ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 16.04.1993 й. 5-13-сон "Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

16.04.1993 й.

N 5-13


СУДЛАР ТОМОНИДАН МУЛКНИ

РЎЙХАТ (АРЕСТ)ДАН ЧИҚАРИШ ҲАҚИДАГИ

ИШЛАРНИ КЎРИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИНГ

ҚЎЛЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА


Судлар томонидан мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъволарнинг кўрилиши фуқаролар ва давлат манфаатларини, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим гаровидир.

Судлар бу турдаги ишларни асосан амалдаги қонунларга мувофиқ равишда тўғри ҳал қиладилар.

Шу билан бирга судлар фаолиятида далилларни юзаки текшириш, етарли асослар бўлмаса-да, эр-хотиннинг ёки шахсий ёрдамчи хўжалик аъзоларининг биргаликдаги умумий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги даъволарни рад этиш ҳоллари мавжуд. Қарздорларнинг мулкини асоссиз равишда рўйхатдан чиқариш ҳолатлари учрамоқда, бу эса ўз навбатида ундирувчининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда, жиноий ва бошқа ҳуқуқбузарликлар туфайли етказилган моддий зарарни ундиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мулкни рўйхатга олиш вақтида йўл қўйилган қонун бузилишларига судлар ҳар доим ҳам етарли эътибор бермайдилар. Қатор ҳолатларда шахслар уларга сақлаш учун топширилган мулкни талон-тарож қилганликлари учун жавобгарликка тортилмаяптилар.

Қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш ва мазкур турдаги ишларни судлар томонидан ҳал этишда қонунларнинг тўғри татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми судларга қуйидаги раҳбарий кўрсатмаларни беришга ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишлар, даъвони таъминлаш мақсадида қарздорнинг мулкни рўйхатга олинганлигидан, ҳал қилув қарори ёки ҳукмни ижросини таъминлаш учун ундиришнинг мулкка нисбатан қаратилганлигидан ёхуд нотариус томонидан мерос мулкни қўриқлаш чораси сифатида уни рўйхатга олганлигидан ва қонунда кўрсатилган бошқа ҳолатларнинг мавжудлигидан қатъи назар, даъво ишини юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлигига қаратилсин.

Суд ҳукмидаги судланувчига тегишли мол-мулкнинг жиноят қуроли деб мусодара қилиниши тўғрисидаги кўрсатманинг мавжудлиги, ушбу мулкнинг бошқа шахсларга тегишлилигини ёки уни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги низони фуқаролик судлов иш юритиш тартибида кўриш учун тўсиқ бўла олмайди.

Ҳал қилув қарори ёки ҳукмни ижро қилиш учун мулкнинг сотиб юборилганлиги ҳам ушбу мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги даъво аризалари мулкка оид бўлмаган тусдаги ариза ҳисобланиши сабабли, бундай даъво аризасини тақдим этишда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланади.

2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 35-моддасига асосан мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъволар мулк жойлашган жойдаги суднинг судловига тегишлидир. Агар шу иш бошқа судда, хусусан далилларнинг кўпи бўлган жойдаги судда тез ва ҳар томонлама кўрилиши мумкин деб топилса, суд ФПК 31-моддасининг 2-қисмига биноан ишни кўриш учун шу жойдаги судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақлидир.

3. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарздор (маҳкум) мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Ҳукмни ижро этиш жараёнида мулкнинг хатланиши билан боғлиқ қарздор (маҳкум)да вужудга келадиган масалалар шу ҳукмни қабул қилган суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 541 ва 542-моддаларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

4. Мулкни рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлган иш ҳал этилмаган бўлса-да, суд шу мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Бундай ишни бошқа иш ҳал этилмасдан олдин кўриш мумкин эмас деб топса, у ҳолда суд Ўзбекистон Республикаси ФПК 116-моддасининг 4-бандига кўра мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъво бўйича иш юргизишни тўхтатади.

5. Мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво мулкдор томонидан, шунингдек қарздорга тегишли бўлмаган қонун ёки шартномага кўра мулкни эгаллаган шахс томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин.

Қарздор (маҳкум)нинг вояга етмаган фарзандларининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъволар қарздор бўлмаган (судланмаган) отаси ёки онаси ёки васий (ҳомий) ёхуд прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.

Бундай даъволар бўйича мулки рўйхатга олинган қарздор, манфаатлари учун мулк рўйхатга олинган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек мулк жиноят қуроли сифатида рўйхатга олинган бўлса, судланган шахс ва тегишли молия бўлими вакили ишга жавобгар сифатида жалб этилишлари судларга уқтирилсин.

Агар қарздор (судланган) озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлса, судья ишни кўришга тайёрлаш вақтида унга иш кўриладиган кун тўғрисида хабар қилиши, даъво аризасининг нусхасини юбориб, тақдим этилган даъво юзасидан унинг фикрини аниқлаши лозим.

6. Қуриб битирилмаган уй-жойни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво уй-жойни қуришда иштирок этган қарздорнинг турмуш ўртоғи, умумий мулкни вужудга келтириш мақсадида қурилишда қатнашган қурувчининг оила аъзолари ва бошқа шахслар томонидан кўзғатилиши мумкин.


7. Гаровга қўйилган мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги низолар бўйича ишни судда кўришга тайёрлашда ёки ишни кўриш вақтида мулкни гаровга берган ишни кўришда учинчи шахс сифатида жалб этиш масаласи ҳал қилиниши лозим.

Рўйхатга олинган мулкни кредитга сотган савдо ташкилотлари давлат маблағларини кредитга олиб, уй-жой қурган ва шу уйларни имтиёзли шартлар асосида ходимларга (жамоа аъзоларига) сотган корхоналар, ташкилотлар, давлат ва жамоа хўжаликлари, бошқа манфаатдор ташкилотлар учинчи шахслар сифатида жалб қилинишлари мумкин.

8. Судья мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, даъвони таъминлаш мақсадида (ФПК 106-моддасининг 4-банди) низоли мулкка нисбатан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида ажрим чиқариши ва унинг кўчирма нусхасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимига юбориши лозим.

Мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвонинг қўзғатилиши қарздорнинг ойлик иш ҳақи ва бошқа турдаги даромадларидан ундиришни амалга оширишга тўсқинлик қилмайди.


9. Қайд этилган ишлар бўйича ёзилган даъво аризасига мулкни рўйхатга олиш тўғрисидаги далолатноманинг, ҳукмнинг, ҳал қилув қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида рўйхатга олинган бошқа суд ҳужжатининг нусхаси ва даъво талабларини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳадя, олиш-сотиш шартномалари, васиятнома, чеклар, шахсий ҳисоб ва бошқалар) илова қилинган бўлиши лозим.

Тарафлар тақдим қилган далиллар билан чекланмасдан, судья ишни суд мажлисига тайёрлаш вақтида ёки ишни кўриш жараёнида ФПК 72-моддаси тартибида далилларни тўплашда уларга ёрдам кўрсатиши лозим. Зарур ҳолларда суд, жиноят ишини чақириб олиб, ундаги мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвога тегишли бўлган далилларга баҳо бериши мумкин.

Иш бўйича тўпланган далиллар мажмуасига баҳо беришда, суд ФПК 74-моддаси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, мол-мулкнинг айрим турларининг тегишлилиги қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шартлигини инобатга олиши лозим. Бундай далиллар мавжуд бўлмаса даъво қаноатлантирилмайди.

10. Агар суднинг ҳукмига кўра мулкнинг жиноий йўл билан топилган маблағ ҳисобига олинганлиги аниқланса, у ҳолда жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкига ва фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжалиги ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхона мулкига қаратилиши мумкин.

Давлат ва жамият манфаатларига зид равишда қасддан содир этилган ҳаракатлар натижасида мулкни эгаллаш билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1023-моддасига асосланган даъво талабларини кўриш жараёнида қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарорида ҳам аниқланиши мумкин.

Суд мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвони кўриш жараёнида унинг жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағ эвазига олинганлиги ҳолатини аниқлашга ҳақлидир.

Агар молия идораси ёки прокурор томонидан мулкни давлат ва жамият манфаатларига зид равишда қилинган ҳаракатлар натижасида олинган деб топиш ва уни давлат фойдасига ўтказиш тўғрисида даъво қўзғатилган бўлса, у ҳолда суд томонидан ушбу иш мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъво билан бирга қўшиб кўрилиши мумкин.


11. Судлар мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд ҳукми ёки ажрими билан мол-мулк жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағ эвазига олинган ёки жиноят қуроли деб топилган-топилмаганлигини аниқлаши лозим.

12. Жиноят иши мазмунан ҳал қилингунга қадар қарздор вафот этиши муносабати билан иш тугатилганда, судлар мулкни рўйхатдан чиқариш масаласини ҳал эта туриб, бу мулкнинг кимлар томонидан, қачон ва қайси маблағлар ҳисобига олинганлигини аниқлаши шарт.

Агар низоли мулк ғайриқонуний ёки давлат зарарига қилинган ҳаракатлар туфайли орттирилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1023-моддаси тартибида бу мулк прокурор, манфаатдор ташкилот ёки шахсларнинг даъвосига кўра давлат даромадига ёки етказилган зарарни ундириш ҳисобига ўтказилиши мумкин.


13. Эр-хотиндан бирининг унга биргаликдаги умумий мулкдан тегишли ҳиссасини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвосини ҳал этишда суд Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 27-моддаларига асосан эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирган мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки эканлигини, ушбу мулк бўлинганида уларнинг ҳиссалари тенг ҳисобланишини эътиборга олиши лозим.

Суд вояга етмаган болалар манфаатларидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотиннинг умумий мол-мулкини оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир (Оила кодексининг 28-моддаси).

Қарздорнинг биргаликдаги умумий мулкдаги ҳиссаси, эр-хотин томонидан бу мулкнинг сотиб олинган вақтидан (жиноятни содир этишдан олдин ёки кейин) қатъи назар белгиланади ва етказилган зарар ҳисобига ундирилади.

Савдо ташкилотидан эр-хотиндан бирининг номига кредитга сотиб олинган мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъвони кўришда шуни назарда тутмоқ керакки, бундай мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи унинг харидорга берилган вақтидан бошлаб вужудга келади. Суд мулкнинг эр-хотин томонидан биргаликда олинганлигини аниқласа, ундай мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисида даъво қўзғатган эр ёки хотиннинг ҳиссасини белгилайди. Суд ҳиссани белгилашда кредитнинг тўланмай қолган қисмини қоплаш мажбурияти даъвогарга тегишлилигини назарда тутмоғи лозим.

Фуқаролик кодексининг 224-моддаси талабига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун умумий мол-мулк хатланганда, умумий мулкнинг улушли мулқдори шу мулкни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхонага тегишли бўлган мулкларини рўйхатдан чиқариш ҳақида даъво қўзғатилган ҳолларда, суд мазкур хўжаликдаги оила аъзоларининг ҳақиқатдаги сонини, қайси мулклар тўлалигича хўжаликка тегишлилигини ва қайси бири хўжалик аъзоларининг шахсан ўзига тегишли эканлигини, йўқ хўжалик аъзосининг ёки аъзоликдан чиқиб кетган хўжалик аъзосининг умумий мулкдаги бўлган ҳиссасига ҳуқуқини йўқотган-йўқотмаганлигини текшириши шарт.

Бунда суд Ўзбекистон Республикаси "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги ҳамда "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги қонунларини қўллаши лозим.

Хўжаликнинг қайси турга тааллуқли эканлиги ҳокимият томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланади. Лекин бу судни шу хўжаликда ҳақиқатда мавжуд бўлган муносабатларни аниқлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Қарздорнинг шахсий мулки қарзни тўлаш учун етарли бўлмаса, фуқароларнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхона умумий мулкидаги унинг ҳиссаси суд томонидан умумий мулкдан амалдаги қонунларга мувофиқ ундиришга қаратиш ва мусодара қилиниши мумкин бўлмаган мулкларни чиқариб ташлагандан сўнг аниқланади.

14. Эр-хотинга тегишли мулкдаги ҳисса миқдорини аниқлашда, шунингдек қарздорнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхона умумий мулкидаги ёхуд бўлинмас мулкидаги ҳиссасини аниқлашда суд эскириш даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарори чиқарилган кунда мулкнинг давлат ёки ширкат савдосидаги чакана нархидан, агар бу нархлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда шу жойдаги умумий бозор нархидан келиб чиқиши зарур. Агар айрим турдаги мулкларни баҳолашда қийинчиликлар туғилса, ёхуд даъвогар ёки жавобгар рўйхатга олинган мулкнинг баҳосига эътироз билдирса, у ҳолда суд рўйхатга олинган мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлаши мумкин.

15. Мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъвони қаноатлантирган тақдирда, суд ҳал қилув қарорида айнан қайси мулк даъвогарга тегишли деб топилганини ва шу сабабли ҳам рўйхатдан чиқарилаётганлигини кўрсатиши лозим.

Қарздор билан биргаликдаги умумий эгалик ҳуқуқида бўлган  уй-жойнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини қабул қилишда, суд шу ҳал қилув қарорида уй-жойнинг қанча ҳиссаси рўйхатдан чиқарилиши лозимлигини кўрсатиши шарт.

Агарда даъвогарга тегишли ҳисса бўлинмаган бўлса, у ҳолда суд компенсация (қоплаш) тартибида унга рўйхатга киритилган бошқа мулкни ажратиб бериши мумкин. Мулкни бундай ажратиш имкони бўлмаган тақдирда, суд умумий мулкни бўлиш бўйича қонунда кўзда тутилган тартибни қўллаб, бўлинмас мулкни рўйхатдан чиқариши ва даъвогарга унинг ҳиссасидан ташқари чиқарилган мулк қийматига тенг ҳисобда пул компенсацияси тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Аниқ бир ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, суд ташкилот ёки фуқаролар манфаатлари учун рўйхатга олинган мулкни, бу ташкилот ва фуқароларга бўлинмас мулк ҳиссасига тенг суммани даъвогарга тўлаш мажбуриятини юклаб, рўйхатда қолдириши ҳам мумкин.


16. Рўйхатдан чиқарилиши лозим бўлган мулк сотиб юборилган тақдирда, суд мавжуд имкониятларга асосланган ҳолда даъвогарнинг розилиги билан унга ўша турдаги, тенг қийматли мулкни олиб бериш, агарда бунинг имконияти бўлмаса, унда мазкур мулкни сотишдан келиб тушган пулни тўлаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Амалдаги қонунларга мувофиқ мусодара қилинган мулклардан бюджет даромадига келиб тушган маблағларни фуқароларга қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги идоралари томонидан амалга оширилади.


17. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги талабларга ҳам Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида кўзда тутилган 3 йиллик умумий даъво муддати татбиқ қилинади. Даъво муддатининг ўтиши манфаатдор шахснинг ўзига тегишли мулкнинг рўйхатга олинганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади.


18. Суд ишни кўришда тегишли мансабдор шахс томонидан мулкни рўйхатга олиш вақтида қонун талабларига амал қилинган ёки қилинмаганлигига, жумладан, рўйхатга олиш тўғрисидаги далолатномада бошқ мулк, яъни, қарздорнинг бошқа шахслар билан биргаликда эгалик қилган ва рўихатга олинмаган мулкининг кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигига ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича ундиришга қаратиш мумкин бўлмаган мулклар рўйхатга олинган ёки олинмаганлигига ҳам эътибор бериши шарт.

Ижро ҳужжатлари бўйича ундиришга қаратиш мумкин бўлмаган мулк рўйхатга олинганлиги аниқланса, даъвогарнинг даъво талабларидан қатъи назар, суд бу мулкни рўйхатдан чиқаради.


19. Агар рўйхатга олинган мулк талон-тарож қилинган, сотиб юборилган ёки сақлаш учун топширилган шахслар томонидан яшириб қўйилган бўлса, суд бу шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиши ва манфаатларини кўзлаб, мулкни рўйхатга олган ташкилот ва фуқарога етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида даъво қўзғатиш ҳуқуқларини тушунтириши шарт.


20. Мулкни рўйхатга олиш ва унга тегишни тақиқлаш вақтида йўлга қўйилган хатоликлар аниқланган тақдирда, суд аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқариш масаласини муҳокама қилиши зарур.


21. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1978 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 5-сон 1978 йил 31 мартдаги "Мулкни арест (рўйхат)дан чиқариш тўғрисидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши" ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1987 йил 29 декабрдаги "Мулкни арест (рўйхат)дан чиқариш ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида"ги 5-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.













































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск