язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар/ Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари/ 2009 й./ Ўзбекистон Республикасининг 15.12.2009 й. ЎРҚ-232-сон "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 03.11.2009 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.12.2009 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.12.2009 й.

N ЎРҚ-232



"ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 3 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 4 декабрда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июлда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги ЎРҚ-163-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, N 7, 354-модда; 2009 йил, N 9, 330-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 3-модданинг ўн тўртинчи хатбошиси "очиқ акциядорлик жамиятлари" деган сўзлардан кейин "ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилган тижорат банклари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2) 4-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Облигациялар юридик ва (ёки) жисмоний шахслар учун чиқарилади";


3) 49-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қимматли қоғозлар бозорида қуйидагилар тақиқланади:

эмитентга ёки қимматли қоғозларга тааллуқли ахборотни ошкор қилмасдан қимматли қоғозларни эмиссия қилиш;

чиқарилиши ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ёки тўхтатиб қўйилган қимматли қоғозларни жойлаштириш, уларнинг муомаласи, уларни реклама қилиш ва таклиф этиш;

қимматли қоғозлар эгасининг ўз депо ҳисобварағида бўлган қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлангунига қадар уларга доир битимлар тузиши;

қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш;

устав фонди шакллантирилгунига қадар (тижорат банкларининг устав фондини шакллантириш ҳоллари бундан мустасно), шунингдек уни тўлдириш ёки эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш учун корпоратив облигациялар чиқариш;

облигацияларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганидан кейин облигациялар чиқариш тўғрисидаги қарорнинг шу қарор билан белгиланган облигацияларга доир ҳуқуқлар ҳажмига тааллуқли қисмига эмитент томонидан ўзгартишлар киритиш;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мажбуриятлари бўйича мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларини ундириш;

эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришда ва (ёки) уларнинг муомаласида бир инвесторга бошқасига нисбатан афзаллик белгилаш, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

а) давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш;

б) акциядорлик жамиятининг акциядорларига ўзларига тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда қимматли қоғозларни олишда белгиланган тартибда имтиёзли ҳуқуқ бериш;

в) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан қимматли қоғозларни олишга қонун хужжатлари билан чекловлар жорий этиш.

Корпоратив облигацияларни фақат тижорат банклари, шунингдек қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда очиқ акциядорлик жамиятлари:

аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланган ўз капиталининг облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги миқдори доирасида;

кейинги уч йил мобайнида рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг аудиторлик ташкилоти хулосалари билан тасдиқланган ижобий кўрсаткичларига эга бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил рейтинг баҳосини олган бўлса;

инвесторларга тегишли маблағларнинг эмитентлар томонидан тўланиши бўйича тўлов агентлари вазифасини бажарувчи тижорат банклари иштирокида чиқариши мумкин.

Корпоратив облигациялар уларнинг эгаларига очиқ акциядорлик жамиятини ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилган тижорат банкини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.

Юридик ёки жисмоний шахс ёхуд ўзаро келишув билан боғланган ёки бир-бирининг мол-мулкини назорат қилувчи юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан бир ёки бир неча битим натижасида банк акцияларининг 5 фоиздан ортиғини олиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабардор қилинишини, 20 фоиздан ортиғини олиш эса, олдиндан унинг розилигини олишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан розилигини олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

Эмитент ўзи чиқарган акциялар бўйича уларни қайта сотиб олиш шарти билан битимлар тузишга, шунингдек ўзи чиқарган акцияларни ишончли бошқарувга топширишга ҳақли эмас".


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                 И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2009 йил 16 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 50-51-сон, 531-модда.