ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.11.2009 й. 14-сон "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.11.2009 й.

N 14


ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД

ХАРАЖАТЛАРИНИ УНДИРИШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонунчилик тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.


2. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни (бундан буён матнда "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун деб юритилади) 3-моддасига мувофиқ давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов тушунилади.

Давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этиши туфайли, судлар фуқаролик ишлари бўйича давлат божи ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этишлари шарт.


3. Тушунтирилсинки, фуқаролик ишлари бўйича давлат божи қуйидагилардан ундирилади:

1) судларга бериладиган даъво аризаларидан, алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан;

2) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан;

3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;

4) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан;

5) апелляция, кассация шикоятларидан:

а) фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан;

б) иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;

в) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ажримлар устидан;

г) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажримлар устидан;

д) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримлар устидан;

6) ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини (шу жумладан, такрорий равишда бериладиган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини) берганлик учун.

4. Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ масалалар "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларининг миқдорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 13-бобига мувофиқ тартибга солинади.

5. Давлат божи ариза, даъво аризаси шикоят (бундан буён - ариза) судга берилгунга қадар тўланади, агар қонунда бошқача белгиланмаган бўлса (масалан, тўловчи давлат божини тўлашдан озод қилинган, давлат божи тўлаш кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган ҳолларида).

Давлат божини нақд пулсиз шаклда тўлаганлиги факти қоғоздаги ёки электрон шаклдаги тўлов ҳужжати билан тасдиқланади.

Давлат божини нақд пул шаклида тўлаганлиги факти:

банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан;

белгиланган шаклда тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёки давлат органи ва ташкилотнинг кассаси томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланади.

Даъво баҳоси чет эл валютасида белгиланган мулкий низо бўйича судга ариза берилганда, давлат божининг миқдори ариза тақдим этилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада белгиланади ва ундирилади.

Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир неча аризалар бўйича давлат божи бир тўлов топшириқномаси билан тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади. Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномаси санаси ва рақами кўрсатилган ҳамда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда давлат божи тўланганлиги тўғрисида, белги қўйилади (маълумотнома тузилади).


6. Шуни назарда тутиш лозимки, тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори арз қилинган талабнинг хусусиятига (мулкий ёки номулкий) боғлиқ бўлади ва "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, ставкалар бўйича аниқланади.

Аризачининг талаби мулкий хусусиятга эга бўлган ҳолларда давлат божи миқдори даъвогар томонидан кўрсатиладиган даъво баҳосидан келиб чиққан тарзда белгиланади ва судья томонидан ФПК 129 ва 130-моддаларига мувофиқ текширилади.

Мулкий хусусиятга эга бўлган, бир неча мустақил талаблардан иборат даъво аризаларидан, умумий даъво суммасидан келиб чиққан ҳолда давлат божи ундирилади.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, бир неча мустақил талабларни ўз ичига олган, номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризаларидан ҳар бир талаб учун алоҳида давлат божи ундирилади.

Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий характерга эга бўлган мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида, мулкий ва номулкий характердаги аризалар учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича ундирилади. Масалан, никоҳдан ажратиш ва мол-мулкни бўлиш ҳақидаги талаб битта даъво аризасида қўйилганда ёки битта ишга бирлаштирилганда, давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида ундирилади.

Даъво суммаси кўпайтирилганда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъво миқдорининг кўпайтирилганлиги инобатга олинган баҳосига мувофиқ ундирилиши лозим, даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилганда эса, давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди.


7. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат божи қуйидаги ҳолларда умумий асосларда ундирилади:

қарши даъво аризаларидан;

учинчи шахсларнинг ишга мустақил даъво талаблари билан киришганлиги тўғрисидаги аризалардан.

Ишга киришган даъвогарнинг ҳуқуқий ворисидан давлат божи, агар у даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, умумий асосларда ундирилади.

8. Даъво бир неча даъвогар томонидан биргаликда бир ёки бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг ўнинчи қисми.

Бир даъвогар томонидан бир неча жавобгарга нисбатан даъво тақдим этилганда ҳам, шунингдек судья томонидан бир турдаги бир неча талаб бир иш юритишга бирлаштирилганда ҳам давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ундирилади, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг ўн биринчи қисми.

Бирлаштирилган бир ёки бир неча даъво талаблари судья томонидан алоҳида иш юритишга ажратилганда, қонунчилик талабларига мувофиқ тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. У алоҳида ажратилган иш юритиш бўйича ҳисобга олинади, бу ҳақда судья томонидан тегишли маълумотнома тузилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади.


9. Суд томонидан илгари кўрмасдан қолдирилган такроран берилган ариза бўйича давлат божи қайтадан умумий асосларда тўланади.

Шу билан бирга, агар ариза кўрмасдан қолдирилганлиги муносабати билан давлат божи қайтарилиши лозим бўлган, лекин қайтарилмаган бўлса, башарти давлат божи бюджетга ўтказилган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида белгиланган умумий даъво муддати ўтмаган бўлса, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги дастлабки ҳужжат такроран берилган аризага илова қилиниши мумкин ("Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг бешинчи қисми).

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, кассация шикоятига уни қайтаришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг тўланган давлат божи қайтарилиши белгиланган бўлса-ю, лекин қайтарилмаган бўлса ва у бюджетга ўтказилган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида белгиланган умумий даъво муддати тугамаган бўлса, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги дастлабки ҳужжатнинг ҳам илова қилинишига йўл қўйилади.

10. Судга давлат божи тўланмаган ариза келиб тушганда, судья аризачи қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинган-қилинмаганлигини текшириши шарт. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган фуқаролик ишлари бўйича давлат божидан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати қатъий ҳисобланади.

Бунда "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолиши инобатга олиниши лозим.

Агар аризачи қонунга кўра давлат божини тўлашдан озод қилинмаган ва аризада уни тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома мавжуд бўлмаса, шунингдек почта харажатлари тўланмаганда, судья аризани қайтариш ҳақида ажрим чиқариши шарт (ФПК 195-моддаси). Ажримда тўланиши лозим бўлган давлат божи, почта харажатлари суммаси кўрсатилиши ва ушбу камчилик бартараф қилингандан сўнг такроран мурожаат қилиш имконияти мавжудлиги тушунтирилиши шарт.

ФПК 133-моддасининг иккинчи қисми, 193-моддаси мазмунига кўра, судья фуқаролик ишини қўзғатиш босқичида аризачининг илтимосномаси бўйича, уни мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга, бўлиб-бўлиб тўлашга ёки миқдорини камайтиришга ҳақли бўлиб, бу ҳақда аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ёхуд аризачининг илтимосномасини қаноатлантириш ҳақидаги алоҳида ажримида кўрсатади. Илтимоснома рад қилинганда, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар суднинг тегишли ажрими билан аризачига қайтарилади.

11. ФПК 133-моддасига асосан ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсдан давлат фойдасига ундириладиган суд харажатларини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки миқдорини камайтириш масаласини ҳал қилишда, суд уларнинг бу харажатларни қисман ёки бир йўла тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни (масалан, иш ҳақи (даромади), банкда маблағлари мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисидаги маълумотларни) текшириши лозим.

12. Давлат божини қайтариш "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 18-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асосларга мувофиқ амалга оширилади. Бож қонунда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланган бўлса, шу ортиқча тўланган қисми қайтарилади. Қонунда қайд этилган бошқа ҳолларда бож тўлиқ миқдорда қайтарилиши лозим.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, давлат божи суммаларининг қайтарилиши "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 18-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган тартибда суднинг ажримига асосан амалга оширилади.

Агар даъвогар божни тўлаб, судга ариза билан мурожаат қилмаган бўлса, суднинг ушбу ҳолатни тасдиқловчи маълумотномаси божни қайтариб бериш учун асос бўлади.


13. Судларнинг эътибори қаратилсинки, фуқаролик ишларини кўриш билан боғлиқ чиқимларга:

гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

жойга бориб кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган харажатлар;

ФПК 165-моддасида назарда тутилган ҳолларда жавобгарни қидириш учун қилинган харажатлар;

суд хабарномаларини ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатлари;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар киради.

Бошқа суд харажатларига (ФПК 132-моддаси биринчи қисмининг 5-банди) суд томонидан оқилона миқдорларда белгиланадиган, ҳақиқатда йўқотилган вақт учун ундириладиган компенсация, вакилнинг ёрдами учун тўланадиган харажатлар ва ҳ.к. киради.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФПК 137-моддасида назарда тутилган йўқотилган вақт учун ҳақ суд томонидан ишда мавжуд ҳужжатлар асосида:

даъвогардан - инсофсизлик билан асоссиз даъво тақдим этилганда ёхуд ишнинг тўғри ва ўз вақтида кўриб чиқилишига мунтазам қаршилик қилинган ҳолда;

жавобгардан - инсофсизлик билан даъвога қарши эътироз билдирилганда ёхуд ишнинг тўғри ва ўз вақтида кўриб чиқилишига мунтазам қаршилик қилинган ҳолда ундирилиши мумкин.

14. ФПК 135-моддаси талабларига кўра, ишни кўриш билан боғлиқ чиқимларни тўлаш тарафлар зиммасига юклатилиши сабабли, судларнинг эътибори ишни суд муҳокамасига тайёрлашда тарафлар томонидан уларни тўлашга зарур пул суммаларини суднинг депозит ҳисобига олдиндан киритиш чораларини кўриш лозимлигига қаратилсин.

Суд чиқимларининг тараф (тарафлар) томонидан олдиндан киритилмаганлиги гувоҳни, экспертни, мутахассисни чақириш, жойига бориб кўздан кечириш ҳақида қилинган илтимосномани, агар бу томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона аниқлаш учун зарур бўлса, қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда ишни кўриш билан боғлиқ сарф қилинган чиқимлар, ФПК 141-моддасида белгиланган қоидалар бўйича суд ҳужжати қабул қилинаётганда ундирилади.

15. Тушунтирилсинки, гувоҳлар, экспертлар мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги кейинчалик қўшимча ва ўзгартишлар киритилган "Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга харажатларни тўлаш тартиби ва миқдори ҳақида"ги Қонуни билан белгиланган.


16. Назарда тутмоқ лозимки, суд қарорини ижро қилиш билан боғлиқ харажатлар дейилганда, Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 75-моддасида назарда тутилган харажатлар тушунилади. Уларни қоплаш мазкур Қонуннинг 77-моддасига мувофиқ амалга оширилади.


17. Умумий қоидага кўра, иш бўйича суд харажатларини низода ноҳақ бўлиб чиққан тараф тўлайди.

Суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш ва уларни давлат фойдасига ундириш ФПК 136-141-моддалари билан тартибга солинади. Шу сабабли, суд муҳокамаси жараёнида суд (судья) суд харажатлари билан, зарур ҳолларда эса, бир тарафга бошқа тараф йўқотган иш вақти учун компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш билан боғлиқ ҳолатлар мавжудлигини текшириши шарт, бу ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида тегишли хулосалар қилиши ва нафақат ундирувга бўлган ҳуқуқни, балки иш бўйича тарафлар (тараф)дан ундирилиши лозим бўлган аниқ суммани белгилаши ҳамда шу суммани ҳал қилув қарорининг (ажримнинг) хулоса қисмида кўрсатиши лозим.

18. Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар томонидан тақдим этилган даъво тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Давлат божини тўлашдан озод қилинган бир неча даъвогарлар томонидан бир неча жавобгарларга нисбатан тақдим этилган даъво тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, давлат божи ҳар бир жавобгардан алоҳида, ундан ундирилган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат фойдасига ундирилади.

Тушунтирилсинки, даъвогар арз қилган талабларидан воз кечганда у қилган харажатларнинг ўрни жавобгар томонидан қопланмайди.

Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз даъво талабларидан улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги оқибатида воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ҳолларда, давлат божи жавобгардан давлат даромадига ундирилади ("Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг ўн бешинчи қисми).

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ ишни суд муҳокамасига тайёрлаш муддати тугагунга қадар даъвогар даъводан воз кечганлиги муносабати билан алиментларни ундириш тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш тугатилган ҳолда, жавобгардан давлат божи ундирилмайди.

19. Агар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинаётганда даъво баҳоси ошадиган бўлса, давлат божи даъво баҳосининг ошган суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг тўққизинчи қисми. Бунда келиб чиққан фарқ давлат фойдасига даъвогардан, даъво тўлиқ қаноатлантирилганда эса, жавобгардан ундирилади.

Суд, арз қилинган талаблар доирасидан қонунда белгиланган ҳолларда четга чиққанида ҳам давлат божи шундай тартибда ҳисоблаб чиқилади. Бунда, давлат божи даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда жавобгардан ундирилади.


20. Даъво қаноатлантирилган ва жавобгарлар зиммасига солидар жавобгарлик юклатилганда, суд жавобгарлардан давлат божини ҳам солидар ундиради. Бу қоида фуқаролик ишини кўриш билан боғлиқ чиқимларни ундиришга ҳам татбиқ этилади, процессуал иштирокчининг талаби билан ва фақат унинг манфаатида амалга оширилган процессуал ҳаракатлар учун қилинган ва бошқа процессуал иштирокчилар томонидан қопланмайдиган харажатлар бундан мустасно.


21. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, фуқаролик ишларининг алоҳида тоифалари бўйича даъво баҳосини белгилашнинг хусусиятлари ФПК 129-моддасида назарда тутилган.

Жумладан:

алимент ундириш ҳақидаги барча даъволардан (бола, ота-она, эр-хотин ва бошқалар таъминоти учун) давлат божи бир йил учун алимент тўловлари жами суммасидан, агар алимент ундирилган муддат бир йилдан ошмаса, шу давр учун алимент тўловлари жами суммасидан ҳисоблаб чиқилади. Тўловлар суммаси жавобгарнинг охирги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи (даромади)дан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Жавобгар ишламаган тақдирда, давлат божини ҳисоблаш учун тўловлар суммаси Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

алимент қарзини тўлашдан озод қилиш, алимент миқдорини ўзгартириш (камайтириш ёки кўпайтириш) ҳақидаги даъволар бўйича давлат божи тўловлар камайган, кўпайган ёки бекор қилинган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланган суммадан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва даъвогардан ундирилади.


22. Мулкка нисбатан ворислик ҳуқуқи тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилганда, давлат божи суд томонидан мол-мулкнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва ворисларнинг ҳар биридан унинг улушига мутаносиб равишда ундирилади ("Давлат божи тўғрисида"ги Қонун 19-моддасининг ўн еттинчи қисми).

Бунда мол-мулкнинг умумий қийматига қуйидагилар кирмайди:

шахсий ва мулкий суғурта шартномлари бўйича суғурта суммаси;

Ўзбекистон Республикасининг кредит муассасаларида сақланаётган облигациялар ва омонатлар;

даромад суммалари (меҳнат ҳақлари), муаллифлик ҳақлари;

васиятнома ва ҳадя шартномалари бўйича давлат ва юридик шахсларга ўтаёттан мол-мулк қиймати:

Ватанни ҳимоя қилиш, давлат ёки жамият олдидаги бошқа мажбуриятларни бажариш муносабати билан ёки инсон ҳаётини, давлат мулкини ва ҳуқуқ тартиботни сақлаш бўйича фуқаролик бурчини бажариш пайтида вафот этган шахслар мол-мулки.

23. ФПК 262-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра, суд харажатлари масаласига доир қўшимча ҳал қилув қарори фақат ҳал қилув қарорида суд харажатларини тақсимлаш назарда тутилмаган ҳолда чиқарилиши мумкин.

24. Фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришда, мазкур суд инстанциялари биринчи инстанция суди томонидан суд харажатларини ундиришда йўл қўйилган хатоларни тузатиш чораларини кўриши лозим.

25. Суд харажатлари нотўғри ундирилган ҳолатлар аниқланганда, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари судлари процессуал қонунда кўрсатилган ҳолларда ва тартибда, суд харажатларини ундиришга, уларни тўлашдан озод қилишга, шунингдек ундирилган сумма миқдорини камайтиришга ёки уларни тарафлар ўртасида қайта тақсимлашга ҳақли.

Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Олий суд раиси                                                     Б. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                  Ю. Турсунбаев



“Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахбротномаси” 2009 й., 6-сон

































Время: 0.0135
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск