Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судининг процессуал фаолияти масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 й. 161-сон "Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

15.06.2007 й.

N 161


ИҚТИСОДИЙ СУДНИНГ ҲАЛ

ҚИЛУВ ҚАРОРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий судлар томонидан ҳал қилув қарорлари (бундан буён матнда қарор деб юритилади) қабул қилишда иқтисодий процессуал қонунчилигини тўғри ва бир хилда қўллашни, уларнинг қонунийлиги ва асослантирилганлигини таъминлаш, уларни расмийлаштиришда шаклий, кетма-кетлик ва касбий маданиятга оид камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг (бундан буён матнда судлар деб юритилади) эътибори қарорнинг одил судловнинг конституциявий асосларини амалга оширадиган ва Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинадиган ҳужжат сифатида қонуний ва асослантирилган бўлиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 18-боби талабларига сўзсиз ва қатъий риоя этилиши шарт эканлигига қаратилсин.

Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ИПКнинг 279 ва 302-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин.

Суд томонидан ИПКнинг 177-моддасида назарда тутилган барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки, асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмас.

2. Қарор процессуал ҳуқуқ нормаларига аниқ риоя этилган ва низоли ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос ҳолда қабул қилинган тақдирда қонуний ҳисобланади. Агар қонуности норматив ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган айрим қоидаларнинг қонунга зидлиги аниқланса, суд қарор чиқаришда қонунга асосланади.

Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари бўлмаган тақдирда, суд ИПКнинг 13-моддаси учинчи қисмига мувофиқ шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини татбиқ этади, борди-ю, бундай нормалар ҳам бўлмаса, низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунига таяниб ҳал этади.

3. Қарор қачонки, унда иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларини тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлса, асослантирилган ҳисобланади. Қарор иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас.

Қарор далилларга унинг дахлдорлиги ва йўл қўйилишлилиги, ишончлилиги ва етарлилик ҳақидаги ИПКнинг 69-75-моддалари талабларини инобатга олган ҳолда асослантирилган бўлиши керак.

Ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳати (тушунтириши), гувохларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари далиллар бўлиши мумкин.

Қарорнинг асоси учун суд томонидан муҳокама қилинган ва баҳо берилган далилларгина олиниши лозим.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллар юридик кучга эга эмас ва қарорга асос қилиб олиниши мумкин эмас.

Суд иш учун аҳамиятли бўлган у ёки бу ҳолатни тасдиқловчи далилларни қайд этиш билан чегараланмасдан, балки, ушбу далилларнинг мазмунини ҳам баён этиши шарт.

Агар суд далилларнинг ҳар бирини алоҳида ва уларни биргаликда баҳолаб, тақдим этилган у ёки бу ҳужжатлар, тарафлар вакилларининг кўрсатмалари, бошқа аниқ маълумотлар тарафлар ўзларининг талаб ёки эътирозларини асослаган ҳолатларни тасдиқламаслигини аниқласа, у ўзининг бу ҳақдаги хулосасини қарорда ишончли асослаши лозим.

Экспертнинг хулосаси бошқа далилларга нисбатан имтиёзга эга бўлмайди ва суд учун мажбурий ҳисобланмайди. У бошқа далиллар билан биргаликда баҳоланиши лозим. Эксперт хулосасига баҳо қарорнинг асослантирувчи қисмида берилиши керак. Эксперт хулосаси билан келишмаганликни суд асослантириши лозим.

Агар экспертиза ўтказиш бир неча экспертларга топширилган бўлиб, эксперт текшируви масалалари бўйича алоҳида хулосалар берилса, суд ҳар бир эксперт хулосаси билан келишиш ёки келишмаслик асосларини келтириши лозим.

Экспертнинг суд мажлисида берган оғзаки изоҳи унинг муқаддам тақдим этган хулосасини тушунтиришга оид қисми бўйичагина далил бўлиши мумкин.

Қарорда эксперт хулосасига ҳавола қилинганда ушбу хулоса билан иш учун аҳамиятли ҳисобланган қайси фактлар тасдиқланганлиги кўрсатилиши лозим.

Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас. Жавобгар томонидан даъво тан олинган бўлса, қарорда бунга суд мажлисида аниқланган ишнинг ҳақиқий ҳолатлари инобатга олиниб, баҳо берилиши керак.


4. Қарор қабул қилишда суд қуйидагиларни аниқлаши лозим:

ишда иштирок этувчи шахслар кўрсатаётган ҳолатлар мавжуд бўлганми ва улар қандай далиллар билан тасдиқланади;

судда ишни тўғри ҳал этиш учун аҳамиятли бўлган бошқа аниқ ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар аниқланганми;

суд томонидан аниқланган ҳолатлардан келиб чиқувчи низоли ҳуқуқий муносабатларнинг характери, шунингдек қарор қабул қилишда қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқий нормалар.

Суд қайси қонун қўлланилиши лозимлиги масаласини ҳал этишда ушбу низо бўйича ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари билан боғлиқ эмас ва улар ҳавола этмаган қонунларни қўллашга ҳақли. Тарафларнинг муносабатини тўғри малакалаш қонуний қарор қабул қилишнинг мажбурий шартидир.


5. Суд қарорни баён этишда ИПКнинг 179-моддасида кўрсатилган кетма-кетликка (кириш, баён қилиш, асослантирувчи ва хулоса қисмларининг мавжудлигига, уларнинг мазмунига) риоя қилиши керак.

Кейинчалик қарорни ижро этишда ноаниқликлар ва низолар бўлмаслиги учун суд қарорида унинг кириш, баён қилиш, асослантирувчи ва хулоса қисмларини аниқ ифодалаши лозим.

Қарорнинг кириш қисмида қарорни қабул қилган суднинг номи, суд таркиби, ишнинг тартиб рақами, суд муҳокамаси санаси ва жойи, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, низо предмети, суд мажлисида қатнашаётган шахсларнинг ваколатлари кўрсатилган ҳолда фамилиялари, шунингдек ишнинг ёпиқ ёки очиқ, сайёр суд мажлисида кўриб чиқилганлиги кўрсатилади.

Низо юридик шахслар иштирокида кўрилганда, уларнинг номланиши қисқартирилмасдан, тўлиқ кўрсатилади.

Қарорнинг баён қилиш қисми даъво аризанинг (аризанинг) қисқа баёнини, ишда иштирок этувчи шахсларнинг даъво аризаси (аризаси) ёки унга эътирозларга нисбатан ўз талабларини ўзгартирганликлари, суд томонидан ўтказилган ҳаракатлар тавсифини ўз ичига олиши лозим.

Қарорнинг асослантирувчи қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари, суд хулосалари асосланилган далиллар, суд томонидан у ёки бу далилни рад этишга сабаб бўлган важлар, мазкур низони ҳал этишда суд томонидан қўлланилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари кўрсатилади.

6. Ишда учинчи шахслар иштирок этганда суднинг қарорларида ИПКнинг 47 ва 48-моддаларига мувофиқ низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилган ёхуд арз қилмаган учинчи шахснинг процессуал мақоми аниқ белгиланиши лозим. Шунга боғлиқ ҳолда суд томонидан қарорнинг асослантирувчи ва хулоса қисми шакллантирилади.

7. Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси ўзгартирилишининг қарорда ёритилиши кераклиги инобатга олиниши лозим. Даъвогарнинг даъво предметини, асосини ўзгартиришга бўлган хоҳиши ёзма равишда ифодаланган бўлиши ва суд мажлисининг баённомасида қайд этилиши керак.

Даъвогар томонидан даъвонинг предмети ёки асоси ўзгартирилган ҳолда судлар қарорнинг хулоса қисмида даъвогарнинг даъво предмети ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги аризаси қабул қилинганлигини кўрсатишлари керак. Агар даъвогар даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш ҳақида ариза берган суд мажлисида низо мазмунан кўрилмасдан, ишни кўриш қолдирилган бўлса, у ҳолда бундай аризани кўриш натижаси иш кўришни қолдириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.


8. Судларнинг эътибори қарорнинг хулоса қисми суд муҳокамаси предмети ҳисобланган барча талаблар бўйича тугалланган ва якуний жавобни ўз ичига олган бўлиши зарурлигига қаратилсин.

Муқобил, шунингдек шарт билан қарор қабул қилишга, қарорни тарафлар томонидан келгусида қандайдир ҳаракатларни бажариш, қандайдир ҳолатнинг юз бериши ёки юз бермаслигига боғлиқ ҳолда қабул қилишга ИПКда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, йўл қўйилмайди.

Бир неча жавобгарларга нисбатан қарор қабул қилишда қарорнинг хулоса қисмида уларнинг ҳар бирининг жавобгарлик даражаси кўрсатилган ёхуд уларнинг солидар жавобгарлигига кўрсатма акс эттирилган бўлиши лозим.

Дастлабки даъвони ва қарши даъвони тўлиқ ёки қисман қаноатлантирган қарорнинг хулоса қисмида даъволарни ўзаро ҳисобга олиш натижасида ундирилиши лозим бўлган сумма кўрсатилади. Шу билан биргаликда суд ишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масалани ҳал этишга ҳақли эмас.

Пул маблағларини ундириш ҳақидаги қарорнинг хулоса қисми ва унинг асосида берилган ижро варақаси асосий қарз, зарарлар ва неустойка (жарима, пеня) ажратилиб аниқланган ҳолда ундирилиши лозим бўлган маблағнинг умумий миқдори ва валюта турини ўз ичига олиши керак.

Мулкни талаб этиш, мулкка нисбатан мулкий ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги қарорларнинг хулоса қисмида суд мулкнинг номини, унинг баҳосини, жойлашган жойини, зарур ҳолларда эса низонинг характеридан келиб чиққан ҳолда бошқа ажратувчи белгиларини кўрсатиши керак.

Ижро ҳужжатини ёки ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги қарорнинг хулоса қисмида ИПКнинг 182-моддасида назарда тутилган маълумотлардан ташқари, ушбу ҳужжатни берган орган ҳам кўрсатилиши керак.

Битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинганда суд ўз ташаббуси билан унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини, бу ҳақда қарорда кўрсатган ҳолда, қўллашга ҳақли.


9. Қарор у қонуний кучга киргандан кейин ижро қилинади.

10. ИПКнинг 342-моддасида назарда тутилган қарор ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, шунингдек унинг ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш имконияти, бунга зарурият туғилганда, қарор қабул қилинишида ҳам амалга оширилиши мумкин.

11. Суд томонидан қабул қилинган қарор судья томонидан ёзма равишда баён қилиниши ҳамда қўлда ёзилиши ёки машинкада, компьютерда ёхуд бошқа электрон ускунада терилган бўлиши мумкинлиги инобатга олиниши лозим. Қарор судья томонидан имзоланади ва шундан кейин иш муҳокамаси тугаган мазкур мажлисда ишда иштирок этувчи шахсларга эълон қилинади. Ушбу тартибга риоя қилиш қарорнинг фақат хулоса қисми эълон қилинган ҳолатда ҳам мажбурийдир. Айни вақтда раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган қарор билан қачон танишишлари мумкинлигини эълон қилади. Қонун ҳужжатларида ёзма шаклда тузилиши белгиланган бўлиб, оғзаки эълон қилинган хулоса ёки ёзма шаклда тузилган бўлиб, судьянинг имзоси мавжуд бўлмаган хулоса қарор ҳисобланмайди.

Ишда иштирок этувчи шахслар ва иқтисодий судлов иш юритуви бошқа иштирокчиларининг тушунтиришлари қарорда учинчи шахс номидан келтирилади.

Қарорнинг қабул қилинган санаси у суд мажлисида эълон қилинган кун ҳисобланади.

12. Қарор суд таркиби ўзгармаган ҳолда, иқтисодий суд иш юритуви ва суд муҳокамаси тамойилларига қатъий риоя этилган шартларда қабул қилинади.

Қарор фақат суд муҳокамасида қатнашган судья томонидан қабул қилиниши мумкин. Ишни кўриш жараёнида судьяни алмаштириш зарурати туғилганда суд муҳокамаси бошидан бошланади.

Ишни кўришда қатнашган судья томонидан имзоланмаган ёки ишни кўришда қатнашмаган судья томонидан имзоланган қарор бекор қилиниши лозим.

13. Судларга қўшимча қарор чиқаришга ИПК 189-моддасининг биринчи қисмида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилиши мумкинлиги тушунтирилсин.

Ушбу асосларнинг рўйхати тугалланган ҳисобланади ва кенгайтирилиб шарҳланиши мумкин эмас.

Қўшимча қарор суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари таъминланган ҳолда қабул қилинади.

Қўшимча қарорда суд уни қабул қилиш асосларини, хулоса қисмида эса қўйилган масаланинг моҳияти бўйича ўз хулосасини баён этиши ҳамда талаб этилган ва кўриб чиқилган, аммо суд томонидан ҳал этилмаган талаб юзасидан қарор қабул қилиши ёки ундирилган пул маблағлари миқдори ҳақида кўрсатиши ёхуд суд харажатларини қоплаш, ундириш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.

Суднинг хатоси даъвонинг мазмуни бўйича суднинг хулосасига мувофиқ келмаган ҳолда суд қўшимча қарор чиқаришга ҳақли эмас. Бундай ҳолда суднинг хатосини тузатиш қарорни ИПКда белгиланган тартибда қайта кўриш йўли билан амалга оширилади.

Агар қарор юзасидан апелляция шикояти берилган ёки протест келтирилган ва айни пайтда қўшимча қарор қабул қилиш масаласи қўйилган бўлса, суд аввал қўшимча қарор қабул қилиш масаласини ҳал этади, кейин эса ишни апелляция инстанциясига қўриш учун юборади.


14. Қарорни ИПКнинг 190-моддасига мувофиқ тушунтириш ёки тузатиш унинг ноаниқлигини ёхуд ундаги ҳарфий ва ҳисоб-китобга оид хатоликларни тузатишга зарурат бўлган ҳолларда амалга оширилади.

Қарорни тушунтириш ёки ёзувдаги хатолик, ҳарфий хатолик ва ҳисоб-китобдаги хатоликни тузатиш ҳақидаги ажрим ишни кўрган суд томонидан чиқарилади.

Қарорни тушунтиришда суд унинг мазмунини ўзгартиришга ва суд муҳокамаси предмети бўлмаган масалаларга тегишга ҳақли эмас.

Қарорни тушунтиришга фақат низони ҳал этган суд ҳақли.

Агар қарор ижро этилган ёки уни мажбурий ижрога қаратишга тақдим этиш учун қонунда назарда тутилган муддат ўтган ва бу муддат тикланмаган бўлса, қарорни тушунтиришга йўл қўйилмайди.

Ёзувдаги хатолик, ҳарфий хатолик ва ҳисоб-китобдаги хатоликни ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси бўйича ҳам, суднинг ташаббуси билан ҳам тузатиш мумкин.

Ундирилиши кўрсатилган пул маблағи миқдори, сана, мулкни ундириш чораларига тузатиш киритишга фақат, агар бу ноаниқлик ҳисоблашдаги тасодифий хатолик ёки ҳарфий хатолик, ёзувдаги хатолик натижаси бўлган ҳолда йўл қўйилади.


15. Қарорда тарафлар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала албатта ҳал этилган бўлиши керак.


16. Ушбу Пленум қарорининг тушунтиришлари нафақат биринчи инстанция суди томонидан қарор қабул қилишда, балки ИПКнинг 34 ва 35-бобларида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда апелляция, кассация ёки назорат шикояти (протести)ни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилишда ҳам мажбурий ҳисобланади. Бунда фақат муайян суд инстанцияси учун белгиланган талаб айнан шу инстанцияда қўлланилади.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 1996 йил 1 мартдаги "Суд қарорлари ҳақида"ги 54-сонли қарори кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Олий хўжалик суди раиси                                                        А. Ишметов


Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья                                                   Ш. Саидов



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 10-сон






















Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск