериши шарт;

сўнгги бир йилда рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидлиликнинг ижобий кўрсаткичларига эга бўлган эмитентлар томонидан;

облигациялар чиқарилишидан олдинги бир йил учун молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси мавжуд бўлганда;

инвесторларга тегишли маблағларнинг эмитентлар томонидан тўланиши бўйича тўлов агентлари вазифасини бажарувчи тижорат банклари иштирокида чиқарилади.

Инфратузилма облигациялари қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда:

эмитентнинг бундай облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган санадаги ўз капитали миқдори доирасида. Агар инфратузилма облигациялари суммаси эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошса, эмитент ошган сумма учун таъминот бериши шарт;

облигациялар чиқарилишидан олдинги бир йил учун молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси мавжуд бўлганда;

инфратузилма облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида назарда тутилган лойиҳани молиялаштириш учун фойдаланилса, чиқарилади.

Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек давлат корхоналари томонидан инфратузилма облигациялари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда чиқарилади.

Корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқаришнинг қўшимча шартлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



6-1-модда. Биржа облигацияларининг эмиссияси,

жойлаштирилиши ва муомаласи

Биржа облигацияларининг эмиссияси давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда фонд биржаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тўлаш муддати бир йилдан кўп бўлмаган биржа облигацияларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи фонд биржаларида амалга оширилади.

Биржа облигацияларини жойлаштириш фақат биржа облигацияларининг чиқарилишини рўйхатга олган фонд биржаси орқали амалга оширилади.



7-модда. Акцияларга доир опционни чиқариш шартлари


Акцияларга доир опционни чиқариш шартлари уларнинг муомаласига чекловларни назарда тутиши мумкин.

Агар акциядорлик жамиятининг эълон қилинган акциялари сони олиш ҳуқуқини опционлар берадиган акциялар сонидан кам бўлса, мазкур жамият акцияларга доир бундай опционларни жойлаштиришга ҳақли эмас.

Акциядорлик жамиятининг меҳнат жамоаси ва кузатув кенгаши аъзоларига мукофотни ёки рағбатлантириш тўловини акцияларга доир опционлар тарзида бериш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Олиш ҳуқуқини опционлар берадиган муайян турдаги акцияларнинг сони акцияларга доир опционлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра жойлаштирилган ушбу турдаги акцияларнинг 5 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Акцияларга доир опционлар акциядорлик жамиятининг устав капитали уни таъсис этиш чоғида тўлиқ тўланганидан кейин жойлаштирилиши мумкин бўлади.



8-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг

чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан эмитентнинг аризаси асосида амалга оширилади. Эмитентнинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор;

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи (қимматли қоғозлар оммавий жойлаштирилган тақдирда);

бланка намунаси (ҳужжатли шаклдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилган тақдирда);

рўйхати қонунчиликда белгиланадиган бошқа ҳужжатлар.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар олинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида давлат рўйхатидан ўтказиши ёки эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилиши шарт.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилаётганида эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир нусхасида эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилади ва эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишига берилган рўйхатдан ўтказилганлик рақами кўрсатилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик эмитент зиммасида бўлади.



9-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини

давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳамда улардаги маълумотларнинг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тартибига эмитент томонидан риоя этилмаганлиги;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган йиғимларнинг тўланмаганлиги;

эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқаришни амалга ошираётган юридик шахсда уларни чиқариш ҳуқуқининг йўқлиги.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг қарорида кўрсатилган муддат ичида қайта мурожаат этилган тақдирда, янгитдан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлардан ташқари янги асосларга кўра эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


10-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини

давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишда эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қийматининг 0,01 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига йиғим тўлайди.

Илгари рўйхатдан ўтказилган чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати оширилган тақдирда, эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қиймати ошган суммасининг 0,01 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига йиғим тўлайди.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим қуйидаги ҳолларда ундирилмайди:

акциялар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланган эмиссия рисоласи асосида чиқарилган тақдирда;

инфратузилма облигациялари ва опцион чиқарилган тақдирда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.



11-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозлар

чиқарилишларининг ягона давлат реестри


Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрида эмитентнинг номи, қимматли қоғозларнинг сони, номинал қиймати, тури ва хили тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа ахборот бўлиши лозим.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозлар

чиқарилишини тўхтатиб туриш, эмиссиявий

қимматли қоғозлар чиқарилишини амалга

ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши:

эмиссия жараёнида қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик талаблари эмитент томонидан бузилганлиги аниқланганда, шунингдек эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилиши ҳақида эълон қилинган ахборотда нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда улар бартараф этилгунига қадар тўхтатиб турилади;

уларнинг чиқарилишини тўхтатиб туришга олиб келган қоидабузарликлар эмитент томонидан бартараф этилмаган, шунингдек мазкур чиқарилишдаги қимматли қоғозларнинг 60 фоиздан кам қисми чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатда хусусий жойлаштирилган тақдирда амалга ошмаган деб топилади;

суднинг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, мазкур чиқарилишнинг барча қимматли қоғозлари муомаладан олиниши лозим, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини жойлаштиришдан эмитент олган маблағлар эса қонунчиликда белгиланган тартибда эгаларига қайтарилиши керак.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш ва маблағларни эгаларига қайтариш билан боғлиқ чиқимларнинг ўрни эмитент ҳисобидан қопланади.


13-модда. Давлат қимматли қоғозларини чиқариш


Давлат қимматли қоғозларини чиқариш эмиссия рисоласисиз ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Давлат қимматли қоғозлари қисқа муддатли (бир йилгача муддатга), ўртача муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) этиб чиқарилиши мумкин.



14-модда. Депозит сертификатларини

ва векселларни чиқариш


Депозит сертификатларини чиқариш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Векселларни чиқариш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ВА УЛАРНИНГ МУОМАЛАСИ


15-модда. Қимматли қоғозларни жойлаштириш

ва уларнинг муомаласи шартлари


Қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштиришга ва уларнинг муомаласига, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни, бундан халқаро облигациялар мустасно Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлаштириш ҳамда муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

Қимматли қоғозларнинг қиймати, бундан халқаро облигациялар мустасно Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ифодаланади.


16-модда. Қимматли қоғозларга доир битимларни

тузиш ва рўйхатдан ўтказиш


Қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз электрон шаклда амалга оширилади. Қимматли қоғозларга доир бошқа битимлар ёзма шаклда тузилади ва қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Уюшган бозорларда олди-сотди битимлари тузилганда улар юзасидан ҳисоб-китоб қилиш муддатлари қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш қоидалари билан, бошқа ҳолларда эса олди-сотди шартномалари билан белгиланади. Белгиланган муддатлар бузилган тақдирда битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (бундан эмитент мустасно) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига битим суммасининг 0,01 фоизи миқдорида йиғим тўлайди. Бунда сотувчининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг тузилган битим бўйича даромадларига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

Қимматли қоғозларга доир нархларнинг, талаб ва таклифнинг даражасини сақлаб туриш учун биржа битимлари тузилганда маркет-мейкер биржага, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлашдан озод қилинади.



17-модда. Қимматли қоғозларни жойлаштириш


Эмитентлар қимматли қоғозларни мустақил равишда, шунингдек банклар ва инвестиция воситачилари орқали жойлаштириш ҳуқуқига эга.

Қимматли қоғозларни жойлаштириш қуйидаги турларда амалга оширилиши мумкин:

қимматли қоғозларни хусусий жойлаштириш (олдиндан маълум бўлган, сони чекланган инвесторлар орасида оммавий эълон бермаган ва реклама кампанияси ўтказмаган ҳолда ёпиқ обуна қилиш);

қимматли қоғозларни оммавий жойлаштириш (сони чекланмаган инвесторлар орасида реклама кампаниясини ўтказган ҳолда очиқ обуна қилиш).

Ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилган ҳолларнинг ҳар бири учун қимматли қоғозлар чиқарилишининг энг кам ёки энг кўп ҳажми қонунчиликда белгиланиши мумкин.

Акцияларнинг очиқ обунаси қимматли қоғозларнинг уюшган савдосидагина ўтказилади.

Банклар ва инвестиция воситачилари эмитентлар томонидан чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишининг жойлаштирилмаган қисмини сотиб олиш мажбуриятини олиб ёки олмаган ҳолда эмиссиявий қимматли қоғозларни эмитент номидан сотиш тўғрисида эмитентлар билан шартномалар тузиши мумкин.

Жойлаштирилаётган қимматли қоғозларнинг сони эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган қимматли қоғозлар сонидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Эмитент эмиссиявий қимматли қоғозларнинг ҳақиқатда жойлаштирилган сонини уларнинг чиқарилиши якунлари тўғрисидаги билдиришномада кўрсатади. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши якунлари тўғрисидаги билдиришномани тақдим этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Эмитент чиқарилаётган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришни уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган муддатда тугаллаши шарт, бу муддат қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштириш эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ахборот белгиланган тартибда ошкор қилинганидан кейин камида икки ҳафта ўтгач амалга оширилади.

Эмитент, шунингдек у билан шартномага кўра эмиссиявий қимматли қоғозлар жойлаштирилишини амалга оширувчи банклар ва инвестиция воситачилари мазкур қимматли қоғозлар олингунига қадар инвесторга қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи ва эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ҳужжатсиз шаклдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар ушбу қимматли қоғозлар жойлаштирилиши муддати ичида уларнинг ҳақи тўлиқ тўланганидан ва улар олувчиларнинг депо ҳисобварақларига ўтказилганидан кейин жойлаштирилган ҳисобланади.



18-модда. Қимматли қоғозлар муомаласи

Қимматли қоғозлар муомаласи қимматли қоғозлар бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан битимлар тузиш орқали амалга оширилади. Бунда акцияларнинг олди-сотди битимлари қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида амалга оширилади, бундан акциядорларнинг талабига кўра акцияларнинг акциядорлик жамияти томонидан қайтариб сотиб олиниши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида белгиланган ҳоллар мустасно.


19-модда. Давлат қимматли қоғозларини

жойлаштириш ва уларнинг муомаласи

Давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



20-модда. Депозит сертификатларини ва векселларни

жойлаштириш ҳамда уларнинг муомаласи


Депозит сертификатларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Векселларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



21-модда. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари


Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари қуйидагилардир:

фонд биржаси;

фонд бўлимини ташкил этган валюта биржаси;

Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари риоя этилиши шарт бўлган қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш қоидаларини тасдиқлайди.

Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ўз фаолиятини тегишли лицензия асосида амалга оширади.

Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари сотувчидан сотувга қўйилаётган қимматли қоғозларни олдиндан баҳолаш ўтказилишини талаб қилишга, агар бундай талаб қонунчиликда белгиланмаган бўлса, шунингдек қимматли қоғозларни уларнинг номинал қийматидан паст нархда реализация қилишга тақиқ белгилашга ҳақли эмас.


22-модда. Клирингни амалга ошириш


Клиринг қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси томонидан амалга оширилади. Бунда битимлар натижалари бўйича қимматли қоғозлардаги ва пул маблағларидаги ҳисоб-китоблар қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчисининг клиринг топшириғи асосида амалга оширилади.

Клирингни амалга ошириш тартиби қонунчилик ва қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш қоидалари билан белгиланади.


23-модда. Кафолат фонди


Инвестиция воситачиси томонидан инвесторга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси ҳар бир инвестиция воситачисига тегадиган воситачилик ҳақининг чегириб қолинадиган қисми ҳисобидан кафолат фондини шакллантиради. Кафолат фондининг маблағлари инвестиция воситачиларига тегишли бўлиб, ҳар бир инвестиция воситачиси бўйича алоҳида шакллантирилади ва ҳисобга олинади.

Кафолат фондининг маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас ва ушбу маблағлар инвестиция воситачисига у инвестиция воситачиси сифатидаги фаолиятини тугатган тақдирда қайтарилиши керак.

Кафолат фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



4-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТ


24-модда. Қимматли қоғозлар бозорида профессионал

фаолиятни амалга ошириш


Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади, ушбу Қонуннинг 28, 29 ва 31-моддаларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият қуйидагилар сифатида амалга оширилади:

инвестиция воситачиси;

инвестиция маслаҳатчиси;

инвестиция фонди;

инвестиция активларини ишончли бошқарувчи;

қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси.

Лицензия талабгорига унинг аризасига биноан қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни ёки мазкур фаолият турининг бир қисмини амалга ошириш учун лицензия берилиши мумкин. Лицензия талабгори бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга лицензия берилганлиги учун давлат божи ва лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим тўлашдан озод қилинади. Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни бирга қўшиб олиб бориш учун белгиланган чекловлар ҳисобга олинган ҳолда берилади.

Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси бўлган камида икки ходимга эга юридик шахсларгина (инвестиция фонди бундан мустасно) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари бўлиши мумкин. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси беш йил муддатга берилади.

Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши тартиби қонунчиликда белгиланади.

Чет эл ташкилоти томонидан қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият янги юридик шахсни - қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисини ташкил этиш ёхуд фаолият кўрсатаётган юридик шахснинг - қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг устав капиталида иштирок этиш йўли билан амалга оширилади.



25-модда. Қимматли қоғозлар бозорида профессионал

фаолиятни бирга қўшиб олиб боришга доир чекловлар


Инвестиция фондининг фаолияти бошқа турдаги фаолият билан бирга қўшиб олиб борилиши мумкин эмас.

Инвестиция маслаҳатчиси, агар у эмитентларга қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш тизимига тааллуқли ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва уларни топшириш хизматларини (трансфер-агент хизматларини) кўрсатаётган бўлса, инвестиция воситачиси профессионал фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

Профессионал фаолиятни бирга қўшиб олиб бориш ва қимматли қоғозлар бўйича операцияларни ўтказишга доир қўшимча чекловлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.


26-модда. Инвестиция воситачисининг фаолияти


Мижознинг топшириғига биноан, мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвестиция воситачисидир.

Инвестиция воситачиси мижозларининг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари, агар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бошқача қоида белгиланмаган бўлса, инвестиция воситачисининг ўз ҳисобварақларидан алоҳида ҳисобварақларда туриши керак.

Инвестиция воситачиси ҳар бир мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағлари ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши, тузилган битимлар ва амалга оширилган операциялар тўғрисида унга ҳисобот бериши шарт.

Инвестиция воситачиси мижозларнинг қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртма бериш, ўтказиш борасидаги топшириқларини виждонан ҳамда уларнинг келиб тушиши тартибида бажариши керак. Мижозларнинг топшириғига биноан амалга ошириладиган битимлар инвестиция воситачисининг ўз дилерлик операцияларига нисбатан устун равишда бажарилиши керак.

Агар инвестиция воситачиси томонидан тегишли топшириқ олингунига қадар инвестиция воситачиси ва унинг мижози ўртасидаги мижоз хабардор қилинмаган манфаатлар тўқнашуви мижозга зарар етказилишига олиб келса, инвестиция воситачиси зарарнинг ўрнини қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаши шарт.

Инвестиция воситачиси томонидан инвестиция воситачиси сифатидаги фаолиятни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ёки у тугатилган тақдирда, тегишли ахборот қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан икки иш куни ичида оммавий ахборот воситаларида ва фонд биржасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Инвестиция воситачиси сифатида ўз фаолиятини тўхтатиб тураётган, тугатаётган ёки тугатилаётган инвестиция воситачисида ҳисоби юритилаётган қимматли қоғозлар мижознинг қарорига кўра бир ҳафталик муддатда бошқа инвестиция воситачисига ўтказилади, бундай қарор мавжуд бўлмаган тақдирда эса, қимматли қоғозларнинг эгаси танлаган инвестиция воситачисига қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган муддатларда кейинчалик ўтказиш учун Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига (фаолиятни тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ўтказилади.

Юридик шахсни - инвестиция воситачисини тугатиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар якунланганлигини ёзма равишда тасдиқлаганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.


27-модда. Инвестиция воситачисининг депозитар

операцияларни амалга ошириш чоғидаги фаолияти


Инвестиция воситачиси депозитар операцияларни амалга ошираётганда:

манфаатдор шахсларнинг қимматли қоғозларни ва пул маблағларини ҳисобга олиш қоидалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

депонентларнинг ҳар бирига тегишли қимматли қоғозларнинг сони ва номинал қиймати ҳисобини юритиши;

қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатилганлиги, шунингдек уларнинг тугатилганлиги фактлари ҳисобини юритиши;

қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича операциялар бажариш учун асос бўлган бирламчи ҳужжатларни идоравий архивда сақлаши;

депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни депонентларнинг ёки улар вакил қилган шахсларнинг ёзма топшириқлари асосида амалга ошириши, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини унинг депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма берган ҳолда тасдиқлаши;

мижозларнинг ҳисобварақларидаги қимматли қоғозлар ва пул маблағларининг мавжудлиги ва ҳаракати, уларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаши, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

депо ҳисобварағи бўйича операцияларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг қарорлари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриши;

ўз фаолиятига тааллуқли маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, давлат солиқ хизмати органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг ёзма талабларига кўра қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда тақдим этиши;

ўзи етказган зарарнинг ўрнини ушбу Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ кафолат фондини шакллантиришда иштирок этиш, шунингдек қонунчиликда мувофиқ жавобгарликни суғурта қилиш йўли билан қоплаш имкониятини назарда тутиши;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини шакллантириш учун зарур бўлган қимматли қоғозларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг талабига кўра тақдим этиши;

ўзида ҳисобга олинадиган қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентлари реквизитларига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан олинган маълумотлар асосида ўзгартиришлар киритиши шарт.

Инвестиция воситачисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Инвестиция воситачиси томонидан мижозларнинг пул маблағларини ҳисобга олиш ва уларнинг бут сақланишини таъминлаш тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



28-модда. Инвестиция маслаҳатчисининг фаолияти

Қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи, қимматли қоғозлар бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда прогноз қилиш масалаларига доир маслаҳат хизматлари, трансфер-агент хизматларини кўрсатувчи, шунингдек қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи юридик шахс инвестиция маслаҳатчисидир.



29-модда. Инвестиция фондининг фаолияти


Инвесторларнинг пул маблағларини ва қўйилмаларини инвестиция активларига жалб қилиш мақсадида акциялар чиқарадиган юридик шахс - акциядорлик жамияти инвестиция фондидир.

Инвестиция фонди юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ўзгартирилишга ҳақли эмас. Инвестиция фондини қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Инвестиция фонди фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди ва инвестиция фондининг фаолияти қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солинади.

Инвестиция фонди қуйидаги ҳуқуқларга эга эмас:

корпоратив ва инфратузилма облигацияларини, шунингдек имтиёзли акцияларни чиқариш;

фонд соф активларининг 10 фоизидан ортиғини бир эмитентнинг қимматли қоғозларига ёки масъулияти чекланган жамиятнинг улушига инвестициялаш;

тўланиши лозим бўлган қарзнинг жами ҳажми кредит ва (ёки) қарз битими имзоланадиган санадаги ҳолатга кўра инвестиция фонди соф активлари қийматининг 15 фоизидан ошиб кетган тақдирда, кредит ва (ёки) қарз маблағларини жалб этиш. Кредит ва (ёки) қарз муддати уч ойдан ошиб кетмаслиги керак;

кафил бўлиш, мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни гаровга қўйиш;

ташкилий-ҳуқуқий шакли ўз иштирокчиларининг қўшимча жавобгарлигини назарда тутадиган юридик шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестицияларни амалга ошириш;

инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси, аудиторлик ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга инвестицияларни амалга ошириш;

бошқа инвестиция фондларининг акцияларини олиш ва уларга эга бўлиш;

умумий суммаси фонд соф активларининг 10 фоизидан ортиқ инвестицияларни амалга ошириш, бундан қимматли қоғозларга қўйиш мустасно.


30-модда. Инвестиция активларини ишончли

бошқарувчининг фаолияти


Юридик шахснинг - ишончли бошқарувчининг ўзига эгалик қилиш учун топширилган ва бошқа шахсга тегишли бўлган:

қимматли қоғозларни, шу жумладан, инвестиция активларини бошқариш жараёнида олинадиган қимматли қоғозларни;

қимматли қоғозларга инвестиция қилиш учун мўлжалланган ва инвестиция активларини бошқариш жараёнида олинадиган пул маблағларини шу шахснинг ёки у кўрсатган шахснинг манфаатларини кўзлаб, ўз номидан ишончли бошқарувни белгиланган муддат мобайнида амалга ошириши инвестиция активларини бошқариш бўйича фаолиятдир.


31-модда. Трансфер-агент фаолияти


Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш тизимига тааллуқли ҳужжатларнинг қабул қилиниши, уларга ишлов берилиши ва уларнинг ўтказилиши бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс трансфер-агентдир.

Эмитент, шунингдек қимматли қоғозларга доир битимлар тузувчи шахслар трансфер-агентнинг мижозларидир.

Трансфер-агент эмитентга акциядорларнинг умумий йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан хизматлар кўрсатишга ҳақлидир.


32-модда. Қимматли қоғозларнинг биржадан

ташқари савдоси ташкилотчиси фаолияти


Инвесторларга воситачиларни жалб этмай туриб савдода иштирок этиш имкониятини берувчи, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш бўйича фаолиятни буюртмалар қабул қилиш пунктларидан, махсус компьютер савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширувчи юридик шахс қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисидир.

Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш тартиби қонунчиликда белгиланади.


33-модда. Қимматли қоғозларга доир операциялар

бўйича ҳисоб-китоблар


Қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

Қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича қимматли қоғозлардаги ҳисоб-китоблар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва (ёки) инвестиция воситачиси томонидан амалга оширилади.



34-модда. Қимматли қоғозлар бозоридаги

операциялар ва битимларни ҳисобга олиш

Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси қимматли қоғозлар бозорида ўзлари амалга ошираётган барча операциялар ва битимларнинг ҳисобини юритади, уларни ҳисобга олишга доир ҳужжатларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда сақланишини таъминлайди.


35-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчиси ва унинг мижози муносабатлари


Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиси ва унинг мижози муносабатлари қонунчилик ҳамда шартнома билан тартибга солинади.

Мижозлар ҳисобидан битимлар тузиш мижозлар билан тузилган шартномалар асосида фақат инвестиция воситачиси ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчи томонидан амалга оширилиши мумкин.

Инвестиция воситачиси узайтириш имконияти билан бир йил учун тузиладиган шартнома асосида мижозларга:

мижознинг номидан ва ҳисобидан брокерлик хизматлари;

ўз номидан, лекин мижознинг ҳисобидан брокерлик хизматлари;

депозитар хизматлар кўрсатади.

Инвестиция воситачиси мижозларга депо ҳисобварақлари очишга, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун уларнинг топшириқларини қабул қилишга, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда мижозларга электрон шаклда ва ўзга алоқа воситалари орқали бошқа хизматларни кўрсатишга ҳақли.



5-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


36-модда. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни

ҳисобга олишни ташкил этиш

Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш қимматли қоғозлар эгаларининг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида, инвестиция воситачисида ва (ёки) чет эллик номинал сақловчида очиладиган депо ҳисобварақларида амалга оширилади, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Инвестиция воситачиси ва чет эллик номинал сақловчи ўз мижозларининг ҳисобварақларида уларнинг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидаги ҳисобварақларида жамлаб ҳисобга олиб бориладиган ҳужжатсиз қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлари ҳисобини юритади.



37-модда. Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши


Ҳужжатсиз қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар олувчига унинг депо ҳисобварағи бўйича тегишли кирим ёзуви киритилган пайтдан эътиборан ўтади ва депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

Неттингдан фойдаланилганда қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ўтишининг ўзига хос хусусиятлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Эгасининг номи ёзилган ҳужжатли қимматли қоғозга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига қимматли қоғоз бланкасига белгиланган тартибда тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтади.

Қимматли қоғоз билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар ушбу қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан эътиборан олувчига ўтади.



38-модда. Қимматли қоғозлар

марказий депозитарийси


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилади ҳамда фаолиятини хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар ҳисобидан амалга оширади.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси хизматлари учун тарифларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



39-модда. Қимматли қоғозлар марказий

депозитарийсининг мутлақ вазифалари


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифалари қуйидагилардан иборат:

қимматли қоғозларни ҳисобга қўйиш;

ҳужжатли қимматли қоғозларни сақлаш;

қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш;

давлатнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек қимматли қоғозларни бошқариш бўйича давлат ваколат берган шахсларнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш;

инвестиция воситачилари ва чет эллик номинал сақловчиларнинг депо ҳисобварақларини юритиш;

қимматли қоғозлардаги ҳисоб-китобларни ва қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларидаги ҳисоб-китобларни белгиланган тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

агар қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;

Депонентларнинг ягона базасини юритиш;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган эмиссиявий қимматли қоғозларга халқаро кодларни бериш;

депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракати тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва тизимлаштириш.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш бўйича вазифалари халқаро облигацияларга нисбатан татбиқ этилмайди.


40-модда. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси:

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалада бўлган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун чет эллик номинал сақловчига ҳисобварақлар очишга;

эмитент билан тузиладиган шартномага кўра даромадларни (дивидендларни) ва қимматли қоғозларнинг қийматларини тўлаш учун мўлжалланган пул маблағларини олишга, шунингдек тегишли тўловларни амалга оширишга;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритишга доир вазифаларни бажаришда инвестиция воситачиларидан ва чет эллик номинал сақловчилардан мазкур реестрларни шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни олишга ҳақли.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси:

манфаатдор шахсларнинг қимматли қоғозларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида сақлаш ва ҳисобга олиш қоидалари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

сақлаш учун қабул қилиб олинган ҳужжатли қимматли қоғозларнинг бут сақланишини таъминлаши;

ўзининг ҳар бир депонентига тегишли қимматли қоғозлар сонининг ва номинал қийматининг ҳисобини юритиши;

қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатилганлиги, шунингдек уларнинг тугатилганлиги фактлари ҳисобини юритиши;

ўз депонентларининг депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни амалга оширишга асос бўлган бирламчи ҳужжатларни идоравий архивда сақлаши;

ўз депонентларининг депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни депонентларнинг ёки улар вакил қилган шахсларнинг ёзма топшириқлари асосида амалга ошириши, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

ўз депонентининг қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини унинг депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма берган ҳолда тасдиқлаши;

депо ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларнинг мавжудлиги ва ҳаракати, ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаши, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

ўз депонентининг депо ҳисобварағи бўйича операцияларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг қарорлари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриши;

ўз фаолиятига тааллуқли маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, давлат солиқ хизмати органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг ёзма талабларига кўра қонунчиликда белгиланган доирада ҳамда тартибда тақдим этиши шарт.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш вазифасини бажараётганда:

қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган реестрларини сақлаши;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларидаги мавжуд ахборотни ушбу Қонунга мувофиқ тақдим этиши;

қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларидаги мавжуд ахборотнинг махфийлигини таъминлаши;

банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактлари кўриб чиқилган тақдирда, тижорат банклари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар эгаларининг шакллантирилган реестридаги мавжуд ахборотни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ёзма сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг зиммасида қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритиш вазифасини бажараётганда қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси:

ўзига сақлаш учун топширилган қимматли қоғозлардан фойдаланишга;

бошқа юридик ва жисмоний шахсларга молиявий ёрдам кўрсатишга;

бошқа юридик шахсларнинг устав фондида иштирок этишга ҳақли эмас.


41-модда. Депонентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Депонент қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз депо ҳисобварағидаги қимматли қоғозларни қонунчиликда белгиланган доирада ва тартибда тасарруф этиш;

инвестиция воситачисига ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ўз депо ҳисобварағи бўйича операцияларни бажариш юзасидан топшириқлар бериш (учинчи шахслар олдида мажбуриятлар юклатилган қимматли қоғозларни қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатиш тугалланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан ўтказишга доир фармойиш бундан мустасно), сўровлар киритиш, топшириқлар бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот талаб қилиш;

ҳужжатсиз ва ҳаракатсизлантирилган ҳужжатли қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳисобга олишни инвестиция воситачисига ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига топшириш;

шартнома шартларига мувофиқ ўз депо ҳисобварағининг ҳолати ҳақида кўчирма ва ўз депо ҳисобварағи бўйича ўтказилган операциялар тўғрисида ҳисобот олиш.

Депонент қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Депонент:

ўз ваколатли шахсининг ваколатлари тугатилганлиги ёки ўзгартирилганлиги тўғрисида инвестиция воситачисини ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини хабардор қилиши;

ўз реквизитларидаги барча ўзгаришлар ҳақида инвестиция воситачисига ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига хабар бериши;

инвестиция воситачиси ва (ёки) Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёзма хабарларининг тўғрилиги ва тўлиқлигини текшириши ҳамда аниқланган ноаниқликлар ҳақида уларга ўз вақтида хабар бериши шарт.

Депонентнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


42-модда. Қимматли қоғозларнинг ва ҳисобга

олиш регистрларидаги ёзувларнинг бут

сақланиши кафолатлари

Ҳужжатли қимматли қоғозларнинг бут сақланиши уларнинг эгалари томонидан, улар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига топширилган тақдирда эса, мазкур депозитарий томонидан қимматли қоғозларни сақлаш жойларида депозитар операциялар стандартларига мувофиқ таъминланади.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ва инвестиция воситачиларининг ҳисобга олиш регистрларидаги қимматли қоғозлар ҳамда электрон ёзувларнинг бут сақланиши, шу жумладан техник тизимда носозликлар ва кутилмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда уларни тезкор қайта тиклаш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан биргаликда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланадиган тартибда таъминланади.



6-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШ


43-модда. Қимматли қоғозлар бозорида ахборотни

ошкор қилиш тўғрисидаги умумий қоидалар


Қимматли қоғозлар бозорида ахборот очиқ ва ошкорадир, қонунда белгиланган ҳолларда ошкор қилинадиган маҳфий ахборот бундан мустасно.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари, шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналар ахборотни:

оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

ҳисоботлар, маълумотлар ва бошқа ахборот тақдим этиш орқали ошкор қилади.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси, эмитент, фонд биржаси ушбу Қонунда назарда тутилган ахборотни инвесторларга ва қимматли қоғозларнинг эгаларига қоғозда тақдим этганлик учун ахборотдан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлардан ошмайдиган миқдорда ҳақ олиши мумкин.


44-модда. Ахборотнинг эмитент томонидан ошкор қилиниши


Эмитент (давлат қимматли қоғозлари эмитенти бундан мустасно) ахборотни:

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласида;

эмитентнинг йилнинг ҳар чорагидаги ва йиллик ҳисоботида;

эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар тўғрисидаги хабарларда ошкор қилади.

Қимматли қоғозлар эмиссия рисоласида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади), давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

охирги уч йилдаги ёки, агар эмитент фаолиятни уч йилдан камроқ муддат мобайнида амалга ошираётган бўлса, ҳар бир тугалланган йил учун бухгалтерия баланслари ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;

фаолиятнинг асосий йўналишлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (хизмат) турлари;

мустақил рейтинг баҳоси, агар унинг шундай баҳоси бўлса, тегишли изоҳлари билан;

эмитентнинг кузатув кенгаши ва ижроия органи таркибига кирувчи шахслар рўйхати, эмитент акцияларининг уларга тегишли миқдори (устав фондидаги улушлари миқдори) тўғрисидаги маълумотлар;

эмитент филиаллари ва ваколатхоналарининг, шўъба ва тобе жамиятларининг жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган рўйхати;

эмитент аффилланган шахсларининг уларга тегишли акциялар миқдори ва хиллари кўрсатилган рўйхати;

ходимларнинг охирги уч йилдаги ўртача йиллик сони;

охирги уч йилда муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар, уларнинг чиқарилиш ҳажми ва мақсади, улар бўйича ҳисобланган ва эмитент томонидан тўланган дивидендлар (фоизлар) тўғрисидаги маълумотлар;

охирги уч йилда эмитентга нисбатан қўлланилган санкциялар ва эмитент судда жавобгар ёки даъвогар сифатида иштирок этаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар;

қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорга мувофиқ қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш шартлари.

Эмитентнинг ҳар чораклик ҳисоботида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, рўйхатдан ўтказувчи орган, давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

тегишли чорак юзасидан бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот.

Эмитентнинг йиллик ҳисоботида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, рўйхатдан ўтказувчи орган, давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

ўтган йилдаги хўжалик фаолияти натижалари ҳақидаги ахборот;

кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ёки ижроия органининг таркибидаги ўзгаришларнинг асослари;

тегишли йил юзасидан бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

аудиторлик ташкилоти хулосасининг кўчирма нусхаси;

қўшимча чиқарилган қимматли қоғозлар ҳақидаги асосий маълумотлар;

ҳисобот йилида эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар;

бошқа юридик шахсларнинг 5 ва ундан ортиқ фоиз акцияларига (улушларига, пайларига) эгалиги тўғрисидаги ахборот, агар эмитентнинг акциялари фонд биржасининг биржа котировкалаш варағига киритилган бўлса.

Эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар қуйидагилардир:

эмитентнинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили), электрон почта манзили ёки веб-сайти ўзгарганлиги;

эмитентнинг қайта ташкил этилганлиги, фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги;

эмитентнинг юқори бошқарув органи томонидан қабул қилинган қарорлар;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ўзгарганлиги;

кузатув кенгашининг, тафтиш комиссиясининг ёки ижроия органининг таркибидаги ўзгаришлар;

эмитентнинг филиаллари ва ваколатхоналари, шўъба ва тобе жамиятлари рўйхатидаги ўзгаришлар;

эмитентнинг мол-мулки, банк ҳисобварақлари хатланганлиги, эмитентга нисбатан унинг активлари қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво қўзғатилганлиги;

эмитент устав фондининг ёки активларининг 50 фоизидан ортиқ миқдорда кредит олинганлиги;

активларнинг қиймати бир марта 10 фоиздан ортиқроқ миқдорда кўпайтирилганлиги ёки камайтирилганлиги;

миқдори ёки мол-мулкининг қиймати битим тузилган санадаги ҳолатга кўра эмитент активларининг 10 фоизидан ортиғини ташкил этадиган эмитентнинг бир марталик битимлари;

эмитент томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар ва (ёки) аффиланган шахслар билан битимлар тузилганлиги;

эмитент фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун лицензия олганлиги ёки лицензия бекор қилинганлиги, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги;

қимматли қоғозлар чиқарилганлиги, уларнинг чиқарилиши тўхтатиб турилганлиги ва қайта тикланганлиги, қимматли қоғозларнинг чиқарилиши амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилганлиги;

эмитент қайси юридик шахслар акцияларининг (улушларининг, пайларининг) 10 фоизига ва ундан ортиқ фоизига эгалик қилаётган бўлса, ҳар бир шундай юридик шахснинг рўйхатидаги ўзгаришлар;

эмитентнинг ўз қимматли қоғозлари эгалари олдидаги қимматли қоғозларни қайтариб сотиб олишга (муомаладан чиқаришга) доир мажбуриятларини бажариш муддатлари келганлиги;

қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ҳисоблаш, эмитентнинг қимматли қоғозлари бўйича даромадларни тўлашнинг бошланганлиги ва тугалланганлиги;

эмитентга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили жорий этилганлиги;

ҳисобот йилида кузатув кенгаши ва ижроия органи аъзоларининг эмитент акцияларига (улушларига, пайларига) эгалик қилишидаги ўзгаришлар;

жамият аффилланган шахсларининг рўйхатидаги ўзгаришлар ушбу шахсларга тегишли қимматли қоғозларнинг сони, тури ва хили кўрсатилган ҳолда;

қимматли қоғозлар эгаларида уларга тегишли бўлган қимматли қоғозларнинг эмитент томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқининг юзага келганлиги.

Эмитент:

а) қимматли қоғозлар эмиссия рисоласини ва эмитентнинг йиллик ҳисоботини барча манфаатдор шахслар танишиб чиқиши учун тақдим этиши;

б) Корпоратив ахборотнинг ягона порталига ва ўзининг расмий веб-сайтига:

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласининг матни билан танишиб чиқиш жойи ва тартиби тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, тўртинчи, бешинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган ахборотни қимматли қоғозларни жойлаштириш бошланишига камида икки ҳафта қолганида, бундан қимматли қоғозларни хусусий жойлаштириш мустасно;

эмитентнинг йиллик ҳисоботини акциядорларнинг ёки эмитентнинг бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилганидан кейин икки ҳафта ичида;

эмитентнинг биринчи чорак, биринчи ярим йил ва тўққиз ой якунларига доир ҳисоботини ҳисобот ойидан кейинги бир ой ичида;

эминтент ва аффилланган шахс ўртасида тузилган битимлар тўғрисидаги ахборотни битим тузилган пайтдан эътиборан 72 соат ичида жойлаштириш йўли билан;

эмитентнинг фаолиятидаги муҳим факт ҳақидаги хабарни у юз берган санадан эътиборан икки иш куни ичида жойлаштириш йўли билан ошкор қилиши шарт, бундан аффилланган шахслар билан битим тузиш тўғрисидаги хабар мустасно.

Эмитент қонунчиликка мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ошкор қилиши мумкин.

Агар эмитентнинг қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилган бўлса, ушбу моддада назарда тутилган ахборотни мажбурий равишда ошкор қилиш фонд биржасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади.

Фонд биржаси ушбу моддада назарда тутилган ахборот эмитент томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинганлиги учун ҳақ ундиришга ҳақли эмас.

Шунингдек қаранг ОХС Пленумининг 2015 йил 27 ноябрдаги "Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан улар ҳақидаги ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда амалга оширилган (қабул қилинган) битимларни (қарорларни) ҳақиқий эмас деб топишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 290-сон Қарорининг 3, 4, 8.2-бандлари



45-модда. Ахборотнинг қимматли қоғозлар

бозори профессионал иштирокчиси

томонидан ошкор қилиниши


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвесторнинг талабига кўра:

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензиянинг кўчирма нусхасини ёки ваколатли давлат органини хабардор қилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг устав фонди, ўз маблағларининг миқдори ва захира фонди тўғрисидаги маълумотларни;

инвестор оладиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

инвестор оладиган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласидаги маълумотларни, шунингдек ушбу қимматли қоғозларнинг инвестор томонидан ахборот тақдим этиш тўғрисида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомидаги нархлари ҳақидаги маълумотларни;

қимматли қоғозларга доир битимларнинг натижалари бўйича ҳисоботни шартномада келишилган муддатларда тақдим этади.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвесторларни ушбу моддада назарда тутилган ахборотни олиш ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси:

йилнинг бир чораги давомида фақат бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан операциялар;

бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан бир марталик операция, агар бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур қимматли қоғозлар умумий сонининг камида 15 фоизини ташкил этган бўлса, уларнинг амалга оширилганлиги ҳақида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини икки иш куни ичида ёзма шаклда хабардор қилади.

Инвестиция фондлари ахборотни ушбу Қонуннинг 44-моддасида назарда тутилган тартибда ошкор қилади.


46-модда. Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг

ахборотни ошкор қилиши


Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари:

савдода битимлар тузиш қоидаларини;

савдога қўйилган қимматли қоғозлар рўйхатини;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг талабига кўра инвесторларнинг ёки қимматли қоғозлар эгаларининг аризаларини, таклифларини ва шикоятларини кўриб чиқиш якунлари ҳақидаги ахборотни ошкор қилади.

Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ошкор қилиши мумкин.


47-модда. Ахборотнинг қимматли қоғозлар

эгаси томонидан ошкор қилиниши


Қимматли қоғозлар эгаси эмитент қимматли қоғозлари ҳар қандай турининг 35 ва ундан ортиқ фоизини олганлиги ҳақидаги ахборотни ошкор этиши шарт.

Акциялар эгаси мустақил равишда ёки аффилланган шахслар билан биргаликда бир ёки бир нечта битим тузиш натижасида акциядорлик жамияти акцияларининг мазкур акциядорлик жамияти устав капиталининг жами 20 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акциялар пакетини олганлиги ҳақидаги ахборотни ошкор этиши шарт.

Қимматли қоғозлар эгаларининг ахборотни ошкор этиши тартиби ва муддатлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.


48-модда. Ахборотнинг қимматли қоғозлар бозорини

тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи

томонидан ошкор қилиниши


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайти орқали қуйидаги ахборотни ошкор этиши шарт:

қимматли қоғозларнинг рўйхатдан ўтказилган чиқарилишлари ҳақидаги ҳамда чиқарилиши, жойлаштирилиши ва муомаласи тўхтатиб қўйилган ҳамда тикланган, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилганлиги, унинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги, лицензия бекор қилинганлиги тўғрисидаги;

қимматли қоғозлар бозорида ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун мазкур орган томонидан жавобгарлик чоралари қўлланилган эмитентлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, мансабдор шахслар ҳамда уларга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чораларининг турлари тўғрисидаги;

ўз даъволари бўйича чиқарилган суд қарорлари тўғрисидаги;

инвестиция маслаҳатчиларининг хабарномалари реестри, уларнинг фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисидаги.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвесторларга ва қимматли қоғозлар эгаларига ушбу Қонунга мувофиқ ахборот тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлар доирасида ҳақ олиши мумкин.



49-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

ахборотнинг маҳфийлиги


Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мижозлари, улар ҳисобварақларининг ҳолати ва ўтказилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қимматли қоғозларга доир битимларнинг мазмуни (эмитент, қимматли қоғозларнинг тури ва хили, сони, баҳоси, битим тузилган сана, вақт, биржа савдоси ўтказилган ҳолларда эса савдода иштирок этган шахслар ҳам бундан мустасно) маҳфий ахборотдир.

Маҳфий ахборотга эга шахслар бу ахборотдан битимлар тузиш учун фойдаланишга, шунингдек уни битимлар тузиш учун бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас.

Маҳфий ахборотдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахслар бундай ахборотни ошкор этганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



50-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

маҳфий ахборотни ошкор қилиш


Қимматли қоғозлар бозорида маҳфий ахборотни ошкор қилиш қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотлар - уларнинг ўзларига ёки вакилларига, ўз ваколатларига тааллуқли масалалар юзасидан - монополияга қарши давлат органига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментига, судларга, қўзғатилган жиноят иши бўлган тақдирда эса, тергов ва суриштирув органларига берилади.

Мижозларнинг - жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотлар уларнинг эгалари вафот этган тақдирда, меросхўрларга ёки ҳисобварақнинг эгаси кўрсатган шахсларга, ўз иш юритувидаги мерос ишлари юзасидан нотариал идораларга берилади, чет эл фуқароларига нисбатан эса чет давлатнинг консуллик муассасаларига берилади.

Биржа битимининг мазмуни ҳақидаги ахборот судларга тақдим этилади, тергов ва суриштирув органларига эса қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилади.

Маҳфий ахборот қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига қуйидаги ҳолларда:

у қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактларини кўриб чиқаётганда;

у Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти аъзолари бўлган бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органларига уларнинг ёзма сўровига кўра ахборот берганда ошкор қилинади.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маҳфий ахборот қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.


51-модда. Давлат қимматли қоғозлари тўғрисидаги

ахборотни ошкор қилиш

Давлат қимматли қоғозлари тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


52-модда. Қимматли қоғозлар бозорини давлат

томонидан тартибга солиш асослари


Қимматли қоғозлар бозорини давлат томонидан тартибга солиш:

қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни ҳамда биржа фаолиятини лицензиялаш ва (ёки) бундай фаолиятга нисбатан мажбурий талаблар белгилаш;

қимматли қоғозлар чиқарилишларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда чиқариш тўғрисидаги қарорларда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларга эмитентларнинг риоя этиши устидан назорат қилиш;

қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборот қонунчиликка мувофиқ ошкор қилинишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини аттестациядан ўтказиш;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг фаолияти устидан қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилиш орқали амалга оширилади.


53-модда. Қимматли қоғозлар бозоридаги чекловлар


Қимматли қоғозлар бозорида қуйидагилар тақиқланади:

эмитентга ёки қимматли қоғозларга тааллуқли ахборотни ошкор қилмасдан қимматли қоғозлар эмиссиясини амалга ошириш;

чиқарилиши ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ёхуд тўхтатиб қўйилган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи;

қимматли қоғозлар эгасининг ўз депо ҳисобварағида бўлган қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлангунига қадар уларга доир битимлар тузиши, бундан неттингдан фойдаланиш мустасно;

ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш;

эмитентнинг устав фонди шакллантирилгунига қадар (тижорат банкларининг устав фондини шакллантириш ҳоллари бундан мустасно), шунингдек эмитентнинг устав фондини тўлдириш ёки эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш учун корпоратив облигациялар чиқариш;

облигацияларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганидан кейин облигациялар чиқариш тўғрисидаги қарорнинг шу қарор билан белгиланган облигацияларга доир ҳуқуқлар ҳажмига тааллуқли қисмига эмитент томонидан ўзгартишлар киритиш;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мажбуриятлари бўйича мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларини ундириш;

эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришда ва (ёки) уларнинг муомаласида бир инвесторга бошқасига нисбатан афзаллик белгилаш, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

а) давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш;

б) акциядорлик жамиятининг акциядорларига ўзларига тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда қимматли қоғозларни олишда белгиланган тартибда имтиёзли ҳуқуқ бериш;

в) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан қимматли қоғозларни олишга қонунчиликда ва (ёки) эмитент уставида чекловлар мавжуд бўлиши.

Корпоратив ва инфратузилма облигациялари уларнинг эгаларига эмитентни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.

Юридик ёки жисмоний шахс ёхуд ўзаро келишув билан боғланган ёки бир-бирининг мол-мулкини назорат қилувчи юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан бир ёки бир неча битим натижасида банк акцияларининг 5 фоизидан ортиғини олиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабардор қилинишини, 20 фоизидан ортиғини олиш эса, олдиндан унинг розилигини олишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан розилигини олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Эмитент, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ўзи чиқарган акциялар бўйича уларни қайта сотиб олиш шарти билан битимлар тузишга, шунингдек ўзи чиқарган акцияларни ишончли бошқарувга топширишга ҳақли эмас.



54-модда. Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг

ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш


Била туриб ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш, тарафларнинг мажбуриятлари бир шахс ҳисобидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб бажариладиган қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш, шунингдек қимматли қоғознинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида бошқа ҳаракат содир этиш ва буларнинг натижасида қимматли қоғозлар нархининг, уларга бўлган талабнинг, таклифнинг ёки қимматли қоғозлар савдоси ҳажмининг бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан ўзгариши ёки бундай ҳаракатларсиз шаклланадиган даражадан фарқ қиладиган даражада ушлаб турилиши қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш жумласига киради.

Маркет-мейкер томонидан муайян қимматли қоғозларга бўлган нархлар, талаб ва таклиф даражасини ушлаб туриш учун қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ҳисобланмайди.

Қимматли қоғозларнинг ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар инобатга олинмаган ҳолда шаклланиши мумкин бўлган нархи, уларга бўлган талаб, таклиф ёки уларнинг савдоси ҳажмига нисбатан қимматли қоғозлар нархининг, уларга бўлган талаб, таклифнинг ёки қимматли қоғозлар савдоси ҳажмининг жиддий равишда ўзгариши мезонлари қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси томонидан қимматли қоғозларнинг тури, ликвидлилиги ва (ёки) бозор қийматига қараб белгиланади.

Қимматли қоғозларни олиш ёки реализация қилиш учун ошкор қилинмаган (тарқатилмаган) ва ошкор қилиниши (тарқатилиши) қимматли қоғозлар қийматининг ўзгаришига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлганлиги туфайли қимматли қоғозлар бозорининг бир иштирокчисига бошқасига нисбатан устунлик бериши мумкин бўлган ахборотдан фойдаланиш қимматли қоғозлар бозорида инсайдер ахборотдан фойдаланиш жумласига киради.

Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш аломатлари қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан аниқланади.

Қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш факти, шунингдек мазкур ғайриҳуқуқий ҳаракатларга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш чораси суд томонидан белгиланади.


55-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга

солиш бўйича ваколатли давлат органи


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни лицензиялайди;

инвестиция маслаҳатчиларининг хабарномаларини қабул қилади, уларнинг реестрини юритади;

инвесторларнинг ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ва тартибга солиш ҳамда унинг иштирокчилари фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир талабларни, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мутахассисларига қўйиладиган малака талабларини белгилайди, уларни аттестациядан ўтказади ва малака гувоҳномалари беради;

эмиссиявий қимматли қоғозларни (давлат қимматли қоғозлари бундан мустасно) чиқариш қоидаларини, қимматли қоғозларга доир битимларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, қимматли қоғозларга доир операциялар ўтказилишини ҳисобга олиш ва улар юзасидан ҳисобот бериш стандартларини, қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини ва қимматли қоғозларга доир битимларни ҳисобга олиш регистрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг давлат бошқаруви органлари, қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда қонунчиликнинг бузилганлиги аниқланган ҳолларда улар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмалар чиқаради, қоидабузарларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ санкциялар қўллайди;

ўз маблағлари етарли даражада бўлишига доир мажбурий нормативларни ва қимматли қоғозларга доир операциялар бўйича таваккалчиликларни чекловчи бошқа кўрсаткичларни, шунингдек қимматли қоғозларга доир (давлат қимматли қоғозлари бундан мустасно) операциялар юзасидан ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилайди.


56-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш

бўйича ваколатли давлат органининг ҳуқуқлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судда даъво қўзғатишга;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги аниқланган тақдирда қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлмайдиган айрим операцияларини ўз ваколатлари доирасида тўхтатиб туришга;

давлат бошқаруви органларидан, қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларидан ахборот ва ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида сўраш ҳамда олишга;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни қўшиб олиб бориш тартибини белгилашга;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг, қимматли қоғозлар савдолари ва қимматли қоғозларга доир битимларга ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатишнинг ягона тизимини яратиш бўйича давлат томонидан ташкил этиладиган корхона фаолиятининг тартибини белгилашга;

Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти аъзолари бўлган бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органлари билан маҳфий ва бошқа турдаги ахборотни белгиланган тартибда айирбошлашга ҳақли.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


57-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш

бўйича ваколатли давлат органининг мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиши ҳамда инвесторларнинг ёки қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда текширувлар ўтказиши ва қонунчиликда назарда тутилган чора-тадбирларни кўриши;

давлат бошқаруви органларидан ҳамда қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларидан инвесторларнинг ва қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя этиши, бундан ахборотнинг учинчи шахсларга ошкор этилиши қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрини ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг реестрини юритиши;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ёзма сўровларига қонунчиликка мувофиқ асослантирилган жавоб бериши;

қимматли қоғозлар бозорининг ҳолати ва унинг иштирокчилари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


8-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


58-модда. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қимматли қоғозлар бозоридаги ўз таваккалчиликларини суғурта қилиш;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари тўғрисида, қимматли қоғозларнинг эмиссиясини тўхтатиб қўйишга, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уларни бекор қилишга доир барча ҳоллар ҳақида, инвестиция маслаҳатчиларининг хабарномалари реестри ҳақида, уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатиш билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг даъво аризалари бўйича эмитентларга ёки қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ҳақида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан ахборот олиш;

давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ва етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш.

Инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгалари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари:

қимматли қоғозларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида, эмитентнинг жорий молиявий ҳолати ва эмитентни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ахборот тақдим этишни эмитентдан талаб қилишга;

пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк билан, шунингдек пул баҳосига эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар) асосида қимматли қоғозларга қонунчиликда ва эмитентнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда инвестицияларни амалга оширишга;

қимматли қоғозлар бозорида ўз хизматларини таклиф этаётган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларидан ўзлари тўғрисидаги ахборотни ушбу Қонунга мувофиқ талаб қилишга ҳам ҳақли.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик талабларига ва қимматли қоғозлар бозорида ўзлари тузган шартномалар шартларига риоя этиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.


59-модда. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг

мулкий жавобгарлиги


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентлар инвестор ёки қимматли қоғозлар эгасининг олдида етказилган зарарлар доирасида қонунчиликка мувофиқ қуйидагилар учун мулкий жавобгар бўлади:

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ахборотни инвесторнинг талабига кўра тақдим этмаганлик ёки нотўғри ахборот тақдим этганлик учун;

қимматли қоғозлар эмиссиясининг белгиланган тартибини бузганлик учун;

қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик, қимматли қоғозларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган чиқарилишининг рекламаси, шунингдек муомаласи қонун билан тақиқланган қимматли қоғозларнинг рекламаси учун;

улар томонидан инвесторлар билан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган инвесторлар ҳуқуқларини ҳамда эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари жавобгарлигини чекловчи шартномалар тузилганлиги учун;

қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатганлик ва инсайдер ахборотдан фойдаланганликнинг суд томонидан аниқланган фактлари учун, шунингдек қимматли қоғозлар, қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларга доир нархлар тўғрисида қасддан бузиб кўрсатилган ахборот тақдим этиш, шу жумладан, рекламада шундай ахборот тақдим этиш орқали инвесторни ёки қимматли қоғозлар эгасини қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга ундаганлик учун;

инвесторлар ёки қимматли қоғозларнинг эгалари билан тузилган шартномалар шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек инвестор ёки қимматли қоғозларнинг эгаси билан тузилган шартномада келишилганидан фарқ қиладиган шартлар асосида битим тузганлик учун.

Инвестиция воситачиси ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси қуйидаги ҳолларда ҳам ўз депонентлари олдида жавобгар бўлади:

қимматли қоғозларнинг эгалари ва уларга тегишли қимматли қоғозлар тўғрисидаги ёзувлар бузиб кўрсатилганда, қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатлар йўқотилганда ёки уларга шикаст етказилганда;

депонент ўзига тегишли қимматли қоғозлар билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга ошира олмаслигига олиб келган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганда.

Инвестиция воситачиси ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси депонентга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплайди, йўқотилган ёзувларни, қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ва ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувларни тиклайди.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси сақлаш учун ўзи қабул қилган ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқотганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгар бўлади. Бунда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси йўқотилган ҳужжатли қимматли қоғозларни тайёрлашга кетадиган харажатларнинг ўрнини қоплайди ёки ушбу қимматли қоғозларни ўз ҳисобидан тайёрлайди.

Қимматли қоғозлар эмитентларининг мажбуриятлари бўйича жавобгарлик эмитентларнинг ўз зиммасида бўлади.



60-модда. Давлат органларининг қарорлари,

улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш


Давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


61-модда. Инвесторнинг таваккалчилиги


Инвестициялаш объекти сифатида қимматли қоғозларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари инвесторнинг таваккалчилигидир.



62-модда. Қимматли қоғозлар бўйича даъво муддатлари


Эмитент ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинган, эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини жойлаштириш муддати тугаган санадан эътиборан бир йилни ташкил этади.

Вексель сақловчининг индоссантларга қарши ва вексель берувчига қарши талаблари бўйича даъво муддати белгиланган муддатда билдирилган протест кунидан эътиборан ёки чиқимларсиз оборот тўғрисида шартлашилган тақдирда, тўлов муддати кунидан эътиборан бир йилни ташкил этади.

Индоссантларнинг бир-бирига ва вексель берувчига нисбатан талаблари бўйича даъво муддати индоссант векселни тўлаган кундан эътиборан ёки унга нисбатан даъво тақдим этилган кундан эътиборан олти ойни ташкил этади.

Ушбу модданинг биринчи - учинчи қисмларида назарда тутилмаган ўзга ҳолларда, шунингдек бошқа қимматли қоғозлар бўйича даъво муддатлари қонунга мувофиқ белгиланади.



63-модда. Низоларни ҳал этиш

Қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


64-модда. Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи" 2015 йил 4 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 8 июнь, 22-сон, 287-модда











































Время: 0.1970
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск