ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 26.06.2015 й. 10-сон "Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

26.06.2015 й.

N 10


ТРАНСПОРТ ҲАРАКАТИ

ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ХАВФСИЗЛИГИГА

ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАР

ЮЗАСИДАН СУД АМАЛИЁТИНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларнинг асосий объекти жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартиби ҳисобланади. Шу билан бирга, айбдор шахс мазкур жиноятларни содир этишда, деярли барча ҳолларда, инсон ҳаёти ва соғлиғи каби қонун билан қўриқланадиган бошқа объектларга ҳам тажовуз қилади.


2. Ўзбекистон Республикасида транспорт ҳаракатининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари, ҳаракат тартиби ва хавфсизлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодекси;

"Автомобиль транспорти тўғрисида"ги 1998 йил 29 августдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

"Темир йўл транспорти тўғрисида"ги 1999 йил 15 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги 2013 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган "Йўл ҳаракати қоидалари";

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори билан тасдиқланган "Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари";

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасининг темир йўл устави" ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

3. Судлар транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишларни кўраётганда "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида берилган, жумладан, қуйидаги атамаларга амал қилишлари лозим бўлиб, унга кўра:

йўл - транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган ва фойдаланиладиган ер полосаси ёхуд сунъий иншоот юзаси бўлиб, у ўз ичига автомобиль йўлларини, шаҳар электр транспорти йўлларини ва йўлакларни олади;

транспорт воситаси - одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма;

йўл ҳаракати - одамлар ва юкларнинг транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуи;

транспорт воситасининг эгаси - транспорт воситасига мулк ҳуқуқи (олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномалари ва ҳ.к.) ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар (ижара шартномаси, ишончнома, йўл варақаси ва ҳ.к.) асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;

Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди - давлатнинг мутлақ юрисдикциясидаги ҳудудлар ва сув ҳудудлари.

4. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) XVIII бобида барча турдаги транспорт воситаларида ҳаракатланиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Транспорт воситаларига, жумладан, темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль транспорти, шунингдек мотоцикл, мопед, велосипед, от-улов ва шу кабиларни киритиш мумкин.

5. Махсус ишларни бажаришга мўлжалланган транспорт воситалари жумласига йўл ётқизиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларни бажариш учун ихтисослаштирилган машиналар (экскаваторлар, грейдерлар, автокранлар, скреперлар, автоюклагичлар) киради.


6. Жиноят кодекси 263, 267-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг субъекти ўн тўрт ёшга тўлган, ЖК 260 - 262, 263-1, 264 - 266, 268, 269-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг субъекти эса, ўн олти ёшга тўлган шахс ҳисобланади.

Тушунтирилсинки, ЖК 266-моддасида назарда тутилган жиноят субъекти сифатида транспорт воситасини бошқарган, яъни:

ҳайдовчилик гувоҳномасига эга;

йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган;

тегишли турдаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган;

умуман транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган;

қўш бошқарувли ўқув (машқ) транспорт воситасида транспортни бошқаришни ўргатаётган шахс топилиши мумкин.


7. Йўл ҳаракати қоидаларининг I бўлимига кўра, иш ҳажми 50 куб сантиметргача бўлган ва юргизгич (двигатель) билан ҳаракатга келтириладиган ҳамда энг юқори ҳаракатланиш тезлиги соатига 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситасини, мопед (осма юргизгичли (двигателли) велосипед) ва ўхшаш тавсифга эга бўлган бошқа транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс ЖК 266-моддасида назарда тугилган жиноят субъекти бўлиши мумкин эмас. Мазкур транспорт воситаларини ёки от-улов транспортини бошқариб бораётган, шунингдек велосипедчилар, аравача, чана, болалар ҳамда ногиронлар аравачаларини тортиб (юргизиб) бораётган ва йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузишга йўл қўйган шахс, агар бунда эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган ёхуд одам ўлган бўлса, бунинг учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, ЖК 268-моддаси бўйича жавобгар бўлади.

Агар йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бир неча турдаги транспорт воситаси ҳайдовчиларининг жиноий ҳаракатлари билан сабабий боғланишда бўлса, бундай ҳолда улар транспорт воситаси туридан келиб чиқиб, тегишлича, ЖК 266 ёки 268-моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.


8. ЖК 260, 261 - 263, 266, 268, 269-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг зарурий белгиси содир этилган ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш ёхуд жиноят қонунида кўрсатилган бошқа қоидаларнинг бузилиши билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш борлиги ҳисобланади. Ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши ҳам ҳаракат, ҳам ҳаракатсизликда ифодаланиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш транспорт воситасини бошқариш тартибига доир белгиланган кўрсатмаларга риоя этмасликда (масалан, белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш, йўл белгиларига риоя қилмаслик, ҳаракатланишнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиш ва шу кабиларда) ифодаланади. Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш эса, транспорт воситаларидан фойдаланиш тартибига доир белгиланган кўрсатмаларга риоя этмасликда (масалан, ногабарит юкларни ёки йўловчиларни бунга мўлжалланмаган транспорт воситасида ташиш, транспорт воситаси бошқарувини шу воситани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга топшириш ва шу кабиларда) ифодаланади.

Транспорт воситаси ҳайдовчисининг йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш натижасида эмас, балки юкни ортиш ёки туширишда, транспорт воситаларини таъмирлашда, қурилиш, йўл, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларни амалга ошириши натижасида ЖК 266-моддасида назарда тутилган оқибатларга сабаб бўлган ҳаракатлари, юзага келган оқибатлар ва айб шаклидан келиб чиққан ҳолда, шахсга қарши жиноятлар ёки ишларни амалга ошириш қоидаларини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖК тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.

Йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, агар у келиб чиққан оқибатлар билан боғлиқ бўлмаса, айбловдан чиқарилиши лозим. Бундай ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади.


9. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, йўл-транспорт ҳодисаси сабабларини текширишда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг қайси бандлари бузилганлигини ва улардан қайсилари ЖК 266-моддасида назарда тутилган оқибатлар билан сабабий боғланишда бўлганлигини аниқлаш зарур.

Йўл ҳаракати қоидалари икки ёки ундан ортиқ йўл ҳаракати иштирокчиси томонидан бузилган ҳолларда, ЖК 266-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик фақат транспорт воситасини бошқариш борасидаги ҳаракатлари мазкур моддада кўрсатиб ўтилган оқибатлар билан сабабий боғланишда бўлган ҳайдовчидагина келиб чиқади. Транспорт воситасини бошқариш борасидаги ҳаракатлари келиб чиққан оқибатлар билан сабабий боғланишда бўлмаган бошқа ҳайдовчи эса, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилади.


10. ЖК 260, 261, 262, 266, 268, 269-моддаларида назарда тутилган жиноятлар, ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки бошқа қоидалар бузилиши хусусиятидан қатъи назар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган, деб эътироф этилади, чунки, бунда айбдор барча ҳолларда ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик билан ҳаракат қилади. Агар айбдор ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини қасддан бузса, унинг қилмиши Жиноят кодексининг қасддан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.

Айбдор томонидан бир неча мустақил жиноятлар содир этилган бўлиб, масалан, бу жиноятлардан бири ҳаракатланиш ёки транспорт воситасидан фойдаланиш хавфсизлигига қарши, бошқаси эса, ҳаётга ёки соғлиққа қарши жиноят бўлса, унинг ҳаракатлари мазкур жиноятлар мажмуини ташкил этади.


11. Судларга тушунтирилсинки, ЖК 260, 260-1, 262, 263, 263-1, 266, 268, 269-моддалари диспозицияларида назарда тутилган "одамлар ўлими" деганда, ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш ёхуд жиноят қонунида кўрсатилган бошқа қоидалар бузилиши натижасида икки ёки ундан ортиқ одам ўлишини тушуниш лозим.

"Ҳалокат" деганда, темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, жамоат транспортидаги (автобус, троллейбус, трамвай, йўналишли такси ва шу кабилар) ўнлаб одамлар нобуд бўлиши билан бир қаторда атроф-муҳитга ҳамда одамлар соғлиғи ёки ҳаёти учун тузатиб бўлмас даражада зиён етказган ҳодиса тушунилиши лозим.

"Бошқа оғир оқибатлар" деганда, одамлар ўлими билан бир қаторда поездлар, кемалар ёки самолётлар қатнови узоқ муддатга издан чиқиши, теварак-атрофдаги уйлар ва бошқа иншоотлар вайрон қилиниши (портлаши, ёниб кетиши, қулаб тушиши) ва ҳ.к.лар тушунилиши лозим. Шуни назарда тутиш лозимки, ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилиши натижасида икки ёки ундан ортиқ одамга ўртача оғир ва/ёки оғир шикаст етказилганлиги фактининг ўзи қилмишни "бошқа оғир оқибатлар" белгиси бўйича квалификация қилиш учун асос бўлмайди.


12. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам жабрланган (бир пайтнинг ўзида баданга оғир шикаст етказилган ва одам ўлими келиб чиққан) ҳолларда, йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахснинг ҳаракатлари ЖК 33-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ЖК 266-моддасининг оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.

Йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари эҳтиётсизлик оқибатида бузилганлиги сабабли бирйўла бир неча шахснинг баданига турли даражадаги оғирликда (енгил, ўртача оғир ёки оғир) шикаст етказилган бўлса, айбдор шахс ЖК 266-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.

Бир хил оқибатлар келтириб чиқарган, ўзаро боғлиқ бўлмаган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бир нечаси бузилганда, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 266-моддасининг шундай оқибатларни назарда тутувчи тегишли қисми билан (ЖК 33-моддаси иккинчи қисми қоидасига мувофиқ) қамраб олинади.


13. Ҳайдовчининг йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишида, жумладан, ҳаракатланиш тезлигини оширганлиги натижасида, айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласини ҳал этишда "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг XI бўлими талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, хусусан, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда бошқариши керак.

Шу талабдан келиб чиқиб, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлганда, агар ҳайдовчида буни пайқаш имконияти бўлса, у транспорт воситасини тўхтатиш даражасигача тезликни камайтириш чораларини кўриши керак. ЖК 266-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик, фақат, ҳайдовчида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият мавжуд бўлганда ва унинг ҳуқуққа хилоф хатти-ҳаракатлари билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги аниқланган тақдирда келиб чиқади.


14. Ҳайдовчида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият бор-йўқлиги масаласини ҳал этишда, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган пайт, ҳар бир муайян ҳолда, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгунга қадар йўлда мавжуд бўлган вазиятни инобатга олган ҳолда аниқланишидан келиб чиқиш лозим. Ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлган вақт, ҳайдовчи уни пайқай олиши учун объектив имкониятга эга бўлган пайтдан бошлаб ҳисобланади.


15. Махсус билим талаб қиладиган масалаларни йўл-транспорт ҳодисаси хусусиятларидан (транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлиги, ҳайдовчида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун техник имконият бор-йўқлиги, йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари ҳаракатларининг "Йўл ҳаракати қоидалари" талабларига мувофиқлиги, транспорт воситалари, улар агрегатлари ва узелларининг техник ҳолати ва шу кабилардан) келиб чиқиб, аниқлаш учун суд-автотехника экспертизаси тайинланиши лозим.

Йўл-транспорт ҳодисасининг бошқа ҳолатларини аниқлаш учун суд-автотехника экспертизаси ҳал қиладиган масалалар билан бир қаторда суд-трассология ва бошқа экспертизаларга оид масалаларни қамраб олувчи комплекс экспертизалар тайинланиши мумкин.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда (ажримда) хулоса бериш учун экспертга зарур бўлган, ишда мавжуд материалларга асосланган йўл-транспорт ҳодисасига оид бошланғич маълумотлар кўрсатилиши лозим. Йўл-транспорт ҳодисаси ҳолатлари тўғрисида ишда бир-бирига зид маълумотлар мавжуд бўлганда, экспертга (экспертларга) бу маълумотларнинг ҳар бири бўйича алоҳида хулоса бериш топширилади.


16. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, суд-автотехника экспертизаси ваколати доирасига фақат йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ махсус техник масалаларни ҳал этиш киради. Шунинг учун, экспертиза тайинлашда судлар экспертлар олдига ечими мутлақ суднинг ваколатига тааллуқли (масалан, йўл ҳаракати иштирокчисининг айбдорлик даражаси тўғрисида) ҳуқуқий масалаларни қўйишга ҳақли эмаслар.


17. Судларга тушунтирилсинки, йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда айбдор ва жабрланувчини, унинг ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолганлигини била туриб, ёрдамсиз қолдирган ҳайдовчи ЖК 266 ва 117-моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича жавобгарликка тортилиши лозим.

Агар ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасини содир этишда айбдор бўлмаса, бироқ, жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғи унинг иштирокида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида хавф остида қолдирилган бўлса, ҳайдовчи томонидан жабрланувчига ёрдам кўрсатишга доир "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 13-бандида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ЖК 117-моддасининг тегишли қисми бўйича жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган шахсга била туриб ёрдам кўрсатмаслик деганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси жабрланувчи ёшлиги, кексалиги, касаллиги ёки ожиз аҳволда бўлганлиги сабабли мустақил равишда тиббий ёрдам сўраш имкониятига эга эмаслигини, унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф мавжудлигини англаган, бироқ унга зарур ёрдам кўрсатмаган (масалан, ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, тез тиббий ёрдам чақирмаган, жабрланувчини яқин орадаги даволаш муассасасига олиб бормаган ва шу каби) ҳоллар тушунилиши лозим.

Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган жабрланувчига била туриб ёрдам кўрсатмаслик мотивлари, шунингдек ҳайдовчининг бошқа шахслар томонидан ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги ҳақидаги важлари айбдорнинг ҳаракатларини квалификация қилишга таъсир этмайди.


18. Йўл-транспорт ҳодисасида айбдор ҳайдовчи учун қуйидаги ҳолларда ЖК 117-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқмайди:

агар унда жабрланувчига ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаса (масалан, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳушини йўқотганлиги ёки олган тан жароҳати уни жабрланувчига ёрдам кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилган бўлса ва ҳ.к.);

жабрланувчининг баданига етказилган тан жароҳатлари унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаса;

жабрланувчининг ўлими йўл-транспорт ҳодисаси пайтида рўй берган бўлса.


19. Жиноят кодекси 266-моддасида назарда тутилган жиноятларга оид ишларни кўришда судлар, йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг айнан қайси бандлари бузилганлиги мазкур моддада кўрсатилган оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганлигини ва бу қоидабузарлик айнан нимада ифодаланганлигини (масалан, техник носоз транспорт воситасини бошқарганлик, транспортни маст ҳолда бошқарганлик, ҳаракатланиш тезлигини ошириб юборганлик ва шу кабиларни) ҳукмда кўрсатишлари лозим.

20. Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилишини ҳарбий машинани бошқариш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузишдан фарқлаш лозим. Ҳарбий хизматчи томонидан жанговор, махсус ёки транспорт машиналарини бошқариш ва улардан фойдаланиш қоидалари бузилган тақдирда, қилмиш ЖК 298-моддаси билан квалификация қолинади. Агар йўл-транспорт ҳодисаси ҳарбийлаштирилмаган машинани бошқарган ҳарбий хизматчининг айби билан ёки ҳарбий машинани бошқарган ҳарбий бўлмаган шахснинг айби билан содир этилса, қилмиш ЖК 266-моддаси билан квалификация қилиниши лозим.


21. Тушунтирилсинки, темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль транспорти ёки бошқа транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахслар, агар улар томонидан маст ҳолатдаги ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд одамнинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остидаги шахсларга мазкур транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берилган тақдирда, ЖК 261-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай жавобгарлик фақат қуйидаги ҳолларда келиб чиқади, агар:

транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахс ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилган пайтда маст ҳолатда ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд одамнинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқ билган бўлса;

йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг ҳайдовчи томонидан бузилиши натижасида баданга оғир шикаст етказилган ёки одам ўлган ҳолда келиб чиққан бўлса.

Жиноят кодекси 261-моддасида назарда тутилган жиноят субъекти ташкилот, корхона, муассаса раҳбарининг буйруғи билан транспорт воситасини бошқаришга рухсат бериш мажбурияти юклатилган шахс, шунингдек шахсий транспорт эгаси ҳисобланади.

Агар транспорт воситасини бошқаришга рухсат бериш мажбурияти юклатилган шахс томонидан алкоголли ичимликдан маст ҳолатда ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ёхуд одамнинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган ҳайдовчини транспорт воситасини бошқаришдан четлаштирилган ва кейинчалик бу ҳайдовчи ўзбошимчалик билан транспорт воситасини бошқарган бўлса, ЖК 261-моддаси билан жавобгарлик келиб чиқмайди.

Шуни назарда тутиш лозимки, алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини топширган шахс, башарти йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ЖК 261-моддасида назарда тутилган оқибатлар келиб чиқмаган бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси учинчи қисми билан жавобгарликка тортилади.


22. Судлар шуни назарда тутишлари зарурки, транспорт воситаларини бошқаришга рухсат этилган маст ҳолатдаги ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд одамнинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остидаги шахс томонидан ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилганда, унинг ҳаракатлари келиб чиққан оқибатларга қараб, ЖК 260 ёки 266-моддасининг тегишли қисмлари бўйича квалификация қилиниши мумкин.

Жиноят кодекси 260-моддасида назарда тутилган жиноят субъекти темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш билан боғлиқ ходимлар (масалан, ҳаракат хизмати, ҳаво алоқасини бошқариш маркази, диспетчерлик хизмати ходимлари, катта штурман, парвозлар раҳбари), шунингдек транспорт воситасини бевосита бошқарувчи ходимлар (кема командири (капитани) ва штурмани, машинист ва унинг ёрдамчиси ва бошқалар) бўлиши мумкин.


23. Жиноят кодекси 262-моддаси бўйича жавобгарлик, таъмирлаш ишларини бажараётган шахс ёки транспорт воситасининг техник ҳолати ва ундан фойдаланилиши учун масъул шахс томонидан темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль транспорти ёки бошқа транспорт воситаси, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёхуд бошқа транспорт ускуналари сифатсиз таъмирланган, шунингдек техник жиҳатдан носоз транспорт воситасини фойдаланишга чиқаришга рухсат берилган ҳолларда келиб чиқади. Бунда, транспорт воситалари, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналарининг техник ҳолати учун масъул шахс, техник носозликдан хабардор бўлиши шарт.


24. Судлар йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни техника хавфсизлиги ёки транспортда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан фарқлай олишлари шарт.

Йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (ЖК 266-моддаси) деганда, бундай ҳаракатларнинг транспорт воситаси йўлларда ҳаракатланиши жараёнида содир этилиши тушунилади. Агар транспорт воситасидан фойдаланиш жараёнида, жумладан транспортга юк ортиш-тушириш, транспорт воситасини таъмирлаш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа турдаги ишларни бажаришда техника хавфсизлиги ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан бўлса, мазкур қоидаларга риоя этилиши учун масъул шахснинг ҳаракатлари ЖК 257-моддаси бўйича квалификация қилиниши лозим.


25. Судлар йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб топилган шахсга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда инсонпарварлик, одиллик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндашув тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя қилишлари, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, ҳодиса содир бўлгандан кейин шахснинг хатти-ҳаракатига (унинг жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатиш учун қилган ҳаракатлари, жабрланувчи ва унинг оиласига моддий ва бошқа тарзда ёрдам берганлиги, жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаганлиги ва ҳ.к.) ва жазони енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор беришлари шарт.


26. Судлар ЖК 260, 260-1, 262, 265-моддаларида назарда тутилган жиноятларга оид ишларни кўришда, судланувчига нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо чорасини қўллаш масаласини муҳокама қилишлари лозим. Мазкур масала шахс бундай ҳуқуққа эга, эгамаслигидан (масалан: шахс жиноят содир қилгунга қадар ёки тергов вақтида маъмурий тартибда ёки суд ҳукми билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигидан) қатъи назар, муҳокама қилиниши шарт.

Жиноят кодексининг 261-моддаси, 266-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари санкциясида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо қўлланилиши мажбурийлиги белгиланганлиги сабабли, суд, ЖК 57-моддасида белгиланган алоҳида ҳоллар (масалан, судланувчининг асосий касби ҳайдовчилик бўлиб, бошқа мутахассисликка эга эмаслиги) мавжуд бўлганда, ҳукмнинг тавсиф қисмида ўз қарорини асослаб берган ҳолда, қўшимча жазо чорасини қўлламаслиги мумкин.


27. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишларни кўришда мазкур жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарарни ундириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу масалаларни ҳал этишда, судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2016 йил 27 декабрдаги 26-сонли, шунингдек, "Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли қарорларида баён этилган тушунтиришларга амал қилишлари лозим.

28. Ташкилот, корхона, муассасаларда хизмат вазифаларини бажаришга виждонсиз муносабатда бўлиш, транспорт воситаларининг қониқарсиз аҳволи, меҳнат ва ижро интизомини бузиш, автомобиль йўллари, кўчалар, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини сақлаш қоидаларини бузиш каби жиноят содир этилишига имкон яратиб берган ҳоллар аниқланганда, судлар хусусий ажрим (қарор) чиқариш йўли билан тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслари эътиборини шу ҳолатларга қаратишлари лозим.

Иш бўйича автомобил йўллари, кўчалар, темир йўлдан ўтиш жойлари ва бошқа йўл иншоотларини сақлаш қоидалари қўпол бузилиши (йўлларнинг чўкиши, ер ости иншоотлари люкларининг очиқ қолдирилиши, огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаганлиги ва ҳ.к.) ҳоллари аниқланиб, у ЖК 266-моддасида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқарган йўл-транспорт ҳодисаси учун шароит туғдирган бўлса, судлар мазкур қоидаларга риоя этилишига масъул шахслар (таъмирлаш-қурилиш ёки фойдаланиш ташкилотлари ходимлари, ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва ҳ.к.) ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли материалларни прокурорга юборишлари лозим.


29. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида"ги 2000 йил 22 декабрдаги 32-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Олий суд раиси

Ш. Газиев

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Д. Камилов

            










































Время: 0.1828
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск