ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.07.2011 й. 06-сон "Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.07.2011 й.

N 06


СУДЛАР ТОМОНИДАН НИКОҲДАН

АЖРАТИШГА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА

ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШ

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Судлар томонидан никоҳдан ажратишга доир ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши шуни кўрсатадики, судлар оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни асосан тўғри ҳал этишмоқда. Айни пайтда мазкур тоифага оид ишларни кўришда суд амалиётида никоҳнинг тугатилиши, уни ҳақиқий эмас деб топиш, шунингдек иқтисодиёт эркинлашуви шароитида эр-хотин мулкий муносабатларини тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалалар келиб чиқмоқда.

Судлар томонидан никоҳдан ажратишга доир ишларни кўришда қонунчиликнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши кафолатланганлиги боис никоҳ-оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришда судлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Судлар оила тўғрисидаги қонунчилик вазифаларидан келиб чиқиб, қонунда назарда тутилган ҳамда оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ва уларнинг болалари ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча чораларни кўришлари лозим.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар судга келиб тушганда судья ҳар бир даъво ариза бўйича тарафлар билан медиация кўринишидаги суҳбат ўтказиши кераклигига судьяларнинг эътибори қаратилсин. Бунда судья муайян ишнинг ҳолатларини муҳокама қилмасдан, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатларини, жумладан, фарзандларнинг тарбиясига таъсирини, моддий ва ҳуқуқий ҳолатларни тушунтириши, эр ва хотинни яраштириш чораларини кўриши лозим.

2. Тушунтирилсинки, Оила кодексининг 37-моддасига мувофиқ, никоҳ эр-хотиндан бирининг вафоти ёки улардан бири суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида тугайди.

Эр ва хотин ҳаётлигида никоҳ улардан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига кўра никоҳдан ажратиш йўли билан тугатилиши мумкин. Зарур ҳолларда, агар буни муомалага лаёқатсиз эр ёки хотин манфаатлари ҳимояси тақозо этса, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза унинг васийси томонидан берилиши мумкин.


3. Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган умумий болалари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлган тақдирда, никоҳдан ажратиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида (бундан буён матнда- ФҲДЁ органлари) амалга оширилади, эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.


4. Оила кодексининг 43-моддасига мувофиқ, никоҳдан ажратиш қуйидаги ҳолларда эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича, улар ўртасида вояга етмаган умумий болалар борлигидан қатъи назар, ФҲДЁ органларида амалга оширилади, агар эр-хотиндан бири суд томонидан:

бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса.

Қайд этилган асослардан бирортаси мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талабни рад этишга ҳақли эмас. Эр-хотин ўртасида болалар тўғрисида, меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш ёки умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.


5. Тушунтирилсинки, ОК 42-моддаси иккинчи қисми ва 43-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган барча ҳолларда никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

Никоҳдан ажратиш масаласи ФҲДЁ органлари ваколатига тааллуқли бўлган айрим ҳолларда ҳам у суд тартибида амалга опшрилиши мумкин, чунончи, агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажратиш тўғрисида ариза беришдан бош тортса ёки ФҲДЁ органига ариза бериш учун шахсан келиш имкониятига эга бўлмаса ёхуд ариза бериб, никоҳдан ажратишни қайд этиш учун ҳозир бўлмаса. Бундай ҳолатлар мавжудлиги ФҲДЁ органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маълумотномалари ва ҳ.к.лар билан тасдиқланиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, ОК 43-моддаси биринчи қисмида белгиланган, никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратиш тартиби спиртли ичимликлар, наркотик воситалар ёки психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши оқибатида муомала лаёқати чекланган шахслар билан никоҳдан ажратиш ҳолларига татбиқ этилмайди. Бундай шахсларга нисбатан берилган, шунингдек бундай шахслар томонидан берилган даъволар бўйича никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.


6. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда шуни инобатга олиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасига мувофиқ эр хотинининг розилигисиз унинг ҳомиладорлиги вақтида ва бола туғилганидан сўнг бир йил мобайнида никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдиради. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза хотиннинг розилиги билан қўзғатилган ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга эътироз билдирганда, шунингдек жавобгарнинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция ёки кассация инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлганда кўрмасдан қолдирилиши лозим.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилиши, агар Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар барҳам топган бўлса, такрорий равишда судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

Шуни назарда тутиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзғатилишига тўсқинлик қилмайди.

7. Судларга тушунтирилсинки, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъволар, қоида тариқасида, жавобгарнинг доимий яшаш жойидаги судга, ФПК 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, даъвогарнинг хоҳиши бўйича тақдим этилади. Хусусан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво:

жазо муддатидан қатъи назар, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс билан (агар иш суднинг судловига тааллуқли бўлса) - мазкур шахснинг судлангунга қадар охирги яшаш жойида;

яшаш жойи номаълум бўлган шахс билан - унинг маълум бўлган охирги яшаш жойида ёки унинг мол-мулки турган жойда, даъвогар вояга етмаган болалари борлиги ёки саломатлиги туфайли жавобгарнинг яшаш жойига боришга қийналган ҳолларда эса - даъвогарнинг яшаш жойида;

Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган ёки мамлакатдан чиқиб кетган шахс билан - унинг мол-мулки турган жойда ёки Ўзбекистон Республикасида маълум бўлган охирги яшаш жойида тақдим этилиши мумкин.


8. Бир йил давомида яшаш жойи ҳақида маълумот бўлмаган шахсга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилинганда, судья даъвогарга фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тартибини тушунтиради (ФК 33-модддси).

Шу билан бирга, агар эр ёки хотиндан бири иккинчисини бедарак йўқолган деб топиш ҳақида ариза беришдан бош тортса, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас, суд эса, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони умумий асосларда кўришга мажбур.


9. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет эл фуқаролари билан тузилган, чет эл фуқароларини ўзаро тузилган никоҳдан ажратиш, шунингдек мазкур шахсларнинг оилавий-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа низолар Оила кодексининг 9-моддаси ҳамда VIII бўлимида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


10. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризаси ФПК 189 ва 190-моддалари талабларига жавоб бериши керак. Унда, жумладан никоҳ қачон ва қаерда расмийлаштирилганлиги, никоҳдан болалар бор-йўқлиги, уларнинг ёши, эр-хотин ўртасида вояга етмаган болаларни таъминоти ва тарбияси ҳақида келишувга эришилган-эришилмаганлиги, никоҳдан ажратиш сабаблари, никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан бирга кўрилиши мумкин бўлган бошқа талаблар кўрсатилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари, эр-хотиннинг ойлик маоши ва ўзга даромадлари ҳақидаги, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, даъво талабларини тасдиқловчи далиллар, шунингдек никоҳдан ажратиш ҳақидаги низо судгача ҳал қилинганлигидан далолат берувчи даъвогарнинг яшаш жойидаги фуқаролар йиғини яраштириш комиссиясининг хулосаси илова қилинади.

11. Никохдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, судья ҳар бир иш бўйича уни ФПК 21-бобида назарда тутилган тартибда судда кўришга тайёрлаши шарт.

Жумладан, ишни судда кўришга тайёрлаш тартибида, қоида тариқасида, иккинчи тарафни чақириши, унинг аризага нисбатан муносабатини аниқлаши керак. Шу мақсадларда судья тарафлар билан оилани сақлаб қолиш масаласида суҳбат ўтказади. Судья, шунингдек эр-хотин ўртасида никоҳдан ажратиш даъвоси билан бир вақтда ҳал қилиниши лозим бўлган бошқа низолар бор-йўқлигини аниқлайди, тарафларга вояга етмаган болалари таъминоти учун буйруқ тартибида алимент ундириш ҳуқуқини тушунтиради, ишнинг кўрилиши учун аҳамиятга молик бошқа масалаларни аниқлайди.


12. Оила кодексининг 44-моддасига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда эр-хотин судга қуйидаги масалалар юзасидан келишув тақдим этишлари мумкин:

никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар улардан қайси бири билан яшаши тўғрисида;

вояга етмаган болалар ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби ва миқдори тўғрисида;

эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тўғрисида.

Бундай келишув мавжуд бўлмаган ёки мазкур масалалар юзасидан эр-хотин ўртасида низо бўлган ҳолларда, улар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда мазмунан кўриб чиқилади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво билан бир вақтда никоҳ шартномасини тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб ҳам, башарти бундай талаблар ўзаро боғлиқлиги сабабли, кўриб чиқилиши мумкин (ФПК 196-моддаси). Суд мазкур ишда жавобгарнинг никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарши даъвосини ҳам кўришга ҳақли (ФПК 200-моддаси).

13. Агар даъво аризасида никоҳдан ажратиш иши билан бир вақтда кўрилиши мумкин бўлмаган талаб қўйилган бўлса (масалан, никоҳ тузилгунга қадар топилган мол-мулкни олиб бериш, уйга киритиш, болалар тарбияси билан боғлиқ низолар ва ҳ.к.), бундай даъво алоҳида иш юритишга ажратилади.

14. Никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича қонуний ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилиниши учун суд ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини, никоҳдан ажратиш масаласи қўйилипшга асос бўлган сабаблар, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини аниқлаши шарт. Шу мақсадларда, суд ишни иккала тараф иштирокида кўриши лозим.

Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда, келмаслик сабаблари узрли ёки узрсизлигидан қатъи назар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли (ФПК 221-моддаси).

Эр-хотиндан бири доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетган ва унинг суд мажлисига келиш имконияти бўлмаган ҳолларда, суд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари нормаларига мувофиқ тарафларни хабардор қилиш чораларини кўради.


15. Судларга тушунтирилсинки, Оила кодекси 1-моддасининг иккинчи қисми талабига мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади. Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.

Ишнинг кўрилиши кўрсатилган асос бўйича кейинга қолдирилганда, суд Оила кодексининг 112-моддаси ва ФПК 187-моддасига мувофиқ болалар таъминоти учун алимент ундириш масаласини муҳокама қилишга ҳақли.

Тушунтирилсинки, Оила кодекси 40-моддасининг учинчи қисмига асосан эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинланган тақдирда, суд уч кундан кечиктирмасдан эр-хотиннинг биргаликдаги яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, уларнинг ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ёзма равишда (тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили, телефон рақамлари кўрсатилган тегишли хат билан) хабардор қилиши лозим.

Айни вақтда, эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаш ҳақидаги ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан тегишли фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясига юборилиши лозим.

Эр-хотинга ярашиш учун муҳлат берилиши муносабати билан ишнинг кўрилишини кейинга қолдириш тўғрисидаги суд ажрими тарафларнинг тушунтиришлари тинглангандан сўнг, зарур ҳолларда эса, бошқа далиллар текширилганидан сўнг алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилади ва ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги сабабли унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин эмас (ФПК 400-моддаси).

Суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муҳлатни жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муҳлат тугагунга қадар кўришга ҳақли. Ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.

16. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим (ОК 41-моддаси).

Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.


17. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво рад этилган тақдирда, мазкур даъво билан бирга берилган бошқа талаблар суд томонидан алоҳида иш юритишга ажратилиши лозим (ФПК 198-моддаси).

Агар даъвогар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъводан воз кечса, ишнинг шу қисми иш юритишдан тугатилиши, эр ёки хотиннинг мазкур даъво билан бирга берган бошқа талаблари эса, мазмунан кўрилиши лозим.


18. Судларга тушунтирилсинки, айнан ўша тарафлар томонидан айнан ўша асослар бўйича никоҳдан ажратиш тўғрисидаги такрорий даъво аризаси суднинг иш юритувига бундай даъвони рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги ёхуд тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб, камида олти ой ўтгандан сўнг қабул қилиниши мумкин. Бундай даъво янги асосларга кўра тақдим этилганда, такрорий даъво аризаси мазкур муддатга риоя қилинмасдан берилиши мумкин.


19. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво билан бир вақтда эр-хотин ўртасидаги умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги низони кўришда, судлар бундай низо учинчи шахслар ҳуқуқларига дахл қилиш-қилмаслигини аниқлашлари лозим.

Агар низо учинчи шахслар ҳуқуқларига дахл қилса (масалан, мол-мулк деҳқон (фермер) хўжалиги мулки бўлиб, унинг таркибида эр-хотин ва уларнинг вояга етмаган болаларидан ташқари бошқа аъзолар ҳам бўлса), суд тарафларга уларнинг умумий тартибда алоҳида даъво тақдим этиш ҳуқуқларини тушунтириши лозим, чунки қонун (ОК 44-моддаси учинчи қисми) бундай ҳолларда никоҳдан ажратиш ва мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларни битта иш юритувда ҳал этишга йўл қўймайди. Бу қоида хўжалик ширкатлари ва жамиятлари (АЖ, МЧЖ ва ҳ.к.) устав фонди омонатларига, шунингдек ишлаб чиқариш ва матлубот кооперативлари пайларига нисбатан ҳуқуқ тўғрисидаги низоларни ҳал этишга ҳам татбиқ этилади. Бундай ширкатлар ва жамиятлар мулкини бўлиш масалалари фуқаролик қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади.

Оила кодекси 44-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган қоида эр-хотин томонидан банклар ёки бошқа кредит-молия ташкилотларига қўйилган омонатларнинг бўлиш ҳолларига (пул маблағлари эр-хотиндан қайси бирининг номига қўйилганлигидан қатъи назар) татбиқ этилмайди, чунки бундай омонатларни бўлишда банклар ёки бошқа кредит ташкилотлари ҳуқуқларига дахл этилмайди.

Агар эр ёки хотинга учинчи шахслар пул маблағлари берган ва уни эр ёки хотин ўз номига банк ёки бошқа кредит-молия ташкилотига қўйган бўлса, ФК нормаларига мувофиқ, учинчи шахслар пул суммасини қайтариш тўғрисида (омонатни бўлиш тўғрисида эмас) даъво қўзгатишга ҳақли бўлиб, у алоҳида иш юритувда ҳал этилиши лозим. Деҳқон (фермер) хўжалиги аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг деҳқон (фермер) хўжалиги аъзоси бўлган эр ёки хотинга нисбатан талаблари ҳам шу тартибда ҳал этилиши мумкин.

29. Никоҳдан ажратиш ёки никоҳдан ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний ва суд мажлисида ҳар томонлама текширилган далилларга асосланган бўлиши лозим.

Ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмида суд томонидан аниқланган эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик сабаблари, суднинг оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги ёки унинг узил-кесил барҳам топганлиги тўғрисидаги хулосасига асос бўлган далиллар, суд томонидан у ёки бу далилларни рад этиш учун асос бўлган важлар, шунингдек суд қўлланган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилади.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисми қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

тарафларнинг барча талаблари бўйича, шу жумладан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво билан биргаликда кўриш учун бирлаштирилган талаблари бўйича ҳам суд хулосаларини;

фуқаролик ҳолатларини қайд этиш дафтарида никоҳдан ажратишни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар (никоҳ қайд қилинган сана, далолатнома ёзувининг рақами, никоҳни қайд қилган органнинг номи);

никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ эр-хотиннинг фамилиялари (никоҳга кириш вақтида фамилия ўзгартирилган бўлса, никоҳгача бўлган фамилия ҳам);

эр-хотиннинг ҳар биридан ундирилиши лозим бўлган давлат божи миқдори ҳақида кўрсатма (давлат божи миқдорини белгилашда суд улардан ҳар бирининг моддий аҳволини, оиланинг бузилишида айби даражасини ва бошқа ҳолатларни, жумладан вояга етмаган болалар эр-хотиндан қайси бири билан яшаш учун қолаётганлигини ҳисобга олади);

мол-мулк қиймати - эр-хотиндан бирига мол-мулк асл ҳолида берилганда.

30. Судларга тушунтирилсинки, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли. Бироқ, унинг хоҳишига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда суд томонидан унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Агар мазкур масала суд томонидан қарор чиқариш пайтида ҳал қилинмаган бўлса, фамилияни ўзгартириш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан никоҳдан ажралишни қайд этиш пайтида ҳал этилади (ОК 220-моддаси).


31. Никоҳдан ажратишни рад этганда, шунингдек иш юритиш тугатилган барча ҳолларда, суд даъвогарнинг аризасига кўра унга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани қайтаради.


32. Оила кодексининг 47-моддасига мувофиқ, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.

Мазкур қоида никоҳ тугатилиши пайти қонунга кўра суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган пайтдан бошланиши тан олинган (1998 йил 30 апрелдан 2010 йил 15 сентябргача) даврга нисбатан татбиқ этилмайди.


33. Судларга тушунтирилсинки, ОК 50-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда, судья никоҳнинг ҳақиқийлиги қандай асос бўйича низолашилаётганлигини ва даъвогар ОК 51 - 54-моддаларига кўра айнан даъво аризасида кўрсатилган асос бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги масалани қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кириш-кирмаслигини аниқлаши лозим. Агар аризачи бундай шахслар доирасига кирмаса, судья унинг даъво аризасини қабул қилишни ФПК 194-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этади.

34. Оила кодексининг 49-моддасида кўрсатилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қатъий бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди. Бундай асосларга қуйидагилар киради:

Оила кодексининг 14 - 16-моддаларида белгиланган шартлар бузилиши;

сохта никоҳ тузилиши, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирса;

никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ/ОИТС касаллиги) борлигини иккинчисидан яширса.

Жумладан, агар никоҳни тузиш вақтида шахс ўз ҳаракати моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги натижасида никоҳга киришга нисбатан ўзининг ҳақиқий розилигини бермаганлиги аниқланса, никоҳ ОК 14-моддасида назарда тутилган шартлар бузилган деган асос билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, сохта никоҳ тузган шахслар иш суд томонидан кўрилгунга қадар амалда оила қурган бўлсалар, бундай никоҳ эр-хотин ҳуқуқларини қўриқлаш мақсадида сохта деб топилиши мумкин эмас.


35. Агар никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво никоҳдан суд тартибида ажратилгандан сўнг берилган бўлса, судья даъво аризасини қабул қилишни у судда кўришга тегишли эмаслиги сабабли рад этади (ФПК 194-моддаси биринчи қисмининг 1-банди). Бундай даъво фақат никоҳдан ажратиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзуви белгиланган тартибда бекор қилинган ҳолда кўрилиши мумкин.

Агар никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратилган бўлиб, кейинчалик никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини бекор қилиш ва никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида талаблар қўйилган бўлса, суд бу талабларни бир вақтнинг ўзида кўриши шарт.


36. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда, судлар оиланинг бузилиши сабабларини аниқлашлари ва оила бузилишида айбдор бўлган эр-хотин ва бошқа шахсларнинг номуносиб хулқ-атворларидан далолат берувчи фактларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари лозим.


37. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари никоҳдан ажратишга доир ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишлар кўрилишида суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.

38. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги "Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 22-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Олий суд раиси

Б. Мустафаев

Пленум котиби, Олий суд судьяси

В. Назаров

          





































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск