ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 17.06.2015 й. 2684-сон билан рўйхатга олинган халқ таълими вазирининг 02.06.2015 й. 13-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 17 июнда 2684-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими вазирининг

2015 йил 2 июндаги

13-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий

ўрта таълим муассасасидан бошқасига

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасалари (бундан буён матнда мактаб деб юритилади) ўқувчиларини синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


синфдан синфга ўтказиш - ўқувчини бир синфдан бошқа параллел синфга ўтказиш;


бир мактабдан бошқасига ўтказиш - ўқувчини бир мактабдан бошқа бир мактабнинг тегишли синфига ўтказиш.


2. Мазкур Низом талаблари:

барча вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабларга;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказишга нисбатан татбиқ этилади.


2-1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатиладиган ҳудудларда ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги 295-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш ҳамда ўқувчиларни бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.

3. Ўқувчиларни нодавлат таълим муассасаларидан мактабларга ўтказиш мазкур Низомда белгиланган тартибда, мактаблардан нодавлат таълим муассасаларига ўтказиш мазкур Низом ва нодавлат таълим муассасаларининг уставларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. Мазкур Низом жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.


5. Мактаб ўқувчиларини синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш масалалари умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсларнинг таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.


6. Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.



2-БОБ. ЎҚУВЧИНИ СИНФДАН СИНФГА ЎТКАЗИШ


7. Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга.


8. Ота-оналар фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.


9. Мактаб директори аризани қабул қилиб олган кундан бошлаб бир иш куни ичида кўриб чиқади ва ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.

Синфдан синфга ўтказиш рад этилганлиги ҳақида мактаб директори томонидан уч кун ичида ота-оналарга ёзма равишда маълум қилинади.


10. Мактаб директорининг ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.



3-БОБ. ЎҚУВЧИНИ БИР МАКТАБДАН

БОШҚАСИГА ЎТКАЗИШ


11. Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.


12. Ота-оналар фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.


13. Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда мактабдан кетиш талони берилади.


14. Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Аризага мактабдан кетиш талони илова қилинади.

15. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда мактабга келиш талонини беради.


16. Ўқувчи таълим олаётган мактаб директори мактабга келиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади:

ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;

ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;

ўқувчининг тиббий картаси.


16-1. Нодавлат умумтаълим ташкилотидан ўқишини давлат умумтаълим муассасасига кўчирган ўқувчиларнинг ота-оналари ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорига таълим олувчилар сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома ҳамда таълим олувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табелини тақдим этади.

17. Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, келиш талони ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


18. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.


19. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Мактаб директори мазкур буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактабга маълумот учун юборади.


20. Ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.


21. Ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга ўтказилган ўқувчи ўн кун ичида сабабсиз ёки мактаб раҳбарияти ва синф раҳбарини хабардор қилмасдан дарс машғулотларига келмаса, мактаб директори бу ҳақда ота-оналарни, ўқувчининг яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясини ҳамда ўқувчи илгари таълим олган мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантиради ва бир вақтнинг ўзида ўқувчининг дарсларга келмаганлиги сабабларини аниқлаш ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради.


4-БОБ. ЎҚУВЧИНИ ХОРИЖИЙ ДАВЛАТДАГИ

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА ЎТКАЗИШ


22. Ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.


23. Ота-оналар фарзандини хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этади. Аризага Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг вояга етмаганни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш учун розилиги акс этган қароридан кўчирма илова қилинади.

24. Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатларни олганлиги тўғрисида тилхат олади.

Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.


25. Ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.


26. Мактаб директори томонидан хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказилаётганлиги сабабли ўқувчилар сафидан чиқарилган вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда ҳар ўқув йили чораклари охирида тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига (бошқармасига) ва Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига тақдим этилади.


5-БОБ. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТДА ТАЪЛИМ ОЛГАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОСИНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ

МАКТАБГА ЎТКАЗИШ


27. Ота-оналар хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган фарзандини Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш ҳуқуқига эга.


28. Хорижий давлатда таълим олган болани Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш учун ота-оналар томонидан мактаб директорига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ота-она томонидан мактаб директори номига ариза;

боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг (ҳужжатларнинг) асли ва нотариал тасдиқланган таржимаси;

боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома.

29. Мактаб директори тақдим этилган ҳужжатларни бир иш куни ичида кўриб чиқади ва болани мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


30. Мактаб директори боланинг хорижий давлатда ўқиган таълим дастури мактабнинг ўқув дастурларига мос келиш-келмаслигини аниқлайди ҳамда фанлар бўйича аниқланган фарқларни жорий ёки навбатдаги ўқув йилида бартараф этиш чораларини кўради.

Боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжат мавжуд бўлмаганда, мактаб директори болани унинг ёши ва билим даражасига мос синфга қабул қилиши лозим.


31. Болани мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Ўқувчини айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган синфга ёки айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабга ўтказиш, шунингдек уларни ички тартиб қоидаларни бузганлиги учун ушбу синфлардан (мактаблардан) бошқа синфларга (мактабларга) ўтказиш Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфларига, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2321, 2012 йил 1 февраль) мувофиқ амалга оширилади, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолат бундан мустасно.

Ота-оналарнинг истагига кўра ўқувчини айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган синфдан бошқа синфга ёки айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабдан бошқа мактабга ўтказиш мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Жиноят содир этган вояга етмаганларни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг розилиги билан амалга оширилади.

34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


35. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган.






Низомга

1-ИЛОВА

______________________________________________

(вилоят (республика, шаҳар), туман (шаҳар)


____-cонли мактабдан


КЕТИШ ТАЛОНИ


Ушбу талон 20 __ йил ____ _______________ да ________________ тумани (шаҳри)даги ___ -сонли мактабнинг

       

___ -синф ўқувчиси



       

қувчининг Ф.И.О.)


             

бошқа мактабга ўтказилаётганлигини тасдиқлаш учун берилди.


        





(имзо)


(мактаб директорининг Ф.И.О.)


                                

                                 М.Ў.


Мактаб директорининг

телефон рақами: ____________

       





Низомга

2-ИЛОВА



______________________________________________

(вилоят (республика, шаҳар), туман (шаҳар)


____-cонли мактабга


КЕЛИШ ТАЛОНИ


Ушбу талон 20 __ йил ____ _______________ да ________________ тумани (шаҳри)даги ___-сонли мактабнинг

___ -синф ўқувчиси



     

қувчининг Ф.И.О.)


              

у ______________ тумани (шаҳри)даги ___ -сонли мактабга кетиш талонини топширганлигини тасдиқлаш учун берилди.


        





(имзо)


(мактаб директорининг Ф.И.О.)


                                

                                 М.Ў.


Мактаб директорининг

телефон рақами: ____________

      

      

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 22 июнь, 24-сон, 319-модда

































Время: 0.2029
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск