ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 1996-2000 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 14.12.2000 й. 163-II-сон "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Хўжалик процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.12.2000 й.

N 163-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ, ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ

ВА ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСЛАРИГА

ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


2001 йил 26 февралдан амалга киритилган


Мазкур Қонунга ЎзР 29.01.2018 й. ЎРҚ-463-сон Қонунига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган


I. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодекси

     

II. Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси

     

III. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин:


I. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрдаги Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда):


1) 13-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тегишли суд ҳайъатларида апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларни кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳукмларига апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатларида беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади";


2) 25-моддаси қуйидаги мазмундаги қисмлар билан тўлдирилсин:

"Суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмайди ҳамда уларнинг бирон-бир манфаатларини ифодаламайди.

Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафлар процессуал мажбуриятларини бажаришлари ва берилган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратиб беради";


3) 27-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари биринчи инстанция судининг ҳукми (ажрими) устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақлидир.

Процесснинг исталган пайтида илтимоснома билдириш ва шикоят бериш мумкин";


4) 28-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича одил судловни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар амалга оширади.

Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоят ва протестлар бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоят ва протестлар бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради. Назорат инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган протестлар бўйича ишларни улар апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилганидан кейин кўриб, қарор (ажрим) чиқаради";


5) 29-моддасининг биринчи қисмидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


6) 46-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Айбланувчи: ўзининг нимада айбланаётганини билиш; ўзига қўйилган айблов юзасидан ва ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатув ва тушунтириш бериш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ҳимоячига эга бўлиш ва у билан холи учрашиш; ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад этиш; далиллар тақдим қилиш; терговчи ёки суриштирувчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш ва ундан керакли маълумотларни ёзиб олиш; терговчи ёки прокурор томонидан жиноят ишининг тугатилганлигига норозилик билдириш ва суд муҳокамаси ўтказишни талаб қилиш; биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг мажлисларида, суднинг рухсати билан эса кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган протестлар, апелляция, кассация шикоятларидан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эга. Судланувчи охирги сўз билан чиқиш ҳуқуқига эгадир";


7) 53-моддасининг биринчи қисмидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8) 55-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жабрланувчи: кўрсатув бериш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; терговчи ёки суриштирувчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш; биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар келтириш; шахсан ўзи ёки вакили орқали судда айбловни қувватлаш; суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир";


9) 57-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Фуқаровий даъвогар: фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни қувватлаш; далиллар тақдим қилиш; қўзғатилган даъво бўйича тушунтиришлар бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; суриштирувчидан, терговчидан, прокурордан ёки суддан даъвони таъминлаш чораларини кўриш ҳақида илтимос қилиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг иш материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш; биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоят қилиш; иш бўйича келтирилган шикоятлар, протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир";


10) 59-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Фуқаровий жавобгар: айблов ва фуқаровий даъвонинг мазмунини билиш; даъвога эътироз билдириш; тушунтириш бериш; ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил олиш; далиллар тақдим қилиш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; дастлабки тергов тамом бўлганидан сўнг иш материаллари билан танишиш ва ундан зарур маълумотларни ёзиб олиш; биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судининг мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар келтириш; суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвога тегишли қисми устидан шикоятлар бериш; иш бўйича келтирилган шикоят ва протестлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир";


11) 76-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида ишни кўришда иштирок этган судья унинг иштирокида чиқарилган ҳукм, ажрим (қарор) бекор қилинганидан кейин ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди";


12) 389-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судловига юқори судларнинг ва ҳарбий судларнинг судловига тегишли бўлган ишлардан ташқари ҳамма жиноят ишлари тегишлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судловига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми, 118-моддасининг тўртинчи қисми, 150, 153, 155, 157, 158-моддалари, 159-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмлари, 160, 161-моддалари, 210-моддасининг учинчи қисми, 230, 231, 242, 244-моддалари, 273-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар тегишлидир.

Ҳарбий судлар судловига тегишли ишлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига ўта мураккаб ва аҳамиятли ишлар тегишлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган жиноят тўғрисидаги ишни, агар у мазмунан мураккаб бўлмаса, жиноят ишлари бўйича тегишли туман (шаҳар) судига, шунингдек округ ёки ҳудудий ҳарбий судга кўриш учун топширишга ҳақли";


13) 409-моддасининг еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Прокурор жиноят ишларини кўришда ёки ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ёхуд ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда бошқа масалаларни ҳал этишда апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судида иштирок этади";


14) 473-моддаси тўртинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Раислик қилувчи судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, ҳукм устидан улар истаги бўйича апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш муддати ва тартибини тушунтиради";


15) 478-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд ҳукми, ажрими ва қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва назорат тартибида текширилиши мумкин.

Ишни юқори суд томонидан кўриш:

1) апелляция тартибида - ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан;

2) кассация тартибида - ушбу Кодекснинг 498-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан;

3) назорат тартибида - қонунда протест билдириш ҳуқуқи берилган суд раиси, прокурор ёки улар ўринбосарларининг протестларига биноан, янги очилган ҳолатлар муносабати билан эса, қонунда протест билдириш ҳуқуқи берилган прокурор ёки унинг ўринбосари протестига биноан амалга оширилади";


16) 479-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу Кодекснинг 497-2, 498 ва 516-моддаларида назарда тутилган процесс иштирокчилари биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ёки протест билдиришга, шунингдек суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқишни илтимос қилишга ҳақлидир. Бу ҳолда улар ўз важларини тасдиқловчи қўшимча материаллар тақдим этишлари мумкин.

Апелляция, кассация шикояти, апелляция, кассация ёки назорат протести тушганлиги тўғрисида суд тушган шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ана шу процесс иштирокчиларига маълум қилади ва айни вақтда мазкур ҳужжатларнинг нусхасини маҳкумга, жабрланувчига ва оқланган шахсга жўнатади. Кўрсатилган шахслар иш билан, шу жумладан, қўшимча тақдим этилган материаллар билан танишишга ҳамда судга ўз эътирозларини билдиришга ҳақлидир.

Апелляция ёки кассация шикояти берган шахс, шунингдек берилган шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ана шу процесс иштирокчилари суд томонидан ишнинг кўрилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади.

Маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда уларнинг вакиллари ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида иштирок этишга ҳақлидир. Мазкур шахслар ишни кассация ва назорат тартибида кўриш чоғида ҳам иштирок этишга ҳақлидир, жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкум бундан мустасно. Жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумнинг кассация ва назорат инстанцияси суди мажлисида иштирок этиши, шунингдек уни суд мажлисига олиб келиш зарурлиги масаласини суд ҳал қилади. Иш кўриладиган жой ва вақт ҳақида ўз вақтида огоҳлантирилган мазкур шахсларнинг узрсиз сабабларга кўра келмаганликлари ишни кўришга монелик қилмайди. Лекин суд маҳкумни, оқланган шахсни, шунингдек жабрланувчини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини тушунтириш бериш учун чақириши мумкин";


17) 480-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят ишининг апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрилишида прокурор қатнашади.

Ишнинг кўрилишида:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ҳайъатларида - тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори томонидан ваколат берилган прокурор;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатларида - тегишинча Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумида - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади";


18) 481-моддасининг биринчи қисмидаги "Кассация" деган сўз "Апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


19) 482-моддасининг биринчи қисмидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


20) 483-моддасининг биринчи қисмидаги "Кассация" деган сўз "Апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


21) 484-моддасининг матнидаги "Кассация" деган сўз "Апелляция, кассация" деган сўзлар билан, "ишни кассация" деган сўзлар "ишни апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


22) 490-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"490-модда. Жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрувчи суднинг ваколатлари

Суд жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўриб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

1) суднинг ҳукми ёки ажримини (қарорини) ўзгаришсиз қолдиради;

2) ҳукмни ёки ажримни (қарорни) ўзгартиради;

3) ҳукмни ёки ажримни (қарорни) бекор қилади ва ишни қўшимча терговга ёки янгитдан судда кўриш учун жўнатади ёхуд ишни тугатади.

Назорат инстанцияси суди жиноят ишини назорат тартибида кўриб, апелляция ёки кассация ажримини бекор қилади, шунингдек агар кейин суд ажримлари, қарорлари чиқарилган бўлса, уларни ҳам бекор қилади ва ишни янгитдан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқишга ўтказади.

Апелляция инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш ва процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлса, тўлиқ ёки қисман суд тергови ўтказиш ва ҳукмга ўзгартишлар киритишга ҳақлидир.

Кассация ва назорат инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш ва процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлса, қисман суд тергови ўтказиш ва ҳукмга ўзгартишлар киритишга ҳақлидир.

Юқори инстанция суди асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга, унга тарбия колонияси ёки жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилашга, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтиришга ҳақлидир.

Юқори инстанция суди ҳукмнинг айрим маҳкумларга қўйилган айблов қисмини ёки фуқаровий даъво қисмини бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақлидир";


23) 491-моддасининг матнидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


24) 493-моддасининг матнидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


25) 494-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"494-модда. Жазони кучайтиришга ва оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўлланишга йўл қўйилмаслиги

Суд жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрган вақтида жазони кучайтиришга, шунингдек оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллашга ҳақли эмас.

Оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги муносабати билан ёхуд жазонинг енгиллиги учун жабрланувчи томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳоллардагина ана шу асослар бўйича апелляция ёки кассация тартибида ҳукм бекор қилиниши ва иш янгитдан судда кўриш учун юборилиши мумкин.

Оқлов ҳукми юқори суд томонидан фақат прокурорнинг апелляция ёки кассация протести, жабрланувчининг ёки унинг вакилининг шикояти ёхуд оқланган шахснинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция ёки кассация шикояти, шунингдек назорат тартибида берилган протест бўйича бекор қилиниши мумкин";


26) 495-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларидаги "кассация" деган сўз "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


27) 496-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жиноят ишини апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўраётган суднинг ажримида (қарорида) қуйидагилар акс эттирилган бўлиши лозим:

1) ажрим (қарор) чиқарилган вақт ва жой;

2) ажрим (қарор) чиқарган суднинг номи ва таркиби, ишни кўришда қатнашган прокурор ва бошқа шахслар;

3) апелляция, кассация шикояти, апелляция, кассация ёки назорат тартибида протест берган шахс;

4) шикоят ёки протест берилган ҳукмнинг, ажримнинг (қарорнинг) қарор қисми мазмуни;

5) шикоятнинг, протестнинг, уларга нисбатан билдирилган эътирозларнинг мазмуни, ишда иштирок этаётган шахслар тушунтиришларининг қисқача баёни ва прокурорнинг фикри;

6) шикоят, протест бўйича суднинг қарори.

Шикоят, протест қаноатлантирилмай қолдирилган тақдирда, уларда келтирилган важлар қандай сабабларга кўра асоссиз ёки аҳамиятсиз деб топилганлиги ажримда (қарорда) кўрсатилиши лозим.

Ҳукм, ажрим (қарор) бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳолларда апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди қонуннинг қайси моддаларидаги талаблар бузилганлигини ҳамда бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган қарорнинг асоссизлиги нимадан иборат эканлигини кўрсатиб ўтиши лозим.

Иш апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан қўшимча терговга ёки янгитдан судда кўриш учун юборилаётганда аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар кўрсатилиши зарур.

Апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди ушбу Кодекснинг 298 ва 300-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув, дастлабки тергов ўтказишда ва суд муҳокамасида йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда хусусий ажрим чиқаради.

Ажрим суднинг тўлиқ таркиби томонидан, суд раёсатининг қарори раислик қилувчи томонидан, Пленум қарори эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Пленум котиби томонидан имзоланади. Чиқарилган ажрим (қарор) раислик қилувчи ёки суд таркибидаги судьялардан бири томонидан суд мажлиси залида дарҳол ўқиб эшиттирилади";


28) 497-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"497-модда. Ажримни (қарорни) ижро этиш учун юбориш

Ажрим (қарор) чиқарилганидан кейин у узоғи билан беш сутка ичида жиноят иши билан бирга қўшиб ҳукм ёки апелляция ёхуд кассация ажрими чиқарган судга ёки бошқа судга, иш қўшимча терговга жўнатилган тақдирда эса, айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга ижро этиш учун юборилади.

Қамоқдан озод этилиши лозим бўлган маҳкумни, агар у суд мажлисида қатнашаётган бўлса, озод этишга доир ажрим (қарор) залнинг ўзидаёқ ижро этилади. Бошқа ҳолларда ажрим (қарор) чиқарилган вақтдан эътиборан узоғи билан йигирма тўрт соат ичида унинг нусхаси суд томонидан жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига юборилади";


29) Кодекс қуйидаги мазмундаги 55-1-боб билан тўлдирилсин:

"55-1-боб. Апелляция тартибида иш юритиш

497-1-модда. Апелляция тартибида шикоят бериладиган ва протест билдириладиган қарорлар

Суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.

Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

497-2-модда. Ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар

Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан шикоят беришга, прокурор ва унинг ўринбосари эса, протест билдиришга ҳақлидир.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ҳукмнинг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Судда оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлаш сабаблари ва асосларига доир қисми устидан шикоят беришга ҳақлидир.

Мазкур модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган шахслар апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан назорат тартибида шикоят бериш ёки протест билдиришга ҳақлидир.

497-3-модда. Ҳукмлар устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш тартиби

Қуйидагиларнинг:

1) жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан - Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судига, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига;

2) округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳукмлари устидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукмлари устидан берилган апелляция шикоятлари ва протестлари айни шу судларнинг ўзи томонидан кўриб чиқилади.

Апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. Шикоят ёки протест бевосита апелляция инстанция судига топширилган бўлса, суд ушбу Кодекс 479-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган талабларни бажариш учун уларни ҳукм чиқарган судга юборади.

497-4-модда. Ҳукм устидан апелляция шикоятлари ва протестлари бериш муддати

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилиши мумкин.

Ҳукм устидан шикоят бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақлидир.

Белгиланган муддатдан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.

497-5-модда. Апелляция шикояти ёки протести бериш муддатини тиклаш тартиби

Ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган ҳолларда апелляция шикояти ёки протести бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳукм чиқарган судга муддатни тиклаш сўралган илтимоснома билан мурожаат қилишлари мумкин. Зарур ҳолларда бу масала илтимоснома берган шахснинг иштирокида ҳал қилинади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашнинг рад этилганлиги устидан юқори судга шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин, у муддатни тиклашга ва ишни хусусий шикоят ёки протест бўйича кўриб чиқишга ҳақлидир. Бунда ушбу Кодекс 479-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган талаблар бажарилиши лозим.

497-6-модда. Ҳукм устидан апелляция шикояти ёки протести бериш оқибатлари

Апелляция шикояти берилиши ёки апелляция протести билдирилиши ҳукмни ижро этишни тўхтатиб туради.

Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекс 479-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган талабларни бажариб, ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади.

Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин.

497-7-модда. Апелляция шикояти ва протестининг мазмуни

Апелляция шикояти ва протестида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

1) шикоят, протест йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят берган шахс, унинг процессуал мавқеи, яшаш жойи ёки туриш манзили тўғрисидаги маълумотлар;

3) ҳукмни чиқарган суднинг номи, ҳукм чиқарилган сана, шикоят берилаётган ва протест билдирилаётган ҳукм кимга нисбатан чиқарилган бўлса, шу шахс тўғрисидаги маълумотлар;

4) шикоят, протест берган шахснинг важлари, унинг фикрига кўра ҳукм ёки бошқа қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги ҳамда илтимосининг моҳияти;

5) аризачи ўз талабларини асослаётган ва апелляция инстанцияси суди томонидан текширилиши лозим бўлган далиллар, шу жумладан, илгари биринчи инстанция судида текширилмаган далиллар;

6) шикоятга, протестга илова қилинаётган материаллар рўйхати;

7) шикоят, протест берилган сана ҳамда шикоят, протест берувчи шахснинг имзоси.

497-8-модда. Апелляция шикояти ёки протестини қайтариб олиш

Ҳукм устидан шикоят берган ёки протест билдирган шахс ўз шикояти ёки протестини қайтариб олишга ҳақлидир. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқига юқори турувчи прокурор ҳам эга. Маҳкум ўз ҳимоячисининг шикоятини қайтариб олишга ҳақлидир.

497-9-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят бериш ва протест билдириш

Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин.

Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, уни ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоятлар бериш ва протестлар билдириш мумкин эмас. Буларга қарши эътирозлар апелляция шикояти ёхуд апелляция протестига киритилиши мумкин.

Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, башарти ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.

497-10-модда. Апелляция инстанцияси суди мажлисини тайинлаш

Биринчи инстанция судининг раиси апелляция шикояти ёки протести тушган ишни юқори турувчи судда кўриб чиқиладиган кун ва жойни белгилайди, ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида кўрсатилган шахслар бундан хабардор қилинади.

Гувоҳлар, экспертлар ва мутахассислар суд мажлисига суднинг ихтиёрига биноан таклиф қилинадилар.

497-11-модда. Апелляция инстанциясида иш юритиш тартиби

Апелляция инстанциясида иш юритиш биринчи инстанция судидаги иш юритиш қоидалари бўйича, шунингдек ушбу бобда баён этилган қоидалар бўйича ўтказилади.

Иш кўриладиган жой ва сана ҳақида вақтида хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги ишни кўриш ва қарор чиқаришга монелик қилмайди.

Раислик қилувчи қандай иш кўрилишини маълум қилади ва тарафларнинг келган-келмаганлигини аниқлайди, сўнгра суд таркиби аъзоларининг, прокурорнинг, суд котибининг, агар таржимон мажлисда иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг ҳамда ҳимоячининг фамилияси ва исмини эълон қилади, рад қилиш ҳақида арзлар бор-йўқлигини текширади. Раислик қилувчи ҳозир бўлган процесс иштирокчиларига уларнинг апелляция инстанциясида ишни кўриш чоғидаги ҳуқуқларини тушунтиради. Шундан кейин раислик қилувчи ҳозир бўлган тарафлардан илтимослари бор-йўқлигини сўрайди ва билдирилган илтимослар бўйича апелляция инстанцияси ажрим чиқаради.

Ишни кўриш судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади. У ишнинг моҳияти, шикоят ёки протестнинг важлари ҳамда уларга қарши билдирилган эътирозларнинг моҳиятини баён қилади. Судга қўшимча материаллар тақдим этилган ёхуд суднинг ўзи бундай материалларни талаб қилиб олган ҳолларда раислик қилувчи ёки судья уларни ўқиб эшиттиради ва ишда иштирок этаётган шахсларга танишиш учун тақдим қилади.

Раислик қилувчи апелляция шикояти берган шахсга, апелляция шикояти ва протести кимга нисбатан берилган бўлса ўша шахсга, уларнинг ҳимоячилари ва вакилларига, сўнгра эса прокурорга сўз беради. Агар берилган апелляция шикоятлари орасида прокурорнинг апелляция протести бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.

Суд тарафларнинг сўзларини эшитиб, ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини лозим даражада текшириб кўришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текшириладиган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида; суд мажлисига судланувчини, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертлар ва зарурат бўлса, бошқа шахсларни чақириш тўғрисида; судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини сақлаб қолиш, танлаш, бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Шундан кейин суд суд мажлисига чақирилган судланувчини, гувоҳларни, жабрланувчиларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимоси бўйича ҳамда ўзининг ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга оид бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади. Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.

Биринчи инстанция судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд тарафларнинг илтимоси бўйича ёки ўзининг ташаббуси билан уларни чақиришни зарур деб топган бўлса, апелляция инстанцияси судида сўроқ қилинадилар.

Тарафлар янги гувоҳларни чақириш, экспертиза ўтказиш, уларга биринчи инстанция суди томонидан текшириб кўриш рад этилган ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилишга ҳақлидир. Арз қилинган илтимосларни ҳал этиш ушбу Кодекснинг 438-моддаси қоидалари асосида амалга оширилади, бунда апелляция инстанцияси суди илтимос биринчи инстанция судида қаноатлантирилмаган деган асосда илтимосни қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмас.

Далилларни текшириш тугагач, судья тарафлардан суд терговига қўшимча қилиш ҳақида илтимослари бор-йўқлигини суриштиради, суд бу илтимосларни ҳал этади ва суд музокараларига ўтади.

497-12-модда. Суд музокаралари. Судланувчининг охирги сўзи

Суд музокаралари ушбу Кодекснинг 449-моддаси қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят, протест берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Суд музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи судланувчига, агар у иштирок этаётган бўлса, охирги сўз беради, шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

497-13-модда. Апелляция инстанция судининг ваколатлари

Суд ишни апелляция тартибида кўриб, ўзининг ажрими билан:

1) биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантиришсиз қолдиришга;

2) биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқаришга;

3) биринчи инстанция судининг айблов ҳукмини бекор қилиш ва ишни тугатишга;

4) биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгартиришга;

5) биринчи инстанция судининг ҳукмни бекор қилиш ва ушбу Кодекс 419-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича ишни қўшимча тергов юритиш учун юборишга;

6) биринчи инстанция судининг ҳукмини ёки ажримини бекор қилиш ва ишни янгитдан судда кўриш учун юборишга ҳақли.

Агар биринчи инстанция суди иш юзасидан камчиликларга ёки суд терговини бир томонлама олиб боришга ёхуд жиддий бўлмаган процессуал қоидабузарликларга йўл қўйган бўлса, апелляция инстанцияси ишни биринчи инстанция судига янгитдан судда кўришга юбормай, камчиликларни тўлдириш, процессуал қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўради ҳамда кўриб чиқиш натижаларини инобатга олган ҳолда ҳукмга ўзгартиришлар киритади.

Апелляция инстанцияси суди қарорида қандай асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳукми тўғри деб, шикоят ёки протестнинг важлари эса асоссиз деб топилганлиги, биринчи инстанция судининг ҳукмини бекор қилишга ёки уни ўзгартиришга нималар асос бўлганлиги кўрсатилиши керак.

Апелляция инстанцияси қарор қабул қилаётганда биринчи инстанция суди томонидан текшириб кўрилган ва ишончли деб топилган далилларга апелляция шикоятлари, протестларини кўриб чиқишда текширилган янги далилларни қўшган ҳолда таянишга ҳақлидир.

Қарор ушбу Кодекснинг 473-моддаси қоидалари асосида эълон қилинади.

497-14-модда. Апелляция инстанцияси суд мажлисининг баённомаси

Апелляция инстанцияси судида суд мажлисининг котиби ушбу Кодекснинг 426-моддасида назарда тутилган қоидалар асосида баённома юритади. Суд мажлиси баённомаси юзасидан мулоҳазалар берилиши мумкин, улар ушбу Кодекснинг 427-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.

497-15-модда. Хусусий шикоят ва протестларни ҳал қилиш тартиби

Хусусий шикоят ёки протест апелляция шикоятлари ёки протестлари билан бир вақтда кўриб чиқилади.

Хусусий шикоят ёки протестни ҳал қила туриб, раислик қилувчи суд муҳокамаси барча иштирокчиларининг фикрини сўрайди, зарур ҳолларда жиноят ишининг берилган шикоят ёки протестга алоқадор материалларини ўқиб эшиттиради. Ҳар бир хусусий шикоят ёки протест бўйича суд ўша ернинг ўзида ёки маслаҳатхонада ажрим чиқаради.

Иш юзасидан фақат хусусий шикоят ёки протест тушган бўлса, ҳукм чиқарган суд апелляция шикояти бериш ёки протест билдириш учун белгиланган муддат тугаши билан ишни юқори судга юборади.

Хусусий шикоят ёки протестни ҳал қилиш суд томонидан шикоят ёки протест берган шахсни, шунингдек унинг томонидан келиши сўралган шахсларни ёхуд суднинг ўзи лозим деб топган шахсларни таклиф этган ҳолда амалга оширилади.

Хусусий шикоят ёки протест бўйича чиқарилган суд ажрими қатъий ҳисобланади.

497-16-модда. Апелляция инстанцияси қарорларининг қонуний кучга кириши

Апелляция инстанцияси қарорлари эълон қилиниши биланоқ дарҳол қонуний кучга киради.

497-17-модда. Апелляция инстанциясида шикоят ишини қўшимча кўриш

Баъзи маҳкумларга дахли бўлган, белгиланган муддатда юборилган апелляция шикояти ёки протести бирор сабабга кўра апелляция инстанцияси судига бошқа маҳкумларнинг жиноят иши кўриб бўлинганидан кейин келиб тушса ёки ўтказиб юборилган муддат ушбу Кодекснинг 497-5-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан тикланса, шунингдек маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция шикояти, ушбу маҳкумга доир иш процессининг бошқа иштирокчиси берган апелляция шикояти ёхуд протести бўйича кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушган бўлса, апелляция инстанцияси суди бундай шикоят ёки протестни кўриб чиқиши ва у бўйича ажрим чиқариши шарт.

Бу ажрим аввал чиқарилган ажримга зид бўлса, иш бир ёки ҳар иккала ажрим устидан протест бериш масаласини ҳал қилиш учун назорат тартибида протест билдириш ваколатига эга бўлган суд раисига жўнатилади.

Ишни қўшимча кўриш тартиби кечикиб келган хусусий шикоят ва хусусий протестни ҳал қилишга ҳам тааллуқлидир.

497-18-модда. Апелляция инстанцияси судининг ажрими

Апелляция инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.

Ажрим судьяларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Ажрим барча судьялар томонидан имзоланади. Овоз беришда озчиликни ташкил этган судья ажримга имзо қўйиб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақлидир.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан назорат тартибида шикоят берилиши ва протест билдирилиши мумкин";


30) 498-моддасининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"498-модда. Ҳукм ва ажрим устидан кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар";

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек жабрланувчи, унинг вакили суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ва ажрими устидан, агар иш апелляция тартибида кўрилган бўлмаса, кассация тартибида шикоят беришга ҳақлидир. Ушбу Кодекснинг 511-моддасида кўрсатилган шахслар қонуний кучга кирган ҳукм ва ажрим (қарор) устидан, агар иш апелляция тартибида кўрилган бўлмаса, кассация тартибида протест билдиришга ҳақлидир";


31) 499-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қуйидагиларнинг:

1) жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан - Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судига, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига;

2) Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан - шу судларнинг судлов ҳайъатларига;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан - шу суднинг судлов ҳайъатига;

4) округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан эса шу суднинг судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдириш мумкин";


32) 500-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"500-модда. Суд ҳукмлари, ажримларини (қарорларини) кассация тартибида қайта кўриб чиқишга йўл қўйиладиган муддат

Шикоят ёки протестда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар назарда тутилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёки ажримини (қарорини), шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини (қарорини) кассация тартибида қайта кўриб чиқишга улар қонуний кучга кирганидан кейин бир йил мобайнидагина йўл қўйилади";


33) 501-моддаси чиқариб ташлансин;


34) 502-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекс 479-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган талабларни бажариб, бир ойлик муддат ичида ишни шикоятлар, протестлар ва улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга кассация инстанцияси судига юборади. Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин";


35) 504-моддаси чиқариб ташлансин;


36) 505-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Биринчи инстанция судининг раиси кассация шикояти ёки протести тушган иш кассация инстанцияси судида кўриладиган кун ва жойни белгилайди, бу ҳақда ушбу Кодекснинг 498-моддасида кўрсатилган шахслар хабардор қилинади";


37) 507-моддаси чиқариб ташлансин;


38) 508-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Баъзи маҳкумларга дахли бўлган кассация шикояти ёки протести бирор сабабга кўра кассация инстанцияси судига бошқа маҳкумларнинг жиноят иши кўриб бўлинганидан кейин келиб тушса, шунингдек маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг кассация шикояти, ушбу маҳкумга доир иш процесснинг бошқа иштирокчиси берган кассация шикояти ёки протести бўйича кўриб чиқилганидан сўнг келиб тушган бўлса, кассация инстанцияси суди бундай шикоят ёки протестни кўриб чиқиши ва у бўйича ажрим чиқариши шарт";


39) 510-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"510-модда. Ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар

Апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган ҳукм ва ажрим (қарор) устидан ушбу Кодекснинг 498-моддасида кўрсатилган шахслар назорат тартибида шикоят беришлари мумкин";


40) 511-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"511-модда. Ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар

Чиқарилган ҳукмлар ва ажримлар (қарорлар) билан бирга ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга улар фақат апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилганидан кейин қонунда протест билдириш ҳуқуқи берилган суд раиси, прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари протест билдиргандагина йўл қўйилади.

Қуйидагилар протест билдиришга ҳақли:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси - барча инстанция судларининг ҳукмлари ва ажримлари (қарорлари) устидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларидан ташқари, ҳар қандай суднинг ҳукмлари ва ажримлари (қарорлари) устидан;

2) Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар - жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг ҳукмлари ва ажримлари устидан; ишни апелляция ёки кассация тартибида кўрган тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судлов ҳайъатларининг ажримлари устидан, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация ажримлари бундан мустасно;

3) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори - округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳукмлари ва ажримлари устидан, ишни апелляция ёки кассация тартибида кўрган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ажримлари устидан, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанция бўйича кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация ажримлари бундан мустасно";


41) 512-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишларни жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларидан талаб қилиб олиш ҳуқуқига Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларининг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг ўринбосарлари, туман, шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳам эгадир. Ишларни округ ва ҳудудий ҳарбий судлардан талаб қилиб олиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ўринбосарлари, округлар ҳарбий прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳам эгадир";


42) 516-моддаси иккинчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳукмни ёки ажримни (қарорни) қонунга хилоф ва асоссиз деб топган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг раиси, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар протест билдирадилар ва ишни шу протест билан бирга тегишли назорат инстанцияси судига юборадилар";


43) 517-моддаси матнининг биринчи жумласидаги "Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


44) 519-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раёсатлари мазкур судларнинг жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари кўрган ишлар бўйича чиқарилган тегишли апелляция ва кассация ажримлари устидан билдирилган протестлар бўйича ишларни кўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раёсатларининг қарорлари устидан, шунингдек мазкур судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган апелляция ва кассация ажримлари устидан билдирилган протестлар бўйича ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раёсати мазкур суднинг округ ва ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича чиқарилган апелляция ва кассация ажримлари устидан билдирилган протестлар бўйича ишларни кўради. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди биринчи инстанция тариқасида кўрган ишлар бўйича мазкур суд чиқарган апелляция ва кассация ажримлари устидан билдирилган протестлар бўйича ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг апелляция ва кассация ажримлари устидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг назорат тартибида чиқарилган ажримлари устидан билдирилган протестлар бўйича ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари устидан назорат тартибида билдирилган протестлар бўйича ишларни кўради.

Зарур ҳолларда протестлар бўйича ишлар Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судини, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судини четлаб ўтиб, назорат тартибида бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кўрилиши мумкин";


45) 520-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Назорат инстанцияси судида жиноят иши ушбу Кодекснинг 506-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан кўрилади. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раёсатида ишни кўриш чоғида протестни қаноатлантириш тарафдорлари билан қаршилар овози тенг келиб қолса, протест маҳкум (оқланган шахс) фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади, маҳкумнинг (оқланган шахснинг) аҳволини оғирлаштириш ҳақидаги масала қўйилган протест эса рад этилади";


46) 521-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Назорат инстанцияси суди биринчи инстанция суди чиқарган ҳукмни қонунга хилоф ва асоссиз деб топиб, бу ҳукмни ҳамда шунингдек апелляция ёки кассация ажримини, шунингдек назорат тартибида чиқарилган ажримлар ва қарорларни, агар улар туфайли ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган бўлса, бекор қилади ёки ўзгартиради. Бунда ушбу Кодекс 490-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қарорлардан бири қабул қилиниши мумкин.

Протестни кўриб чиқаётган суд олдинги ҳукм ёки ажрим асоссиз равишда бекор қилинган ёки ўзгартирилган, апелляция, кассация ёки назорат тартибида ишни кўриш чоғида қонуннинг бузилишига йўл қўйилган ва бу ажрим ёки қарорни тўғри чиқаришга таъсир қилган ёки таъсир қилиши мумкин эди, деб эътироф этган тақдирда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажримлари, назорат инстанцияси судининг ажримлари ва қарорлари ҳам бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши лозим.

Суд назорат тартибида чиқарилган ажрим ёки қарорни бекор қилар экан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ва апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажримини ўзгартиришлар билан ёки ўзгартиришсиз ўз кучида қолдиришга ҳақлидир";


47) 528-моддасининг матнидаги "кассация" деган сўзлар "апелляция" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


48) 531-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Иш апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўрилганда ҳукм ўзгартирилган бўлса, ҳукм нусхасига апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судининг ажрими ёхуд қарори нусхаси илова қилинади";


49) 540-моддасидаги "туман (шаҳар) суди" деган сўзлар "жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


50) 541-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларидаги "туман (шаҳар) судининг", "туман (шаҳар) суди" деган сўзлар тегишли келишикдаги "жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов
























Время: 0.0059
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск