язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар/ Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари/ 2010 й./ Ўзбекистон Республикасининг 22.09.2010 й. ЎРҚ-260-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 29.07.2010 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.08.2010 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.09.2010 й.

N ЎРҚ-260



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 29 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 29 августда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, N 11-12; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 182-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда, N 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 4, 156, 164-моддалар, N 8, 367-модда, N 9, 416-модда, N 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, N 4, 192-модда, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 282-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 4-банд билан тўлдирилсин:

"4) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилган бўлса";


2) 283-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:

"5) агар гаровга олувчи ушбу Кодекс 282-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, бундан гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинмаганлиги ва талаблари гаров билан таъминланмаган кредиторларнинг ўз талабларини қаноатлантириш учун мазкур мол-мулкни қабул қилишни рад этганлиги ҳоллари мустасно".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги 258-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 8, 367-модда, N 12, 598-модда; 2008 йил, N 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда) қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин:


1) 23-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Суднинг жарима тариқасида жазо тайинлаш тўғрисидаги ҳукми асосида берилган ижро варақаси бўйича ижро иши юритиш қўзғатилганда уни ихтиёрий равишда ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 19-моддасида белгиланган муддатларда амалга оширилади";


2) 51-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қарздорнинг бошқа мол-мулки унга нисбатан қўйилган барча гаров билан таъминланмаган талабларни тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, гаровга олувчининг белгиланган ҳуқуқларига, шунингдек ушбу Қонуннинг 6-бобида назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилиши мумкин. Гаровга қўйилган мол-мулк хатлаб қўйилганда суд ижрочиси хатлаш амалга оширилганидан кейин уч кунлик муддат ичида бу ҳақда гаровга олувчига билдиришнома юборади.

Гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма мазкур мол-мулкка ундирув қаратилиши, унинг реализация қилиниши муносабати билан қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш учун зарур суммалар ушлаб қолинганидан ва кредиторларнинг гаров билан таъминланган ундирувга қаратилган талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақсимланади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилишдан тушган сумма кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини тўлиқ қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, у ҳолда мазкур талабларнинг қолган қисми ушбу Қонуннинг 80-моддасида белгиланган навбатда қаноатлантирилади.

Агар ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш учун қаратилган бўлса, у ҳолда ундирув қарздорнинг бошқа мол-мулки бўлишидан қатъи назар, биринчи навбатда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилади";


3) 54-модда тўртинчи қисмининг иккинчи жумласи чиқариб ташлансин;


4) 80-модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тўртинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талаблари қаноатлантирилади.

Бешинчи навбатда кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талаблари қаноатлантирилади".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 октябрда қабул қилинган "Ипотека тўғрисида"ги ЎРҚ-58-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 535-модда) қуйидаги мазмундаги 28-1-модда билан тўлдирилсин:


"28-1-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар

ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда ундирувни

гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш оқибатлари


Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилган тақдирда, суд ижрочиси гаровга қўйилган мол-мулк хатлаб қўйилганидан кейин уч кунлик муддат ичида бу ҳақда ипотекага олувчига хабарнома юборади. Бунда ипотекага олувчи ипотека билан таъминланган мажбуриятнинг муддатидан илгари бажарилишини талаб қилишга, агар унинг талаби қаноатлантирилмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга ҳақли. Агар ипотекага олувчи ушбу ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, ипотека тугатилади, бундан гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида реализация қилинмаганлиги ва талаблари гаров билан таъминланмаган кредиторларнинг ўз талабларини қаноатлантириш учун мазкур мол-мулкни қабул қилишни рад этганлиги ҳоллари мустасно".


4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2010 йил 23 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 38-сон, 328-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, 9-сон, 340-модда