язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар/ Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари/ 2007 й./ Ўзбекистон Республикасининг 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.06.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.06.2007 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.07.2007 й.

N ЎРҚ-100



ҚАМОҚҚА ОЛИШГА САНКЦИЯ БЕРИШ ҲУҚУҚИ

СУДЛАРГА ЎТКАЗИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 15 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 29 июнда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 11, 23-моддалар, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда; 2006 йил, N 6, 261-модда; 2007 йил, N 4, 166-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 18-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас";

2) 29-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суднинг ваколатларига: қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома, шикоят ва протестни эҳтиёт чоралари тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда кўриб чиқиш; жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш; ишни муҳокама қилиш ва ҳукм чиқариш ёки бошқа қарор қабул қилиш; ишни апелляция, кассация, назорат тартибида кўриб чиқиш; ҳукмни ижро эттириш киради";

3) 36-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Терговчи: жиноят ишини қўзғатишга ва тугатишга, ишни қўзғатишни рад этишга; жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва сўроқ қилишга; ушбу Кодексда назарда тутилган тергов ҳаракатларини олиб боришга; шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш тўғрисида ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида қарор қабул қилишга, қамоққа олиш бундан мустасно; ўз юритувига қабул қилган ишлар бўйича суриштирув органларига қидирув ва тергов ҳаракатларини бажариш тўғрисида ёзма топшириқлар беришга; суриштирув органларидан айрим тергов ҳаракатларини юритишда кўмаклашишни талаб қилишга; қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома беришга, шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу Кодекснинг 240-моддасига мувофиқ бекор қилиш ёки ўзгартиришга ҳақлидир";

учинчи қисмидаги "эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақидаги" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

4) 217-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш ёхуд экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тарзида процессуал мажбурлов чораси қўллаганида (қамоққа олинган тақдирда эса суд) бу ҳақда йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан унинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёки ўқиш жойига маълум қилиши шарт";

5) 226-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушлаб туриш муддати ушланган милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан бошлаб кўпи билан етмиш икки соатни ташкил этади. Терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин";

учинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Алоҳида ҳолларда ушлаб турилган гумон қилинувчига ннсбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин";

6) 227-модданинг иккинчи қисми чиқариб ташлансин;

7) 234-модданинг:

номидаги "Ушлаб турилганларни" деган сўзлар "Ушлаб турилганни" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахс, агар:

1) жиноят содир этганлиги ҳақидаги гумон тасдиқланмаса;

2) ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш зарурати бўлмаса ёки уни қўллаш суд томонидан рад этилса;

3) ушлаб туришнинг белгиланган муддати тугаган бўлса ва ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган ёхуд ушбу Кодекс 243-моддаси ўнинчи қисмининг 3-бандига мувофиқ ушлаб туриш муддати узайтирилмаган бўлса, озод қилинади";

тўртинчи қисмидаги "ёхуд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги қарори" деган сўзлар "қарори ёхуд суднинг уни ушлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

8) 239-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палатаси ёки унинг Кенгаши розилиги билан;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилиги билан;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатига, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашининг депутатига нисбатан - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари Кенгаши ёки уларнинг раҳбарлари розилиги билан;

4) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилиги билан, Ўзбекистон Республикасининг бошқа судлари судьяларига нисбатан - тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг розилиги билан;

5) прокурор ва прокуратура терговчисига нисбатан - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан қўлланилиши мумкин";

9) 240-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин қамоқда сақлаш учун асослар мавжуд бўлмаганда прокурор томонидан, шунингдек прокурорнинг розилиги билан терговчи томонидан эҳтиёт чоралари тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор этган ҳолда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши ушбу эҳтиёт чорасини айнан ўша шахсга нисбатан қўллаш тўғрисидаги илтимоснома билан судга такроран мурожаат этишга монелик қилмайди";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тақдирда, қамоқда сақланаётган шахс дарҳол озод қилиниши керак";

10) 241-243-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"241-модда. Эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги

қарор устидан шикоят бериш ва протест билдириш


Эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан терговни назорат қилаётган, уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли бўлган прокурорга шикоят берилиши мумкин. Прокурор шикоятни олган пайтдан эътиборан уч сутка ичида уни кўриб чиқиши ҳамда шикоят берган шахсни ўз қароридан хабардор этиши шарт.

Дастлабки тергов босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажрим чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд уларни йигирма тўрт соат ичида материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди кўрсатилган материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

Шикоят ёки протест берилиши эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги масала бўйича қарор ижросини тўхтатиб қўймайди.


242-модда. Қамоққа олиш


Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.

Алоҳида ҳолларда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда:

айбланувчи, судланувчи тергов ва суддан яширинганида;

ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаганида;

илгари қўлланилган эҳтиёт чораси айбланувчи, судланувчи томонидан бузилганида;

ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи, судланувчи Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаганида;

жиноят қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ даврида содир этилганида, қўлланилиши мумкин.


243-модда. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт

чорасини қўллаш тартиби


Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат ушлаб турилган гумон қилинувчига ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда ва дастлабки тергов давомида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланганда прокурор, прокурорнинг розилиги билан терговчи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоққа олиш заруратини келтириб чиқарган асослар ва бошқа эҳтиёт чорасини қўллаб бўлмаслик асослари баён қилинади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Прокурор қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарор ва зарур материалларни судга юборади. Агар илтимоснома ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қўзғатилаётган бўлса, қарор ва кўрсатилган материаллар ушлаб туриш муддати тугашидан камида ўн икки соат олдин судга тақдим қилиниши керак.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан ўн икки соат ичида, лекин ушлаб туришнинг энг кўп муддатидан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, агар ишда қатнашаётган бўлса ҳимоячи, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида кўриб чиқилади. Ушлаб турилган гумон қилинувчи, айбланувчи суд мажлисига олиб келинади. Суд мажлисида гумон қилинувчи ёки айбланувчининг қонуний вакили, шунингдек терговчи иштирок этишга ҳақли. Зарур ҳолларда терговчи судга чақирилиши мумкин.

Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди, айбланувчининг келмаганлиги ҳоллари бундан мустасно. Қидирув эълон қилинган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурор маърузаси билан бошланади, у мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Шундан сўнг гумон қилинувчи ёки айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Судья гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида;

2) қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш тўғрисида;

3) тарафлар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашнинг асосланганлиги ёки асосланмаганлигига доир қўшимча далилларни тақдим этишлари учун ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатдан кўп бўлмаган муддатга узайтириш тўғрисида.

Судьянинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёки уни қўллашни рад қилиш тўғрисидаги ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро қилиниши керак. Судьянинг ажрими ижро учун прокурорга, маълумот учун эса гумон қилинувчига, айбланувчига, ҳимоячига юборилади. Судьянинг ажрими устидан ушбу Кодекс 241-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга биноан апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

1) судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) судьянинг ажримини бекор қилиш ва гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоқдан озод қилиш ёхуд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга ҳақли.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинган тақдирда, айнан ўша гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга қамоққа олишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади";

11) 245-модданинг:

биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Жиноятлар тергов қилинаётганда қамоқда сақлаб туриш муддати кўпи билан уч ойни ташкил этади.

Қамоқда сақлаб туришнинг қонун нормаларида белгиланган уч ойлик муддатини:

5 ойгача - Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг;

7 ойгача - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг;

9 ойгача - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг;

бир йилгача - алоҳида мураккаб ишлар тергов қилинаётган ҳолларда оғир ҳамда ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг илтимосномасига биноан узайтириш имкони суд томонидан кўриб чиқилади. Муддатни яна узайтиришга йўл қўйилмайди. Кўрсатилган барча илтимосномаларни кўриб чиқишда суд тақдим этилган материалларнинг асослилигини, шунингдек процессуал нормалар ва талабларга риоя этилганлигини инобатга олади";

тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

12) 246-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Айбланувчини қамоқда сақлаб туриш муддати тугаган жиноят ишини суд қўшимча терговга кайтарган ва ишнинг ҳолатларига кўра қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш мумкин бўлмаган тақдирда, жиноят ишини қўшимча терговга қайтарган суд томонидан қамоқда сақлаб туриш муддати бир ойгача узайтирилади, бу муддат иш прокурорга келиб тушган пайтдан бошлаб ҳисобланиб, прокурор жиноят ишини уч суткадан кечиктирмай терговчига юбориши шарт. Кўрсатилган муддатни узайтириш айбланувчи иш судга юборилгунига қадар қамоқда бўлган вақтни ҳисобга олган ҳолда ушбу Кодекс 245-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартиб ҳамда доирада амалга оширилади";

13) 247-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"247-модда. Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тартиби


Айбланувчини қамоқда сақлаб туришнинг белгиланган муддати тугашидан камида олти сутка олдин тегишли прокурор қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради, бу қарор судга юборилади.

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда терговнинг чўзилиб кетганлиги сабаблари, текширилиши лозим бўлган тусмоллар ва ҳолатлар, қўшимча равишда сўралаётган муддат кўрсатилиши керак.

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир этилган ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи иштирокида кўриб чиқилади. Зарур ҳолларда терговчи судга чақирилиши мумкин.

Айбланувчи стационар суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган тақдирда, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин. Бунда айбланувчининг ҳимоячиси суд мажлисида иштирок этиши шарт.

Судья қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида;

2) қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришни рад қилиш тўғрисида.

Судьянинг қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақидаги ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришни рад қилиш тўғрисидаги ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро қилиниши керак. Судьянинг ажрими ижро учун прокурорга, маълумот учун эса айбланувчига, ҳимоячига юборилади. Судьянинг ажрими устидан ушбу Кодекс 241-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга биноан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши, протест билдирилиши мумкин.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

1) судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) судьянинг ажримини бекор қилиш ва қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришни рад этишга ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришга ҳақли. Қамоқда сақлаш муддати тугаб, озод этилган айбланувчига нисбатан қамоқда сақлаб туриш муддати узайтирилган тақдирда, суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаши керак";

14) 342-модда иккинчи қисмининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2) гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки муайян шахсни айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш учун асослар аниқланган бўлса";

15) 355-модда иккинчи қисмининг 3-банди "қамоққа олиш" деган сўзлардан кейин "тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимосномалар қўзғатиш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

16) 365-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу Кодекснинг 242 ва 243-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда қидирилаётган айбланувчи топилган тақдирда, суднинг ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин";

17) 382-модданинг учинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради ёхуд қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида судга илтимоснома киритади";

бешинчи - ўн иккинчи хатбошилари тегишинча олтинчи - ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"суриштирув органларига шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш, қидириш, тинтув ўтказиш, олиб қўйиш тўғрисидаги қарорларни, суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримини ижро этишни, бошқа тергов ҳаракатларини бажаришни топширади, шунингдек прокурор ёки прокуратура терговчиси юритувидаги ишлар юзасидан жиноятларни очиш ва жиноят содир этган шахсларни аниқлаш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида кўрсатмалар беради";

тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"дастлабки тергов муддатларини ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда узайтиради";

18) 558-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишда прокурор иш материаллари билан шахсан танишиб чиқиши, илтимосноманинг асослилигини текшириши, ҳодисанинг фавқулоддалигига ишонч ҳосил қилиши ва айбланувчини ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича сўроқ қилиши шарт".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Судлар тўғрисида"ги 924-ХII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган 162-II-сонли Қонуни билан тасдиқланган таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 10-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 10-модда:

биринчи қисмидаги "Айбланувчи" деган сўз "Гумон қилинувчи, айбланувчи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас";

учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;

2) 37-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган жиноят ишларини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Прокуратура тўғрисида"ги 746-ХII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган 257-II-сонли Қонуни билан тасдиқланган таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 168-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда) 28-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"суриштирув органларига ушлаш, мажбурий келтириш, қидириш, тинтув ўтказиш, олиб қўйиш тўғрисидаги қарорларни ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини ижро этишни, бошқа тергов ҳаракатларини, шу жумладан, прокурор ёки прокуратура терговчиси иш юритувида бўлган ишлар юзасидан тергов ҳаракатларини бажаришни топширади, жиноятларни очиш ва жиноят содир этган шахсларни топиш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида кўрсатмалар беради";

саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"дастлабки тергов муддатини узайтиради, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида судга илтимоснома киритади";

ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"қонунда назарда тутилган ҳолларда, тергов ҳаракатлари олиб борилишига санкция беради, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради".


4-модда. Ушбу Қонун 2008 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 6-сон, 249-модда