ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 14.01.1992 й. 513-XII-сон "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири. ЎзР 04.09.2015 й. ЎРҚ-394-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.01.1992 й.

N 513-XII



ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчилик

Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


жисмоний реабилитация - одам организмининг бузилган ёки вақтинча йўқотилган функцияларини ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларнинг ижтимоий ҳамда касбий фаолиятга бўлган қобилиятларини жисмоний тарбия ва спорт воситалари ҳамда усулларидан фойдаланган ҳолда тиклаш (тузатиш ва компенсация қилиш);

жисмоний тарбия - маданиятнинг инсонни жисмоний тарбиялаш, жисмоний ривожланиш ва жисмоний тайёргарлик орқали жисмоний ҳамда интеллектуал жиҳатдан камол топтириш, унинг қобилиятини ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий мослаштириш мақсадида жамият томонидан яратиладиган ҳамда фойдаланиладиган қадриятлар, нормалар ва билимлар йиғиндисидан иборат бўлган қисми;


жисмоний тарбиялаш - юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида шахсни тарбиялашга, инсоннинг жисмоний имкониятларини ривожлантиришга, унинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган жараён;


жисмоний тарбия ёки спорт тадбири ташкилотчиси - ўз ташаббуси билан жисмоний тарбия ёки спорт тадбири ўтказаётган ва (ёки) бундай тадбирни тайёрлаш ҳамда ўтказишни ташкилий, молиявий ва моддий жиҳатдан таъминлашни амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс;


жисмоний тарбия-соғломлаштириш иншооти - оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўзига қўйиладиган норма ва талабларга жавоб берадиган ёпиқ ёки очиқ типдаги иншоот;

оммавий жисмоний тарбия тадбирлари - аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига жалб этишга ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тадбирлар;


оммавий спорт - спортнинг ташкил этилган ва (ёки) мустақил машғулотлар, шунингдек оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш орқали аҳолини жисмоний тарбиялаш, соғломлаштириш, камол топтириш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этишга доир қисми;


профессионал спорт - спортнинг спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишга доир қисми бўлиб, спортчилар уларда ўзининг асосий фаолияти сифатида иштирок этганлиги ва уларга тайёргарлик кўрганлиги учун мукофот ва (ёки) иш ҳақи олади;


спорт - одамларнинг муайян қоидалар бўйича ташкил этилган, уларнинг жисмоний ва интеллектуал қобилиятини таққослашдан иборат бўлган ҳаваскорлик асосидаги ва профессионал асосдаги фаолияти, шунингдек ушбу фаолиятга тайёргарлик кўриш ҳамда бу фаолият жараёнида одамлар ўртасида юзага келадиган муносабатлар;


спортчи - танлаган спорт тури ёки спорт турлари билан мунтазам шуғулланадиган, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб борадиган ва спорт тадбирларида қатнашадиган жисмоний шахс;


спорт бўйича агент - спортчи номидан ва унинг манфаатлари учун шартнома асосида фаолият кўрсатадиган, тузилган шартномалар шартларига ва спортчининг ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиб борадиган шахс;


спорт мусобақаси - спортчилар ўртасида ёки спортчилар жамоалари ўртасида ҳар хил спорт турлари (спорт дисциплиналари) бўйича мусобақанинг энг яхши иштирокчисини аниқлаш мақсадида жисмоний тарбия ёки спорт тадбирининг ташкилотчиси томонидан тасдиқланган низом (регламент) бўйича ўтказиладиган беллашув;


спорт иншооти - спорт тадбирлари ва оммавий спорт тадбирларини, спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотлари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш учун мўлжалланган, ўзига қўйиладиган норма ва талабларга жавоб берадиган ёпиқ ёки очиқ типдаги ихтисослаштирилган иншоот;

спортчининг спорт дисквалификацияси  - спорт тури қоидаларини ёки спорт мусобақалари тўғрисидаги низомларни (регламентларни) ёхуд халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларни ёки республика спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан тасдиқланган нормаларни бузганлик учун спортчини спорт мусобақаларида иштирок этишдан спортнинг тегишли тури бўйича халқаро спорт федерацияси (уюшмаси) ёки спортнинг тегишли тури бўйича республика спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан амалга ошириладиган четлаштириш;


спорт турининг тармоғи (дисциплинаси) - фарқловчи белгиларга эга бўлган ҳамда битта ёки бир нечта спорт мусобақалари дастурлари турларини ўз ичига оладиган спорт турининг қисми;


спорт тадбирлари - спорт мусобақаларини, ўқув-машқ жараёнини ва спортчилар иштирокида спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш бўйича бошқа тадбирларни ўз ичига оладиган тадбирлар;


спорт тури - жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури бўлиб, у инсоннинг спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўриши билан ажралиб туради, спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларга, низомга (регламентга) эга бўлади;


спорт федерацияси (уюшмаси) - бир ёки бир нечта спорт турини ривожлантириш, оммалаштириш, шунингдек спорт тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда спортчиларни - Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари аъзоларини спортнинг тегишли тури бўйича тайёрлаш учун аъзолик асосида ташкил этилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилоти;


спорт ҳаками - спорт тури қоидаларига ҳамда спорт мусобақаси тўғрисидаги низомга (регламентга) риоя этилишини таъминлаш учун жисмоний тарбия ёки спорт тадбири ташкилотчиси томонидан ваколат берилган, махсус тайёргарликдан ўтган ва тегишли малака тоифасини олган жисмоний шахс;


спортнинг техник ва амалий турлари - спорт натижаларига эришиш учун спортчи томонидан умумий жисмоний машқлар мажмуасидан ташқари, спорт техникасидан, мосламаларидан ёки техникавий воситалардан фойдалана билиш ва уларни бошқариш соҳасидаги кўникмалар ва маҳорат қўлланиладиган, шунингдек ҳар хил спорт турларидан олинган, амалий аҳамиятга эга бўлган машқлар бирикмасидан фойдаланиладиган спорт турлари. Спортнинг техник ва амалий турлари ёшларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилишга тайёрлашнинг таркибий қисмидир;


тренер - тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификатига эга бўлган ҳамда ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари - миллий ижтимоий-маданий йўналишга эга бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ривожланаётган спорт ва ўйин турлари;


Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари - халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиш учун турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ва бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ҳамда бошқа мутахассислар жамоалари;


ҳаваскорлик спорти - спортнинг аҳолини ихтиёрийлик асосида оммавий спортга жалб қилиш орқали одамлар соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган қисми;


спортнинг ҳарбий-амалий турлари - асоси ҳарбий хизматчилар ҳамда махсус хизматни ўтаётган шахслар томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ махсус ҳаракатлардан (шу жумладан, усуллардан) иборат бўлган спорт турлари.



4-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

ҳар кимнинг жисмоний тарбия ва спорт билан эркин шуғулланишга бўлган ҳуқуқини таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ҳамда жамоат бошқарувини уйғунлаштириш;

фуқароларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳуқуқларининг давлат кафолатларини белгилаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида камситишга ҳамда зўравонликка йўл қўймаслик;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи шахсларнинг, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари иштирокчилари ҳамда томошабинларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш;

спортнинг барча турлари ва таркибий қисмларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахслар, шунингдек юқори даражада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўмаклашиш;

Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;

фуқароларни жисмоний тарбиялашнинг узлуксизлиги ва давомийлигини таъминлаш;

халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



5-модда. Жисмоний тарбия ва спорт субъектлари

Жисмоний тарбия ва спорт субъектлари жумласига қуйидагилар киради:

жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шу жумладан, спорт-техника ташкилотлари, жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, спорт клублари, спорт тайёргарлиги марказлари;

спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари;

спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирувчи ташкилотлар;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасалари;

ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасалари;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тадқиқотларни амалга оширувчи илмий ташкилотлар;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи фуқаролар, спортчилар, спорт ҳакамлари, тренерлар, спорт бўйича агентлар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассислар, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг иштирокчилари ҳамда томошабинлари;

ушбу Қонунга мувофиқ бошқа органлар ва ташкилотлар.



2-БОБ. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

6-модда. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш:

спортчиларнинг спорт тадбирларида иштирок этишини таъминлаш;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари томонидан моддий-техника ва ахборот ресурсларидан, шунингдек илмий-тадқиқотга оид ва техник ишланмалар ҳамда технологиялардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини сақлаш;

спорт тайёргарлиги бўйича янги базалар ва марказларни, спорт-таълим муассасаларини, шу жумладан, ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларини, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини қуриш ҳамда ишлаб турганларини реконструкция қилиш;

спорт клублари ва мактаблари, спорт-таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасалари, спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари, тиббий-жисмоний тарбия диспансерлари фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

жисмоний тарбия ва спорт воситаларидан аҳолининг, шу жумладан, аёллар ва ёшларнинг, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларнинг паралимпия ҳамда сурдлимпия ўйинларида, ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги махсус олимпиадалар ва бошқа спорт тадбирларида иштирок этишини ривожлантириш ҳамда таъминлашга кўмаклашиш;

спорт тадбирларини, оммавий спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг халқаро ҳамкорлигига кўмаклашиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги дастурларни, илмий-услубий тизимларни ва комплекс илмий тадқиқотларни молиялаштириш йўли билан амалга оширилади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда мақсадли дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширилишини таъминлайди;

Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини, шунингдек спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини шакллантириш тартибини белгилайди;

халқаро ҳамда республика миқёсидаги Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини, шунингдек Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини тасдиқлайди;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги махсус ваколатли давлат органининг, бошқа давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги махсус

ваколатли давлат органининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан мониторинг ва назоратни, шунингдек жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланиши таҳлилини амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек спорт нормативларини ишлаб чиқишни амалга оширади ҳамда уларни тасдиқлайди;

спорт марказларини ва допингга қарши марказларни, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим муассасаларини ҳамда илмий ташкилотларни ташкил этиш бўйича таклифлар киритади ва уларнинг фаолияти ташкил этилишини таъминлайди;

Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифини, шунингдек у тўғрисидаги низомни, спорт турларини ва спорт турларининг тармоқларини эътироф этиш, уларнинг реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритади, уни юритиш тартибини белгилайди;

халқаро ва республика миқёсидаги Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасини шакллантиради ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг молиялаштирилиши ва ўтказилишини таъминлайди;

спорт унвонлари, спорт разрядлари ва малака тоифаларини бериш тартибини тасдиқлайди;

тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака ошириш курсларини ташкил этади;

қабул қилиб олишда ва спорт мусобақалари ўтказилишидан олдин жисмоний тарбия-соғломлаштириш ёки спорт иншоотларининг белгиланган стандартларга мувофиқлигини текширади;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари таркибларини ва уларнинг яқин захирасини тасдиқлайди, Ўзбекистон спорт делегацияларини жамлайди, уларнинг тайёргарлик кўришини ҳамда халқаро спорт мусобақаларида ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида иштирок этишини таъминлайди;

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этади ҳамда ўтказади, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт учун мўлжалланган товарлар ишлаб чиқарилишини ташкил этишга кўмаклашади;

янги жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари қурилишини ҳамда ишлаб турганлари реконструкция қилинишини ташкил этишга кўмаклашади;

жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий, ўқув, илмий-оммабоп ва оммавий адабиётлар тайёрланиши ва нашр этилишини, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фото- ва видеоматериаллар чиқарилишини ташкил этади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари оммалаштирилишини ташкил этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

жисмоний тарбиядан соғлиқни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш воситаси сифатида фойдаланади;

мамлакатда спорт тиббиётини ўрганиш ва ривожлантириш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради, дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

аҳолининг жисмоний жиҳатдан камол топиши ҳолати таҳлилини ўтказади ва тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган шахсларнинг тиббий мониторингини ташкил этади;

спортчиларнинг спорт мусобақаларига тайёргарлик кўришини тиббий жиҳатдан таъминлашда иштирок этади;

спорт тиббиёти соҳасидаги ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

спортчилар ва бошқа мутахассислар спорт жароҳатларини олганда уларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади, шунингдек уларни жисмоний реабилитация қилиш бўйича тадбирлар ўтказади;

аҳолининг жинси ва ёши тоифасига қараб, жисмоний машқлар дастурини шакллантиришга доир услубий тавсияларни ишлаб чиқади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

соғломлаштириш марказларини, даволаш-жисмоний тарбия диспансерларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта

махсус таълим вазирлигининг жисмоний тарбия

ва спорт соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштиришга йўналтирилган бўлишини рўёбга чиқариш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш учун шарт-шароитларни таъминлайди;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашда иштирок этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ўқув-услубий адабиётларни тайёрлашда иштирок этади;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ("Баркамол авлод") ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ("Универсиада") ўртасида спорт мусобақаларини ташкил этишда иштирок этади;

олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда ташкилотлари спорт объектларининг моддий-техника ва ресурс базаси сақланиши ҳамда ривожлантирилишини таъминлайди;

ўқувчилар ва талабаларга соғлом турмуш тарзини, спорт билан шуғулланишнинг муҳимлиги, жисмоний ва маънавий комилликка интилиш тушунчасини сингдиришга, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилишга ҳамда зарарли одатлардан халос этишга доир чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ўқувчилар ва талабаларни жисмоний тарбиялашнинг замонавий шакллари ҳамда усулларини, жинси ва ёшига қараб уларга спорт кўникмаларини сингдиришнинг илмий асосланган тизимларини ишлаб чиқишни ҳамда жорий этишга кўмаклашишни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11-модда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

таълим муассасаларида болалар спортини ривожлантиришни ва уларнинг спорт базасини мустаҳкамлашни таъминлайди;

болалар ва ўқувчи ёшлар ўртасида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт тадбирларини ташкил этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ўқув-услубий адабиётларни тайёрлашда иштирок этади;

халқ таълими тизимининг таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида спорт мусобақаларини ("Умид ниҳоллари") ташкил этишда иштирок этади;

болалар спортининг моддий-техника ва ресурс базасини ривожлантириш чораларини кўради;

болаларга спортга муҳаббатни сингдириш, ўсиб келаётган авлодда спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини олиб бориш, жисмоний ва маънавий комилликка интилиш муҳимлиги тушунчасини шакллантириш, болаларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилишга ва зарарли одатлардан халос этишга доир чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

болаларни жисмоний тарбиялашнинг замонавий шакллари ҳамда усулларини, болаларнинг жинси ва ёшига қараб уларга спорт кўникмаларини сингдиришнинг, спортга қобилиятли болаларни ихтисослаштирилган спорт таълим муассасаларида ўқитиш учун танлаб олишнинг илмий асосланган тизимларини ишлаб чиқишни ҳамда жорий этишга кўмаклашишни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тадбирларнинг маҳаллий бюджетдан молиялаштирилишини таъминлайди;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларини ташкил этишга кўмаклашади ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди;

аҳоли ўртасида спорт нормативларини топшириш бўйича ишларни ташкил этади;

оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказишга, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашади;

ҳаваскорлик жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини ривожлантириш учун фуқароларнинг иш жойи, яшаш жойи ҳамда дам олиш жойида шарт-шароитлар яратади;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт учун мўлжалланган товарлар ишлаб чиқарилишини ташкил этишга кўмаклашади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


13-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг,

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг жисмоний тарбия

ва спортни ривожлантиришда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ СОҲАСИДА

ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

14-модда. Жисмоний тарбия ва спорт

соҳасидаги мутахассислар

Спортчилар, тренерлар, спорт ҳакамлари ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда касблари ва лавозимларининг таснифланган рўйхати белгиланадиган бошқа мутахассислар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассислардир.

Спорт турлари бўйича спортчи, тренер ва спорт ҳаками касблари ва лавозимларига доир малака талаблари махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг касблари ва лавозимларига доир малака талаблари эса қонунчиликда белгиланади.


15-модда. Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт

Фуқаролар ҳаваскорлик спорти, шунингдек профессионал спорт билан спортчи, тренер ёки спорт ҳаками сифатида шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт соҳасидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тартиби қонунчиликда белгиланади.


16-модда. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги

якка тартибдаги тадбиркорлик

Фаолиятнинг асосий тури сифатида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ёки бошқа юридик шахснинг таркибий бўлинмаси жисмоний тарбия-спорт ташкилотидир.

Якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга ошириши мумкин.

Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолининг турли гуруҳлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилишда иштирок этади, спортчиларни ва спорт мусобақаларида ҳамда ўқув-машқ тадбирларида иштирок этувчи бошқа мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратади, спортчилар ва тренерларга машғулотлар учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди, шунингдек ушбу мутахассисларга спорт натижаларига эришиши учун бошқача тарзда кўмаклашади.

Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар халқаро спорт ташкилотларининг аъзоси бўлиши мумкин.

Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари чет давлатларнинг спорт ташкилотлари билан муносабатларда халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган низомлар (регламентлар), қоидалар ва талабларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига риоя этади.



17-модда. Ўзбекистон олимпия ҳаракати.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

Ўзбекистон олимпия ҳаракати Халқаро олимпия ҳаракатининг таркибий қисми бўлиб, унинг мақсади олимпия ҳаракати принципларини оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида иштирок этишдан иборатдир.

Ўзбекистон олимпия ҳаракати Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси - республика нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бошқарилади, ушбу қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига ҳамда ўз уставига мувофиқ амалга оширади. Давлат Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ўз уставида белгиланган мақсадларини амалга оширишига ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, Ўзбекистон олимпия ҳаракатини тан олади ва қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси:

олимпия ҳаракати принципларини оммалаштиради, юксак ютуқларга эришиладиган спортни ва оммавий спортни ривожлантиришга кўмаклашади;

Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига мувофиқ Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритади;

спортчиларни Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида иштирок этишга тайёрлашнинг зарур даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

спортда допингнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида камситиш ва зўравонликнинг ҳар қандай шакллари юзага келишига йўл қўймасликка кўмаклашади;

Халқаро олимпия қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг олимпия рамзлари, шиори, байроғи, мадҳиясидан, "олимпия", "олимпиада" номларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳимоя қилиш чораларини таъминлайди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ўз ваколатларини махсус ваколатли давлат органи, спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


18-модда. Спорт федерациялари (уюшмалари)

Спорт федерацияси (уюшмаси) мамлакатда спорт турини ёки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришни амалга оширади ҳамда  республика ва халқаро миқёсдаги барча тадбирлар ва мусобақаларда спортчилар ва бошқа мутахассислар номидан иш юритади.

Спорт федерациясининг (уюшмасининг) расмий номи нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши ҳамда унда спорт федерацияси (уюшмаси) фаолиятининг ҳудудий соҳаси, шунингдек спорт федерацияси (уюшмаси) қайси спорт турини ёки спорт турларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлса, ўша спорт тури ёки спорт турлари кўрсатилиши лозим.

Спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, ушбу Қонунда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


19-модда. Спорт федерациялари (уюшмалари) реестри

Спорт федерациялари (уюшмалари) тўғрисидаги маълумотлар улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин спорт федерациялари (уюшмалари) реестрига киритилиши керак. Махсус ваколатли давлат органи спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритишни амалга оширади.

Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

тегишли спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) номлари;

тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) қайси спорт турини ёки спорт турларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган бўлса, ўша спорт тури ёки спорт турлари;

тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар;

спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) халқаро спорт ташкилотларига аъзолиги тўғрисидаги маълумотлар.

Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрида кўрсатилган маълумотлар очиқ бўлади ва улардан ҳамма фойдаланиши мумкин, бундан тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар, агар бу маълумотлар қонунчиликка мувофиқ очиқ бўлмаса ва ундан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлмаса, мустасно.

Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



20-модда. Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари Ўзбекистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги маданий меросининг ажралмас қисми, аҳолида ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, халқаро майдонда мамлакатнинг обрў-эътиборини юксалтиришга интилиш туйғуларини тарбиялаш пойдеворидир.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шунингдек бошқа ташкилотлар:

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашади ҳамда уларни аҳоли  ўртасида ёйиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


21-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини

ташкил этиш ҳамда ўтказиш

Жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари бу тадбирларни ўтказиш шартларини, шу жумладан, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказишни молиялаштириш шартларини белгилайди, бундай тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул бўлади, ушбу тадбирларни тўхтатиш ва бекор қилиш, уларни ўтказиш вақтини ўзгартириш ва уларнинг якунларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга.

Жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари қуйидаги мутлақ ҳуқуқларга эга:

жисмоний тарбия ёки спорт тадбирининг номи ва рамзларидан фойдаланиш;

жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш жойида товарлар, ишлар ва хизматлар рекламасини жойлаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт тадбирларида фойдаланиладиган спорт экипировкаси, спорт ускуналари ва анжомларини ишлаб чиқарувчиларни белгилаш;

жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини уларнинг тасвири ва (ёки) овозини ҳар қандай усуллар билан ва (ёки) турли технологиялар ёрдамида трансляция қилиш орқали, шунингдек мазкур трансляцияни ёзиб олишни ва (ёки) тадбирни фотосуратга ҳамда видеотасвирга туширишни амалга ошириш орқали ёритиш.

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг номларидан, улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан ҳамда мазкур тадбирлар рамзларидан учинчи шахсларнинг фойдаланиши жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари билан ёзма шаклда тузиладиган келишувлар асосида амалга оширилади, бундай номлардан, улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан ва мазкур тадбирлар рамзларидан ахборот мақсадида ёхуд оммавий ахборот воситаларида жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ёритиш ҳуқуқини олган учинчи шахслар томонидан ушбу ҳуқуқларнинг фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно.

Оммавий ахборот воситаларида жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари томонидан тасдиқланган, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг тўғри кўрсатилган номларидан фойдаланилиши керак. Бунда мазкур номлар реклама ҳисобланмайди.

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ёритиш ҳуқуқидан учинчи шахслар фақат жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчиларининг ёзма рухсатлари билан ёхуд учинчи шахслар томонидан ушбу ҳуқуқларнинг бундай тадбирлар ташкилотчиларидан сотиб олинганлиги тўғрисидаги ёзма шаклдаги келишувлар асосида фойдаланиши мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари тўғрисидаги қоидаларнинг, низомларнинг (регламентларнинг) мазмунига доир алоҳида спорт турларининг хусусиятларини назарда тутадиган умумий талаблар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Фақат расмий спорт мусобақаларигина Ўзбекистон Республикаси чемпионати, кубоги ёки биринчилиги мақомига ва номига эга бўлиши мумкин.

Расмий спорт мусобақаларини ўтказишга ушбу Қонун 26-моддасига мувофиқ тасдиқланган спорт турларининг қоидалари асосидагина йўл қўйилади.

Халқаро спорт тадбирлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат бундай тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг тегишли спорт турлари бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда махсус ваколатли давлат органи билан келишиб олиниши шарти билан ўтказилиши мумкин.



22-модда. Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини

эътироф этиш. Спорт турларининг реестри

Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда эътироф этилган спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари спорт турлари реестрига киритилади.

Спорт турларини ва спорт турининг тармоқларини эътироф этиш ҳамда уларни спорт турлари реестрига киритиш тартиби, шунингдек ушбу реестрни юритиш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



23-модда. Спорт унвонлари, спорт разрядлари, малака тоифалари.

Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи

Ўзбекистон Республикасида қуйидаги спорт унвонлари, спорт разрядлари, малака тоифалари белгиланади:

а) спорт унвонлари:

Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер;

Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери;

б) спорт разрядлари:

Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод;

биринчи  спорт разряди;

иккинчи спорт разряди;

учинчи спорт разряди;

ўсмирлар учун биринчи спорт разряди;

ўсмирлар учун иккинчи спорт разряди;

ўсмирлар учун учинчи спорт разряди;

в) спорт ҳакамларининг малака тоифалари:

халқаро тоифали спорт ҳаками;

миллий тоифали спорт ҳаками;

биринчи тоифали спорт ҳаками;

иккинчи тоифали спорт ҳаками;

учинчи тоифали спорт ҳаками;

спорт бўйича ҳакам;

г) тренерларнинг малака тоифалари:

халқаро тоифали тренер;

олий тоифали тренер;

биринчи тоифали тренер;

иккинчи тоифали тренер;

д) йўриқчи-услубчиларнинг малака тоифалари:

олий тоифали йўриқчи-услубчи;

биринчи тоифали йўриқчи-услубчи;

иккинчи тоифали йўриқчи-услубчи.

Спорт унвонлари, спорт разрядлари ҳамда малака тоифаларини бериш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ҳамда талабларни, шунингдек уларни бажариш шартларини белгилайди. Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомда мазкур нормалар, талаблар ва шартларнинг мазмуни, шунингдек спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш тартиби белгиланади.

Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи ва у тўғрисидаги низом махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



24-модда. Халқаро ва республика миқёсидаги спорт ҳамда

оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси

Халқаро ва республика миқёсидаги спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари рўйхатини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларини халқаро спорт тадбирларига тайёрлаш ва уларнинг иштирок этишини таъминлаш бўйича тадбирлар рўйхатини белгиловчи ҳужжатдир.

Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари халқаро ва республика миқёсидаги Спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига спорт турларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда киритилади.

Халқаро ва республика миқёсидаги Спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси тегишли календарь йил бошлангунига қадар тасдиқланади.

Халқаро ва республика миқёсидаги Спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари расмий спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларидир.



25-модда. Спортчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Спортчи:

спорт тури ёки спорт турларини танлаш;

танланган спорт тури ёки спорт турлари бўйича спорт мусобақаларида ушбу спорт турлари қоидалари ҳамда спорт мусобақалари ҳақидаги низомларда (регламентларда) белгиланган тартибда иштирок этиш;

Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи нормалари ва талабларини бажарганда спорт унвонлари ва спорт разрядларини олиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан меҳнат шартномаларини тузиш;

танланган спорт тури ёки спорт турлари бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органлар ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Спортчиларнинг айрим тоифалари қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Давлат бошқаруви органлари, жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари, спорт марказлари, бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари спортчиларга зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратиши ва уларнинг соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.

Спортчи:

жисмоний тарбия ва спорт тадбирларида иштирок этиш ҳамда ўқув-машқ машғулотлари пайтида, шунингдек спорт объектларида бўлганда хавфсизлик талабларига риоя этиши;

ушбу Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган допингга қарши қоидаларга риоя этиши;

допинг назоратини ўтказиш мақсадида допингга қарши қоидаларга мувофиқ ўзининг турган жойи ҳақида ахборот тақдим этиши;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги одоб нормаларига риоя этиши;

ўзи иштирок этаётган жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари тўғрисидаги қоидаларга, низомларга (регламентларга) ҳамда жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчиларининг талабларига риоя этиши;

санитария-гигиена, тиббий талабларга риоя этиши, мунтазам равишда тиббий текширувлардан ўтиши шарт.

Спортчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


26-модда. Спорт турлари қоидалари

Спорт турлари реестрига киритилган спорт турларининг қоидалари халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган қоидаларга мувофиқ қўлланилади, бундан ҳарбий-амалий, Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари мустасно.

Ҳарбий-амалий, Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари қоидалари қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилади.


27-модда. Спортда допингнинг олдини олиш

ва унга қарши курашиш

Допингга қарши қоиданинг бузилиши, шу жумладан, спортда фойдаланиш тақиқланган субстанциялар ва (ёки) усуллар (бундан буён матнда тақиқланган субстанция ва (ёки) тақиқланган усул деб юритилади) рўйхатига киритилган субстанциядан ва (ёки) усулдан фойдаланиш ёки фойдаланишга уриниш спортда допинг деб эътироф этилади.

Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш допингга қарши халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Қуйидаги бир ёки бир нечта қоидабузарлик допингга қарши халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларнинг бузилиши деб эътироф этилади:

спортчининг тақиқланган субстанциядан ва (ёки) тақиқланган усулдан фойдаланганлиги ёки фойдаланишга уринганлиги;

мусобақа пайтида ёки мусобақадан ташқари пайтда спортчи организмидан, шунингдек спорт мусобақасида иштирок этаётган жонивор организмидан олинган намунада тақиқланган субстанцияларнинг ёхуд улар метаболитларининг ёки маркерларининг мавжуд бўлиши;

спортчининг намуна олиниши учун келишдан бош тортганлиги, спортчининг допингга қарши қоидаларга мувофиқ хабардор қилингандан кейин намуна олинишига узрли сабабларсиз келмаганлиги ёки спортчининг намуна олинишидан бошқача тарзда бўйин товлаганлиги;

спортчидан мусобақадан ташқари пайтда намуна олиниши имкониятига тааллуқли допингга қарши талабларнинг бузилганлиги, шу жумладан, ўзининг турган жойи ҳақидаги ахборотни тақдим этмаганлиги ҳамда унинг тестлашда иштирок этиш учун келмаганлиги;

допинг назорати элементини сохталаштириш ёки сохталаштиришга уриниш;

Жаҳон допингга қарши агентлигининг Тақиқланган субстанциялардан терапевтик фойдаланиш учун халқаро стандартга мувофиқ бериладиган рухсатномасиз терапевтик фойдаланиш учун тақиқланган субстанцияларга ва (ёки) тақиқланган усулларга эга бўлиш;

тақиқланган субстанция ва (ёки) тақиқланган усулни тарқатиш.

Спортчилар, шунингдек тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассислар томонидан спортчиларга нисбатан допингга қарши қоидаларнинг бузилишига, спорт мусобақасида қатнашаётган жониворларга нисбатан тақиқланган субстанция ва (ёки) тақиқланган усулнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди. Спортчи томонидан, шунингдек спорт мусобақасида қатнашаётган жониворга нисбатан тақиқланган субстанция ва (ёки) тақиқланган усулдан фойдаланилганлиги факти фақат Жаҳон допингга қарши агентлиги томонидан аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказилган текширувлар натижалари билан тасдиқланади.

Допинг назорати тестларни ўтказишни режалаштириш, намуналарни олиш, сақлаш, ташиш, лабораторияда таҳлил қилиш, тестдан кейинги муолажалар, шунингдек тегишли эшитувларни ўтказиш ва апелляцияларни кўриб чиқишни ўз ичига оладиган жараёндир.

Допингга қарши таъминот спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган тадбирларни ўтказишдан иборат.

Тестлаш допинг назоратининг элементлари бўлиб, тестларни ўтказишни режалаштириш, намуналарни олиш, сақлаш ва Жаҳон допингга қарши агентлиги томонидан аккредитация қилинган лабораторияга ташишни ўз ичига олади.

Тестлаш мусобақа пайтида ёки мусобақадан ташқари пайтда амалга оширилади. Мусобақа пайти деганда, агар тегишли спорт тури бўйича халқаро спорт федерацияси (уюшмаси) қоидаларида ёки допингга қарши халқаро ташкилот томонидан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, спортчининг ва (ёки) жониворнинг муайян мусобақада иштирок этиши билан боғлиқ пайт тушунилади. Мусобақа пайтига киритилмаган вақт мусобақадан ташқари пайтдир.

Спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

допинг назоратини ўтказиш;

спортчиларнинг, тренерларнинг, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг допингга қарши қоидаларни бузганлик учун жавобгарлигини белгилаш;

тақиқланган субстанциялар ва (ёки) тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олиш;

допинг назоратини ўтказувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасаларининг қўшимча таълим дастурларига допингга қарши қоидалар, спортда допингнинг спортчилар соғлиғи учун оқибатлари, допингга қарши қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги бўлимларни киритиш;

оммавий ахборот воситаларида допингга қарши тарғибот олиб бориш;

спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

спортчиларнинг иш қобилиятини тиклаш воситалари ва усулларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш;

допинг назоратини ўтказиш тартибида назарда тутилган допинг назоратини ўтказиш шартларини бузганлик учун жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг жавобгарлигини белгилаш;

спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



28-модда. Спорт паспорти

Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублигини ва унинг спорт малакасини тасдиқлайди.

Спорт паспортида қуйидагилар кўрсатилади:

спортчининг фамилияси, исми, отасининг исми;

жинси;

туғилган санаси;

спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублиги;

танланган спорт тури ёки спорт турлари ва спорт турининг тармоқлари;

спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун зарур нормалар ҳамда талаблар бажарилганлигини тасдиқловчи маълумотлар;

спортчи тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисидаги белги;

спорт мусобақаларида эришилган натижалар;

спортчининг спорт дисквалификацияси тўғрисидаги маълумотлар;

давлат мукофотлари ва бошқа шаклдаги рағбатлантиришлар тўғрисидаги маълумотлар;

тренернинг фамилияси, исми, отасининг исми;

танланган спорт тури ёки спорт турларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ бошқа маълумотлар.

Спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублиги спортчи ва жисмоний тарбия-спорт ташкилоти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси асосида ва (ёки) спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига аъзолиги асосида аниқланади.

Спорт паспортларини юритиш, бериш ва алмаштириш, уларни ҳисобга олиш ягона тизимининг амал қилиш тартиби Спорт паспорти тўғрисидаги низомда белгиланади. Спорт паспорти тўғрисидаги низом ва спорт паспортининг намунаси махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА, ФУҚАРОЛАРНИНГ

ИШ ЖОЙИ, ЯШАШ ЖОЙИ ҲАМДА ДАМ ОЛИШ

ЖОЙИДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ

29-модда. Таълим тизимида жисмоний тарбия

ва спортни ташкил этиш

Таълим тизимида жисмоний тарбия ва спортни ташкил этиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

асосий таълим дастурлари доирасида давлат таълим стандартлари билан белгиланган ҳажмларда жисмоний тарбия ва спорт бўйича мажбурий машғулотларни, шунингдек қўшимча таълим дастурлари доирасида қўшимча (факультатив) жисмоний машқлар ва спорт машғулотларини ўтказиш;

таълим олувчиларни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ёшларнинг жисмоний тарбия-спорт тайёргарлиги бўйича тадбирлар мажмуини ўтказиш учун спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш;

таълим олувчиларда индивидуал қобилиятлари ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт кўникмаларини шакллантириш;

ўқув машғулотлари пайтида жисмоний тарбия тадбирларини амалга ошириш;

таълим олувчиларнинг жисмоний тарбияси ташкил этилиши устидан тиббий назорат олиб бориш;

ота-оналарда ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларда болаларининг соғлиғи ва уларнинг жисмоний тарбиясига нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш;

болалар ва ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ҳамда жисмоний ривожланишини ҳар йили мониторинг қилиш;

таълим олувчилар иштирокида спорт тадбирларини, шу жумладан, халқ таълими тизимининг таълим муассасалари ўқувчилари ("Умид ниҳоллари"), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ("Баркамол авлод") ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ("Универсиада") иштирокида уч босқичли спорт мусобақалари ташкил этилиши ва ўтказилишига кўмаклашиш.



30-модда. Фуқароларнинг иш жойи, яшаш жойи ҳамда

дам олиш жойида жисмоний тарбия ва спортни ташкил этиш

Иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари ва ходимлар ёки уларнинг вакиллик органлари ўртасидаги жамоа шартномалари, келишувлари ва меҳнат шартномаларига:

ходимларга жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, жисмоний тарбия, спорт, реабилитация қилувчи ҳамда ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига боғлиқ бўлган бошқа тадбирларни ўтказиш учун шароитлар яратиш ҳақидаги;

ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига ушбу қисмнинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун спорт объектлари, спорт жиҳозлари ва анжомларидан фойдаланиш имкониятини бериш ҳақидаги;

спорт объектларига, спорт жиҳозлари ва анжомларига лозим даражада хизмат кўрсатилиши ҳамда уларнинг таъмирланишини таъминлаш, бундай объектлар, жиҳозлар ва анжомларни сақлашни, уларга хизмат кўрсатишни ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ҳақидаги қоидалар киритилиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг яшаш жойи ва дам олиш жойи бўйича жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантириш учун шароитлар яратади, шу жумладан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни жалб этиш йўли билан шароитлар яратади.

Санаторий-курорт муассасалари, дам олиш уйлари ва туристик базалар раҳбарлари фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида фуқароларнинг даволаниши ҳамда дам олиши жараёнида жисмоний тарбия компонентларидан фойдаланиш учун шароитлар яратади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг меҳнат жамоалари касаба уюшмалари қўмиталари билан биргаликда ходимларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишга, шу жумладан, иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикасини ташкил этиш ҳамда ўтказишга жалб этиш мақсадида ихтиёрий равишдаги мунтазам жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари ва спорт тадбирлари ўтказиш бўйича шароитлар яратиши ҳамда ишларни ташкил этиши мумкин.



31-модда. Мослаштирувчи жисмоний тарбия ва мослаштирувчи спорт.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ва жисмоний имкониятлари

чекланган бошқа шахсларни жисмоний реабилитация қилиш

Мослаштирувчи жисмоний тарбия жисмоний тарбиянинг ногиронлиги бўлган шахсларни ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларни жисмоний реабилитация қилишнинг комплекс воситаларидан фойдаланувчи қисмидир.

Мослаштирувчи спорт ногиронлиги бўлган шахсларни ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларни жисмоний реабилитация қилишга ҳамда ижтимоий мослаштиришга қаратилгандир.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларнинг мослаштирувчи спортини ривожлантириш спорт билан шуғулланишнинг устуворлиги, оммалашуви ҳамда очиқлиги принципларига асосланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларни мослаштирувчи жисмоний тарбия ва мослаштирувчи спорт усулларидан фойдаланган ҳолда жисмоний реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий мослаштириш жисмоний тарбия-спорт ташкилотларида, шу жумладан реабилитация марказларида, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний тарбия-спорт клубларида амалга оширилади.

Тегишли таълим муассасаларида таълим олаётган ногиронлиги бўлган шахслар ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахслар учун машғулотлар бундай таълим олувчиларнинг шахсий қобилиятлари ҳамда соғлиғи ҳолати ҳисобга олинган, мослаштирувчи жисмоний тарбия ва мослаштирувчи спорт воситаларидан фойдаланилган ҳолда ташкил этилади.

Махсус ваколатли давлат органи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамда жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларнинг жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари воситасида жисмоний тарбия, жисмоний камол топтириш ва жисмоний тайёргарлик тизимига уйғунлашувига кўмаклашади.

Махсус ваколатли давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний тарбия-спорт бирлашмалари ногиронлиги бўлган шахслар ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахслар иштирокида жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ўтказилишини ташкил этади, болалар-ўсмирлар спорт-мослаштирувчи мактабларини, мослаштирувчи болалар-ўсмирлар жисмоний тайёргарлик клубларини ташкил қилади.



5-БОБ. СПОРТ ЗАХИРАСИНИ ТАЙЁРЛАШ

32-модда. Юқори малакали спортчиларни

ва спорт захирасини тайёрлаш

Юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тайёрлаш ихтисослаштирилган спорт таълими муассасалари, шу жумладан, олимпия захиралари коллежлари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, шунингдек жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, спорт-техника ташкилотлари, спорт клублари, спорт тайёргарлиги марказлари, мактаблар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассислар томонидан амалга оширилиб, уларни тайёрлаш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тегишли спорт кийим-боши, спорт экипировкаси, спорт жиҳози ва анжоми, биологик ва тиббий-тикловчи препаратлар билан таъминлаш, шунингдек уларнинг куч-қувват сарфини ҳамда жисмоний ресурсларини компенсация қилиш, тиббий хизмат кўрсатишни (профилактика, даволаш) таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қопланишини молиялаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини спорт турларининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ ҳолда тайёрлаш мазкур спорт тури бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификатига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади.


33-модда. Спорт захирасини тайёрлаш босқичлари

Спорт захирасини тайёрлашда спортчиларни тайёрлашнинг қуйидаги босқичлари белгиланади:

спорт-соғломлаштириш босқичи;

бошланғич тайёргарлик босқичи;

ўқув-машқ босқичи;

спорт маҳоратини такомиллаштириш босқичи;

олий спорт маҳорати босқичи.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган босқичлар таркиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



34-модда. Спортчилар тайёрлашни амалга оширувчи жисмоний

тарбия-спорт ташкилотлари ва таълим муассасалари

Спортчилар тайёрлаш мақсадида ўқув-машқ жараёни бўйича, шу жумладан, юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари ва таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш ўқув-машқ ва бошқа спорт тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт тадбирларида спорт экипировкаси, спорт жиҳози ва анжоми, тиббий хизмат, йўлкира ҳамда овқат билан таъминлашни ўз ичига олади.

Ўқув-машқ жараёнини, юқори малакали спортчиларни ва спорт захирасини тайёрлашни амалга оширувчи жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари жумласига спорт тайёргарлиги марказлари, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар киради.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган таълим муассасалари жумласига жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасалари киради.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган таълим муассасалари жумласига кирмайдиган таълим муассасаларида спортчиларни тайёрлаш мақсадида спорт турлари бўйича шундай тайёргарликни чуқурлаштирилган ўқув-машқ жараёни асосида амалга оширадиган таркибий бўлинмалар, ихтисослаштирилган синфлар ва гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.



35-модда. Ҳар хил спорт турлари бўйича спортчиларни

тайёрлашга доир ўқув дастурлари

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи таълим муассасаларида ҳар хил спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ўқув дастурларига мувофиқ (танланган спорт тури ёки спорт турлари йўналишида) олиб борилади.

Ҳар хил спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашнинг намунавий ўқув дастурлари ўқув-машқ жараёнини амалга оширувчи жисмоний тарбия-спорт муассасалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тегишли илмий тадқиқотлар натижаларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш амалиётига асосланади. Ҳар хил спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашнинг намунавий ўқув дастурлари махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи (танланган спорт тури ёки спорт турлари йўналишида) таълим муассасаларида ўқув-машқ фаолиятини ҳар хил спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашга доир ўқув дастурларидан фойдаланмасдан ташкил этишга йўл қўйилмайди.


36-модда. Жисмоний тарбия ва спорт

соҳасидаги педагогик фаолият

Тегишли маълумотга ва касбий тайёргарликка эга бўлган шахсларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, шу жумладан, даволаш жисмоний тарбияси соҳасида педагогик фаолият билан шуғулланишига қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўйилади.



6-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СПОРТ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИ ВА

УЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

37-модда. Ўзбекистон Республикасининг

спорт терма жамоалари

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий ва захира таркибларидан ташкил топиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари таркибига кирувчи жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларнинг рўйхати тегишли спорт турлари бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) билан келишилган ҳолда махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини республика бюджети маблағлари ҳисобидан моддий-техникавий таъминлаш, шу жумладан, спорт экипировкаси билан таъминлаш, илмий-услубий, тиббий-биологик, тиббий, допингга қарши таъминлаш махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.



38-модда. Ўзбекистон Республикасининг спорт

терма жамоаларини шакллантириш

Спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатлари ҳар йили спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан шакллантирилади ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодлар рўйхатларини шакллантиришнинг умумий принциплари ва мезонлари, ушбу рўйхатларни тасдиқлаш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишга тайёргарлик кўриш ва иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларига номзодларнинг тегишли рўйхатига киритилган шахслар орасидан спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан шакллантирилади.



7-БОБ. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИНГ

МОДДИЙ, ТИББИЙ, МОЛИЯВИЙ ҲАМДА

БОШҚА ТАЪМИНОТИ

39-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш

ва спорт иншоотлари

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари хусусий ёки оммавий мулк бўлиши мумкин.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини хусусийлаштириш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудудида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг режалаштирилиши, лойиҳалаштирилиши, қурилиши ҳамда фойдаланишга топширилиши устидан назоратни амалга оширади.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш шартлари, нормалари, талаблари ҳамда қоидалари, шунингдек уларга тегишли тоифаларни бериш тартиби махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида фуқароларнинг айрим тоифаларига қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли асосда хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Таълим муассасаларини, турар жой даҳаларини зарур жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари мажмуини барпо этмасдан қуришга ва реконструкция қилишга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини шу ҳудуд доирасида уларга тенг иншоотларни барпо этмасдан тугатишга йўл қўйилмайди.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг намунавий штат бирликларини белгилаш нормалари ҳамда талаблари, ижара ҳақини ҳисоблаш услуби ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек таълим муассасалари, корхоналар, турар жой даҳаларининг асосий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва (ёки) спорт иншоотлари билан энг кам таъминланиш нормативлари қонунчиликда белгиланади.

Спорт объектлари бўлмаган айрим ер ва сув ҳудуди участкаларида, шунингдек ҳаво ҳудуди участкаларида спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишга бу участкаларни вақтинчалик спорт объектлари (трассалари) сифатида расмийлаштирган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўйилади.


40-модда. Жисмоний тарбия ёки спорт

тадбирларининг тиббий таъминоти

Жисмоний тарбия ёки спорт тадбирларининг ташкилотчилари бу тадбирлар иштирокчиларини тиббий ёрдам билан таъминлашни амалга ошириши шарт.



41-модда. Жисмоний тарбия ва спортни молиялаштириш

Жисмоний тарбия ва спортни молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари;

тадбиркорлик фаолияти ва бошқа хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар;

аҳолига пуллик жисмоний тарбия-спорт ва соғломлаштириш хизматлари кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз ёрдами;

жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари иштирокчиларининг аъзолик бадаллари;

спорт турлари бўйича махсус жамғармаларнинг маблағлари;

спорт рамзлари, тимсолларидан фойдаланганлик учун корхоналар ва ташкилотларнинг ажратмалари;

чет эл инвестициялари маблағлари;

халқаро ташкилотлардан келадиган тушумлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


42-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хавфсизлик

нормалари ва қоидаларига риоя этилишини, фуқароларнинг соғлиғи,

шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинишини таъминлаш

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш, оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказадиган ташкилотлар жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ҳамда спорт мусобақалари ўтказиладиган жойларнинг хавфсизлик техникаси қоидаларига ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ лозим даражада техник жиҳозланишини таъминлайди.

Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари ҳамда спорт мусобақалари улар иштирокчиларининг ва томошабинларнинг соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига зиён етказилмайдиган тарзда ўтказилиши керак.

Спортчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига олиб келадиган, шунингдек уларнинг спорт жароҳатлари олишига сабаб бўладиган тайёргарлик услубларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Жисмоний тарбия ёки спорт тадбирларида иштирок этиши вақтида соғлиғига зиён етказилган спортчилар, тренерлар ва спорт ҳакамларига қонунчиликка мувофиқ тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация берилади.

Муассасалар ва ташкилотларнинг вояга етмаган спортчилар билан ўзаро муносабатлари белгиланган тартибда фақат уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар ёхуд улар тарбияланаётган ихтисослаштирилган муассасаларнинг розилиги ва иштирокида амалга оширилади.

Спорт мусобақаларида иштирок этувчи шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда суғурта полисига эга бўлиши шарт.


43-модда. Спорт жиҳози, анжоми ва спорт кийим-боши

Спорт жиҳози, анжоми ва спорт кийим-боши миллий стандартлар, нормалар ҳамда талабларга мувофиқ бўлиши керак.



44-модда. Жисмоний тарбия ва спортнинг

илмий-услубий ҳамда техник таъминоти

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ҳамда ўтказишни таълим муассасалари ва таркибида илмий марказлар ташкил этиладиган бошқа ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари, белгиланган тартибда ташкил этилган ҳамда ўз фаолиятини давлат буюртмалари ва бошқа буюртмалар асосида олиб борадиган лабораториялар амалга оширади.

Таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар жисмоний тарбия воситалари билан аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалиётга жорий этади, спорт захираларини ва Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоаларини халқаро спорт тадбирларига тайёрлашни илмий жиҳатдан таъминлашни такомиллаштиради.

Махсус ваколатли давлат органи, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлари таълим муассасалари ва ташкилотларига жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда, шунингдек долзарб илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмалари ҳамда бошқа буюртмаларни шакллантиришда кўмаклашади, илмий-тадқиқот ишларининг якунларини таҳлил қилади ва уларнинг фаолиятига ёрдам кўрсатади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

45-модда. Жисмоний тарбия ва спорт

соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик  халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилиги асосида амалга оширилади.



46-модда. Низоларни ҳал этиш

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



47-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



"Халқ сўзи", 2015 йил 5 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 14 сентябрь, 36-сон, 473-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2015 йил, 9-сон, 340-модда



































Время: 0.2039
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск