ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 02.05.1997 й. 3-сон "Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.1997 й.

N 3


ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН ТУРАР ЖОЙЛАРГА

ЭГАЛИК ҚИЛИШ, УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ВА УЛАРНИ ТАСАРРУФ ҚИЛИШ БИЛАН

БОҒЛИҚ ИШЛАР БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Оила кодекслари қабул қилиниб, амалга киритилиши ва "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллаш жараёнида баъзи тушунмовчиликлар юзага келаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хусусийлаштирилган турар жойлар билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар бу уй-жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш Фуқаролик ва Уй-жой кодекси мезонлари, "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун билан, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 4 апрелдаги 180-сонли қарори билан, қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган "Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни давом эттириш тўғрисида"ги қарори билан, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган 180-сонли қарорига кўра тасдиқланган "Хусусийлаштирилган квартираларни, уйларни (уйларнинг бир қисмини) олиш-сотиш шартномаларини расмийлаштириш тўғрисида"ги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг "Уй-жой фондини хусусийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низомлар билан тартибга солинишини назарда тутмоқлари лозим.

ФКнинг 210-моддасига биноан давлатга қарашли турар жойга хусусий мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хусусийлаштириш натижасида вужудга келади.


2. Давлат уй-жой фондидаги турар жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муносабати билан вужудга келувчи низолар судларга тааллуқлидир.

Хусусийлаштирилиши мумкин бўлган турар жойларга - маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой фонди ҳамда давлат органлари, корхоналари, муассаса ва ташкилотларининг тўлиқ хўжалик тасарруфидаги ёки оператив бошқарувидаги уй-жой фондлари киради.

"Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддаси I қисмига биноан хусусийлаштириш объектларига:

фуқаролар ижара шартномаси асосида фойдаланаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);

қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари тугалланган, лекин одамлар кўчиб кирмаган ҳамда бўшатилган уйларнинг квартиралари, бир квартиралик уйлар (уйларнинг бир қисми);

янги қурилган уйлардаги квартиралар киради.

"Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддаси 3-бандига мувофиқ икки ёки ундан зиёд ижарачи яшаб турган квартиралар барча ижарачиларнинг розилиги бўлмаса, хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

Барча ижарачиларнинг розилиги билан улар эгаллаб турган квартира хусусийлаштирилиши мумкин, бунда хусусийлаштиришнинг ҳар бир иштирокчисида (ижарачида) квартирага нисбатан умумий ҳиссали мулк ҳуқуқи вужудга келади.


3. "Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига биноан фуқаро ва юридик шахслар уй-жой, ёрдамчи хоналар ва ускуналардан ҳамда умумий фойдаланиш жойларидан уларнинг вазифасига мувофиқ ҳамда бошқа фуқаро ва юридик шахсларнинг уй-жойга доир, ўзга ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланишлари ва уй-жойни асраш чораларини кўришлари шарт эканлигини судлар назарда тутмоқлари лозим.


4. Жамоат уй-жой фондига қарашли турар жойларда ижара ёки аренда шартномаси асосида яшовчи фуқаролар "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунда кўрсатилган хусусийлаштириш ҳуқуқига эга эмаслар. Шу билан бирга жамоат уй-жой фонди эгаси ёки у томонидан тегишли ваколат берилган орган фуқароларга эгаллаб турган турар жойларини сотиш, жумладан имтиёзли асосда сотиш ёки бу турар жойларни фуқароларга бепул бериш масалалари бўйича мустақил равишда қарор қабул қилишлари ҳам мумкин.

Кўрсатилган ҳолатда низо келиб чиққан тақдирда уларни мулк эгаси томонидан белгиланган турар жойни унда яшовчи фуқароларга бериш шарти ва тартибларидан келиб чиқиб, ҳал этиш лозимдир.


5. Фуқароларнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан уйларнинг бузилиши натижасида, агар уларга бузилган уйлари эвазига пул товони тўланмаган бўлса, давлат уй-жой фонди уйларидан олган турар жойлари, шунингдек табиий офатлар оқибатида уйлари бузилиши муносабати билан олган квартиралари, бу квартиралари қачон ажратилганидан қатъи назар, уларга ёки уларнинг ворисларига текинга берилади.

Ворислар қаторига ФКнинг 1118, 1135-1141-моддаларида белгиланган уй эгаси билан бирга яшовчи ва шу уйнинг бузилиши муносабати билан турар жой олган шахслар киради.


6. "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг муқаддимаси ҳамда 1 ва 3-моддаларининг мазмунига кўра, фуқаролар ўзлари эгаллаб турган турар жойларини хусусийлаштиришни сўраб мурожаат этган бўлсалар, уларнинг бундай талаблари ушбу қонунда назарда тутилмаган шартлар асосида рад қилиниши мумкин эмас.

Қайд этилган Қонуннинг 16-20-моддаларида белгиланган турар жойларни хусусийлаштиришни расмийлаштириш тартибига риоя қилиш фуқаролар учун ҳам, давлат ва маҳаллий уй-жой фондидаги турар жойларни фуқаролар эгалигига ўтказиш мажбурият ва ваколати юклатилган мансабдор шахслар учун ҳам мажбурийдир.

Судларга тушунтирилсинки, фуқаро эгаллаб турган турар жойни хусусийлаштириш рад қилиниши устидан шикоят маъмурий судлар судловига тааллуқли.

7. "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ алоҳида уй, квартира ва хонага бўлган эгалик ҳуқуқи турар жой қиймати тўлиқ тўланган (сотиб олинган) ва эгалик ҳуқуқи ҳақида давлат ордери олинган пайтдан бошланади.

Агар фуқаро квартира, уй (уйнинг бир қисми) учун пай бадалини тўлиқ тўлаган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига мувофиқ аризасини маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтказган бўлса-ю, аммо эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордерини олмасдан вафот этса, унинг меросхўрларида мазкур турар жойга ворислик ҳуқуқи пайдо бўлади.


8. Судлар турар жойларни хусусийлаштириш тўғрисидаги ишлар юзасидан берилган даъво аризаларини қабул қилишда давлат уй-жой фонди тасарруфида бўлган туман (шаҳар) ҳокимининг, корхона, ташкилот, муассаса маъмуриятининг турар жойни хусусийлаштириш ҳақидаги тегишли фармойиши ва эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордери борлигини текширишлари, бундай ҳужжатлар мавжуд бўлса, уларни иш материалларига қўшиш учун талаб қилиб олишлари керак. Шунингдек, фуқаро турар жойни хусусийлаштириш ҳуқуқига эга эканлиги, унга хусусийлаштиришнинг имтиёзли асослари қўлланиши мумкинлиги аниқланиши лозим.


9. Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш икки тарафлама шартнома бўлганлиги сабабли уни бир томонлама бекор қилиш мумкин эмаслиги судларга тушунтирилсин.

ФКнинг 382-385-моддаларига мувофиқ шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш фақат тарафлар (хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ва ҳокимият органи) келишуви асосида амалга оширилиши мумкин, келишув бўлмаган тақдирда - суд қарори билан ҳал қилинади.

Тарафлар келишуви асосида шартномани бекор қилиш ўша шартномада бир тараф бўлиб қатнашган орган, яъни, туман (шаҳар) ҳокимияти, корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолда давлат ордери ўз кучини йўқотади.

Тарафлардан бирининг талабига кўра шартнома суд томонидан бекор қилиниши мумкин. "Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига биноан кўчмас мулкнинг мажбурий равишда олиб қўйилишига фақатгина қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва белгиланган тартибда суднинг қарори асосида йўл қўйилади.


10. Хусусийлаштиришни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан турар жойнинг хусусийлаштирилиши натижасида ҳуқуқи бузилган шахслар, ҳокимиятлар, ташкилотлар, Давлат мулкини бошқариш қўмитасининг турар жой масалалари бўйича бўлимларининг ҳудудий органлари ва прокурор мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Юқорида кўрсатилган тоифадаги ишларни кўриб чиқишдан олдин судья зарур ҳужжатларни, жумладан, ҳокимнинг хусусийлаштиришга рухсат берганлиги ҳақидаги қарорини ва шу қарорни қабул қилишга асос бўлган ҳужжатларни, шунингдек турар жойга эгалик берувчи давлат ордерининг асл нусхасини талаб қилиб олиши шарт.

Турар жойга эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни кўришда судлар ишда хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлган ва уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар, шунингдек ҳокимият, Давлат мулки қўмитасининг турар жой бўйича ҳудудий бўлинмалари иштирок этишларини таъминлашлари зарур.


11. Турар жойни эгаликка, шу жумладан, фойдаланувчилардан бирининг эгалигига бериш тўғрисидаги шартноманинг қонунийлиги хусусида низо вужудга келган ҳолда, бу шартнома, шунингдек эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордери манфаатдор шахсларнинг даъво аризалари бўйича суд томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қонун талабларига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Турар жойни хусусийлаштириш амалда асосан оила аъзоларидан бирининг номига расмийлаштирилиши ва давлат ордери ҳам ўша шахс номида бўлишини назарда тутиб, бу шахс билан турар жойни хусусийлаштиришга розилик берган оила аъзолари ўртасидаги низолар бўйича ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш босқичида судлар туман ички ишлар бошқармаларидан низоли уйда рўйхатда бўлганлар ҳақида маълумотномани ҳамда шу хонадонда яшаган барча шахслар имзо қўйган ва ҳокимиятда сақланадиган хусусийлаштиришни сўраб ёзилган аризани ва низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятли бўлган бошқа тегишли ҳужжатларни талаб қилиб олишлари зарур.


12. Эгалик ҳуқуқи ҳақидаги актни ва унинг асосида берилган ордерни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишларни кўришда судлар турар жойни имтиёзли асосларга кўра хусусийлаштириш ҳуқуқини берувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг тақдим этилганлиги, шунингдек турар жойни хусусийлаштириш ҳақидаги масалани ҳал қилишда мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги, шу билан бирга турар жойни хусусийлаштириш қоидаларининг бошқа тарзда бузилишлиги ҳуқуқ берувчи ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиши учун асос бўлишини назарда тутишлари лозим.


13. "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддаси 3-банди талабига кўра эгаллаб келаётган турар жойни эгаликка сотиб олиш учун турар жойга нисбатан ҳуқуқлари бўлган барча вояга етган оила аъзолари ва бошқа шахслар розилик берган бўлишлари шартлигини эътиборга олиб, бундай розилик берилмаганлиги асосида ордерни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволарни ҳал этишда, судлар ҳақиқатдан ҳам қайд қилинган шахсларнинг розилиги қонунда белгиланган тартибда олинган-олинмаганлигини текширишлари шарт. Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар доираси ФКнинг 606-моддаси билан белгиланади.


14. Ордерни ҳақиқий эмас деб топиш ва мулкдорнинг тегишли актини бекор қилиш тўғрисидаги талабларга ФКнинг 150-моддасида кўрсатилган 3 йиллик даъво муддати татбиқ этилади.


15. Турар жойга эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордери ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, суд ФКнинг 114-моддаси талаблари асосида тарафларни дастлабки ҳолатга келтириш масаласини ҳал қилмоғи лозим.

Хусусийлаштириш ҳужжатлари (акти)ни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги суд қарори, ижарачини кейинчалик шу уй-жойни "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига биноан хусусийлаштириш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


16. "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ хусусийлаштирилган турар жойда унинг хусусийлаштирилишига розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлсалар, уларнинг ҳаммаси шу турар жойнинг эгаси ҳисобланадилар, эгаллаб келинаётган турар жой эса хусусийлаштириш натижасида умумий мулкка айланади. Бу қоида турар жой эгасининг вақтинча бу ерда яшамаётган оила аъзоларига ҳам татбиқ қилинади.

Ижарачи билан бирга яшаётган ва унинг оила аъзоси ёки собиқ оила аъзоси бўлиб ҳисобланган вояга етмаган шахслар ижарага олиш шартномасидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлардан тенг фойдаланишлари сабабли улар эгаллаб турган турар жойлари хусусийлаштирилган тақдирда, вояга етган фойдаланувчилар билан тенг равишда шу турар жойга нисбатан умумий эгалик ҳуқуқига эга бўладилар.

Турар жой оила аъзоларининг бири томонидан бепул хусусийлаштирилган тақдирда ҳам юқорида кўрсатилган шахслар шу асосларга кўра умумий мулкнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари бўлиб қоладилар.


17. Хусусийлаштирилган турар жойларни бошқаларга ўтказиш билан боғлиқ эр-хотинлар ўртасидаги низони ҳал қилишда судлар Оила қонунчилиги мезонларини, яъни, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 24-моддаларини эмас, балки "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддаси 4-банди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 4 апрелдаги 180-сонли қарори билан тасдиқланган "Хусусийлаштирилган квартира ва уйлар (уйларнинг бир қисми)нинг олиш-сотиш шартномаларини расмийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 8-бандини қўлламоқлари лозим.


18. Сотилаётган турар жой сотилганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти - бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборат эканлигига судлар эътибори қаратилсин.

ФКнинг 488-моддасида хусусийлаштирилган квартира, уй - уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозимлиги кўрсатилган.

Турар жой бўйича сотиш, ҳадя ва алмаштириш битимлари амалга оширилгач, шунингдек қонунда белгиланган тартибда уй мерос сифатида қабул қилингач, бу турар жой хусусийлаштирилган турар жой мақомини йўқотади.


19. Судлар шартномаларни бекор қилишдан келиб чиқадиган низоларни турар жойларни хусусийлаштириш билан боғлиқ битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлардан фарқлашлари лозим.

ФКнинг 113-моддасига мувофиқ битим шу кодекснинг 115-126-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг "Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида"ги Қарорининг 9-бандига кўра бу қоида 1997 йил 1 мартга қадар тузилган турар жойларни хусусийлаштириш билан боғлиқ битимларга ҳам қўлланилади.


20. Хусусийлаштирилган турар жойлар бўйича тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги, шунингдек бундай турар жойларга боғлиқ бошқа низоларни кўришда судлар, низоли турар жойнинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи ҳужжатларни:


а) Президент Фармони бўйича фуқароларнинг эгалигига бепул бериш ҳақидаги ҳокимнинг қарори;

б) олиш-сотиш, ҳадя, айирбошлаш шартномалари;

в) фуқароларнинг эгалик ҳуқуқи ҳақидаги давлат ордери;

г) ворислик ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳнома;

д) суднинг ҳал қилув қарори;

е) эгаликка бериш ҳақидаги идоралар, ташкилотларнинг буйруқлари;

ж) квартира, уй (уйнинг бир қисми) режаси, шунингдек даъвогарнинг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини тасдиқловчи бошқа далилларни талаб қилиб олишлари лозим.


21. Судлар турар жойларни алмаштириш шартномасини айирбошлаш шартномасидан фарқ қилишлари лозим. Айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф айирбошланаётган мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқига эга бўлади. Хусусийлаштириш натижасида фуқароларнинг умумий эгалик ҳуқуқи ўтган турар жойнинг айирбошланиши фақатгина умумий мулкнинг барча иштирокчилари розилиги асосида амалга оширилиши мумкиндир. Айирбошлаш шартномаси тузилишида Фуқаролик кодекси нормалари қўлланилади.

"Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддаси 5-бандига кўра хусусийлаштирилган турар жойнинг эгаси уни ҳар қандай уй-жойга, квартирага, жумладан кооператив квартирага алмаштириш ҳуқуқига эгадир. Алмаштириш шартномаси тузилишида Уй-жой кодекси нормалари қўлланилади. Хусусийлаштирилган турар-жойнинг алмаштирилишига умумий мулкнинг барча иштирокчилари розилиги билангина йўл қўйилиши мумкин.

Хусусийлаштирилган турар жойни алмаштириш масаласида турар жой эгаси билан юқорида қайд қилинган шахслар ўртасида бир битимга келинмаган ҳолларда, улар турар жойни мажбуран алмаштириш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Турар жой эгасининг собиқ оила аъзоси ўзига тегишли ҳиссанинг ажратиб берилишига розилиги бўлганда даъвогар кўчирилаётган шахсга унинг умумий мулкдаги ҳиссасига тенг бошқа турар жой олиб бериш ва жавобгарни шу турар жойга кўчиришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум эмас.

Умумий мулк эгаларининг бир турар жойда яшашлари мумкин бўлмай қолган тақдирда, суд тарафлардан бирига кўчириб чиқарилаётган шахснинг уйдаги ҳиссасини пул баробарида унга тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Тарафлар нарх бўйича келишувга келолмаган тақдирда бу нарх мутахассислар томонидан белгиланиши мумкин.

23. Хусусийлаштирилган турар жойнинг эгаси бўлиб ҳисобланмайдиган, бу уй-жойдан мустақил фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган, яъни, турар жой хусусийлаштирилганидан кейин унга киритилган ижарачилар, мулкдорнинг собиқ оила аъзолари ва бошқа шахслар мулкдор томонидан фақат қонунда кўрсатилган ҳоллар ва асослар бўйича кўчириб чиқарилишлари мумкин.

Турар жой хусусийлаштирилгунига қадар у ерда яшаган ва "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 13-моддасига биноан умумий мулкнинг иштирокчиси бўлиш ҳуқуқига эга бўлган, лекин ундан воз кечган шахсларни хусусийлаштирилган турар жойдан кўчириш ҳақидаги ишларни кўришда қайд этилган шахсларнинг қандай шарт-шароитда ўз номларига эгалик ҳуқуқини расмийлаштиришдан воз кечганликлари билан боғлиқ ҳолатларни текшириш лозим.

Агар фуқаро янглиштирилганлиги сабабли ёки ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатини тушуна олмаганлиги натижасида турар жойни хусусийлаштиришдан воз кечганлиги, ёхуд хусусийлаштирилган турар жойнинг эгаси томонидан уйга нисбатан эгалик ҳуқуқидан воз кечиш билан боғлиқ тарафлар ўртасида бўлган келишув шартлари бузилганлиги аниқланса, суд томонидан бу фуқарога турар жойни хусусийлаштириш ҳақидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарши даъво келтириш ҳуқуқлари тушунтирилмоғи лозим.


24. Хусусийлаштирилган ва алоҳида квартирани ташкил қилувчи турар жойнинг умумий эгалик иштирокчиси ҳиссасини ажратиб беришга алоҳида яшаш хонасидан ташқари ёрдамчи хоналарни (ошхона, йўлак, санитария тармоғи ва бошқаларни) ҳам олиб беришнинг ва алоҳида кириш-чиқиш йўлини жиҳозлашнинг техник имконияти мавжуд бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади. Бундай имконият бўлмаган тақдирда, суд даъвогарнинг илтимосига кўра, квартирадан фойдаланиш тартибини белгилаб бериши ёки ушбу турар жойни тарафлар тегишли тартибда алмаштириш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтириши мумкин.


25. Турар жойга нисбатан давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш, хусусийлаштирилган турар жойдан оила аъзосининг ҳиссасини ажратиш, шартномаларни ҳақиқий ва ҳақиқий эмас деб топиш ва бошқа даъво аризалари бўйича давлат божи низоли мулк ёки унинг ҳиссаси қийматидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларининг миқдорларига мувофиқ ундирилади.

Агар даъвогар давлат божи тўлашдан озод этилган бўлса, бу божнинг тўла миқдори ёки даъвонинг қаноатлантирилган қисмидан келиб чиқиб белгиланган миқдори жавобгардан давлат фойдасига ундирилади.

Тарафларнинг битимни расмийлаштиришда турар жой сотилиш қийматини камайтириб кўрсатганликлари аниқланган ҳолларда, суд ундирилиши лозим бўлган давлат божи миқдорини битим бўйича ҳақиқатда тўланган суммадан келиб чиқиб ҳисоблаши ва битимни тузиш вақтида тўланмай қолган давлат божини ундириши лозим.

26. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 21-сонли 1994 йил 9 сентябрдаги "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қўллашдаги баъзи масалалар ҳақида"ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.






















































Время: 0.0064
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск