ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 15.09.2000 й. 21-сон "Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.09.2000 й.

N 21


ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ ЖИНОЯТЛАРИ

ҲАҚИДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда судлар асосан қонунларни тўғри татбиқ этилишини таъминламоқдалар.

Шу билан бирга, судлар томонидан баъзан шу тоифадаги ишларни кўришда жиноят ва жиноят-процессуал қонун нормаларига ҳар доим ҳам риоя этмаяптилар. Шунингдек вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмаяпти.

Жиноят содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада аниқлашга ҳар доим тегишли эътибор берилмаяпти ва уларни бартараф этиш юзасидан қонунда назарда тутилган чоралар кўрилмаяпти.

Жиноят кодексининг 87-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда уларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласига етарли эътибор қаратилмаяпти.

Келгусида қонун устуворлигини тўла таъминлаш ва камчиликларга барҳам бериш, процессуал ва моддий қонун меъёрларининг тўғри татбиқ этилишига судларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда, иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва судланувчининг шахсини эътиборга олган ҳолда аниқланган ҳақиқий ҳолатлар ва далиллар мажмуасига тўғри баҳо берилиб, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда қонунда кўрсатилган хусусият ва имтиёзлардан тўла фойдаланишга эътибор қаратилиши лозим.


2. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш вақтида судлар айбланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш сифатидаги эҳтиёт чорасининг асосли эканлигини синчиклаб текширишлари, айни вақтда ЖПКнинг 242, 243-моддаларига ва Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги "Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида"ги қарорида кўрсатилган тушунтиришларга мувофиқ бундай эҳтиёт чораси судланувчининг шахси, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси шуни тақозо этган ҳоллардагина қўлланишини назарда тутишлари лозим.

Вояга етмаганнинг қамоққа олиниши асоссиз деб топилган ҳолларда суд дарҳол эҳтиёт чорасини ўзгартириши лозим булади.

3. Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари суд муҳокамасига қўйилганда айбланувчи вояга етган-етмаганлигидан қатъи назар, адвокат иштирок этиши шарт эканлигини назарда тутишлари керак. Ушбу қоида жиноятчилардан бирининг 18 ёшга тўлмасдан олдин, иккинчисининг вояга етганидан сўнг содир этганликда айбланган ҳолларда ҳам амал қилади.

Жиноят процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ, суриштирув, дастлабки тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамаси даврида вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари бўйича адвокатнинг иштирок этиши шарт. Мазкур қоида ЖПКнинг 52-моддаси талабига кўра вояга етмаган шахс ҳимоячидан воз кечганда ҳам татбиқ этилади. Ушбу процессуал қонун талабларига риоя қилмаслик ЖПК 497-22-моддасига асосан, ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўладиган жиноят процессуал қонуннинг жиддий бузилиши деб қаралиши керак.

Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолларда унинг иштирокисиз аниқланган ҳар қандай далил юридик кучга эга эмасдир.


4. Жиноят-процессуал кодексининг 551 ва 562-моддаларига мувофиқ суд вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари кўриладиган вақт ва жой ҳақида уларнинг ота-онасини, ота-она ўрнини босувчи шахсларни, васийлик ёки ҳомийлик органи вакилларини, вояга етмаганлар ўқиган ёки ишлаган корхона, муассаса, ташкилотни, болалар масалалари бўйича комиссияни, зарур бўлса бошқа ташкилотларни ҳам хабардор қилади. Суд бу ташкилотларнинг вакилларини, судланувчининг васий ёки ҳомийсини, болалар масалалари бўйича комиссиянинг вакилларини гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун суд мажлисига чақиришга ҳақлидир.

Вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили масаласи ҳал этилаётганда шуни назарда тутиш керакки, ЖПКнинг 60-моддасининг 2-қисмида келтирилган қонуний вакил бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг рўйхати қатъий белгиланган.

Агар вояга етмаганнинг ота-онаси бўлмаса ва у ёлғиз яшаётган ёхуд тегишли равишда васий ёки ҳомий этиб тайинланмаган шахс билан яшаётган бўлса, суд вояга етмаганнинг қонуний вакили сифатида васийлик ёки ҳомийлик органининг вакилини чақириши зарур.


5. Судлар ЖПКнинг 548-моддасига кўра вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар қаторига ёшини ва шахсини аниқлаш ҳам киришини назарда тутишлари зарур. Айни вақтда, шу нарсани эътиборда тутиш керакки, шахс туғилган кунидан бошлаб эмас, балки туғилган куни ўтганидан сўнг, яъни эртаси куннинг нол соатидан бошлаб жиноят учун жавобгарлик бошланадиган ёшга тўлган, деб ҳисобланади.

Судлар ишда албатта вояга етмаганларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки паспортидан фотонусха мавжудлигига аҳамият беришлари керак. Ишда бундай ҳужжатлар йўқлиги аниқланган тақдирда суднинг ўзи бундай камчиликни бартараф этиши зарур.

Судланувчининг ёши суд-тиббиёт экспертизаси томонидан аниқланаётганда, унинг туғилган куни деб, экспертлар аниқланган йилнинг охирги куни ҳисобланади. Ёш энг кам ва энг кўп йиллар миқдори билан аниқланганда, суд экспертлар томонидан белгиланган энг кам ёшдан келиб чиқиши лозим.


6. Шуни назарда тутиш лозимки, ЖКнинг 87-моддаси 3-қисмига кўра, вояга етмаган шахс ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолган бўлса ва содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етмаса, суд жазо ўрнига мажбурлов чораси қўллаш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиши шарт.

Судларга ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахсларга ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этган вояга етмаган шахсларга нисбатан ЖК 88-моддасида кўрсатиб ўтилган мажбурлов чораларининг кенгроқ қўлланиши уқтирилсин.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахсни суд, агар, содир этилган қилмишининг хусусияти, айбдорнинг шахси ва ишнинг бошқа ҳолатларини эътиборга олиб, уни жазо қўлламасдан туриб ҳам тузатиш мумкин деган хулосага келса, ишни судда кўриш учун тайинлаш босқичида ишни тугатиш ва болалар масалалари бўйича комиссияда кўришга юбориш ҳақида ажрим чиқаради.

Жиноят кодексининг 87-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган асослар билан вояга етмаганни жазодан озод этиш ва унга нисбатан шу кодекснинг 88-моддасида кўрсатилган мажбурлов чораларини қўллаш юзасидан суд жазо тайинламасдан туриб жазодан озод этиш ҳақида ҳукм чиқаради.

Бунда суд ҳукмда мажбурлов чорасини қўллаш ёки қўлламаслик тўғрисида асослантирилган хулосасини кўрсатиши шарт.

Вояга етмаган судланувчининг ақли норасолигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, вояга етмаганнинг ақлий ривожланишида ортда қолгани ёки ортда қолмагани ҳақидаги масалага аниқлик киритиш учун комплекс суд-руҳиётшунослик экспертизаси тайинланиши лозим.

Мазкур масалаларнинг ечими экспертлар комиссияси ихтиёрига ҳавола этилиши ҳам мумкин. Бунда вояга етмаганнинг ақлий ривожланиши, унинг ёшидан нақадар ортда қолганлиги, ақли заифлиги қай даражада эканлиги ҳақидаги саволларга жавоб бериш шарт қилиб қўйилиши керак.


7. Вояга етмаганларнинг катта ёшлилар иштирокида содир этган жиноятлари ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда, катта ёшдаги шахс ва ўсмир ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг хусусиятини синчиклаб аниқлаш лозим, чунки, ана шу маълумотлар катта ёшли кишининг вояга етмаганни жиноят ёки ғайриижтимоий ҳаракат содир этишга жалб қилишдаги ролини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Судларга 18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахсларгина вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эканлиги тушунтирилсин. Шунингдек катта ёшдаги киши ўз ҳаракатлари билан вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилаётганини билгани ҳолда ёки шундай фикрга йўл қўйганини ҳам аниқлаш лозим. Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилса-ю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.


8. Агар вояга етмаган шахснинг жиноят содир этишига катта ёшдагиларнинг, шу жумладан, иш юзасидан жабрланувчи деб эътироф этилган шахсларнинг ғайриқонуний ёки ёмон хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, суд бу ҳолатни жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиши, шунингдек зарур ҳолда хусусий ажрим чиқариб, қайд этилган шахсларнинг иш ёки яшаш жойларига муҳокама қилиш учун юбориши лозим.

Жиноят кодексининг 55-моддаси "г" бандига кўра жиноятнинг жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиши натижасида содир этилиши, ёхуд вояга етмаган шахснинг моддий томондан, хизмат ёки бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли содир этилиши жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат эканлигини ҳам назарада тутиш керак. Шу муносабат билан судлар вояга етмаган шахсга нисбатан, айнан, қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлигини аниқлашлари шарт.


9. Суд вояга етмаганларга жазо тайинлаш масаласини ҳал этаётганда, биринчи навбатда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, ана шу шахсларга оид маълумотларни ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш имкониятини муҳокама қилиши лозим. Суд айбдорни жамиятдан ажратмасдан туриб қайта тарбиялашнинг имконияти бўлмаган ҳоллардагина озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони тайинлаши мумкин. Айни вақтда ҳукмда суднинг бу тўғрисидаги хулосаси асослантирилиши шарт.


10. Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари юзасидан ҳукм чиқаришда уларнинг жиноий қилмишларига холисона баҳо берилиши, уларга нисбатан ЖКнинг 72, 87-моддаларини қўллаш масаласини судлар атрофлича, ҳар томонлама муҳокама қилишлари лозим.

Судлар вояга етмаганларга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаганларида судланганга синов муддати даврида қандай муайян мажбуриятлар юклатилишини (ўқишни якунлаши, ишга жойлашиши ва ҳоказолар) ҳукмда аниқ кўрсатишлари шарт.

Вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлаётганда ЖК 82-86-моддалари талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, бунда ЖК 57-моддасини қўллаш талаб этилмайди. Судланувчига у айбдор деб топилган ЖК Махсус қисмининг моддасида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазоларнинг тайинланиш ҳоллари бундан мустаснодир.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда шу Кодекснинг 560-моддасига мувофиқ, вояга етмаганлар жиноятлари тўғрисидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади.

10-1. Суд вояга етмаган шахсни шартли ҳукм қилса ёки унга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо тайинласа, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 339-сонли қарорига асосан вояга етмаган шахсга нисбатан жамоат тарбиячиси тайинлаш зарурлигини муҳокама қилиши шарт.

11. Агар дастлабки тергов органлари, асос бўла туриб, Фуқаролик кодексининг 993 ва 994-моддаларида кўрсатилган шахслар ва ташкилотларни фуқаровий жавобгар деб эътироф этмаган бўлса, суд бу масала юзасидан тегишли ажрим чиқариши лозим.


12. Судлар вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари судда кўрилаётганда жиноятни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш учун хусусий ажрим чиқаришлари шарт.


13. Болалар масалалари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этилиши ва уларни назоратсиз қолдириш ҳолларининг олдини олувчи ҳамда улар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини амалга оширувчи орган ҳисобланишига эътибор қаратилсин.

Шу боис, судлар, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда, ушбу комиссияларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажарган-бажармаганликларини аниқлаб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолаб, аниқланган камчиликларга нисбатан албатта тегишли муносабат билдиришлари шарт.


14. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича қуйи судларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлашлари, чиқарилган суд қарорларининг қонунийлигини ва асослантирилганини синчиклаб текширишлари, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишлари зарур.

15. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан собиқ СССР Олий суди Пленумининг 1976 йил 3 декабрдаги "Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳамда уларнинг жиноий ва бошқа ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилиниши ҳақидаги ишлар бўйича қонунларнинг қўлланилишига доир суд амалиёти тўғрисида"ги 16-сон қарори, Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1984 йил 11 майдаги "Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳамда уларнинг жиноий ва бошқа ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилинишига оид қонун талабларининг, СССР Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленуми қарорларининг Республика судлари томонидан ижроси тўғрисида"ги 1-сон қарори ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1987 йил 28 августдаги "Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш вақтида Республика судлари томонидан қонун ҳужжатларининг, СССР Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленуми раҳбарий тушунтиришларининг бажарилиши тўғрисида"ги 3-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                              У.Қ.Мингбоев


Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси                                          А.А.Муҳаммадиев

























Время: 0.0609
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск