Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ёқилғи-энергетика комплекси /

Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 16.06.2003 й. 271-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 16 июндаги

271-сон қарорга

2-ИЛОВА



Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


I. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА АТАМАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган:


иссиқлик энергиясини қабул қилувчи - иссиқлик энергиясини қабул қилиб олиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган қурилма ёки прибор;


иссиқлик билан таъминловчи ташкилот - иссиқлик энергиясини шартнома бўйича сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;


иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абоненти - иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилот тармоқларига баланс бўйича тегишли иссиқлик тармоқлари чегарасига бевосита уланган истеъмолчи, унинг иссиқлик энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқи иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилотнинг истеъмолчи ёки унинг юқори ташкилоти билан шартномасида келишилган бўлади;


иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг субабоненти - иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг розилиги билан абонентнинг иссиқлик тармоқларига бевосита уланган ва абонент билан иссиқлик энергиясидан фойдаланиш юзасидан шартномага эга бўлган истеъмолчи. Энергия субабонентга берилганда абонент иссиқлик билан таъминловчи ташкилот олдида Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш бўйича жавобгар ҳисобланади;


иссиқлик тармоғининг баланс бўйича тегишлилик чегараси - иссиқлик тармоғининг иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан абонент ўртасидаги бўлиниш нуқтаси, у иссиқлик тармоғининг баланс бўйича тегишлилик чегараси бўйича аниқланади;


ҳисобга олиш нуқтаси - иссиқлик билан таъминлаш схемаси нуқтаси, унда ўлчаш прибори (ҳисоблаш счётчиги, ҳисобга олиш тизими ва шу кабилар) ёрдамида ёки бошқача усулда иссиқлик энергияси сарфи миқдори аниқланади;


ҳисобга олишни назорат қилиш прибори - назорат қилиш учун фойдаланиладиган ҳисобга олиш прибори, унинг кўрсаткичлари асосида тармоқнинг мазкур нуқтасидаги иссиқлик энергияси сарфи аниқланади;


иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ҳисоб-китоби прибори - Электр қурилмалари тузилиши қоидалари ҳамда Ёқилғи ва энергияни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш, улардан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ ўрнатиладиган ҳисобга олиш приборлари;


ҳисоб-китоб даври - иссиқлик энергиясининг истеъмол сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун истеъмолчи ва иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган вақт даври (ой). Томонлар билан келишилган ҳисоб-китоб даври шартномада кўрсатилади;


оралиқ ҳисоб-китоб - ҳисоб-китоб даври мобайнида истеъмол қилинган энергия ва қувват учун тўловчи абонент томонидан қисман ҳақ тўлаш;


якуний ҳисоб-китоб - ҳисоб-китоб даври тугагач истеъмол қилинган энергия ва қувват учун тўловчи абонент билан ҳисоб-китоб қилиш;


тўлов ҳужжати - тўлов талабномаси, унинг асосида иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг ҳисоб-китоб рақамига пул маблағлари ўтказилади, шунингдек билдиришнома, унинг бўйича тўлов нақд пул билан амалга оширилади;


улгуржи истеъмолчи - қайта сотувчи - иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абоненти, балансида ўзининг иссиқлик тармоғи бўлган ва иссиқлик билан таъминловчи ташкилотдан иссиқлик энергиясини улгуржи харид қилувчи ва уни шартнома бўйича турли истеъмолчиларга қайта сотувчи хўжалик ҳисобидаги ташкилот абонент ҳисобланади;


иссиқлик энергияси истеъмолининг шартномавий миқдори - тегишли ҳисоб-китоб даврида абонент томонидан истеъмол қилинадиган энергиянинг энергия билан таъминловчи ташкилот билан абонент ўртасидаги шартномада белгиланган миқдори;


иссиқлик билан таъминлашдаги танаффус (узиб қўйиш) - истеъмолчига иссиқлик энергияси беришни тўхтатиш, автоматик қурилмаларнинг муваффақиятли ишлаши туфайли ёки истеъмол қилишнинг чекланишига олиб келмайдиган, бир вақтнинг ўзида бирнечта линиялар бўйича энергия олувчи истеъмолчилар учун битта ёки бирнечта иссиқлик таъминоти линияларининг узиб қўйилиши туфайли содир бўладиган танаффуслар бундан мустасно;


чеклаш - шартномада назарда тутилган тадбирларни қўлланиш оқибатида муайян оралиқ вақт давомида, шунингдек иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг иссиқлик тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига иссиқлик энергияси бериш миқдорининг камайиши;


етарли миқдорда берилмаган (кам бериш) иссиқлик энергияси - иссиқлик таъминотидаги танаффус, шу жумладан узиб қўйиш ва чеклаш вақтида истеъмолчи тўлиқ олмаган иссиқлик энергияси миқдори;


иссиқлик энергияси сифати - бу иссиқлик тармоғининг тақсимланиш чегарасида энергия кўрсаткичларининг стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида ёки иссиқлик таъминоти шартномасида белгиланган талабларга мувофиқлигидир;


иссиқлик таъминотининг технологик брони - технологик жараённи, ишлаб чиқариш циклини тугаллаш учун зарур бўлган иссиқлик қуввати ёки энергия сарфи (ҳажми);


иссиқлик таъминотининг аварияли брони - мулкчиликнинг барча шаклларидаги хўжалик юритувчи субъектнинг асбоб-ускуналарини сақлаш, инсонлар ҳаёти хавфсизлиги учун қисман ёки тўлиқ тўхтатишда, авария ва қўриқлаш ёритгичларини сақлаш, шамоллатиш, сув оқавасини оқизиш, сув таъминоти, иситиш, ёнғин хавфсизлиги воситалари учун зарур бўлган энг кам иссиқлик қуввати ёки энергия сарфи;


режали узиб қўйиш - иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг энергия қурилмаларини режали - эҳтиёт таъмирлаш жадвали бўйича таъмирлаш ёки профилактикаси даврида абонентлар билан олдиндан келишилган ва уларни (камида 3 сутка олдин) огоҳлантирган ҳолда истеъмолчига энергия беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.



II. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2. Мазкур Қоидалар "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида", "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида", "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган ва иссиқлик билан таъминловчи ташкилотларнинг иссиқлик энергияси истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларини белгилайди ҳамда ҳам иссиқлик билан таъминловчи ташкилотлар, ҳам юридик ва жисмоний шахслар - иссиқлик энергияси истеъмолчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Мазкур Қоидаларнинг амал қилиши аҳолига маиший мақсадлар учун иссиқлик энергияси бериш билан боғлиқ ўзаро муносабатларга татбиқ этилмайди.


3. Саноат маҳсулоти тури сифатида иссиқлик энергияси бериш иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан иссиқлик қурилмалари иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг тармоқларига бевосита уланган истеъмолчи (абонент) ўртасида тузилган шартнома асосида мазкур Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Намунавий шартномалар шакллари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда белгиланган тартибда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ("Ўздавэнергоназорат" инспекцияси) томонидан тасдиқланади.

Субабонентлар абонент билан иссиқлик энергиясидан фойдаланиш учун шартномани абонент томонидан иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг розилиги олингандан кейин тузадилар.

Абонент ва иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ўртасидаги шартномада қуйидагилар назарда тутилади:

шартнома мавзуси;

истеъмол қилишнинг белгиланган режимларига риоя қилиш ва иссиқлик энергияси сифати кўрсаткичларини келишиб олиш мажбурияти;

иссиқлик тармоқлари ва иссиқлик ускуналарининг баланс бўйича тегишлилик чегаралари;

иссиқлик энергиясига ҳақ тўлаш бўйича истеъмолчиларнинг тариф гуруҳлари;

абонентнинг тармоғига уланган субабонентлар (истеъмолчининг номи, бир соатга энг юқори нагрузка, иссиқлиқ истеъмоли, ойлар бўйича қайтариладиган конденсат (тонна ва фоизларда) миқдори, ҳисоблаб чиқилган ҳисобга олиш приборлари, тарифлар ва бошқа маълумотлар);

истеъмолчининг тасарруфидаги иссиқлик тармоқлари ва иссиқлик энергия ускуналаридан, ҳисобга олиш приборларидан фойдаланишнинг хавфсизлигини ва созлигини ҳамда иссиқлик таъминотининг ишончлилигини таъминлаш;

алоҳида шартлар;

аҳдлашувчи томонларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал этиш тартиби;

томонларнинг реквизитлари.


4. Иссиқлик энергиясига тариф ўзгарган тақдирда, санасидан қатъи назар, шартнома ўз кучида қолади ва истеъмолчи олинган иссиқлик энергияси учун янги тариф жорий этилган кундан бошлаб янги тариф бўйича ҳақ тўлашга мажбурдир.


5. Томонлар шартнома тузиш, уни ўзгартириш, бекор қилиш ёки узайтириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва мазкур Қоидаларга амал қилади.


6. Абонент ўз иссиқлик тармоқларига бошқа субабонентларни фақат иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишган ҳолда улаши ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш юзасидан шартнома тузиши мумкин.


7. Корхоналар ва ташкилотлар учун бир соатда буғ ва иссиқ сув сифатида иссиқлик энергияси беришнинг бир соатдаги энг кўп миқдори электр станциялари (буғ қозонхоналари)нинг техник имкониятларига, буғ ва иссиқлик қувурларининг ўтказиш қувватига қараб иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан белгиланади ҳамда шартномада қайд этилади.

Истеъмолчи томонидан истеъмол қилинаётган иссиқлик энергиясининг шартномада кўрсатилган миқдорини кўпайтиришга фақат истеъмолчи томонидан техник шартлар бажарилгандан ва унинг илтимосига кўра шартномага тегишли ўзгартириш киритилгандан кейин иссиқлик билан таъминловчи ташкилот рухсати билан йўл қўйилади.


8. Янги иссиқлик қурилмаларини фойдаланишга топшириш ва янги субабонентларни улаш иссиқлик қурилмасидан фойдаланиш "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилгандан кейин иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

9. Иссиқлик энергиясини қайта сотувчи ёки ўз тармоқлари орқали берувчи ташкилотлар (улгуржи истеъмолчилар - қайта сотувчилар, абонентлар) кейинги йилларда иссиқлик энергиясининг ўртача истеъмоли таҳлили асосида аниқланадиган ўз иссиқлик тармоқларига уланган бошқа объектларнинг иссиқлик энергияси истеъмолини ҳисобга олган ҳолда иссиқлик энергиясининг умумий (йиғма) миқдорига иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан шартнома тузадилар.


10. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан иссиқлик энергиясини қайта сотувчи ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари мазкур Қоидалар ва улар ўртасида иссиқлик энергияси бериш юзасидан тузилган шартнома билан тартибга солинади.


11. Иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилот абонентга иссиқлик энергиясини уланган тармоқ орқали иссиқлик энергияси таъминоти шартномасида назарда тутилган миқдорда ва томонлар ўзаро келишган иссиқлик энергияси сифати ва режимига риоя қилган ҳолда беришга мажбурдир.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан истеъмолчи иссиқлик энергиясидан нооқилона фойдаланган (имзоланган далолатномага мувофиқ), иссиқлик энергиясини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режасини бажармаган тақдирда, иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилот иссиқлик энергиясидан нооқилона фойдаланишнинг аниқланган ҳолатларидан келиб чиқиб иссиқлик энергияси истеъмолининг шартномавий миқдорини камайтиришга ҳақлидир.

12. Иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилот тизимидаги аварияларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш ёки одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш зарур бўлганда ва фойдаланилган иссиқлик энергияси учун ҳақ тўланмаганда истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда иссиқлик энергия беришда танаффусга ёки чеклашга йўл қўйилади.


13. Истеъмолчиларнинг иссиқлик қурилмалари устидан давлат назорати ва текшириши қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан амалга оширилади.

14. Иссиқлик энергияси исроф қилиб сарфланганлиги ва истеъмолчининг авария хавфи туғдирадиган ёки одамларнинг ҳаётига хавф соладиган иссиқлик қурилмаларининг қониқарсиз техник ҳолати учун "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси иссиқлик энергияси беришни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

15. Махсус қоидалар бўйича фойдаланиладиган иссиқлик қурилмалари устидан энергетика назорати амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.


16. Давлат энергетика назорати амалга оширилиши абонентларни фойдаланилаётган иссиқлик тармоқлари, приборлар ва асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолати ва хавфсизлиги таъминланиши, иссиқлик энергияси истеъмолининг белгиланган режимига риоя қилиниши учун жавобгарликдан, шунингдек энергиядан фойдаланиш пайтида пайдо бўладиган авариялар, ёнғинлар, иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборларининг носозликлари ва бошқа қоидабузишлар тўғрисида иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилотни дарҳол хабардор қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.


17. Иссиқлик тармоқлари, приборлар ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга нисбатан қўйиладиган талаблар, шунингдек уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


18. Мазкур Қоидалар бузилганлиги учун жавобгарлик "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Фуқаролик кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ иссиқлик энергияси билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.



III. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ

ҚУРИЛМАЛАРИГА УЛАНИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


19. Янги қувватларни улашга, ишлаб турган объектларда шартномадаги миқдорларга нисбатан истеъмол қилинадиган иссиқлик энергиясини кўпайтиришга рухсатномага эга бўлган барча иссиқлик энергияси истеъмолчилари, истеъмолчиларнинг иссиқлик қурилмалари уланган иссиқлик билан таъминловчи ташкилотдан иссиқлик энергиясидан фойдаланиш учун техник шартларни олишга мажбурдирлар.


20. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг иссиқлик тармоқларига янги истеъмолчиларни (ташкилотлар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки айрим ишлаб чиқаришлари ва шу кабиларни) улашга техник шартлар буюртмачи ташкилот (қурувчи) ёки унинг топшириғига кўра бош лойиҳаловчи ташкилотдан лойиҳаланаётган объектни тавсифловчи қисқа шаклдаги маълумотлар: уни лойиҳалаш ва қуриш муддати, жойлашган ўрни (картография материали), истеъмол турлари (технология эҳтиёжлари, иситиш, вентиляция, иссиқ сув таъминоти ва бошқалар) ва иссиқлик билан таъминлашнинг ишончлилиги бўйича талаблар кўрсатилган ҳолдаги буюртманомасига кўра иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан берилади.


21. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот буюртмачи ташкилот (қурувчи) ёки унинг топшириғига кўра бош лойиҳаловчи ташкилотдан буюртманома олингандан кейин икки ҳафта муддатда, уларни турли майдончаларда жойлаштириш учун техник-иқтисодий таққослаш вариантлари ёки қурилишни, кенгайтиришни ёки реконструкция қилишни асослаш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар қилинаётган янги қуриладиган корхоналар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки айрим ишлаб чиқаришларини иссиқлик билан таъминлашнинг дастлабки шартларини беради.

Янги ташкилотларни, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки айрим ишлаб чиқаришларини ёки истеъмолчининг ташқи иссиқлик билан таъминлаш схемасини ўзгартиришни талаб қилувчи кенгайтириладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб турган объектларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича мўлжалланаётган лойиҳа ечимларини келишиб олиш иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан қурилиш майдонини танлаш пайтида амалга оширилади.


22. Иссиқлик тармоқларига истеъмолчиларни (ташкилотлар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки айрим ишлаб чиқаришларини) улашга техник шартларни иссиқлик билан таъминловчи ташкилот буюртмачи ташкилот (қурувчи) ёки унинг топшириғига кўра бош лойиҳаловчи ташкилотдан объектни тавсифловчи қуйидаги қисқа шаклдаги маълумотлар кўрсатилган буюртманома олингандан кейин бир ой муддатда берилади:

а) иссиқлик билан таъминлаш манбаи ва унинг ишончлилиги, асосий ва резерв уланиш ёки электрстанциялар ва иссиқлик марказлари коллекторларига уланиш нуқталари, бериладиган иссиқлик энергияси миқдорини тартибга солиш усули;

б) бошқа истеъмолчининг нагрузкаларини ҳисобга олган ҳолда асосий ва резерв уланиш нуқталарида иссиқлик берувчи ва гидравлик режим параметрлари;

в) бошқа истеъмолчиларнинг нагрузкаларини улаш истиқболи ҳисобга олинган ҳолда асосий истеъмолчининг нагрузкаси;

г) янги объект пайдо бўлиши муносабати билан иссиқлик манбаида мавжуд тармоқларнинг ўтказиш қобилиятини ва иситиш қурилмалари иш унумини ошириш бўйича асосланган талаблар;

д) қайтариладиган ишлаб чиқариш конденсатини чиқариб олиш миқдори, сифати ва режими, конденсатни йиғиш ва қайтариш схемаси;

е) ташкилотларнинг иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишга доир тавсиялар;

ж) ишончлилик талаблари ҳисобга олинган ҳолда резерв иссиқлик таъминоти манбалари;

з) ҳисоб-китоб ҳисоби назорат-ўлчов приборларини ҳисобга олиш ва ўрнатишга қўйиладиган талаблар;

и) қувурлар ётқизишга ва каналлар ва камераларни, запор ва тартибга солувчи арматурани ўрнатишга, қувурларни изоляция қилишга, коррозияга қарши ҳимояга, иссиқлик пунктларини жиҳозлашга қўйиладиган талаблар;

к) иситиш-вентиляция ва технологик нагрузка ҳамда иссиқ сув таъминоти нагрузкасини улашнинг иссиқлик схемаси;

л) ҳарорат жадвали ва тармоқдаги сув сарфи;

м) қурилаётган ёки реконструкция қилинаётган иссиқлик тармоқларининг баланс ва фойдаланиш бўйича мансублиги ҳамда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчининг иссиқлик тармоқларини ажратиш чегаралари;

н) техник шартларнинг амал қилиш муддати.

Буюртмачи ташкилот (қурувчи) ёки бош лойиҳалаш ташкилоти техник шартлар талабларига рози бўлмаган тадбирда келишмовчиликлар манфаатдор томонлар билан биргаликда, техник шартларни берган ташкилотнинг техник кенгашида кўриб чиқилади.


23. Истеъмол қилинадиган иссиқлик энергияси миқдорини ёки иссиқлик манбаи параметрларини ўзгартиришни талаб қилаётган истеъмолчининг иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларини реконструкция қилиш ёки кенгайтиришда истеъмолчи иссиқлик билан таъминловчи ташкилотдан уларни иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг иссиқлик тармоқларига улашга техник шартларни ҳам олиши керак.


24. Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалари улгуржи истеъмолчилар-қайта сотувчиларнинг ёки иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абонентларининг (асосий истеъмолчилар) тармоғидан таъминланадиган истеъмолчилар техник шартларни асосий истеъмолчилардан оладилар.

Субабонентга техник шартлар берилгунга қадар улгуржи истеъмолчи-қайта сотувчи ёки абонент уларни иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишиши шарт.

Техник шартларнинг бир нусхаси иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга берилади.


25. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан берилган техник шартларни бажариш истеъмолчи буюртмачилар ва иссиқлик таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш зиммасига топширилган лойиҳалаш ташкилотлари учун мажбурийдир.

Амал қилиш муддати тамом бўлган ва бошқа муддатга узайтирилмаган техник шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Истеъмолчи янги техник шартларни ва янги ёки қўшимча қувватларга уланишга рухсатномани мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда олади.

Объектнинг мақсади, вазифаси ўзгарган тақдирда истеъмолчига берилган техник шартлар бекор қилинади, шундан кейин истеъмолчи янги техник шартлар олиши керак.


26. Техник шартларга мувофиқ ишлаб чиқилган корхоналар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқаришлари иссиқлик таъминоти лойиҳалари (ишчи лойиҳалар) корхона, бино, иншоот, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқаришлари комплекс лойиҳаси тасдиқлангунга қадар иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишилиши керак.

Лойиҳага мувофиқ ишлаб чиқилган ишчи чизмалар қурилиш ишлари бошлангунга қадар иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишилиши керак.

Кўриб чиқилган лойиҳа ҳужжатларида техник шартлар ва амалдаги норматив ҳужжатлар талабларидан четга чиқиш аниқланган ҳолларда истеъмолчига объектни иссиқлик таъминоти ташкилоти тармоқларига улашга рухсат берилиши рад этилиши асосланган ҳолда хат юборилади.

Улгуржи истеъмолчи-қайта сотувчининг ёки абонентнинг иссиқлик тармоқларига уланиш учун техник шартларни олган субабонент унга объектнинг истеъмолчи-қайта сотувчи ёки абонентнинг иссиқлик тармоқларига уланиши учун ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларини тақдим этади.


27. Истеъмолчиларнинг нагрузкалари билан боғлиқ янги иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларини ва иссиқлик тармоқларини қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш истеъмолчилар кучлари ва маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



IV. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ИССИҚЛИКДАН ФОЙДАЛАНУВЧИ

ҚУРИЛМАЛАРИ ВА ИССИҚЛИК ТАРМОҚЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШГА РУХСАТ БЕРИШ


28. Истеъмолчиларнинг иссиқликдан фойдаланувчи барча янгидан қўшиладиган ва реконструкция қилинадиган тизимлари мазкур Қоидаларга ва белгиланган тартибда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши ҳамда амалдаги техник фойдаланиш қоидаларини қониқтириши, шунингдек техник ва қабул қилиш ҳужжатларига эга бўлиши керак.


29. Истеъмолчиларни иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланишига тегишли тайёргарлик кўрган ходимлар мавжуд бўлган, иссиқлик хўжалиги учун масъул бўлган шахс ва техника хавфсизлиги ва ёнғинни ўчириш бўйича ҳимоя воситалари билан бутланган тақдирда рухсат бериш мумкин.


30. Истеъмолчи иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларни монтаж ташкилотидан мазкур Қоидаларга мувофиқ далолатнома бўйича қабул қилади.

Шундан кейин истеъмолчи "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг ваколатли вакилига Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларидан техник фойдаланиш қоидаларига, қурилиш нормалари ва қоидаларига, шунингдек уни кўздан кечириш ҳамда вақтинчалик ёки доимий фойдаланишга бериш учун иссиқлик таъминоти тизимига мувофиқ лойиҳа, техник, қабул қилиш-топшириш ва фойдаланиш ҳужжатларини тақдим қилиши шарт.

Истеъмолчининг буюртманомаси бўйича ишга тушириш-созлаш ишларини амалга ошириш учун иссиқлик билан таъминловчи ташкилот иссиқлик истеъмоли тизимини ариза берилган муддатга вақтинчалик шартнома бўйича ишга туширади.

Истеъмолчилар иссиқлик истеъмолининг реконструкция қилинган тизимлари фойдаланишга берилишидан олдин кўриб чиқиш учун "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг ваколатли вакилига тақдим этилиши керак.

31. Истеъмолчиларнинг иссиқлик истеъмоли тизимларида монтаж қилишда нуқсонлар, иссиқлик таъминоти ташкилоти ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган лойиҳанинг берилган техник шартларидан, шу жумладан мазкур Қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларидан четга чиқиш аниқланган тақдирда, шунингдек иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларга хизмат кўрсатиш учун тайёрланган ходимлар мавжуд бўлмаганда улардан фойдаланишга рухсат бериш аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тақиқланади.

32. Иссиқлик таъминоти тизимидан доимий равишда фойдаланиш учун истеъмолчига рухсатномани иссиқлик билан таъминловчи ташкилот тизим икки ҳафта синаб кўрилгандан кейин, бунда аниқланган нуқсонлар бартараф этилгач, иссиқлик қурилмаси тизими "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси вакили томонидан техник кўрикдан ўтказилгач, иссиқлик энергиясини беришга шартнома тузилгач ва истеъмолчига ижро ҳужжатлари берилгандан кейин беради. Техник кўрик ва иссиқлик қурилмаларидан фойдаланишга рухсат бериш иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга фойдаланиш вақтида унинг нормал мавжуд бўлиши учун жавобгарликни юкламайди.


V. ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ПРИБОРЛАРИНИ ЎРНАТИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


33. Иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан истеъмолчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан берилган техник шартларга мувофиқ белгиланади.


34. Иссиқлик энергияси барча истеъмолчиларининг иссиқлик таъминоти тизими иссиқлик энергияси учун иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан ҳисоб-китоб қилиш учун зарур приборлар билан таъминланиши керак.

Иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда Иссиқлик ва энергияни ҳисобга олишни ташкил этиш тартибига мувофиқ ташкил этилиши керак.

Усулларни, ўлчаш воситаларни танлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ва қоидалари Иссиқлик ва энергияни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш, улардан фойдаланишни ташкил этиш қоидаларида белгиланган.


35. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг иссиқлик тармоқларига, шунингдек иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган абонентнинг, иссиқлик таъминоти тизимининг улгуржи истеъмолчи-қайта сотувчининг тармоқларига уланиш тақиқланади.


36. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг объектларда ўрнатиладиган иссиқлик энергиясини ҳисоб-китоб ҳисоби приборлари улар "Ўзстандарт" агентлигида аттестациядан ўтказилгандан кейин истеъмолчи томонидан сотиб олинади ва ўрнатилади ҳамда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг балансига ва хизмат кўрсатишига текин берилади. Бунда ушбу приборларни вақти-вақти билан текшириш билан таъминлашни иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ўз ҳисобидан ташкил этади.

Истеъмолчида ўрнатилган ва унинг балансида турган ҳисобга олиш приборлари истеъмолчиларнинг ўзлари томонидан фойдаланилади ва таъмирланади.

Иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисобга олиш приборларини бошқа жойга ўрнатиш ва бўшатиб олиш фақат иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ходими томонидан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб приборлари шикастланганлиги ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрилиги тўғрисида шубҳа туғилган тақдирда истеъмолчи ёки иссиқлик билан таъминловчи ташкилот узиб қўйиш вақтини ва узиб қўйиш пайтида иссиқлик энергиясининг барча кўрсаткичларини рўйхатдан ўтказган ҳолда бу ҳақда тегишли равишда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга ёки истеъмолчига дарҳол маълум қилиши шарт.

Бунда, иссиқликни ҳисобга олиш приборларини таъмирлаш даври мобайнида иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан охирги уч сутка учун, бироқ приборлар тўхташидан олдинги 15 суткадан ортиқ эмас, приборлар ишламай туриб қолган тақдирда шартномавий нагрузка бўйича 15 суткадан ортиқ муддат учун ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Истеъмолчи ҳисоб-китоб ҳисобга олиш приборларини таъминлаш тамом бўлгунга қадар истеъмол қилишни тўхтатиб туришга ҳақлидир. Бунда истеъмолчи бу ҳақда дарҳол иссиқлик билан таъминловчи ташкилотни хабардор қилиши ва запор арматурани биргаликда пломбалаши шарт.

Истеъмолчи иссиқлик билан таъминловчи ташкилотни приборнинг шикастланганлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган тақдирда иссиқлик энергияси учун приборлар ишламай турган вақт учун ҳисоб-китоб шартномавий нагрузка бўйича амалга оширилади.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан ҳисоб-китоб қилиш учун хизмат қилмайдиган ҳисобга олиш приборларидан истеъмолчининг ўзи фойдаланади.

Истеъмолчилар томонидан ўлчаш диафрагмаларини ўрнатиш вақтида иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг вакили ҳозир бўлиши керак.


37. Иссиқлик энергияси беришни ҳисобга олиш иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчининг иссиқлик тармоқлари ажралиши чегарасида амалга оширилиши керак.

Ҳисобга олиш приборлари ажралиш чегарасида ўрнатилмаган тақдирда иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб ажралиш чегарасидан ҳисоб-китоб приборлари ўрнатиладиган жойгача бўлган участкадаги нобудгарчиликлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Нобудгарчиликлар ҳисоб-китоби ёки иссиқлик нобудгарчилиги синовини иссиқлик билан таъминловчи ташкилот истеъмолчи билан биргаликда амалга оширади.



VI. ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТОМОНИДАН ИССИҚЛИКДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТИЗИМЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ВА РЕЖИМНИНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИ


38. Иссиқлик истеъмоли тизимлари ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш учун истеъмолчи билан иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ўртасидаги жавобгарлик чегаралари уларнинг баланс бўйича мансублилигига кўра аниқланади ҳамда шартномага илова қилинадиган иссиқлик тармоқларининг баланс бўйича мансублигини чегаралаш ва фойдаланиш учун томонларнинг жавобгарлиги далолатномасида қайд этилади.


39. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга тегишли бўлган иссиқлик қувурларида истеъмолчига тегишли бўлган қурилмалар ёки асбоб-ускуналар бўлмаслиги керак.

Битта камерада (қудуқда), иссиқлик қувурида, эстакадада ҳар хил ташкилотлар хизмат кўрсатадиган асбоб-ускуналар бўлмаслиги керак.

Ҳар хил ташкилотларга тегишли бўлган қурилмалар мавжуд бўлган ишлаб турган қурилмаларда барча асбоб-ускуналар ташкилотлардан бирининг балансига ва хизмат кўрсатишига берилади.


40. Якка ҳолдаги истеъмолчига иссиқлик қувурлари, иссиқлик пунктлари, истеъмолчи иссиқлик таъминотининг ички тизимлари истеъмолчининг балансида бўлади.



VII. ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


41. Истеъмолчилар:

"Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларидан техник фойдаланиш қоидаларига ҳамда Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига, шунингдек мазкур Қоидаларга қатъий риоя қилишга;

фойдаланилган иссиқлик энергияси учун шартномада қайд этилган муддатларда ҳақ тўлашга;

иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишмасдан иссиқлик энергияси истеъмолининг шартномавий миқдорини оширмасликка ва тузилган шартномага мувофиқ иссиқлик истеъмоли режимига риоя қилишга;

иссиқлик таъминоти режимига нисбатан иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг тезкор кўрсатмаларини бажаришга;

конденсат ва тармоқ сувини шартномада белгиланган миқдорда, сифатда ва тегишли ҳароратда қайтаришга, шартномада назарда тутилмаган сув оқиб кетиши ва сув олинишига йўл қўймасликка, шунингдек орқага қайтадиган қувурда ҳароратли жадвалга таққослаганда сув ҳарорати ошиб кетишига йўл қўймасликка;

иссиқликни истеъмол қилувчи асбоб-ускуналар, иссиқлик қувурлари, иссиқликни ҳисобга олиш приборлари, қувурлар изоляцияси ва иссиқликдан фойдаланувчи асбоб-ускуналарни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлашга;

иссиқлик қувурлари, иссиқлик истеъмол қилувчи асбоб-ускуналар, запор ва тартибга солувчи арматуранинг режали-олдини олувчи таъмирлашини ва синовини ўз вақтида ўтказишга, таъмирлаш ҳажми, муддатлари ва жадвалини иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан келишишга;

ҳисоб-китоб ҳисобга олиш приборлари, пастга туширувчи кранлар, торайтиб турувчи қурилмалар ва арматурани иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг вакили билан биргаликда пломбалашга, ўрнатилган пломбаларнинг сақланишини таъминлашга мажбурдир. Пломбаларни олиш иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг рухсати билан амалга оширилади;

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси инспектори томонидан берилган кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда иссиқликдан фойдаланишни яхшилаш, конденсат қайтарилишини кўпайтириш, унинг сифатини ошириш, иккиламчи энергетика ресурсларидан фойдаланиш, орқага қайтадиган тармоқ суви ҳароратини пасайтириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга;

умуман корхона бўйича ва алоҳида иссиқлик қурилмалари бўйича буғ-конденсат баланслари тузишга;

иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг вакилларини иссиқликни ҳисобга олиш приборларига, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси инспекторларини иссиқликдан фойдаланувчи асбоб-ускуналарга ўз ходимлари ҳамроҳлигида сутканинг исталган вақтида тўсиқсиз қўйишни таъминлашга;

барча иссиқлик тармоқлари ва иссиқликни истеъмол қилувчи қурилмаларнинг ижро чизмалари ва паспортига, шунингдек ишлаб чиқариш йўриқномаларига эга бўлишга;

иссиқлик истеъмоли тизимларига тайёргарлик кўрган ходимларнинг хизмат қилишини таъминлашга;

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси вакилларининг кўрсатмаларини белгиланган муддатларда бажаришга мажбурдир.


VIII. ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


42. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иссиқлик билан таъминловчи ташкилотдан иссиқлик энергияси шартномага мувофиқ узлуксиз берилишини талаб қилиш;

иссиқлик бериш режимини назорат қилиш ва буғ бериш бўйича иссиқлик параметрлари (ҳарорат, босим) шартномавий миқдорларнинг (+) 5 фоизидан ортиқ четга чиқишига йўл қўймаслик, иссиқ сув бериш бўйича:

иссиқлик берувчи қувурда сув ҳарорати бўйича - (+) 3 фоизга;

иссиқлик берувчи қувурда сувнинг босими бўйича - (+) 5 фоизга;

орқага қайтадиган қувурда сувнинг босими бўйича - (+) 20 кПага пасайиб кетишига йўл қўймаслик;

иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг розилиги билан рухсат берилган қувват доирасида иссиқлик энергияси бошқа истеъмолчиларининг иссиқлик тармоқларини ўзининг транзити орқали улаш ёки ўтказиб юбориш;

технологик мақсадлардаги буғнинг шартномавий параметрлари иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан пасайганда истеъмолчи бу ҳақда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга олдиндан хабар берган ҳолда иссиқлик энергияси истеъмолини тўхтатишга ҳақлидир. Ушбу ҳолда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот мазкур Қоидаларнинг 43-бандига мувофиқ истеъмолчи олдида жавоб беради.


43. Иссиқлик билан таъминлашда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан танаффуслар юз берган тақдирда, иссиқлик билан таъминловчи ташкилот берилмаган иссиқлик энергияси учун моддий зарарни истеъмолчига қоплайди.

Истеъмолчини иссиқлик билан таъминлашда контрактда назарда тутилмаган танаффуслар технологик асбоб-ускуналарнинг бузилишига ёки кўплаб брак маҳсулот ишлаб чиқаришга олиб келган тақдирда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот зарарни истеъмолчига суд тартибида қоплайди.



IX. ИССИҚЛИК БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ

ТАШКИЛОТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


44. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот истеъмолчини огоҳлантириб қуйидаги ҳолларда унга иссиқлик энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш ҳуқуқига эгадир:

иссиқлик энергияси учун тўлов ҳужжатида белгиланган муддатларда ҳақ тўламаслик (истеъмолчи иссиқлик энергияси бериш тўхтатилишидан бир ой олдин огоҳлантирилган тақдирда);

абонент, субабонентлар, янги иссиқлик нагрузкалари, цехлар ва қурилмаларнинг ёки уларнинг алоҳида қисмларининг иссиқлик тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, шунингдек бошқа ташкилотлар субабонентларининг иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш;

иссиқлик истеъмоли тизимларини "Ўздавэнергоназорат" агентлигининг инспектори иштирокисиз фойдаланишга топшириш;

ҳисобга олиш приборлари ўрнатилгунга қадар иссиқлик истеъмоли тизимларига қўшилиш;

шартномада қайд этилган максимал соатли нагрузкаларнинг иссиқлик истеъмолининг белгиланган шартномавий миқдорларини иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг розилигисиз ошириш ёки орқага қайтадиган тармоқдаги сув ҳароратини шартномага мувофиқ энг кўп йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадан ошириш;

иссиқлик энергиясини исрофгарчилик билан истеъмол қилиш, уни талон-тарож қилиш, тармоқдаги сувнинг оқиши ва ифлосланишига йўл қўйиш;

иссиқлик истеъмоли тизимларининг авария хавфини туғдирадиган ёки хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳаётига хавф соладиган даражада қониқарсиз ҳолати;

шартномада назарда тутилган конденсатнинг 50 фоиздан кам миқдорда қайтарилиши;

иссиқлик истеъмоли тизимларига хизмат кўрсатиш учун тайёргарлик кўрган ходимларнинг йўқлиги;

иссиқлик билан таъминловчи ташкилот вакилларининг иссиқлик истеъмоли тизимларига ёки иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборларига қўйилмаслиги.


45. Асбоб-ускуналарни таъминлаш бўйича режали ишларни амалга оширишда ва янги истеъмолчиларни улашда резерв таъминлаш мавжуд бўлмаган тақдирда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абонентларни узиб қўйиш ҳуқуқига эгадир. Истеъмолчига иссиқлик энергияси бериш тўхтатилиши тўғрисида уни огоҳлантириш иссиқлик энергияси беришда танаффуснинг аниқ санасини (кунлар ва соатларни) келишиш учун 10 кун олдин амалга оширилади. Агар огоҳлантириш олингандан кейин 5 кун муддатда истеъмолчи иссиқлик беришдаги танаффус вақтини келишмаса иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ушбу вақтни мустақил белгилаш ҳуқуқига эгадир. Электр энергияси беришдаги танаффус, имкони борича, бу ҳақда узиб қўйишдан камида 24 соат олдин истеъмолчини огоҳлантирган ҳолда унинг ишдан ташқари вақтида амалга оширилиши керак.


46. Авариянинг олдини олиш ёки баратаф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш учун иссиқлик билан таъминловчи ташкилот, шунингдек кейинчалик узиб қўйиш сабабларини маълум қилган ҳолда абонентнинг иссиқлик истеъмоли тизимини узиб қўйиш ҳуқуқига эгадир.


47. Иссиқлик энергияси истеъмолини чеклаш вақти, уни етказиб бермаслик ҳажми иссиқлик тармоқлари ажралиши чегарасида ҳисоб-китоб приборлари ҳамда иссиқлик энергиясини берувчи иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг диспетчерлик хизмати оператив дафтарида чеклашнинг бошланиши ва тамом бўлиши қайд этилган амалдаги ёзувлар бўйича белгиланади ҳамда икки томонлама далолатнома билан расмийлаштирилади.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан истеъмолчининг технологик эҳтиёжларига иссиқлик энергияси тўлиқ етказиб берилмаслиги чеклаш кунидан олдинги охирги 3 суткада иссиқлик энергиясининг ўртача суткалик истеъмоли билан иссиқлик энергияси тўлиқ етказиб берилмаган суткадаги ҳақиқатда истеъмол қилиш ўртасидаги тафовут сифатида ҳисобга олиш приборлари бўйича аниқланади.


48. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот иссиқлик манбаи параметрлари пасайганлиги ва қуйидаги ҳолатлар туфайли келиб чиққан иссиқлик энергияси тўлиқ етказиб берилмаганлиги учун истеъмолчилар олдида моддий жавоб бермайди:

а) табиий ҳодисалар: момақалдироқ, бўрон, сув тошқини, зилзила, ушбу жойда иситишни лойиҳалаштириш учун 48 соатдан ортиқ вақт мобайнида ҳисоблаб чиқилган ҳароратдан 3°Сга ва ундан ортиқ паст бўлган ҳароратда ҳавонинг узоқ вақт совиб кетиши, бошланғич сув сифатининг ёмонлашиши;

б) истеъмолчи ходимларининг нотўғри хатти-ҳаракатлари;

в) истеъмолчи истеъмолнинг шартномавий миқдорлари оширилишига йўл қўядиган ёки унинг учун белгиланган иссиқлик истеъмоли режимларига риоя қилмаган ва фойдаланилган иссиқлик энергияси учун муддати ўтказиб юборилган қарздорлик мавжуд бўлган суткалар мобайнида пасайтирилган параметрли иссиқлик энергияси берилганлиги учун мазкур Қоидаларнинг 44-бандида назарда тутилган иссиқлик энергияси беришни чеклаш ёки тўхтатиш шартларига мувофиқ;

г) паст параметрли иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ёки вақтинчалик фойдаланишда бўлган электр станцияси ёки иссиқлик тармоқларидан иссиқлик тўлиқ етказиб берилмаганлиги учун истеъмолчи иссиқлик тармоқларига уланган пайтдан бошлаб 6 ой мобайнида.



X. ИССИҚЛИК БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ

ТАШКИЛОТНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


49. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот қуйидагиларга мажбур:

шартномага мувофиқ истеъмолчига иссиқлик энергияси узлуксиз берилишини таъминлаш, иссиқлик манбаи коллекторларидан берилаётган иссиқлик манбалари параметрларининг (буғ ва иссиқ сув) шартномага мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг:

буғ бўйича (босим ва ҳарорат) - (+) 5 фоизга;

иссиқлик берувчи қувурда сув ҳарорати бўйича - (+) 3 фоизга;

сув босими бўйича:

иссиқлик берувчи қувурда - (+) 5 фоизга;

орқага қайтадиган қувурда - (+) 20 кПа четга чиқишига йўл қўймаслик;

иссиқлик тўлиқ етказиб берилмаганлиги тўғрисида истеъмолчиларнинг ёзма аризаларини истеъмолчилардан ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда кўриб чиқиш;

иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан технологик мақсадлардаги тўлиқ етказиб берилмаган энергия қийматини қоплаш. Тўлиқ етказиб берилмаган энергия ҳажми истеъмолчининг вакили иштирокида иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан аниқланади ва далолатнома билан расмийлаштирилади.


50. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан белгиланган лимит ошириб юборилганлиги, иссиқлик қурилмаларига ўзбошимчалик билан уланиш, мавжуд қувватларнинг ҳисоб-китоб приборлари кўрсаткичлари билан тасдиқланган истеъмолчилар томонидан кенгайтирилиши ёки кўпайтирилиши ҳоллари аниқланганда материаллар "Ўздавэнергоназорат" инспекциясига берилади.


XI. ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИДАН

ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


51. Иссиқликдан фойдаланиш хусусиятига кўра истеъмолчилар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

а) саноат истеъмолчилари ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар ҳамда кейинги гуруҳларда кўрсатилмаган истеъмолчилар;

б) улгуржи истеъмолчилар - қайта сотувчилар - ўз балансида иссиқлик тармоқларига эга бўлган, улардан фойдаланувчи, улгуржи харид қилувчи ва иссиқлик билан таъминловчи ташкилотдан олинган иссиқлик энергиясини ҳар хил истеъмолчиларга қайта сотувчи хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар;

в) иссиқхона хўжаликлари - иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланувчи истеъмолчилар.


52. Берилган иссиқлик энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида амалдаги тасдиқланган тарифларга мувофиқ амалга оширилади. Ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган абонентларга бериладиган иссиқлик энергияси миқдори шартномавий нагрузкаларга мувофиқ иссиқликнинг умумий миқдорини абонентлар ўртасида тақсимлаган ҳолда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг ҳисобга олиш приборлари бўйича белгиланади.


53. Амалдаги тарифлар турар жойлардан фойдаланувчи (аҳоли) ташкилотлар билан ҳисоб-китоб қилишга татбиқ этилмайди.


54. Иссиқлик энергияси бериш юзасидан иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномаларда иссиқлик манбаининг ҳар бир тури ва параметри бўйича максимал соатли нагрузка, шунингдек иссиқлик энергиясини истеъмолчига ойлик, чораклик ва йиллик бериш белгиланади.


55. Истеъмолчи (абонент)нинг иссиқлик тармоқларида иссиқлик энергияси нобудгарчилиги уларнинг иссиқлик энергияси истеъмол қилиш улушига мутаносиб тарзда ва иссиқлик тармоғи узунлигига мутаносиб тарзда улар ва субабонентлар ўртасида тақсимланади.


56. Истеъмолчига берилган иссиқлик энергияси миқдори иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчининг иссиқлик тармоқларини ажратиш чегарасида ҳисобга олинади.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ва истеъмолчи тармоғи ажралиши чегарасигача иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича барча харажатлар ва унинг нобудгарчилиги тарифларда ҳисобга олинган ҳамда тарифлардан ортиқча қўшимча ҳақ тўлашга йўл қўйилмайди.

Тармоқларнинг ажралиш чегарасидан кейин иссиқлик энергиясининг барча харажатлари ва нобудгарчилиги истеъмолчининг ҳисобига тегишли бўлади. Агар буғ ва иссиқ сув истеъмолчининг иссиқлик тармоқлари орқали берилса, иссиқлик энергияси миқдори электр станцияси коллекторида (туман буғ қозонхонаси) ҳисобга олиш приборлари бўйича аниқланади.


57. Истеъмолчи томонидан ҳисоб-китоб прибори кўрсаткичларидаги нуқсонлар ёки иссиқлик энергияси сарфини ҳисоблаб чиқишда йўл қўйилган хатолар аниқланган тақдирда истеъмолчи бир ҳафта муддатда бу ҳақда иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга ариза бериши керак.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот 10 кун муддатда (истеъмолчининг аризаси берилган кундан бошлаб) ҳисоб-китоб приборини ёки у бўйича амалга оширилган ҳисоблаб чиқишларнинг тўғрилигини текшириши шарт.


58. Ҳисоб-китоб приборлари кўрсаткичларининг нотўғрилиги тасдиқланган тақдирда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот охирги ҳисоб-китоб давридаги иссиқлик энергияси сарфини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Қайта ҳисоб-китоб қилиш, жорий ҳисоб-китоб даврида иссиқлик энергияси истеъмоли ҳисобга олинган ҳолда, навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзишда охирги давр учун ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузатилган ёки янгидан ўрнатилган приборларнинг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.


59. Агар кўрсатиб ўтилган четга чиқишлар "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланган нормалардан ортиқ бўлмаса ҳисоб-китоб приборлари кўрсаткичларидаги четга чиқишлар йўл қўйиш мумкин деб ҳисобланади ва қайта ҳисоб-китоб қилишга олиб келмайди.


60. Ҳисоб-китоб приборлари текширилиши тўғрисида ариза берилиши истеъмолчини у истеъмол қилган электр энергияси тўловини белгиланган муддатда тўлашдан озод қилмайди.


61. Ҳисоб-китоб приборлари кўрсаткичлари истеъмолчи томонидан хабар қилинмаган тақдирда ҳисоб-китоб белгиланган шартномавий нагрузка бўйича амалга оширилади.


62. Асосий истеъмолчилар қайта сотиладиган иссиқлик энергияси учун ҳам иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан, ҳам субабонентлар тегишли бўлган истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун белгиланган тарифлар бўйича субабонентлар билан ҳисоб-китоб қилади.



XII. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА БЕРИЛАДИГАН БУҒ ҲОЛИДАГИ

ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ МИҚДОРИНИ БЕЛГИЛАШ

ВА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


63. Истеъмолчига берилаётган буғ иссиқлик энергиясининг миқдори буғ миқдорини шартномада келишилган буғнинг белгиланган кўрсаткичларида унинг таркибидаги иссиқлик миқдорига кўпайтмаси сифатида аниқланади.

Бунда сув таъминоти манбаидаги бошланғич сувдаги мавжуд иссиқлик миқдори ҳисобга олинади.


64. Истеъмолчи конденсат билан қайтараётган иссиқлик энергияси миқдори конденсат миқдорининг бошланғич сувдаги иссиқликни ҳисобга олган ҳолда, конденсатнинг иссиқлик сиғими ва ҳароратига кўпайтмаси сифатида аниқланади.


65. Қайтарилган конденсат учун истеъмолчига тўлов миқдори шартнома билан белгиланади.



XIII. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА БЕРИЛАДИГАН ИССИҚ СУВ

ҲОЛИДАГИ ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ МИҚДОРИНИ

АНИҚЛАШ ВА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


66. Истеъмолчига бериладиган иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергияси миқдори сув миқдорининг унинг иссиқлик сиғимига кўпайтмаси ҳамда берувчи ва орқага қайтувчи тармоқдаги сув ҳарорати тафовути сифатида аниқланади.

Очиқ сув олиш тизимида истеъмолчига бериладиган иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергияси миқдори сув миқдорининг унинг иссиқлик сиғими билан кўпайтмасига ҳамда иссиқ (берилаётган) ва бошланғич сув ҳарорати тафовути сифатида аниқланади, бошланғич сув ҳарорати учун ўртача ойлик ҳарорат олинади.


67. Иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергиясидан фойдаланишда истеъмолчи орқага қайтадиган тармоқдаги сувни шартномага илова қилинадиган ҳарорат жадвали бўйича унинг қийматидан ортиқ бўлмаган ҳарорат билан қайтариши шарт.

Истеъмолчининг иссиқлик тармоғи учун иссиқлик берадиган тармоқ суви ҳарорати иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Иссиқлик беришни тартибга солиш кун ва туннинг ташқи ҳарорати ўртасидаги фарқ 8°С бўлганда суткада икки марта ва ҳарорат 8°С дан кам бўлганда - суткада бир марта амалга оширилади.

Тартибга солишда маиший мақсадларда ва жамоат биноларини иситиш тизимида фойдаланиладиган сувнинг ҳароратини тунги вақтда пасайтириш имконияти, шунингдек ишдан ташқари вақтларда уни саноат корхоналарига беришни қисқартириш назарда тутилиши керак.


68. Орқага қайтадиган тармоқ сувининг ўртача суткалик ҳарорати жадвалдагига қараганда 3°С дан ортиқ миқдорда истеъмолчи томонидан оширилган тақдирда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот тармоқдаги сувнинг ўртача суткалик ҳарорати (+) 3°С дан ортиқ четга чиқмаслигига риоя қилиш шарти билан иссиқлик энергиясини истеъмолчига беришни пасайтиришга ёки тўлиқ тўхтатишга, ёхуд берилган иссиқлик энергияси учун иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан истеъмолчи учун ҳисоблаб чиқилган ва шартномага илова қилинган жадвалда назарда тутилган ҳарорат пасайиши бўйича ҳисоб-китоб қилишга ҳақлидир.


69. Истеъмолчиларга бериладиган 40°-45°С ҳароратли иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш 50 фоизли чегирма билан иссиқ сув учун тариф бўйича амалга оширилади.


70. Қуйидаги ҳолларда тармоқ сувидаги иссиқлик нобудгарчилиги истеъмолчилар томонидан шартномавий нархлар бўйича тўланади:

иссиқлик тармоқларини гидравлик ва ҳароратли синашлар ўтказилиши билан боғлиқ нобудгарчиликнинг ўрнини тўлдириш;

истеъмолчи тармоғини унинг буюртманомаси бўйича тўлдириш, аварияли вазиятлар ҳам шу жумлага киради;

истеъмолчидан қайтариладиган паст сифатли (таркибида темир, механик аралашмалар ва бошқалар мавжуд бўлган) орқага қайтадиган тармоқ сувини дренлаш.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг айби билан юз берган тармоқ сувидаги иссиқлик нобудгарчилигига истеъмолчи томонидан ҳақ тўланмайди.



XIV. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ҚАЙТАРИЛАДИГАН

КОНДЕНСАТ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ВА

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


71. Иситиш, шамоллатиш ва иссиқ сув билан таъминлаш учун буғ ҳолидаги иссиқлик энергиясидан фойдаланилганда истеъмолчилар иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга конденсатнинг камида 95 фоизини, технологик мақсадлар учун буғдан фойдаланилганда эса - шартномада келишилган миқдорда ва сифат билан қайтаришлари шарт.

Конденсатнинг истеъмол қилинадиган буғ миқдорига нисбатан фоизларда қайтариш нормасини ва унинг сифатини томонлар шартнома тузиш вақтида белгилайдилар.

Истеъмолчи иссиқлик манбаига қайтариши шарт бўлган конденсат миқдори иссиқлик билан таъминлаш тизимларининг лойиҳадаги маълумотларига мувофиқ, корхонанинг буғ-конденсат баланси билан ва конденсатни қайтариш бўйича эришилган натижаларни, шунингдек мавжуд захираларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот истеъмолчига корхонада техник имконият мавжуд бўлганда конденсат қайтаришни кўпайтиришга йўналтирилган тадбирларни бажаришни тавсия этишга, уларни бажаришнинг истеъмолчи билан келишилган муддатини белгилашга ҳақлидир.

Белгиланган муддат тугагач истеъмолчига конденсатни қайтариш нормаси таклиф этилган тадбирларни ҳисобга олган ва амалдаги шартномага тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда кўпайтирилади.


72. Истеъмолчига қайтариладиган конденсат шартномада келишилган миқдорга ва сифатга мувофиқ бўлиши керак.

Истеъмолчи томонидан қайтариладиган конденсат миқдори ва сифати электр станциясида (буғқозонхонада) аниқланади.

Конденсатни тозалагичга эга бўлмаган ёки конденсатни ишлатиладиган сув нормаларигача тозалашни таъминламайдиган конденсат тозалагичга эга бўлган фаолият кўрсатаётган электр станцияларида (буғқозонхоналарда) буғқозонларни таъминлаш учун фойдаланиладиган ишлаб чиқариш конденсати сифати шундай бўлиши керакки, токи унинг бошқа ташкил қилувчилари билан аралашмаси Электр станциялари ва тармоқларидан техник фойдаланиш қоидаларига биноан мазкур буғқозонлар учун таъминловчи сув нормаларига мувофиқ бўлсин.

Конденсат тозалагич билан жиҳозланган ва бутун конденсатни таъминловчи сув нормаларигача тозалашни таъминлайдиган фаолият кўрсатаётган электр станцияларидаги (буғқозонхоналардаги) буғқозонларни таъминлаш учун ёки янгидан лойиҳалаштирилаётган электр станциялари учун фойдаланиладиган ишлаб чиқариш конденсати миқдори Иссиқлик электр станцияларини ва иссиқлик тармоқларини технологик лойиҳалаш нормаларида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.


73. Қайтарилган конденсат миқдори учун иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абонентга тўловни шартномада кўрсатилган иссиқлик қиймати бўйича (қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда) тўлайди. Ушбу сумма иссиқлик энергияси учун ҳақ тўлашда абонент ҳисобига қўшилади.


74. Электр станциясига сифати шартномадаги шартларга мувофиқ бўлмаган конденсат келтирилганда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот қайтарилган конденсат миқдорига тузатувчи коэффициент жорий қилади: конденсатдан иситгичлар, буғ ҳосил қилувчилар ёки иссиқлик тармоғини қўшимча таъминлаш учун фойдаланилганда - 0,8, конденсат тўлиқ тозалаш учун қабул қилинганда эса - 0,5 коэффициенти қўлланади. Ифлос конденсатдан фойдаланишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаганда ифлос конденсат дренажга оқизилади, бу ҳолда конденсат истеъмолчига топширилмаган деб ҳисобланади. Қайтарилган конденсатдаги иссиқлик энергияси миқдори ҳам иссиқлик билан таъминловчи ташкилотга ҳисобланган конденсат миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Қайтарилаётган конденсатнинг иссиқлик-техник параметрлари (миқдори, ҳарорати, ифлослик даражаси) иссиқлик билан таъминлаш манбаида конденсатни кимёвий текшириш натижалари ҳамда ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари бўйича аниқланади ва икки томонлама далолатнома билан расмийлаштирилади.

Конденсат ортиқ даражада ифлос бўлган тақдирда уни тозалашнинг мақсадга мувофиқлиги электр станцияларида (буғқозонхоналарда) ёки истеъмолчида техник-иқтисодий ҳисоблар асосида аниқланади. Бунда барча ҳолларда конденсатни тўлиқ тозалаш истеъмолчи ҳисобига амалга оширилади.

Сифатига кўра шартнома шартларини қондирмайдиган ва электр станциясида фойдаланилмаган қайтарилган конденсат қайтармаганликка тенглаштирилади.


75. Буғ кам сарфланган ва конденсатни тозалаш қимматга тушадиган ҳолларда айрим истеъмолчилар иссиқлик билан таъминловчи ташкилот томонидан конденсатни қайтаришдан озод қилинишлари мумкин, унинг учун техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар тақдим этилиши ва конденсатдан ўз эҳтиёжлари учун тўлиқ фойдаланилиши шарт.

Истеъмолчининг яқин - атрофида иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг сув билан ишлайдиган иссиқлик тармоқлари ўтган тақдирда истеъмолчи иситиш, шамоллатиш ва иссиқ сув билан таъминлаш нагрузкасини, агар бунга корхонанинг ишлаб чиқариш цикли имкон берса, буғдан иссиқ сувга ўтказиши шарт.


76. Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот билан истеъмолчи ўртасида қайтариладиган конденсат миқдорини белгилашда келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда техник экспертиза ўтказилади. Техник экспертиза истеъмолчи томонидан иккала томон вакилларидан, манфаатдор бўлмаган ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда, истеъмолчи билан иссиқлик билан таъминловчи ташкилот ўртасидаги келишмовчиликлар протоколи расмийлаштирилгандан кейин 2 ойдан кечикмай ташкил этилади.

Агар техник экспертиза ўтказилгандан кейин томонлар келишувга эришмасалар, у ҳолда конденсатнинг миқдори ва сифати бўйича якуний қарор "Ўздавэнергоназорат" агентлиги томонидан қабул қилинади.



XV. ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ УЧУН ТЎЛОВ

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


77. Саноат истеъмолчилари, улгуржи истеъмолчилар - қайта сотувчилар ва бошқа истеъмолчилар етказиб бериладиган иссиқлик энергияси шартномадаги миқдорининг камида 15% миқдорида олдиндан ҳақ тўлайдилар. Олдиндан ҳақ тўлаш муддатлари иссиқлик энергиясидан фойдаланиш шартномасида қайд этилади.


78. Тўлов ҳужжатида хато ёки прибор кўрсаткичларида ноаниқликлар топилганда абонент бу тўғрида иссиқлик билан таъминловчи ташкилотни хабардор қилиши шарт.

Тўлов ҳужжатидаги хатолар, ҳисоб-китоб приборларини текшириш ҳақида ариза берилиши абонентни тўлов ҳужжатини белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Иссиқлик билан таъминловчи ташкилот абонент томонидан ариза берилган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай ҳисоб-китобни, агар зарур бўлса ҳисоб-китоб приборларини ҳам текшириб кўриши ва истеъмолчига текшириш натижасини (тўлов ҳужжатидаги хатоликлар ёки ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларидаги нотўғриликлар тўғрисида) истеъмолчига хабар қилиши керак.

Иссиқлик энергиясини ҳисобга олишда хатоликлар аниқланган тақдирда иссиқлик билан таъминловчи ташкилот охирги ҳисоб-китоб даври учун қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.


79. Саноат истеъмолчиларига, улгуржи истеъмолчиларга, қайта сотувчиларга ва бошқа абонентларга етказиб берилган иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоблар иссиқлик билан таъминловчи ташкилотнинг тўлов ҳужжатлари (тўлов талабномаси ва счёт-фактура) бўйича, тақдим этилишига қараб акцептсиз тартибда амалга оширилади. Истеъмолчининг ҳисоб-китоб рақамида маблағларни акцептсиз ҳисобдан чиқариш банк томонидан, тўлов ҳужжати тушгандан кейинги кундан кечикмай амалга оширилади.


80. Тўлов муддати ўтказиб юборилгани учун пеня ундириш ҳуқуқидан қатъи назар, иссиқлик билан таъминловчи ташкилотда огоҳлантиришдан кейин тўламаганлик учун абонентга қарзни тўламагунгача иссиқлик энергияси беришни тўхтатиш ҳуқуқи сақланиб қолади.







































Время: 0.1287
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск