язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 30.06.2011 й. 229-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2011 й.

N 229


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

2011  ЙИЛ  21  АПРЕЛДАГИ  "ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ      АЙРИМ      ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИНГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХЎЖАЛИК

ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан ҳамда хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) нормалари тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар шуни инобатга олишлари керакки, биринчи инстанция судида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кучга кирган кундан, яъни 2011 йил 22 апрелдан бошлаб коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талаблар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиши мумкин, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар эса ХПК 20-3-бобининг нормалари асосида кўриб чиқилиши керак.

2011 йил 22 апрелдан бошлаб ХПК 167-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чораларини, шу жумладан, молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) хўжалик судига тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.


2. Судларнинг эътибори қаратилсинки, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ХПК 103-моддасининг 1-1-бандига асосан ундириш тўғрисида суд буйруғи бериш учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:

1) талабнинг низосизлиги;

2) қарздорликнинг мавжудлиги;

3) қарздорликнинг тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш натижасида вужудга келганлиги.


3. Судлар ХПК 103-моддасининг 1-1-банди ва 2-бандида назарда тутилган талабларни кўриб чиқишнинг хусусиятларини фарқлашлари лозим. ХПК 103-моддасининг 1-1-бандига мувофиқ, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари учун вужудга келган дебиторлик қарзни ундириш тўғрисидаги талаблар кўрилади, бунда қарздорнинг қарзни тан олиши талаб этилмайди. ХПК 103-моддасининг 2-бандига мувофиқ, етказиб берилган маҳсулотлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар учун вужудга келган дебиторлик қарзни ундириш тўғрисидаги талаблар кўрилади, бунда қарздорнинг қарзни ҳужжатлар асосида тан олиши талаб этилади.


4. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган махсус қоидалар, хусусан, "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари", "Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари", "Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низом", "Умумий фойдаланиш телекоммуникация тармоғида телефон алоқаси хизматларини тақдим этиш қоидалари" ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, электр энергияси бўйича тўловларни ундириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 ноябрдаги "Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 511-сонли қарорида ҳамда ХПК 103-моддасининг 1-бандида назарда тутилган тартибда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Шу муносабат билан коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш учун суд буйруғи бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқишда судлар қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя қилишлари лозим.


5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 133-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.

Шунинг учун судлар суд буйруғи бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқишда талабнинг хусусиятларига эътибор бериб, ундирилиши лозим бўлган қарз коммунал хизматлар тўлови бўйича қарздорлик ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигига баҳо беришлари керак.


6. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича қарздорликни ундириш учун суд буйруғи бериш ҳақидаги аризага қарздорлик тан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг илова қилинмаганлиги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди. Шу билан бирга кредитор ушбу қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим этиши шарт.

Коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб абонент (қарздор) билан тузилган шартноманинг кўчирма нусхаси, қарздорликнинг ҳисоб-китоби, хизмат кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳисоб-фактура, ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари, қабул қилиш-топшириш далолатномаси, тўлов талабномаси ва бошқалар) ҳисобланади.

Коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолда, ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан суд буйруғи бериш ҳақидаги аризани қабул қилиш рад этилади.


7. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган шахсдан ундириш ҳақидаги талаб фақат унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қисмига нисбатан қўйилиши мумкин. Агар кўрсатилган хизматлар учун қарздорлик якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳам шахсий эҳтиёжи, ҳам тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлса, бундай қарздорликни ундириш ҳақидаги талаб умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлганлиги сабабли, бу ҳолат аризани қабул қилишни рад қилиш учун асос бўлади.


8. "Алоқа тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддасининг биринчи қисмига кўра алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш воситаларининг йиғиндиси бўлган почта алоқаси тармоқларидан ҳамда бир ёки бир нечта узатиш турларини: телефон, телеграф, факсимил узатишларни, ҳужжатли хабарларнинг бошқа турлари маълумотларини узатишни, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникациялар воситалари йиғиндиси бўлган телекоммуникациялар тармоқларидан иборат.

Судлар шуни инобатга олишлари керакки, алоқа хизматлари учун тўловларни ундириш ҳақидаги аризалар, агар кўрсатилган хизматлар бўйича қарздорлик суммаси ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари билан аниқланса, суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиши мумкин. Хусусан, умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоғи орқали телефон алоқаси, уяли телефон алоқаси ва Интернет хизматлари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризалар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилади.


9. Почта алоқаси хизмати кўрсатилганлиги учун қарздорликни ундириш ҳақидаги талаб судга қарздорликни тасдиқловчи далиллар тақдим этилган ҳоллардагина суд буйруғи тартибида кўриб чиқилади.


10. Коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги аризада неустойка ёки зарарни ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаблар қўйилган тақдирда ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилади.


11. Коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво аризалари, ушбу тўловлар суд буйруғи бериш йўли билан ундирилиши лозимлиги ҳақидаги асос билан қайтарилиши мумкин эмас. Бундай қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво аризалари ХПКда белгиланган умумий қоидалар асосида кўриб чиқилади.


12. ХПКнинг 155-11-моддасига мувофиқ, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида аризалар билан хўжалик судларига назорат қилувчи органлар мурожаат қилишга ҳақли.

Пул маблағларини сўзсиз тартибда ундириш ҳуқуқига эга бўлмаган назорат қилувчи орган молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда уни ундириш тўғрисидаги талабни ҳам қўйиши мумкин.

Судлар назарда тутишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензияларни (рухсатномаларни) тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш ушбу лицензияловчи органлар томонидан судга мурожаат қилинмасдан амалга оширилади. Агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензияларни (рухсатномаларни) тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилинган ҳолда судлар ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда аризани қабул қилишни рад этиши, агар бу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланган бўлса - ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатиши лозим.


13. Судлар фаолиятни тугатиш тарзидаги ҳуқуқий таъсир чорасини юридик шахсни тугатишдан фарқлашлари лозим:

- фаолиятни тугатиш хўжалик юритувчи субъектга нисбатан у молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаганлиги сабабли қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади, ўз навбатида юридик шахсни тугатиш эса рухсатсиз (лицензиясиз) фаолиятни ёки қонун билан тақиқланган фаолиятни амалга оширганлиги ёхуд молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги ва (ёки) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда устав фондини шакллантирмаганлиги, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар оқибати ҳисобланади;

- фаолиятни тугатиш тўғрисидаги талаб маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқади ва иш назорат қилувчи органнинг аризасига асосан кўриб чиқилади, юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги талаб эса фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқади ва иш даъво тартибида кўриб чиқилади;

- фаолият тугатилганда хўжалик юритувчи субъект суднинг қарори билан тугатилгандан бошқа фаолиятни амалга ошириши мумкин, юридик шахс тугатилганда эса унинг фаолияти тўлиқ тугатилади.


14. Судларга тушунтирилсинки, фаолиятни тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш мустақил ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланади ҳамда ҳар бири алоҳида қўлланилади. Аммо, атроф-муҳитга зарар етказаётган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган маҳаллий аҳамиятга молик объектларга нисбатан фаолиятни тугатиш ва қайта ихтисослаштириш тарзидаги ҳуқуқий таъсир чоралари айни бир вақтда қўлланилади ва алоҳида қўлланилиши мумкин эмас.


15. Фаолиятни тақиқлаш ҳуқуқий таъсир чораси бўлиб, у қўлланилганда хўжалик юритувчи субъектга муайян фаолият турини амалга оширишга йўл қўйилмайди.


16. Фаолиятни тўхтатиб туриш тарзидаги ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилганда хўжалик юритувчи субъектга у ёки бу фаолият тури билан муайян муддат давомида ёки бирор ҳодиса рўй бергунга қадар (ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва ҳоказолар) шуғулланиш тақиқланади.


17. Фаолиятни қайта ихтисослаштириш тарзидаги ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилганда хўжалик юритувчи субъектга бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришга (иш бажариш, хизмат кўрсатишга) ихтисослашган фаолиятни амалга оширишга ўтиш мажбурияти юклатилади.


18. Фаолиятни чеклаш ҳуқуқий таъсир чораси бўлиб, у қўлланилганда хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти суд томонидан белгиланган доира (чегара)дан чиқмаслиги керак.


19. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ХПК 155-13-моддасининг биринчи қисмида қайд этилган ҳуқуқий таъсир чораларининг рўйхати тугал ҳисобланмайди.

Кўрсатилган модданинг иккинчи қисмига биноан хўжалик суди қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ҳам қўллаши мумкин.


20. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ХПКда назарда тутилган қоидалар асосида, 20-3-бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади. Мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари процессуал муддатларнинг қисқартирилганлиги, исботлаш мажбуриятининг назорат қилувчи орган зиммасига юклатилганлиги, жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш мажбурияти аризачига юклатилиши мумкинлиги ва бошқалардан иборат.


21. ХПКнинг 155-14-моддасида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига қўйилган муайян талаблар назарда тутилган бўлиб, уларга амал қилмаслик, шунингдек ХПКнинг 155-15-моддасида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилмаслик ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра аризани қайтариш учун асос бўлади.


22. Хуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ХПК 124-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суднинг ажрими орқали хабардор қилинади. Суднинг ажрими топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади ёки ишда иштирок этувчи шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд улар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади.

Шу билан бирга, суд аризачининг зиммасига жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Бунда суднинг ажрими аризачига икки нусхада топширилади. Аризачи ажримнинг бир нусхасини жавобгарга тилхат орқали топширади. Аризачи суд ажримининг нусхаси жавобгарга топширилганлигини тасдиқловчи далилни илова қилган ҳолда кузатув хатини иш кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда хўжалик судига юборади ёки суд мажлисида судга тақдим этади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги, агар суд уларнинг келишини мажбурий деб топмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

ХПК 155-16-моддасининг иккинчи қисми мазмунидан кўринишича, процесснинг бошқа иштирокчилари (эксперт, гувоҳ, таржимон) суднинг ажрими билан, зарур ҳолларда ХПК 124-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ чақирув қоғозлари, телеграмма, факс, телетайп ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.


23. ХПК 155-17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ: фаолиятни тугатиш; атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш; фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш; банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш; тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш ҳақидаги ишлар ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.

Судлар шуни инобатга олишлари керакки, молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўрилади. Бунда ХПК 125-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган муддат бузилмаслиги лозим.


24. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш муддатига ХПК 122-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган беш кунлик муддат кирмайди.

25. ХПК 125-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ишни кўриб чиқиш муддатини узайтириш ҳақидаги қоида ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ҳам татбиқ этилади.


26. ХПК 155-17-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик суди суд мажлисида: ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш учун ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди.

ХПК 155-17-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик суди ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари молиявий жазо чоралари суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини ҳам текширади.


27. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққанлиги, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти устидан назорат функцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган давлат органлари аризачи бўлганлиги сабабли мазкур ишлар бўйича келишув битими тузилишига йўл қўйилмайди.


28. ХПК 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти назорат қилувчи орган зиммасига юклатилади.

Агар назорат қилувчи орган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлай олмаса, арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилади.


29. ХПК 155-18-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори хўжалик суди томонидан ХПКнинг 18-бобида белгиланган қоидалар асосида қабул қилинади.

Иш мазмунан кўриб чиқилганда унинг натижалари бўйича хўжалик суди ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш (тўлиқ, қисман) ёки арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.


30. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги арз қилинган талаб қаноатлантирилган тақдирда, хўжалик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилган шахснинг номи, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланилган ҳуқуқий таъсир чорасининг тури кўрсатилиши керак.


30.1. Фаолиятни тугатиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида тугатилаётган фаолият тури кўрсатилиши керак.


30.2. Атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объект фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида фаолияти тугатилаётган ва (ёки) қайта ихтисослаштирилаётган объектнинг номи кўрсатилиши керак.


30.3. Фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида: чекланадиган, тўхтатиб туриладиган ва тақиқланадиган фаолиятнинг тури ва муддати; фаолият қандай шартлар бажарилгунига қадар чекланаётганлиги, тўхтатиб турилаётганлиги ва тақиқланаётганлиги кўрсатилиши керак.


30.4. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар қандай шартлар бажарилгунига қадар тўхтатиб қўйилганлиги кўрсатилиши керак.


30.5. Молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қўлланилган молиявий жазо чорасининг тури ва унинг миқдори, зиммасига молиявий жазо чораси суммасини ундириш юклатилган назорат қилувчи органнинг номи кўрсатилиши керак.

Судларга тушунтирилсинки, пул маблағларини сўзсиз тартибда ундириш ҳуқуқига эга бўлмаган назорат қилувчи орган молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги арз қилинган талаб билан бирга уни ундириш тўғрисидаги талабни ҳам қўйган бўлиб, ушбу талаблар қаноатлантирилган тақдирда ҳал қилув қарорининг хулоса қисми қўлланилган молиявий жазо чораси, унинг миқдори ва ушбу сумманинг ундирилишига оид кўрсатмани ўз ичига олиши керак.


30.6. Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида: лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилиши тўхтатиб турилган муддат; амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган лицензиянинг (рухсатноманинг), шунингдек бекор қилинган лицензиянинг (рухсатноманинг) номи, рақами, берилган санаси ва бошқа реквизитлари; лицензияни (рухсатномани) берган орган тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

"Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддасининг тўртинчи, бешинчи қисмларига мувофиқ хўжалик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида жавобгарга ушбу ҳал қилув қарорини олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензияни (рухсатномани) лицензияловчи органга қайтариш мажбуриятини, лицензияловчи органга лицензияни (рухсатномани) йўқ қилиш, лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш мажбуриятини юклаши керак.


30.7. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилган шартлар бажарилганидан кейин банклардаги ҳисобварақлар бўйича тўхтатиб турилган операцияларни тиклаш, лицензиянинг амал қилишини тиклаш, шунингдек чекланган, тўхтатиб турилган ва тақиқланган фаолиятни тиклаш тегишли назорат қилувчи органнинг қарори асосида амалга оширилади. Агар банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тиклашга, лицензиянинг амал қилишини тиклашга ёки фаолиятни тиклашга рухсат берилмаган бўлса, назорат қилувчи органнинг қарори ва (ёки) унинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи мансабдор шахсга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.


31. ХПК 155-18-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

ХПК 155-18-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, агар суд қўлланилган ҳуқуқий таъсир чораси амал қилишининг бошланиш муддатини кўрсатмаган бўлса, унинг амал қилиши ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошланади.


32. ХПК 155-18-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарори ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

33. ХПК 158-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат илтимоснома асосида тикланиши мумкин.


34. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 31-бандига кўра ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича аризачи ва жавобгар давлат божини тўлашдан озод қилинади.

35. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги арз қилинган талаб бўйича ижро варақаси берилмайди, молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги талаб билан бирга уни ундириш тўғрисидаги талаб ҳам қўйилган ҳолат бундан мустасно. Бундай ҳолатда қўлланилган молиявий жазо чораси суммасини ундириш учун ижро варақаси берилади.

Олий хўжалик суди раиси

Д. Мирзакаримов

Олий хўжалик суди Пленумининг котиби

вазифасини вақтинча бажарувчиси, судья

И. Алимов