ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 14.09.2012 й. 12/239-сон "Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

14.09.2012 й.

N 12/239


ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, улар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17 ва 47-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судларнинг эътибори тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги ишларни кўриш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ ва оғишмай амал қилиш зарурлигига қаратилсин.


2. Тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги низоларни ҳал этишда судлар мазкур субъектларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиққа оид ва бошқа имтиёзлар, преференцияларни қўлламаслик, улар фаолиятини чеклаш сабабларини синчковлик билан ўрганишлари лозим.


3. "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (кейинги матнларда - Қонун) 13-моддасига кўра тадбиркорлик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тегишли давлат органи томонидан "бир дарча" принципи бўйича ва қоида тариқасида, хабардор қилиш асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтказувчи органлар ариза берувчини тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни уни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча талабларни белгилашга ҳақли эмас.

Судларга тушунтирилсинки, тадбиркорлик фаолияти субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик устидан берилган шикоят маъмурий судларга тааллуқлидир.

Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик ёки рўйхатдан ўтказиш муддатларини бузганлик суд томонидан қонунга хилоф деб топилган тақдирда, суд айбдор мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)га ҳуқуқий баҳо бериши лозим.


4. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 67-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш мажбурияти рўйхатдан ўтказувчи орган зиммасига юклатилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 31-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 23-моддаси мазмунидан келиб чиқиб судлар шуни назарда тутишлари керакки, якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлмаган фуқаро иштирокидаги низолар, фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли. Қонун бўйича бундай низоларни ҳал этиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти даъво тақдим этилгунга қадар тугатилган ва тегишли талаблар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса, шунингдек унинг мақоми даъво тақдим этилгандан сўнг йўқотилган тақдирда ҳам, улар иштирокидаги низолар иқтисодий судга тааллуқлидир.

Тадбиркорлик фаолиятининг тўхтатилиши иқтисодий судда иш бўйича иш юритишни тугатиш учун асос бўлмайди.

Агар фуқаро қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган бўлиб, аммо низо унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан эмас, балки уй-жой, оила-никоҳ ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан бўлса, бундай низо фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади. Қонун бўйича бундай низоларни ҳал этиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилган ҳоллар бундан мустасно.

7. Судлар шуни инобатга олишлари керакки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан қатъий белгиланган. Хусусан, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бошқа масалалар билан бир қаторда текширишларни ўтказиш асослари, даврийлиги ва муддатлари тартибга солинган.

Текшириш қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлмасдан ўтказилган ҳолда, у ноқонуний ҳисобланади ва ФПК 71-моддасининг иккинчи қисми, ИПК 66-моддасининг иккинчи қисми ва МСИЮтК 65-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ текшириш натижасида олинган маълумотлар далил сифатида қабул қилинмайди.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли Фармонининг 3-бандига кўра, юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлардан ташқари тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2777-сонли қарорининг 2-банди билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси зиммасига тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни инкассация қилиш (банкларга топшириш) масалалари юзасидан, белгиланган тартибга мувофиқ, биринчи навбатда савдо комплексларида, чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш ташкилотларида доимий асосда текширувларни ўтказиб туриш юклатилган.

Судлар инобатга олишлари керакки, давлат солиқ хизмати органлари бундай текшириш натижаси бўйича аниқланган қонун бузилишлар юзасидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

10. Қонун 39-моддасининг ўн биринчи қисмига кўра тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар тадбиркорлик фаолияти субъектлари сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Тадбиркорлик субъекти томонидан текширишда бирлашма вакилининг иштирок этиши истаги билдирилган тақдирда, унга бирлашма вакилини таклиф этиш учун имконият берилиши шарт. Судларга тушунтирилсинки, бундай имкониятнинг берилмаганлиги текширишни ноқонуний деб топиш учун асос бўлмайди. Шу билан бирга, судлар бундай ҳолатга йўл қўйган айбдор шахсларнинг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо беришлари зарур.


11. Судлар инобатга олишлари лозимки, Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.


12. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, агар қонунда молиявий санкция миқдори белгиланмаган бўлса, судлар санкциянинг миқдорини жавобгарнинг мулкий аҳволи, айбини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда белгилашлари лозим.


13. "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига ва 10-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади. Ушбу қоида мазкур тоифадаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан шикоят қилинганда ҳам татбиқ этилади.

Судларга тушунтирилсинки, бундай тоифадаги ишлар бўйича аризалар берилганда аризачидан давлат божидан озод қилиш ҳақидаги илтимоснома ёки молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумотнома талаб қилинмайди.


14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009 йил 27 апрелда 1948-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида"ги Йўриқноманинг 3-бандига кўра юридик ва жисмоний шахслар ўзларига ҳисоб-китоб ва касса хизматларини кўрсатиш учун банкларни мустақил равишда танлайдилар ҳамда бир ёки бир неча банкларда миллий ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари, шунингдек, жамғарма, муддатли, ссуда ва бошқа депозит ҳисобварақларини очиш ҳуқуқига эгалар.

Судлар назарда тутишлари керакки, банкнинг ҳисобварақни бошқа банкда ёки банк филиалларида очиш ҳақидаги таклифи ҳам банкнинг ҳисобварақни очишдан бош тортиши деб баҳоланиши лозим.


15. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, тадбиркорлик субъектларига қонуний фаолиятни амалга оширишда, жумладан, солиқ, молия ва статистика органларига ҳисоботлар топширишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга оид қонуний имтиёзлар, преференциялар қўллашда, муҳандислик-коммуникация тармоқлари (энергия, газ, сув, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа)га уланишга рухсат олинишида, пул маблағлари ёки моддий бойликлардан эркин фойдаланишида давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ноқонуний аралашувлар, чекловлар, сансалорликлар ва бошқа шу каби тўсқинликларга йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланса, суд уларга нисбатан тегишли чоралар қўллаш ҳақида хусусий ажрим чиқариши ёки шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилиши лозим.

16. Судларнинг эътибори тадбиркорлик субъектлари иштирокидаги ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда ўрганиб ва умумлаштириб, аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришлари, мазкур соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар бериб боришлари лозимлигига қаратилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг раиси

Б.М. Мустафаев

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик судининг раиси

Д.А. Мирзакаримов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

А.У.Усманов

Пленум котиби,

Олий хўжалик судининг судьяси

М.А.Израилбекова

"Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахборотномаси", 2012 й., 5-сон

"Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси", 2012 й., 11-сон












Время: 0.0036
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск