Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Молия соҳасида бошқарув /

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий назорат-тафтиш бошқармалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.06.2015 й. 173-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 30 июндаги

173-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг

Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий

назорат-тафтиш бошқармалари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси (кейинги ўринларда НТББ деб аталади) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқларини, мажбуриятларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. НТББ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига бўйсунади.


3. НТББнинг Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юридик шахс мақомига эга бўлмаган назорат-тафтиш бошқармалари бўлади, улар ўз фаолиятида бевосита НТББга бўйсунадилар.


4. НТББ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қиладилар.


5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари думалоқ муҳрга, штампга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган бланкаларга эга бўлади ҳамда улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган ғазна ҳисобварақлари орқали бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан маблағ билан таъминланадилар.



II. НТББ ҲАМДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-

ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш НТББнинг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг асосий вазифаси ҳисобланади.


7. Шунингдек, НТББнинг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг вазифаларига қуйидагилар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш киради:

молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек бюджет тизими бюджетларининг ижроси билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилишининг таъминланиши;

бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши;

бюджет тизими бюджетларининг харажатлари ижроси;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг навбатлилиги, муддатларига риоя этилиши ва тўлиқлиги;

Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалардан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши;

пенсиялар ва нафақаларнинг тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва ўз вақтида тўланиши;

тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг фаолияти;

бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилиши;

мурувват ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши;

давлат харидлари бўйича ўтказилган тендер (танлов) савдоларининг тўғрилиги;

давлат валюта маблағларининг тўғри ва белгиланган мақсадда сарфланиши;

давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши, тўловларнинг ўз вақтида ўтиши, ҳисоб-китобларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши;

пахта хом ашёсини тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, пахта маҳсулоти ишлаб чиқариш ва уни сотиш бўйича статистика ҳамда бухгалтерия ҳисоботи маълумотларининг тўғрилиги;

пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилинадиган, сақланадиган ва қайта ишланадиган пахта хом ашёсининг миқдори ва сифати бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлиги, хом ашёни қайта ишлаш чоғида олинадиган пахта толаси, пайдо бўладиган куйиндилар ҳамда бошқа чиқиндиларнинг белгиланган меъёрларига риоя этилиши;

навларни жойлаштиришнинг белгиланган тартибига риоя этилиши, белгиланган стандартларга ва селекция навлари жойлаштирилишига мувофиқ уруғлик чигитларни тайёрлаш ҳамда пахтачилик хўжаликларининг уруғлик чигитлар билан таъминланиши.



III. НТББ ҲАМДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-

ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


8. НТББ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

тегишли бюджетларнинг ижроси бўйича ҳудудий молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари фаолияти юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет маблағларини тақсимловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари томонидан бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ссудаларидан мақсадли фойдаланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

кредит линиялари ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалардан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг навбатлилиги, тўлиқлиги ва муддатларига риоя этилиши, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловларга нақд пул берилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўловлари учун кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

давлат харидлари бўйича ўтказилган тендер (танлов) савдоларининг тўғрилиги юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги томонидан аниқланган ташкилотларнинг бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланишини, бюджетдан маблағ олувчиларнинг кредиторлик қарзлар суммасини асоссиз равишда кўпайтирганлигини кўрсатувчи ҳолатлар бўйича текширишлар ўтказиш;

Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши, тўловларнинг ўз вақтида ўтиши, ҳисоб-китобларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан давлат молиявий назоратини таъминлаш;

мурувват ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

навларни жойлаштиришнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши, пахтачилик хўжаликларига ажратиладиган уруғлик чигитларнинг техник талабларга ва ғўза навларини жойлаштириш бўйича белгиланган топшириқларга мувофиқлиги юзасидан текширишларни амалга ошириш;

минтақалар бўйича пахтачилик хўжаликларидан пахта тозалаш корхоналарига қабул қилинган пахта хом ашёси тўғрисидаги маълумотларни (ҳудудий бошқармаларнинг ПК-17 қабул қилиш квитанциялари асосида тузилган ҳар кунги маълумотларидан келиб чиққан ҳолда) тайёрлаш, маълумотларни йиғиб-териб олинган пахта учун ҳақ тўлаш ва белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармасига тақдим этиш;

топширувчи хўжаликдан тайёрлов пунктига келадиган пахта хом ашёси юкланган транспорт бирлиги топшириш-қабул қилиш ҳужжатларининг тўғри расмийлаштирилганлигини назорат ва тафтиш қилишни амалга ошириш;

пахта хом ашёси юкланган транспорт бирлигининг тарозида тўғри тортиб кўрилиши, унинг физик массаси аниқланиши, пахта хом ашёсидан намуна олиш тартибига риоя қилиниши ва кейинчалик лабораторияда сифатини баҳолаш учун пахта хом ашёсининг хўжалик бўйича ўртача намунаси шакллантирилишини танлаб назорат қилишни амалга ошириш;

лабораторияда аниқланган сорти, намлиги ва ифлосланганлигини ҳисобга олган ҳолда пахта хом ашёси кондиция массасини ҳисоблашнинг, шунингдек топширувчи хўжаликка бериладиган қабул қилиш квитанцияларини ҳамда пахта хом ашёсини қабул қилиш бўйича бошқа бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштиришнинг тўғрилиги юзасидан текширишларни амалга ошириш;

пахта хом ашёсини қайта ишлаш ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик регламентига риоя этилишини танлаб назорат қилишни амалга ошириш;

пахта тозалаш корхоналарида қайта ишланган пахта хом ашёси туркумларини, олинадиган пахта маҳсулоти (тола, момиқ, чигит)нинг ҳақиқий миқдорини, ишлаб чиқаришда куйиндилар пайдо бўлиши кўрсаткичларини аниқлаган ҳамда уларни ғўзанинг селекция ва саноат навлари бўйича тасдиқланган нормативлар билан таққослаган ҳолда комиссион текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш;

хом ашё ва тайёр пахта маҳсулоти баланси ижросини, унинг фойдаланувчиларга етказиб берилишини ва амалдаги қолдиқларини ҳисобга олган ҳолда, текширишларни амалга ошириш;

статистика ва бухгалтерия ҳисоботининг хом ашё ҳамда пахта тозалаш корхонасидаги тайёр маҳсулотнинг амалдаги ҳаракатига, уни экспортга ва республика фойдаланувчиларига жўнатиш ҳажмига мувофиқлигини текшириш;

хом ашёдан фойдаланиш ва пахта маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича хатлов маълумотларининг тасдиқланган нормативларга мувофиқлигини тафтиш қилишни амалга ошириш;

пахта хом ашёси ҳамда ундан ишлаб чиқариладиган пахта маҳсулотларининг миқдори ва сифатини ҳамда уларнинг ҳисоботда акс эттирилишини баҳолаш бўйича текширишларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш методологиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида пенсия ва нафақаларнинг тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва тўланишини, шунингдек фуқароларнинг пенсия йиғмажилдларидаги дастлабки ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги юзасидан текширишларни амалга ошириш;

барча ташкилотлар томонидан ишлаётган пенсионерларга пенсия ва нафақаларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши юзасидан текширишларни амалга ошириш;

фуқароларга пенсия ва нафақаларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ва "O`ZBEKISTON РOCНTASI" АЖ ҳамда уларнинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши юзасидан тизимли назоратни олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилган бошқа харажатларнинг тўғрилигини текшириш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари хизмати фаолиятини назорат қилиш;

ўтказилган тиббий-эксперт текширишларнинг тўғрилиги ва асосланганлигини, шу жумладан, даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилган дастлабки тиббий ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини текшириш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан берилган кўрикдан ўтказиш далолатномаларини ва хулосаларни, зарурат бўлганда, мустақил экспертларни жалб этган ҳолда қайта экспертизадан ўтказиш;

тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими мутахассисларини жалб этган ҳолда доимий равишда текшириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини НТББнинг ваколати доирасида кўриб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг фаолиятини текшириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш;

тафтишлар ва текширишлар натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларига тақдимномалар тайёрлаш;

қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текширишлар ўтказиш;

марказлаштирилган топшириқлар бўйича давлат назорати ҳужжатларини умумлаштириш, улар юзасидан тегишли ахборотлар ва таклифлар тайёрлаш;

бюджет қонунчилигининг аниқланган характерли бузилишлари бўйича тафтишлар ва текширишлар материалларини умумлаштириш ҳамда келгусида уларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш.


9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

тегишли бюджетларнинг ижроси бўйича ҳудудий молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари фаолияти юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари томонидан бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

бюджет ссудаларидан, кредит линиялари ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

давлат инвестиция дастурларини амалга ошириш учун марказлаштирилган манбалардан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга оширишнинг навбатлилиги, тўлиқлиги ва муддатларига риоя этилиши, иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловларга нақд пул берилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўловлари учун кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

давлат харидлари бўйича ўтказилган тендер (танлов) савдоларининг тўғрилиги юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

ғазначилик бўлинмалари томонидан аниқланган ташкилотларнинг бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланишини, бюджетдан маблағ олувчиларнинг кредиторлик қарзлар суммасини асоссиз равишда кўпайтирганлигини кўрсатувчи ҳолатлар бўйича текширишлар ўтказиш;

Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши, тўловларнинг ўз вақтида ўтиши, ҳисоб-китобларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан давлат молиявий назоратини таъминлаш;

мурувват ёрдами ва техник кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

пахтачилик хўжаликларидан пахта тозалаш корхоналарига қабул қилинган пахта хом ашёси ҳажмлари тўғрисидаги дастлабки ахборотларни (ПК-17 қабул қилиш квитанциялари асосида) жойларда ҳар куни тўплаш, маълумотларни минтақалар даражасида умумийлаштириш ҳамда пахта хом ашёсини қабул қилиб олишнинг ҳар кунги ҳажмлари ва мавсум бошидан бошлаб ортиб борувчи якунлари бўйича умумлаштирилган маълумотларни тайёрлаш учун НТББга бериш;

Молия вазирлигига "1-пахта" шакли бўйича пахтачилик хўжаликлари, туманлар ва вилоятлар бўйича ортиб борувчи якун билан пахта хом ашёси тайёрлашнинг бориши тўғрисидаги статистика ҳисоботининг ПК-17 қабул қилиш квитанциялари асосидаги дастлабки ахборот маълумотларига мувофиқлиги тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларида пенсия ва нафақаларнинг тўғри тайинланиши, ҳисобланиши ва тўланишини, шунингдек фуқароларнинг пенсия йиғмажилдларидаги дастлабки ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги юзасидан текширишларни амалга ошириш;

барча ташкилотлар томонидан ишлаётган пенсионерларга пенсия ва нафақаларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши юзасидан текширишларни амалга ошириш;

фуқароларга пенсия ва нафақаларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ва "O`ZBEKISTON РOCНTASI" АЖнинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланишининг тизимли назоратини олиб бориш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари ваколатлари доирасида кўриб чиқиш;

тафтишлар ва текширишлар натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига, шунингдек тегишли давлат бошқаруви органлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларига тақдимномалар тайёрлаш;

қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибидаги текширишлар ўтказиш;

марказлаштирилган топшириқлар бўйича давлат назорати ҳужжатларини умумлаштириш, улар юзасидан тегишли ахборотлар ва таклифлар тайёрлаш;

бюджет қонунчилигининг аниқланган характерли бузилишлари бўйича тафтишлар ва текширишлар материалларини умумлаштириш ҳамда келгусида уларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш.



IV. НТББ ҲАМДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-ТАФТИШ

БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли бюджетларнинг ижроси бўйича ҳудудий молия органлари ва ғазначилик бўлинмалари фаолиятини тафтиш қилиш ва текшириш;

бюджет маблағларини тақсимловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилари томонидан бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

ҳудудий молия органлари ва бюджет ташкилотларида пул ва моддий бойликлар мавжудлигини ҳамда бухгалтерия ҳужжатлари, ҳисоботлар, сметалар ва бошқа ҳужжатларни текшириш;

бюджет ссудаларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш;

кредит линиялари ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлардан (қарзлардан) мақсадли фойдаланилишини текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик муассасалари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилишини текшириш;

давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг мақсадли сарфланишини текшириш;

банклардан, давлат солиқ хизмати органларидан, ғазначилик бўлинмаларидан, шунингдек вазирликлар ва идоралардан тафтишлар ва текширишларни ўтказиш пайтида пайдо бўладиган масалалар бўйича маълумотлар ва ахборотларни олиш;

махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш;

назорат объектининг мансабдор ва масъул шахсларидан тафтишлар ва текширишлар давомида пайдо бўладиган масалалар бўйича тушунтиришлар беришни, шунингдек назорат натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашни талаб қилиш;

назорат объекти мансабдор ва масъул шахсларининг тушунтиришлар бериш ва назорат натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашдан бош тортганликлари тўғрисидаги далолатномани тузиш;

зарур ҳолларда касса ва касса бинолари, омборлар, архивлар ва бошқа биноларни муҳрлаш, қалбаки, сохталаштирилган ҳужжатлар ва бошқа суиистеъмолликлар аниқланган тақдирда эса назорат объекти ҳужжатларини олиб қўйиш, шунингдек назорат объекти мансабдор шахсларидан асосий воситалар, товар-моддий бойликлар, пул маблағлари ва ҳисоб-китоблар хатловдан ўтказилишини талаб қилиш;

пахта хом ашёсини тайёрлаш ва қайта ишлашнинг бутун даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг топшириғи ва у тасдиқлаган жадвал бўйича пахта тозалаш корхоналарини тайёрланаётган, қайта ишланаётган ва сақланаётган пахта хом ашёси миқдори ва сифати масалалари юзасидан текшириш ва тафтиш ишларини ўтказиш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг бажарилишини таъминламаётган, қўшиб ёзишлар, суиистеъмолликлар ва ҳисоботлар бузилиши учун шарт-шароитларни вужудга келтираётган пахта тозалаш корхоналари ва уларга қарашли бўлинмалар ишларини тўхтатиб қўйиш;

"Ўзпахтасаноат" АЖ, унинг ҳудудий филиаллари ва пахта тозалаш корхоналари текширишлар ва тафтишлар натижасида аниқланган пахта хом ашёси ва унинг маҳсулотлари миқдори камомадини ҳисоботдан чиқариб ташлаш тўғрисида ёзма буйруқлар бериш;

тафтишлар ва текширишлар натижаларида аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш, мақсадсиз ва ноқонуний харажатларни, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомадини ундириш, назорат объекти айбдор шахсларини жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш;

тафтишлар ва текширишлар натижасида назорат объекти мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят белгилари бўлган ҳолатлар аниқланган тақдирда назорат материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш.


11. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари қуйидагиларга мажбур:

юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш;

давлат молиявий назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

давлат сирларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва НТББ раҳбариятини бюджет қонунчилигининг аниқланган характерли бузилиши ҳоллари тўғрисида хабардор қилиш;

мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларини сўзсиз бажариш.



V. НТББ ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-

ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ТАШКИЛИЙ

ТУЗИЛМАСИ


12. НТББ қуйидаги ташкилий тузилмага эга:

а) бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси;

б) пахта тозалаш саноати корхоналарида ҳисоб ва ҳисоботнинг тўғрилигини назорат қилиш бошқармаси;

в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Жамғармалар маблағларидан фойдаланилишини назорат қилиш бошқармаси;

г) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш бошқармаси;

д) ташкилий-услубий ишлар бўлими;

е) мурувват ёрдамидан ва техникавий кўмаклашиш маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш шўъбаси.


13. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари қуйидаги ташкилий тузилмага эга:

а) бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бўлими;

б) ташкилий-услубий ишлар бўлими;

в) инвестиция дастурларига ажратиладиган марказлаштирилган маблағлардан ва Ҳукумат томонидан кафолатланган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш бўлими;

г) бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан фойдаланилишини назорат қилиш бўлими;

д) Давлат харидлари бўйича тендер (танлов) ўтказилишини назорат қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижросини назорат қилиш бўлими;

е) Молия вазирлиги ҳузуридаги Жамғармалар маблағларидан фойдаланилишини назорат қилиш бўлими.


14. НТББга Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.


15. Бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бошқармасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади. Бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи айни вақтда НТББ бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.


16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқлар бошчилик қилади.


17. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бўлимларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқлар бошчилик қилади. Бюджет интизомига риоя этилишини назорат қилиш бўлимлари бошлиқлари айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ҳисобланади.



VI. НТББ ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-

ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИ ИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


18. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари ўз ишларини тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ва НТББ бошлиғи томонидан тасдиқланадиган йиллик режалар бўйича амалга оширади.


19. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари зарур ҳолларда режадан ташқари тафтишлар ва текширишларни амалга оширади.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан қўшимча равишда келишилмасдан амалга оширилади. Бунда ушбу текширишлар тасдиқланган режаларга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг буйруқларига мувофиқ амалга оширилади.



VII. НТББ ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ НАЗОРАТ-

ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ КАДРЛАР ТАРКИБИ


20. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаларининг кадрлар таркиби барқарор ҳаётий принципларга эга бўлган юқори малакали мутахассислардан ва иқтисодиёт ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг профессионал тайёргарлик кўрган ёш битирувчиларидан бутланади.


21. НТББ ходимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармалари бошлиқлари аттестацияси ҳар 3 йилда ўтказилади. Аттестацияни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.



VIII. НТББ БОШЛИҒИНИНГ ВА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ

НАЗОРАТ-ТАФТИШ БОШҚАРМАЛАРИ БОШЛИҚЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. НТББ бошлиғи ўзига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбариятига ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва ишдан ишга ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жазолар қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш;

хатлар, хизмат гувоҳномаларини ва ходимларга тафтишлар ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи бир марталик ёзма кўрсатмаларни имзолаш.


23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаси бошлиқлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбариятига назорат-тафтиш бошқармалари ходимларини ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва ишдан ишга ўтказиш бўйича таклифлар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жазолар қўллаш ҳамда ходимларнинг хизмат сафарларига бориши тўғрисида буйруқлар чиқариш;

хатлар, хизмат гувоҳномаларини ва ходимларга тафтишлар ва текширишлар ўтказиш ҳуқуқини берувчи бир марталик ёзма кўрсатмаларни имзолаш.


24. НТББ ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги назорат-тафтиш бошқармаси бошлиқлари ўзларига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан ишларни ташкил этиш;

тафтиш ва текширишларни ўтказишда Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш;

амалий малака оширишга, ижро ва меҳнат интизоми мустаҳкамланишига доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат сирларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 6 июль, 26-сон, 340-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 6-сон, 52-модда


























Время: 0.1939
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск