Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банкротлик /

Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1054-XII-сон "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири) (ЎзР 24.04.2003 й. 474-II-сон Қонуни билан тасдиқланган таҳрир)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1054-XII



БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)

Ўзбекистон Республикаси 12.04.2022 й. ЎРҚ-763-сон

"Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонунига қаранг



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Банкротлик тўғрисидаги қонунчилик

Банкротлик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат корхоналарига ва нотижорат ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди, бундан матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклида иш юритаётган юридик шахслар мустасно.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг банкротлик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


банкротлик қтисодий ночорлик) - иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги;

бир турдаги кредиторлар - қарздорга нисбатан бир хил талабларга эга бўлган ва уларни қаноатлантиришда бир-бирига нисбатан имтиёзга эга бўлмаган кредиторлар гуруҳи;

келишув битими - тарафларнинг суд низосини ўзаро ён бериш асосида тугатиш тўғрисидаги битими;


кредиторлар - қарздор пул мажбуриятлари бўйича ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбуриятини бажариш бўйича қайси юридик ёки жисмоний шахс олдида жавобгар бўлса, айни шу юридик ёки жисмоний шахслар (қарздор қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлса, айни шу фуқаро, шунингдек ўз иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) бундан мустасно);


кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) вакили - банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этишига кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан ваколат берилган шахс;


кузатув - иқтисодий суд томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш мақсадида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган пайтдан эътиборан кейинги таомилга қадар қўлланиладиган банкротлик таомили;

мажбурий тўловлар - давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

мораторий - қарздор юридик шахс томонидан пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбурияти бажарилишини тўхтатиб туриш;

пул мажбурияти - қарздорнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларга кўра кредиторга муайян пул суммасини тўлаш мажбурияти;

суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) - банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;

судгача санация қилиш - қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулки эгалари, кредиторлар ва бошқа шахслар томонидан қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда банкротлигининг олдини олиш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар;


суд санацияси - қарздор юридик шахсга нисбатан молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини узиш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

ташқи бошқарув - қарздор юридик шахсга нисбатан уни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини ташқи бошқарувчига ўтказган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

тугатишга доир иш юритиш - кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлигини ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган таомил;

тўлов қобилиятини тиклаш таомили - иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни ўз ичига оладиган ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган ташкилий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи таомил;

шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона - ходимлари уларнинг оила аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ташкил этувчи ёки ходимларининг сони камида уч минг киши бўлган ёхуд давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи ёки табиий монополиялар субъекти бўлган юридик шахс;


қарздор - пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса;

қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили - банкротлик таомили ўтказилаётганда қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси ваколат берган шахс;


қарздор ходимларининг вакили - банкротлик таомили ўтказилаётганда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарздорнинг ходимлари ваколат берган шахс;


қишлоқ хўжалиги корхонаси - қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), фермер хўжалиги ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги, шунингдек фаолиятининг асосий тури товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришдан иборат бўлган бошқа юридик шахслар.


4-модда. Банкротлик аломатлари

Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса - олти ой ичида бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар банкротлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.



5-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш

Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Банкротлик тўғрисидаги иш ушбу Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда иқтисодий суд томонидан қўзғатилиши мумкин, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


6-модда. Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Қарздор ва кредитор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.



7-модда. Қарздорнинг иқтисодий судга

мурожаат этиши асослари

Ушбу Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда, қарздор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздор юридик шахс қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарори ёхуд қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида банкротлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилади.



8-модда. Қарздорнинг, тугатиш комиссиясининг ёки

тугатувчининг иқтисодий судга ариза бериш мажбурияти

Қарздорнинг аризаси билан қуйидаги ҳолларда қарздорнинг раҳбари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс иқтисодий судга мурожаат этиши шарт:

бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;

қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган қарздор юридик шахс органи томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;

қарздор унитар корхона мол-мулкининг эгаси ваколат берган орган томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;

ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса;

Тугатиш комиссияси (тугатувчи), агар юридик шахс тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш имконсизлиги аниқланган бўлса, қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиши шарт.

Қарздорнинг, тугатиш комиссиясининг ёки тугатувчининг аризаси ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай иқтисодий судга юборилиши керак.


9-модда. Қарздорнинг аризасини иқтисодий судга

бериш мажбуриятини бажармаганлик учун қарздор

раҳбарининг, тугатиш комиссияси аъзоларининг

ёки тугатувчининг жавобгарлиги

Қарздор раҳбари, тугатиш комиссияси аъзолари ёки тугатувчи томонидан иқтисодий судга қарздорнинг аризаси тақдим этилмаганлиги ушбу Қонун 8-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган муддат тугаганидан кейин юзага келган қарздорнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича қарздор раҳбарининг, тугатиш комиссияси аъзоларининг ёки тугатувчининг субсидиар жавобгарлигига сабаб бўлади.


10-модда. Кредиторлар ва кредиторларнинг йиғилиши

Банкротлик таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини ушбу Қонунга мувофиқ тузиладиган кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади. Иқтисодий суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган пайтдан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қаноатлантириш мақсадида якка тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Ҳамма кредиторлар номидан қарздорга нисбатан барча ҳаракатлар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Кредиторлар йиғилишида қарздор ходимларининг вакили, суд бошқарувчиси, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этади.

Банкротлик тўғрисидаги ишда ягона кредитор иштирок этган ҳолларда кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатларига тааллуқли қарорларни қабул қилишни шу кредиторнинг ўзи амалга оширади.

Кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига қуйидаги қарорларни қабул қилиш киради:

келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;

кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, қўмитанинг миқдорий таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарор;

суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш ва уларнинг муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;

суд санациясининг режасини тасдиқлаш ҳамда қарзларни узиш жадвалини маъқуллаш ҳақидаги қарор;

ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор.

Кредиторлар йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади.

Кредиторлар йиғилиши, башарти унда қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари умумий суммасининг камида учдан икки қисми миқдорида талаблар билдираётган, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлар ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кредиторлар йиғилишда ўз вакиллари орқали ҳам иштирок этиши мумкин. Кворум мавжуд бўлмаган тақдирда, ўн кунлик муддат ичида кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, башарти йиғилишни ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида кредиторлар лозим даражада хабардор этилган бўлса, такрорий йиғилиш ҳозир бўлган кредиторларнинг сонидан қатъи назар, ваколатли ҳисобланади.

Бир турдаги кредиторлар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

биринчи гуруҳ - қарздорнинг гаров билан таъминланган мажбуриятлари бўйича кредиторлар;

иккинчи гуруҳ - қарздорга нисбатан гаров билан таъминланмаган шартномалардан, маҳсулот етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек мажбурий суғурта ва банк кредитларини суғурталаш шартномаларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича кредиторлар;

учинчи гуруҳ - мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар;

тўртинчи гуруҳ - меҳнат шартномаларига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсациялар тўлаш бўйича, алиментлар ундириш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун ҳисобварақдан пул маблағларини ўтказишни ёки беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича, муаллифлик шартномалари юзасидан ҳақ тўлаш бўйича, қарздорнинг меҳнатга оид муносабатлардан ва уларга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи тўловлар ҳамда талаблар бўйича мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминлайдиган талаблар, шунингдек фуқароларнинг жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида ўз мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир талаблари бўйича кредиторлар;

бешинчи гуруҳ - ҳисобланган дивидендлар бўйича қарздорнинг акциялари эгалари.

Кредиторлар йиғилишида ушбу модда бешинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган масалаларни кўриб чиқишда биринчи, иккинчи ва учинчи гуруҳ кредиторлари овоз бериш ҳуқуқига эга.

Кредиторлар йиғилишида ушбу модда бешинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошиларида кўрсатилган масалаларни кўриб чиқишда биринчи ҳамда иккинчи гуруҳ кредиторлари овоз бериш ҳуқуқига эга.

Кредитор ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган суд қарори, кредиторлар йиғилишининг қарори, суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек банкротлик таомилини амалга ошириш чоғида суд бошқарувчиси унинг талабларини қаноатлантиришни рад этганлиги устидан шикоят беришга ҳақли.

Агар кредитор қарздорга тааллуқли тан олинган талабларни сақловчи бўлса, кредиторлар йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Кредиторлар йиғилишида баённома юритилади.

Кредиторлар йиғилиши баённомасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

кредиторлар йиғилиши ўтказилаётган санадаги ҳолатга кўра кредиторларнинг талаблари реестри;

кредиторлар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредиторлар йиғилиши иштирокчиларининг рўйхатга олиш варақлари;

кредиторлар йиғилиши иштирокчиларига танишиб чиқиш ва (ёки) тасдиқлаш учун тақдим этилган материаллар;

кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида кредиторлар ҳамда ваколатли органлар тегишли тарзда хабардор этилганлигининг далиллари;

овоз бериш бюллетенлари;

суд бошқарувчисининг ихтиёрига кўра ёки кредиторлар йиғилиши қарорига биноан бошқа ҳужжатлар.

Кредиторлар йиғилишининг баённомаси ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар кредиторлар йиғилиши ўтказилган санадан эътиборан икки кундан кечиктирмай иқтисодий судга топширилиши лозим.



11-модда. Кредиторлар йиғилиши ўтказилиши

тўғрисида хабардор этиш

Лозим даражада хабардор этиш деганда кредиторга, ваколатли органга, шунингдек ушбу Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсга кредиторлар йиғилиши ўтказилиши ҳақидаги хабарни кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин почта алоқаси орқали ёки бундай хабар кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида беш кун олдин олинишини таъминловчи бошқа усул билан юбориш тушунилади.

Кредиторни ёки кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсни шахсан хабардор қилиш учун зарур маълумотларни аниқлаш имкони бўлмаганда ёхуд мазкур шахсларни шахсан хабардор этиш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда кредиторлар йиғилиши ҳақидаги хабарнинг расмий нашрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда эълон қилиниши ана шундай шахсларни тегишли равишда хабардор этиш деб эътироф этилади.

Кредиторлар йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

қарздор юридик шахснинг номи ва жойлашган ери;

кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

кредиторлар йиғилишининг кун тартиби;

кредиторлар йиғилиши кўриб чиқадиган материаллар билан танишиш тартиби;

кредиторлар йиғилиши иштирокчиларини рўйхатга олиш тартиби;

қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи.


12-модда. Кредиторлар йиғилишини чақириш тартиби

Кредиторлар йиғилиши суд бошқарувчисининг ташаббуси билан, кредиторлар қўмитасининг, пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича талаблари кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича талаблар умумий суммасининг камида учдан бир қисмини ташкил этувчи кредиторларнинг талабига биноан ёхуд кредиторлар умумий сонининг учдан бир қисми ташаббуси билан чақирилади.

Кредиторлар йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда кредиторлар йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим кўрилаётган масалалар таърифланган бўлиши керак.

Суд бошқарувчиси кредиторлар қўмитасининг ёки ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган кредиторларнинг талабига биноан чақирилаётган кредиторлар йиғилиши кун тартибининг масалалари таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

Кредиторлар йиғилиши кредиторлар қўмитасининг ёки ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган кредиторларнинг талабига биноан тегишли ариза билан суд бошқарувчисига мурожаат этилган пайтдан эътиборан кечи билан ўттиз кунлик муддат ичида суд бошқарувчиси томонидан чақирилади.

Кредиторлар йиғилиши, агар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан бошқача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг жойлашган ерида (яшаш жойида) ўтказилади. Кредиторларнинг биринчи йиғилишини қарздорнинг жойлашган ерида (яшаш жойида) ўтказишнинг иложи бўлмаса, кредиторларнинг биринчи йиғилиши ўтказиладиган жой суд бошқарувчиси томонидан белгиланади.



13-модда. Кредиторлар йиғилишининг қарор қабул қилиш тартиби

Овозга қўйилган масалалар бўйича кредиторлар йиғилишининг қарори йиғилишда ҳозир бўлган овоз бериш ҳуқуқига эга кредиторларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир кредитор кредиторлар йиғилиши ўтказилаётган санадаги ҳолатга кўра умумий кредиторлик қарзидаги ўз улушига мутаносиб овозлар сонига эга бўлади.

Кредиторлар йиғилиши қуйидаги қарорларни овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган барча кредиторларнинг кўпчилик овози билан қабул қилади:

келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;

суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш, унинг муддатини узайтириш ёки уни муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;

суд бошқарувчисини тайинлаш, алмаштириш ёки вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор.

Агар кредиторларнинг йиғилишида ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган қарорларни қабул қилиш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кредиторларнинг зарур кворуми бўлмаса, кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, башарти кредиторларнинг йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида кредиторлар лозим даражада хабардор этилган бўлса, ушбу такрорий йиғилиш бундай қарорларни овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва йиғилишда ҳозир бўлган кредиторлар сонининг кўпчилик овози билан қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.

Банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахслар кредиторлар йиғилишининг қарори устидан иқтисодий судга шикоят беришга ҳақли.

Суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш, унинг муддатини узайтириш ёки уни муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳақидаги қарор, агар буни ёқлаб биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторларнинг кўпчилиги қарши овоз берган тақдирда, шунингдек овоз бериш чоғида гуруҳлардан биридаги кредиторларнинг зарур овозлари сони тўпланмаган тақдирда, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир гуруҳ кредиторлари овоз беришда иштирок этиш учун тенг ҳуқуққа эга.



14-модда. Кредиторларнинг талаблари реестри

Кредиторларнинг талаблари реестрини суд бошқарувчиси юритади.

Кредиторларнинг талаблари ҳисоби реестрда Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида юритилади. Кредиторларнинг чет эл валютасида ифодаланган талаблари қонунчиликда белгиланган тартибда кредиторларнинг талаблари реестрида ҳисобга олинади. Кредиторларнинг талаблари реестрида ҳар бир кредитор ҳақидаги, пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредитор талабларининг аниқланган миқдори, ҳар бир талабнинг қондирилиш навбати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Кредитор талаблар баён этилган аризада ўзи ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан фирманинг тўлиқ номини, жойлашган ерини (почта манзилини), паспортга оид маълумотларини (жисмоний шахслар учун), шунингдек банк реквизитларини (агар улар бўлса) кўрсатиши шарт.

Талаблари кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган шахс ўзи хусусидаги маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида, шунингдек қарздорга нисбатан ўз талабларининг миқдори ва таркиби ўзгарганлиги, шу жумладан талабларидан учинчи шахслар фойдасига воз кечганлиги ҳақида суд бошқарувчисига бир ҳафталик муддат ичида хабар бериши шарт. Бундай маълумотлар тақдим этилмаган ёки ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда шу муносабат билан етказилган зарарлар учун суд бошқарувчиси ва қарздор жавобгар бўлмайди.

Кредиторларга талаблар реестри билан танишиш имконияти таъминланиши лозим. Суд бошқарувчиси кредитор ёки унинг вакили талаби билан мазкур кредиторга ёки унинг вакилига талаблари қондирилишининг миқдори, таркиби ва навбати тўғрисида бундай талаб олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида кредиторларнинг талаблари реестридан кўчирма юбориши шарт. Бундай кўчирмани тайёрлаш ва юбориш харажатлари кредитор зиммасига юкланади.

Кредиторларнинг талаблари реестрини тузишда юзага келадиган келишмовчиликлар иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.


15-модда. Кредиторлар қўмитаси

Кредиторлар қўмитаси кредиторларнинг манфаатларини ифода этади ҳамда суд бошқарувчиларининг ҳаракатлари устидан назорат олиб боради.

Кредиторлар қўмитаси таркибига кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланадиган миқдорда кредиторлар вакиллари киритилади.

Агар қарздорнинг кредиторлари сони йигирматадан кам бўлса, кредиторлар қўмитасининг вазифаларини кредиторлар йиғилишининг қарори билан кредиторлар йиғилиши зиммасига юклаш назарда тутилиши мумкин.

Ўз зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда кредиторлар қўмитаси қуйидагиларга ҳақли:

суд бошқарувчисидан қарздорнинг молиявий аҳволи ва банкротлик таомилининг бориши тўғрисида ахборот тақдим этишни талаб қилиш;

суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан иқтисодий судга шикоят бериш;

банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этиш учун ўз вакилини сайлаш;

ушбу Қонунда ва суд санацияси ёки ташқи бошқарув режасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

Кредиторлар қўмитаси қуйидаги қарорларни қабул қилишга ҳақли:

кредиторлар йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарор;

суд бошқарувчисининг тайинланиши, алмаштирилиши ёки вазифасидан озод қилиниши тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этишни кредиторлар йиғилишига тавсия қилиш ҳақидаги қарор;

қарздорнинг йирик битимларини ҳамда амалга оширилишидан қарздор манфаатдор бўлган битимларини тасдиқлаш ёки уларни тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарор.

Кредиторлар қўмитасининг йиғилишида масалаларни ҳал этишда кредиторлар қўмитасининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади. Кредиторлар қўмитасининг аъзоси овоз бериш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишига йўл қўйилмайди.

Кредиторлар қўмитасининг қарори кредиторлар қўмитаси аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кредиторлар қўмитаси йиғилишларида қарздор ходимларининг вакили, суд бошқарувчиси, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин.


16-модда. Кредиторлар қўмитасини сайлаш

Кредиторлар қўмитасининг аъзолари кредиторлар йиғилиши томонидан суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш амалга ошириладиган даврга сайланади. Кредиторлар йиғилишининг қарорига биноан кредиторлар қўмитаси барча аъзоларининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Бундай қарор бир пайтнинг ўзида фақат кредиторлар қўмитасининг барча аъзоларига нисбатан қабул қилиниши мумкин.

Энг кўп овоз олган номзодлар кредиторлар қўмитаси таркибига сайланган ҳисобланади.

Кредиторлар қўмитасининг аъзолари ўз таркибидан кредиторлар қўмитасининг раисини сайлаши мумкин.

Агар кредиторлар қўмитасида аъзолар беш кишидан ортиқ бўлса, кредиторлар қўмитаси раиси сайланиши шарт.



17-модда. Манфаатдор шахслар

Қарздор юридик шахсга нисбатан қуйидагилар манфаатдор шахслар деб эътироф этилади:

қонунчиликка мувофиқ қарздорга нисбатан бош ёки тобе ҳисобланувчи юридик шахс;

қарздорнинг раҳбари, шунингдек кузатув кенгаши, коллегиал ижроия органи таркибига кирувчи шахслар, бош бухгалтер (бухгалтер), шу жумладан улар билан тузилган меҳнат шартномаси банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилмасидан олдинги бир йил давомида бекор қилинган ҳолларда ҳам;

юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари).

Ушбу Қонунда қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан манфаатдор шахс дейилганда унинг хотини (эри), ота-онаси, бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари ҳамда болалари, неваралари, чеваралари, эваралари, ака-ука ва опа-сингилларининг болалари, неваралари, чеваралари, эваралари, хотинининг (эрининг) ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари тушунилади.

Суд бошқарувчиларига, кредиторларга нисбатан манфаатдор шахслар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ белгиланади.



18-модда. Суд бошқарувчилари

Олий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин.

Суд бошқарувчилари этиб қуйидагилар тайинланиши мумкин эмас:

қарздор ёки кредиторларга нисбатан манфаатдор шахслар;

судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

якка тартибдаги тадбиркорлар ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, агар уларга нисбатан банкротлик таомили жорий этилган бўлса;

илгари суд бошқарувчиси вазифасини бажараётган пайтда қарздорга, кредиторларга зарар етказган ва бу зарарнинг ўрнини қопламаган шахслар;

бошқа шахсларнинг ишларини ва (ёки) мол-мулкини бошқариш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишига чеклов белгиланган шахслар (бундай фаолият билан шуғулланишдан маҳрум этилган ёки бундай фаолиятга нолойиқ деб топилган шахслар).

Иқтисодий суд ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асосларга биноан, банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахслар тақдим этган далиллар бўлган тақдирда, суд бошқарувчилигига тавсия этилган номзодни бу вазифага тайинлашни рад этишга ёки суд бошқарувчисини ўз вазифасини бажаришдан озод этишга ҳақли.

Суд бошқарувчиси иқтисодий суд томонидан вазифага тайинланган санадан эътиборан ўн кун ичида банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларга зарар етказилиши ҳодисаси учун ўз жавобгарлигини қонунчиликда белгиланадиган тартибда суғурталамоғи керак.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган талаблар банкротликнинг соддалаштирилган таомилини амалга ошираётган суд бошқарувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Кредиторлар йиғилиши суд бошқарувчисидан қарздорнинг мол-мулкини суғурта қилиш шартномасини тузишни талаб қилишга ҳақли.



19-модда. Суд бошқарувчисининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Суд бошқарувчиси қуйидагиларни амалга оширишга ҳақли:

кредиторлар йиғилишини чақириш;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда кредиторлар қўмитаси чақирилишини талаб қилиш;

олдиндан давлат божи тўламай туриб, даъво аризалари ва бошқа аризалар билан судга мурожаат этиш;

ушбу Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ ҳақ олиш;

ўз ваколатларини амалга оширишни таъминлаш учун бошқа шахсларни шартнома асосида улар фаолиятига қарздорнинг маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, жалб этиш;

ўз вазифасини бажаришни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида иқтисодий судга ариза бериш.

Суд бошқарувчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Суд бошқарувчиси:

қарздорнинг мол-мулки бут сақланиши юзасидан чоралар кўриши;

кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши;

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиши;

қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиши;

сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлашга доир ҳаракатларни амалга ошириши ва чора-тадбирлар кўриши ҳамда улар ҳақида кредиторлар йиғилишига, иқтисодий судга, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши;

иқтисодий суд томонидан белгиланган вазифаларни бажариши;

зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда қарздорга, кредиторларга ва учинчи шахсларга зарар етказилган бўлса, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Суд бошқарувчисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суд бошқарувчиси банкротлик таомилларини ўтказаётганда қарздор ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб инсоф билан ва оқилона иш олиб бориши шарт.



20-модда. Суд бошқарувчиларининг

профессионал бирлашмалари

Суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмалари суд бошқарувчиларини ихтиёрий асосда бирлаштириб турувчи нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат.

Суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмалари суд бошқарувчиларининг касб-кор даражаси юксалтирилиши ҳамда сақлаб турилишига, уларнинг манфаатлари ҳимоя этилишига кўмаклашмоғи лозим.

Суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмалари:

суд бошқарувчиларини тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқади ва бу дастурларни банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига тасдиқлаш учун киритади;

ўз аъзоларининг таълимини ва касб-кор даражаси оширилишини ташкил этади;

профессионал бирлашмага аъзо суд бошқарувчиларининг фаолиятини таҳлил қилиб боради.

Суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


21-модда. Суд бошқарувчисининг жавобгарлиги

Суд бошқарувчиси зиммасига ушбу Қонунга мувофиқ юкланган вазифаларнинг қарздорга ёки кредиторларга зарар етказилишига олиб келган тарзда бажарилмаганлиги ёхуд лозим даражада бажарилмаганлиги суд бошқарувчисининг ўз вазифасини бажаришдан озод этилиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Қарздор, кредиторлар суд бошқарувчисидан унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.


22-модда. Суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш

Суд бошқарувчисига вазифасини бажарганлиги учун ҳақ тўлашнинг миқдори ва тартиби кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланади, иқтисодий суд томонидан тасдиқланади ҳамда, агар кредиторлар билан тузилган битимда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.

Кредиторлар йиғилишининг қарори билан суд бошқарувчисига унинг фаолияти натижаларига қараб тўланадиган қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин.


23-модда. Банкротлик соҳасини давлат томонидан

тартибга солиш

Банкротлик соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи амалга оширади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, давлат бошқаруви бошқа органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.


24-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг банкротлик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича банкротлик таомилларида Ўзбекистон Республикасининг кредитор тариқасидаги талабларини тақдим этишнинг ягона тартибини тасдиқлайди;

суд бошқарувчилари сифатида фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг аттестациядан ўтиш тартибини, уларга нисбатан малака ва касбга оид талабларни ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

суд бошқарувчилари фаолияти тартибини тасдиқлайди;

санация фондини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди;

устав фондида давлат улуши бўлган банкрот корхоналарнинг мол-мулкини реализация қилиш тартибини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


25-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича

давлат органининг ваколатлари

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи:

тўлов қобилиятига эга бўлмай қолган, зарар келтириб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий аҳволи мониторингини юритади;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бор корхоналарнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан иқтисодий судга мурожаат этади;

суд бошқарувчилари аттестациясини ўтказади ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарни судгача санация қилиш, уларнинг суд санацияси ва ташқи бошқаруви режаларини келишиб олади;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш қандай бораётганлиги, шунингдек бундай корхоналарнинг банкротлиги таомиллари жараёни устидан назоратни амалга оширади;

суд бошқарувчилари фаолияти устидан қонунчиликка мувофиқ назоратни амалга оширади, суд бошқарувчисининг фаолиятида қонунчилик мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганлиги аниқланган тақдирда уни вазифасини бажаришдан озод қилиш ҳақида иқтисодий судга ариза билан мурожаат этади;

молиявий аҳволи мониторинги юритилаётган корхоналарнинг раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахсларига мазкур корхоналар молия-хўжалик фаолияти ҳақидаги материаллар тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун жарима солади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ҳақидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


26-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича

давлат органининг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари

ваколатлари

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари:

тўлов қобилиятига эга бўлмай қолган, зарар келтириб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий аҳволига оид маълумотлар электрон базасини шакллантиришни амалга оширади;

устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бор корхоналарнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг кўрсатмасига биноан иқтисодий судга мурожаат этади;

тегишли ҳудудда жойлашган, устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш қандай бораётганлиги, шунингдек бундай корхоналарнинг банкротлиги таомиллари жараёни устидан назоратни амалга оширади;

тегишли ҳудуддаги корхоналарнинг банкротлиги жараёнлари мониторингини юритади;

суд бошқарувчилари фаолияти устидан қонунчиликка мувофиқ назоратни амалга оширади, суд бошқарувчисини белгиланган тартибда вазифасини бажаришдан озод қилиш зарурлиги ҳақида банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига илтимоснома билан мурожаат этади;

банкротликнинг соддалаштирилган таомиллари амалга оширилаётганда, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарни тугатишга доир иш юритиш амалга оширилаётганда иқтисодий суд муҳокамасига суд бошқарувчилигига номзодлар тақдим этиш ҳуқуқига эга;

устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахсларига мазкур корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти ҳақидаги материаллар тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун жарима солади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


27-модда. Корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги

тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбурияти

Банкротлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари, давлат статистика органлари банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармаларига устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар ҳақида маълумотлар тақдим этишлари, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг сўровига биноан корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги тўғрисидаги бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.


28-модда. Банкротлик таомиллари

Қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади:

кузатув;

суд санацияси;

ташқи бошқарув;

тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилади.


29-модда. Суддан ташқари бажариладиган таомиллар

Суддан ташқари бажариладиган таомиллар судгача санация қилиш ёки қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш (фаолиятини тугатиш) бўлиши мумкин.


II БОБ. СУДГАЧА САНАЦИЯ ҚИЛИШ

30-модда. Судгача санация қилиш асоси

Судгача санация қилиш банкротлик тўғрисида иш қўзғатилгунга қадар амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган банкротлик аломатлари юзага келган тақдирда, қарздорнинг раҳбари бу ҳақда қарздорнинг муассисларига (иштирокчиларига), бошқарув органларига ёки қарздорнинг мол-мулки эгасига ёзма шаклда хабар қилиши шарт.

Банкротликнинг олдини олиш мақсадида қарздорнинг муассислари (иштирокчилари), бошқарув органи ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иқтисодий судга тақдим этилгунга қадар қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўради. Қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қарздор билан тузилган битимга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин.


31-модда. Судгача санация қилишнинг

объекти ва субъектлари

Судгача санация қилишнинг объекти қарздор шахсдир.

Судгача санация қилишнинг субъектлари қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари), қарздорнинг мол-мулки эгаси, давлат органлари ва бошқа шахслар бўлиши мумкин.


32-модда. Судгача санация қилишнинг

асосий чора-тадбирлари

Судгача санация қилишнинг асосий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

тўлов муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўла ёки қисман сотиб олиш;

ишлаб чиқаришни рақобатбардош маҳсулот чиқаришга мослаб қайта ихтисослаштириш;

четдан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;

ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ҳамда фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши;

қарздорнинг фаолиятни давом эттириши учун қарздор билан кредиторлар ўртасида кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан сийлов бериш тўғрисида аҳдлашувга эришишга қаратилган битим;

мажбурий тўлов мажбуриятини бажаришни ва кредитларни қайтаришни судгача санация қилиш муддатига кечиктириш;

қарздор юридик шахсни қайта ташкил этиш.

Судгача санация қилиш таомилида бошқа чора-тадбирлар ҳам бўлиши мумкин.

Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган органнинг қарори асосида амалга оширилади.

Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби қонунчилик билан тартибга солинади.

Судгача санация қилиш қарздорга давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказилаётганда қарздорга унинг хизмат кўрсатиб келаётган банкдаги ишлаб турган ҳисобварақлари тўхтатиб қўйилиб, сўмларда ва (ёки) валютада иш юритадиган санация ҳисобварағи очилади. Санация ҳисобварағини ишлатиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


33-модда. Судгача санация қилишни давлат томонидан

ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш муддати

Қарздорни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади.


34-модда. Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда

судгача санация қилишни бекор қилиш

Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш уни ўтказишнинг белгиланган муддати тугаганлиги ёки унинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.


III БОБ. БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ

ИҚТИСОДИЙ СУДДА КЎРИШ

35-модда. Банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш асослари

Банкротлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор давлат рўйхатидан ўтган ердаги иқтисодий суд томонидан қўзғатилади.

Қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.


36-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишда

иштирок этувчи шахслар

Банкротлик тўғрисидаги ишда қуйидагилар иштирок этувчи шахслар деб ҳисобланади:

қарздор;

суд бошқарувчиси;

кредиторлар, улар томонидан қарздорга ушбу Қонунда белгиланган тартибда талаблар тақдим этилган пайтдан эътиборан;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи;

банкротлик тўғрисидаги иш прокурорнинг аризаси асосида кўрилаётган ҳолларда, прокурор.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда банкротлик тўғрисидаги ишда қарздорнинг ходимлари вакили, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) вакили ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси, қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг вакили, кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) вакили ҳамда бошқа шахслар иштирок этишлари мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар банкротлик тўғрисидаги ишда қўлланиладиган ҳар қандай тартиб-таомил жараёнида иқтисодий судга сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.


37-модда. Қарздорнинг аризаси

Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси иқтисодий судга ёзма шаклда берилади ва тегишинча қарздор юридик шахснинг раҳбари ёки қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёхуд якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.

Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларининг қарздор томонидан эътироз билдирилмаётган миқдордаги суммаси;

қарздорнинг ходимлар ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, уларга меҳнат ҳақини ва тўланиши керак бўлган ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш борасидаги қарз суммаси;

муаллифлик шартномалари бўйича тўланиши керак бўлган ҳақ суммаси;

мажбурий тўловлар бўйича қарз суммаси;

кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қондиришга қодир эмасликнинг асоси;

қарздорга тааллуқли, судларнинг иш юритишига қабул қилинган даъво аризалари тўғрисидаги, шунингдек сўзсиз (акцептсиз) ҳисобдан чиқариш учун тақдим этилган ижро ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;

қарздордаги бор мол-мулк, шу жумладан пул маблағлари, дебиторлик қарзи тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг банкдаги ҳисобварақлари рақамлари, банкнинг почта манзили;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш ҳақидаги аризасида банкротлик тўғрисидаги ишни тўғри ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар, шунингдек қарздорда илтимосномалар бўлса, улар ҳам кўрсатилади.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг ўзини банкрот деб топиш ҳақидаги аризасида унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Кредиторларга ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга қарздор ўз аризасидан нусха юбориши шарт. Агар қарздор ариза бергунга қадар қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили, қарздорнинг ходимлари вакили сайланган (тайинланган) бўлса, мазкур шахсларга ҳам қарздор аризасининг нусхаси юборилади.



38-модда. Қарздорнинг аризасига илова

қилинадиган ҳужжатлар

Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қарз борлигини, шунингдек кредиторларнинг талабини қарздор тўла ҳажмда қондиришга қодир эмаслигини, қарздорнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қуйидагилар ҳам илова қилинади:

қарздор юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари, шунингдек юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

қарздорнинг кредиторлари ва дебиторлари рўйхати, унинг кредиторлик ва дебиторлик қарзини изоҳлаган ҳамда кредиторлари ва қарздорларининг почта манзилларини кўрсатган ҳолда;

сўнгги ҳисобот кунидаги ҳолатга кўра бухгалтерия баланси ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатлар;

қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг мол-мулки таркиби ва қиймати тўғрисидаги ҳужжатлар;

қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарздор ўзини банкрот деб топиш тўғрисида ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиши ҳақидаги қарори;

агар қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза берилгунга қадар қарздор ходимлари йиғилиши ўтказилиб, унда банкротлик тўғрисидаги ишни кўришда иштирок этиш учун қарздорнинг ходимлари вакили сайланган бўлса, ана шу йиғилиш баённомаси.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатларнинг асл нусхаси ёки талаб даражасида тасдиқланган нусхалари илова қилинади.



39-модда. Кредиторнинг аризаси

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси иқтисодий судга ёзма шаклда берилади. Кредитор юридик шахснинг аризаси унинг раҳбари ёки вакили томонидан, кредитор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг аризаси эса шу жисмоний шахснинг ўзи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи;

аризачининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг почта манзили;

қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг почта манзили;

қарздорнинг кредитор олдидаги талаб келиб чиқишига сабаб бўлган пул мажбурияти миқдори, шунингдек уни бажариш муддати;

кредитор талабларининг асослилигини тасдиқловчи далиллар, шу жумладан суднинг қонуний кучга кирган қарори, мазкур талаблар қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар, нотариуснинг ижро хати;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризасида банкротлик тўғрисидаги ишни тўғри ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар, шунингдек кредиторда илтимосномалар бўлса, улар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Кредитор қарздорга ўз аризасидан нусха юбориши шарт.



40-модда. Кредиторлар талабларини бирлаштириш

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси турли мажбуриятлар бўйича бирлаштирилган қарздорликка асосланган бўлиши мумкин.

Кредиторлар қарздорга бўлган ўз талабларини бирлаштиришга ҳамда иқтисодий судга битта ариза билан мурожаат этишга ҳақли. Бундай ариза ўз талабларини бирлаштирган кредиторлар томонидан имзоланади.


41-модда. Кредиторнинг аризасига илова

қилинадиган ҳужжатлар

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қарздорнинг кредитор олдидаги пул мажбуриятларини, шунингдек бу мажбуриятлар бўйича қарзи борлигини ва унинг миқдорини, кредиторнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Кредиторнинг унинг вакили томонидан имзоланган аризасига аризани имзолаган шахснинг ариза беришга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома ҳам илова қилинади.

Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига, агар бор бўлса, қуйидагилар ҳам илова қилинади:

кредиторнинг қарздорга бўлган талабларини кўриб чиққан суд қарори;

ижро ҳужжати (ижро варақаси, қарздор томонидан акцептланган тўлов талаблари, нотариуснинг ижро хати ва бошқалар) ёки кредитор талаблари қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар.



42-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича

давлат органининг аризаси

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бор корхонани банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси иқтисодий судга ёзма шаклда, қарздорнинг иқтисодий ночорлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар илова этилган ҳолда берилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг аризаси иқтисодий судга ушбу Қонуннинг 39 ва 41-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилади.


43-модда. Давлат солиқ хизмати органининг ва

бошқа ваколатли органнинг аризаси

Давлат солиқ хизмати органининг ва бошқа ваколатли органнинг қарздорни мажбурий тўловлар бўйича банкрот деб топиш тўғрисида иқтисодий судга берадиган аризаси ушбу Қонуннинг 39 ва 41-моддаларида назарда тутилган талабларга жавоб бериши керак.

Давлат солиқ хизмати органининг ва бошқа ваколатли органнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қонунчиликка мувофиқ мажбурий тўловлар бўйича қарзни қайтариб олишга доир чора-тадбирлар кўрилганлиги далиллари илова қилиниши керак.


44-модда. Прокурорнинг аризаси

Прокурор қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга қуйидаги ҳолларда мурожаат этишга ҳақли:

банкротликнинг яширилган аломатларини аниқлаганида;

кредитор манфаатларини кўзлаб.

Прокурорнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси иқтисодий судга ушбу Қонуннинг 39 ва 41-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилади.


45-модда. Банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш

Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёки аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этади.

Судья қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва ушбу Қонун талабларига риоя этилган ҳолда берилган аризани ўз иш юритишига қабул қилади.

Судья қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилар экан, кузатувни жорий этиш ва муваққат бошқарувчини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ва банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажрими иқтисодий суд томонидан давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга, қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилади. Қарздор юридик шахснинг ўзига нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажримнинг нусхасини ўзининг ваколатхоналари ва филиаллари жойлашган ердаги шундай шахсларга (органларга) юбориш мажбурияти унинг ўзига юклатилади.

Агар ушбу Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган шарт бузилган бўлса, судья қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.

Агар қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза ушбу Қонуннинг 37-44-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, судья аризани қайтаради. Ариза билан мурожаат этиш қарздорнинг раҳбари учун мажбурий бўлган ва аризага ушбу Қонуннинг 38-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда бундай ариза иқтисодий суд томонидан қабул қилинади, етишмаётган ҳужжатлар эса банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида талаб қилиб олинади.


46-модда. Кредиторларнинг талабларини

таъминлашга доир чора-тадбирлар

Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахснинг аризасига биноан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ кредиторлар талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар кўришга ҳақли.

Кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган чора-тадбирлардан ташқари иқтисодий суд битимларни суд бошқарувчиси розилигисиз тузишни тақиқлаб қўйишга, қарздорга қимматли қоғозларни, валюта қимматликларини ва бошқа мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсларга топширишни юклашга ҳамда қарздорнинг мол-мулки сақланишини таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар кўришга ҳақли.

Кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар тегишинча иқтисодий суд томонидан банкротлик таомилларидан бирини жорий этиш тўғрисида ёки иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар ёхуд иқтисодий суд томонидан келишув битими тасдиқлангунга қадар амал қилади.

Иқтисодий суд ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар юзага келгунга қадар кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирларни бекор қилишга ҳақли.

Иқтисодий суднинг кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги ажрими устидан банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахслар томонидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


47-модда. Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги

ариза юзасидан қарздорнинг ёзма фикри

Иқтисодий суднинг кредитор, прокурор, давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли органдан қарздорни банкрот деб топиш ҳақида ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги ажримини олган кундан эътиборан қарздор беш кунлик муддат ичида иқтисодий судга, аризачига ва банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга мазкур ариза юзасидан ёзма фикрини юборишга, шунингдек аризада кўрсатилмаган барча кредиторларни ўзига нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлигидан хабардор қилишга ҳақли. Қарздорнинг иқтисодий судга юбораётган ёзма фикрига мазкур ёзма фикрнинг нусхаси аризачига ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак.

Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза юзасидан ёзма фикрда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилади. Қарздорнинг ёзма фикри йўқлиги банкротлик тўғрисидаги иш кўрилишига монелик қилмайди.


48-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишни

суд муҳокамасига тайёрлаш

Банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш судья томонидан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган тартибда, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза тушган кундан эътиборан судья ўн кундан кечиктирмай кузатувни жорий этиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Кредиторларнинг талаблари юзасидан қарздорда эътирозлар бўлса, судья қарздорнинг эътирозлари асослилигини текширади.

Судьянинг қарздор эътирозлари (муваққат бошқарувчи илтимосномалари) асослилигини текшириши банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатига камида бир ой муҳлат қолганда ўтказилади.

Иқтисодий суд қарздорнинг эътирозлари асослилигини кўриб чиқиш натижалари асосида мазкур талабларни кредиторларнинг талаблари реестрига киритиш ёки мазкур реестрга киритишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ажримда кредиторларнинг, агар уларга нисбатан қарздорнинг эътирозлари асоссиз деб топилган бўлса, талаблари миқдори ва уларни қондириш навбати кўрсатилади.

Кредиторларнинг талаблари юзасидан қарздорнинг эътирозларини кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд чиқарган ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг амал қилишини тўхтатиб қўймайди.

Банкротлик тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида, шунингдек банкротлик тўғрисидаги иш кўрилаётганда иқтисодий суд қарздорнинг молиявий аҳволини аниқлаш учун экспертиза тайинлашга ҳақли.


49-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш муддати

Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суднинг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.



50-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар

бўйича суд ҳужжатлари

Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади:

қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор;

суд санациясини жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;

ташқи бошқарувни жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрим;

банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим;

қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим;

келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрим.

Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, дарҳол ижро этилиши лозим. Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси суд томонидан дарҳол қарздорнинг турган жойидаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилади.


51-модда. Қарздорни банкрот деб топиш ҳамда

тугатишга доир иш юритишни бошлаш

тўғрисидаги қарор

Суд санациясини, ташқи бошқарувни жорий этиш, келишув битимини тасдиқлаш ёки банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш учун асослар бўлмаганда, иқтисодий суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ушбу Қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган банкротлик аломатлари аниқланган ҳолларда қабул қилинади.

Иқтисодий суднинг қарздор юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорида қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш, тугатиш бошқарувчисини тайинлаш ва унга ҳақ тўлаш ҳақидаги кўрсатма акс эттирилиши лозим.

Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори устидан банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар, шу жумладан ҳар қандай кредиторлардан бири томонидан, шунингдек ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахслар томонидан шикоят берилиши ва прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Иқтисодий суднинг қарздор якка тартибдаги тадбиркорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорида қарздорнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ўз кучини йўқотганлиги кўрсатилади.


52-модда. Иқтисодий суд томонидан чиқарилган

суд ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни

эълон қилиш

Иқтисодий суд томонидан кузатувни, суд санациясини, ташқи бошқарувни жорий этиш, банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш, суд бошқарувчисини тайинлаш, алмаштириш ёки вазифасидан озод қилиш ҳақида чиқарилган ажримлар ҳақидаги, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарорлар, мазкур ҳужжатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар расмий нашрда эълон қилинади. Расмий нашрнинг тиражи, даврийлиги ва шундай маълумотларни эълон қилиш муддати, кўрсатиладиган хизматларни молиялаштириш тартиби ҳамда бундай хизматларнинг нархлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ва исталган манфаатдор шахснинг мазкур маълумотлардан эркин фойдалана олиши учун монелик қилмаслиги лозим.

Ушбу Қонунга мувофиқ эълон қилиниши лозим бўлган суд ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда электрон оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилиниши мумкин.

Суд бошқарувчиси эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни тегишли суд ҳужжати олинган санадан эътиборан уч кун ичида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган расмий нашр манзилига юборади.

Эълон қилиш учун юборилган суд ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш бу маълумотлар олинган пайтдан эътиборан етти кун ичида амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, агар ушбу Қонунда ёки кредиторлар йиғилишининг ёхуд кредиторлар қўмитасининг қарорида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қарздорда пул маблағлари бўлмаса, бундай маълумотларни эълон қилиш ҳақини тўлашни суд бошқарувчиси амалга оширади, бу маблағлар кейинчалик қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан қопланади.

Қарздорда эълон қилиш харажатларини қоплашга етарли мол-мулк бўлмаса, харажатларни қоплаш қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган кредитор ҳисобидан амалга оширилади.

Иқтисодий суд томонидан чиқарилган суд ҳужжатлари ҳақидаги маълумотлар бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилиниши мумкин.


53-модда. Банкротлик таомиллари жараёни ҳақидаги

маълумотларни эълон қилиш

Банкротлик таомиллари жараёни ҳақидаги маълумотлар расмий нашрда эълон қилиниши шарт.

Мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ёки кредиторлар йиғилиши ёхуд кредиторлар қўмитаси томонидан амалга оширилади. Қарздорда эълон қилиш харажатларини қоплашга етарли мол-мулк бўлмаса, харажатларни қоплаш кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Агар қарздорнинг кредиторлари сони эллик кишидан ортиқ бўлса ёки уларнинг сонини аниқлаш мумкин бўлмаса, қарздорга нисбатан қўлланиладиган ҳар бир банкротлик таомили бошланиши ҳақидаги маълумотлар ҳам расмий нашрда эълон қилиниши шарт.

Кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарори асосида эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилиниши мумкин.

Банкротлик таомиллари жараёни ҳақидаги эълон қилинган маълумотларда қуйидагилар бўлиши лозим:

қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг почта манзили;

суд ҳужжатини қабул қилган иқтисодий суднинг номи, шу суд ҳужжати қабул қилинган сана ва жорий қилинган банкротлик таомили номи, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишнинг тартиб рақами;

тайинланган суд бошқарувчисининг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг почта манзили;

банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш бўйича кейинги суд мажлисининг иқтисодий суд томонидан белгиланган санаси;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа ахборот.



54-модда. Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот

деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори

Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

банкротлик аломатлари аниқланмаганда;

иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилгунга қадар кредиторларнинг билдирилган талаблари қондирилганда;

сохта банкротлик аниқланганда.

Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам қабул қилиниши мумкин.

Қарздорда етарли миқдорда ликвид мол-мулк борлигидан шоҳидлик берувчи далиллар бўлган тақдирда иқтисодий суд қарздорнинг илтимосномасига биноан банкротлик тўғрисидаги ишни кўришни кейинга қолдиришга, қарздорга кредиторларнинг талабларини иқтисодий суд томонидан белгиланган муддатда қондиришни таклиф этишга ҳақли, бу муддат ўттиз кундан ошмаслиги керак.


55-модда. Қарздорни банкрот деб топишни рад этиш

тўғрисида қарор қабул қилиш оқибатлари

Иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинганлиги ва (ёки) кузатув жорий этилганлиги оқибати бўлган барча чекловларнинг амал қилиши тугатилиши учун асос бўлади.


56-модда. Банкротлик тўғрисидаги иш юритишни

тугатиш асослари

Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади:

суд санацияси жараёнида қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганда;

ташқи бошқарув жараёнида қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганда;

келишув битими тузилганда;

банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи барча кредиторлар билдирилган талабларидан воз кечганда;

кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторларнинг барча талаблари ҳар қандай банкротлик таомили жараёнида қондирилганда.

Иқтисодий суд қонунга мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиши мумкин.


57-модда. Банкротлик тўғрисидаги

иш юритишни тўхтатиб туриш

Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўхтатиб турилиши мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тўхтатиб туриш иқтисодий суд томонидан суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган ариза ва шикоятларни, шунингдек кредиторларнинг талаблари миқдори, таркиби ва уларни қондириш навбатига доир келишмовчиликларни кўриб чиқишга монелик қилмайди.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш тўхтатиб турилган тақдирда иқтисодий суд ушбу Қонуннинг 50-моддасида назарда тутилган суд ҳужжатларини қабул қилишга ҳақли эмас.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тўхтатиб туриш иқтисодий суд томонидан ушбу Қонунда назарда тутилган ажримларни чиқариш учун, шунингдек суд бошқарувчиси ва банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириши учун монелик қилмайди.

Корхонанинг раҳбарига ёки муассисларига (иштирокчиларига) ёхуд мулкдорига нисбатан корхонани банкротликка олиб келган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жиноят иши қўзғатилган тақдирда банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш жиноят ишлари бўйича суд томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.


58-модда. Суд харажатларини ва суд бошқарувчиларига

ҳақ тўлаш харажатларини тақсимлаш

Суд харажатлари, шу жумладан тўлов кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган давлат божи бўйича харажатлар, маълумотларни ушбу Қонуннинг 52 ва 53-моддаларида назарда тутилган тартибда расмий нашрда эълон қилиш харажатлари, шунингдек суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш харажатлари қарздорнинг мол-мулкига тегишли бўлиб, ана шу мол-мулк ҳисобидан навбатдан ташқари қопланади.

Келишув битимида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатларни тақсимлашнинг бошқача тартиби назарда тутилиши мумкин.

Иқтисодий суд қарздорнинг банкротлиги аломатлари йўқлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган харажатлар иқтисодий судга кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризаси билан мурожаат этган кредиторларга тегишли бўлади ва кредиторлар ўртасида уларнинг талабларига мутаносиб равишда тақсимланади.

Суд харажатларини ва суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш харажатларини тақсимлаш тартиби иқтисодий суднинг банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорида ёки ажримида белгиланади.


59-модда. Аризалар ва шикоятларни кўриб чиқиш

Кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ёки тугатишга доир иш юритиш жараёнида суд бошқарувчиси ушбу Қонунга мувофиқ берган аризалар, шу жумладан ўзи билан кредиторлар ўртасида, ўзи билан қарздор ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида берган аризалар, шунингдек кредиторларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги хусусидаги шикоятлари бу ариза ва шикоятлар олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатдан кечиктирмай иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади. Суд бошқарувчисининг аризасига, кредиторнинг шикоятига мазкур аризани ёки шикоятни кўриб чиқишда иштирок этаётган бошқа шахсларга уларнинг нусхалари юборилганлигига оид далиллар илова қилинмоғи лозим. Мазкур аризалар ва шикоятларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан иқтисодий суд ажрим чиқаради. Бу ажрим устидан қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Қуйидагилар:

меҳнат шартномаси асосида ишловчи шахсларга меҳнат ҳақи тўлаш ва ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш бўйича талабларнинг миқдори ва таркиби хусусида суд бошқарувчиси ва қарздор ходимларининг вакили ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликлар;

кредиторлар, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакиллари томонидан уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузаётган суд бошқарувчиси ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан берилган, шунингдек ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган тартибни бузган ҳолда ёки тегишли ариза ёхуд шикоятни тасдиқловчи далиллар илова қилинмасдан берилган ариза ва шикоятлар қайтарилиши керак.


60-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни

кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд чиқарган

ажримларни қайта кўриш юзасидан иш юритиш

Банкротлик тўғрисидаги ишда аризалар, шикоятлар (илтимосномалар) ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд чиқарган ажрим Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда қайта кўрилиши лозим.

Банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқиш юзасидан иқтисодий суднинг ажримлари чиқарилган пайтдан эътиборан ўн кун ўтгандан кейин қонуний кучга киради.

Банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқишда иштирок этган шахслар апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Иқтисодий суднинг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ажримига апелляция шикояти келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан иқтисодий суд ажрим чиқарган пайтдан эътиборан ўн кун ичида берилади ва у иқтисодий судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилиши лозим.


61-модда. Устав фондида давлат улуши бўлган

корхонанинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар бўйича

иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари

Агар корхонанинг устав фондида давлат улуши бўлса, иқтисодий суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ҳақида банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органини хабардор қилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ҳақидаги хабарни олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида иқтисодий судга судгача санация қилиш ўтказилиши мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги хусусидаги ўз қарорини маълум қилади.

Кредиторлар судгача санация қилиш ўтказилишига рози бўлган тақдирда банкротлик тўғрисидаги иш тугатилади.

Кредиторлар судгача санация қилиш ўтказилишига рози бўлмаган тақдирда банкротлик тўғрисидаги иш муҳокамаси ушбу Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


IV БОБ. КУЗАТУВ

62-модда. Кузатувни жорий этиш

Кузатув банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганда иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритишига қабул қилган санадан эътиборан жорий этилади, ушбу Қонунга мувофиқ банкротликнинг бошқа таомили қўлланилиши лозим бўлган ҳоллар бундан мустасно. Банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда иқтисодий суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув жорий этилганлиги кўрсатилади.


63-модда. Кузатувни жорий этиш оқибатлари

Кузатув жорий этилган пайтдан эътиборан:

мулкий ундирувлар бўйича ижро ҳужжатларини ижро этиш тўхтатиб турилади, иш ҳақи бўйича, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақларни, алиментларни тўлаш бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги, шунингдек ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги, иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган пайтга қадар қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ижро этиш бундан мустасно. Иқтисодий суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш ва банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими ижро ҳужжатларини ижро этишни тўхтатиб туриш учун асос бўлади;

қарздор юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) унинг таркибидан муассислари (иштирокчилари) чиқиб кетиши муносабати билан қарздорнинг мол-мулкидан улушни (пайни) ажратиш ҳақидаги талабларини қондириш тақиқланади;

эмиссия қимматли қоғозлари бўйича дивидендлар ва бошқа тўловларни тўлаш тақиқланади;

муқобил бир хилдаги талабни ҳисобга олиш йўли билан қарздорнинг пул мажбуриятларини тугатишга, башарти бунда ушбу Қонуннинг 134 ва 169-моддаларида назарда тутилган кредиторларнинг талабларини қондириш навбати бузилса, йўл қўйилмайди.

Қарздордан пул маблағларини олиш тўғрисидаги талаблар қарздорга талаблар қўйишнинг фақат ушбу Қонунда белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда қўйилиши мумкин.



64-модда. Кузатув жараёнида қарздор

ваколатларининг чекланиши

Кузатувнинг жорий этилиши қарздорнинг раҳбарини ҳамда қарздорнинг ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган чекловлар билан ўз ваколатларини амалга оширишни давом эттираётган бошқа бошқарув органларини четлаштириш учун асос ҳисобланмайди.

Қарздорнинг бошқарув органлари:

кўчмас мол-мулкни ижарага, гаровга бериш билан ёки шу мол-мулкни бошқа усулда тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни;

қарздорнинг баланс қиймати қарздор активлари баланс қийматининг ўн фоизидан кўпроғини ташкил этадиган мол-мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни;

заёмлар (кредитлар) олиш ва бериш, кафолат хатлари ва кафолатлар бериш, талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзга шахс фойдасига воз кечиш, қарзни бошқа шахсга ўтказиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини ишончли бошқариш шартномасини тузиш билан боғлиқ битимларни фақат муваққат бошқарувчининг ёзма розилигига биноан тузишлари мумкин.

Қарздорнинг бошқарув органлари қуйидаги қарорларни қабул қилишга ҳақли эмас:

Қарздорни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ва тугатиш тўғрисидаги қарор;

юридик шахсларни тузиш ҳақидаги ёки бошқа юридик шахсларнинг иштироки тўғрисидаги қарор;

ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш тўғрисидаги қарор;

дивидендлар тўлаш ёки қарздорнинг даромадини (фойдасини) унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги қарор;

қарздор томонидан облигациялар ва бошқа эмиссия қоғозларини жойлаштириш тўғрисидаги қарор, акциялар чиқариш ҳақидаги қарор бундан мустасно;

илгари чиқарилган акцияларни акциядорлардан сотиб олиш тўғрисидаги қарор.



65-модда. Муваққат бошқарувчини тайинлаш

Муваққат бошқарувчи кредиторлар ёки банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ёхуд суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмаси таклиф этган номзодлар орасидан иқтисодий суд томонидан тайинланади.

Иқтисодий суднинг муваққат бошқарувчини тайинлаш тўғрисидаги ажримида унга тўланадиган ҳақ миқдори ва уни тўлаш тартиби кўрсатилган бўлиши керак.

Муваққат бошқарувчига тўланадиган ҳақ миқдори кредиторлар йиғилишининг қарори асосида иқтисодий суд томонидан ўзгартирилиши мумкин.

Муваққат бошқарувчи уни ўз вазифасини бажаришдан озод этиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли.

Муваққат бошқарувчининг уни ўз вазифасини бажаришдан озод этиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган тақдирда иқтисодий суд кредиторлар таклиф этган номзодлар орасидан янги муваққат бошқарувчини тайинлайди. Муваққат бошқарувчининг номзоди кўрсатилмаган бўлса, иқтисодий суд муваққат бошқарувчини банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ёхуд суд бошқарувчиларининг профессионал бирлашмаси таклиф этган номзодлар орасидан тайинлайди. Муваққат бошқарувчи янги муваққат бошқарувчи тайинлангунга қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттиради.


66-модда. Муваққат бошқарувчининг ҳуқуқлари

Муваққат бошқарувчи қуйидагиларга ҳақли:

битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида, шунингдек қарздор томонидан қонунчиликда белгиланган талаблар бузилган ҳолда тузилган ёки ижро этилган ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларининг қўлланилиши ҳақида иқтисодий судга ўз номидан талаблар қўйиш;

ушбу қонуннинг 63-моддасида назарда тутилган ҳолларда кузатув даврида кредиторларнинг талабларини бажаришга эътироз билдириш;

кредиторларнинг талаблари бўйича қарздорнинг тақдим этилган эътирозлари асослилиги судья томонидан текширилишида иштирок этиш;

қарздорнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўриш ҳақидаги, шу жумладан муваққат бошқарувчининг розилигисиз ушбу Қонуннинг 64-моддасида назарда тутилмаган битимлар тузишни тақиқлаш ҳақидаги, мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсларга бериш ҳақидаги, шунингдек бундай чораларни бекор қилиш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш;

қарздорнинг раҳбарини вазифасини бажаришдан четлаштириш тўғрисида иқтисодий судга илтимоснома билан мурожаат этиш;

қарздорнинг фаолиятига тааллуқли ҳар қандай ахборот ва ҳужжатларни олиш.

Муваққат бошқарувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қарздорнинг бошқарув органлари муваққат бошқарувчининг талабига биноан унга қарздорнинг фаолиятига тааллуқли ҳар қандай ахборотни тақдим этиши шарт.



67-модда. Муваққат бошқарувчининг мажбуриятлари

Муваққат бошқарувчи:

қарздорнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш чораларини кўриши;

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиши;

қарздорнинг кредиторларини аниқлаши, кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши, қарздорга нисбатан кузатув жорий этилгани ҳақида кредиторларни хабардор қилиши;

кредиторнинг талабига кўра қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўн кунлик муддатда тақдим этиши;

кредиторларнинг биринчи йиғилишини чақириши ва ўтказиши шарт.

Муваққат бошқарувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Муваққат бошқарувчи кузатув тугагандан кейин, лекин иқтисодий суд мажлисининг белгиланган санасига камида беш кун қолганда иқтисодий судга ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботни, қарздорнинг молиявий аҳволи ҳақидаги маълумотларни ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги таклифларни, кредиторларнинг биринчи йиғилиши баённомасини ушбу Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт.


68-модда. Кузатувни жорий этиш ҳақида хабар қилиш

Қарздорга нисбатан кузатув жорий этилганлиги ҳақидаги хабарни муваққат бошқарувчи ўзи тайинланган пайтдан эътиборан уч кун ичида расмий нашрда ушбу Қонуннинг 52-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилиш учун юбориши шарт.

Муваққат бошқарувчи иш ҳақи бўйича қарзни тўлаш талабини қўядиган кредиторлардан ташқари қарздорнинг аниқланган барча кредиторларини қарздорга нисбатан кузатув жорий этилганлиги тўғрисида иқтисодий суд ажрим чиқарганлиги ҳақида кузатув жорий этилганлигига оид хабар эълон қилинган санадан эътиборан ўн кундан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.

Қарздорнинг раҳбари қарздорнинг ходимларини, муассисларини (иштирокчиларини) ёки қарздор мол-мулкининг эгасини қарздорга нисбатан кузатувни жорий этиш ҳақида иқтисодий суд томонидан ажрим чиқарилганлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Иш ҳақи бўйича қарзни тўлаш талабини қўядиган кредиторлардан ташқари кредиторларга кузатув жорий этилганлигини хабар қилиш кредитор томонидан шундай хабар олинган санани белгилаш имкониятини берадиган усулда кредиторга хабар юбориш орқали амалга оширилади.

Иш ҳақи бўйича қарзни тўлаш талабномалари юзасидан кредиторларни хабардор қилиш қарздор ходимларининг умумий йиғилишини чақириш ва ўтказиш орқали амалга оширилади.

Қарздорнинг муассисларини (иштирокчиларини) хабардор қилиш муассислар (иштирокчилар) умумий йиғилишини чақириш ёки юридик шахснинг қонунчиликка ёхуд таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассисларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган органига қарздорга нисбатан кузатувни жорий этиш ҳақида хабар юбориш орқали амалга оширилади.

Қарздорга нисбатан кузатувни жорий этиш ҳақидаги хабарда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва унинг почта манзили;

қарздорга нисбатан кузатув жорий этиш тўғрисида ажрим чиқарган иқтисодий суднинг номи, бундай ажрим чиқарилган сана ва банкротлик тўғрисидаги ишнинг тартиб рақами;

тайинланган муваққат бошқарувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг почта манзили;

иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш юзасидан белгиланган суд мажлисининг санаси, вақти ва жойи;

хабарни жўнатувчининг (муваққат бошқарувчининг ёки қарздор раҳбарининг) хоҳишига кўра бошқа ахборот.



69-модда. Қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиш

Қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиш қарздорга тегишли мол-мулк суд харажатларини, суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш учун етарлилигини, шунингдек қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Муваққат бошқарувчи қарздорнинг молиявий аҳволини, шу жумладан қарздорнинг мол-мулки бўлса, шу мол-мулкни инвентаризация қилиш натижаларини молиявий таҳлил қилиш, мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни таҳлил қилиш асосида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги таклифларни, банкротликнинг кейинги таомилларини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги асосларини тайёрлайди.

Агар қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш натижасида қарздорга тегишли мол-мулк суд харажатларини қоплаш учун етарли эмаслиги аниқланса, кредиторлар фақат суд харажатларини қоплаш манбалари аниқланган тақдирда ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида иқтисодий судга илтимоснома билан мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.


70-модда. Кредиторлар талабларининг миқдорини белгилаш

Кредиторларнинг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун қарздорга нисбатан кузатув жорий этилганлиги тўғрисидаги маълумот расмий нашрда эълон қилинган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида кредиторлар ўз талабларини қарздорга тақдим этишга ҳақли. Кредиторларнинг талаблари кредиторлар томонидан суд ҳужжатини ёки шу талабларнинг асослилигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда иқтисодий судга, қарздорга ва муваққат бошқарувчига юборилади.

Кредиторларнинг аниқланган деб топиш учун асосга эга бўлган талабларига қарздор ўз эътирозларини иқтисодий судга қуйидаги ҳолларда юборишга ҳақли:

кредиторлар томонидан талабни аниқланган деб топиш учун асос тариқасида тақдим этилган суд ҳужжатини бекор қилувчи ёки ўзгартирувчи, худди шунингдек унинг амал қилишини тўхтатиб турувчи ёхуд ижроси усулини ва тартибини ўзгартирувчи қонуний кучга кирган суд ҳужжати бўлса;

кредитор томонидан талабларни аниқланган деб топиш учун асос тариқасида тақдим этилган ҳужжатни бекор қилувчи ёки ўзгартирувчи (қарзни тан олиш, нотариуснинг ижро хати ва бошқалар), худди шунингдек унинг амал қилишини тўхтатиб турувчи ҳужжат бўлса;

кредитор томонидан талабни аниқланган талаблар жумласига киритиш далили тариқасида тақдим этилган ҳужжат бўйича қарзни узиш муддатларини, тартибини ва шартларини ўзгартириш тўғрисида қарздор ва кредитор ўртасида битим тузилган бўлса;

қарздор қарзни тўлиқ ёки қисман узган бўлса;

талаб билдирилган мажбуриятдаги шахснинг ўзгарганлигига далиллар бўлса.

Муваққат бошқарувчи кредиторларнинг ушбу Қонунга мувофиқ аниқланган деб топиладиган талабларига ўз эътирозларини, агар кредиторнинг талабларини аниқланганлар жумласига киритиш далили тариқасида ўз қарзининг қарздор томонидан тан олинганлигидан далолат берувчи ҳужжат тақдим этилган бўлса ва муваққат бошқарувчида қарздорнинг қарзни тан олиш бўйича ҳаракатлари бошқа кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузади ва (ёки) асоссиздир деб ҳисоблаш учун етарли асослар бўлса, иқтисодий судга юборишга ҳақли.

Қарздорнинг, муваққат бошқарувчининг кредиторлар талабларига эътирозлари тегишли талаблар олинган пайтдан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида иқтисодий судга тақдим этилиши мумкин. Кредиторларнинг талаблари, агар улар устидан эътирозлар тушган бўлса, иқтисодий суд мажлисида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари асосида мазкур талабларни кредиторларнинг талаблари реестрига киритиш ёки бундай реестрга киритишни рад этиш тўғрисида иқтисодий суд ажрим чиқаради. Кредиторнинг қарздор ёки муваққат бошқарувчи томонидан кўрсатилган муддатда эътирозлар тақдим этилмаган талаби кредиторларнинг талаблари реестрига кредитор томонидан билдирилган миқдорда киритилади.

Кредиторларнинг талаблари асоссиз ёки лозим даражадаги далиллар билан тасдиқланмаган деб топилса, кредиторларнинг тегишли аризалари қайтарилиши керак. Мазкур талаблар банкротликнинг кейинги таомилларини амалга ошириш жараёнида тақдим этилиши мумкин.



71-модда. Кредиторларнинг биринчи йиғилишини чақириш

Муваққат бошқарувчи кредиторларнинг биринчи йиғилиши ўтказиладиган санани белгилайди ва бу ҳақда барча аниқланган кредиторларни, қарздор ходимларининг вакилини, шунингдек кредиторларнинг биринчи йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахсларни (органларни) хабардор қилади. Кредиторларнинг биринчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш муваққат бошқарувчи томонидан ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Кредиторларнинг биринчи йиғилиши қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида иқтисодий суд чиқарган ажримда иқтисодий суд мажлисини ўтказишнинг белгиланган санасига камида беш кун муддат қолганида ўтказилиши лозим.

Кредиторлар биринчи йиғилишининг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган иштирокчилари талаблари ушбу Қонун 70-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда тақдим этилган ва кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган кредиторлардир.

Кредиторларнинг биринчи йиғилишида қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили ва қарздорнинг ходимлари вакили маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиш ҳуқуқига эга. Кредиторлар йиғилишида мазкур шахсларнинг йўқлиги йиғилишни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлмайди.



72-модда. Кредиторларнинг биринчи

йиғилишида кўриладиган масалалар

Кредиторларнинг биринчи йиғилиши ваколатига қуйидаги қарорларни қабул қилиш киради:

суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;

кредиторлар қўмитасининг миқдорий таркиби, унинг аъзоларини сайлаш тўғрисидаги қарор;

санация қилувчи бошқарувчининг, ташқи бошқарувчининг ёки тугатувчи бошқарувчининг номзодларини маъқуллаш тўғрисидаги қарор;

ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларга доир қарор.



73-модда. Кредиторлар биринчи йиғилишининг суд

санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий судга

мурожаат қилиш тўғрисидаги қарори

Кредиторлар биринчи йиғилишининг суд санациясини жорий этиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарорида суд санациясининг таклиф қилинаётган муддати ва қарзни узишнинг маъқулланган жадвали бўлиши керак.

Суд санациясини жорий этиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилган кредиторларнинг биринчи йиғилиши муваққат бошқарувчини вазифасини бажаришдан озод қилиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли. Кредиторлар йиғилишининг иқтисодий судга бериладиган мазкур илтимосномасида санация қилувчи бошқарувчиликка тайинлаш учун номзод таклиф қилиниши мумкин.


74-модда. Кредиторлар биринчи йиғилишининг ташқи

бошқарувни жорий этиш, қарздорни банкрот деб топиш ва

тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида иқтисодий

судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарори

Кредиторлар биринчи йиғилишининг ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарорида ташқи бошқарувнинг таклиф қилинаётган муддати ва ташқи бошқарувчиликка номзод, шунингдек у ҳақдаги маълумотлар бўлиши керак.

Кредиторлар биринчи йиғилишининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисидаги қарорида тугатишга доир иш юритишнинг таклиф қилинаётган муддати ва тугатувчи бошқарувчиликка номзод, шунингдек у ҳақдаги маълумотлар бўлиши керак.


75-модда. Кузатувни тугатиш

Иқтисодий суд кредиторларнинг биринчи йиғилиши қарори асосида, агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади ёки суд санациясини ёхуд ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида ажрим чиқаради ёки келишув битимини тасдиқлайди ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатади.

Агар кредиторларнинг биринчи йиғилишида банкротлик таомилларидан бирини қўллаш ҳақида қарор қабул қилинмаган бўлса ёки иқтисодий судга унинг қарорларидан ҳеч бири ушбу Қонуннинг 10-моддасида белгиланган муддатда тақдим этилмаган бўлса, иқтисодий суд банкротлик аломатлари бўлган тақдирда, агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Агар кредиторларнинг биринчи йиғилиши томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса ёхуд иқтисодий судга унинг қарорларидан ҳеч бири тақдим этилмаган бўлса, иқтисодий суд қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг, шунингдек учинчи шахснинг (шахсларнинг) илтимосномасига биноан, аризачилар томонидан қарздорнинг мажбуриятлари ижросининг қарзни узиш жадвалига мувофиқ таъминоти тақдим этилган тақдирда суд санациясини жорий этиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Санация қилувчи бошқарувчи ёки ташқи бошқарувчи ёхуд тугатувчи бошқарувчи тайинлангунга қадар унинг вазифасини бажариш илгари муваққат бошқарувчи вазифасини бажариб турган шахс зиммасига тўла ҳажмда юклатилади.

Иқтисодий суд томонидан қарздор банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган ёки суд санацияси ёхуд ташқи бошқарув жорий этилган ёки келишув битими тасдиқланган пайтдан эътиборан кузатув тугатилади.


V БОБ. СУД САНАЦИЯСИ

76-модда. Суд санациясини жорий этиш

ҳақидаги илтимоснома

Кузатув жараёнида қарздор, қарздор муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси, шунингдек учинчи шахс (шахслар) суд санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторларнинг биринчи йиғилишига ёхуд суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан бевосита иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Қарздорнинг суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимосномасига суд санациясининг таклиф қилинаётган муддати ва қарзни узиш жадвали кўрсатилган ҳолда қарздорнинг суд санацияси режаси илова қилинмоғи лозим.

Суд санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторлар йиғилишига мурожаат қилган шахслар мазкур илтимосномани ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни кредиторларга бу ҳужжатлар билан танишиш имкониятини бериш мақсадида кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санага камида икки ҳафта қолганида муваққат бошқарувчига тақдим этишлари шарт.

Қарздор муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулки эгасининг суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимосномасига суд санациясининг режаси, қарзни узиш жадвали, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) умумий йиғилишининг баённомаси унинг суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан кредиторлар йиғилишига мурожаат этиш учун овоз берган муассислари (иштирокчилари) ҳамда бу шахслар томонидан қарзни узиш жадвали қарздор томонидан ижро этилишини таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда илова қилинмоғи лозим.

Учинчи шахснинг (шахсларнинг) суд санациясини жорий этиш ҳақидаги илтимосномасига қарзни узиш жадвали ва қарздорнинг қарзни узиш жадвалини бажариши учинчи шахс (шахслар) томонидан таъминланишига оид далиллар илова қилинмоғи лозим.

Суд санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисида кредиторларнинг йиғилишига бир неча шахс илтимоснома билан мурожаат этган тақдирда қарздорнинг қарзни узиш жадвалини бажариши бу шахсларнинг ҳар бири томонидан таъминланиши улар ўртасидаги битимга биноан белгиланади.


77-модда. Қарздорнинг мажбуриятларни қарзни узиш

жадвалига мувофиқ бажаришини таъминлаш

Қарздорнинг мажбуриятларни қарзни узиш жадвалига мувофиқ бажариши қонунчиликда назарда тутилган усулларда таъминланиши мумкин.

Қарздорнинг қарзни узиш жадвалини бажариш юзасидан мажбуриятлари суд санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий суд ажрим чиқарган пайтдан эътиборан таъминланган деб ҳисобланади.

Мажбуриятларни бажариш таъминоти берилганлиги тўғрисидаги битим, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ёзма шаклда тузилади. Кредиторлар тарафидан мазкур битимни кредиторлар йиғилишининг (кредиторлар қўмитасининг) вакили, иқтисодий суднинг ташаббуси билан суд санацияси жорий этилганда эса муваққат бошқарувчи, бошқа тарафдан қарздорнинг мажбуриятларни қарзни узиш жадвалига мувофиқ бажариши таъминотини берган шахслар (бундан буён матнда мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар деб юритилади) имзолайди.

Мажбуриятларни бажаришнинг берилган таъминоти миқдори қарздор мажбуриятларининг суд санациясини жорий этиш ҳақидаги масала юзасидан кредиторлар йиғилиши ўтказилиши олдидан охирги ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра балансда акс эттирилган миқдоридан камида йигирма фоиз ортиқ бўлиши керак.

Қарздорга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар қарздорнинг қарзни узиш жадвалини бажариши таъминотининг предмети бўлиши мумкин эмас.

Қарзни узиш жадвалига ўзгартишлар киритилганлиги, шунингдек қарздорга нисбатан банкротликнинг янги таомили жорий этилганлиги мажбуриятларни бажаришнинг берилган таъминотини тугатиш учун асос бўлмайди.



78-модда. Суд санациясини жорий этиш тартиби

Суд санацияси иқтисодий суд томонидан кредиторлар йиғилишининг қарори асосида жорий этилади, ушбу Қонун 75-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Иқтисодий суднинг суд санациясини жорий этиш тўғрисидаги ажримида суд санациясининг муддати кўрсатилиши, унда иқтисодий суд томонидан тасдиқланган қарзни узиш жадвали, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар ҳақидаги, бундай таъминотнинг миқдори ва шакллари, санация қилувчи бошқарувчини тайинлаш ва унга тўланадиган ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.

Иқтисодий суднинг суд санациясини жорий этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

Суд санацияси кўпи билан йигирма тўрт ой муддатга жорий этилади.


79-модда. Суд санациясини жорий этиш оқибатлари

Суд санацияси ўтказилаётганда қарздорнинг бошқарув органлари ўз ваколатларини ушбу бобда белгиланган чекловлар билан амалга оширадилар.

Суд санацияси жорий этилган пайтда:

кредиторларнинг талабларини таъминлаш юзасидан илгари қабул қилинган чоралар бекор қилинади;

қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва қарздорга нисбатан унинг ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш борасидаги ваколатларини бошқача тарзда чекловлар фақат банкротлик таомили доирасида жорий этилиши мумкин;

суд санацияси пайтида юзага келган пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка (жарима, пеня) ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар, тўланиши лозим бўладиган фоизлар қўлланилмайди.

Қарзни узиш жадвалига мувофиқ қондирилиши лозим бўлган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредиторнинг талаблари суммасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган тартибда ва миқдорда фоизлар ҳисобланади. Бу фоизлар суд санациясини жорий этиш ҳақида иқтисодий суд ажрим чиқарган пайтдан эътиборан ва кредиторнинг талабини қаноатлантириш пайтигача, агар бундай қаноатлантириш рўй бермаса, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтигача кредиторнинг талаблари суммасига қўшиб ёзилиши лозим.

Кредиторлар йиғилишининг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ёки санация қилувчи бошқарувчининг қарздорнинг раҳбари суд санацияси режасини бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги ҳақидаги ёки қарздорнинг раҳбари қарздорнинг, кредиторларнинг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган илтимосномасига биноан иқтисодий суд қарздорнинг раҳбарини вазифасини бажаришдан четлаштиришга ҳақли. Бундай ҳолларда иқтисодий суд қарздорнинг раҳбари вазифасини ижро этишни санация қилувчи бошқарувчининг зиммасига юклашга ҳақли. Иқтисодий суд қарздорнинг раҳбарини вазифасини бажаришдан четлаштириш тўғрисида ажрим чиқаради, бу ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси кредиторлар йиғилишининг ёхуд кредиторлар қўмитасининг розилигисиз қарздорни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ва тугатиш ҳақида қарор қабул қилишга, қарздор эса қуйидаги битимларни тузишга ҳақли эмас:

кўчмас мол-мулкни ижарага, гаровга бериш, мазкур мол-мулкни хўжалик ширкатлари ҳамда масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларнинг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида қўшиш ёки бундай мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш билан боғлиқ битимлар;

қарздорнинг баланс қиймати қарздор активлари баланс қийматининг ўн фоизидан ортиғини ташкил этувчи мол-мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ битимлар;

заёмлар (кредитлар) олиш ва бериш, кафиллик ва кафолатлар бериш, талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш, қарзни бошқа шахсга ўтказиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини ишончли бошқариш шартномасини тузиш билан боғлиқ битимлар;

агар муайян битимларни тузишдан санация қилувчи бошқарувчи ёки кредиторлар қонунчиликда белгиланган тартибда манфаатдор бўладиган бўлса, айни ана шундай битимлар.

Иқтисодий суднинг суд санациясини жорий этиш тўғрисидаги ажрими қарздор банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузган шартномаларни бажаришни тўхтатиш ёки уларни бажаришни рад этиш учун асос бўла олмайди, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Санация қилувчи бошқарувчи ва кредиторлар қарздорнинг битимларини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Санация қилувчи бошқарувчи ва кредиторлар банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганидан кейин ёки қарздорни банкрот деб топиш ҳақида ариза берилишидан олдинги йигирма тўрт ой ичида тузилган шартномаларни бекор қилишни қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда талаб қилиш ҳуқуқига эга:

шартномаларни бажариш қарздорга зарар етказса ва (ёки) қиёсий ҳолатларда тузиладиган худди шундай шартномаларга нисбатан қарздорнинг, кредиторларнинг, қарздор мажбуриятларининг бажарилишини таъминловчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузса;

шартнома бир йилдан ортиқ муддатга тузилган ва қарздор учун фақат узоқ истиқболда ижобий натижалар олишга мўлжалланган бўлса


80-модда. Санация қилувчи бошқарувчи

Санация қилувчи бошқарувчиликка номзод кредиторлар йиғилиши ёки мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар томонидан иқтисодий судга тақдим этилади.

Санация қилувчи бошқарувчи суд санацияси жорий этилган пайтдан эътиборан ва суд санацияси тугагунга қадар ёки муддатидан илгари тугатилгунга қадар фаолият юритади.

Санация қилувчи бошқарувчи ўз вазифасини бажаришдан аризасига биноан ёки кредиторлар йиғилишининг ёхуд мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг илтимосномасига биноан, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда иқтисодий суд томонидан озод қилиниши мумкин. Иқтисодий суднинг санация қилувчи бошқарувчини ўз вазифасидан айни бир пайтда янги санация қилувчи бошқарувчини тайинлаган ҳолда озод қилиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) унинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

Суд санацияси пайтида қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши муносабати билан банкротлик тўғрисидаги иш юритишнинг тугатилиши санация қилувчи бошқарувчининг ваколатлари тугашига олиб келади.

Агар иқтисодий суд томонидан ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим чиқарилган ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса ҳамда ташқи бошқарувчи ёки тугатиш бошқарувчиси этиб бошқа шахс тайинланган бўлса, санация қилувчи бошқарувчи ишлар ташқи бошқарувчига ёки тугатиш бошқарувчисига ўтказиладиган пайтга қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.


81-модда. Санация қилувчи бошқарувчининг ҳуқуқлари

Санация қилувчи бошқарувчи қуйидагиларга ҳақли:

қарздорнинг раҳбаридан қарздорнинг жорий фаолияти тўғрисида ва суд санацияси режасида назарда тутилган тадбирлар амалга оширилиши ҳамда қарзни узиш жадвали бажарилиши жараёни ҳақида ахборот талаб қилиш;

қарздорнинг раҳбаридан кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун пул маблағлари ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилишини талаб қилиш;

қарздор томонидан мол-мулкнинг инвентаризацияси ўтказилган тақдирда унда иштирок этиш;

кредиторлар жорий талабларини қарздор ўз вақтида бажариши устидан назоратни амалга ошириш;

ушбу Қонун 79-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда қарздорнинг битимлари ва қарорларини келишиб олиш ҳамда мазкур битимлар ва қарорлар ҳақида кредиторларга ахборот тақдим этиш;

ушбу Қонуннинг 59 ва 70-моддаларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қарздорнинг кредиторлар талабларини тан олиш ёки бундай талабларни аниқланган деб топиш учун асосларни тасдиқлаш бўйича ҳаракатлари ёхуд қарздорнинг кредиторлар талабларини кўриб чиқиш борасидаги ҳаракатсизлиги устидан иқтисодий судга шикоят бериш;

ушбу Қонун 79-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда қарздорнинг раҳбарини вазифасини бажаришдан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш;

қарздорнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўриш ҳақидаги, шу жумладан мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсларга ўтказиш, шунингдек бундай чораларни бекор қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш.

Санация қилувчи бошқарувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


82-модда. Санация қилувчи бошқарувчининг мажбуриятлари

Санация қилувчи бошқарувчи:

кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши;

ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган ҳолларда кредиторларнинг йиғилишини чақириши;

қарздор томонидан тақдим этилаётган суд санацияси режаси ва қарзни узиш жадвали бажарилиши жараёни ҳақидаги ҳисоботларни кўриб чиқиши ҳамда кредиторларнинг йиғилишига тегишли хулосаларни тақдим этиши;

кредиторнинг талабига кўра қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўн кунлик муддатда тақдим этиши;

суд санацияси режаси амалга оширилишининг бориши ҳақида кредиторлар йиғилишига ва кредиторлар қўмитасига, шунингдек агар корхона устав фондида давлат улуши бўлса, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига ахборот тақдим этиши шарт.

Санация қилувчи бошқарувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


83-модда. Суд санацияси режаси ва қарзни узиш жадвали

Қарздорнинг раҳбари, қарздор муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан тайёрланган суд санацияси режасида қарзни узиш жадвалига мувофиқ кредиторларнинг талабларини қондириш учун зарур бўлган маблағларни суд санацияси жараёнида қарздор томонидан олиш усуллари назарда тутилиши лозим. Суд санацияси режаси кредиторлар йиғилиши томонидан тасдиқланиши керак.

Суд санацияси режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда овоз беришда биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари иштирок этади.

Кредиторлар йиғилишининг суд санацияси режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган деб ҳисобланади. Бунда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва суд санацияси режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ёки кредиторлар қарздор тугатилган тақдирда камида олиши мумкин бўлган кафолатли товонга тенг товон олиш ҳуқуқига эга.

Агар биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторлар суд санацияси режасини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилмаса, шунингдек овоз бериш чоғида гуруҳлардан биридаги кредиторларнинг зарур овози тўпланмаса, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Суд санацияси режаси қарздорнинг корхонаси (бизнеси) ёки қарздор мол-мулкининг бир қисми сотилишини назарда тутиши мумкин. Қарздорнинг корхонаси (бизнеси) ёки қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш ушбу Қонуннинг 110 ва 111-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Қарзни узиш жадвали барча кредиторлар олдидаги қарзнинг узилишини назарда тутиши керак. Қарзни узиш жадвали иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши лозим.

Қарздорнинг суд санацияси жараёнида юзага келган мажбуриятлари юзасидан кредиторларнинг талабларини қондириш ушбу Қонуннинг 133, 134 ва 169-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қарздор қарзни узиш жадвалини муддатидан илгари бажаришга ҳақли.



84-модда. Санация режасига ва қарзни узиш

жадвалига ўзгартиришлар киритиш

Қарздор санация режасини ва (ёки) қарзни узиш жадвалини бажармаган тақдирда (қарз белгиланган муддатларда ва (ёки) белгиланган ҳажмларда узилмаганда), у қарзни узиш жадвалига киритиш мўлжалланаётган ўзгартиришларни маъқуллаш тўғрисидаги илтимоснома билан талабларни бажариш санаси бошланган пайтдан эътиборан икки ҳафта муддат ичида кредиторларга мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосноманинг кўчирма нусхаси санация қилувчи бошқарувчига юборилади. Санация қилувчи бошқарувчи илтимоснома олинган пайтдан эътиборан икки ҳафтадан кечиктирмай шу илтимоснома асосида кредиторлар йиғилишини чақиради.

Кредиторлар йиғилишининг санация режасига ва (ёки) қарзни узиш жадвалига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари томонидан, агар ҳар бир алоҳида гуруҳдаги кредиторларнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинади.

Қарзни узиш жадвалига ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, кредиторлар йиғилиши қарзни узиш жадвалидаги ўзгартишларни тасдиқлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ҳақида ўз вақтида хабар қилинмаган ва қарзни узиш жадвали иқтисодий суд томонидан тасдиқланганидан кейин ишга қўшилган кредиторнинг талаблари ёки мажбуриятларни бажариш муддати кузатув жараёнида бошланган талаблар иқтисодий суднинг ажримига кўра қарзни узиш жадвалига киритилади.

Иқтисодий суд фақат кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган талабларга нисбатан қарзни узиш жадвалига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.



85-модда. Суд санациясининг муддатидан

илгари тамомланиши

Кредиторларнинг қарзни узиш жадвалида назарда тутилган барча талаблари суд санациясининг иқтисодий суд томонидан белгиланган муддати ўтишидан олдин қарздор томонидан қаноатлантирилган тақдирда қарздорнинг раҳбари суд санацияси муддатидан илгари тамомланганлиги ҳақида ушбу Қонуннинг 87-моддасида назарда тутилган тартибда иқтисодий судга ҳисобот тақдим этади. Қарздор раҳбарининг суд санацияси муддатидан илгари тамомланганлиги ҳақидаги ҳисоботи ва кредиторларнинг шикоятлари иқтисодий суд томонидан мажлисда кўриб чиқилади.

Санация қилувчи бошқарувчи талаблари қарзни узиш жадвалига киритилган барча кредиторларни қарздор раҳбарининг суд санацияси муддатидан илгари тамомланганлиги ҳақидаги ҳисоботини кўриб чиқувчи суд мажлисининг санаси, вақти ва жойи тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилиши шарт.

Қарздор раҳбарининг суд санациясини муддатидан илгари тамомланганлиги ҳақидаги ҳисоботини, шунингдек кредиторларнинг шикоятларини кўриб чиқиш якунлари асосида иқтисодий суд:

агар узилмаган қарз қолмаганлиги аниқланган, кредиторларнинг шикоятлари эса асоссиз деб топилган бўлса, қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлайди ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тўхтатади;

агар узилмаган қарз борлиги аниқланган ва кредиторларнинг шикоятлари асосли деб топилган бўлса, қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этади.

Қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлаш ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ёки мазкур ҳисоботни тасдиқлашни рад этиш ҳақида иқтисодий суд ажрим чиқаради, бу ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


86-модда. Суд санациясини муддатидан илгари тугатиш

Суд санациясини муддатидан илгари тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

кредиторлар талабларини қаноатлантиришнинг қарзни узиш жадвалида белгиланган муддатлари суд санацияси жараёнида қарздор томонидан бир неча марта ёки бир марта жиддий равишда (бир ойдан ортиқ муддатга) бузилганлиги;

қарздор қарзни узиш жадвалини бажаришга қодир эмаслигидан аниқ-равшан далолат берувчи ҳолатларнинг мавжудлиги.

Санация қилувчи бошқарувчи ўз ташаббусига кўра ёки кредиторлар қўмитасининг қарори асосида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар юзага келган пайтдан эътиборан икки ҳафта ичида суд санациясини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш учун кредиторлар йиғилишини чақириши шарт.

Қарздорнинг раҳбари кредиторлар йиғилишига қарзни узиш жадвали ва суд санацияси режаси бажарилишининг якунлари тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт. Ҳисоботга қарздорнинг сўнгги ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра бухгалтерия баланси, қарздорнинг даромадлари (фойдаси) ва зарарлари ҳақидаги ҳисобот, қаноатлантирилган талаблар миқдори кўрсатилган ҳолда кредиторларнинг талаблари реестри ва кредиторлар талаблари қаноатлантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Қарздор раҳбарининг ҳисоботи билан бир вақтда санация қилувчи бошқарувчи кредиторларнинг йиғилишига қарздор раҳбарининг ҳисоботи юзасидан ўз хулосасини тақдим этади.

Кредиторлар йиғилиши қарздор раҳбарининг ҳисоботини, шунингдек санация қилувчи бошқарувчининг мазкур ҳисобот бўйича хулосасини кўриб чиқиш якунларига кўра ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Кредиторлар йиғилишининг илтимосномасига кредиторлар йиғилиши баённомасининг нусхаси, шунингдек кредиторлар йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорга қарши овоз берган ёки ушбу масала юзасидан овоз беришда иштирок этмаган кредиторларнинг шикоятлари илова қилинади.

Иқтисодий суд кредиторлар йиғилишининг илтимосномаси асосида ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим чиқаради ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


87-модда. Суд санациясининг тамомланиши

Суд санациясининг белгиланган муддати тугашига камида ўн беш кун қолганида қарздорнинг раҳбари ўтказилган суд санацияси натижалари тўғрисида иқтисодий судга ҳисобот тақдим этиши шарт. Мазкур ҳисоботга қарздорнинг сўнгги санадаги ҳолатга кўра бухгалтерия баланси, қарздорнинг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисобот, қаноатлантирилган талаблар миқдори ва мазкур қаноатлантиришни тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда кредиторларнинг талаблари реестри, санация қилувчи бошқарувчининг қарздор раҳбари ҳисоботи бўйича хулосаси, талаблари қаноатлантирилмаган кредиторларнинг шикоятлари илова қилиниши лозим. Қарздор раҳбарининг ўтказилган суд санацияси натижалари тўғрисидаги ҳисоботи ва кредиторларнинг шикоятлари иқтисодий суд томонидан мажлисда кўриб чиқилади.

Санация қилувчи бошқарувчи талаблари қарзни узиш жадвалига киритилган барча кредиторларни қарздор раҳбарининг ўтказилган суд санацияси натижалари ҳақидаги ҳисоботини кўриб чиқувчи суд мажлисининг санаси, вақти ва жойи тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилиши шарт.

Қарздор раҳбарининг ўтказилган суд санацияси натижалари ҳақидаги ҳисоботини, шунингдек кредиторларнинг шикоятларини кўриб чиқиш якунлари асосида иқтисодий суд:

агар узилмаган қарз қолмаганлиги аниқланган, кредиторларнинг шикоятлари эса асоссиз деб топилган бўлса, қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлайди ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тўхтатиш тўғрисида ажрим чиқаради;

агар узилмаган қарз борлиги аниқланган ва кредиторларнинг шикоятлари асосли деб топилган бўлса, қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этади.

Иқтисодий суд қарздор раҳбарининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этган тақдирда ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор чиқаради.


88-модда. Мажбуриятларнинг таъминот берган

шахслар томонидан бажарилиши

Кредиторларнинг таъминот берган шахслардан мажбуриятлар бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқи иқтисодий суд суд санациясини тугатиш ёки тамомлаш тўғрисида ажрим чиқарган пайтдан эътиборан юзага келади. Мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларга нисбатан талаблар кредиторлар йиғилишининг (кредиторлар қўмитасининг) вакили ёки санация қилувчи бошқарувчи томонидан тақдим этилади.

Мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг мажбуриятларни бажариши натижасида олинган пул маблағлари кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида қарздорнинг ҳисобварағига ўтказилади. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қарздор томонидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Санация қилувчи бошқарувчи кредиторлар талабларининг қаноатлантирилганлиги далиллари тақдим этилган пайтдан эътиборан кредиторларнинг талаблари реестрига тегишли ёзувни киритади.



89-модда. Таъминотдан келиб чиқадиган мажбуриятларни

бажариш якунлари тўғрисидаги ҳисобот

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомлангач ёки иқтисодий суд томонидан кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун белгиланган муддат ўтгач, санация қилувчи бошқарувчи қарздорнинг мажбуриятларни шахслар томонидан таъминот берилган ҳолда бажариши якунлари тўғрисида иқтисодий судга ҳисобот тақдим этиши шарт. Санация қилувчи бошқарувчининг ҳисоботи ва кредиторларнинг шикоятлари иқтисодий суд томонидан мажлисда кўриб чиқилади. Ҳисоботга доир талаблар, шунингдек уни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби ушбу Қонуннинг 116 ва 117-моддаларида белгиланади.

Санация қилувчи бошқарувчининг ҳисоботини, кредиторларнинг шикоятларини кўриб чиқиш якунлари асосида иқтисодий суд:

агар узилмаган қарз қолмаганлиги аниқланган, кредиторларнинг шикоятлари эса асоссиз деб топилган бўлса, санация қилувчи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлайди ва банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради;

агар узилмаган қарз борлиги аниқланган ва кредиторларнинг шикоятлари асосли деб топилган бўлса, санация қилувчи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этади ҳамда ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим чиқаради ёхуд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



90-модда. Таъминот берган шахсларнинг

мажбуриятларни бажармаслиги оқибатлари

Мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар томонидан шу таъминотдан келиб чиқадиган мажбуриятлар кредиторларнинг талабларини қондириш учун иқтисодий суд белгилаган муддатда бажарилмаган ҳамда ташқи бошқарувни жорий этиш учун асослар бўлмаган тақдирда, иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахслар томонидан шу таъминотдан келиб чиқадиган мажбуриятлар кредиторларнинг талабларини қондириш учун иқтисодий суд белгилаган муддатда бажарилмаганлиги қонунчиликка мувофиқ ушбу шахсларнинг қарздорнинг кредиторлар олдидаги мажбуриятлари юзасидан солидар ёки субсидиар жавобгарлигига сабаб бўлади.


VI БОБ. ТАШҚИ БОШҚАРУВ

91-модда. Ташқи бошқарувни жорий этиш тартиби

Агар қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг ҳақиқий имконияти аниқланган бўлса, ташқи бошқарув кредиторлар йиғилишининг илтимосномаси, устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар бўйича эса банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг аризаси асосида иқтисодий суд томонидан жорий этилади.

Иқтисодий суднинг ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши лозим ва бу ажрим устидан қонунчиликда белгиланган муддатда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Ташқи бошқарув, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади.

Ташқи бошқарув учун белгиланган муддат кредиторлар йиғилишининг илтимосномасига, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг қарорига ёки ташқи бошқарувчининг аризасига кўра иқтисодий суд томонидан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида қисқартирилиши ёки узайтирилиши мумкин.

Суд санацияси ва ташқи бошқарувнинг жами муддати ўттиз ойдан ошмаслиги керак.

Агар суд санацияси жорий этилган санадан то иқтисодий суд ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишигача ўн саккиз ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса, иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида қарор чиқаради.



92-модда. Ташқи бошқарувни жорий этиш оқибатлари

Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан:

қарздорнинг раҳбари ўз вазифасини бажаришдан четлаштирилади, қарздорнинг ишларини бошқариш ташқи бошқарувчи зиммасига юклатилади. Ташқи бошқарувчи қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ёки мазкур раҳбарни бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариши шарт;

қарздорнинг бошқарув органлари ваколатлари тугатилади. Қарздорнинг раҳбари ва қарздорнинг бошқа бошқарув органлари ваколатлари ташқи бошқарувчига ўтади, ушбу Қонунга мувофиқ бошқа шахсларга (органларга) ўтадиган ваколатлар бундан мустасно. Қарздорнинг бошқарув органлари ташқи бошқарувчи тайинланган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида қарздорнинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлари ва штамплари (муҳрлар ва штамплар мавжуд бўлган тақдирда), моддий ва бошқа қимматликлари ташқи бошқарувчига топширилишини таъминлаши шарт;

кредиторларнинг талабларини таъминлаш юзасидан илгари кўрилган чора-тадбирлар бекор қилинади;

қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва қарздорга нисбатан унинг ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш борасидаги ваколатларини бошқача тарзда чекловлар фақат банкротлик таомили доирасида қўлланилиши мумкин;

қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан кредиторлар талабларининг қондирилишига нисбатан мораторий жорий этилади, ушбу Қонуннинг 93-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ташқи бошқарув жорий этилишидан олдин, мазкур тартиб-таомил жорий этилгандан кейин олинган ҳосилга, маҳсулотга ва қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкидан фойдаланишдан олинган даромадларга нисбатан кредиторнинг ўз талабларини бажариш таъминоти сифатидаги ҳуқуқи татбиқ этилмайди.

Ташқи бошқарув тугаганидан кейин пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредиторларга қарздор тўлаши шарт бўлган неустойка (жарима, пеня), шунингдек етказилган зарар суммалари ташқи бошқарувни жорий этиш пайтидаги мавжуд миқдорларда тўлаш учун тақдим этилиши мумкин.



93-модда. Кредиторларнинг талабларини

қондиришга нисбатан мораторий

Кредиторларнинг талабларини қондиришга нисбатан мораторий ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар бажарилиш муддати келган пул мажбуриятларига ва (ёки) мажбурий тўловларга татбиқ этилади, қарздорга нисбатан кузатув ва (ёки) суд санацияси жорий этилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бундан мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар юзасидан мораторийнинг амал қилиш муддати мобайнида:

ундирув сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар бўйича ундирувга йўл қўйилмайди;

пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун неустойка (жарима, пеня) ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар қўлланилмайди, қарздорга нисбатан кузатув ва (ёки) суд санацияси жорий этилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар, шунингдек тўланиши лозим бўлган фоизлар бундан мустасно.

Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдаги пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар талабларининг суммасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган тартибда ва миқдорда фоизлар ҳисобланади. Бу фоизлар қарздорга нисбатан ташқи бошқарув жорий этилган санадан эътиборан бир навбатдаги талабларга ва иқтисодий суд томонидан шу навбат талаблари бўйича кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш ҳақида ажрим чиқариладиган санага қадар ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинадиган пайтга қадар ҳисобланади. Ҳисоблаб чиқарилган фоизлар суммаси кредиторга асосий қарз суммасини тўлаш билан бир вақтда тўланиши лозим.

Мораторий ташқи бошқарувчи шартномани бажаришдан ушбу Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ бош тортганлиги оқибатида етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги кредиторлар талабларига ҳам татбиқ этилади.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бажарилиш муддати ташқи бошқарув жорий этилганидан кейин бошланган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловларга нисбатан қўлланилмайди.

Мораторийнинг амал қилиши фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талабларига, алиментлар ундиришга ҳамда муаллифлик шартномалари асосида ҳақ тўлашга доир талабларига, шунингдек қарздор қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлса, ана шу фуқаронинг талабларига татбиқ этилмайди.

Кредиторнинг илтимосномасига биноан суд қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида мазкур кредиторнинг фойдасига қайси пул мажбуриятлари бўйича мол-мулк берилган бўлса, ўша пул мажбуриятларини мораторийнинг таъсир доирасидан чиқариш тўғрисида, агар мол-мулк ташқи бошқарувни амалга ошириш учун зарур бўлмаса, ажрим чиқариши мумкин.


94-модда. Ташқи бошқарувчиликка

номзод тақдим этиш тартиби

Ташқи бошқарувни жорий қилиш ҳақида иқтисодий судга илтимоснома билан мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилган кредиторлар йиғилиши ташқи бошқарувчиликка номзодни маъқуллайди.

Ташқи бошқарувчиликка номзод кредиторлар йиғилишига ҳар қандай кредитор томонидан ёки банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан таклиф этилиши мумкин.

Кредиторлар йиғилиши томонидан қарор қабул қилишнинг ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган тартибига мувофиқ кредиторларнинг энг кўп овозини олган шахснинг номзоди иқтисодий судга таклиф этилади.

Иқтисодий суд ташқи бошқарувни кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарори бўлмаган ҳолда жорий этаётган бўлса, кредиторлар йиғилиши ташқи бошқарувчиликка номзодни иқтисодий суд ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим чиқарган пайтдан эътиборан уч ҳафталик муддат ичида кўриб чиқиш, маъқуллаш ва иқтисодий судга тақдим этишга ҳақли.

Ташқи бошқарувчиликка номзод кредиторлар йиғилиши томонидан тақдим этилмаган тақдирда, иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан ташқи бошқарувчини тайинлайди.


95-модда. Ташқи бошқарувчини тайинлаш

Ташқи бошқарувчи иқтисодий суд томонидан ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда тайинланади.

Ташқи бошқарувчини ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда тайинлашнинг имкони бўлмаса, иқтисодий суд ташқи бошқарувчини ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида тайинлайди.

Ташқи бошқарувчини тайинлаш тўғрисида иқтисодий суд ажрим чиқаради.

Ташқи бошқарувчини тайинлаш тўғрисидаги ажрим дарҳол ижро этилиши керак ва унинг устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


96-модда. Ташқи бошқарувчини вазифасини

бажаришдан озод этиш

Ташқи бошқарувчини ўз вазифасини бажаришдан иқтисодий суд қуйидаги ҳолларда озод этиши мумкин:

зиммасига юкланган вазифаларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторлар йиғилишининг қарори асосида. Бундай ҳолларда кредиторлар йиғилишининг қарорида ташқи бошқарувчиликка тавсия этилаётган янги номзод тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг қарори асосида;

унинг ўз аризасига биноан;

ушбу Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ ташқи бошқарувчи этиб тайинланишига монелик қиладиган ҳолатлар аниқланган тақдирда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ташқи бошқарувчини ўз вазифасини бажаришдан озод этиш тўғрисидаги иқтисодий суд ажрими дарҳол ижро этилиши керак ва унинг устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Мазкур ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) бундай ажримнинг ижро этилишини тўхтатиб қўймайди.


97-модда. Ташқи бошқарувчининг ҳуқуқлари

Ташқи бошқарувчи раҳбарлик ваколатларини амалга оширади.

Ташқи бошқарувчи қуйидагиларга ҳақли:

кредиторлар йиғилишини ҳамда кредиторлар қўмитасини чақириш;

ушбу Қонуннинг 101-моддасида назарда тутилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш;

қарздор номидан келишув битими тузиш;

ушбу Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ ҳақ олиш;

агар ушбу Қонунда ёки кредиторлар билан келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўзининг вазифаларини амалга ошириш учун бошқа шахсларни уларнинг фаолиятига қарздор маблағларидан ҳақ тўлаган ҳолда шартнома асосида ишга жалб этиш;

ўз вазифаларини бажаришни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида иқтисодий судга ариза бериш;

ушбу Қонуннинг 102-моддасида белгиланган тартибда қарздорнинг шартномаларини бажариш рад этилишини маълум қилиш.

Қарздор банкротликка олиб борилганлиги муносабати билан қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўладиган учинчи шахсларга нисбатан ташқи бошқарувчи ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида талаблар қўйишга ҳақли.

Ташқи бошқарувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


98-модда. Ташқи бошқарувчининг мажбуриятлари

Ташқи бошқарувчи:

қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши ва уни инвентаризациядан ўтказиши;

қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидириш, аниқлаш ва қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар кўриши;

ташқи бошқарувни ўтказиш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қилиш учун махсус ҳисобварақ очиши;

ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиши ва кредиторлар йиғилиши тасдиқлаши учун тақдим этиши;

бухгалтерия, статистика ҳисоби ва ҳисобдорлигини юритиши;

кредиторларнинг қарздорга нисбатан талаблари юзасидан белгиланган тартибда эътирозлар билдириши;

қарздор олдидаги қарзни ундириш чораларини кўриши;

кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши;

кредиторлар йиғилишига ташқи бошқарув режаси бажарилишининг бориши ва якунлари ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши;

кредиторнинг талабига кўра қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт.

Ташқи бошқарувчининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


99-модда. Кредиторларнинг талаблари

Кредиторлар қарздорга нисбатан ўз талабларини ташқи бошқарув амал қилаётган муддатнинг исталган вақтида тақдим этишга ҳақли. Мазкур талаблар ташқи бошқарувчига қарздорнинг почта манзили бўйича юборилади. Кредиторларнинг ушбу модда тўртинчи қисмига мувофиқ аниқланган деб эътироф этиладиган талаблари бу талабларни аниқланган деб белгилаш имконини берувчи ҳужжатлар илова этилган ҳолда ташқи бошқарувчига юборилади.

Ташқи бошқарувчи кредиторларнинг тақдим этилган талабларини кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича кредиторларнинг талаблари реестрига тегишли талаб олинганидан кейин узоғи билан икки ҳафта ичида тегишли ёзув киритади. Ташқи бошқарувчи кўриб чиқиш натижалари ҳақида тегишли кредиторни кредиторнинг талаблари олинган пайтдан эътиборан узоғи билан бир ойлик муддат ичида хабардор қилади.

Ташқи бошқарувчининг кредиторлар талабларини кўриб чиқиши натижалари юзасидан эътирозларни банкротлик тўғрисидаги ишни кўраётган иқтисодий судга кредитор бу натижалардан хабардор бўлган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида билдириши мумкин.

Кредиторларнинг ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган муддатда эътирозлар билдирилмаган талаблари ташқи бошқарувчи томонидан аниқланадиган миқдорда, таркибда ва уларни қондириш навбатида аниқланган талаблар деб ҳисобланади.


100-модда. Кредиторларнинг эътирозларини кўриб чиқиш

Кредиторларнинг ташқи бошқарувчи томонидан аниқланган талаблари миқдори, таркиби ва уларни қондириш навбати хусусидаги ушбу Қонуннинг 99-моддасида белгиланган муддатларда берилган эътирозлари иқтисодий суд томонидан мазкур эътирозлар олинган санадан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Кредиторларнинг эътирозларини кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд ажрим чиқаради, ажримда кредиторларнинг қайси талабларига нисбатан эътирозлар асосли деб топилган бўлса, кредиторларнинг шу талаблари миқдори, таркиби ва уларни қондириш навбати кўрсатилади.

Кредиторлар эътирозларини кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд чиқарган ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кредиторларнинг эътирозларини кўриб чиқиш чоғида чиқарилган ажримлар ва бошқа суд ҳужжатлари алоҳида иш юритишда кредиторларнинг қарздорга нисбатан талабларини кўриб чиқишда преюдициал кучга эга бўлади.

Қарздор ходимлари вакилининг меҳнат ҳақи тўлаш ва меҳнат шартномаси бўйича ишловчи шахсларга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш бўйича қарзнинг миқдори ва таркиби тўғрисидаги эътирозлари ҳам ушбу моддада белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



101-модда. Қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш

Қарздорнинг мол-мулки эгаси ёки таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган органлар қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича қарор қабул қилишга ёхуд ташқи бошқарувчининг ваколатларини бошқача тарзда чеклашга ҳақли эмас, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ушбу Қонунда ёки ташқи бошқарув режасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, йирик битимлар ва манфаатдорлик назарда тутилган битимлар ташқи бошқарувчи томонидан фақат кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг розилиги билан тузилади.

Йирик битимларга баланс қиймати қарздорнинг кўчмас мол-мулкини ёки битим тузиш пайтидаги активлари баланс қийматининг ўн фоизидан кўпроғини ташкил этувчи бошқа мол-мулкини тасарруф этишга олиб келувчи битимлар киради.

Битимни тузган тарафлардан бири ташқи бошқарувчига ёки кредиторга нисбатан манфаатдор шахс бўлса, бундай битимлар манфаатдорлик назарда тутилган битимлар деб эътироф этилади.



102-модда. Қарздорнинг шартномаларини

бажаришдан бош тортиш

Иқтисодий суднинг ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисидаги ажрими қарздор банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузган шартномаларни бажаришни тўхтатиш ёки уларни бажаришни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Ташқи бошқарувчи қарздор банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузган шартномаларни бажаришни фақат барча тарафлар томонидан тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномаларга нисбатан, қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда рад этишга ҳақли:

қарздорнинг шартномасини бажариш муқояса қилса бўладиган ҳолатларда тузиладиган айни шундай шартномаларга қиёсланганда қарздор учун зарар келтирадиган бўлса;

шартнома узоқ муддатли (бир йилдан ортиқ муддатга тузилган) ёки фақат узоқ истиқболда қарздор учун ижобий натижалар олишга мўлжалланган бўлса.

Қарздорнинг шартномаларини бажаришдан бош тортиш фақат барча тарафлар томонидан тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномаларга нисбатан, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга монелик қилувчи бошқа ҳолатлар бўлган тақдирда ҳам билдирилиши мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда шартнома барча тарафлар томонидан шундай шартнома юзасидан ташқи бошқарувчининг шартномани бажаришдан бош тортиши тўғрисидаги аризаси олинган пайтдан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Шартномани тузган тарафлардан бири, агар унга нисбатан қарздор рад қилишни билдирган бўлса, қарздордан шартномани бажаришдан бош тортганлик оқибатида келиб чиққан ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.



103-модда. Қарздор тузган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги

Қарздор тузган битим, шу жумладан унинг ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар тузган битими қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича ташқи бошқарувчининг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қарздор билан манфаатдор шахс ўртасида тузилган битим, агар мазкур битимнинг бажарилиши натижасида кредиторларга зарар етказилган бўлса ёки зарар етказилиши мумкин бўлса, ташқи бошқарувчининг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинганидан кейин қарздор билан муайян кредитор ёки ўзга шахс ўртасида тузилган битим, агар мазкур битим қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича айрим кредиторларнинг талаблари бошқа кредиторларнинг талабларига нисбатан афзалроқ қондирилишига олиб келса, ташқи бошқарувчининг ёки кредиторнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилганидан кейин ёки банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилишидан олдинги йигирма тўрт ой ичида қарздор юридик шахс томонидан тузилган, қарздорнинг иштирокчиси қарздорнинг иштирокчилари таркибидан чиққанлиги муносабати билан унга мол-мулкдаги улушини тўлаш (ажратиб бериш) билан боғлиқ бўлган битим ташқи бошқарувчининг ёки кредиторнинг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, шундай битим бўйича олинган барча мол-мулк (пул маблағлари) эса қарздорга қайтарилади. Бундай ҳолда иштирокчи ушбу Қонуннинг 134-моддасига мувофиқ тўртинчи навбатдаги кредитор деб эътироф этилади.


104-модда. Қарздорнинг ташқи бошқарув жараёнида

юзага келган пул мажбуриятлари

Қарздорнинг ташқи бошқарув жорий этилиши жараёнида юзага келган пул мажбуриятлари миқдори кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ кредиторлар талаблари суммасининг йигирма фоизидан ортиқроғини ташкил этган ҳолларда қарздорнинг янги пул мажбуриятларини келтириб чиқарувчи битимлар, ташқи бошқарув режасида назарда тутилган битимларни истисно этганда, ташқи бошқарувчи томонидан фақат кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси розилиги билан тузилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисми нормалари бузилган ҳолда тузилган битимлар, агар улар илгари қарздорнинг ташқи бошқарувчиси вазифасини бажарган шахс томонидан тузилган бўлса, кредиторнинг, шунингдек янги тайинланган ташқи бошқарувчининг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


105-модда. Қарздор харажатларининг тартибга солиниши

Қарздорнинг истеъмолга, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлашга сарфланадиган харажатларининг кўпайишига олиб келувчи қарорлар ташқи бошқарувчи томонидан фақат кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси розилиги билан қабул қилиниши мумкин, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



106-модда. Ташқи бошқарув режаси

Ташқи бошқарувчи бу ишга тайинланганидан кейин бир ойлик муддат ичида ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун кредиторлар йиғилишига тақдим этиши керак.

Ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш жараёнида овоз беришда биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари иштирок этади.

Кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, агар уни биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Бунда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва ташқи бошқарув режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ёки кредиторлар қарздор тугатилган тақдирда камида олиши мумкин бўлган кафолатли товонга тенг товон олиш ҳуқуқига эга.

Агар биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторлар ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилмаса, шунингдек овоз бериш чоғида гуруҳлардан биридаги кредиторларнинг зарур миқдордаги овозлари тўпланмаса, иқтисодий судга қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш тўғрисида иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарув режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари томонидан, агар ҳар бир алоҳида гуруҳнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинади.

Ташқи бошқарув режасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш шартлари ва тартиби, уларни амалга ошириш харажатлари ҳамда қарздорнинг бошқа харажатлари;

қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш муддати.

Қарздорнинг тўлов қобилияти ушбу Қонуннинг 4-моддасида белгиланган банкротлик аломатлари бўлмаган тақдирда тикланган деб эътироф этилади.

Ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг талабига биноан ташқи бошқарув жараёни ҳақида кредиторлар олдида ҳисобот беради.

Ташқи бошқарув режасини амалга ошириш қарздорнинг хўжалик фаолияти тугатилишига олиб келмаслиги лозим, банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятларини қондириш ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятни бажариш вазифаси қарздорнинг мол-мулкини сотиб олувчига ўтадиган ҳоллар бундан мустасно.



107-модда. Ташқи бошқарув режасини кўриб чиқиш

Ташқи бошқарув режаси кредиторларнинг йиғилиши томонидан кўриб чиқилади, йиғилиш ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан икки ойдан кечиктирмай ташқи бошқарувчи томонидан чақирилади. Ташқи бошқарувчи барча кредиторларга кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида ёзма шаклда хабар қилади ҳамда мазкур йиғилиш ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин уларга ташқи бошқарув режаси билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлайди.

Кредиторлар йиғилишида ташқи бошқарувчи, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили ҳамда қарздорнинг ходимлари вакили маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ташқи бошқарув режаси, агар йиғилишда иштирок этаётган кредиторларнинг ярмидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берган бўлса, тасдиқланган деб ҳисобланади.

Кредиторлар йиғилиши қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор;

ташқи бошқарув режасини рад этиш ҳамда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

ташқи бошқарув режасини рад этиш ҳамда ташқи бошқарувчини вазифасини бажаришдан айни бир пайтда ташқи бошқарувчиликка тавсия этилаётган янги номзодни тасдиқлаган ҳолда озод қилиш ҳақидаги тегишли илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор. Ушбу қарорда ташқи бошқарувнинг янги режасини кўриб чиқиш учун кредиторларнинг кейинги йиғилиши чақириладиган сана назарда тутилган бўлиши ва бу муддат кредиторлар йиғилиши мазкур қарорни чиқарган кундан эътиборан бир ойдан ошмаслиги керак.

Кредиторлар йиғилишида тасдиқланган ташқи бошқарув режаси ва кредиторлар йиғилишининг баённомаси кредиторлар йиғилиши ўтказилган санадан эътиборан беш кундан кечиктирмай ташқи бошқарувчи томонидан иқтисодий судга тақдим этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муддатларда иқтисодий судга ташқи бошқарув режаси тақдим этилмаган бўлса, иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.


108-модда. Ташқи бошқарув муддатини узайтириш

Кредиторларнинг йиғилиши ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса ва унда назарда тутилган ташқи бошқарув муддати белгиланган дастлабки муҳлатдан ортиқ бўлса, агар ташқи бошқарув муддатини узайтириш ёки ташқи бошқарувнинг тасдиқланган режасини амалга ошириш қарздорнинг тўлов қобилияти тикланишига олиб келади деб ҳисоблаш учун етарли асослар бўлса, иқтисодий суд ташқи бошқарув муддатини узайтириш тўғрисида ажрим чиқаради. Бундай ҳолларда умумий муҳлат ушбу Қонуннинг 91-моддасида белгиланган муддатлардан ошиб кетмаслиги лозим.


109-модда. Қарздорнинг тўлов қобилиятини

тиклаш чора-тадбирлари

Ташқи бошқарув режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш юзасидан қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилиши мумкин:

ишлаб чиқаришни қайта ихтисослаштириш;

норентабел ишлаб чиқаришларни ёпиш;

дебиторлик қарзларини ундириш;

қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш;

қарздорнинг талабидан ўзганинг фойдасига воз кечиш;

учинчи шахсларнинг қарздорнинг мажбуриятларини бажариши;

қарздорнинг қўшимча акцияларини жойлаштириш;

қарздорнинг корхонасини (бизнесини) мулкий мажмуа сифатида сотиш;

қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш.

Ташқи бошқарув режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг бошқа чора-тадбирлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирлардан ташқари банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг тақдимномасига биноан устав фондида давлат улуши бўлган корхонанинг фаолият кўрсатмаётган объектларини консервация қилиш тўғрисида иқтисодий суд ажрим чиқариши мумкин.


110-модда. Қарздорнинг корхонасини (бизнесини) сотиш

Кредиторларнинг талабларини қондириш мақсадида ташқи бошқарув режасида қарздорнинг корхонасини (бизнесини) мулкий мажмуа сифатида сотиш назарда тутилиши мумкин.

Корхона (бизнес) сотилаётганида қарздорнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга мўлжалланган барча турдаги мол-мулки, шу жумладан ер участкалари, бинолари, иншоотлари, ускуналари, инвентари, хом ашёси, маҳсулоти, талаб қилиш ҳуқуқлари, шунингдек қарздорнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалари (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари), унинг товарлари, ишлари ва хизматлари, қарздорга тегишли бўлган бошқа мутлақ ҳуқуқлар ўзга шахсларга ўтказилади, бошқа шахсларга топширилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бундан мустасно.

Корхона (бизнес) сотилаётганида қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан ўтказилади, унинг хизматига қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ҳақ тўланади. Баҳоловчи ташкилот кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Ташқи бошқарувчи корхонани (бизнесни) кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, харидор ўзига хизмат кўрсатувчи банкнинг тегишли кафолатини тақдим этган тақдирда, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан реализация қилишга ҳақли.

Корхона (бизнес) сотилаётганида корхона (бизнес) сотилаётган пайтда амал қилиб турган барча меҳнат шартномалари ўз кучини сақлаб қолади, иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эса корхонани (бизнесни) сотиб олувчи ихтиёрига ўтади.

Корхонани (бизнесни) сотиш, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, очиқ кимошди савдоси ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Кимошди савдосини ўтказиш шакли ва шартлари кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан белгиланади.

Агар корхона (бизнес) таркибида муомала қобилияти чекланган мол-мулк бўлса, корхонани (бизнесни) сотиш қонунга мувофиқ мазкур мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эга бўла оладиган шахслар иштирокида ёпиқ кимошди савдоси ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Кимошди савдосига қўйиладиган корхонани (бизнесни) сотишда бошланғич нарх, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, корхонанинг мол-мулкини баҳоловчи ташкилот ўтказган баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси қарори билан белгиланади.

Кимошди савдосини ўтказиш шартларида корхонани (бизнесни) сотишдан тушган пул маблағларини қарздор ташқи бошқарув муддати тугашидан камида ўттиз кун олдин олишини назарда тутиш керак.

Ташқи бошқарувчи кимошди савдосининг ташкилотчиси сифатида иш кўради ёки ушбу мақсад учун ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этиб, унинг хизматига қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ҳақ тўлайди. Кимошди савдосини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот қарздорга ва ташқи бошқарувчига нисбатан манфаатдор шахс бўлиши мумкин эмас.

Ташқи бошқарувчи корхона (бизнес) очиқ кимошди савдосида сотилиши тўғрисидаги эълонни расмий нашрда кимошди савдоси ўтказиладиган санадан камида ўттиз кун олдин эълон қилиши шарт. Эълонда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

корхона (бизнес) тўғрисидаги маълумотлар ва у билан танишиш тартиби;

кимошди савдосида иштирок этиш учун талабномалар бериш муддатлари, вақти ва жойи;

корхонани (бизнесни) сотишнинг бошланғич нархи;

кимошди савдосини ўтказиш ва унинг якунларини чиқариш вақти ҳамда жойи;

олди-сотди шартномасини тузиш ва тўловлар шартлари ҳамда муддатлари;

қонунчиликка мувофиқ бошқа маълумотлар.

Агар эълонда кўрсатилган муддатларда битта ҳам талабнома олинмаган бўлса ёки битта иштирокчидан талабнома олинган бўлса, корхонани (бизнесни) сотиш бўйича кимошди савдоси амалга ошмаган деб топилади ва ушбу модданинг саккизинчи - ўн биринчи қисмларида назарда тутилган шартларда такрорий кимошди савдоси ўтказилади. Агар корхона (бизнес) биринчи кимошди савдосида сотилмаган бўлса ҳам такрорий кимошди савдоси ўтказилади.

Такрорий кимошди савдосини ўтказиш мақсадида ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига мувофиқ корхонани (бизнесни) сотиш тўғрисидаги янги хабарни амалга ошмаган деб топилган ёки корхона (бизнес) сотилмаган кимошди савдосининг санасидан эътиборан ўн беш кун ичида, ушбу Қонуннинг мазкур моддасида ва 53-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилади. Бунда кимошди савдоси хабар эълон қилинган санадан эътиборан камида ўн беш кунлик муддат ўтгач, ўтказилади. Корхонани (бизнесни) сотиш нархи кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига кўра пасайтирилиши мумкин, бироқ бунда пасайтириш аввалги кимошди савдосидаги нархнинг 10 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

Корхонанинг (бизнеснинг) олди-сотди шартномаси кимошди савдоси ғолиби билан ташқи бошқарувчи ўртасида кимошди савдоси якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тузилади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдосининг ташкилотчиси кимошди савдоси ўтказилган куни ана шу савдонинг натижалари тўғрисида баённома имзолайди, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс кимошди савдоси баённомасини ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган тақдирда ўзи тўлаган закалатдан маҳрум бўлади. Закалат суммаси кимошди савдоси ташкилотчиларининг ушбу тадбирни ўтказишга кетган чиқимлари чегириб ташланган ҳолда қарздор мол-мулкининг таркибига киритилади.

Агар корхона (бизнес) ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган шартларда сотилмаган бўлса, ташқи бошқарувчи, ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига биноан корхонани (бизнесни) оммавий оферта воситасида кимошди савдосига қўйиши ва расмий нашрда оммавий оферта тўғрисидаги таклиф эълон қилингач, камида ўн беш кундан кейин унинг учун энг юқори нархни таклиф қилган шахс билан корхонанинг (бизнеснинг) олди-сотди шартномасини тузиши мумкин.

Корхонани (бизнесни) сотишдан тушган сумма ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қарздор тўла ҳажмда қондириш имкониятига эга бўлган ҳолларда ташқи бошқарувчининг аризасига биноан иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилиши лозим.

Агар корхонани (бизнесни) сотишдан тушган сумма кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондириш учун етарли бўлмаса, ташқи бошқарувчи кредиторларга келишув битими тузишни таклиф этади. Келишув битимига эришилмаган тақдирда, иқтисодий суд ташқи бошқарувчининг аризасига биноан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Корхонани (бизнесни) сотишдан тушган сумма тугатиш массасини ташкил этади ҳамда ушбу Қонуннинг 133, 134 ва 169-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида тақсимланиши керак.


111-модда. Қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш

Қарздорнинг мол-мулки инвентаризация қилинганидан ва баҳоланганидан кейин ташқи бошқарувчи, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкнинг бир қисмини очиқ кимошди савдосида сотишни бошлашга ҳақли.

Қарздор мол-мулкининг бир қисми сотилиши қарздорнинг ўз хўжалик фаолиятини амалга оширишини имконсиз қилиб қўймаслиги керак.

Қарздорнинг муомала қобилияти чекланган мол-мулки қонунга мувофиқ мазкур мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эга бўла оладиган шахслар иштирокида ёпиқ кимошди савдоси ўтказиш орқали реализация қилинади.

Кимошди савдосига қўйиладиган мол-мулкнинг бир қисмини сотишда бошланғич нарх, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулкини баҳоловчи ташкилот ўтказган баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси қарори билан белгиланади.

Қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш бўйича кимошди савдоси ушбу Қонуннинг 110-моддасида назарда тутилган тартибда ўтказилади.

Ташқи бошқарувчи қарздор мол-мулкининг бир қисмини кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, харидор ўзига хизмат кўрсатувчи банкнинг тегишли кафолатини тақдим этган тақдирда, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан реализация қилишга ҳақли.

Ташқи бошқарув жараёнида ташқи бошқарувчи қарздорнинг арзонбаҳо ва тез ишдан чиқадиган мол-мулкини, шунингдек хом ашё ва тайёр маҳсулоти қолдиқларини кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, кимошди савдоси ўтказмаган ҳолда олди-сотди шартномалари асосида сотишга ҳақли.

Қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотишдан тушган сумма тугатиш массасини ташкил этади ҳамда ушбу Қонуннинг 133, 134 ва 169-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида тақсимланиши керак.


112-модда. Қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларидан

ўзганинг фойдасига воз кечиш

Қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш ташқи бошқарувчи томонидан, агар ташқи бошқарув режасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитасининг розилиги билан талаб қилиш ҳуқуқларини очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Агар ташқи бошқарув режасида қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини кимошди савдоси ўтказмасдан муайян харидорга сотиш имконияти назарда тутилган бўлса ёки талаб қилиш ҳуқуқлари кимошди савдосида сотилмаган бўлса, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси талаб қилиш ҳуқуқларининг сотиш нархини ва бундай сотувнинг бошқа шартларини белгилайди.



113-модда. Қарздор мажбуриятларининг қарздор

мол-мулкининг эгаси ёки учинчи шахс томонидан

бажарилиши

Қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси ташқи бошқарув тугагунга қадар истаган вақтда кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторларнинг талабларини бир йўла қондиришга ҳақли.

Қарздорнинг пул мажбуриятлари учинчи шахс (учинчи шахслар) томонидан бажарилишига, бундай бажариш кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторларнинг талабларини бир йўла қаноатлантирган тақдирда, йўл қўйилади.

Кредиторнинг ўзи ҳақидаги, у билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун зарур маълумотларни тақдим этиш мажбуриятларини бузганлиги, худди шунингдек ижрони таъминлашдан бошқача тарзда бош тортганлиги оқибатида ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш мумкин бўлмаганда, пул маблағлари қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) нотариуснинг ёки суднинг депозитига киритилиши мумкин.



114-модда. Қарздорнинг қўшимча

акцияларини жойлаштириш

Қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида ташқи бошқарув режасида қарздор акциядорлик жамиятининг қўшимча акцияларини жойлаштириш имконияти назарда тутилиши мумкин. Қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан устав фондини кўпайтириш имконияти ташқи бошқарув режасига фақат зарурий қарорни қабул қилган қарздорнинг акциядорлари умумий йиғилишининг илтимосномасига биноан, агар бу илтимоснома ташқи бошқарувчига ташқи бошқарув тугайдиган санага камида олти ой қолганида юборилган бўлса, киритилиши мумкин.

Қарздор акциядорлик жамиятининг устав фондини унинг қўшимча акцияларини чиқариш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги қарор кредиторлар йиғилиши томонидан қабул қилинади. Агар қарздорнинг устав фондини унинг қўшимча акцияларини жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда эълон қилинган акцияларнинг қарздор уставида белгиланган миқдорини кўпайтириш қисмига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарур бўлса, унда қарздорнинг уставига фақат қонунчиликда назарда тутилган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганидан кейин устав фондини кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин бўлади.

Қарздорнинг қўшимча акцияларини жойлаштириш асосан очиқ обуна бўйича уларнинг ҳақини фақат пул маблағлари билан тўлаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Қарздорнинг акциядорлари қарздорнинг жойлаштириладиган акцияларини акциядорлик жамиятининг ўзларига тегишли акциялари миқдорига мутаносиб миқдорда ва ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланадиган нархда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Қўшимча акциялар акциядорлар ўртасида жойлаштирилаётган акцияларнинг номинал қийматидан паст бўлмаган нархда жойлаштирилади, бунда жойлаштирилаётган акцияларнинг ҳаммасини мазкур нархда сотиш барча кредиторларнинг талабларини тўла қаноатлантириш учун етарли пул маблағлари тўпланишига олиб келиши шарт. Акцияларни акциядорлар ўртасида жойлаштириш нархи қарздорнинг ташқи бошқарувчиси томонидан белгиланади ва кредиторларнинг умумий йиғилишида тасдиқланади. Қарздорнинг қўшимча акцияларини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқни амалга ошириш учун қарздорнинг акциядорларига бериладиган муддат кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланади, лекин бу муддат акцияларни жойлаштириш бошланадиган санадан эътиборан ўттиз кундан кам бўлиши мумкин эмас.

Қарздорнинг акциядорлари ўртасида жойлаштирилмаган қўшимча акциялар ташқи бошқарувчи томонидан очиқ кимошди савдосида реализация қилинади. Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, илгари қарздорнинг акциядорлари бўлмаган, қарздорнинг янги эмиссиядаги акцияларини сотиб олган шахслар қонунчиликда назарда тутилган тартибда қарздорга сотиб олинган акциялар суммасида ўз талабларини билдиришга ҳақли.


115-модда. Қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш

Қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш қарздорнинг мол-мулки асосида битта акциядорлик жамиятини ёки бир нечта акциядорлик жамиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш имконияти, агар шундай қарор қабул қилиниши учун барча кредиторлар овоз берган бўлсалар, кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ ташқи бошқарув режасига киритилиши мумкин.

Қарздорнинг мол-мулки асосида битта акциядорлик жамиятини ёки бир нечта акциядорлик жамиятини ташкил этиш орқали қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш қарздор мол-мулки эгасининг ёки қарздорнинг тегишли битимларни тузиш ҳақида қарор қабул қилишга таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган бошқарув органининг қарори асосида ташқи бошқарув режасига киритилиши мумкин.

Агар ташқи бошқарув режасида битта акциядорлик жамиятини ташкил этиш назарда тутилган бўлса, унинг устав фондига қарздорнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланган барча мол-мулки, шу жумладан мулкий ҳуқуқлари киритилади.

Агар ташқи бошқарув режасида бир нечта акциядорлик жамиятини ташкил этиш назарда тутилган бўлса, уларнинг устав фондларига қарздорнинг айрим фаолият турларини амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулки киритилади. Ташкил этилаётган акциядорлик жамиятларининг устав фондларига қарздорнинг ҳақ тариқасида киритилаётган мол-мулки таркиби ташқи бошқарув режаси билан белгиланади.

Ташкил этилаётган жамиятлар устав фондларининг миқдори киритилаётган мол-мулкнинг баҳоловчи ташкилот томонидан қарздор мол-мулки эгаси ёки қарздорнинг тегишли битимларни тузиш тўғрисида қарор қабул қилишга таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган бошқарув органи таклифларини ҳисобга олган ҳолда аниқланган баҳолаш қиймати асосида белгиланади.

Қарздорнинг активлари ўрни алмаштирилаётганда қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар амалда бўлган барча меҳнат шартномалари, иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари янги ташкил этилаётган акциядорлик жамиятига ёки акциядорлик жамиятларига ўтказилган ҳолда, ўз кучини сақлаб қолади. Қарздорнинг айрим фаолият турларини амалга оширишга доир лицензиялари қонунчиликда белгиланган тартибда қайта расмийлаштирилиши керак.

Мол-мулкнинг баҳолаш қиймати кредиторлар талабларининг суммасидан ортиқ бўлса, қарздорнинг мол-мулки асосида ташкил этилган акциядорлик жамияти ёки акциядорлик жамиятларининг акциялари қарздорнинг мол-мулки таркибига киритилади ва бундай акциялар, агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланган бўлмаса, очиқ кимошди савдосида сотилиши мумкин.

Қарздорнинг мол-мулки асосида ташкил этилган акциядорлик жамияти ёки акциядорлик жамиятлари акцияларини сотиш барча кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун пул маблағлари тўпланишини таъминлаши керак.

Қарздорнинг мол-мулки асосида ташкил этилган акциядорлик жамияти ёки акциядорлик жамиятлари акцияларини очиқ кимошди савдосида сотиш ушбу Қонуннинг 110-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ташқи бошқарув режасида қарздорнинг мол-мулки асосида ташкил этилган акциядорлик жамияти ёки акциядорлик жамиятлари акцияларини қимматли қоғозлар бозорида сотиш назарда тутилиши мумкин.

Кредиторларнинг талабларини қондириш ушбу Қонуннинг 133 ва 134-моддаларида белгиланган навбат тартибида амалга оширилиши лозим.

Қарздор мол-мулкининг баҳолаш қиймати кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ талаблар суммасидан ошмаса, қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилишни ёқлаб барча кредиторлар овоз берган тақдирда, кредиторлар йиғилиши мазкур қарорни қарздорнинг барча мол-мулкини акциядорлик жамиятининг устав фондига ёки бир нечта акциядорлик жамиятининг устав фондларига қарздор мол-мулки эгасининг ёки қарздорнинг тегишли битимларни тузиш тўғрисида қарор қабул қилишга таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган бошқарув органининг розилигисиз киритиш йўли билан қабул қилиши мумкин. Бунда мазкур жамиятлар устав фондларининг миқдори киритилаётган мол-мулкнинг баҳоловчи ташкилот аниқлаган баҳолаш қиймати асосида белгиланади. Бундай ҳолларда қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш ўтказилгунга қадар ташқи бошқарувчи томонидан иш ҳақи бўйича, алиментларни ундириш тўғрисидаги талабларни қондириш учун ҳисобварақдан пул маблағларини ўтказишни ёки беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари, муаллифлик шартномалари юзасидан ҳақ тўлаш бўйича, қарздорнинг меҳнатга оид муносабатлар ва уларга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи мажбурий тўловлар ва талаблар бўйича мажбуриятлари бир хил - тенг даражада бажарилишини таъминлайдиган, шунингдек жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида фуқароларнинг мол-мулкларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир талаблари бўйича қарзлар узилиши шарт.

Акциядорлик жамиятининг ёки акциядорлик жамиятларининг устав фондидаги акцияларни кредиторлар ўртасида тақсимлаш кредиторларнинг талаблари реестридаги ўз улушига мутаносиб равишда, кредиторларга акциядорлик жамиятининг ёки акциядорлик жамиятларининг муассислари (акциядорлари) бўлиш ҳуқуқи берилган ҳолда амалга оширилади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин ташқи бошқарувчи ушбу Қонуннинг 142-моддаси талабларига мувофиқ ҳисобот тайёрлайди ва ушбу Қонуннинг 144-моддасида белгиланган тартибда қарздор корхонанинг банкротлиги таомилини тугаллайди.

Қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш банкротлик таомили қайси банк, суғурталовчи, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисига нисбатан амалга оширилаётган бўлса, шу банк, суғурталовчи, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисига нисбатан қўлланмайди.



116-модда. Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи

Ташқи бошқарувчи ташқи бошқарув муддатлари тугаши муносабати билан ёки уни муддатидан илгари тугатиш учун асослар бўлса, кредиторлар йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг (органларнинг) талабига биноан, шунингдек кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторлар талабларини қондириш учун етарли пул маблағлари тўпланган тақдирда кредиторлар йиғилиши кўриб чиқиши учун ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ташқи бошқарувчи, агар кредиторлар йиғилиши томонидан ҳисоботни кўриб чиқиш натижалари юзасидан муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китоблар бошлаш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса, иқтисодий судга ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботида қуйидагилар бўлиши керак:

қарздорнинг сўнгги ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра бухгалтерия баланси;

пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот;

қарздорнинг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисобот;

қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга қаратилиши мумкин бўлган бўш пул маблағлари бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг дебиторлик қарзи тафсилоти ҳамда қарздорнинг амалга оширилмай қолган талаб қилиш ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг кредиторлик қарзини узиш имконияти тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботига кредиторларнинг талаблари реестри илова қилинган бўлиши керак.

Ташқи бошқарувчи ҳисоботни тақдим этиш билан бир вақтда кредиторлар йиғилишига қуйидаги таклифлардан бирини киритади:

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги муносабати билан ташқи бошқарувни тугатиш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга ўтиш тўғрисидаги таклиф;

келишув битими тузиш тўғрисидаги таклиф;

ташқи бошқарувнинг муддатини узайтириш тўғрисидаги таклиф;

ташқи бошқарувни тугатиш ҳамда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги таклиф.


117-модда. Ташқи бошқарувчининг

ҳисоботини кўриб чиқиш

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугагандан кейин ўн кундан кечиктирмай ёки ташқи бошқарувни муддатидан илгари тугатиш учун асослар юзага келганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай ёхуд кредиторлар йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг (органларнинг) талабига биноан кредиторлар йиғилиши чақирилган тақдирда бир ойдан кечиктирмай чақириладиган кредиторлар йиғилиши томонидан кўриб чиқилади.

Ташқи бошқарувчи барча кредиторларни ташқи бошқарувчининг ҳисоботини кўриб чиқиш бўйича кредиторлар йиғилиши ўтказилиши тўғрисида ушбу Қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.

Ташқи бошқарувчи кредиторларга ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугашига камида ўн беш кун қолганида ёки кредиторлар йиғилишини чақиришнинг белгиланган санасига камида ўн кун қолганида ташқи бошқарувчининг ҳисоботи билан олдиндан танишиш имкониятини бериши шарт.

Кредиторлар йиғилиши ташқи бошқарувчининг ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга киришганлиги муносабати билан ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

ташқи бошқарувнинг белгиланган муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор.



118-модда. Ташқи бошқарувчи ҳисоботининг

иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши

Ташқи бошқарувчининг кредиторлар йиғилиши томонидан кўриб чиқилган ҳисоботи ва кредиторлар йиғилишининг баённомаси кредиторлар йиғилиши ўтказилган санадан кейин беш кундан кечиктирмай иқтисодий судга юборилади.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботига кредиторларнинг талаблари реестри ва кредиторлар йиғилиши қабул қилган қарорга қарши овоз берган ёки овоз беришда иштирок этмаган кредиторларнинг шикоятлари илова қилиниши лозим.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи ва кредиторларнинг шикоятлари иқтисодий суд томонидан мажлисда кўриб чиқилади. Иқтисодий суднинг мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида ташқи бошқарувчи, шунингдек шикоят берган кредиторлар хабардор қилинади. Хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги банкротлик тўғрисидаги ишни кўришга монелик қилмайди.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи, агар кредиторларнинг барча талаблари кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ қаноатлантирилган бўлса ёки қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтилиши муносабати билан кредиторлар йиғилиши ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса ёки кредиторлар йиғилиши томонидан муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китоблар бошланиши ҳақида қарор қабул қилинган бўлса ёхуд ташқи бошқарувчи муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш ҳақида илтимоснома берган бўлса ёки кредиторлар билан қарздор ўртасида келишув битими тузилган бўлса ёхуд кредиторлар йиғилиши томонидан ташқи бошқарув муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса, иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши лозим.

Иқтисодий суд, агар қуйидагилар аниқлангудек бўлса, ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этади:

кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилмаганлиги;

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши аломатлари йўқлиги;

муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш учун асослар йўқлиги;

келишув битимини тасдиқлаш учун монелик борлиги.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари юзасидан иқтисодий суд, агар:

кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторлар талаблари қаноатлантирилган бўлса ёки келишув битими иқтисодий суд томонидан тасдиқланган бўлса, банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш ҳақида;

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши муносабати билан кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисидаги илтимосномаси қондирилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтиш ҳақида;

кредиторлар йиғилишининг ёки ташқи бошқарувчининг муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қилишни бошлаш тўғрисидаги илтимосномаси қондирилган тақдирда, муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш ҳақида;

ташқи бошқарув муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома қондирилган тақдирда, ташқи бошқарув муддатини узайтириш ҳақида;

ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради.

Кредиторлар йиғилишининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимосномаси бўлса, шунингдек ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни иқтисодий суд рад этган ёки ташқи бошқарувчининг ҳисоботи ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугаган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида тақдим этилмаган ёхуд унинг ушбу Қонун 117-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган қарорларидан ҳеч бири қабул қилинмаган бўлса, иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


119-модда. Кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтиш

тўғрисида ажрим чиқариш оқибатлари

Иқтисодий суд томонидан кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтиш тўғрисида ажрим чиқарилиши кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ барча кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш учун асос бўлади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтиш тўғрисида иқтисодий суд чиқарган ажримда кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тугатиш муддати белгиланади, бу муддат мазкур ажрим чиқарилган санадан эътиборан олти ойдан ошмаслиги лозим.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугалланганидан ва ташқи бошқарувчининг ҳисоботи кредиторлар билан ҳисоб-китоблар якунларига кўра иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилганидан кейин тугатилади.

Агар иқтисодий суд томонидан белгиланган муддатда кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қилинмаган бўлса, иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.


120-модда. Муайян навбатдаги кредиторлар билан

ҳисоб-китобларни бошлаш тўғрисида

ажрим чиқариш оқибатлари

Иқтисодий суд томонидан муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш тўғрисида ажрим чиқарилиши кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш учун асос бўлади.

Иқтисодий суднинг муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар белгилаб қўйилади:

талаблари қондирилиши бошланадиган кредиторлар талабларини қондириш навбати;

навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни тугаллаш навбатининг мазкур ажрим чиқарилган санадан эътиборан икки ойдан ошмаслиги шарт бўлган муддати;

бундай навбатдаги кредиторлар талабларини қондириш нисбатлари.

Кредиторларнинг улар билан ҳисоб-китобларни бошлаш ҳақида ажрим чиқарилган кредиторларга нисбатан навбат тартибида қондирилиши лозим бўлган талаблари иқтисодий суд томонидан аниқланган тақдирда, иқтисодий суд кредиторларнинг талабларини қондириш тартибини ўзгартириш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Агар муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китоблар иқтисодий суд томонидан белгиланган муддатда амалга оширилмаган ёки ҳисоб-китоблар белгиланган нисбатда амалга оширилмаган бўлса, кредитор муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган санадан унинг талаблари тегишлича тўла ёхуд белгиланган нисбатда қаноатлантирилган санага қадар тўланмаган суммага Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасида белгиланган миқдорда фоизлар ҳисобланишини талаб қилишга ҳақли.


121-модда. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар иқтисодий суд томонидан кредиторлар билан ҳисоб-китобларга ўтиш тўғрисидаги ажрим ёки муайян навбатдаги кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ташқи бошқарувчи томонидан кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ амалга оширилади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбурияти бажарилган пайтдан бошлаб ташқи бошқарувчи кредиторларнинг талаблари реестрига тегишли ёзувни киритади.



122-модда. Кредиторлар талабларининг қаноатлантирилиши

Кредиторларнинг қондирилган талаблари, шунингдек воз кечиш ҳақи ёки мажбуриятларнинг янгиланиши ёхуд пул мажбуриятлари ўзгача тарзда тугатилганлиги тўғрисида келишувга эришилган талаблар ҳамда ушбу Қонуннинг 134 ва 138-моддаларига мувофиқ қондирилган деб эътироф этиладиган бошқа талаблар қаноатлантирилган деб ҳисобланади.



123-модда. Ташқи бошқарувчининг

ваколатларини тугатиш тартиби

Банкротлик тўғрисидаги иш юритишнинг тугатилиши ёки иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва қарздорга нисбатан тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши ташқи бошқарувчининг ваколатлари тугашига олиб келади.

Агар ташқи бошқарув келишув битими тузилиши ёки кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилиши билан тамомланса, ташқи бошқарувчи янги раҳбар сайлангунга (тайинлангунга) қадар қарздорнинг раҳбари вазифасини бажаришни давом эттириб туради.

Ташқи бошқарувчи қарздорнинг раҳбарини сайлаш (тайинлаш) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун қарздорнинг бошқарув органини ўз ташаббуси билан чақиришга ҳақли. Қарздорнинг ва қарздор мол-мулки эгасининг бошқа бошқарув органлари ваколатлари тикланади.

Агар иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда тугатиш бошқарувчиси этиб бошқа шахс тайинланган бўлса, ташқи бошқарувчи тугатиш бошқарувчисига ишларни топширгунга қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради. Ташқи бошқарувчи тугатиш бошқарувчиси тайинланган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ишларни унга топшириши шарт.


VII БОБ. ТУГАТИШГА ДОИР ИШ ЮРИТИШ

124-модда. Тугатишга доир иш юритишни бошлаш

Иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади.

Тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошиши мумкин эмас. Зарурат бўлганда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ёки иқтисодий суднинг ташаббуси билан бу муддат кўпи билан уч ойга узайтирилиши мумкин.

Тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш учун қуйидаги ҳолатлар асос бўлиши мумкин:

иқтисодий суд ишини юритишда қарздор юридик шахснинг ёки унинг кредиторларининг мулкий манфаатига дахл қилувчи ишнинг мавжудлиги;

қарздор юридик шахснинг реализация қилинмаган мол-мулки мавжудлиги, бундан ушбу Қонуннинг 56-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш, қарздорнинг мансабдор шахслари томонидан қарздор юридик шахснинг ва унинг кредиторларининг манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар содир этилганлиги аломатлари бўйича жиноят ишининг мавжудлиги;

тугатиш бошқарувчисининг тугатиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисидаги иқтисодий суднинг ажримида кўрсатилган қонунчилик бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан аниқланган қонунчилик бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда.

Иқтисодий суднинг тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорида қарздор юридик шахс фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, кредиторлар йиғилишининг ва (ёки) тегишли давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг илтимосномасига кўра тугатишга доир иш юритиш қарздорнинг фаолиятини тўхтатмасдан амалга оширилишини кўрсатиши мумкин. Бунда қарздор юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузилган ва фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган шартномаларини бажаришни тўхтатишга ёки уларни бажаришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза қабул қилинганидан кейин қарздор томонидан алоҳида кредитор ёки бошқа шахс билан тузилган битим, агар бундай битим бир кредиторнинг бошқа кредитор олдидаги пул мажбуриятлари бўйича талабларини афзалроқ тарзда қаноатлантиришга олиб келса, тугатиш бошқарувчисининг ёки кредиторнинг аризасига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қарздор юридик шахснинг фаолиятини тўхтатмасдан тугатишга доир иш юритишни амалга ошириш таомили, агар икки ҳисобот чораги якунларига кўра фаолиятдан кетма-кет зарар кўрилган бўлса, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб топилади.

Қарздор юридик шахснинг фаолиятини тўхтатмасдан тугатишга доир иш юритишни амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, иқтисодий суд қарздор юридик шахснинг фаолиятини тўхтатмасдан тугатишга доир иш юритишни амалга оширишни бекор қилиши ва тугатишга доир иш юритишнинг умумий таомилига ўтиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.



125-модда. Тугатишга доир иш юритишни бошлаш оқибатлари

Иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан:

қарздорнинг мол-мулкини бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ ёки унинг мол-мулкини учинчи шахслар фойдаланиши учун топширишга сабаб бўлувчи битимлар тузишга фақат ушбу бобда белгиланган тартибда йўл қўйилади;

қарздорнинг барча пул мажбуриятларини бажариш муддати, шунингдек кечиктирилган мажбурий тўловларни тўлаш муддати бошланган деб ҳисобланади;

қарздорнинг барча турдаги қарзлари бўйича неустойка (жарима, пеня) ва фоизларни ҳисоблаш тугатилади;

мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек аввал ҳисобланган ва ундирилмаган мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблаш тўхтатиб турилади;

қарздорнинг молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотлар махфий тоифага (шу жумладан тижорат сирига) мансублигини йўқотади;

ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга доир барча чекловлар олиб ташланади;

ижро ҳужжатларини ижро этиш тугатилади. Пул мажбуриятлари, мажбурий тўловлар бўйича барча талаблар, бошқа мулкий талаблар фақат тугатишга доир иш юритиш доирасида қарздорга тақдим этилиши мумкин, мулк ҳуқуқини эътироф этиш, маънавий зиённи компенсация қилиш, мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, асоссиз орттирилган бойликни қайтариш, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисидаги талаблар, шунингдек жорий тўловлар бўйича талаблар бундан мустасно.

Тугатишга доир иш юритиш бошланишидан олдин, мазкур иш юритиш бошлангандан кейин олинган ҳосилга, маҳсулотга ва қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкидан фойдаланишдан олинган даромадларга нисбатан кредиторнинг ўз талабларини бажариш таъминоти сифатидаги ҳуқуқи татбиқ этилмайди.

Ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисига мувофиқ ижро этилиши тугатилган ижро ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ижрочилари томонидан тугатиш бошқарувчисига ўтказилиши лозим. Қарздорнинг барча мажбуриятлари бажарилишига фақат тугатишга доир иш юритиш доирасида йўл қўйилади.

Иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан қарздорнинг бошқарув органлари қарздорнинг мол-мулкини бошқариш ва тасарруф этиш вазифаларини бажаришдан, агар илгари четлаштирилмаган бўлса, четлаштирилади, қарздор раҳбарининг ваколатлари тугатилади (қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади), қарздорнинг ишларини бошқариш тугатиш бошқарувчисига юклатилади, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини бошқариш ва тасарруф этиш бўйича мулкдорнинг ваколатлари тугатилади. Тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки мазкур раҳбарни бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Ушбу бобда белгиланган ҳолларда тугатишга доир иш юритиш жараёнида қарздорнинг иштирокчилари (муассислари) банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқларига эга бўладилар.


126-модда. Тугатиш бошқарувчиси

Иқтисодий суд қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилаётганда тугатиш бошқарувчисини ташқи бошқарувчини тайинлаш учун назарда тутилган тартибда тайинлайди. Устав фондида давлат улуши бўлган корхона банкрот деб топилган тақдирда, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ҳам тугатиш бошқарувчилигига номзод тақдим этиши мумкин.


127-модда. Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш

юритишни бошлаш тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш

Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш тугатиш бошқарувчиси томонидан ушбу Қонуннинг 52 ва 53-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида эълон қилинаётган маълумотларда қуйидагилар бўлиши керак:

банкрот деб топилган қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва бошқа реквизитлари;

банкротлик тўғрисидаги иш юритаётган иқтисодий суднинг номи ва ишнинг тартиб рақами;

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида иқтисодий суд қарор қабул қилган сана;

кредиторлар талабларини қўйишнинг белгиланган муддати, бу муддат мазкур эълон чиққан санадан эътиборан камида бир ой бўлиши шарт;

қарздорга ўз талабларини билдиришлари учун кредиторларнинг почта манзили;

тугатиш бошқарувчиси тўғрисидаги маълумотлар.

Қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги маълумотларни тугатиш бошқарувчиси бошқарувчиликка тайинланган пайтдан эътиборан ўн кундан кечиктирмай расмий нашрда эълон қилиш учун юбориши лозим.



128-модда. Тугатиш бошқарувчисининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Тугатиш бошқарувчиси тайинланган пайтдан эътиборан қарздорнинг ишларини бошқариш ҳамда қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича барча ваколатлар унинг зиммасига ўтади.

Тугатиш бошқарувчиси қуйидагиларга ҳақли:

қарздорнинг мол-мулкини ушбу Қонуннинг 101-моддасига мувофиқ тасарруф этиш;

ходимлар билан, шу жумладан қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш;

қарздорнинг шартномаларини бажаришдан ушбу Қонуннинг 102-моддасида белгиланган тартибда бош тортиш;

тугатишга доир иш юритиш билан боғлиқ бўлган жорий харажатларни молиялаштириш учун кредиторлар йиғилиши билан келишувга мувофиқ кредитлар олиш;

қарздор томонидан тузилган битимларни, агар қонунчиликда назарда тутилган асослар бўлса, ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъволар тақдим этиш;

қарздорни банкротликка олиб келганлиги муносабати билан унинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўладиган учинчи шахсларга нисбатан талаблар қўйиш. Мазкур талабларнинг миқдори кредиторлар талабларининг суммаси билан тугатиш массаси ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқланади. Ундирилган суммалар тугатиш массасига қўшилади ва улардан фақат кредиторларнинг талабларини қондириш учун ушбу Қонуннинг 133, 134 ва 169-моддаларида белгиланган навбат тартибида фойдаланилиши мумкин.

Тугатиш бошқарувчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Тугатиш бошқарувчиси:

қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши, уни инвентаризация қилиши ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши, унинг бут сақланиши чораларини кўриши;

қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиши;

кредиторлар йиғилишини ва кредиторлар қўмитасини чақириши;

қарздор олдидаги қарзларни ундириш чораларини кўриши;

қарздор тугатилганда унинг ходимлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинажаги тўғрисида уларни хабардор этиши;

кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши ва уларнинг талабларини кўриб чиқиши;

кредиторнинг талабига кўра қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўн кунлик муддатда тақдим этиши;

қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидириш, аниқлаш ва қайтаришга қаратилган чораларни кўриши;

қарздорнинг қонунчиликка мувофиқ сақланиши лозим бўлган ҳужжатларини сақлашга топшириши шарт.

Тугатиш бошқарувчисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи) тугатиш бошқарувчиси тайинланган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида қарздорнинг бухгалтерия ва бошқа ҳужжатлари, муҳр ва штамплари (муҳрлар ва штамплар мавжуд бўлган тақдирда), моддий ва бошқа қимматликлари тугатиш бошқарувчисига топширилишини таъминлайди. Мазкур мажбуриятни бажаришдан бош тортилса, қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи), шу жумладан қарздор юридик шахснинг раҳбари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.


129-модда. Банкрот юридик шахсни тугатиш режаси

Банкрот юридик шахсни тугатиш режасида қуйидагилар бўлиши лозим:

банкротнинг молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотлар;

кредиторларнинг талабларини қондириш шартлари, тартиби, навбати ва нисбати;

банкрот мол-мулки эгасининг, меҳнат жамоасининг манфаатлари ҳисобга олинганлиги;

сотилиши лозим бўлган мол-мулк рўйхати;

мол-мулкни сотиш санаси, вақти, жойи ва усули;

суд харажатларини тўлаш, тугатиш бошқарувчисига, экспертлар ва бошқа шахсларнинг фаолиятига ҳақ тўлаш шартлари.

Банкрот юридик шахсни тугатиш режаси кредиторлар йиғилиши билан келишиб олиниши керак ва режа, агар талаблар жами суммасининг камида учдан икки қисмини ифода этувчи кредиторлар томонидан қўллаб-қувватланса, маъқулланган деб ҳисобланади. Агар тугатиш режаси маъқулланмаган бўлса, кредиторлар эса банкрот юридик шахсни тугатишга доир режасини белгиланган муддатда тақдим этмаган бўлса, тугатиш бошқарувчиси ўз режасини тасдиқлайди.

Агар қарздорнинг ўзи банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ташаббускори бўлса, у ўз тугатиш режасини тақдим этишга ҳақли.

Банкрот юридик шахсни тугатишнинг тасдиқланган режаси асосида мол-мулк сотилади ҳамда кредиторларнинг қарздорга қўядиган талаблари ушбу Қонуннинг 133, 134, 135 ва 169-моддаларида белгиланган тартибда қондирилади.



130-модда. Тугатиш массаси

Банкрот юридик шахснинг барча активлари, балансларда кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, тугатиш массасини шакллантирувчи асосни ташкил этади.

Тугатиш массасига қуйидагилар кирмайди:

қарздор ходимларининг хусусий мулкидаги мол-мулк;

ишончли бошқарувдаги, қарздор ижара ҳуқуқи асосида фойдаланаётган мол-мулк;

гаров нарсаси, ушбу Қонуннинг 133-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

қарздорга жавобгарлик асосида сақлаш учун берилган товарлар;

қонунчиликка мувофиқ қарздорнинг мулки бўлмаган бошқа мол-мулк.

Қарздорнинг балансида белгиланганидан бошқа мақсадда, шу жумладан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлмаган ижтимоий ва коммунал инфратузилма объектлари бўлса, қарздор банкрот деб эълон қилинган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида улар қолдиқ қиймати бўйича тугатиш бошқарувчиси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига топширилади.



131-модда. Қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг мол-мулкини инвентаризация қилади ва қийматини белгилайди. Тугатиш бошқарувчиси мазкур фаолиятни амалга ошириш учун баҳоловчи ташкилотни ва бошқа мутахассисларни, уларнинг хизматлари учун ҳақни, агар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан ҳақ тўлашнинг бошқа манбаи белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан тўлаган ҳолда, жалб этишга ҳақли. Устав фондида давлат улуши бўлган корхонанинг мол-мулки баҳоланаётганда баҳоловчи ташкилот жалб этилиши шарт. Қарздорнинг кредиторлари йиғилиши ёки кредиторлари қўмитаси мазкур хизматлар ҳақини тўлаш мажбурияти юкланадиган, қилган харажатлари кейинчалик қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан навбатдан ташқари қопланадиган шахсни, агар унинг ўзи рози бўлса, тайинлашга ҳақли.

Агар тугатишга доир иш юритиш жараёнида ҳақ тўлаш кўчмас мол-мулк билан амалга оширилаётган бўлса, мазкур мол-мулк, агар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан бошқача қоида белгиланган бўлмаса, уни сотишдан олдин баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади.

Қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулкини баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда ўтказилади.


132-модда. Тугатишга доир иш юритиш жараёнида

қарздорнинг ҳисобварақлари

Тугатиш бошқарувчиси тугатишга доир иш юритиш жараёнида қарздорнинг сўмда иш юритадиган ягона ва валютада иш юритадиган ягона ҳисобварақларидан (бундан буён матнда қарздорнинг ягона ҳисобварақлари деб юритилади) фойдаланиши шарт. Қарздорнинг банкдаги тугатишга доир иш юритиш бошланаётган пайтда маълум бўлган, шунингдек тугатишга доир иш юритиш жараёнида аниқланган бошқа ҳисобварақлари аниқланиши биланоқ тугатиш бошқарувчиси томонидан ёпилиши лозим. Қарздорнинг ана шу ҳисобварақлардаги пул маблағлари қолдиғи қарздорнинг ягона ҳисобварақларига ўтказилиши лозим.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида келиб тушган пул маблағлари ҳам қарздорнинг ягона ҳисобварақларига ўтказилади.

Қарздорнинг ягона ҳисобварақларидан кредиторларга тўловлар ушбу Қонуннинг 133, 134 ва 169-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади ҳамда қуйидагилар тўланади:

тугатиш бошқарувчисига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

қарздорнинг коммунал хизматлар ва фойдаланиш харажатларига оид жорий тўловлари;

банкротлик таомиллари жараёнида юзага келган маълумотларни эълон қилиш, шунингдек қарздорнинг кредиторларини хабардор қилиш билан боғлиқ харажатлар;

тугатишга доир иш юритишни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

Тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг пул маблағларидан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботни кредиторлар йиғилишига ёки кредиторлар қўмитасига уларнинг талабига биноан тақдим этади.


133-модда. Кредиторларнинг қарздорнинг мол-мулки

билан таъминланган талабларини қаноатлантириш

Кредиторларнинг қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган талабларини қаноатлантириш ушбу мол-мулк сотилганидан кейин тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу маблағларнинг қолдиғи кредиторларнинг талабларини ушбу Қонуннинг 134-моддасида белгиланган навбатга мувофиқ қаноатлантириш учун мўлжалланади.

Агар қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкини сотишдан тушган сумма кредиторларнинг ушбу мол-мулк билан таъминланган талабларини тўла қаноатлантириш учун етарли бўлмай қолса, талабларнинг қолган қисми ушбу Қонуннинг 134-моддасида белгиланган навбатга мувофиқ қаноатлантирилиши керак.

Қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкини реализация қилиш бўйича очиқ кимошди савдоси ва (ёки) такрорий очиқ кимошди савдоси амалга ошмаган деб топилган тақдирда, мазкур мол-мулк талаблари ушбу мол-мулк билан таъминланган кредиторларга ўз талаблари ҳисобига ўтказиш учун белгиланган тартибда қабул қилиш учун таклиф этилади. Агар қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулкининг бозор қиймати кредиторларнинг ушбу мол-мулк билан таъминланган талабларидан кўп бўлса, бунда юзага келган фарқнинг ўрни мазкур мол-мулкни ўз талаблари ҳисобига қабул қилаётган кредиторлар томонидан пул шаклида қопланади.

Агар қарздорнинг бутун мол-мулки мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида қабул қилинган бўлса ва мазкур мол-мулкни сотишдан тушган сумма кредиторларнинг қарздорнинг барча мол-мулки билан таъминланган талаблари суммасидан кам ёки унга тенг бўлиб қолса, ушбу кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш ушбу Қонун 134-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган харажатларнинг ўрни қопланганидан ва талаблар қаноатлантирилганидан кейин ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов ҳужжатлари бўйича талаблар қаноатлантирилганидан кейин амалга оширилади.



134-модда. Кредиторларнинг талабларини қондириш навбати

Навбатдан ташқари - суд харажатлари, суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар, жорий коммунал тўловлар ва фойдаланиш тўловлари, қарздорнинг мол-мулкини суғурта қилиш харажатлари қопланади, шунингдек қарздорнинг банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганидан кейин юзага келган мажбуриятлар бўйича талаблар ҳамда қарздор қайси фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлса, шу фуқаронинг талаблари қондирилади.

Биринчи навбатда - иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов (ижро) ҳужжатлари бўйича, алиментлар ундириш тўғрисидаги талабларни қондириш учун ҳисобварақдан пул маблағларини ўтказишни ёки беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича, муаллифлик шартномалари юзасидан ҳақ тўлаш бўйича, қарздорнинг меҳнатга оид муносабатлардан ва уларга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи тўловлар ҳамда талаблар бўйича мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминлайдиган талаблар, шунингдек фуқароларнинг жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида ўз мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир талаблари қондирилади.

Иккинчи навбатда мажбурий тўловлар бўйича, мажбурий суғурта бўйича, банкларнинг кредитлари ва банк кредитлари суғуртаси бўйича талаблар, шунингдек кредиторларнинг қарздор мол-мулки билан таъминланган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулкни сотишдан тушган сумма етарли бўлмаганлиги туфайли қопланмай қолган қарздорликка тааллуқли қисми борасидаги талаблари ҳамда кредиторларнинг қарздор мол-мулки билан таъминланмаган талаблари қаноатлантирилади.

Учинчи навбатда - акциялар эгаларининг ҳисобланган дивидендлар бўйича талаблари қондирилади.

Тўртинчи навбатда - қолган барча талаблар қондирилади.

Ҳар қайси кейинги навбат бўйича талаблар олдинги навбат талаблари тўла қаноатлантирилганидан кейин қондирилади.

Ундириб олинаётган сумма бир навбатнинг барча талабларини тўла қондириш учун етарли бўлмаса, бу талаблар ҳар бир ундирувчи олиши лозим бўлган суммага мутаносиб равишда қондирилади.

Охирги тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида расмий нашрда махсус хабар эълон қилинади.

Мол-мулк қийматининг кредиторлар талаблари қондирилганидан ва банкротлик тўғрисидаги иш юритиш харажатлари тўланганидан кейинги қолдиғини, шунингдек тугатиш жараёнида сотилмай қолган мол-мулкни тугатилаётган қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки тугатилаётган қарздор мол-мулкининг эгаси олади, ушбу Қонуннинг 143-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Мол-мулк етмаганлиги учун қондирилмаган қарз мажбуриятлари қаноатлантирилган деб ҳисобланади.



135-модда. Қарздорнинг мол-мулкини сотиш

Қарздорнинг мол-мулки инвентаризация қилинганидан ва баҳоланганидан кейин тугатиш бошқарувчиси, ушбу мол-мулкни очиқ кимошди савдосида сотишга киришади.

Қарздорнинг мол-мулкини сотиш тартиби ва муддатлари (жадвали) кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан маъқулланган бўлиши керак.

Агар тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг мол-мулкини сотиш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги ўз таклифларини кредиторларга тақдим этган пайтдан эътиборан бир ой ичида қарздорнинг мол-мулкини сотиш тартиби ва муддатлари (жадвали) кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан маъқулланмаган бўлса, кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ёхуд тугатиш бошқарувчиси юзага келган келишмовчиликларни ҳал қилиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли. Мазкур келишмовчиликларни кўриб чиқиш якунларига қараб иқтисодий суд ё мол-мулкни сотиш тартиби ва муддатларини (жадвалини) тасдиқлайди, ёки тугатиш бошқарувчисини вазифасини бажаришдан озод қилади.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида мол-мулкни сотиш муддатларига (жадвалига) ўзгартишлар киритишни талаб этувчи ҳолатлар юзага келса, тугатиш бошқарувчиси мазкур ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан бир ойлик муҳлат ичида муддатларни (жадвални) ўзгартириш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиши ва кредиторлар йиғилишига ёки кредиторлар қўмитасига тақдим этиши шарт.

Қарздорнинг муомала қобилияти чекланган мол-мулки фақат ёпиқ кимошди савдосида сотилиши мумкин. Ёпиқ кимошди савдосида қонунга мувофиқ мазкур мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эга бўла оладиган шахслар иштирок этадилар.

Тугатиш бошқарувчиси кимошди савдосининг ташкилотчиси сифатида иш кўриши ёки кимошди савдосини ўтказишни ихтисослаштирилган ташкилотга шартнома асосида топшириши мумкин. Кимошди савдосини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот қарздорга ва тугатиш бошқарувчисига нисбатан манфаатдор шахс бўлиши мумкин эмас.

Қарздорнинг корхонасини (бизнесини) ёки мол-мулкининг бир қисмини сотиш ушбу Қонуннинг 110 ва 111-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Қонунчиликда айрим қарздор корхонани (бизнесни) ёки унинг мол-мулки бир қисмини банкларга сотишнинг ёки ўтказишнинг бошқача тартиби назарда тутилиши мумкин.


136-модда. Тугатишга доир иш юритиш жараёнида

қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини сотиш

Тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини, агар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини сотишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлмаса, очиқ кимошди савдосига қўйишга ҳақли.

Қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини очиқ кимошди савдосида сотиш ушбу Қонуннинг 112-моддасида назарда тутилган нормаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



137-модда. Тугатишга доир иш юритиш жараёнида

қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида кредиторлар йиғилишининг қарори асосида, башарти шундай қарор қабул қилинишини ёқлаб барча кредиторлар овоз берган бўлса, кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ қарздорнинг активлари ўрни алмаштирилиши мумкин.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида қарздорнинг активларини жойлаштириш учун қарздор мол-мулки эгасининг ёки қарздорнинг тегишли битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилишга таъсис ҳужжатлари билан ваколат берилган бошқарув органининг розилиги талаб қилинмайди.

Қарздорнинг активлари ўрнини алмаштириш ушбу Қонуннинг 115-моддасида белгиланган тартибда ва шартларда ўтказилади.



138-модда. Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар

Тугатиш бошқарувчиси кредиторлар билан кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ ҳисоб-китоб қилади.

Пул маблағларини кредиторнинг ҳисоб варағига ўтказиш имконияти бўлмаса, унга тегишли сумма қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) нотариус ёки суд депозитига тугатиш бошқарувчиси томонидан ўтказилиб, бу ҳақда кредиторга хабар қилинади. Мазкур сумма нотариус ёки суд депозитига ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида кредитор томонидан олинмаса, бу сумма тегишинча нотариус ёки суд томонидан давлат бюджетига ўтказилади.

Тугатишга доир иш юритишни бошлашнинг эълон қилинган маълумотда белгиланган кредиторлар талабларини тақдим этиш муддати тугаганидан кейин кредиторлар томонидан билдирилган талаблар, шунингдек тугатишга доир иш юритиш бошланганидан кейин юзага келган мажбурий тўловлар бўйича талаблар, улар қайси муддатда тақдим этилганидан қатъи назар, қарздорнинг белгиланган муддатда билдирилган кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкларидан қондирилади. Бундай талабларни қарздорнинг кредиторларнинг белгиланган муддатда билдирилган талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкидан қондириш навбати ушбу Қонуннинг 134-моддасига мувофиқ белгиланади.

Қондирилган талаблар, шунингдек воз кечиш ҳақи тўғрисида битимга эришилган талаблар ёки тугатиш бошқарувчиси томонидан ҳисобга олиниши билдирилган ёхуд мажбуриятларни тугатишнинг бошқа асослари бўлган талаблар кредиторларнинг қаноатлантирилган талаблари деб ҳисобланади. Талабни ҳисобга олиш, шунингдек воз кечиш ҳақи орқали талабни қаноатлантиришга фақат билдирилган талабларни қондиришнинг навбати ва нисбати принципига риоя этилган тақдирда йўл қўйилади. Воз кечиш ҳақи тўғрисида битим имзолаш йўли билан кредиторлар талабларини қаноатлантиришга мазкур битим кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси билан келишилган тақдирда йўл қўйилади. Тугатишга доир иш юритишда қарздорнинг мажбуриятларини янгилаш тўғрисида битим тузиш йўли билан кредиторлар талабларини қаноатлантиришга йўл қўйилмайди.

Кредиторларнинг қарздор мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли қондирилмаган талаблари ҳам қаноатлантирилган талаблар деб ҳисобланади. Тугатиш бошқарувчиси томонидан кредиторларнинг тан олинмаган талаблари ҳам, агар кредитор иқтисодий судга мурожаат этмаган бўлса ёки бундай талаблар иқтисодий суд томонидан асоссиз деб топилган бўлса, қаноатлантирилган талаблар деб ҳисобланади.

Тугатиш бошқарувчиси кредиторларнинг талаблари реестрига кредиторлар талаблари қаноатлантирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади.



139-модда. Тугатиш бошқарувчисининг

фаолиятини назорат қилиш

Тугатиш бошқарувчиси ҳар ойда камида бир марта кредиторлар йиғилишига ёки кредиторлар қўмитасига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот, қарздорнинг молиявий аҳволи ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошланган пайтдаги ва иш юритиш жараёнидаги мол-мулки тўғрисида ахборот, шунингдек, бошқа ахборот тақдим этади.

Тугатиш бошқарувчиси ҳисоботида қуйидагилар бўлиши керак:

шакллантирилган тугатиш массаси тўғрисидаги, шу жумладан қарздорнинг мол-мулкини инвентаризация қилиш жараёни ва якунлари тўғрисидаги, қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш жараёни ва натижалари тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг ягона ҳисобварағига тушган пул маблағларининг суммаси, мазкур тушумларнинг манбаи тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг мол-мулкини реализация қилиш жараёни ҳақидаги маълумотлар, мол-мулкни реализация қилишдан тушган суммалар кўрсатилган ҳолда;

учинчи шахсларга нисбатан қарзни ундириш ҳақида тугатиш бошқарувчиси томонидан қўйилган талаблар, шу жумладан суд тартибида қўйилган талаблар миқдори ва суммаси тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, шунингдек қарздорнинг учинчи шахслар эгалигида турган мол-мулкини аниқлаш ва талаб қилиб олиш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг битимларини ҳақиқий эмас деб топиш, шунингдек қарздорнинг шартномаларини бажаришдан бош тортилишини билдиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг кредиторларнинг талаблари реестрини юритишга оид иши тўғрисидаги маълумотлар, кредиторларнинг реестрга киритилган талабларининг умумий миқдорини ва ҳар бир навбат бўйича талаблари миқдорини алоҳида-алоҳида кўрсатган ҳолда;

қарздорнинг тугатишга доир иш юритиш даврида ўз фаолиятини давом эттираётган ходимлари ҳамда қарздор билан тузилган меҳнат шартномалари тугатишга доир иш юритиш даврида бекор қилинган ходимларининг сони тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг ҳисобварақларини ёпиш бўйича тугатиш бошқарувчиси амалга оширган ишлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар;

тугатишга доир иш юритишни ўтказиш харажатларининг суммаси тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг мақсадини кўрсатган ҳолда.

Тугатиш бошқарувчисининг ҳисоботида қарздорга нисбатан тугатишга доир иш юритиш жараёни ҳақидаги бошқа маълумотлар ҳам бўлиши керак, уларнинг таркиби тугатиш бошқарувчисининг ўзи томонидан, шунингдек кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ёхуд иқтисодий суд талаблари билан белгиланади.

Тугатиш бошқарувчиси иқтисодий суднинг талабига биноан тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказишга тааллуқли барча маълумотларни мазкур судга тақдим этиши шарт.


140-модда. Тугатиш бошқарувчисини вазифасини

бажаришдан озод этиш

Тугатиш бошқарувчиси ўз вазифасини бажаришдан иқтисодий суд томонидан қуйидагиларга кўра озод этилиши мумкин:

ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган бўлса, кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг илтимосномасига биноан ёхуд банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг аризаси асосида;

ўз аризасига биноан;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда.

Иқтисодий суд тугатиш бошқарувчисини ўз вазифасини бажаришдан озод қилиш билан бир вақтда янги тугатиш бошқарувчисини ушбу Қонуннинг 126-моддасида назарда тутилган тартибда тайинлайди.

Тугатиш бошқарувчисини ўз вазифасини бажаришдан озод қилиш тўғрисидаги иқтисодий суднинг ажрими дарҳол ижро этилиши лозим ва ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


141-модда. Ташқи бошқарувга ўтиш имконияти

Агар қарздорга нисбатан суд санацияси ва (ёки) ташқи бошқарув таомили жорий этилган бўлмаса, тугатишга доир иш юритиш мобайнида эса қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши мумкин деб ҳисоблаш учун етарли асослар, шу жумладан молиявий таҳлил маълумотлари билан тасдиқланган асослар пайдо бўлса, тугатиш бошқарувчиси мазкур ҳолатлар аниқланган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида тугатишга доир иш юритишни тугатиш ва ташқи бошқарувга ўтиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш мақсадида қарздорнинг кредиторлари йиғилишини чақириши шарт.

Тугатишга доир иш юритишни тугатиш ва ташқи бошқарувга ўтиш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор шундай қарорни қабул қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқаётган кредиторлар йиғилиши ўтказилаётган пайтдаги ҳолатга кўра қаноатлантирилмаган кредиторлар талаблари умумий миқдорининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Тугатишга доир иш юритишни тугатиш ва ташқи бошқарувга ўтиш ҳақида илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги кредиторлар йиғилишининг қарорида ташқи бошқарувнинг таклиф қилинаётган муддати ва ташқи бошқарувчиликка номзод, шунингдек бу номзод ҳақидаги маълумотлар бўлиши лозим.


142-модда. Тугатиш бошқарувчисининг тугатишга

доир иш юритишни ўтказиш натижалари

ҳақидаги ҳисоботи

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тамомланганидан кейин тугатиш бошқарувчиси иқтисодий судга тугатишга доир иш юритишни ўтказиш натижалари ҳақида ҳисобот тақдим этиши шарт.

Тугатишга доир иш юритишни ўтказиш натижалари ҳақидаги ҳисоботга қуйидагилар илова қилинади:

қарздорнинг мол-мулки сотилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредиторларнинг талаблари реестри, кредиторлар талабларининг қаноатлантирилган миқдорини кўрсатган ҳолда;

кредиторлар талаблари қаноатлантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

қарздорнинг ушбу Қонуннинг 143-моддасида назарда тутилган мол-мулки тўғрисидаги маълумотлар.


143-модда. Қарздорнинг кредиторлар талаблари

қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулки

Қарздорнинг сотишга таклиф қилинган, лекин тугатишга доир иш юритиш мобайнида реализация қилинмаган мол-мулки тугатиш бошқарувчиси томонидан кредиторларга кредиторлик қарзларини узиш ҳисобига таклиф этилади. Кредитор ушбу мол-мулкни қабул қилишга розилик бериш ёки уни рад этиш ёхуд ушбу масалани қонунда белгиланган ҳолларда кредиторнинг кузатув кенгашига ёки муассислари (иштирокчилари) умумий йиғилишига кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида тугатиш бошқарувчисини реализация қилинмаган мол-мулк ҳақида таклиф олинган кундан эътиборан ўн кун ичида ёзма шаклда хабардор этади. Кредитор томонидан ёзма хабарнинг белгиланган муддатда тақдим этилмаганлиги мол-мулкни қабул қилиш рад этилишига тенглаштирилади.

Тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг кредиторлар талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулки, шунингдек қарздорнинг сотишга таклиф қилинган, лекин тугатишга доир иш юритиш мобайнида реализация қилинмаган мол-мулки тўғрисида кредиторлар мазкур мол-мулкни ўз талабларини қаноатлантириш учун қабул қилишни рад этган тақдирда ва агар қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ариза тақдим этган бўлмаса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хабарнома олинган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида мол-мулкни балансга олади ва уни сақлаб туришга доир барча харажатларни қоплайди. Мол-мулкни қабул қилишдан бош тортилган ёки қабул қилишдан бўйин товланган тақдирда тугатиш бошқарувчиси тегишли органни мазкур мол-мулк қабул қилишга ундаш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли. Иқтисодий суд мол-мулк топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тугатишга доир иш юритишни тамомлаш ҳақида ажрим чиқаради.

Устав фондида давлат улуши бўлган корхонанинг сотишга таклиф қилинган, лекин тугатишга доир иш юритиш мобайнида реализация қилинмаган мол-мулки, агар кредиторлар мазкур мол-мулкни ўз талабларини қаноатлантириш учун банкрот юридик шахсни тугатишга доир иш юритишнинг белгиланган муддатида қабул қилишни рад этган бўлса, давлат мулкига ўтади ҳамда тугатиш бошқарувчиси уни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балансига топширади. Иқтисодий суд мол-мулк топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тугатишга доир иш юритишни тамомлаш ҳақида ажрим чиқаради.


144-модда. Тугатишга доир иш юритиш

таомилини тамомлаш

Тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисида тугатиш бошқарувчиси томонидан тақдим этилган ҳисобот кўриб чиқилганидан кейин иқтисодий суд тугатишга доир иш юритиш тамомланганлиги ҳақида ажрим чиқаради ва тугатиш бошқарувчиси зиммасига мазкур ажримни юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга ўн кун ичида тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Иқтисодий суднинг ажрими юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига қарздор тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритилиши учун асос бўлади. Реестрга тегишли ёзув иқтисодий суднинг мазкур ажрими тақдим этилган пайтдан эътиборан уч кундан кечиктирмай киритилиши лозим.

Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига қарздор тугатилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган пайтдан бошлаб, тугатиш бошқарувчисининг ваколатлари тугатилган, тугатишга доир иш юритиш тамомланган, қарздор эса тугатилган деб ҳисобланади.


VIII БОБ. КЕЛИШУВ БИТИМИ

145-модда. Келишув битими тузиш тартиби

Қарздор ва кредиторлар иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битими тузишга ҳақли.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарорни кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши қабул қилади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битими тузиш тўғрисидаги қарори кредиторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Кредитор вакилининг келишув битимини тузиш масаласи ҳақида овоз бериш борасидаги ваколатлари унинг ишончномасида алоҳида назарда тутилган бўлиши керак.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор қарздор номидан тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёхуд қарздорнинг раҳбари, ташқи бошқарувчи ёки тугатиш бошқарувчиси томонидан қабул қилинади.

Келишув битимида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган учинчи шахсларнинг келишув битимида иштирок этишига йўл қўйилади.

Келишув битими иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда банкротлик тўғрисида иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, иқтисодий суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор ижро этилмаслиги кўрсатилади.

Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун иқтисодий суд томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурий ҳисобланади. Кучга кирган келишув битимини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.

Келишув битими тузишни ёқлаб овоз берган кредитор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси келишув битимини тузишга қарши овоз берган ёхуд овоз беришда қатнашмаган кредиторлар олдида қарздорнинг пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятини бажаришга ҳақли. Бундай ҳолларда кредитор қарздор учун таклиф қилинган ижрони қабул қилиши шарт, қарздорнинг мажбуриятларини бажарган шахсга кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари ўтади.

Учинчи шахслар келишув битими бўйича қарздор томонидан пул мажбуриятлари қондирилиши ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбурияти бажарилиши кафиллигини ёки кафолатини беришга, худди шунингдек унинг лозим даражада бажарилишини бошқача тарзда таъминлашга ҳақли. Агар келишув битимининг шарти қарздорнинг мол-мулкини учинчи шахс фойдасига ўтказишдан иборат бўлса, битим мазкур мол-мулк кредиторларнинг талаблари фақат учинчи шахс томонидан қаноатлантирилишини таъминловчи гаровга берилган тақдирда тузилиши мумкин.



146-модда. Банкротлик таомилларида келишув

битимини тузишнинг ўзига хос хусусиятлари

Кузатув ва суд санацияси чоғида қарздорнинг келишув битимини тузиши тўғрисидаги қарорни унинг раҳбари, мазкур раҳбар вазифасини бажаришдан четлаштирилган тақдирда эса суд бошқарувчиси қабул қилади.

Агар келишув битими қарздор учун қонунчиликка ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорнинг бошқарув органлари қарори (маъқуллаши) асосида тузиладиган битим ҳисобланса, қарздор номидан келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарор тегишли қарордан (маъқуллашдан) кейин қабул қилиниши мумкин. Ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш таомилларида келишув битимини тузишда бундай қарор (маъқуллаш) талаб қилинмайди.

Қарздорга, суд бошқарувчисига ёки кредиторга нисбатан манфаатдор учинчи шахслар иштирокида келишув битими тузилаётганда келишув битимида унинг манфаатдорлик назарда тутилган битим эканлиги ҳақидаги, бундай манфаатдорлик хусусияти кўрсатилган ахборот бўлиши керак. Келишув битими кредиторларнинг бажарилиш муддати банкротликнинг тегишли таомили жорий этилган санада бошланган талабларига нисбатан татбиқ этилади, банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганидан кейин юзага келган мажбуриятлар бундан мустасно.



147-модда. Келишув битимининг шакли

Келишув битими ёзма шаклда тузилади.

Қарздор номидан келишув битимини тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, қарздорнинг раҳбари ёки суд бошқарувчиси имзолайди. Кредиторлар номидан келишув битимини кредиторлар йиғилиши томонидан ваколат берилган шахснинг ўзи имзолайди.

Агар келишув битимида учинчи шахслар иштирок этаётган бўлса, улар номидан келишув битимини шу шахсларнинг ўзи ёки уларнинг вакиллари имзолайди.



148-модда. Келишув битимининг мазмуни

Келишув битимида қарздор пул мажбуриятларининг миқдори, уларни бажариш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги ва (ёки) воз кечиш ҳақини бериш, мажбуриятларни янгилаш, қарзни кечиш йўли билан ёхуд қарздорнинг пул мажбуриятларини қонунчиликда назарда тутилган ўзга усуллар билан тугатиш тўғрисидаги қоидалар бўлиши керак.

Келишув битимида қуйидаги шартлар кўрсатилиши мумкин:

пул мажбуриятларининг тўлови кечиктирилганлиги ёки бўлиб-бўлиб тўланиши тўғрисидаги шартлар;

қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартлар;

қарздорнинг пул мажбуриятларини учинчи шахслар томонидан бажариш тўғрисидаги шартлар;

қарзлардан сийлов бериш тўғрисидаги шартлар;

қонунчиликка мувофиқ мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги шартлар;

кредиторларнинг талабларини қонунчиликка зид бўлмаган бошқа усуллар билан қондириш тўғрисидаги шартлар.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришда иштирок этмаган, шунингдек уни тузишга қарши овоз берган кредиторлар учун келишув битимининг шартлари уни тузишни ёқлаб овоз берган, шу навбатнинг ўзидаги кредиторлар учун белгиланган шартлардан ёмон бўлиши мумкин эмас.

Агар келишув битимида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг ўз зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи мол-мулк гарови сақланиб қолади.



149-модда. Келишув битимини иқтисодий суд

томонидан тасдиқлаш шартлари

Келишув битими фақат харажатлар қопланганидан ва ушбу Қонун 134-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талаблар ҳамда иш ҳақини тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов ҳужжатлари бўйича талаблар қондирилганидан кейин иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши мумкин.

Қарздор, ташқи бошқарувчи ёки тугатиш бошқарувчиси келишув битими имзоланган пайтдан эътиборан беш кун ичида иқтисодий судга келишув битими тузилганлигини тасдиқловчи ариза тақдим этиши керак.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:

келишув битимининг матни;

келишув битими тузиш тўғрисида қарор қабул қилган кредиторлар йиғилишининг баённомаси;

қарздор кредиторларининг талаблари реестри;

ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатлар қопланганлигини ва талаблар қондирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

келишув битими тузиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки келишув битимини тузишга қарши овоз берган кредиторларнинг ёзма эътирозлари;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳужжатлар.

Иқтисодий суд келишув битими кўриб чиқиладиган сана ҳақида манфаатдор тарафларни хабардор қилади. Хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги банкротлик тўғрисидаги ишни кўришга монелик қилмайди.


150-модда. Келишув битимини иқтисодий суд

томонидан тасдиқлаш оқибатлари

Кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш жараёнида иқтисодий суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши банкротлик тўғрисидаги иш юритишнинг тугатилишига асос бўлади.

Келишув битими иқтисодий суд томонидан тасдиқланган пайтдан эътиборан суд бошқарувчиларининг ваколатлари тугатилади. Қарздор юридик шахснинг ташқи бошқарувчиси ва тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг раҳбари тайинлангунга (сайлангунга) қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб туради.

Келишув битими тасдиқланган пайтдан эътиборан тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёки қарздорнинг раҳбари, ташқи бошқарувчи ёхуд тугатиш бошқарувчиси ёки учинчи шахс кредиторлар олдидаги қарзни узишга киришади.


151-модда. Келишув битимини тасдиқлашнинг

иқтисодий суд томонидан рад этилиши

Ушбу Қонуннинг 149-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган харажатларни қоплаш ва талабларни қондиришга доир мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда иқтисодий суд келишув битимини тасдиқлашни рад этади.

Иқтисодий суд қуйидаги ҳолларда ҳам келишув битимини тасдиқлашни рад этади:

келишув битимини тузишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилганда;

келишув битимининг шаклига риоя этилмаганда;

учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бузилганда;

келишув битимининг шартлари қонунчиликка зид бўлганда.

Иқтисодий суд келишув битимини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисида ажрим чиқаради, ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


152-модда. Келишув битимини тасдиқлашнинг

рад этилиши оқибатлари

Иқтисодий суд томонидан келишув битимини тасдиқлашнинг рад этилиши тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда битим тузилмаган деб ҳисобланади.

Иқтисодий суд томонидан келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилиши янги келишув битими тузишга монелик қилмайди.


153-модда. Келишув битимининг ҳақиқий эмаслиги

Қарздор, кредитор, прокурор, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахсларнинг аризасига биноан келишув битими қуйидаги ҳолларда иқтисодий суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин:

келишув битими айрим кредиторлар учун афзаллик берилишини ёки айрим кредиторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишини назарда тутувчи шартларга эга бўлса;

битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун қонунчиликда назарда тутилган бошқа асослар бўлса.


154-модда. Келишув битимини ҳақиқий эмас

деб топишнинг оқибатлари

Келишув битимининг ҳақиқий эмас деб топилиши банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш учун асос бўлади. Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш тўғрисида ажрим чиқаради, ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Келишув битими ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда кредиторларнинг уларга тўланиши лозим бўлган, лекин кечиктирилиши ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўланишига йўл қўйилган талаблари ёки қарзлардан сийлов берилган талаблари бу талабларнинг қондирилмаган қисми бўйича тикланади.

Келишув битимининг ҳақиқий эмас деб топилиши ушбу Қонун 149-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда қопланган харажатлар ва қондирилган талабларни қарздорга қайтариш мажбуриятини келтириб чиқармайди.

Битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг ушбу модда билан тартибга солинмаган қисмида битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қонунчиликда назарда тутилган оқибатлари келиб чиқади.

Келишув битими ҳақиқий эмас деб топилганда қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш ҳақидаги хабар иқтисодий суд томонидан расмий нашрда қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ушбу Қонуннинг 52 ва 53-моддаларида назарда тутилган тартибда эълон қилинади.

Кредиторларнинг келишув битими шартлари асосида ҳисоб-китоб қилиб бўлинган талаблари, агар ушбу Қонунга зид келмаса, қаноатлантирилган деб ҳисобланади. Агар кредиторларнинг талаблари келишув битимининг муайян кредиторлар устунлигини ёки бошқа кредиторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишини назарда тутувчи шартларига мувофиқ қондирилган бўлса, бундай кредиторлар келишув битимини бажариш тартибида олган барча нарсаларини қайтаришлари шарт. Бунда мазкур талаблар кредиторларнинг талаблари реестрида тиклаб қўйилади.



155-модда. Келишув битимини бажармаслик оқибатлари

Келишув битими қарздор томонидан бажарилмаган тақдирда кредиторлар келишув битимида назарда тутилган ҳажмда, қонунчиликда белгиланган тартибда талаблар тақдим этишга ҳақли.

Банкротлик тўғрисида янги иш қўзғатилган тақдирда келишув битими қайси кредиторларга нисбатан тузилган бўлса, шу кредиторлар талабларининг ҳажми келишув битимида назарда тутилган шартлар асосида аниқланади.



IX БОБ. ҚАРЗДОР ЮРИДИК ШАХСЛАР АЙРИМ

ТОИФАЛАРИ БАНКРОТЛИГИНИНГ ЎЗИГА

ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

1-§. Шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда

унга тенглаштирилган корхона банкротлиги

156-модда. Шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда

унга тенглаштирилган корхона банкротлигининг

ўзига хос хусусиятлари

Шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонанинг банкротлиги тўғрисидаги иш ушбу Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий суд томонидан қўзғатилиши мумкин.

Шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва (ёки) тегишли вазирлик, давлат қўмитаси, идора, хўжалик бошқаруви органи ишда иштирок этувчи шахс сифатида эътироф этилади.

Корхоналарни шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ҳамда уларга тенглаштирилган корхоналар жумласига киритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


157-модда. Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг ҳамда

унга тенглаштирилган корхонанинг ташқи бошқаруви

Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган корхонанинг ташқи бошқаруви иқтисодий суд томонидан кредиторлар йиғилишининг қарори асосида, бундай қарор бўлмаса, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ёки вазирлик, давлат қўмитаси, идоранинг ва хўжалик бошқаруви органининг илтимосномасига биноан, улар қарздорнинг мажбуриятлари юзасидан таъминот берган тақдирда, жорий этилиши мумкин.

Ташқи бошқарув режаси шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона томонидан мазкур режани кредиторлар йиғилишига тақдим этишдан олдин маҳаллий давлат ҳокимияти органи билан, давлат мудофаа буюртмасини амалга оширувчи корхоналар бўйича эса вазирлик, давлат қўмитаси, идора ва хўжалик бошқаруви органи билан келишиб олинган бўлиши керак.

Тегишинча маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ҳамда вазирлик, давлат қўмитаси, идоранинг, хўжалик бошқаруви органининг илтимосномасига биноан улар томонидан қарздорнинг мажбуриятларни бажариши таъминоти таъминланган тақдирда, шу жумладан давлат кафолатларини бериш йўли билан таъминланганда, иқтисодий суд қарздорнинг суд санациясига ўтиши тўғрисида, агар илгари бундай таомил қарздорга нисбатан қўлланилган бўлмаса, қарор қабул қилиши мумкин.


158-модда. Ташқи бошқарув муддатини узайтириш

Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган корхонанинг ташқи бошқаруви маҳаллий давлат ҳокимияти органининг илтимосномаси бўлган тақдирда иқтисодий суд томонидан узоғи билан бир йил муҳлатга узайтирилиши мумкин.

Шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона фаолиятига инвестиция киритиш, ходимларни ишга жойлаштириш, янги иш жойларини яратиш йўли билан ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг бошқа усуллари билан корхонанинг молиявий аҳволини яхшилаш режаси ташқи бошқарувни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатдан кўпроқ муҳлатга узайтириш учун асос бўлади.

Тегишинча маҳаллий давлат ҳокимияти органининг, вазирлик, давлат қўмитаси, идоранинг ҳамда хўжалик бошқаруви органининг илтимосномасига биноан қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан кафиллик бериш шарти билан шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган корхонанинг ташқи бошқарув муддати беш йилгача узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда қарздор ва унинг кафили кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга ушбу моддада назарда тутилган муддатлардан кечикмай киришиши шарт.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаслиги қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш учун асос бўлади.



159-модда. Шаҳарни ташкил этувчи қарздор корхонани

ҳамда унга тенглаштирилган қарздор корхонани

сотиш шартлари

Шаҳарни ташкил этувчи қарздор корхона ҳамда унга тенглаштирилган қарздор корхона ташқи бошқарув чоғида кредиторларнинг талабларини қондириш мақсадида мулкий мажмуа сифатида сотилиши мумкин. Шаҳарни ташкил этувчи корхонани ҳамда унга тенглаштирилган корхонани сотиш танлов ёки аукцион ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Шаҳарни ташкил этувчи корхонани танловда сотишнинг мажбурий шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

шаҳарни ташкил этувчи корхона сотилаётган пайтда унда ишлаб турган ходимларнинг камида етмиш фоизи учун иш жойларини сақлаб қолиш;

шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг фаолият соҳаси ўзгартирилган тақдирда мазкур ходимларни қайта ўқитиш ёки ишга жойлаштириш борасида харидорнинг мажбуриятлари.

Давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи корхонани танловда сотишнинг мажбурий шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи корхона мулкий мажмуасининг ҳамда сафарбарлик мақсадидаги мол-мулкнинг белгиланган мақсади сақлаб қолинишини таъминлаш;

қарздорнинг давлат мудофаасига оид буюртмалар, давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги соҳасидаги эҳтиёжларини таъминлашга доир ишларни амалга ошириш билан боғлиқ шартномаларни бажариш.

Табиий монополияларнинг субъекти бўлган корхонани танловда сотишнинг мажбурий шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

табиий монополиялар тўғрисидаги қонунчиликнинг тартибга солиш предмети бўлган товарлар етказиб бериш шартномалари бўйича қарздорнинг мажбуриятларини сотиб олувчи ўз зиммасига олишга розилиги, ишлаб чиқарилаётган ва (ёки) реализация қилинаётган товарлардан (ишлардан, хизматлардан) истеъмолчиларнинг эркин фойдалана олиши таъминланганлиги;

агар қарздорнинг фаолияти лицензияланиши лозим бўлса, тегишли фаолият турини амалга ошириш учун харидорда лицензия бўлиши.

Танловнинг мазкур модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилмаган шартлари фақат кредиторлар йиғилишининг розилиги билан ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган тартибда белгиланиши мумкин.

Агар шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона танлов шартларида сотилмаган бўлса, корхона аукционда сотилади.

Агар давлат мудофаасига оид буюртмани бажарувчи корхонанинг мол-мулки таркибида муомала қобилияти чекланган мол-мулк бўлса, бундай корхонани сотиш ёпиқ кимошди савдосида танлов шаклида амалга оширилади, бундай савдода қонунга мувофиқ фақат мазкур мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эга бўла оладиган шахслар иштирокчи бўлиши мумкин.

Давлат мудофаасига оид буюртмани бажарувчи сотилаётган корхонанинг муомаладан чиқарилган мол-мулки мол-мулкнинг эгасига у шундай мол-мулк мавжудлиги ҳақида ташқи бошқарувчи томонидан хабардор қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай топширилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги баённома имзоланганидан кейин бир ой ичида давлат мудофаасига оид буюртмани бажарувчи корхонани кимошди савдосини ўтказиш натижасида белгиланган нарх бўйича сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органи кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги баённома имзоланганидан кейин бир ой ичида табиий монополия субъекти бўлган корхонани кимошди савдосини ўтказиш натижасида белгиланган нарх бўйича сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.



160-модда. Шаҳарни ташкил этувчи банкрот деб топилган

қарздор корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган

банкрот деб топилган қарздор корхонанинг

мол-мулкини сотиш

Шаҳарни ташкил этувчи банкрот деб топилган қарздор корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган банкрот деб топилган қарздор корхонанинг мол-мулки сотилаётганида тугатиш бошқарувчиси корхонани дастлабки кимошди савдосида сотишга мулкий мажмуа сифатида таклиф этиши лозим.

Агар шаҳарни ташкил этувчи қарздор корхонанинг ҳамда унга тенглаштирилган қарздор корхонанинг мол-мулки мулкий мажмуа сифатида сотилмаган бўлса, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ушбу Қонуннинг 111-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

Табиий монополия субъекти бўлган қарздор корхонанинг товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш жараёнида фойдаланадиган мол-мулки кимошди савдосига фақат мулкий мажмуа сифатида қўйилади.

Тугатувчи бошқарувчи, агар табиий монополия субъекти бўлган қарздор корхона товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш шартномалари бажарилишининг тўхтатилиши аҳолининг ҳаётий фаолияти ёки ишлаб чиқаришнинг узлуксиз туркумига асосланган корхоналар фаолияти шароитини бузадиган бўлса, бундай шартномалар бажарилишини таъминлаши шарт.

Табиий монополия субъекти бўлган қарздор корхонани тугатишга доир иш юритиш иқтисодий суднинг қарори қабул қилинган ва тугатиш бошқарувчиси тайинланган санадан эътиборан кечи билан олти ой ичида тамомланиши керак. Агар мазкур муддат тугаганидан кейин корхонанинг мол-мулки сотилмай қолса, тугатиш бошқарувчиси кредиторлар йиғилишининг қарорига биноан, йиғилиш рад этган тақдирда эса маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарорига биноан ушбу Қонуннинг 115-моддасида назарда тутилган тартибга мувофиқ активлар ўрнини алмаштириш йўли билан тугатишга доир иш юритишни тамомлайди.


2-§. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг банкротлиги

161-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналари

банкротлигининг ўзига хос хусусиятлари

Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатилгунга қадар уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда судгача санация қилиш қўлланилиши мумкин.

Судгача санация қилиш муддати мобайнида табиий офатлар ва бошқа форс-мажор ҳолатлар туфайли қишлоқ хўжалиги корхонасининг ишлаб чиқаришида пасайиш ва молиявий аҳволида ёмонлашиш содир бўлган бўлса, судгача санация қилиш муддати ўн икки ойга узайтирилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги корхонасининг банкротлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳам ишда иштирок этувчи шахслар бўлиши мумкин.



162-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарида кузатув,

суд санацияси ва ташқи бошқарувнинг

ўзига хос хусусиятлари

Қишлоқ хўжалиги корхонасида кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув етиштирилган товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш учун зарур вақтни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларининг тегишли даври тугагунга қадар бўлган муддатга жорий этилади. Бунда кузатув таомили муддати уч ойдан, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомиллари муддати эса ушбу Қонун 91-моддасининг учинчи қисмида белгиланган муҳлатдан ошиб кетмаслиги лозим.

Суд санацияси ёки ташқи бошқарув муддати мобайнида табиий офатлар ва бошқа форс-мажор ҳолатлар туфайли қишлоқ хўжалиги корхонасининг ишлаб чиқаришида пасайиш ва молиявий аҳволида ёмонлашиш содир бўлган бўлса, суд санацияси ёки ташқи бошқарув муддати ўн икки ойга узайтирилиши мумкин.

Суд санациясини муддатидан илгари тугатиш, ушбу Қонуннинг 86-моддаси талабларига мувофиқ, фақат қишлоқ хўжалиги ишларининг тегишли даври тугаши муддатини ҳамда етиштирилган товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш учун зарур бўлган вақтни инобатга олган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Фермер хўжаликларига ва юридик шахсни ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликларига нисбатан ташқи бошқарув таомили жорий этилмайди.



163-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг

мол-мулкини ва мулкий ҳуқуқларини сотишнинг

(улардан ўзганинг фойдасига воз кечишнинг)

ўзига хос хусусиятлари

Қарздорнинг мол-мулкини сотишда (ундан ўзганинг фойдасига воз кечишда) суд бошқарувчиси ёки қарздорнинг раҳбари қишлоқ хўжалиги корхонасини дастлабки кимошди савдосида сотишга мулкий мажмуа сифатида қўймоғи лозим.

Қарздорнинг мол-мулкини сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа, шунингдек, ерга эгалик қилиш ҳуқуқига қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш билан шуғулланаётган ва қарздорнинг ер участкасига бевосита туташ ер участкасига эгалик қилувчи шахслар эга бўладилар. Суд бошқарувчиси ёки қарздорнинг раҳбари мазкур мол-мулкни, шунингдек мулкий ҳуқуқларни сотишда (улардан ўзганинг фойдасига воз кечишда) мазкур мол-мулк ва мулкий ҳуқуқлар қийматини баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши ҳамда шахсларга мол-мулкни баҳоланган қийматида таклиф этиши шарт.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар бир ой ичида қишлоқ хўжалиги корхонасининг мол-мулкини ва мулкий ҳуқуқларини сотиб олиш истагини билдирмасалар, суд бошқарувчиси ёки қарздорнинг раҳбари мол-мулк қонунчиликка мувофиқ реализация қилинишини амалга оширади.

Қишлоқ хўжалиги корхонаси банкротлик оқибатида тугатилган тақдирда мазкур корхонага берилган ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа шахсга берилиши ёки ўзга шахсга ўтиши мумкин.


3-§. Банкларнинг банкротлиги

164-модда. Банкни банкрот деб топиш асоси

Банкни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун иқтисодий суд банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қайтариб олинганидан кейин қабул қилади.


165-модда. Банкнинг банкротлиги тўғрисидаги

ишни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари

Қарздор банк кредиторларнинг талабларини қондиришга қодир бўлмаган тақдирда юзага келадиган муносабатлар ҳамда банкларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари қонунчиликда белгиланган тарзда тартибга солинади.

Банкка ташқи бошқарув жорий этилмайди.

Банкнинг банкротлиги тўғрисидаги ишда, ушбу Қонуннинг 36-моддасида назарда тутилган шахслардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ҳам иштирок этувчи шахслар деб ҳисобланади.



4-§. Суғурталовчининг банкротлиги

166-модда. Суғурталовчининг банкротлиги

тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш

Суғурталовчининг банкротлиги тўғрисидаги ишда, ушбу Қонуннинг 36-моддасида назарда тутилган шахслардан ташқари, суғурта фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳам иштирок этувчи шахс деб ҳисобланади.



167-модда. Суғурталовчининг мулкий мажмуасини сотиш

Суғурталовчининг мулкий мажмуасини сотиш ташқи бошқарув жараёнида ушбу Қонуннинг 110-моддасига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Фақат суғурталовчининг ўзи суғурталовчининг мулкий мажмуасини сотиб олувчи бўлиши мумкин.

Суғурталовчининг мулкий мажмуаси ташқи бошқарув жараёнида сотилган тақдирда суғурталовчининг мулкий мажмуаси сотилаётган санадаги суғурта ҳодисаси юзага келмаган суғурта шартномалари бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мажмуани сотиб олган шахсга ўтади.

Тугатишга доир иш юритиш ўтказилаётганида суғурталовчининг мулкий мажмуаси сотиб олувчи фақат суғурталовчи банкрот деб топилган санага қадар суғурта ҳодисаси юзага келмаган суғурта шартномаларини ўз зиммасига олишга рози бўлганда сотилиши мумкин.



168-модда. Суғурталовчи банкрот бўлган тақдирда суғурта

қилдирувчиларнинг (наф олувчиларнинг)

талаб қилиш ҳуқуқи

Иқтисодий суд суғурталовчини банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур қарор қабул қилинган санага қадар суғурта ҳодисаси юзага келмаган барча суғурта шартномалари бекор қилинади, ушбу Қонун 167-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Суғурта қилдирувчилар (наф олувчилар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга биноан бекор қилинган шартномалар бўйича суғурталовчига тўланган суғурта мукофотининг суғурта шартномасининг амал қиладиган муддати билан бу шартнома амал қилган муддат ўртасидаги фарққа мутаносиб тарздаги қисми, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.

Суғурта қилдирувчилар (наф олувчилар) иқтисодий суд суғурталовчини банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар суғурта ҳодисаси юзага келган суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тўланишини тугатиш бошқарувчисидан талаб қилишга ҳақли.


169-модда. Суғурталовчининг кредиторлари

талабларини қондириш

Иқтисодий суд суғурталовчини банкрот деб топган тақдирда кредиторларнинг талаблари қуйидаги тартибда қондирилади:

биринчи навбатда - суғурта қилдирувчиларнинг ҳаётни суғурта қилиш соҳасидаги мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

иккинчи навбатда - суғурта қилдирувчиларнинг бошқа мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

учинчи навбатда - бошқа суғурта қилдирувчиларнинг (наф олувчиларнинг) талаблари;

тўртинчи навбатда - мажбурий тўловларни назарда тутувчи тўлов (ижро) ҳужжатлари бўйича талаблар. Мазкур талаблар тўла қондирилганидан кейин ижтимоий суғурта бўйича талаблар ва жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида фуқароларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича талаблари қондирилади;

бешинчи навбатда - суғурталовчининг бошқа кредиторлари талаблари.



5-§. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчиларининг банкротлиги

170-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчилари банкротлигининг ўзига хос хусусиятлари

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг банкротлиги тўғрисидаги ишда, ушбу Қонуннинг 36-моддасида назарда тутилган шахслардан ташқари, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ҳам иштирок этувчи шахс деб ҳисобланади.

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг банкротлиги таомилларининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган ўзига хос хусусиятлари, шунингдек қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари қонунда белгилаб қўйилиши мумкин.

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари банкротлигининг олдини олиш ва уларнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг судгача таомилларини ўтказиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


171-модда. Суд бошқарувчиларига қўйиладиган талаблар

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг банкротлиги тўғрисидаги иш бўйича суд бошқарувчиси мазкур фаолиятни амалга ошириш учун суд бошқарувчиси сифатида аттестациядан ўтиши, шунингдек унда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси бўлиши керак.



172-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчисининг битимлар тузишига доир чекловлар

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг битимлар тузишига доир чекловлар мазкур иштирокчига нисбатан банкротлик таомиллари қўлланилаётганида унинг мижозлари қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг топшириқлари бўйича тузадиган, банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилганидан кейин инвесторлар томонидан тасдиқланган битимларга нисбатан татбиқ этилмайди.



173-модда. Кузатув, ташқи бошқарув ва тугатишга

доир иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари

Кузатув жорий этилган пайтдан эътиборан муваққат бошқарувчи ўзи тайинланган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддат ичида ўзларига қарашли қимматли қоғозларни қимматли қоғозлар бозорининг қарздор профессионал иштирокчисига бошқарувга топширган қимматли қоғозлар бозорининг инвесторларига банкротлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ва муваққат бошқарувчи ўз ҳуқуқини амалга ошира бошлаганлиги ҳақида хабарнома юбориши шарт. Мижозларнинг қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг тасарруфида бўлган қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулки тугатиш массасига киритилмайди.

Ташқи бошқарув ёки тугатишга доир иш юритиш жорий этилган пайтдан эътиборан мижозларнинг қолган қимматли қоғозлари, агар ташқи бошқарувчининг ёки тугатиш бошқарувчисининг мижозлар билан келишувида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мижозларга қайтарилиши лозим.

Агар мижозларнинг ўзларига қарашли бир турдаги (бир эмитент чиқарган, бир тоифадаги, бир типдаги, бир сериядаги) қимматли қоғозларни қайтариш хусусидаги талаблари қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ихтиёридаги мазкур қимматли қоғозлар миқдоридан ортиқ бўлса, мазкур қимматли қоғозларни мижозларга қайтариш мижозларнинг талабларига мутаносиб равишда амалга оширилади. Мижозлар талабларининг қондирилмаган қисми пул мажбуриятлари деб эътироф этилади ва ушбу Қонуннинг VII бобида назарда тутилган тартибда қондирилади (қаноатлантирилади).

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ташқи бошқаруви чоғида ташқи бошқарувчи ўзига мижозлар томонидан бошқарувга топширилган қимматли қоғозларни мижозларнинг розилиги билан ва уларнинг номидан қимматли қоғозлар бозорининг бошқа профессионал иштирокчисига топшириши мумкин.



X БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРНИНГ ЁКИ

ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР МАҚОМИНИ

ЙЎҚОТГАН ЖИСМОНИЙ ШАХСНИНГ

БАНКРОТЛИГИ


174-модда. Якка тартибдаги тадбиркор ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахс банкротлигининг тартибга солиниши

Якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар мазкур бобда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Қонуннинг I - III боблари қоидалари қўлланилади.



175-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иқтисодий судга қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, кредитор, прокурор, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан берилиши мумкин.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига кредиторлар ҳам эга, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, алиментларни ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек шахсий хусусиятдаги бошқа талаблар қўядиган кредиторлар бундан мустасно.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганда ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, алиментларни ундириш тўғрисидаги талабларни, шунингдек шахсий хусусиятдаги бошқа талабларни қўядиган кредиторлар ўз талабларини тақдим этишга ҳақли. Мазкур кредиторларнинг талаблари, агар улар банкротлик таомили қўлланилаётганда билдирилмаган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги таомили тугаганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.



176-модда. Қарзларни узиш режаси

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қарзларни узиш режаси илова қилиниши мумкин, режанинг нусхалари кредиторларга ва банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга юборилади.

Кредиторларнинг эътирози бўлмаса, иқтисодий суд қарзларни узиш режасини тасдиқлаши мумкин, бу эса банкротлик тўғрисидаги иш юритилишини узоғи билан икки ойгача муддатга тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Қарзларни узиш режасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

режани амалга ошириш муддати;

қарздор ёки унинг оила аъзолари истеъмоли учун ҳар ойда қолдириладиган сумма миқдори;

кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун ҳар ойда юбориш мўлжалланаётган сумма миқдори.

Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг асослантирилган илтимосномасига биноан қарзларни узиш режасини ўзгартиришга, шу жумладан уни амалга ошириш муддатини узайтиришга ёки қисқартиришга, қарздор ёки унинг оила аъзолари истеъмоли учун ҳар ойда қолдириладиган сумма миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли.

Агар қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс қарзларни узиш режасини бажарганлиги натижасида кредиторларнинг талаблари тўла ҳажмда қаноатлантирилган бўлса, банкротлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилиши керак.


177-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки

якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахснинг тугатиш массасига кирмайдиган мол-мулки

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг қонунчиликка мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулки тугатиш массасига кирмайди.

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг асослантирилган илтимосномасига биноан қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг қонунчиликка мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлган ноликвид мол-мулкини ёки реализация қилинишидан келган даромад кредиторларнинг талабларини қондиришга моҳиятан таъсир этмайдиган мол-мулкини тугатиш массасидан чиқаришга ҳақли.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг ушбу модда иккинчи қисмининг қоидаларига мувофиқ тугатиш массасидан чиқариладиган мол-мулкининг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак. Бундай мол-мулк рўйхати иқтисодий суд томонидан тасдиқланиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади, ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.


178-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахс битимларининг ҳақиқий эмаслиги

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иқтисодий судга берилганидан кейин қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг ўз мол-мулкини бошқа шахсга ўтказиш ёки манфаатдор шахсларга бошқа усулларда бериш билан боғлиқ битимлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардир.

Кредиторнинг талабига биноан иқтисодий суд ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатини қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг битим предмети бўлган мол-мулкини қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс мол-мулки таркибига қайтариш тариқасида ёки ундирувни манфаатдор шахсларда турган тегишли мол-мулкка қаратиш тариқасида қўллайди.



179-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг

банкротлиги тўғрисидаги ишни иқтисодий судда кўриш

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш билан бир пайтда унинг мол-мулкини хатлайди, қонунчиликка мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бажарилиши хусусида учинчи шахслар томонидан асосли кафиллик берилган ёки кафолатланган бошқа таъминот тақдим этилган тақдирда иқтисодий суд мазкур қарздорнинг илтимосномасига биноан унинг мол-мулкини (мол-мулкининг бир қисмини) хатловдан чиқариши мумкин.

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиши ёки келишув битимига эришилиши учун банкротлик тўғрисидаги ишни кўришни қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг аризасига биноан узоғи билан бир ой муддатга кечиктириши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор фуқарога ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан мерос очилганлиги тўғрисида маълумот бўлган тақдирда, иқтисодий суд якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш юритишни мерос тақдири тўғрисидаги масала қонунда белгиланган тартибда ҳал қилингунга қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Агар қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатда кредиторларнинг талаблари қондирилганлигини кўрсатувчи далил-исботларни тақдим этмаган ва белгиланган муддатда келишув битимини тузмаган бўлса, иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



180-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахсни банкрот деб топишнинг оқибатлари

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган пайтдан эътиборан:

қарздорнинг пул мажбуриятларини бажариш муддати бошланган деб ҳисобланади;

қарздорнинг барча мажбуриятлари бўйича неустойка (жарима, пеня), фоизлар ҳисоблаш ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар бекор қилинади;

қарздордан барча ижро ҳужжатлари бўйича ундирувлар бекор қилинади, алиментлар ундириш тўғрисидаги талаблар бўйича, шунингдек ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблар бўйича ижро ҳужжатлари бундан мустасно.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорни иқтисодий суд барча маълум кредиторларга улар ўз талабларини тақдим этадиган муддатни кўрсатган ҳолда юборади, бу муддат икки ойдан ошмаслиги керак. Иқтисодий суднинг ана шундай қарорини юбориш қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ҳисобидан амалга оширилади.

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилган пайтдан эътиборан мазкур тадбиркорнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ўз кучини йўқотади, шунингдек фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун мазкур тадбиркорга берилган лицензияларнинг амал қилиши тугатилади.

Иқтисодий суд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарор нусхасини айни шу шахсни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олган органга ва лицензияловчи органга юборади.

Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш чоғида қўлланилмайди.


181-модда. Иқтисодий суднинг қарорини бажариш

Иқтисодий суднинг қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ҳамда ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ижро варақаси қарздорнинг мол-мулки сотилишини амалга ошириш учун давлат ижрочисига юборилади. Қуйидагиларнинг мол-мулки, бундан ушбу Қонунга мувофиқ тугатиш массасига кирмайдиган мол-мулк мустасно, сотилиши керак:

қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг барча мол-мулки;

қарздор якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан олинган мол-мулк. Бунда мол-мулкнинг, жисмоний шахснинг аввалги тадбиркорлик фаолияти даврида олинган мол-мулкка кириши-кирмаслиги иқтисодий суд томонидан белгиланади.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг кўчмас мол-мулкини ёки қимматли кўчар мол-мулкини доимий бошқарув зарур бўлганда иқтисодий суд мазкур мақсадлар учун тугатиш бошқарувчисини тайинлайди ва унга тўланадиган ҳақ миқдорини белгилайди. Бундай ҳолларда қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг мол-мулки тугатиш бошқарувчиси томонидан сотилади.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг мол-мулкини сотишдан тушган, шунингдек мавжуд нақд пул маблағлари қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилган иқтисодий суднинг депозитига киритилади.



182-модда. Кредиторларнинг талабларини кўриб чиқиш

Иқтисодий суд ушбу Қонун 180-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатда кредиторлар томонидан билдирилган талабларни кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижалари асосида иқтисодий суд кредиторларнинг талабларини қондириш тартиби ва миқдори тўғрисида ажрим чиқаради.


183-модда. Кредиторларнинг талабларини

қондириш тартиби

Иқтисодий суд депозитига киритилган пул маблағлари ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қондиришдан олдин банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш ва иқтисодий суднинг қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини бажариш билан боғлиқ харажатлар қопланади, шунингдек қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлса, шу фуқаронинг талаблари қондирилади.

Кредиторларнинг талаблари қуйидаги навбат бўйича қондирилади:

биринчи навбатда - алимент ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлашга оид ва муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлашга оид ҳисоб-китоблар назарда тутилган талаблар;

иккинчи навбатда - мажбурий тўловлар бўйича талаблар, кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларининг гаровга қўйилган мол-мулкни (гаров нарсасини) сотишдан тушган сумма етарли бўлмаганлиги оқибатида қопланмай қолган қарздорликка тааллуқли қисми ва кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талаблари;

учинчи навбатда бошқа кредиторлар билан ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Ҳар қайси навбат бўйича талаблар олдинги навбат талаблари тўла қондирилганидан кейин қондирилади.

Иқтисодий суднинг депозитида пул маблағлари етарли бўлмаса, бу маблағлар тегишли навбатдаги кредиторлар ўртасида улар талабларининг суммасига мутаносиб равишда тақсимланади.


184-модда. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка

тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний

шахсни мажбуриятлардан озод қилиш

Банкрот деб топилган қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоблар тугаганидан кейин мазкур тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганда кредитор томонидан билдирилган талабларни келгусида бажаришдан озод этилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар бундан мустасно.

Кредиторларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблари, алиментларни ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек шахсий хусусиятдаги, иқтисодий суднинг қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини ижро этиш тартибида қаноатлантирилмаган ёки қисман қаноатлантирилган ёхуд қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганида билдирилмаган бошқа талаблар ўз кучида қолади ва қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги таомили тамомланганидан кейин тегишинча тўла ҳажмда ёки қаноатлантирилмаган қисми ҳажмида тақдим этилиши мумкин.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс томонидан мол-мулкнинг яширилганлиги ёки унинг ўз мол-мулкини учинчи шахсларга ғайриқонуний тарзда берганлиги фактлари аниқланган тақдирда банкротлик жараёнида талаблари қондирилмаган кредитор ундирувни ана шу мол-мулкка қаратиш талабини тақдим этишга ҳақли. Бунда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг бундай мол-мулки деганда унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан олинган мол-мулки тушунилиши керак.



XI БОБ. БАНКРОТЛИКНИНГ

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАОМИЛЛАРИ

1-§. Тугатилаётган юридик шахс

банкротлигининг ўзига хос хусусиятлари

185-модда. Тугатилаётган юридик шахснинг банкротлиги

Агар қонунчиликда белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги ва (ёки) ўз устав фондини шакллантирмаганлиги муносабати билан тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган юридик шахснинг мол-мулки қиймати кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, бундай юридик шахс ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда тугатилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, тугатиш комиссияси (тугатувчи) тугатилаётган юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга ёки қонунчиликда назарда тутилган тегишли чораларни кўриши учун давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этиши шарт.


186-модда. Тугатилаётган юридик шахснинг

банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриб

чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари

Иқтисодий суд тугатилаётган юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиб, тугатиш бошқарувчисини тайинлайди.

Тугатилаётган юридик шахснинг банкротлигида кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомиллари қўлланилмайди.

Кредиторлар тугатилаётган юридик шахсга бўлган ўз талабларини тугатилаётган юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги эълон чиқарилган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида унга тақдим этишга ҳақли.



187-модда. Юридик шахсни банкротлик тартибида

тугатишни рад этиш оқибатлари

Ушбу Қонун 185-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларнинг бузилганлиги юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритишни рад этиш учун асос бўлади.

Ушбу Қонун 185-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар бузилишига йўл қўйган тугатиш комиссиясининг раиси ёки тугатувчи тугатилаётган юридик шахснинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан қондирилмаган талаблар бўйича субсидиар жавобгар бўлади.



2-§. Ҳозир бўлмаган қарздорнинг банкротлиги

188-модда. Ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш

тўғрисида ариза беришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўз фаолиятини тугатган қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки қарздор якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс ёки тугатилаётган юридик шахснинг раҳбари ҳозир бўлмаган ва уларнинг турган жойини (яшаш жойини) аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза, кредиторлик қарзи миқдоридан қатъи назар, кредитор, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи, давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли орган, шунингдек прокурор томонидан берилиши мумкин.


189-модда. Ҳозир бўлмаган қарздорнинг

банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш

Иқтисодий суд ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳозир бўлмаган қарздорнинг банкротлигида кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомиллари қўлланилмайди.

Иқтисодий суднинг қарори банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига юборилади, бу орган мазкур қарорни олган кундан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида иқтисодий судга тугатиш бошқарувчилигига номзод тақдим этади. Иқтисодий суд тугатиш бошқарувчисини банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ходимлари орасидан тайинлаши мумкин.

Тугатиш бошқарувчиси ўзи аниқлаган барча кредиторларни ҳозир бўлмаган қарздорнинг банкротлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади, улар бу хабарни олган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида тугатиш бошқарувчисига ўз талабларини тақдим этишлари мумкин.

Тугатиш бошқарувчиси ҳозир бўлмаган қарздорнинг мол-мулкини аниқлаган тақдирда иқтисодий суд мазкур бошқарувчининг илтимосномасига биноан банкротликнинг соддалаштирилган таомилини бекор қилиш ҳамда банкротликнинг ушбу Қонунда назарда тутилган умумий таомилларига ўтиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.


XII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

190-модда. Банкротликка олиб келган

ғайриқонуний ҳаракатлар

Банкротликка олиб келган ғайриқонуний ҳаракатлар дейилганда қарздорга ёки кредиторларга зарар етказган мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгасининг ёхуд кредиторлар ёки бошқа шахсларнинг қасддан қилган ҳаракатлари билан боғлиқ қоидабузарликлар тушунилади.

Ғайриқонуний ҳаракатларга қуйидагилар ҳам киради:

қарздор мол-мулкининг ёки мажбуриятларининг ҳаммасини ёхуд бир қисмини яшириш;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳисобга олишга оид ҳар қандай ҳужжатини яшириш, йўқ қилиш, бузиб кўрсатиш, сохталаштириш;

мол-мулкни (шу жумладан пул маблағларини) яшириш мақсадида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериб юбориш;

бухгалтерия ҳужжатларига зарур ёзувларни киритмаслик;

қарздорнинг кредитга олинган ва ҳақи тўланмаган мол-мулкининг ҳаммасини ёки бир қисмини сотиш, йўқ қилиш, гаров сифатида қўйиш;

мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгасининг шахсий манфаатларини ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қарздорнинг тўловга қобилиятсизлигини ошириш;

айланма маблағларни қайтармай бошқа мақсадларга ишлатиш;

кредиторларга зарар етказиш мақсадини кўзлаган ҳолда қасддан банкротликка олиб келиш;

кредиторнинг талабларини бошқа кредиторларнинг зарар кўриши ҳисобига афзалроқ қондириш, шундай қондиришга розилик бериш;

қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятини бажаришдан қочиш мақсадида қасддан ўзини ўзи тугатиши.



191-модда. Низоларни ҳал қилиш

Банкротлик жараёнида юзага келган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


192-модда. Банкротлик тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Банкротлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2003 йил, 5-сон, 63-модда











































Время: 0.1509
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск