ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 22.12.2006 й. 17-сон "Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2006 й.

N 17


СУД АМАЛИЁТИДА БИТИМЛАРНИ ТАРТИБГА

СОЛУВЧИ ҚОНУНЧИЛИК НОРМАЛАРИНИ

ТАТБИҚ ҚИЛИШДА ВУЖУДГА КЕЛАДИГАН

АЙРИМ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА


Битимлар билан боғлиқ низоларни судда кўриш амалиётини умумлаштириш шуни кўрсатади-ки, судлар битимларга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини асосан тўғри татбиқ қилмоқдалар. Шу билан бирга суд амалиётида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланиши лозим бўлган моддий қонун нормаларини нотўғри аниқлаш, моҳиятига кўра низоли битимга нисбатан бир-бирини истисно қилувчи даъво талабларини қабул қилиш ва кўриш, ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ҳар томонлама текширмаслик каби хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Юқорида баён этилган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тўғри татбиқ қилишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Битимларни тартибга солувчи қонун нормаларини тўғри татбиқ қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


2. Битимлар тузиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ушбу тоифадаги ишлар ФКнинг 9-бобида назарда тутилган, яъни фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини вужудга келтирувчи битимлар ҳақидаги қоидалар ҳамда айрим битим турларини тартибга солувчи ФК ва махсус қонун нормалари асосида ҳал қилинади. Бунда:

а) ФКнинг 103-моддасига мувофиқ бир тарафлама битимларга нисбатан ҳам мажбуриятлар ва шартномалар тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади;

б) ФКнинг 9-бобида назарда тутилган икки ва кўп томонлама битимлар (шартнома)га тааллуқли қоидалар ФКнинг 26, 27, 28-бобларида назарда тутилган шартномалар тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақидаги қоидалар билан тўлдирилади.


3. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 101-моддасига мувофиқ битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари тушунилади. Битимларни ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъволарни кўришда судлар ҳақиқатан ҳам, тарафлар ўртасида битим тузиш ҳақида келишув бўлганлиги, битим шартларининг тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги ва битимни нотариал тасдиқлашга монелик қилган сабабларни аниқлашлари лозим.


4. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 112-моддасига мувофиқ битимнинг қисман ёки тўлиқ бажарилганлиги ҳақидаги ёзма далиллар мавжуд бўлганда ёхуд жавобгар томонидан битим тузилганлиги тан олинганда судлар ҳар қандай битимларни эмас, фақатгина қонунда нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинадиган битимларни ҳақиқий деб топишлари мумкинлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


5. Башарти қонун ёки мажбуриятларнинг айрим турларини тартибга солувчи ФК нормаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар бўйича умумий даъво муддати - уч йил.

Бунда ФКнинг 160-моддаси талабига мувофиқ даъво муддатининг тўхтатилиши, узилиши ва тикланиши ҳақидаги ФКнинг 156, 157, 159-моддалари қоидалари, агарда қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мажбуриятларнинг айрим турларига ҳам тааллуқлидир.


6. Битимларга оид низоларни кўришда шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва шартномани бекор қилиш тушунчаларини бир-биридан фарқлаш лозим. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 9-боби 113-126-моддаларида кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи нормаларда баён этилган асослар бўйича шартномаларнинг ҳақиқий эмас деб топилишига йўл қўйилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир.

Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи:

а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир. Бекор қилишга эса унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади;

б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.


7. Судларга тушунтирилсинки, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади.


8. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, бир томонлама битимларнинг ҳақиқий эмаслиги ФКнинг 9-бобида белгиланган умумий қоидалар билан, уни бекор қилиш шартлари эса айнан шу туркумдаги битимларга оид қоидалар билан тартибга солинади (масалан, ишончнома ва васиятномани бекор қилиш ФК 141, 142, 1127-моддалари).


9. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФКнинг 9-бобида қайд этилган қоидалар битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қатъий асослари ҳисобланади.

Айрим тоифадаги битимларни тузиш тартиби ва шартлари мажбуриятларнинг айрим турлари тўғрисидаги ФК қоидалари ва махсус қонунлар билан тартибга солинишини ҳисобга олиб, судлар шуни назарда тутишлари керакки, битим шакли ва тузилиши тартиби қоидаларига риоя қилмаслик, тўғридан-тўғри қонун қоидаларида ва қонунчилик актларида кўрсатилган ҳолатлардагина ФКнинг 115-116-моддалари асосида битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 114-моддаси, 2-қисмига мувофиқ, битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилмаган бўлса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт. Судлар "битим бўйича олинган нарса"ни аниқлашда ҳақиқий эмас деб топилган шартнома шартларидан келиб чиқиб, шуни назарда тутишлари лозимки, битим ҳақиқийлиги низолашилганда тарафларнинг битим шартлари доирасидан ташқаридаги муносабатлари ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.


10. ФКнинг 122-123-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни кўришда судлар янглишиш таъсирида, алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилган битим тушунчаларини бир-биридан фарқлашлари лозим.

Янглишиш таъсирида тузилган битим деб, битим юзасидан келиб чиқувчи тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида нотўғри тасаввурга эга бўлиш, яъни тарафларнинг ҳақиқий хоҳиш-иродасини акс эттирмасдан, битим тузилган вақтда тарафлар томонидан назарда тутилмаган ҳуқуқий оқибатларга олиб келган битим тушунилади. Янглишиш ҳар хил ҳолатларда кўриниши мумкин, масалан, музокара вақтида тарафлар бир-бирларини тушунмаганликлари, қонунларни нотўғри талқин қилганликлари, битимнинг ҳақиқий оқибатларини нотўғри тасаввур этганликлари ва бошқалар. Шу билан бирга қонунни билмаслик битимнинг ушбу асос билан ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқармайди.

Алдаш - бу бир тарафнинг битим тузилишида назарда тутилган ҳолатларнинг юзага келмаслигини била туриб, атайин иккинчи тарафни битим тузишга ундашга қаратилган айбли ҳаракатидир. Алдаш битимнинг элементларига, унинг доирасидан ташқаридаги ҳолатларга, шунингдек битимни амалга ошириш юзасидан битим иштирокчиси хоҳиш-иродасини шакллантириш учун аҳамиятга эга бўлган сабаб ва мотивларга қаратилган бўлади.

Зўрлик деб, битим иштирокчисига (унинг яқин кишиларига) жисмоний ёки руҳий азоб бериш натижасида битим тузишга мажбур қилиш тушунилади. Зўрлик ноқонуний хатти-ҳаракат бўлиб, жиноий жавобгарликка тортиш шарт бўлмаган ҳаракатларда ҳам кўриниши мумкин. Масалан, хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда шартнома юзасидан мажбурият олувчининг эркига таъсир қилиш.

Қўрқитиш деб, битим иштирокчисининг эркига руҳий таъсир кўрсатиш натижасида унинг учун ноқулай бўлган битим тузишга мажбурлаш тушунилади. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қайд этилган асос бўйича битимни ҳақиқий эмас, деб топишнинг зарур шартларидан бири қўрқитишнинг реаллиги ҳисобланади.

Бир тараф вакилининг иккинчи тараф вакили билан ёмон ниятда келишуви деб, вакилнинг бошқа тараф билан ваколат берувчи манфаатларига зид шартлар асосида келишуви тушунилади.

Оғир ҳолатларнинг юз бериши таъсирида тузилган битим деганда, бир тарафнинг ўзи учун ўта ноқулай шартлар асосида битим тузаётганлигини англаши (бу ерда янглишиш ҳам, алдаш ҳам бўлмайди), лекин уни тузишга мажбур бўлиши тушунилади.

Бунда қуйидаги икки шартнинг мавжуд бўлиши битимни оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида тузилганлиги учун ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлади:

а) оғир ҳолатлар юз бериши туфайли бир тарафнинг ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан битим тузишга мажбур бўлиши;

б) иккинчи тарафнинг бундай ҳолатдан фойдаланиб, битим тузишга қаратилган ҳаракатининг мавжудлиги.

Юқорида қайд этилган асослар бўйича битимларнинг ҳақиқий эмаслигини исботлаш мажбурияти даъвогарга юклатилади.


11. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги бўйича низолашилганда, судлар исботлаш воситаларига йўл қўйилиши ҳақидаги ФПК 74-моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, иш бўйича тегишли (психологик) экспертиза тайинлаш масаласини муҳокама қилишлари лозим.

Судлар юқорида қайд этилган асос бўйича низолашилаётган битимни муомалага лаёқатсиз фуқаро томонидан тузилган битимдан фарқлашлари лозим, бунда биринчи ҳолатдан фарқли равишда даъво мумомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг манфаатини кўзлаб унинг ҳомийси ёки прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.


12. Битимни амалга оширган шахснинг ёки икки томонлама битим (шартнома) иштирокчиларидан бирининг имзоси ҳақиқийлигига шубҳа туғилиб, битим низолашилганда, арз қилинган талаб асосли бўлса, битим ФКнинг 116-моддасига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилади.


13. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФКнинг 126-моддасида белгиланган ваколат доирасидан четга чиқиб тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг асосий шарти - битимни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги талаб фақат битимни чеклаш белгиланишидан манфаати бор бўлган шахс томонидан тақдим этилишидир.


14. ФКнинг 128-моддасида кўзда тутилган битимнинг бир қисми деганда, битимнинг мазмунига тааллуқли бир ёки бир неча шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ушбу битимни амалга ошириш имкониятини истисно қилмаслиги тушунилади. Қонун талабларига кўра, жиддий аҳамиятга эга бўлган ва улар мавжуд бўлмаганда битимнинг қолган шартлари битим иштирокчилари учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар келтириб чиқармайдиган шартлар бундан мустасно.

Битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги унинг ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганлигидан, шунингдек ундаги муайян шартларнинг ФКда белгиланган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги асослар бўйича низолашуви оқибатида келиб чиқиши мумкин.

ФКнинг 119-121-моддаларидаги асослар бўйича битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги низолашилганда бу унинг бутунлай ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмаслиги қонунда алоҳида кўрсатилиши мумкин. Бунга ФК мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги (гаров, кафиллик, кафолат каби) келишувнинг ҳақиқий эмаслиги мажбуриятнинг (асосий мажбурият) ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслиги тўғрисидаги қоидаларини мисол қилиб келтириш мумкин.


15. Мажбуриятларнинг айрим турлари, жумладан, гаров, олди-сотди, акцияларни ўзганинг эгалигига ўтказиш тўғрисидаги битимларни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ низоларни кўришда судлар ишни тўғри ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш асосини аниқлашлари лозим.


16. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 52-моддаси талабига асосланиб, гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топишга йўл қўйилмайди, чунки мазкур қонун мажбурий ижро давомида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солади.


17. Олди-сотди шартномаси унинг иштирокчилари учун ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириши боис мазкур шартноманинг ҳақиқийлигини қонунда белгиланган асослар бўйича фақатгина шартнома иштирокчилари ҳамда шартнома объектининг мулкдорлари низолашишга ҳақлидирлар. Шартноманинг ҳақиқийлиги манфаатдор шахс томонидан олди-сотди шартномасида келишилган сумманинг у томонидан тўланганлиги асоси бўйича низолашилаётганда, бу ҳолат олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди.


18. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, олди-сотди шартномасида мулк баҳоси шартноманинг мажбурий шартларидан бири бўлиб, бу фақат мазкур битимнинг ҳақ эвазига тузилганлигидан далолат беради. Шу сабабли мулкнинг ҳақиқий қиймати олди-сотди шартномасида кўрсатилган қийматдан юқори бўлиши нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди, ФКнинг 123-моддасида кўрсатилган оғир ҳолатларнинг юз бериши таъсирида тузилган олди-сотди шартномаси бундан мустасно.


19. Қарз шартномаси юзасидан низолашиш жараёнида қарз берувчи томонидан қарз олувчига пул ва бошқа ашёлар ҳақиқатда шартномада белгиланганидан кам берилганлиги аниқланса, шартнома ўша миқдордаги пул ёки ашёга нисбатан тузилган деб ҳисобланишига судларнинг эътибори қаратилсин.


20. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, кимошди савдосини ўтказиш қоидаларининг бузилганлиги кимошди савдоси натижаси бўйича тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади. Бунда суд битимни ФКнинг 116-моддасига асосан ҳақиқий эмас деб топади.


21. Бир вақтнинг ўзида сотиб олувчининг ҳуқуқини ўтказиш ва олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида талаблар арз қилинганда, суд арз қилинган талабларга аниқлик киритиши лозим, чунки умумий улушли мулкда бўлган мулкни сотишда олди-сотди шартномаси бўйича сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўтказиш тўғрисидаги талаблар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи бузилганлиги ёки бошқа асослар бўйича шартномани ҳақиқий эмас деб топишни истисно қилади.

22. Умумий мулкдаги улушини сотувчи бошқа мулкдорга ўз улушини сотмаслик мақсадида мулк баҳосини атайин юқори кўрсатиши ва у сотиб олишни рад этганидан кейин бошқа шахсга паст баҳода сотганлиги ҳолатининг аниқланганлиги имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи бузилганлигига олиб келади ва унинг оқибати Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 224-моддаси 4-қисмини қўллаш учун асос бўлади.

Судларнинг эътибори умумий мулкда бўлган улушни кимошди савдоси орқали сотиш ҳолларига нисбатан ФКнинг 224- моддаси қоидалари қўлланилмаслигига қаратилсин.


23. Судларга тушунтирилсинки, ФКнинг 224-моддаси 3-қисмида белгиланган, имтиёзли сотиб олувчи кўчмас мулкни сотиб олиш учун бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса ўн кун давомида мулкни сотиб олиш тўғрисидаги таклифни қабул қилиши мумкин, бу муддат унга, хабар қилинган кундан ҳисобланиб, ҳуқуқий моҳиятига кўра умумий даъво муддатидан фарқ қилиб, тўхтатилиши, узайтирилиши ва тикланиши мумкин эмас.


24. Эр ёки хотиндан бири қимматли қоғозлар (тақдим этувчига деб берилган акциялардан ташқари) билан боғлиқ битимларни унинг розилиги олинмасдан тасарруф этилганлиги асосида низолашганда, судлар эр-хотиннинг мулк ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тартибга солувчи Оила кодекси қоидаларида эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки объекти сифатида акцияларни тасарруф қилиш тартиб ва шартлари кўрсатилмаганлигини назарда тутишлари лозим.

Қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатиш механизми тўғрисидаги қонунчилик актларига мувофиқ қимматли қоғозларни ўтказиш бўйича битимларни тузиш томонларнинг хоҳиш-иродаларини қайд этишга имкон берадиган ҳужжат шаклида бўлиб, у моҳиятига кўра, фақатгина қимматли қоғозлар бўйича ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


25. Судларга битимларни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ бўлган низолар бўйича ишларни кўриш амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб боришлари тавсия қилинсин.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                                                        Б.Мустафаев


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                                      М.Ҳасанов



Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси N 4, 2006 й.











Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск