ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /

Корхоналарнинг буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун касаначиларга асбоб-ускуналар ва анжомлар бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.2008 й. 146-сон Қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 1 июлдаги

146-сон қарорига

3-ИЛОВА



Корхоналарнинг буюртмалари бўйича маҳсулотлар

ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун

касаначиларга асбоб-ускуналар ва анжомлар

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш ҳақида" 2006 йил 11 январдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган Касаначилик тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда касаначиларга корхоналарнинг буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун асбоб-ускуналар ва анжомлар бериш тартибини белгилайди.


2. Меҳнат шартномасига мувофиқ иш берувчининг буюртмасини бажариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва анжомлар (кейинги ўринларда мол-мулк деб аталади) касаначига бепул фойдаланиш учун ёки ижарага, шу жумладан молиявий лизингга берилиши мумкин.


3. Касаначилик шароитларида бепул фойдаланишга, ижарага, молиявий лизингга ва фойдаланишга ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича куч, энергияни кўп талаб қиладиган ва техник жиҳатдан мураккаб бўлган асбоб-ускуналар, шунингдек махсус техника хавфсизлигига риоя этишни талаб қиладиган, касаначилик шароитларида назорат қилиниши мумкин бўлмаган хавфли кимёвий компонентлар берилиши мумкин эмас.


4. Мол-мулк касаначига ёзма равишда тузилган тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида, юк ҳужжати (кейинги ўринларда юк ҳужжати деб аталади) бўйича берилади.

Мол-мулкни бепул фойдаланишга беришда ходим билан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича тўлиқ шахсий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади.

Мол-мулкни ижарага, шу жумладан молиявий ижарага беришда ходим билан ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича мулк ижараси шартномаси (ижара шартномаси) тузилади.


5. Меҳнат шартномасида белгиланган топшириқни бажариш учун корхонадан ижарага ёки бепул фойдаланишга олинган мол-мулкни қўллаган ҳолда касаначи томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (товарлар, кўрсатилган хизматлар) корхонанинг мулки ҳисобланади.


6. Иш берувчининг буюртмаси бўйича ишларни бажариш учун касаначига берилган мол-мулк бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобга олиниши керак.


7. Мол-мулкни касаначига беришда корхона белгиланган тартибда мол-мулкдан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтиришлар ўтказади. Тушунтиришлар бевосита корхонада ўтказилиши мумкин.



II. МОЛ-МУЛКНИ КАСАНАЧИГА

БЕПУЛ ФОЙДАЛАНИШ УЧУН БЕРИШ


8. Мол-мулк касаначига бепул фойдаланиш учун меҳнат шартномасида белгиланган ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) муддатига берилади.


9. Касаначига бепул фойдаланиш учун меҳнат шартномасига мувофиқ топшириқни бажариш учун зарур бўлган мол-мулк берилади. Юк ҳужжати касаначи томонидан мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади.

Мол-мулк унинг ишларни бажариш учун зарур бўлган барча анжомлари билан бирга берилади. Мол-мулк ҳужжатлари (техник паспорт, сифат сертификати ва бошқалар) иш берувчида қолади.

Корхона касаначига мол-мулкни меҳнат шартномаси шартларига, ишлаб чиқариш топшириғига ва мол-мулкдан фойдаланиш мақсадига мувофиқ бўлган ҳолатда бериши шарт.


10. Касаначига бепул фойдаланиш учун бериладиган катта ҳажмли мол-мулк корхона томонидан касаначи ишларни бевосита амалга оширадиган жойигача етказиб берилади. Касаначига бепул фойдаланиш учун бериладиган кичик ҳажмли анжомлар касаначи томонидан касаначилик амалга ошириладиган жойгача етказиб берилиши мумкин.

Мол-мулкни ундан фойдаланиб бўлингандан кейин олиб кетиш корхона ҳисобидан амалга оширилади.


11. Корхона асбоб-ускуналарни касаначи томонидан ишлар бевосита бажариладиган жойда ўрнатишни, ишга туширишни ва синашни амалга оширади, сўнгра ушбу асбоб-ускуналар касаначига юк ҳужжати бўйича берилади.


12. Корхона асбоб-ускуналарни жорий профилактика қилишни, созлашни, тартибга солишни, у касаначининг айбисиз ишдан чиққан тақдирда эса - уни таъмирлашни ёки алмаштиришни амалга оширади.

Касаначи зарур малакага эга бўлган тақдирда унинг асбоб-ускунани мустақил равишда созлашига, тартибга солишига рухсат этилади.


13. Асбоб-ускунанинг касаначининг айбисиз ишдан чиқиши (синиши) сабабли ишдан тўхтаб қолган тақдирда унга ўртача иш ҳақи миқдорида пул тўланади.

Асбоб-ускуна касаначининг айби ишдан чиққан (синганлиги) сабабли касаначининг иши тўхтаб қолганда унга ҳақ тўланмайди.


14. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки асбоб-ускунани алмаштиришни талаб қиладиган топшириқ ўзгарган тақдирда касаначига бепул фойдаланиш учун берилган мол-мулк юк ҳужжати бўйича корхонага қайтарилади.



III. МОЛ-МУЛКНИ КАСАНАЧИГА

ИЖАРАГА БЕРИШ


15. Корхона томонидан мол-мулкни касаначига ижарага бериш вақтинчалик фойдаланиш учун тўлов асосида, меҳнат шартномасида белгиланган муддатга амалга оширилади.

Касаначига ижарага берилган мол-мулкнинг меҳнат шартномасига мувофиқ сотиб олинишига йўл қўйилмайди.

Касаначига меҳнат шартномасига мувофиқ ижарага берилган мол-мулк қайта ижарага (субижарага) берилиши мумкин эмас.


16. Касаначи корхона томонидан ўзига берилган мол-мулкдан меҳнат шартномасида белгиланган ишлаб чиқариш топшириғига қатъий мувофиқ равишда фойдаланиши шарт.


17. Касаначи меҳнат шартномасида белгиланган топшириқ бажарилгандан кейин ўзига ижарага берилган мол-мулкни қўллаган ҳолда шартномавий нархлар бўйича сотиш учун маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин. Касаначига корхона томонидан меҳнат шартномасига мувофиқ топшириқни бажариш учун берилган хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлардан касаначи томонидан шартномавий нархлар бўйича сотиладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкин эмас.


18. Меҳнат шартномасига мувофиқ касаначига берилган мол-мулкни касаначининг бевосита иш жойигача етказиб бериш ва фойдаланиб бўлингандан кейин олиб кетиш, ўрнатиш ва ишга қўшиш, жорий профилактика қилиш, созлаш ва таъмирлаш (шу жумладан мукаммал таъмирлаш), агар мулк ижараси шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, корхона томонидан амалга оширилади.


19. Меҳнат шартномасининг амал қилиши тугагандан кейин ёки ижарага берилган мол-мулк таркибини ўзгартиришни талаб қиладиган буюртма ўзгарган тақдирда ушбу мол-мулк корхонага қайтарилади.

Бу ҳолда мулк ижараси шартномасининг амал қилиши ё тўхтатилади ёхуд унга тегишли ўзгартиришлар киритилади.


20. Мол-мулкни касаначига лизинг шартлари бўйича бериш тартиби Фуқаролик кодексига ва "Лизинг тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Касаначилар ва корхона ўртасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида кўриб чиқилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Касаначилик шароитларида фойдаланишга

йўл қўйилмайдиган асбоб-ускуналар,

хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар

РЎЙХАТИ


1. Қуйидагилар:

ГОСТ 12.01.007-76 бўйича хавфлиликнинг I - III классларига мансуб бўлган зарарли кимёвий моддалар ажралиб чиқишининг;

ионлаштирувчи нурланишларнинг;

радиоактив нурланишнинг;

лазерли нурланишнинг (оптик ва квантли генераторлар), санитария нормаларидан ортиқ диапозонли электромагнит энергияларнинг;

санитария нормаларидан ортиқ тебраниш ва шовқиннинг;

атроф муҳитнинг санитария нормаларидан ортиқ юқори ёки паст ҳароратининг;

санитария нормаларидан ортиқ ультрабинафша нурланишнинг;

ультратовушнинг манбаи ҳисобланадиган асбоб-ускуналар, ва анжомлар.


2. Портлаш хавфига эга бўлган асбоб-ускуналар ва анжомлар:

Цельсий бўйича 115 даражадан юқори ҳароратда босим таъсирида ёки 0,07 МП босимда қайнаш ҳароратидан ортиқ ҳароратли суюқлик идишлари;

0,07 МПдан ортиқ босим таъсирида сиқилган, суюлтирилган ёки эритилган газларни ташиш ва сақлаш учун мўлжалланган баллонлар;

буғларининг босими Цельсий бўйича 50 даража ҳароратда 0,07 МП босимдан ошадиган суюлтирилган газларни ташиш учун цистерналар, бочкалар;

улардаги 0,07 МПдан юқори босим уларнинг тарқалиши учун вақти-вақти билан шароит яратадиган сиқилган, суюлтирилган газларни, суюқликларни ва сочилувчан жисмларни ташиш ва сақлаш учун цистерналар, идишлар ва бошқа сиғимлар;

0,07 МПдан юқори ишчи босимга эга бўлган буғқозонлар, автоном буғли иситгичлар ва экономайзерлар, Цельсий бўйича 115 даражадан ортиқ сув ҳароратига эга бўлган сув иситиш қозонлари ва автоном экономайзерлар.


3. Саноат кўламида дон янчиш ва омихта озуқалар тайёрлаш бўйича асбоб-ускуналар ва анжомлар.


4. Энергияни кўп талаб қиладиган асбоб-ускуналар:

380 вольтдан ортиқ ишчи кучланишга эга бўлган асбоб-ускуналар (220 вольтдан ортиқ кучланишда ишлайдиган асбоб-ускуналар электр хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилган ҳолда ўрнатилиши керак);

ҳар соатда 1 куб метрдан ортиқ сув истеъмол қиладиган асбоб-ускуналар.


5. Қуйидагилар:

ГОСТ 12.01.007-76 бўйича хавфлиликнинг I - III классларига мансуб бўлган кимёвий моддаларнинг токсик хоссаларига эга бўлган;

табиий радионуклидлар концентрациясининг чекланган йўл қўйиладиган нормаларидан ортиқча бўлган;

"Осон алангаланадиган суюқ моддалар" тоифасига мансуб бўлган хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар;

суюқ хлор, аммиак, селитра, карбомид, аммофос, метонал, синил кислотаси, цианидлар, нитроакрил кислотаси.


6. Барча тур ва номлардаги пестицидлар, гербицидлар ва прекурсорлар.


7. Чарм ва мўйна хом ашёси (тўлиқ ишлов берилган ва тикишга тайёр бўлганлардан ташқари).


8. Асбест ва таркибида асбест бўлган материаллар.


9. Уларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш бўйича фаолият белгиланган тартибда лицензияланадиган бошқа моддалар, материаллар, хом ашё ва улардан тайёрланган буюмлар.






Низомга

2-ИЛОВА



Корхона томонидан касаначига бепул фойдаланиш

учун берилган асбоб-ускуналар ва анжомлар юзасидан

тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик тўғрисида

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА


_____________________ шаҳри                                        20__ йил "__"_________


Кейинги ўринларда "корхона" деб аталадиган_________________________

__________________ номидан Устав (Низом) асосида иш кўрадиган __________

(корхонанинг номи)

_______________________________________________ бир томондан ва касаначи

(жавобгар шахснинг Ф.И.О. ва лавозими)

________________________________________________________________________

(касаначининг Ф.И.О.)

иккинчи томондан, 20__ йил "__"______даги ___-сон меҳнат шартномасига мувофиқ корхона буюртманомаси бўйича ишларнинг касаначи томонидан бажарилишини таъминлаш мақсадида, касаначига корхона томонидан бепул фойдаланиш учун берилган асбоб-ускуналар ва анжомлар (кейинги ўринларда "мол-мулк" деб аталади) юзасидан тўлиқ шахсий жавобгарлик ҳақидаги ушбу шартномани қуйидагилар тўғрисида тузишди:

1. Корхона ______________________________________________________ ни

(ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизматлар тури)

ишлаб чиқариш бўйича корхона буюртмасига доир ишларни бажариш учун касаначига тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик остида қуйидаги мол-мулкни бепул фойдаланишга беради:

Т/р

Номи

Миқдори, та

Инвентар №

Берилган кундаги баланс қиймати

Мол-мулк берилаётган муддат

Изоҳлар

1.







2.







3.







2. Касаначи ўзига берилган мол-мулкнинг сақланишини таъминлаш юзасидан тўлиқ шахсий жавобгарликни зиммасига қабул қилади ва қуйидаги мажбуриятларни олади:

олинган мол-мулкни тўлиқ сақлаш, уни ишга тайёр ҳолатда сақлаш, мол-мулкнинг бузилиши ва ўғирланишининг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш;

корхонани мол-мулкнинг сақланишига риоя қилинмаслиги ҳолларидан, хоналарнинг қониқарсиз ҳолати, иқлим шароитлари, табиий офатлар ва бошқа ҳодисалар оқибатида яроқсизланиши тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш;

корхонанинг биринчи талаби бўйича ўзига берилган мол-мулкнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш, корхона вакилларини ушбу мол-мулк ўрнатилган хонага, шу жумладан уй-жой биноларига киритиш;

ўзига берилган мол-мулкдан фойдаланишнинг техник шартларига ва меҳнат шартномасига, шунингдек корхона буюртмасига қатъий мувофиқ ҳолда фойдаланиш.


3. Корхона, мол-мулкни касаначининг тўлиқ шахсий моддий жавобгарлиги остида берган ҳолда, зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

касаначига берилган мол-мулк тўғрисидаги барча зарур маълумотларни (фойдаланиш, ташиш, сақлаш ва шу кабилар бўйича йўриқномани) тақдим этиш;

техника хавфсизлиги бўйича йўл-йўриқлар бериш;

касаначини мол-мулкни тўлиқ шахсий моддий жавобгарлик остида бериш вақтида корхона ва касаначи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи зарур норматив ҳужжатлар, мол-мулк касаначи айби билан бузилган, яроқсизланган ёки ўғирланган тақдирда зарарни қоплаш шартлари ва тартиби билан таништириш.


4. Берилган мол-мулк касаначининг айби билан бузилганлиги, яроқсизланганлиги, ўғирланганлиги сабабли корхонага моддий зарар етказилган тақдирда ёки мол-мулкдан белгиланган мақсадда фойдаланилмаганда етказилган зарарни қоплаш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда касаначи ҳисобидан амалга оширилади.


5. Моддий зарар етказишда касаначининг айби бўлмаганда (зарар табиий офат, ёнғин ва шу кабилар туфайли етказилганда) касаначи моддий жавобгар бўлмайди.


6. Ҳар йили касаначи иштирокида унинг тўлиқ шахсий моддий жавобгарлиги остида берилган мол-мулк хатловдан ўтказилади ва қайта баҳоланади.


7. Корхона ва касаначи ўртасидаги ушбу шартнома билан тартибга солинмаган моддий жавобгарлик бўйича ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


8. Ушбу шартномадан келиб чиқадиган низолар суд тартибида кўриб чиқилади.

Ушбу шартноманинг амал қилиш муддати мол-мулкдан бепул фойдаланишнинг меҳнат шартномасида белгиланган бутун даврига татбиқ этилади.

Бошланиши: 200__ йил "___"___________

Тугалланиши: 200__ йил "___"___________

Шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун бир нусхадан тузилди.

Томонларнинг юридик манзиллари:

Корхона: ___________________________________

Касаначи: ___________________________________

(уй манзили)

Паспорти: серияси _________ номери ___________, _________________

____________________________________________ томонидан берилган.

Томонларнинг имзолари:


Корхона                                                                 Касаначи






Низомга

3-ИЛОВА



Корхона буюртмасига мувофиқ ишларни бажариш

учун мўлжалланган асбоб-ускуналар ва анжомларни

касаначилар томонидан мулк ижарасига

(ижарага) олиш юзасидан

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА


___________________ шаҳри                                  20__ йил "___" _________


Кейинги ўринларда "корхона" деб аталадиган _________________________

_____________________ номидан Устав (Низом) асосида иш кўрадиган _______

(корхонанинг номи)

_______________________________________________ бир томондан ва касаначи

(жавобгар шахснинг Ф.И.О. ва лавозими)

________________________________________________________________________

(касаначининг Ф.И.О.)


иккинчи томондан ушбу шартномани қуйидагилар тўғрисида тузишди:


1. Корхона корхонага тегишли қуйидаги асбоб-ускуналар ва анжомларни (кейинги ўринларда "мол-мулк" деб аталади) фойдаланиш учун беради, касаначи қабул қилиб олади:

Т/р

Номи

Миқдори, та

Инвентар №

Берилган кундаги баланс қиймати

Мол-мулк берилаётган муддат

Изоҳлар

1.







2.







3.







Жами ижарага кўрсатиб ўтилган мол-мулк умумий суммаси _________

_____________________________________________ сўм миқдорида берилади.

(сўз билан)


2. Кўрсатиб ўтилган мол-мулк касаначи томонидан 20__ йил "___" ________даги ___-сон меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни бажариш юзасидан корхона буюртмаси бўйича қуйидаги __________________________________________________ маҳсулотлар (товарлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.

Корхонанинг меҳнат шартномаси ва ишлаб чиқариш топшириғида белгиланган буюртмаси тўлиқ бажарилганда касаначи ўзига берилган мол-мулкдан шартнома нархларида сотиш учун бошқа маҳсулотни ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда корхона кўрсатиб ўтилган маҳсулотни сотиб олишда устунлик ҳуқуқини олади.


3. Мол-мулк ушбу шартнома имзоланган вақтдан бошлаб ижарага берилган ҳисобланади.


4. Касаначи илова қилинаётган ҳисоб-китоблар бўйича йилига умумий суммаси _______________________________ сўм миқдоридаги ижара ҳақини

                                      (сўз билан)

ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олади.

Ижара ҳақи корхонанинг ҳисоб рақамига ҳар чоракда тенг улушларда (чоракдан кейинги ойнинг ___ кунидан кечикмай) ўтказилади.

Тўловнинг бир ойдан ортиқ муддатга кечиктирилганлиги учун касаначи навбатдаги тўлов суммасининг ___ фоизи миқдорида жарима тўлайди.


5. Ижара ҳақи миқдори томонларнинг келишувига кўра ___ йилда бир марта ўзгартирилиши мумкин. Марказлаштирилган тартибда белгиланадиган нархлар ва тарифлар ўзгарган тақдирда ижара ҳақи миқдорлари томонлардан бирининг талабига кўра муддатидан олдин қайта кўриб чиқилиши мумкин.


6. Корхона мол-мулкни ундан зарур даражада фойдаланиш имконини берадиган ҳолатда топширади.


7. Касаначи:

а) корхонанинг маҳсулотлар (товарлар, ишлар)ни ишлаб чиқариш юзасидан буюртмасини меҳнат шартномасида ёки ишлаб чиқариш топшириғида белгиланган ҳажмдан кам бўлмаган ҳажмда тўлиқ ишлаб чиқариш;

б) ижарага олинган мол-мулкдан корхона буюртмасига кўра ишларни бажариш учун мўлжалланган мақсадлар учун фойдаланиш;

в) мол-мулкни тўлиқ ишга тайёр ҳолатда сақлаш мажбуриятини олади.


8. Касаначи ижарага олинган мол-мулкнинг бузилганлиги учун жавоб беради.


9. Мулк ижараси шартномаси тўхтатилганда касаначи мол-мулкни корхонага қайси ҳолатда олган бўлса, нормал эскиришини ҳисобга олган ҳолда, ўша ҳолатда қайтариши шарт.

Агар касаначи ижарага олинган мол-мулкни қайтармаган бўлса ёхуд ўз вақтида қайтармаса корхона муддати ўтказиб юборилган вақт учун мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган тўлов корхонага етказилган зарарни қопламаган тақдирда корхона зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин.


10. Шартнома шартлари томонларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши, бекор қилиниши ва тўхтатилиши мумкин.

Бошқа томон шартнома шартларини бузган тақдирда томонлардан бирининг талабига биноан шартнома суд қарорига кўра ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.


11. Ижарага олинган мол-мулк яна ижарага (субижарага) берилиши мумкин эмас.


12. Шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги, шартноманинг бир томонлама ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги учун томонлар етказилган зарарни, шу жумладан бой берилган фойдани амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қоплайдилар (ушбу шартномада назарда тутилган жарима санкцияларидан ташқари).


13. Томонларнинг ушбу шартнома билан тартибга солинмаган ўзаро муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


14. Ушбу шартномадан келиб чиқадиган низолар суд тартибида кўриб чиқилади.


15. Ижара муддати ___ йил этиб белгиланади.


16. Ушбу шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун бир нусхадан тузилди.

Томонларнинг юридик манзиллари:

Корхона: ____________________________________

Касаначи: ____________________________________

(уй манзили)

Паспорти: серияси ______________ номери ____________, ____________

____________________________________________ томонидан берилган.


Томонларнинг имзолари:


Корхона                                                                  Касаначи



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 26-27-сон, 254-модда.

















































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск