ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судининг процессуал фаолияти масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 28.11.2014 й. 270-сон "Иқтисодий судлар томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.11.2014 й.

N 270


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА РЕЖИМИДА СУД

МАЖЛИСЛАРИНИ ЎТКАЗИШДА ПРОЦЕССУАЛ

ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судларнинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисини ўтказишда иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларида белгиланган қоидаларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз процессуал ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишларини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судларга тушунтирилсинки, улар суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) нормаларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 2014 йил 21 августдаги РN 83-сонли қарори билан тасдиқланган "Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Вақтинчалик низомга (бундан буён матнда Низом деб юритилади) амал қилишлари лозим.

2. Судлар назарда тутишлари лозимки, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари ёрдамида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.

Ишни кўраётган хўжалик суди деганда, хўжалик иши иш юритувида бўлган иқтисодий суд тушунилади. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган иқтисодий суд деганда, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш учун техник ва бошқа шароитларни таъминлаётган ва ишни кўраётган иқтисодий суд ҳудудидан ташқарида жойлашган Ўзбекистон Республикаси иқтисодий суд(лар) тушунилади.

3. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишда иш ИПКнинг умумий қоидаларига мувофиқ, ИПКнинг 11, 112, 165, 166 ва 171-моддаларида назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда кўрилади.

4. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи инстанция судидаги каби, апелляция, кассация инстанциялари суд мажлисларида ҳам амалга оширилиши мумкин.

5. Судларга тушунтирилсинки, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси ИПКнинг 10-моддасига асосан ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган суд иштирокчиларининг таржимон ёрдамида суд ишларида иштирок этиш ҳамда ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Бунда таржимон билан таъминлаш видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашувчи ёки иш иш юритувида бўлган иқтисодий суд томонидан амалга оширилади. Таржимон билан таъминлаш видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашувчи иқтисодий суд томонидан амалга оширилганда, ушбу суд таржимонга ИПК 59-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтирганлиги ҳақида тилхат олади ва ишни кўраётган судга юборади.

6. ИПК 166-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишлари мумкин.

Судлар эътиборга олишлари керакки, ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишлари уларнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.

6.1. Судларга тушунтирилсинки, ишда иштирок этувчи шахсларнинг барчаси битта маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри, туман, шаҳар), яъни ишни кўраётган иқтисодий суд жойлашган ҳудудда жойлашган бўлса-да, бошқа суд биносидан туриб видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш учун судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли.

6.2. ИПК 166-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимида хўжалик суди мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажримда кўрсатилади.

6.3. Ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги ажримда ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида бўлган ишда иштирок этувчи шахсларга ишни кўраётган судга ҳозир бўлиш йўли билан суд мажлисида бевосита иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда улар жойлашган ҳудуддаги хўжалик судига ҳозир бўлиш йўли билан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади.


6.4. Ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажрим нусхаси ишда иштирок этувчи шахслардан ташқари видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган тегишли иқтисодий суд(лар)га юборилади.

6.5. Ишда иштирок этувчи шахслар ишни судда кўришга тайёрлаш ёки ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги ажримни олгандан сўнг, ишни кўраётган ёки видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд(лар)га видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга хоҳиши ҳақида оғзаки ёки ёзма шаклда маълум қилишга ҳақли. Бироқ, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан бундай маълумотнинг тақдим этилмаслиги уларни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


6.6. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг бири томонидан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга эътироз билдирилиши ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди, ИПК 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

7. ИПК 165-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, иш иқтисодий суднинг мажлисида кўрилади. Иқтисодий суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Иш муҳокамаси ИПКнинг 165-моддаси қоидаларига асосан, ушбу бандда назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

7.1. Ишни кўраётган суд ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларининг ишни кўраётган судда ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга ҳозир бўлганликларини ҳамда уларнинг ваколатларини текширади. Бунда ишни кўраётган суд мазкур шахсларнинг видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судда ҳозир бўлганликларини ва уларнинг ваколатларини ушбу судга тақдим қилинган ва белгиланган тартибда алоқа воситалари орқали узатилган ҳужжатларни ўрганиш ва баҳолаш йўли билан текширади.

7.2. Ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келмаган ҳолларда, ишни кўраётган суд, процесс иштирокчилари суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган тақдирда, суд мажлисини оддий режимда ўтказади ёхуд иш кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақида ажрим чиқаради.

7.3. Мажлисга раислик қилувчи судья ишда иштирок этувчи шахсларга ва иқтисодий судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек Низомда назарда тутилган видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш билан боғлик техник хусусиятларни тушунтиради.

7.4. ИПК 168-моддасининг биринчи қисмига кўра, иқтисодий суд ишни кўришда иш бўйича далилларни текширади, хусусан ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради.

Шу сабабли видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси давомида тақдим этилган ёзма далиллар, ёзма шаклда берилган илтимосномалар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходими томонидан сканер ускунаси ва алоқа воситалари орқали ишни кўраётган судга дарҳол юборилади.


7.5. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан суд муҳокамаси давомида тақдим этилган ва ишни кўраётган суд томонидан қабул қилган ашёвий далиллар (видеоёзув, аудиоёзув, фотография ва бошқалар)ни техник воситалар ёрдамида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходим намойиш этади.


7.6. Суд муҳокамаси давомида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга тақдим этилган ёзма, ашёвий ва бошқа далиллар кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан илова қилинаётган ҳужжатлар ёки бошқа далилларнинг рўйхати кўрсатилган ҳолда кузатув хати билан Давлат фельдъегерлик хизмати орқали ишни кўраётган судга юборилади.


7.7. Суд муҳокамаси давомида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга тақдим этилган ёзма, ашёвий ва бошқа далиллар ишни кўраётган судга келиб тушгандан сўнг суд мажлиси котиби томонидан белгиланган тартибда иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.


8. ИПК 11-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, давлат сирларини ёки тижорат сирини сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ мажлисда кўришга йўл қўйилади. Шу муносабат билан судлар инобатга олишлари керакки, тарафлар томонидан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш ҳақида илтимоснома берилган ва у суд томонидан қаноатлантирилган ҳолда ёки ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун бошқа зарурият туғилганда суд мажлиси фақат оддий режимда ўтказилиши мумкин, чунки видеоконференцалоқа режимида ёпиқ суд мажлисини ўтказишга йўл қўйилмайди.

10. ИПК 171-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, иқтисодий суд ишни шу мажлисда кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар ва таржимонлардан бири келмаганлиги ёки қўшимча далиллар тақдим этиш зарурлиги сабабли ёхуд видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш вақтида видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.

Видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаганлиги деганда, ишни кўриш жараёнида техник носозликлар, шунингдек электр энергияси етказиб берилишидаги узилишларнинг юзага келиши тушунилиши лозим.

Видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имконини йўқотишга олиб келган техник носозликлар ва электр энергиясини етказиб беришдаги узилишлар юзага келганда, ишни кўраётган суд ишни кўришни бошқа кунга қолдириши лозим.

Суд мажлиси видеоконференцалоқа ўрнатиш имконининг бўлмаганлиги сабабли қолдирилганда, ишни кўраётган суд бошқа алоқа воситаси орқали видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ходимини, бу ходим эса, ўз навбатида, суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахсларни янги суд мажлисининг куни ва вақти ҳақида тилхат орқали хабардор қилади.


11. Судлар шуни ҳисобга олишлари керакки, ишда иштирок этувчи тарафлардан бири суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашадиган судга келган бўлиб, лекин ишни кўраётган суд низони видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли оддий режимда мазмунан ҳал қилган бўлса, бу ҳолат ишни тарафлардан бирининг иштирокисиз кўришда ифодаланган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши сифатида баҳоланади ва суд ҳужжатини бекор қилишга асос бўлади.

Шу билан бирга, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган судга келган ишда иштирок этувчи шахсларнинг ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ёзма розилиги бўлса, суд ишни оддий режимда мазмунан кўришга ҳақли.


12. Ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш натижалари бўйича иқтисодий суднинг суд ҳужжати ИПКнинг 21 ва 22-боблари қоидалари бўйича, ушбу бандда назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.

12.1. Иш бўйича далилларни текшириш тугаганидан кейин, суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун, видеоконференцалоқа режимидаги суд муҳокамаси ўтказилган хонадаги процесс иштирокчилари чиқиб кетмаган ҳолда, алоҳида хонага чиқиб кетади.


12.2. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида суд муҳокамаси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги ҳақидаги маълумот кўрсатилади.


13. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд, суд мажлиси учун белгиланган вақтда ишда иштирок этувчи шахсларга видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши учун шароит яратишга, шу жумладан:

алоқа воситаларининг узлуксиз ишлашини;

суд муҳокамаси давомида ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ИПКнинг 167-моддасида белгиланган талабларга риоя этилишини;

ишни кўраётган судга ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг нусхаларини ўз вақтида узатилишини;

иш бўйича далилларнинг ўз вақтида (суд мажлисининг кейинги кунидан кечиктирмай) ишни кўраётган судга юборилишини таъминлаши шарт.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш билан боғлиқ техник ҳаракатлар Низомга мувофиқ амалга оширилади.


14. Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ИПК 201-моддасининг иккинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилади.

15. ИПКнинг 116-моддасига мувофиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суд харажатлари таркибига киради ва фақат ишни кўриш натижалари бўйича ундирилиши лозим. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ушбу харажатларнинг тўланмаганлиги даъво аризасини қайтариш учун асос бўлмайди. Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар тарафлар ўртасида ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан тақсимланади.

            

Олий хўжалик суди раиси

                     

                      

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси

                

К. Давлетова

        









































Время: 0.0313
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск